КЕЧИР…(ҳикоя)

Тун. Зим-зиё хонада соат милларининг бир маромда чиқиллаши ва хонадон соҳиби, уйқудаги Жаъфар Ҳакимовнинг пишиллаб олган нафаси эшитилади. Атроф жим-жит…

Тонгга яқин Жаъфар Ҳакимов негадир чўчиб уйғонди ва одатига кўра, яна кўзларини юмган кўйи ёнига ағдарилди. Сўнг секин қўлини узатди. Қўли чойшаб устидан ҳеч бир тўсиқсиз сирғалиб боравергач, бирдан кўзини очди ва хиёл бошини кўтариб қаради. «И-е?»

- Мадина? — деди у  жо­йидан турмоқчи бўлиб. — Мадин?

Атрофдан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Эр яна хотинини чақирмоқчи бўл­ди, аммо кўнг­ли айниётганини сезди-ю, ўрнидан туриб кетди. Иккала оёғини дивандан ерга қўйиши баробарида гилам ва ёстиқ устида сочилиб ётган суратларни кў­риб, ҳуши бошидан учди. Суратларга бир-бир қараб чиқар экан, бошидан совуқ сув қуйилгандек аъзои бадани музлаб кетди. Уларни қўлга олишниям, олмасликниям билмай қолди. Cуратлар унинг кўзига нақд мина бўлиб кўринди.

- Уҳ! — эр бошини чангаллаб қолди, — шарманда… Тамом бўпман-ку?..

Жаъфар Ҳакимов ёш боладай довдираб дивандан сакраб тушди ва жазмани билан кечаги учрашуви қадам-бақадам тасмага олинган суратларни йиғиштира бошлади…

… Кеча Мавжудахоннинг туғилган куни эди. У ишдан анча эрта чиқди ва гул бозорига бориб, чиройли гулдаста харид қил­ди. Сўнг тўғри жазманининг ишхонасига бориб, йўл четида унинг чиқишини кутиб турди. Ниҳоят, шаҳар шифохонасидан қадди-бас­ти тик, қоп-қора сочлари елкалари оша солланиб, қайрилма қошли, анор юзли, кулгичлари ўйнаб тургувчи бир жувон оқ кофтаю қора юбкада баланд пошнали туфлисини тақиллатиб  чиқиб келди ва атрофга бир олазарак ни­гоҳ ташлади, сўнг тўғри машина томон келди. Бу орада Жаъфар Ҳакимов гулдас­тани олиб машинадан тушди ва жувонга пешвоз чиқди. Гулдастани қўлига тут­қазар экан икки ёноғидан ўпиб табриклади, сўнг машинасига, ёнгинасига ўтирғизди-ю, ресторанга йўл олишди. Улар рес­то­ран­нинг алоҳида бўлмасида оёқларини чалиштириб анча вақт ўтиришди. Кейин Мавжудахонни уйига олиб келди ва базми жамшид қилиб, ярим кечада уйига қайтди…

Жаъфар Ҳакимов ишхонасидан то Мавжуданинг подъездигача бўл­ган вақт оралиғидаги энг оний лаҳзалар тасмага олинган суратларни бирма-бир, айни дамда шу қадар тез йиғиштириб олар экан, бу тадбирни ким ўйлаб топганига ва суратлар қандай қилиб аёлининг қўлига  етиб келганига ту­шунолмай яна диванга ўтириб қол­ди.

- Аҳмоқ! — деди у пешанасига мушт­лаб. Сўнг суратларни майда-майда қилиб йирт­ди, бироқ уларни қа­ерга ташлашни билмай қолди. Эгнига пальтосини ташлаб, худди юра­гини ҳовучлагандек сурат парчаларини ғижимлаб ҳожатхонага йўл олди…

Икки нафсини тийса, эркакка ўлим йўқ. Икки нафсини тиёлмаган эр қаро ер бўлади.

Жаъфар Ҳакимов обрўли, иззатли одам эди. Кўза кунда эмас, кунида синади. У ҳожатхонадан қайтаркан ўз уйига киришга юраги дов бермади, ўз ҳовлисида туришга  юзи чидамади. Ҳар тонг «Ассалому алайкум, дада», дея салом берувчи келин бугун ошхона деразасидан мўралаб қаради. Ўғлининг эса кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ. Ҳатто, «Бобожон!» дея югуриб чиқувчи ягона неварасининг ҳам қораси кўрсатилмади…

Жаъфар Ҳакимов уйнинг хўжайини, беги эди, бугун итчалик қадри бўлмади. Минг истиҳола билан юз-қўлини ювиб ичкари кираркан, Мадина аразлаб бошқа уйга кириб олгандир, деган ўйда аввал меҳмонхонани, сўнг бошқа уйларни кўриб чиқди, бироқ хотинини тополмади. Ўғлининг уйига киришга юзи чидамай ошхонага борди.

- Ассалому алайкум…

У келинининг истамай берган саломига алик ололмади. Кўрдики, хотини ошхонада ҳам йўқ. Келин нонушта тайёрлаяпти.

- Ойинг қаерда?

Келин тили калимага келмай ел­ка қисди.

Жаъфар Ҳакимов унга ор­тиқ сўз айтмоқдан ўзини тийиб, секин ошхонадан чиқди. Афтидан у суратлардан ўғлим билан келинимнинг ҳам хабари бор, деган хулосага келди ва яна ўғлидан онасининг қаерда эканлигини сў­рашни ҳам, сўрамасликни ҳам билмай уй олдида туриб қолди. Бир оз асабларини тинчлантириш учун сигарета чекди ва шу вақт ишга отланаётган ўғли чиқиб қолди.

- Аваз, ойинг қаерда? — сўради у гўёки ҳеч гап бўл­магандек.

- Билмадим, сиз биласиз-да… — деди ўғли. Унинг юзи бўғ­риқиб, қовоқлари шишиб кетганди. Кейин илк бор отасининг кўзларига тик боқди. — Расм­ларни кўриб ҳам тушунмадингизми?

Ота товонигача музлаб кетди. Дунё тескари айланиб, бола эмас, ота ўз пушти камари олдида музтар бўл­ди.

- Уялмайсизми?..

Отанинг ўғлига қарашга юзи бўлмай, тўғри уйига кириб кетди-да, ўзини диванга ташлади. Негадир хўрлиги келди.

У диванда бошини ёстиққа босиб қанча вақт ётди, билмайди. Турса, кун чошгоҳга келган, хоналар ичи ёришиб кетганди.

- Расво бўлдинг, Жаъфар… Бундай қилиб қирқ бешга киргунча қирқ беш чимнинг тагида қолсанг яхшийди…

Жаъфар Ҳакимов барваста, бироз қорин қўйган, баланд бўйли, юмалоқ юзли хушсурат киши эди, бугун одамларнинг энг ёмони, оталарнинг энг адабсизи бўлди. Уйда ва ишда ҳамма унга пой-патак эди, бугун қадрсиз бўлди. Шу вақтгача уйда ҳам, ишда ҳам Жаъфар Ҳакимов эди,  бугун «у» бўлди.

У юраги сиқилиб, ошхонага ўтди ва совуқ чой ичди. Невараси боғчага, ўғли билан келини ишга кетганди. У ҳам юз-қўлини қайтадан ювиб, ишга отланди. Машина қизигунча ҳовли ўртасида туриб қолди. Гўё ўз қўллари билан қурдирган ҳовли маҳобати уни босиб қоладигандек туюлиб, ўзини шу файз­ли уй-жойга нолойиқдай ҳис этди.

У ўз-ўзидан нафратланиб, ғижиниб машинага ўтирди, аммо ишга боришга ҳам кўнгли бўлмади, оёғи тортмади. Уйда қолишга эса юзи чидамади, диван атрофида сочилиб ётган суратлар, ўғлининг кўзига тик қарагани ва келинининг юз яширгани кўз олдидан ўтаверди…

- Энди нима қилсам? — деди у бошини рул замбарагига қўйиб. — Агар Мадина буни уйдагиларига ҳам айтган бўлса, бош кўтариб юргулигим қолмайди.

Хиёнат ошкор бўлса, шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам қадри бир пул…

У бир муддат аросатда ўтиргач, ноилож ишга жўнади, аммо ишга ҳам Жаъфар Ҳакимов бўлиб боролмади. Хотинининг кетиб қолгани ва болаларининг ғазаби юзини заҳил, кўзларини ҳорғин қилиб қўйганди.

Жаъфар Ҳакимов иш­да директор ўринбосари эди, аммо бугун ўз хонасида имтиҳон баҳосини ололмаган талабадай сиқилиб ўтирди. Боши лў­қиллаб оғрир, икки елкасидан бир нима босиб, ерга киргизиб юбораётгандек туюларди. У қўли ишга бормасдан тушгача хонасига кў­милиб ўтирди, сўнг директор қабулига бориб, тоби бўлмаётганлигини айтди-ю, уйига қайтиб келди. Ҳовли сатҳи жим-жит. У умид билан уйга кирди ва кўзлари олазарак бўлиб хотинини излади. Барча хоналарни, меҳмонхонани, ҳатто ошхонани бориб кўрди, аммо Мадина ҳамон йўқ эди.

- Келмабди-да, — деди ичикиб. Сўнг яна ғудраниб қўйди. — Яхши иш бўлмади-да, шу…

У худди ичкарида нафаси қисилгандек отилиб ташқарига чиқди. Ҳаракатларида бир оз аччиқ ва бир оз ўкинч бор эди. Нима қилишини билмасдан айвондаги тахта каравотнинг  бир четига ўтирди-да дарвозага кўз тикканча ўйга толди. Кетма-кет сигарета тутатди.

- Нима қилсам? — деди у. — Узр сўраб боришга менинг ғурурим, кечиришга унинг виждони йўл қўймайди…

У худди истиғфор айтаётгандек кўзларини ёпиқ дарвозага тикиб суратга олиш кимнинг — хотинининг ишими ёки Мавжуданинг ҳийласими, буни билолмай ғамга ботиб ўтирганида эшик очилиб, келини билан невараси кириб келди ва одатдагидек салом берди. Унинг алик олишга ҳам юраги безиллаб турар, худди келини ҳам «Қадрини билмаган одамнинг ҳоли шу-да, да­да», деяётгандек туюларди. Келин ҳам қайнотасининг нега бу аҳволда ўтирганини сезди, аммо барибир сўради:

- Ойим келмабдиларми?

У жавоб ўрнига бош чайқаб қўйиш билан кифояланди, бироқ ўзини жуда абгор ҳис этди. Илк бор келинининг саволига муносиб жавоб беролмаганидан, айб­дор ўтирганидан, болаларининг ҳам юзидан ижирғаниш аломатлари сезилаётгандан ўз-ўзидан наф­ратланиб кетди. Сўнг хонасига йўл олди. Хонадаги ҳар бир жиҳоз, нигоҳи тушган ер унга Мадинани эслатар, аммо у ўз гуноҳларини бир-бир кўз олдидан ўтказаётган маҳбус каби уйда қамалиб ўтиришдан бошқа чора тополмаётганди…

У кечки овқатга ҳам чиқмади. Ўғли ишдан келганида унинг хонаси сигарета тутунига тўлиб кетган, ўзи эса ҳамон кўзларини бир нуқтага тикканча диванда бошини орқага ташлаб ўтирарди.

- Дада? — деди ўғли истиҳола билан. — Ҳеч бўлмаса ойимга қўнғироқ ҳам қилмадингизми?

- Йўқ,- бош чайқади у.

Ўғил сездики, отаси бунга ўзини ҳақсиз билган.

- Энди нима қилмоқчисиз?

У жавоб бермади, фақат «билмайман…» маъносида бош чайқаб қўйди. Сўнгра у ёлғиз қолдиришларини истаб яна бошини орқага ташлаб олди…

У эртаси куни ишга боришга кўнгли бўлмасдан шу кўйда кунни адо қилди. Жавобсиз  қолгач, кўнгилга ўкинч бўлиб кўмилаётган саволлар уни адо қилаётганди…

У учинчи кун пешингача чидади. Тоқати тоқ бўлди, Мадинасиз яшай олмаслигини, усиз ҳаёти бефайз, ўзи бебурд қолишини англаб, узр сўраш, керак бўлса пойига йиқилмоқ учун қўнғироқ қилди, аммо хотини телефонини ўчириб қўйди. У шундай бўлишини кутганди. Охири узрхоҳ қадамни ўзи ташлашга мажбур бўлди…

«Онаси, — деб ёзди у ўз «смс»ида, — биламан, шу ёшимда катта хато қилдим. Бундан қаттиқ изтиробдаман. Мени кечир… Сенсиз ҳолим вой эканлигимни англаб етиш учун уч кун етарли бўлди. Илтимос, таш­қарига чиққин. Телефонингни ёқ­қанинг­да мен деразанг рўпарасида бўламан…»

У билардики, Мадина алам устида телефонини ўчиргани билан ҳозир яна ёқади. У ҳам изтиробда.

У зум ўтмасдан кийиниб чиқди-да, машинасига ўтириб, қайнота уйи­га йўл олди ва улар яшайдиган кўп қаватли уйнинг орқасида, уйга кўринадиган жойда машинасини тўхтатди. Келганини билдириш учун қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади.

- Ҳозир чиқади… — деди у негадир ўзини ишонтириб. Суратларда унинг қўли йўқ. У бундай пасткашликка бормайди…

… Жаъфар ёшлигидан зукко йигит эди. Шу боисдан у турли хил синов усулларини ўйлаб топар ва шу синовлар замирида ўз омадини, ҳаётда топаётган ўрнини белгилаб борарди. У уйланиш вақтида ҳам худди шу усулдан фойдаланганди. Доимо ўқиш ва ўрганишни асосий мақсад қилиб олгани учунми, севган қизи ҳам йўқ эди. Шу боис ота-онаси унга кўп қизларни рўбарў қилишар, аммо уларнинг ҳеч бири Жаъфарнинг синовидан ўтолмасди. Онаси «Болам, сенга бир яхши қиз топиб қўйибман…», дея ёзғирган қизлар билан учрашувга у доим белгиланган вақтдан роппа-роса икки соат кечикиб борар, бу вақтда қизлар аллақачон кетиб қолган бўларди. У эса кутмаган қизни рад этаверарди. Унинг бу ғалати синовидан биргина Мадина ўтган ва «куттириб қўймадимми?» деган саволига «Йўқ, сиз шуни лозим топган экансиз, кутиб турибман-да!», дея очиқ айтганди…

Сабабсиз оқибат йўқ. Бугун у икки соат эмас, пешиндан то хуфтонгача кутди, аммо Мадина чиқмади.  

- Уфф!..-  деди у рул чамбарагини муштлаб. — Бу мени тоза ёш боладай ўйин қилди-ку?

У шарт кетига бурилиб, алам устида бирор кафега кириб бўкиб ичмоқчи, шу билан аламидан чиқмоқчи бўлди, аммо рулда эканлиги ёдига тушди-ю, ҳилвираб уйига қайт­ди. Ишдан келиб дарвоза ортида сигнал чалиб ўтирадиган мағрур одам бугун яна ўзи тушиб дарвозани очди ва машинани ичкарига олди. Сўнг ҳеч нарсага эътибор бермасдан уйига кириб борди. Не кўз билан кўр­синки, Мадина уйда, стол безатилган. Столнинг бир томонида хотини билан невараси, иккинчи томонида ўғли ва келини. Стол тўри эса бўш.

- Келинг, дада… — деди ўғли сапчиб ўрнидан туриб.

- Ассалому алайкум, — деди келини.

У эса кўзларига ишонмас, болаларининг саломига алик олишни ҳам унутиб нигоҳини столга қадаб турган хотинига тикилиб қолди. Ўғли билан келини аввал уларга, сўнг бир-бирларига қарашди-ю, синиққина жилмайиб қўйишди. Мадина ҳамон нигоҳларини столдан олмас, ёноқлари пир-пир учарди. Ногоҳ Жаъфар Ҳакимовга тил чиқди.

- Онаси… — деди у титрабгина. Шу вақт Мадина илкис бош кўтарди ва жойидан туриб эрига қаради, сўнг дарров кўзларини олиб қочди. Жаъфар Ҳакимов гўё у билан илк бор учрашиб тургандек ички бир ҳаяжон билан секин бориб, хотинининг қўлларидан тутди. Уч кун қалби ўртаниб, аросат ўтида ёнган, аммо оиласи устунлик қилиб, ота-онасига сир бой бермаган Мадинанинг қўллари иссиқ эди, Жаъфар Ҳакимовнинг бутун вужудида эса бир ўт ёнарди. У ҳамон суратлар кимнинг иши эканлигини англолмаётган бўлса-да, улкан бир фожеанинг олди олинганидан қувониб кетди…

- Онаси, — деди у яна бироз жонланиб, аммо сўзининг давомини ўта ҳазин товушда айтди. — Мени кечир…

Жаъфар Ҳакимов бу сўзни айтди-ю, ногоҳ ёнига ўгирилди. Хайрият, болалари чиқиб кетишган экан…

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар