Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

106196_or«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман», «Эримнинг топганида барака йўқ…», «Хотиржам эмасман, ҳаловатим йўқ»… Бу ёз­ғириш­ларни кунда жилла қурса бир марта эшитишга ўрганиб қолдик. Аёллар даврасига тушиб қолганимда «Эридан мамнун, қайнонасидан рози, қорни тўқ, усти бутлигига шукр қиладиган аёллар қолдимикан?» деган савол миямда чарх уради.

Кучингизни шикоят ва нолишга сарфламанг!

Юқорижаги саволларга жавоб ўр­нига сиз ҳам елка қисиб қўйганингизга шубҳа қилмайман, суҳбатдош. Шундай, нолиганимиз, ношукр бўлганимиз сари ҳаётимиз қийинчиликларга тў­либ бормаяптимикан? Аслида ҳаммаси яхши, ҳаммаси ўз вақтида ва ўз ўр­нида бўляпти, шунчаки, биз яшашни билмаяпмиз, азиз аёллар! Яшашни билмаганимиз учун ҳам атрофимиздагиларга ёқмаймиз, турмуш ўр­тоғимизнинг на ҳаловати, на топган-тутганида барака бор. Ҳаётимизни ўзимиз мураккаблаштираётганимиз учун  хо­­тир­жамликдан бебаҳрамиз, ҳаловатимизни ҳавойи ҳа­васлар ўғирлаган.Эр бош, аёл бўйин дейдилар. Бўйин қаерга қайрилса, бош ҳам ўша томонга бурилади. Демак, эркак уйнинг устуни бўл­са, аёл хонадоннинг чироғи, файзу иқбол меҳроби ҳисобланади. Айтинг-чи, опалар, дугоналар, сингилжонлар, биз ҳар доим ҳам шу мақомда собит турибмизмикан? Ҳамиша хонадонимизни ёритиб, бизга кў­зи тушган жуфтимиз, фар­зандларимиз ва аҳли оиламизнинг кўнг­ли ёришиб, қалби сурур топадими?..

Бахтли бўлиш учун нима қиляпсиз?

Кексаларимиз «Барака — озода, шинам, ораста гўшаларда, аҳиллик бор масканда қўним топади», дейишади. Қайн­онасининг зуғумидан ёз­ғириб юрган, синглим, хонадонингиз орастами? Пиширган таомингиз мазалими? Тежамкормисиз? Йўқдан йўндиришни қойиллатадиган чевармисиз? Эрининг топганидан норози, дугонажон, жуфтингизнинг яқинлари билан муносабатларини янада яқинлаштириш учун нималар қиляпсиз? Бегингиз уйдан ҳа­ловат топяптими? Энг асосийси, хонадонингиз ораста, тоза-озодами?

Мукаммал инсон қи­йинчиликларга дуч келганида айбни бошқалардан изламайди. Ўзимиз ва аҳли хонадонимизнинг жамиятда нуфуз топиши, оиламизнинг фаровонлиги, уйимиздаги ёқимли ва соғлом маънавий муҳит аксарият ҳолларда биз аёлларга боғлиқ. Зотан, ширин сўзимиз, эпчил, уддабуро, пазанда, чеварлигимиз билан яқинларимизни руҳлантирамиз ва уларнинг жамият ҳаётида муваффақиятга эришишларида ҳиссамизни қўшамиз.

Воқеа: Ижарада яшайдиган оила эрнинг иши важидан бу сафар уй алмаштиришларига тўғ­ри келди. Ижара уй икки кун ичида топилиб, тезгина кўчиб чиқдилар. Эри топган уйга кириб бораркан, унинг капалаги учиб кетди. Ивирсиб ётган хоналар, бетартиб сочилиб ётган ахлат уюмлари, ичимликдан бў­шаган елим идишлар, кирлигидан оёқ боссангиз, чиппа ёпишиб қоладиган поллар, чанг-тў­зон, ёмғиру қорлар урилиб лой сачралгандек хира тортган деразалар, шифтдаги ўргимчак уя­лари…  Уй бекаси илжайган кўйи:

- Бир оила турарди, уч кун олдин бўшатишди, — де­ди.

- Аёл киши ҳам турармиди?!- ҳайрат билан сўради у.

- Ҳа, қайнона-келин туришарди. Ўғли ишларди, қайнона келини билан уйда ўтирарди. Икки боласи бор эди…

Аёл дилидан кечганларини тилига кўчиришдан тийилмади:

- Жуда бехайр, бефайз аёллар экан!

Уй бекаси қизарин­қиради.- Мен ижарачига топширдимми, бўлди, келиб уйни текширмайман. Шунақа бўлгани учун ҳам доим қайнона-келин уришиб юришарди-да…

«Ўзинг-чи, сен улардан каммисан? Уйингга ижарачи қўяяпсан, тозалаш кераклигини, ўйламадингми?» де­гиси келди-ю, кўп қатори ўринсиз андишанинг лабини тишлади…

«Эпли хотин кафтдек унни нон қилади, эпсиз хотин бир қоп унни чанг» қилади, дейди элнинг донолари. Ижарачи аёлнинг уйида яшаган келин бекага қайнонасидан нолишга вақт топибди-ю, атиги иккитагина хонали уйни озода тутишга вақт топмабди. Энг ачинарлиси, икки боланинг онаси экан у. Эпсиз-сонсиз онанинг болалари қандай тарбия олаётган экан?..

Аёлнинг юзи

Кичкиналигимизда бувим раҳматли «Уйнинг ошхона-ўчоқбоши, ювиниш хонаси, ҳожатхонаси аёлнинг — юзи, ишинг қайнаб-тошиб кетаётган бўлса ҳам, бу жойларни тозалашга албатта, вақт топинг!» дея уқтирардилар. Улғайиб бувимнинг панд-насиҳатлари замиридаги ўгитларни ҳаёт сабоқларидан англаб етдим.

Оилавий борди-келди қиладиган танишимиз бор. Ҳар гал  уйига борганимда аёлининг эпсизлигидан ғашланаман. Танишимизнинг аёли ювиниш хонасини тоза ту­­­­тиш, ванна, раковиналарни ювиш кераклигидан бехабар бўлса керак. Уйига борганимда қўл ювиш учун ноилож ювиниш хонасига кираман. Ҳидланиб, бетартиб ётган сочиқлар, тоғорада уйилиб ётган кирлар, сарғайиб кетган ванна кай­­фиятимни бўғади. Қўлимни ювиб, дастрўмолимга артаману, танишимнинг етишмовчилик, ойлик маошни етказолмаётганидан нолиб юришини эслайман. Барака ҳалоллик, озодалик ва аҳилликни севади, дейдилар. Озодалик бўл­маган ерда ҳалоллик, ҳалоллик бўл­маган ерда аҳиллик, аҳиллик бўлмаган ерда барака қовушмайди.

Ҳамма гап – ҳафсалада

Яна бир аччиқ ҳақиқат: тўй-тўйчиқ, маросимларга бозордан егулик олиб тоғора тугиб бориш, ҳатто меҳмон кутганда ҳам «кўча таомлар»идан дастурхонга тортиш урфга кирган. Ваҳоланки, уйда келин, бўй қизлар вақтини телефон, Интернет ёки бемаза сериаллар томошасига сарф қилиб ўтирган бўлади. Тадбиркор, тежамкор она бундай пайтда ё қизига ибрат бў­лади. Меҳмонга бораётганида ёки меҳмон кутаётганида ўз қўли билан таом, пишириқлар тайёрлаб, дастурхон тузайди. Неъматларни қадрлаш, увол-исроф қилмасликни ёшлар биз катталардан ўрганади. Эркак ботмонлаб топиб келгани билан, аёл хожасининг топганини нинанинг кўзидан ўтказгандай режалаб, тежаб ишлатсагина турмуш фаровон бўлади.

Аёл тадбиркор бўлса…

Ҳар бир ишнинг савоби бор. Биз учун оддий туюлган чойнак-пиёла чайишнинг ҳам ҳикмати, савоби бўлади. Тадбиркорлик фақат пул топиш, бойиш учун эмас, оиласи, рўзғорининг фаровонлиги учун ҳам инсонга зарур. Айниқса, аёл тадбиркор ва уддабуро бўлса, бунинг хосияти кўп.

Вилоятда яшайдиган дугонам билан тез-тез қўнғироқлашиб турамиз. Бир гал суҳбатлашганимизда келинининг эпсизлигидан ёзғирди:

- Катта ҳов­ли-жой, ер, ариқ шундоқ уйининг устидан оқиб ўта­ди, лекин келинимиз умрини уйқуда ўтказиб юборяпти. Қиш-баҳорда ерни тозалаб, чопиб бир сиқим кўкат, помидор-бодринг, қалампир экиб қўйса ҳам кўз қувнайди, ҳам шу неъматлар ўзидан чиқади, ҳам рўз­ғорга фойда бўлади. Ов­қати оғизга ёқмайди. Укам кунда кўчадан кабобми, товуқми кўтариб келади. Келин пишира оладиган ягона овқат — колбаса билан тухум қо­вурма. Бунақада пул чидайдими, рўзғорда барака бўладими?  Онам камимни яшириб, кўпимни оширади, деб укасининг қизини келин қилганди. Энди ўзи ҳам дарди ичида юрибди…

Бизга яхши оналарни беринг!

Дугонамнинг келинига ўхшаган аёллар озмунча эмас.  ўийбату шикоятга кетадиган вақтини рўзғорига, уй-жойига сарфлайдиган аёллар кўпайсин. «Эрим кам пул топади, биз бошқалардай тўкин-сочин яшамаймиз», деган иддао билан ёзғириб юрадиган аёллар турмуш эр-хотин биргаликда тортадиган арава эканини билмасмиканлар? Одатдагидек гап яна оналарга бориб тақалади. Она қизи учун намуна. Қизини узатишдан аввал уй тутиш, рўзғор сирлари, эрга, қайн­она, қайнбўйинларга севимли бў­лиш йўлларини ўргатадиган оналар кўпайсин. Зеро, буюклар айтмишларки: «Бизга яхши оналарни беринг, биз сизга яхши фарзандларни берамиз!».

Фарзона АЗИЗ

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар