НЕГА АЙРИМ ҚИЗЛАРГА СОВЧИ КЕЛМАЙДИ?

woman-emotion_test_salonМуштарийларимиздан бири қўнғироқ қилди: «Оилада уч қизмиз. Катта опамдан олдин менга кўп совчи келди. «Ҳали опаси бор, опасини узатайлик», де­йишди. Мана, ёшим 26 да. Опам эса 29 ёшда. Совчиларнинг келиши деярли тўхтади. Мен ота-онамни айблайман.  Бу туришда 21 яшар  синглимга ҳам келаётган совчиларнинг қадами узилади».

Бу дил изҳори бизни мулоҳазага чорлади. Айрим қизларга совчи келмаслигининг сабаблари нимада? Ота-оналар бу ўринда тўғри иш тутишяптими? Суҳбатимиз шу ҳақда.

О. Мардиева, педагог: 

- Отанинг бу тахлит қизларини ушлаб ўтириши яхши эмас. Қайси қизига совчи келса, ўшанисини узатиб юбориш керак. Ҳар бир инсоннинг пешанасида ёзилгани бор. Менинг ҳам уч қизим бор. Икки қизимни узатиб юбордим, аммо катта қизим 28 ёшга кирганида менга ваҳима туша бошлаган. Қизим уч марта «ўқийман, аспирантурани битираман», деб сов­чиларни қайтарган, ўзининг ҳам кўнгил қўйгани йўқ эди. 29 ёшга кирганида тенги топилди. Кореяга ўқигани кетган синф­доши қизимга уйланди. Жуда чиройли тўй бўлди. Қувончим ичимга сиғмади. Улар бахтли яшашаяпти. Бир қизалоғи ҳам бор.Турмуш қуришнинг эрта-кечи йўқ экан. Ёшлар қайтага бироз ёши улғайиб турмуш қуришса, турмуш синовларини енгиб ўтиши анча осон кечади  ва мустақил бўлишади, деб ўйлайман.

Н. Қодирова, психология фанлари номзоди:

- Қиз болаларнинг «ўтириб» қолишига баъзида ўзлари ҳам сабабчи бўлишади. Биринчидан, айрим қизларимиз одам танлашади, идеалидаги инсонлар топилишига умид­­­­вор бўлиб, вақтни ўт­казиб юборишади. Иккинчидан, оиладаги оғир вазият ҳам қиз болага совчи келмай қолишига сабаб бўлади. Бундай оилада ота ичувчи ёки она жанжалкаш бўлиши мумкин. Бундай оғир муҳитда ўсган қизлардан турмушга чиқиб, бахтли бўлиб кетганлари ҳам бор. Аммо сов­чилар қиз­ни суриштиришганида биринчи нав­батда ота-онаси  ҳақида  маҳалла-кўйдан, қўни-қўшнилардан суриштиришади.

«Биз Алишер билан икки йил­­­­­ча учрашиб юрдик. Бир-биримизсиз яшай олмасдик. Мен унинг қа­­чон совчи қўйишини кутардим.У мени онаси би­­­лан ҳам гаплаштирган, лекин совчи қў­йиш, тўй масаласида ҳали гап бўл­маган эди. Алишер ниҳоят, менга сов­чи юбораётганини эшитиб, қувончим ичимга сиғмай кетди. Уйдагиларга айтдим. Улар чиройли дастурхон тузаб, меҳмонларни кутиб ўтиришди. Лекин ўша куни ота-онамнинг олдида юзим шувит бўлди. Алишернинг онаси икки синг­лиси билан дарвозамизгача келишибди. Камтарингина  ҳовли-жойда яшаймиз. Алишернинг онаси «Келиб-келиб шундай оила билан қуда бўламанми, уй-жойини қаранглар, бу қиз бизнинг тенгимиз эмас», дебди. Бу гапларни дарвоза ортида турган онам эшитиб қолибди. Хуллас, совчилар машинага ўтириб,  жўнаб кетишибди. Уйга кириб ҳўнг-ҳўнг йиғладим. Ота-онамнинг уй-жойи уларга нима учун халақит беради? Ахир қудаларимиз ота-онамнинг ҳовлисида яшамайди-ку? Бизнинг муҳаббатимиз шу тарзда якун топадими? Юзларим шишиб кетганини кўриб, отам онамни урушибди. «Қизингга айт, у йигит би­­­­лан бошқа учрашмасин, қадимдан, ота-боболаримиз томонидан айтилган «Тенг-тенги билан», деган гап бежизга айтилмаган. Ўзини қўлга олсин!» дебди. Орадан бир ойча вақт ўтиб, Алишерни мажбурлаб, узоқ қариндошларининг қизига уйлантиришди. Лекин у бахтли яшамаяпти. Кунора менга қўнғироқ қи­лади, «гаплашайлик» дей­­­­ди. Унинг қўнғироқларига жавоб бермадим, телефон рақамимни ўз­гартирдим. Отам айтганларидек, ўзимни қўлга олишим ке­рак. Муҳаббат деган нарса ҳақида ўйламасам ҳам бўлади».

Дилафрўз, Жиззах

            * * *

«Мен институтни тугатиб, қишлоққа қайтиб келганимда 23 ёшда эдим. Негадир тузукроқ совчи келмасди. Касби-корининг тайини йўқ, такасалтанг йигитлардан совчи келар, ота-онам ёки ўзим дарҳол рад жавобини берардик. Орадан икки йил ўтиб, бир хунук ҳолатни билиб қолдик: ён қўшни хола мени ўғлига келин қилмоқчи бўлиб юрарди. Ўғли билан ака-сингилдек бў­либ ўс­ганмиз, яхши йигит, аммо унда кўнглим йўқ эди. Қўшни хола бизга жаҳл қилиб, менга келган совчиларни ҳамиша ортига қайтарар, «у қиз ун­доқ, у қиз бундоқ», деб ёмонлар экан. Турган гапки, совчилар ҳам ўйлаб ўтирмасдан, бош­қалардан суриштирмасдан қайтиб кетишган. Шундай  қилиб, сов­чи келиши тўх­тади. Отам мени 30 ёшимда хотин қўйган йигитга узатди».

Васила,Сурхондарё

* * *

«Вақтида турмушга чиқмаслигимга ўзим сабабчиман. Институтни тугатганимдан ке­йин роса совчилар ёғил­ди. Бирини оддий шо­­­фёр дедим, яна бирини ошпаз дедим. Идеалимдаги йигитни учратаман, бир ку­ни  сов­чи бў­либ келади, деб ўйладим. Лекин бундай бўлмади. 33 ёшдаман. Ҳаммасига ўзим айб­дорман. Яқинда олтмиш  ёшга кирган, отам тенги, аёли ўлган кишидан совчи келди, туни билан йиғлаб чиқдим. «Ўзини бир бало қилиб қўймасин!» деб онам ту­ни билан деразам тагида юриб чиқди. Ҳаммасига ўзим айбдорман, одамларни турига қараб ажратган эканман».

Холида, Сирдарё

* * * 

«Бундан беш йил олдин менинг фотиҳа тўйим бўлиб ўтди. Уйимдагилар мебелларимни куёвникига жўнатишди. Қайнонам  «Бу мебелларни қайтариб олиб кетинглар ёки бошқа қимматроғини олиб келинглар, бўлмаса тўй қилмайман», деб шарт қўйди. Ота-онам ва мен ҳангу манг бўлиб қолдик. Отамнинг бундан қиммат мебелни олишга кучи етмасди. «Қизим, бу хонадонда яшасанг, бу аёл сенинг бахтли яшашингга қўй­майди, илоҳим охири бахайр бўлсин-да», дедилар. Афсуски, охири бахайр бўлмади. Фотиҳамиз бузилди. Мени ёқтириб қолган, ортимдан «Севиб қолдим, сендан бошқасига уйланмайман», деб чопган куёв бола ҳам индамади, қорасини кўрсатмади. Орадан йиллар ўт­ди. Ёшим 27 да. Фотиҳаси бузилган, деб келган сов­чилар қайтиб кетишаяпти. Мен ҳам бахт­ли бўлармиканман?

Мадина, Хоразм

 

Гулжаҳон Муҳаммадиева, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани «Иттифоқ» маҳалла хотин-қизлар қўмитаси раиси:

- Пойтахтимиз Тош­­­­­­кентда уч-тўртта хотин бир бўлволишиб, уйма-уй сов­чиликка юришади. Уларни кўпинча келин томоннинг қандай яшаётганлиги қизиқтирса керак-да. Айрим қизларимизга совчи келмаётганининг асосий сабабларидан бири, бизнингча, совчилик масаласининг тўғри йўлга қў­йил­маган­ли­гида. Илгари  сов­чиликка  кўп­ни кўр­ган, мулоҳазали, энг аввало қиз ёки йигит томоннинг бою-бадавлатлиги эмас, балки қандай оилада, қандай муҳитда вояга етганлиги, касби-кори билан қизиқиларди. Бугун совчиликка деярли йигит томоннинг онаси, ёнида синглиси ёки дугонаси билан боради. 18-20 ёшли қизнинг онаси ўзи 36 ёки 37 ёшда бўлса, у қандай  қилиб совчиларни кутиб олиш муомаласини йўлга қўя олади? Қуда бўлмишлар гапни нимадан бошлаб, нима билан тугатишади? Муросаю мадорани қай усулда олиб боришади? Нима бўлганда ҳам тақдир, пешанада ёзилгани бўлади, деймиз. Тақдирларнинг қўшилувида малакали сов­чиларнинг, кўпни кўр­ган пиру-бадавлат инсонларнинг ҳам кўмаги жуда зарур.

 

Биргина мақола билан бу мавзуга нуқта қўйиб бўлмайди. Ҳар бир йигит-қиз бахтли турмуш кечиришни орзу қилади. Уларнинг бахтли ҳаёт кечиришлари сизу бизга ҳам боғлиқ. Шундай экан, биз билан баҳсу мунозарага киришинг! Қўнғироқларингизни кутамиз, азиз  муштарийлар!

Меҳринисо Қурбонова тайёрлади

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар