Пианиночи

z_96b98a38-1Ўғлининг ҳаракатларидан кўнгли тўлмаётган Саида бақира кетди:

- Нега имиллайсан, тезроқ қимирласанг бўл­май­дими?

Носиржон йиғлаб юборди.

- Қиз болага ўхшаб йиғ­лама, тезроқ юр!

Носиржон қоқилиб, йиқилди. Аяси уни тур­ғиз­ма­­­­­ди.

- Тур ўрнингдан, лапашанг, ўзинг тур!

Ҳар куни аҳвол шу. Саида кўзи ожиз ўғлига турли юмушларни буюриб, қийнагани-қийнаган. Қўш­ниларнинг «Ёш жонига раҳмингиз келсин, кўзи кўрмаса, қандай қилиб идишларингизни ювади, қандай қилиб уйларингизни супуради?» дейишларига ҳам парво қилмайди. Нодирбек ўғлининг ожиз­лигидан бир куюнса, хотинининг тошюраклигига икки куяди. Синг­лиси туғилгач, Носиржоннинг иши кўпайди. Энди синг­лисининг бешигига «қоровул» бўлди. Бир куни бешик тебратиб ўтирган эди, ойиси кириб, бир сиқим тугмачаларни гилам устига сочди:

- Қани, гиламдаги туг­мачаларни тер-чи, санаб, нечталигини айтасан.

Носиржон эмаклаб, гиламни пайпаслаб, тугма тера кетди.

- Бўлди, ойижон.

- Нечта экан?

Соғлом болалар ҳам бу ёшда санашни яхши билмайди, лекин Носиржон санаш тугул, каррани ҳам ёддан билади. Билмаса, онасидан нақ шапалоқ ейди-да.

- Ойижон, йигирма учта экан.

- Бекор айтибсан, улар йигирма бешта бўлиши керак, қидир, лаллайма!

Саида нарироқда ёт­ган тугмачани олиб қўй­ди.

- Ойижон, биттасини топдим! — суюниб деди Носиржон.

- Бўпти, яна биттасини топ!

Носиржон минг ахтарса ҳам топа олмади.

-Топа ол­­­­­­маяпман, — деди Носиржон йиғи аралаш.

- Ҳа, дангаса, шуни ҳам эплай олмадингми? — ўғлининг бўйнига мушт туширди Саида.

Носиржон синглисини уйғотиб қўймаслик учун овоз чиқармай йиғлади.

Носиржон мактаб ёши­га етди. Саиданинг қаҳри баттар ошди. Носиржон тенгдошлари қа­тори маҳалладаги мактабга бормади. Шаҳар четидаги махсус мактабга олинди. Яхшиям отасининг иш жойи шу тарафда. Ўғлини ўзи олиб бориб, тушлик вақти олиб келади. У мактабда унча қийналмади. Ўртоқлари ҳали санашни, ўқишни ўрганаётганда, у бемалол қўшиб-айириб, матнлар ҳам туза оларди. Ҳаракатли ўйинларда ҳам унинг олдига тушадигани йўқ эди. Тарбиячилар ҳам хурсанд, Носиржон бир қа­рашда кўзи ожизга ҳам ўхшамасди. Фанлардан, айниқса, мусиқага кўнгил қўйди. Пианинонинг олдидан кетмай қолди. Устози Саидани чақиртирди.

- Синглим, Носиржонда мусиқага қизиқиш ниҳоятда кучли. Алоҳида дарс­ларга кирса нима дейсиз?

- Бирон нима чиқса шуғулланаверинг.

Бу жавобдан устознинг таъби хира бўлди. Бироқ Носиржон билан астойдил шуғуллана бошлади. Йиллар ўтиб, Носиржон аввал шаҳар, кейин республика миқёсидаги танловларда ғолиб бўлди. Унинг яқин дўсти, доимий ҳамроҳи пианино эди. Оҳанглар орқали у дунёни кашф эта бошлаган эди.

Носиржон ўн тўрт ёши­да Халқаро танловга таклиф қилинди. Бетховен туғилган юртдаги дунёнинг манаман деган созандалари чиққан саҳнага чиқар экан, Носиржонни ҳая­жон босди. Устози уни пианино қошига етаклаб борди. Елкасини силаб, далда берар экан, унинг қулоғига пичирлади:

- Бардам бўл, ўғлим, омадингни берсин!

Носиржон бир дам тин олди. Минглаб томошабин нафас олмай, унинг нимани чалишини кутарди. Носиржон шунча йиллар давомида юрагида тўпланган дарду аламлари, изтиробларини оқ-қора клавишларига тўкиб солди. Куй авжига чиқиб борар экан, унинг қалби нурланиб, ёруғ бў­либ бораётгандек, дардлари ариб, кўнгил ойнаси тозариб бораётгандек эди. Куй сеҳридан жодуланган тингловчилар эса кўзларидаги ёшни ҳам артмас, Носиржонга қў­шилиб, хаёл оғушида парвоз этардилар.

Куй тинди. Бир муддат томошабинлар жим қо­лишди. Носиржон «Яхши чала олмадиммикан?» деган хавотирга тушди. Ам­мо кутилмаган олқиш ва қарсаклардан қадимий кошона ларзага келди. Ол­қишлар узоқ вақт тўхтамади. Ҳакамлар томонидан «Ўзбекнинг Бетховени» дея улуғланган Носиржон танловнинг бош соврини билан мукофотланди.

Носиржоннинг Венадан қайтиши тўйга айланиб кетди. Унинг концертини телевизорда кўрган қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар, таниган-танимаганлар уларнинг уйига оқиб келаверди. Носиржон ўқиган мактаб раҳбарлари, шаҳарнинг катталари келишди. Ота-онаси шодликдан гўё осмонда учиб юришарди. Айниқса, Саида ўзини қўярга жой тополмасди.

Табриклар, дил изҳорлари, самимий тилаклар айтилди. Носиржоннинг отасига сўз берилди. Нодирбек ҳаммага раҳмат айтиб, ҳаяжонини боса олмаётганини, кўп гапира олмаслигини, аммо бугун аёлининг ёстиғи остидан топиб олган мактубни ўқиб беришини айтди ва чўнтагидан ўша хатни олиб, ўқий бошлади:

«Ўғлим! Сен дунёга келганингда жуда суюндим. Докторлар: «Ўғлингиз кўр­майди» дейишганда дунё кўзимга тор кў­ринди. Ҳат­то сендан воз кечмоқчи ҳам бўлдим. Ахир, кўзи ожиз бола менга бир умр халақит берарди. Бошқа аёллар каби ўйнаб кулолмасдим, сени етаклаб, тўй-ҳашамларга боролмасдим-да. Ҳамшира сени олиб кириб, кўкрак тутишим кераклигини айтганида ҳайдаб солдим, врачлар кириб, мажбурлаб, сени қўлимга тутқазишди. Сенга нигоҳим тушди-ю, дилимга илиқлик кирди. «Бу норасидада нима гу­ноҳ? Аллоҳ шундай яратган экан, бунда ҳам бир ҳикмат бордир. Йўқ! Асло жигарбандимдан воз кечмайман! Майли, яхши-ёмон ичида гап-сўзга қолай, қўни-қўшни олдида кулги бў­лай, майли, дугоналарим сайр-у саёҳат қилиб юрганда мен ожиз боламни парваришлай, зиёфатлар менсиз ўтсин, аммо дилбандимни ўзим тарбия қиламан! Ҳали буюк одам бўлади!» дедим. Шундай аҳд билан бутунлай бошқа одамга айланиб, сени туғруқхонадан олиб чиқдим. Энди-энди юра бошлаганингда, атайлаб йўлингга ҳар хил нарсалар қўйдим, йиқилдинг, йиғладинг, мен ҳам йиғладим, буни сенга сездирмадим, қўлингдан тортиб турғизмадим, аксинча, ўзимни бепарводай тутдим. Йиқилсанг, ўзинг туриб, йўлингда яна давом этишингни хоҳладим. Сени идиш-товоқ ювиш, супуриш, овқат пиширишга ўргатдим. Бировнинг қў­лига қараб қолмаслигингни, кимгадир муҳтожлик сезмаслигингни истадим. Баъзан адолатсизлик қилдим, бажара олмайдиган ишларни буюрдим, ҳаётнинг тўсиқларига, паст-баландига дадил туришингни, енгиб ўтишингни ният қилдим. Сен бирон ютуққа эришсанг, хурсандликдан ўзимни қўярга жой топа олмадим, юм-юм йиғладим, аммо сенга сездирмадим, тўхтаб қолишингдан қўрқ­дим! Сен мени бемеҳрликда, тошюракликда айбларсан, лекин буларнинг ортида яширинган муҳаббатимни дилингдан, ич-ичингдан сезасан, мен бунга ишонаман!

Мана, бугун шунча йил қийналганим, ўзимни меҳр­сиз қилиб кўрсатиб бўл­са-да, сенга берган тарбиямнинг мевасини тотаяпман! Қани, эн­ди сени бағримга боса олсам, ҳидларингга тўя олсам, ҳатто ухлаётганингда ҳам бундай қила олмаганман, уйғониб кетсанг, билиб қоласан, дея эшик олдида термула-термула қайтиб чиқардим. Сени жуда соғиндим! Бугун келсанг, бўйимга тенг бўйларингни кўрсам, маҳкам қучоқлаб, юз-кўзларингдан ўпаман. Ахир бу кунни  ўн тўрт йил кутдим-да, ўғлим! Энди аниқ биламан, сен ўз йўлингни топдинг!»

Нодирбек хатни ўқиб бўлганда кўзлари ёшга тўлган эди. Йиғилганларнинг ҳам ёноқлари ҳўл бўлди. Бу аёл суратидаги фариштанинг пойига тиз чўкмоққа тайёр эди улар.

Носиржон онасининг бағрига отилди. Унинг қалбида бошқача, у шу пайтгача чалмаган гўзал, ёрқин бир оҳанг жаранглай бошлаган эди…

Тамом

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар