Ҳаёт қайиғи

00Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён қилинажак фикрлар  жиддий жарроҳлик амалиётидан кейин, ўлим уйқусидан уйғонган пайтимда хаёлимда кезган эди. Унга қадар, эрталаб ҳамшира кириб эм игнасида билак томиримга дори юборди-да, “тайёр бўлиб туринг, уч дақиқадан кейин олиб кетамиз”, деди.

Уч дақиқадан кейин…

Олиб кетишади…

Қаёққа?

Жарроҳлик хонасига.

Кейин-чи? Қайтмоқ борми ё…

“Тайёр туринг”, деди.

Нимага тайёр турай, омонатни топширишгами…

Уч дақиқа… ҳижроннинг бошланишими…

Хаёлимга шайх Саъдийнинг сатрлари келди:

Ажал чалди жўнамак ноғорасин,

Эй кўзларим, бошга айтинг, хайр энди.

Эй қўлларим, оёқларим, қоматим,

Киприкларим, қошга айтинг, хайр энди.

Қудсий ҳадисни эслайман: “Эй Одам фарзанди, сенга уч нарсани ихтиёр қилдим: яъни оила аҳлингни, молу дунёингни ва амалингни. Мол-дунёинг сен ўлиб, оёғинг ердан узилиши билан ортингда қолади. Оёғинг уйдан чиқиши билан оиланг ҳам ажраб қоладилар. Кейин қабрда бўласан. Қиёмат кунида фақат яхши амалинг фойда беради. Амалинг тузук бўлса, сени ҳам тузатиб қўяр, агар ёмон бўлса, сени ҳалок қилгувчи жойга топширар”…

“…амалинг тузук бўлса…”

Қандай экан…

Умид – тавбаларнинг қабул ва маъқул бўлишидан.

Уч дақиқа… балки боқий дийдорнинг бошланишидир? Соғинганим дадажоним, аяжоним, тоғажоним ва яна дўстларим билан…

Ношукурликдан, умидсизликдан Аллоҳнинг ўзи сақласин. Васваса қилғувчи шайтон алайҳилаънанинг ёмонлигидан Тангридан паноҳ топгумдир.

Уч дақиқада нафл намозини ўқиб олишга улгуриш мумкин.

Сўнгги намозми ё навбатдагисими -  билгувчи Аллоҳ!

Навбатдагиси экан…

Уйғондим. Юрагим шиддатли сел каби сирқирайди. Қулоғимга одамлар товуши узоқ-узоқлардан келди. Демак, тирикман! Лекин қаердаман? Ҳамшира уч дақиқадан сўнг олиб кетмоқчи эди. Жойнамозни солдим… Ният қилиб, қўл боғладим. Бошқаси ёдимда йўқ. Узоқдаги товушларни эшитяпман:

-Ўзингиз нафас ололасизми?

Мендан сўрашяптими? Энди қулоғим остида жаранглади. Товуш эгаси кимлигини билиш учун кўзларимни очмоқчи бўлдим, очолмадим. Яна сўралганда ожиз равишда “ҳа” дедим…

Ҳамширалар, шифокорларнинг товушлари тобора аниқроқ эшитилиб, бу дунёда қолганимга ишончим ортди. Кўзимни очишга ҳам куч топдим. Ўзимни тилларанг булут уюмлари оғушида кўриб, бошим айланди. Кўзларимни чирт юмиб олдим. Оз сўнгра яна очдим. Шу зайлда бир неча марта булут уюмларидан қутулиб чиқишга интилдим. Бу орада баданимга қайта-қайта эм игнаси санчиб дори юбориб турдилар. Ниҳоят, тепамдаги оппоқ шифтни кўрдим, кейин бошимни буриб ҳамшираларни, кейин ёнимдаги каравотда алаҳсираб ётган беморни…

Сездим: менга қарашлари ўзгача. Ёзувчи бўлганим учунми ё хасталигим оғирроқ бўлгани учунми? Ҳар ҳолда биринчи сабаб ҳақиқатга яқинроқ. Чунки мендан-да аҳволи оғирлар ётибди кенг хонада… Алоҳида қаров менда хижолатлик туйғусини уйғотади.

…Бошимни кўтариб вақтинчалик ҳамхоналаримларнинг ададини чамаладим: ўн икки киши, ҳаммаси яқинда жарроҳ қўлидан омон чиққан беморлар.

Сал наридаги бемор ҳушига келди:

-Дўхтир, операция бўлдимми?-деди заиф товушда.

-Бўлдингиз, гапирмай тинч ётинг,-деб танбеҳ берди ҳамшира.

-Операциядан тирик чиққан бўлсам, энди бир чой ичайлик…

-Қанақа чой?! Эсингиз борми?!

Ҳамшира уни тергай-тергай тинчлантирувчи дори бериб яна ухлатиб қўйди. Ҳамшира у беморни тушунмади. Биз, ўзбеклар, айниқса водийликлар учрашиб қолсак ҳам, бир ишни охирига етказсак ҳам “қани энди бир чой ичайлик”, дейишга ўрганиб қолганмиз. Бемор беихтиёр равишда шундай деб юборганди, аслида чой ичиш нияти йўқ эди. Янглишмабман, эртасига эрталаб билдим, у бемор чиндан ҳам водийлик чойхўрлардан экан…

Профессор Низомхўжаев келдилар, ҳамшира аҳволим баёнини билдирди.

-Тоҳир ака, кўринишингиз яхши,- дедилар.

-Зайниддин, қорнимни ёриб кўрдингиз, ичим қора эмас эканми, ишқилиб?-дедим.

Кун бўйи давом этган амалиётлардан чарчаган шифокор ҳазилни дастлаб тушунмади, илмий савол ўрнида қабул қилиб, ички чарвларда ҳали қорайиш бошланмаганини, бу яхши аломат эканини айта туриб, кейин бирдан кулиб юбордилар.

Ташқари шом қоронғулигига бурканиб,  ичкарида ҳам ҳаловатли онлар бошланди. Югур-югур камайди, беморларнинг аксари уйқуда. Хаёл беланчаги қаттиқ-қаттиқ силкиниб, мендан уйқуни ҳайдайди.

Хона тўрида бир бемор ётибди. Ўзи менга кўринмайди. Юрак зарбларини акс эттирувчи экран эса аниқ кўриниб турибди. Юрак зарбининг заиф чий-чийи қулоққа чалинади. Юрак уриши безовта. Ярим кечада  овоз тинди. Экрандаги безовта чизиқ тўғри чизиққа айланди. Беморнинг жони узилди. Бир ўзи, яқинларига бир оғиз сўз айтолмай, эҳтимол беҳуш ҳолида жон берди. Жағини, оёқларини боғловчи яқинлари ҳам йўқ… Худди етимчадай, ҳудди мусофирдай. Балки  деворнинг нарёғида, даҳлизда жигарлари бу онда Аллоҳга илтижо қилиб унга шифо тилашаётгандир. Шифохоналарнинг тартиб-интизомига қарши сўз айтишга ҳуқуқим йўқ.  Лекин эшик ортида яқинлари тургани ҳолда одамнинг бундай ўлим топиши адолатдан эмасдир. Тонгга қадар яқинлари айрилиқдан бехабар, умид билан ўтирадилар.

Ярим кеча, навбатчи врач ҳам, ҳамширалар ҳам уйқуда. Ёш ўзбек ҳамширасигина уйғоқ. “Ўликни кўриб қўрқиб кетармикин?” деб ўйладим. Йўқ, кўринишида қўрқув сезилмади. Менинг уйғоқлигимни кўриб, ўликни кўрмаслигим учун тўсиқ парда қўйди. Кейин ўликнинг билак томирига санчилган эм игнасини олди. Тепасига оқ чойшаб ёпгач, навбатчи врачни уйғотди. Бу ҳамшира қизнинг жасоратига қойил қолдим.

Мен ўша томон қараб ётиб, марҳум дўстим Абдужалил Зокировни эслайман. Бир неча ой муқаддам у ҳам шундай ҳолатда жон берган эди. Абдужалил билан дорулфунунда бирга ўқиганман, узоқ йиллар мобайнида матбуот соҳасида ҳамкасб эдик. ўоят содда, кўнгли покиза, вафоли дўст эди. “Шайтанат”ни ўқиган ё кўрганлар Жалилни эслашар.  Бу  образда икки дўстимнинг ҳаёти, феъли атвори, гапларидан фойдаланганман. Бири – Абдужалил, унинг исмини ўзгартирмаганман, ундан кўпроқ олганман, иккинчиси – Тўра, қўшним, синфдошим. Қўли ширин ошпаз, аммо ҳақиқатпарвар, дангалчи, тилини заҳар дейдиганлар бор. Чунки ҳамиша тўғрисини гапиради. Кўнглида кири йўқ.  Себзор маҳалласида яшовчи Абдужалил Ёдгор Саъдиев билан қўшни, ҳамда бир синфда ўқиган экан. Шу сабабли Ҳайрулла Саъдиев бу образга қизиқиб, кино юзига олиб чиқдилар. Китобдаги Абдужалилнинг уйини ҳаётдаги Абдужалилнинг уйида суратга олишган. Раҳматли дўстим дастлабки олти қисмини кўриб, “Ҳа, боплабсанлар”, деб қўйган эди. Телефондаги охирги суҳбатимизда шундай деб эди…

Яна бир  дўстим, синфдошим – Дилмурод Муҳамедов, тиббиёт фанлари доктори, профессор ҳам ёлғизликда жон бериб эди. Лекин бундай муолажа чоғида эмас. Ўз хонасида, юрак ҳуружи юлиб олибди уни ҳаётдан. Минглаб беморларга ёрдамга етиб келган шифокорга ҳеч ким ёрдам бера олмаган…

“Реанимация” аталмиш кенг хона тўрида ҳозиргина ҳаракатдан тўхтаган юрак зарбини акс эттирувчи экрандаги тўғри чизиққа қараб ётиб бу дўстларимни бир-бир эсладим. Гарчи, каминада назм ёзмоққа лаёқат бўлмаса-да, ғалати сатрлар қуйилиб келаверди. Менда назм ёзмоққа ҳам, ёд олмоққа ҳам қобилият йўқлигини кўпчилик билади. Лекин ўша тун шеърга ўхшаган сатрлар қуйилиб келаверди, ажабки, ёзмоққа имконият йўқлиги учунми, хотирамга михланди. Уни кейинроқ, шифохонадан чиққач, қоғозга тушириб қўйдим.

“Қуёш бир хил нур сочаверар, айланаверар экан Ер ҳам бир хилда, дўстлар вафот этиб кетса ҳам. Бунча қаҳрли экан бу йил, бунча очофат экан мурдаларга тўймаган бу ер. Бир-бирин танимасди бу икки дўстим, бир йилда баравар Эгам чақирди. Олдинма кейин туғилган эгизак каби, олдинма-кейин жўнадилар Боқий дунёга, ҳатто “хайр” ҳам  демай…

Бир-бирин танимаган бу икки дўстим кўп жиҳатдан ўхшар эди бир-бирига. Дилмурод жисмларга даво топарди, Абдужалил руҳларга изларди шифо. Чекишни яхши кўрарди иккови, яхши кўрарди иккови ҳам ичишни, яхши кўришарди қарта ўйнамоқни ҳам. Аммо сира ютишмаган, бу ёғи ҳам ўхшаш, бунга мен кафил. Мумкин ҳам эмасди ютмоқликлари. Ютмоқ учун қартада албатта, шарт  ғирромлик  қилмоқ. ўирромлик йўқ эди уларда. Тескари қаралса,  қиморнинг айни ўзидир ҳаёт ҳам. ўирромнинг ошиғи олчи ҳамиша. Билимга тоқати йўқ унинг, виждон ҳам  на керак унга? Эплай олса ғирромликни бас. ўирромлик булоғидан сув ича туриб, тўқийдилар Бахт ҳақида балчиқ фалсафа. Чапларлар қоғоз юзига ҳақиқат ҳақидаги иркит фалсафаларни.

“Ҳақиқат!”  деб қичқирарлар, ҳақиқатни  бўғизлаб бўлгач. Ажаб дунёдир бу: зарларга тўймаган, ёқутларга тўймаган хотин сингари,  дарров тўйиб қолажаклар фалсафаларга.

Вафо, адолат ҳақидаги  фалсафалари кўзларидан оқизар ёшлар, худди аччиқ пиёз сингари…

ўирромликни билмаган икки дўстим ташлаб кетди ғирром дунёни…”

Абдужалил маҳоратли радиожурналист эди. “Ёшлик” радиосининг шаклланишида кўп хизмати бор. Ҳозир радио-телевидениенинг етакчи ходимлари сафида унинг шогирдлари кўп. Абдужалил бадиий адабиётда ҳам машқ қилиб кўрган эди. Шингил ҳикояларини 1983 йилда “Шарқ юлдузи”га тавсия қилганди. Бир томондан журнал талаби ғоят юқори бўлгани учун, иккинчи тарафдан таниқли адибларнинг роман-қиссалари тўлдириб тургани учун   бу ҳикояларга ўрин берилмади. Албатта, бундан ранжиди. Шунда “Ҳикояларинг чиқиб, танқидчиларнинг маза-бемаза танқидларини эшитиб кўнглинг хира бўлганидан кўра “чиқмади-я” деб ачинганинг яхшироқ”, деб ҳазиллашганимда “тўғри айтасан”, деб сигарет тутатган эди. Ҳозир матбуотда берилаётган ҳикояларнинг заифлигини кузатиб, “Абдужалилнинг ўша ҳикоялари булар олдида  нодир эди, бир амаллаб чиқишига ёрдам берсам бўларкан”, деб афсусланаман.

“Вақт ўтган сайин йўқотганларингизнинг алами каттариб, ўзингизни йўқолиб бораётганингизни ҳис қилиб яшар экансиз,-деган эдилар Рауф Парфи.- Ҳамма йиллар, ҳамма ойлар, ҳамма соатлар айрилиқлардан иборатдек туюлади мен учун. Хаёлимда изтироблар сира камаймади, аксинча, ортиб боради. Чорасиз сайёрамиз инсон фарёдини кўтариб айланаверди, айланаверди…”

Ўрни келганда дўстларим ҳақида  яна сўз айтаман. Ўшанда ўлим билан ҳаёт орлағидаги қилкўприк устида ётганимда уларнинг сўнгги нафаслари ҳақида ўйладим.

Дарвоқе… сўнгги сўз… сўнгги нафас…

Шу ҳолатни ҳеч ўйлаймизми? Билмаймиз… билолмаймиз… Ҳозиргина тилимиздан учган сўз сўнггиси бўлиши эҳтимол… Эндиги чиқарган нафасимиз охиргисидир балки? Киши бу оламни тарк этгач, яқинлари унинг сўнгги ҳаракатларини, сўнгги гапларини эслашади ва ундан ҳикмат излашади. Ажойиб болалар ёзувчиси, кўп йиллик қадрдон акамиз Сафар Барноевнинг касал бўлиб ётганларини эслолмайман. Шу киши олтмиш уч ёшларида кеннойимизга «Малика, ўлиш шунақа осонми?» дебдилару, жон таслим қилибдилар. Бу ҳол каминани кўп ўйга солган эди. Улуғларнинг сўнгги сўзларини эслагандим: англиялик шоир лорд Байрон ўлими олдидан қоғоз ва қалам сўраган экан. Аммо қалам тутишга ҳоли бўлмай: «Тамом, энди жуда кеч», деб кўз юмган экан. Шоиримиз Шавкат Раҳмон ҳам қўлига қалам тута олмай, 1996 йилнинг 9 август куни сўнгги сатрларни айтиб турган экан:

ўазабланма дейдилар,

Асабланма, дейдилар?

Диққат бўлма дейдилар

майда-чуйда гаплардан.

Гўёки бу дунёда қолмагандай

бедиллар.

Суқрот ҳаким «Ўлим руҳнинг танадан ажралиши ва танадан айри ҳолда яшаши, мавжуд бўлишидир, шундай экан, мен ўлимдан қўрқмайман», — деб яшаган. Сўнгги сўзи эса… «Аскулепиосга бир хўрознинг баҳосича қарзимиз бор эди, эсингдан чиқмасин, Критон», — деб васият қилган экан. Салмон Форсийнинг сўнгги сўзлари насиҳат тарзида бўлган экан: «Нимаики қилсанг, Аллоҳ розилиги учун қил ва буни сира унутма!».  Сўфий Ҳалложни «анал ҳақ!» ақидаси учун қийнаб ўлдирганлар. Олдин панжалари, қўллари кесилган, кўзлари ўйилган. Навбат тилни кесишга келганида деган эканларки: «Аллоҳим, сенинг розилигинг учун менга ушбу уқубатларни раво кўрганлардан раҳматингни аяма. Сенинг муҳаббатингга эришиш йўлида мени қўлларимдан, оёқларимдан жудо қилган бу қулларингни афв эт. Кечир, Аллоҳим, уларни кечир! Муҳаббатинг ҳурмати кечир…»

Сўнгги нафас… сўнгги сўз…

Ишқ аҳлининг ўлим билан учрашуви ҳам ўзига хосдир. Мавлоно Жалолиддин Румий ўзларининг ўлимларини «Шаби арус», яъниким, «никоҳ оқшоми» — келинни кўрадиган, лаззат оладиган, ҳаяжонланадиган, висолга эришадиган оқшом, деб атайдилар. «Ўлганимда менинг орқамдан йиғламанг, «алвидо!» деманг. Мен ажралишга эмас, учрашувга кетяпман», — деганлар… Эътиқодли, ошиқ бир инсоннинг сўнгги нафаслари…

Иймон эгаларининг умиди охирги нафасда иймон калимасини айтиш. Шундай жон бериш улуғ бахт! Бир қизиқчи саҳнада масхарабозлик қилаётганида жон берган экан. Ҳамкасблари уни “санъатга бўлган фидойилик” деб улуғладилар. Агар иймон калимаси билан жон берганида эди, у банда Аллоҳ ҳузурида улуғланарди. Бировлар ашула айтиб туриб ҳам ўлишлари мумкин. “Қошу кўзингдан акагинанг айлансин, вой дод-е!” деганича жон таслим қилса, Қиёматдаги дод-фарёдидан наф бўлармикин? Бир чойхонада шаҳмат, нарди, қарта ўйнаб ўтирганларни кўргандим. Уларнинг аксари “ҳожи”лар экан. Беш вақт намозни масжидда ўқиб, орадаги вақтни чойхонада ўтказар эканлар. Ажабки, шаҳмат ўйнаб туриб “шох!” ёки “мот!” деган сўз билан жонлари чиқиши мумкинлигини ўйлашмаса?!  Ана ўшанда… (Аллоҳ сақласин!) шаҳматда “мот” бўлмайдилар-у, аммо иймон бобида мот бўладилар, охират саодатини бой берадилар…

Умр яхшиликлар билан бирга дўстлардан айрилиш йиллари ҳамдир. Дўстлар бирин-кетин бизларни ҳам, дунёни ҳам ташлаб  кетадилар. Яна қанча дўстни сўнгги манзилга узатар эканмиз? Бизни қайси дўстларимиз кузатар эканлар?

Киши ҳаётида дийдор ҳам, айрилиқ ҳам кўп. Зийракроқ разм солсак, ҳаёт учрашув ва ўлимдан иборатга ўхшаб кўринади. Қай бири кўпроқ?.. Учрашган, танишган, кўнгил қўйганларимизни ўлим аёвсиз равишда бизлардан юлиб олади. Бирида қайғурамиз, иккинчисида… Одамлар билан учраша-учраша оқибат ўлим билан ҳам учрашамиз. Бизнинг бу сўнгги учрашувимиз кимнидир қайғуга солар, кимнидир эса…

Фоний дунёдаги ҳар қандай дийдорнинг оқибати – айрилиқдир. Одамлар охир-оқибат айрилиқ майини ичмоқ учун учрашадилар. Бу дунёда ҳар бир нарса омонат бўлгани каби дийдор ҳам омонат. Боқий дийдор фақат жаннатдир. Энг бахтли дийдор ҳам ўша маконда. Узил-кесил айрилмоқлик ҳам Қиёматда содир бўлади. Унга қадар ота-она, дўстлар ва бошқа яқинлар билан жаннатда юз кўришмоқлик умиди мавжуд. Умид ушалмаса-чи? (Аллоҳ сақласин!) Бу дунёдаги айрилиқ фожиа эмас, ўткинчи ғам холос. Энг даҳшатли фожиа -  Қиёматдаги айрилиқдир. Бу фожиага учраш ёки учрамаслик масаласини ҳар бир инсон тириклик чоғида ҳал қилиб олмоғи зарур.

Бир йигит қазо қилди. Бундай ҳолларда  «бевақт вафот этди», дейишга кўникканмиз. Билмаймизки, ўлим бевақт келмайди. Аллоҳ тайин этган аниқ нафасда келади. Инсон ризқида белгиланганидан бир луқма ҳам кўп, бир луқма кам ҳам емайди. Бир нафасни ортиқча ҳам, кам ҳам олмайди. Юраги битта кўп ҳам, кам ҳам урмайди. Ҳар бир одам ўз вақтида ўлади. Биз буни билмаймизми? Биламиз, фақат «бевақт» деб ўзимизни алдаймиз. Хўп, алдамас эканмиз, «вақтида» келган ўлим қандай бўлади? Қачон ва қай ҳолда келади? Етмиш ёшдами ё саксондами? Балки тўқсон бешдадир. Аниғи шуки, ўлим айни вақтида келади. Биз, ўзимиз уни қаршилашга, Тангри берган омонатни қайтариб беришга, у дунёда кутилажак савол-жавобга вақтида тайёр бўлмаймиз.

Ўқишда имтиҳон куни, соати белгиланган бўлади. Тунни кунга улаб, тайёрланиб борамиз. Тайёргарлигимизга кўра баҳо оламиз. Фоний дунё ҳам имтиҳон экан, тайёргарлигимиз қандай, ўйлаймизми? Муаллимга пора бериб, баҳо олиш мумкин. Охират имтиҳонида эса бунақа гап йўқ. Баъзилар йилда бир ёки икки, ёки унданда кўп марта қўй сўйиб, номи «худойи» деб аталмиш зиёфатлар беришади. Пешоналари эса бирон марта саждага тегмайди, бузуқ йўллардан ҳам қайтмайдилар. Улар ўша «худойи»ларини охиратга тайёргарлик, деб ҳисоблайдилар. Аслида эса улар муаллимга пул бериб имтиҳондан ўтмоқчи бўлаётган билимсиз ва нодон талабага ўхшашади.

Мавзудан чекинмоқни бас қилиб, асосий мақсадга қайтай: хуллас, «бевақт» вафот этган биродарига ачиндилар. Дўстлардан бири суҳбатга аралашмай ўтирган эди. Кимдир «сиз ачинмайсизми?» деган мазмунда гап ташлади. У бир оз қўпол тарзда бўлса-да, тўғрисини айтди: «Мен биродаримизнинг ўлганига ачинмайман». Давра аҳли ажабланди, ҳатто кўнгиллари оғриди. У эса изоҳ берди: «Йиғилиб олиб ачинганимиз билан тирилиб, дўстимиз қайтиб келмайди-ку? Ундан кўра дуолар қилайлик ва сағирларига ёрдам беришни ўйлайлик. Ким, қандай ёрдам бериши мумкин — шуни сўзласин. «Унинг вафотига ачинмайман», дейишимнинг боиси, у  бугун бўлмаса эртагами ё ўн йил кейинми бу дунёни барибир ташлаб кетарди. Мен унинг ибодатсиз кетганига ачиняпман. Унинг нариги дунёдаги аҳволи нима бўлади энди? Менинг қайғум шунда. Бу дунёдаги улфатчиликлар, зиёфатлар, қизлар, қадаҳлар… у ёқда ёрдам бермайди, балки қабр азоблари эшикларини очиб беради. Биродаримизни бу азоблар йўлидан қайтара олмаганим учун мен ҳам айблиман. Бу айбим учун балки Қиёматда жавоб берарман…»

Оқилона сўзлар… аммо.. дўстлар ҳақида қайғуриш олдинроқ бошланса нақадар гўзал бўлур эди…

Санъаткор биродаримиз оғир хасталикка учрагач, яқинлари унга фахрий унвон олиб бериш учун турли идораларга қатнай бошладилар. Ўлим эшик қоқиб тургандаги уларнинг бу ҳаракатини яхшиликка йўйиш ҳам мумкин. Ҳар ҳолда унвон берилса бемор қувонади. Азоблари салгина бўлса-да, ариши мумкин. Лекин… унвону мукофотлар ортда қолади-ку? У дунёда буларнинг қиммати йўқ-ку? Савол-жавобда булар инобатга олинмайди-ку?

Аввалроқ бир танишимиз «Биттагина медал олиб ўлсам армонсиз кетардим», — дер эди. «Медал сизга шунчалик зарурми?» — деб сўраганимизда «Ҳа, ўлгандан кейин духоба ёстиққа тикиб, тобут олдида олиб боришга нимадир керак-ку? Болаларим отамнинг ҳеч нарсаси йўқ экан», деб изза чекишмасин»,— деган эди.

Ҳамонки, барча нарса ортда қолар экан, хаста биродаримизнинг яқинлари нишон ҳақида эмас, иймон тўғрисида қайғурсалар дурустроқ бўларми эди. Жон чиқмай туриб, иймон калимасини ўргатсалар қандай яхши эди! Агар фарзандлар доно бўлсалар «отамиз медалсиз ўтди», деб куюнмайдилар, балки «отамиз иймон билан кетдилар», — деб Яратганга шукурлар қиладилар.

Баъзилар туғилган кунларини тантана билан нишонлайдилар. Шу кунга, шу ёшга етишмоқ ўзига хос байрамдир, бу учун Яратганга шукурлар қиламиз. Аммо туғилган кунга етмоқ — яна бир йилнинг  ўлганига  нишонадир. Ўтган ҳар кун, ой, йил умр адоғига яқинлашмоқликдир. Демак, ароқ ичиб чулдирагандан кўра «қандай яшадим, қандай яшамоғим керак?» деган саволга жавоб излаб топишга интилмоқ дурустдир. Туғилган кун яна бир йил ўлганига нишона эмас, балки жаннатга етмоқ учун бир йил яқинлашувдир, деб яшаган банда бахтлидир.

Дўстларим Абдужалил билан Дилмурод сўнгги нафасларида нималарни ўйлашди, қандай сўз айтишди, буниси менга номаълум. Аммо уларнинг иймон билан кетганларини умид қиламан. Чунки ҳаётлари бошқаларга яхшилик қилиш билан ўтган эди. Дарвоқе, Абдужалилнинг жон беришдан бир кун олдинги армонли сўзларини менга айтиб эдилар. Абдужалилни шифохонага олиб боришганда врачлар унга етарли эътибор беришмабди. Ҳатто маълум муддат қаровсиз ётибди. Шунда у хўрсиниб “Агар тўрт юз доллар пулим бўлганида ўлмай қолар эдим”, деган экан. Буни у алам устида айтиб юборган. Чунки унга тўрт юз эмас, унданда кўпроқ пул бериши мумкин бўлган дўстлари кўп эди. Лекин у барибир олмаган бўларди. Феъли шунақа эди раҳматлининг…

Хуллас, реанимация бўлимидаги уйқусиз тун шундай тизгинсиз хаёллар, хотиралар гирдоби оғушида ўтди.

Эртасига яра қайта боғланиб, “энди ҳаёти хавф остида эмас”, деган қарорга келишгач, аввал ётган хонамга олиб ўтишди. Аҳли аёлим, фарзандларимни кўрганимдан сўнг тирик қолганимга ўзим ҳам аниқ ишониб, шифо бергувчи Аллоҳга яна-яна, қайта-қайта шукурлар қилдим. Фарзандларнинг кўнгли тинчиб, хизматларига кетишгач, аҳли аёлим маъюс ҳолда менга тикилиб ўтираверди. Унинг одати шу — камгап. Айниқса, ҳозирги аҳволда гапирай деса йиғлаб юбориши мумкин. Кўнглини кўтариш мақсадида жилмайдим.

-Нега куляпсиз?-деб ажабланди.

-Бу сафар битталигингча турибсан.

Шундай деб бундан аввалги жарроҳлик амалиёти (операция)ни эслатдим. Қарийб уч соат давом этган амалиётдан сўнг хонага беҳуш ҳолда олиб чиқишган экан. Уйғотишга уриниб, исмимни айтиб чақиришди. Ҳушимга келгач, врач “кўзингизни очинг!” деб амр этди. Очдим-у яна юмиб олдим.

-Бошингиз айланяптими?-деб сўради.

-Шунақага ўхшайди… тепамда турган хотин иккита бўлиб кўриняпти,-дедим.

-Хотин иккита бўлса яхши-ку?-деб ҳазиллашди врач.

Оғзим қуриб қолган, гапиришим қийин эди, шундай бўлса-да, ҳазилини жавобсиз қолдирмадим:

-Иккита бўлгани яхши-ку, аммо иккаласи битта хотин-да…

Аҳли аёлим ўша воқеани эслаб кулимсиради. Ташвиши сал чекингандай бўлди…  Врач кириб, қаддимни кўтарди. Кейин кўпчилик бўлиб, туришимга ёрдамлашишди. Икки кундан кейин ўзим юра бошлагач, кашанда тамакини қўмсагандай, қўлимга қоғоз-қалам олишни хоҳладим. Шифохонага отланганда китоб, қоғоз ва қалам олволган эдим. Китоб ўқий олмадим. “Наркоз” деб аталмиш дори бошимни гаранг қилиб қўйган эди. Кечки пайт аҳли аёлим бир оз безовталангандай бўлди. Даҳлиздаги телевизордан чиқаётган овозлардан билдим-ки, хоним афандим ёқтирган Мексика киноси бошланибди.

-Чиқиб кўравер,-дедим.

У “ҳозир кўнглимга кино сиғадими?” дегандай бош чайқади.

-Сен бечора мен билан андармон бўлиб кечаги кунни киносиз ўтқаздинг, бу қаҳрамонлигинг учун ҳали сени мукофотлашим керак,-дедим.

Яна бир оз ноз қилган бўлиб, телевизор томон қанот чиқариб учди. Мен эсам қоғоз-қаламни олиб ёзишни бошладим. “Сўнгги уч дақиқа ёки ўлимдан олинган маънолар”… Реанимация бўлимида ўйлаб қўйганларимни бир-бир қоғозга туширдим.

Эртасига  аҳли аёлим “мексикалик меҳмонлари”ни кутиб олгани чиққач, ёзишни давом эттирмоқчи бўлдим. Қоғозга тикилиб узоқ ўтирдим. Лекин  ёза олмадим. Хаёлимни ёритаётган фикрлар ожиз бўлиб туюлаверди. Ёзишдан тўхтадим.

Китобхонлар билан бўлган турли учрашувларда мухлислар “ўзингизнинг ҳаётингиз ҳақида ҳам ёзинг, бу биз учун қизиқарли”, деган таклифларни айтишарди. Мухбирлар билан суҳбатда ҳам бу таклиф тилга олинарди. Адабиётимизда шундай асарлар бор. Устоз Ойбекнинг “Болалик”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” асарларини ёшлигимда қизиқиб ўқиганман.  Лекин коммунистлар ғояси чегарасидан чиқилмагани, айниқса, атеистларча дунёқараш устун бўлганини кейинроқ англаганман.

“Сўнгги уч дақиқа…” деб ном бериб ёза бошлаганим мазкур асарда ҳаётим мобайнида кўрган кечирганларимни фалсафий йўналишда баён этмоқчи эдим. Менинг ҳаётим тенгдошларимникидан фарқ қилмайди. Бугунги ёшларни ҳайратга соладиган воқеалар ҳам йўқ. Шу боис қуруқ баён қилмай, воқеаларнинг фалсафий таҳлили ва талқини услубини танлагандим. Назаримда, ўлим олдидаги ўйлар ўқувчини ўзига тортиши мумкиндай туюлганди. Ёзишдан тўхтаб қолишимнинг сабаби: фалсафий йўналишда юришга фикр қуввати етишмаслигини ўзим сездим. Иккинчи сабаб: ҳадеб ўлим атрофида сўз айтавериш ёқимсиз услуб бўлиб кўринди. Тўғри, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлимни ўйлаб юриш, ўлимга тайёргарлик кўриш ҳақида гапирганлар. Лекин бу “оҳ, эртага ўлар эканман”, деб ташвиш чекишни билдирмайди. Балки, “ҳамонки ўлим бор экан, кўпроқ яхшилик қилишим керак, савоб топишим зарур, ўзимни жаннатга тайёрлашим керак”, деган маънони англатади. Ҳудди Фаридуддин Аттор баён қилган бу ҳикмат каби:

Бир мамлакатда подшоҳ роппа-роса ўн йилдан кейин тахтдан тушириларкан. Сўнг қайиққа ўтқазиб уни кимсасиз оролга ташлаб келишаркан. Навбатдаги подшоҳ тахтга ўтиргач, у маъюсланиб вазирига дебдики:

-Наҳот менинг ҳам қисматим шу бўлса? Наҳот мен ҳам кимсасиз оролнинг чўлу биёбонида жазирама азобларида яшашга ҳукм этилсам?

Доно вазир шундай маслаҳат берибди:

-Муҳтарам шоҳим, сиз кимсасиз оролда яшашни истамасангиз, шоҳлик даврини беҳуда айш-ишратлар билан совурмай, умрингизни ва мол-давлатингизни ўша оролни обод қилишга сарф этинг.

Подшоҳ мулоҳаза қилиб кўрсаки, вазир ҳақ экан…

Мазкур ривоятни шарҳлашга уриниб кўрамиз: подшоҳ — шахснинг ўзи. Яъни ҳар бир одам ўзи учун ўзи шоҳдир. Ақли ва иймони унинг вазиридир. Ақл ва иймон ҳудди эгизак сингари ҳамиша биргадир. Ақл йўқ жойда иймонни изламанг, иймон йўқ ерда ақлни қидирманг. Демак, ақлимиз ва иймонимиз бизга доно маслаҳатчидир. Кема — тобут. Одамнинг қисмати шу — бир кунмас бир кун ўз тахтидан тушади, ўша кема — тобутга солиб олиб борадилар. Кимсасиз орол — йўқлик дунёси, биз борадиган жой. Бошқача айтганда, охират ороли. Агар биз бу дунёйимизни ҳою ҳавасларга совурсак, ўша орол чиндан ҳам кимсасиз бўлади, чиндан ҳам чўлу биёбондан иборат бўлади. Агар Ҳақ йўлидан юриб, яхши ишлар билан банд бўлсак, ўша кимсасиз оролни обод қилган бўламиз. Борар жойимиз саҳро — дўзох азоблари эмас, жаннат боғлари бўлади, инша Аллоҳ! «Охиратинг обод бўлсин!» деб дуо қилишганда шу назарда тутилса керак. Барчаларимиз охиратларимиз обод бўлишини истаймиз. Охират оролини фирдавс боғлари билан обод қилмоқлик эса ёлғиз ўзимизга боғлиқ экан. Ҳазрат Али, Аллоҳ ул зотдан рози бўлсин, айтганларидай, жаннатга иштиёқи бўлган одам яхшилик қилишга шошилади. Жаҳаннамдан қўрққан одам нафсини ёмон ҳатти-ҳаракатлардан қайтаради. Ўлимни ҳақ деб билган одам дунё завқларини тубан кўради.

Турли хаёлларга бориб, ёзишдан тўхташни маъқул кўрдим. “Уйга чиққанимда ёзарман”, деб ният қилдим. Уйда ҳам оппоқ қоғозга тикилишдан нарига ўтмадим. “Вақти-соати келиб қолар”, деган умидда бу мавзуни четга суриб, бошқа ишлар билан банд бўлдим. Кейин яна уч марта жарроҳлар муолажаси насиб этди. Айниқса, бешинчисида “омон чиқмасам ҳеч ким сизларга даъво қилмайди”, деган мазмунда тилхат берганимда, сўнг реанимация бўлимида бу сафар узоқроқ ётганимда яна ўша “Сўнгги уч дақиқа…” туйғуларимни безовта қила бошлади. Навбатчи врач – рус йигити адабиётга, айниқса фантастикага ишқибоз экан. У билан қувватим етганича суҳбатлашдим. Сўнг шифтга, бир нуқтага тикилиб ётдим. Врач ҳолатимни кузатиб турган экан. Бир маҳал келиб:

-Нимадир ёзгингиз келаётганга ўхшайди, мен қоғоз ва қалам бера олишим мумкин, афсуски, бошқа ёрдам бера олмайман,-деди.

Икки оёғим боғлаб ташланган, чап қўлим томирига эм игнаси санчиб қўйилган. Ўнг қўлимда эса куч йўқ. Қоғоз-қалам берган тақдирда ҳам ёзиш имкони йўқ.

-Қоғоз керакмас, калламга ёзяпман,-дедим ҳазил оҳангида.

Нималарнидир ўйладим, нималарнидир ёзгим келди. Ижод ҳақида ўйлаганимда вужудимга қувват оқиб кираётгандай бўларди. Тезроқ туриб, тезроқ уйимга қайтиб, ёзув столига ўтиришни истардим. Хаёлимда икки-уч асарнинг чизгилари бор эди. Назаримда буларни ёзишга кучим етадигандай эди…

Уйга қайтгач, кўрган-кечирганларимни ёзиш фикри яна уйғонди. Ўзимга бўлган ишонч қатъийлашди. Деганларки, одамнинг ўзига ўзи ишониши гўзал фазилатдир. Бу фазилат ўз қобилияти даражасини билувчи кишиларга хосдир. Кишининг ўзига бўлган ишончи ўзгаларга бўлган ишончининг асосини ташкил этади. Ҳаёт йўлида учровчи кўпгина муваффақиятсизликнинг асосий сабабларидан бири кишининг ўзига ишонмаслигидан келиб чиқади. Чунки ўз-ўзига ишонч буюк ишларнинг энг биринчи зарур шарти ҳисобланади. Энг даҳшатли ишончсизлик эса — кишининг ўз-ўзига ишонмаслигидир. Шубҳа — хоин, дейдилар ва у одамни уриниб кўришдан, ҳаракат қилишдан қўрқитиб, эришиши мумкин бўлган кўп нарсалардан маҳрум қилади. Ўзига ишониш, ўз қадр-қимматини англаш ақлли одамни янада камтарин, шунинг баробаринда янада саботли қилади. Яна донолар деганларким: “Безбетлик ва мақтанчоқлик — жирканчлидир, бироқ ўзига ишонмайдиган, бу фазилатга эришиш учун ҳаракат қилмайдиган киши жирканчликда ундан қолишмайди”. Яна деганларким: “Кимки интилмаса, у ҳеч нарсага эришмайди, кимки шижоат кўрсатмаса, у ҳеч нарсалик бўлмайди, кимки ўзининг маънавий қувватидан фойдаланмаса, бу қувват уни тарк этади”.

Ана шу ҳикматлар каминага далда берди. Лекин дастлабки услубдан воз кечдим, сал ўзгачароқ йўналиш маъқул келди-ю, иш бошладим. Аммо дастлабки ёзувларимни ташлаб юбора олмай, асар аввалига жойлаштирдим. Чунки ўша воқеа ҳам ҳаётимнинг бир зарраси эди. Асарнинг илк номи — “Сўнгги уч дақиқа ёхуд ўлимлардан олинган маънолар”ни  сақлаб қолгим келди, фақат “Ўлимлардан олинган маънолар” эмас, “ҳаёт ва мамотдан олинмиш маънолар” десам мантиқан дуруст бўлурмикин, деган хаёлга бордим. Қўлёзмани бир неча киши ўқигач, асар номига эътироз билдирилди, мен уларнинг фикрини маъқулладим. Энди бу номдан совуқ нафас келиб тургандай туюлди. Ўйлай-ўйлай, хаёлимда туғилган номлар орасидан “Охирги манзил (Остона олдидаги ўйлар)”ни танладим. Агар умрни автобусдаги саёҳатга ўхшатсак, умр ўтган сайин бекатлар бир-бир ортда қолаверади. Киши истаса-истамаса, охирги манзилга етиб боради. Касбидан қатъи назар, ортига бир қараб олади. Ўтган сурурли йиллари уни ширин хотира шабадаси билан ҳузурлантиради. Уятли дамлари қалбини эзади. Қиёмат куни гуноҳлари кечирилишини умид қилиб, остона ҳатлайди.

Орадан ойлар ўтиб, бу ном ҳам ўзимга эриш туюлди. Кўпгина адабиётларда “ҳаёт уммони” деган иборани учратамиз. Одам гўё ўз қайиғида уммон бўйлаб сузади. Кимдир қирғоққа етади, кимнидир ярим йўлда довул ғарқ этади. Шуларни ўйлаганимда, “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” деган номда чуқур маъно яширингандай туюлди. Сиз – азизларимга, “Бекажон”нинг ардоқли ўқувчиларига ҳам бу ном маъқул келар деб умид қиламан.

Киши ҳаёти давомида яхши-ёмон одамларни кўп учратади. Ёмонларнинг ёмонлигидан азият чекади. Бировлар ўша ёмонга нисбатан кек сақлаб яшайди. Бировлар унутади. Мен кек сақламайман. Бу ҳикматга амал қилиб яшашга интиламан:

Донишманд шайхнинг ҳузурига бир мўйсафид келиб: «Шайх ҳазратлари, энди мен қариб қолдим, кун ўтказишим ҳам машаққатга айланяпти. Менга панд-насиҳат қилинг, шояд Аллоҳ ишларимни яхши йўлга бошласа», — дебди.

Шунда шайх мўйсафидга хитобан дебдики:

— Биродарим, агар сен эсда тутувчи бўлсанг ҳам, хотиранг юқори мақомда бўлса ҳам, икки нарсани эсдан чиқаргин: аввали — халқ учун қилган яхшилигингни, кейини — бировнинг сенга қилган ёмонлигини.

— Мардлик ва одамийлик ҳақида ҳам сўз айтинг.

— Миннат юкига бардош бермоқлик — одамийлик нишонасидир. Қўлидан келадиган ишни ўзгадан дариғ тутмаслик эса мардликдир.

— Ҳамиша мўъмин ва мусулмон бўлиб юрмоқлик ҳақида ҳам айтинг, шайхим.

— Кишининг айбини қидирмаслик — мусулмонликдандир. Ёмон сўзларни айтмаслик мўъминликдандир, — деб шайх насиҳатига якун ясаган экан.

Ҳикматга амал қилиш шарт бўлса-да, бошқаларга ўрнак бўлсин учун ёмонларнинг ёмонлигини ҳам эслашга тўғри келади. Уларнинг айримлари вафот этган, марҳумлар ҳақида нолойиқ сўзлар айтиш жоиз эмаслигини биламан. Уларнинг фарзандлари ўқиса ё ўқиганлардан эшитса, кўнгиллари оғришини ҳам хис қиламан. Шу сабабли ёмонлик қилган одамларнинг исмларини ўзгартириб баён қиламан. Ўзгартирилган исмлар бошқача ҳарфда ёзилади. Шунинг баробаринда айрим идораларнинг номлари ҳам ўзгартирилади.

Кўнглим сезиб турибди, бу асарни ёзиш осон бўлмайди. Чунки каминанинг хотираси ҳавас қиларли даражада эмас. Кўп воқеаларни унутганлигим шубҳасиз. Йилларни, ойларни беришда, исмларни эслашда қийналсам керак. Исмларни ёшлигимда ҳам адаштирардим. Ҳатто асар қаҳрамонларининг исми ҳам чалкашиб қоларди. Бу камчиликдан қутулиш учун қаҳрамонларнинг исми ёзилган рўйхат столим устида турарди. Бир куни дўстимнинг кўзи бу рўйхатга тушиб, “Булар кимлар, туғиладиган ўғилларингнинг исмими?” деб ҳазиллашган эди. Яна бир дўстим келиб, “Янги китобинг чиқибди, дастхат ёзиб бер”, деди. Мен китобга “Қадрдоним Ҳикматжонга…” деб ёзиб узатдим. У дастхатни ўқиди-да, кулиб: “Бўпти, мен бу китобни Ҳикматга бериб қўяман, энди ўзимга ёзиб бер”, деди. Бу дўстимнинг исми “Асадулла” эканини эслаб, хотирамнинг айби билан яна битта китобга тушган эдим. “Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш”, деган мақол бор. Лекин мен янги танишни ўн марта кўрсам ҳам, ўн биринчи марта рўпара келганимда “қаерда учратган эканман?” деб тураман. Ўғлим билан бозорда эдик, кўриниши таниш одам яқинлашиб келиб, саломлашди. Ўғлим сал нарида савдолашаётган эди. У киши хайрлашиб кетгач, ўғлим келиб:

-Ада, нега яхшироқ сўрашмадингиз?-деди.

-Нега яхшироқ сўрашишим керак эди, мен уни танигандай бўлдим-у, қаерда учратганимни эслолмадим,-дедим.

-У киши қайнотам-ку?

-Қайнотанг бўлса, яхшироқ сўрашишим шартмиди?

Шундай деб гапни ҳазилга буришдан ўзга чорам йўқ эди.

Бир куни қайин эгачим келиб, суҳбат чоғида ўттиз йил аввалги воқеадан гап очиб, “Фалончининг гапи эсингиздами?”, “Пистончи бизникида келганда кўришган эдингиз” дедилар. Шубҳасизки, у воқеалар, гаплар ёдимда йўқ эди, бунақа ҳолларда мени ҳазил қутқаради. Дедим-ки:

-Опа, синглингиз сизникига бориб, уч куни туриб қайтиб келса, “бу хотинни қаерда кўрган эканман”, деб танимай тураман. Сиз мендан ўттиз йиллик гапни сўраяпсиз.

Бу ҳазилнинг асоси бор эди: Мадинаи мунавварада эканимизда Масжидул набавияга кира туриб, аҳли аёлимга “Намоздан кейин соат иккида шу майдонда учрашамиз”, деб тайинладим. Мен айтилган вақтда чиқиб, атрофдаги қурилишларни томоша қилиб турдим. Бир маҳал қарасам, каминадан эллик қадамча нарида бир аёл менга қараб турибди. Бегона аёл хижолат бўлмасин, деб ундан нигоҳимни узиб, яна қурилишга боқдим. Салдан сўнг кўзим яна ўша томон тушди. Оппоқ либосли аёл мен томонга тикилиб турибди. “Тоҳир Маликни танийдиган аёл Мадинада ҳам бор экан-да”, деб ўйлаб, ғурурланиб қўйдим. Кейин яхшироқ тикилиб қарасам, ўзимнинг аҳли аёлим экан.

-Нега бир жойда қотиб турибсан?-дедим унга яқинлашиб.

-Шу ерда кутгин, деб тайинладингиз-ку?-деди у соддалик билан.

Менинг бу одатимни (“камчилик” десам, хотиранинг бундай заифлиги ўзимга боғлиқ эмас) билганлар ҳазил-ҳузул қилиб юришади, билмайдиганлар “Бу ёзувчи керилиб, одам танимайдиган бўлиб кетибди”, деб ранжишади.

ўоят узун тушунтиришлардан сўнг Аллоҳнинг мададига ва сиз азизларнинг дуоларингизга умид қилиб, дастлабки ҳикоямни бошлайман.

Биринчи бўлим

 

АЖДОДЛАР  ДУНЁСИ

Дуо қилдилар:

“Бошинг тошдан бўлсин”.

Қалбинг тош бўлмаса бас.

 

Ўтмиш донолари дедиларки:

-Сиз ўтган умрингизга қараб: «Тўғри яшай олдимми?» — деб ўз ўзингизга савол берганмисиз? Агар ишонч билан «ҳа!» деб жавоб қайтара олсангиз, буюк ишлар қилибсиз экан. Кишининг оқилона китоблар битиши шарт эмас, аммо ҳаётда ўзини оқилона тута билиши мутлақо зарур! Зеро, Одам боласининг энг улуғ ижоди — оқиллик билан умр кечирмоқликдир. Қолганлари: мансаб йўлида сарсари кезиш, бойлик орттириш,  шоҳона қасрлар қуриш каби ишлар ўз кўнглини тўйдиришга уринишдан бошқа нарса эмас. Қани эди, кўнгил қурғур тўя қолса…

Азизлар, баён этилажак сатрларни охиригача сабр билан ўқиб чиққанингиздан сўнг “Тоҳир Малик тўғри яшай олдими?” деган саволга биргаликда жавоб топамиз. Албатта, жавобнинг энг тўғриси, адолатлиси сизники бўлади. Агар манманликни, худбинликни, шахсиятпарастлик ва шу каби қатор иллатларни енга олган бўлсам, менинг жавобим ҳам ҳақиқатга яқинроқ  туради, инша Аллоҳ!

«Ўзингни ўзинг англаб ет!» дейишади. Хўш, қандай англамоқ мумкин? Бунинг учун киши ўзига қараши, ўзини ўзи идора этмоғи лозимми? Ўз-ўзини англамоқ учун бу кифоя эмас. Бунинг биринчи шарти: одам атрофидагиларни зийраклик билан кузатмоғи шарт: яъни ўз кучини, зеҳнини, идрокини бошқаларники билан таққосласин, манфаатларини ўзгалар манфаатига солиштирсин-да, уларнинг назарида ўзининг қандай кўринишда эканини тасаввур этсин. «Менда бошқаларни қойил қолдирувчи ҳеч афзаллик йўқ», демоққа куч топсагина, ўзини англашни бошлайди.

Азизлар, ўқиш жараёнида диққат қилинг-а, мен шундай куч топганмикинман?

Ҳикмат аҳлидан бири: “Кунлар ўқ, инсонлар эса нишондир. Эй инсон, замон, ҳар кун сени ўқлар билан ўқлаётир ва бутун вужудингни ҳар бир ҳужайрасигача илма-тешик қилиб кечаю кундуз илгакли игнаси билан тўрлаётир. Кундузлар ҳам, кечалар ҳам бир зумдай ўтиб кетади. Бу аҳволда сенинг вужудинг қандай қилиб соғ-саломат сақланиб қолсин? Агар кунларнинг сенга етказаётган нуқсонлари кўз ўнгингда кўргазма қилиб ёйиб қўйилган бўлсайди, ҳеч шубҳасиз, келиб кетган у кунлардан ўтаканг ёрилар, сўнг эса югуриб кетардинг. Тез келиб кетган соатларинг нималарга сарфланганини кўриб, жирканардинг. Лекин Аллоҳнинг тадбири тадбирларнинг аълосидир. Дунё ташвишларидан узоқ бўлинганда ҳаёт тотли кўринади, албатта, лекин аслида сен завқ деб ўйлаган нарсалар, кимёгарнинг ханталдан олган аччиғидан ҳам аччиқдир. Ҳавойи нафсга берилиб яшалган дунё ҳаётининг иснодлари шу қадар кўпдирки, буни тушунтирмоқчи бўлганлар гапира-гапира чарчайдилар. Аллоҳим, сен бизни тўғри йўлга сол!”

“Иҳдинас сиротал мустақийм” – “Эй Парвардигоро, бизни тўғри йўлга солгил”, шу муножот билан яшадим. Оқибатини билгувчи Аллоҳнинг ўзидир.

Ҳикмат аҳлининг бири бўлмиш мўътабар донишмандга мурожаат қилиб, дунё ҳаётини тавсифлашни сўрашганида у зот мазкур жавобни берган эканлар:

“Дунё ҳаёти — сен ичида бўлган ОНдан иборатдир. Чунки ўтган ўтмиш бўлиб қолади. Ортиқ ҳеч нарсалик бўлолмайсан. Келажагинг эса қандай бўлишини билмайсан. Вақт шундай нарсаки, тун кундузнинг ўлимидан хабар беради. Туннинг бошланиши у куннинг завол топганини билдирувчи бир ишоратдир. Тинимсиз келиб кетган ҳодисалар инсонларни ўзгартиради, эскитади, қаритади. Вақтнинг вазифаси жамоаларни сочиб ташламоқ, сараламоқ ва неъматларни йўқотмоқдан иборатдир. Амал узун, умр қисқа, ҳар нарса эса ёлғиз Аллоҳга қайтади…”

Унга қадар ўзимизга ўзимиз ҳисоб берайлик-чи… Донишманд дер эканки: мен кунда уч марта ўзимни ўзим тергайман: одамлар учун ҳалол ва холис хизмат қиляпманми, дўстлар билан суҳбатда риё йўқми менда, муносабатим самимийми, устозлар таълимини такрорлаб турибманми?

Энди муддаога ўтайин:

Камина Аллоҳ таолонинг улуғ инояти билан тарих минг тўққиз юз қирқ олтинчи йилнинг охирги ҳафтасида, тизза бўйи қор ёққан қаҳратон қишда, оч мамлакатнинг бир ғариб гўшасида туғилган эканман. Жанггоҳдан узоқ бўлса-да, уруш нафасидан хароб бир бошкентда, тўрт боласи бор, аммо бошпанаси йўқ Абдумалик аканинг бешинчи фарзанди ўша онда дунёдан нима кутган эди? Чақалоққа шундай савол қўйилмоғи кулгили, биламан. Лекин икки ўғил ва икки қизни уйсиз-жойсиз бўлсалар-да, қаҳатчилик йилларидан, урушнинг совуқ нафасларидан омон сақлаб қолган отанинг бу кунги шодлиги не қадар бўлган экан? Ўзи етимликда она меҳрига зор ўсган, қорни нонга тўймаган, усти янги кўйлак кўрмаган Санобархон-чи? Яна бир фарзанд неъмати берган Тангри таолога шукурлар қилганларига шубҳа йўқ. Фарзанд берган, ризқини ҳам беражак, деган ишончли умид билан сабр камарини маҳкам боғлаганларига ҳам ишонч бор. Оч ватаннинг “бахтиёр” боласини киприкларида авайлаб кўтариб вояга етқизганлари ўзига хос қаҳрамонлик эди. Оч эдик, лекин руҳимиз тўқ эди.

Барча ота-оналар каби менинг дунёга келишимга сабабчи бўлган дадажоним билан аяжонимнинг биров билган, биров билмаган бебаҳо фазилатлари бор эди. Бошқалар билган фазилатлари — ғоят ҳалол эдилар. Вақтингизни олсам ҳам, бошқа гапларга фурсатим қолмаса ҳам, фикримнинг исботи учун бир воқеа баёнини айтай:

Урушдан сўнг ҳарбийдан истеъфога чиққач, дадажоним яқин биродаларининг саъй-ҳаракатлари билан бозорга директор бўлибдилар. Аяжоним  бир куни “дадангга бориб айт, гўшт олиб берсинлар”, деб Ботир акамни бозорга жўнатибдилар. Акам бориб, аяжонимнинг топшириқларини етказгач, дадажоним “сен ўтириб тур”, деб идораларидан чиқибдилар-у, дарров қайтмабдилар. Акам кута-кута бетоқатланиб, бозорга чиқиб қарасалар-ки, директор мартабасидаги дадажоним эл қатори навбатда турганмишлар. Шу каби “камчиликлари” туфайли дадажоним бу вазифадан тездагина истеъфога чиққан эканлар. Ўша дўстлари “Сизга бозор тўғри келмас экан, мактабда ҳарбийдан дарс бериб юраверинг”, дейишган экан. Табиатан мўмин бўлган дадажоним бу таклифга амал қилиб, салкам чорак аср мактабда ишладилар.

Куз ойлари ўнлаб араваларда мактабга кўмир ташиларди. Уйимиз мактабга яқин бўлса-да, биттагина арава биз томон бурилмас эди. Мактаб таъминоти тугагач, ўша давр таомилига кўра, баҳордаги аризаларига биноан навбат етганда уйимига кўмир келарди. Қиш қаттиқ келган йиллари олинган кўмир етмай қолиб, эрта баҳорни совуқ уйда қаршилар эдик.

Биров билмайдиган фазилатларидан энг улуғи дадажоним ҳам, аяжоним ҳам кўп ота-оналар каби Худога муножот қилиб, фарзандларига умр, бахт, иймон… тилаганлар. Бу арзимас, оддий нарса бўлиб туюлиши мумкин. Лекин гап шундаки,  улар умрни, бахтни ўзларига эмас, фарзандларига тилашган…

Ўтмишдаги одат бўйича ифода этилса, насабим бундай кўринадир: Тоҳир ибн Абдумалик ибн Ҳобил ибн Мирсоли. Ҳужжатларда “Хабилов” шаклида ёзилганким, кўпчиликни таажжубга соладир. “Тоҳир” ўрнига “Тахир” ёзилганига кўпам эътибор беришмайди (тилимдан тахир сўзларнинг кўп учиши балки шундандир).  Ҳужжатлаштириш идораларида ўзбекчадан бехабар ё рус ё татар ходимлар хизмат қилганлари учун кўплаб насаблар русча талаффузга мосланиб ёзилгани ҳаммага маълум. “Ходжаев”, “Кариев”, “Кадиров”, “Таджиев”… каби ёзувлар ҳали ҳануз ўзгартирилгани йўқким, бу янада афсусли ҳолдир. Бир синглимизнинг насаблари “Борисовна” деб ёзилибди, билсак, аслида “Боисовна” экан. Фақат тилини эмас, ақлини ҳам қарға чўқиган ходима бу синглимизнинг отасини бира-тўла рус қилиб қўя қолибди. Шунга ўхшаш бизнинг насабимиз “Ҳобилов” ўрнига бир опамда “Кабилова”, яна бирида “Кабулова”, бизда эса “Хабилов” бўлиб қолган. Таассуфки, Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил воқеасини баъзилар билмайдилар. Қобил укаси Ҳобилни ўлдирган. Бизда нечундир ана шу “Қобил” исми кенг тарқалган. Яхши одамлар исмларини қўйиш одатига кўра, “Ҳобил” кўпроқ бўлиши керак эди. “Муса(о)” исмлари кўп, лекин ҳеч ким “Фиръавн” деб қўймайди-ку?

Ўзим Тошкентда туғилган бўлсам-да, ота шаҳрим Марғилон ҳисобланур, нединким, раҳматли дадажоним Марғилонда ҳунарманд оиласида таваллуд топганлар. Раҳматли опоқдадамиз Мирсоли шаҳар ҳунармандларининг оқсоқоли бўлган эканлар. Атлас каби матолари билан машҳур Марғилон қадим шаҳарлардан. Бу хусусда Мирзо Бобур “Вақое” аталмиш тарих китобларида “Яхши қасаба воқе бўлубтур, пур неъмат…” демишлар.

Ота томондан қариндошларимиз асосан Марғилонда истиқомат қилишади. Ҳобил опоқдадамизнинг биргина акалари бўлгани ул киши Шаҳартепада деҳқончилик қилганларини эшитганман, бошқа маълумот йўқ. Шаҳар аҳли томонидан “Отинча хола”, деб эъзозланган бувижонимиз Тожинисо отин мен туғилмасимдан олдин, дадажоним ҳарбийдалик пайтларида 1942 йилда вафот этган эканлар, Аллоҳ мағфират этсин.

Аяжонимиз – Санобархон бинти Исмоилхўжа Андижонда, айрим гапларга кўра, Ўшда таваллуд топганлар. Бу мавҳумликка сабаб, катта опоқдадамиз Муҳаммадалихўжа ҳожининг бу икки шаҳарда уйлари, Булоқбошида ерлари бўлган экан. Аяжоним бу уйларнинг қай бирида, қайси йили туғилганлар, ўзлари ҳам билмасликлари табиий ҳолдир.  Демак, Андижон ва Ўшни “она шаҳрим” десам янглишмайман.

Баъзи учрашувларда ёки издиҳомларда “асли қаерликсиз?” деб сўраганларида ҳазил тариқасида: “Ота томондан марғилонликман, она томондан андижонликман, хотин томондан тошкентликман”, деб жавоб бераман. Йигирма йилча муқаддам Андижон адабиёт музейидагилар: “сиз ҳақингизда алоҳида кўргазма қиламиз”, дейишди. Таклифлари учун миннатдорлик билдириб дедим-ки: “Музей кўргазмалари Андижонда туғилиб, Андижон учун хизмати сингган ўтмишдаги ва ҳозирдаги ижодкорлар ҳақида ҳикоя қилиш керак. Мен ёшим йигирмадан ошганда Андижонни кўрганман, йилда бир-икки бораман, “андижонлик ёзувчи” деган мартабага лойиқ эмасман”.

Бир куни тоғам – Мирзакалон Исмоилий тошкентликларнинг кўк духоба дўпписини кийиб ўтирган эканлар. “Тоға, тошкентлик бўлиб қолибсиз-ку, нега Андижон дўппи киймайсиз?”, деб ҳазиллашдим. Тоғам мийиғларида кулиб: “Тошкентда ўқидим, уйландим, болаларим туғилди, урушдан кейин ҳам, қамоқдан чиққанимда ҳам Тошкентга интилдим, Тошкентнинг сувини ичяпман, ҳавосида нафас оляпман, нонини еяпман, менам Тошкентликман-да”, деган эдилар.

Ҳар турли давраларда одамлар бир-бирлари билан танишиш пайтида “қаерликсиз?” деб сўрашади. Мен шу саволни ёқтирмайман. Чунки бу менга маҳаллийчиликнинг аввал боши бўлиб туюлади.

-Қаерликсиз?

-Қашқадарёликман.

-Ие, менам қашқадарёликман, қайси туманидансиз?

-Чироқчидан.

-Бахтимдан ўргилай, менам чироқчиликман, қайси қишлоқдансиз…

Бунақа савол-жавобларга кўп гувоҳ бўламиз. Бир-бирини билиб қўйиш зарарли эмас. Лекин шундан сўнг маҳаллийчилик бошланса, ёмон.

Ўтмишдаги ноиттифоқлик хасталигидан қалам аҳлининг қалби зир-зир титраган ва  дардларини, ҳасратларини йиғлаб-йиғлаб қоғозга туширган. Сиёҳ билан эмас, юрак қони билан ёзилган сатрлар озми? Мумтоз адабиётимизни варақласак, қулоғимиз остида улуғлар оҳу-фарёди жаранглайди.

Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,

Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур, тенглик қилинг…

Шоир Турди бу сатрларни уч юз йил илгари эмас, бугун ёзгандай туюлмаяптими?

Маҳаллийчилик миллатчиликдан ҳам баттар. Биз “миллатчилик” атамасини салбий маънода ишлатишга ўрганиб қолганмиз. Аслида бу атама ижобий маънони англатади. Яъни, миллатчи – бошқа миллатга нафрат кўзи билан қараб ўз миллатини кўкларга кўтариб мақтовчи эмас, балки миллати учун хизмат қиладиган, миллати учун жонини фидо қилишга тайёр шахс.  Ўзга миллатга душманлик назари билан қаровчи одам нодондир, бадбахтдир. Чунки одам боласи, миллатидан, тилидан қатъи назар – Аллоҳнинг бандаси. Ҳар миллатда яхши одам бор, ёмони бор. Битта-иккита ёмонига қараб ҳаммасини ёмонга чиқариш ақлсизликдир. Чунки бошқа миллат вакили биздаги ёмонларга қараб, барчамизга нотўғри баҳо берса, қандай бўлади?

Бу масалаларни ҳал этиш фақат сиётсатчиларнинг вазифаси эмас. Бадиий адабиёт зиммасида ҳам улуғ вазифалар бор. Рауф Парфи ёзганларки: “Адабиёт инсониятга миллий асосда туриб, умуминсоний қадриятларни улуғлаш, дунёдаги барча миллатлар тенг, барча миллатлар бир хил мавқега эга, барча халқлар учун имтиёз бир хил берилишини таъкидлаш учун керак”.

Шаклланган миллат руҳи нималарда кўринади? Биринчи галда аҳилликда, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатда. Бир-бирининг тақдирига лоқайд қарамасликда. Аслида дунёда яшаётган ҳар бир одам миллати, ирқидан қатъи назар, бир-бирига меҳрибон бўлиши шарт. Не афсуски, битта Ер юзида туғилиб, яшасалар-да, турли мамлакатларга бўлиниб олиб, ораларига чегаралар тортиб, таъбир жоиз бўлса, Аллоҳнинг мулкини ўзларича бўлиб-бўлиб олганлар. Бу ҳолатдан кўнглимиз оғригани билан, ожиз бандамиз, бирлаштириш қўлимиздан келмайди. Агар Аллоҳ ихтиёр этса, бир кунмас бир кун барча бандаларини меҳр-муҳаббат занжирлари билан бирлаштириб қўяр…

Унгача эса… Дунёга назар солсак, турли мамлакатлардаги миллат руҳи ўзига яраша – бир жойда шаклланган, бошқа жойда одамлар бир-бирини қириб ётибди. 2010 йилда дунё аҳли Чили мамлакатидаги шахтада қамалиб қолган шахтёрларни қутқариб олиш жараёнини қизиқиб кузатди. Икки ойдан ортиқроқ вақт мобайнида дунё ахборот воситалари диққати шу жараёнга қаратилди. Бир неча минг метр чуқурликка йўл очилиб, ишчиларни бирма бир ер юзасига чиқариш бошланганда Чили халқи уйда ўтиролмади. Кечасию кундузи Худога нола қилиб, бечораларни қутқаришни сўради. Мамлакат раҳбарияти ҳам қутқариш жараёни бошланган жойга етиб келиб, сўнгги ишчи қутқариб олинмагунча жойидан жилмади. Ҳар бир ишчини ўз жигаридай қаршилаб  қучоқлади. Мамлакатнинг  миллионлаб аҳолиси бу ишчиларни танимасди. Лекин миллатни бир-бирига боғлаб турувчи қалб меҳри ватандошлари тақдирига лоқайд қарашга йўл қўймади. Бу жонларнинг қутқарилиши миллат байрамига айланди. Камина бу жараёнларни телеэкранда кўриб, оддий байрам қувончига эмас, балки шаклланган миллат руҳи тантанасига гувоҳ бўлдим.

2012 йилда Мисрда Ҳусни Муборак раҳбарлигига қарши ғалаёнлар бошланди. Одамлар жонларини хатарга қўйиб, сиёсий талаблар билан майдонга чиқдилар. Бунақа ходисалар дунёда тез-тез учраб туради. Сиёсий жараёндан фойдаланиб, дўконларга хужум қилаётган, талончилик қилаётган муттаҳамларни ҳам телеэкранларда кўрганмиз. Мисрда ҳам шундай бўлди. Ҳатто миллат руҳини акс эттирувчи, муқаддас ҳисобланган масканларга даф қилувчилар ҳам топилди. Қохирадаги Тарих музейи дунёдаги энг бой масканлардан ҳисобланади. ўалаёнчилар музей ёнида жойлашган партия қароргоҳига ўт қўйишганда, одамлар музей ҳимоясига ташланишди. То аскарлар етиб келмагунча тирик девор ҳосил қилиб, музейнинг таланишига йўл қўймадилар. Шунда ўрта ёшлардаги бир араб мухбирнинг саволига кўзда ёш билан жавоб қайтарди: “Биз мисрликмиз! Бу жойда миллатимизнинг руҳи жойлашган. Бу ерни таламоқчи бўлганлар олдин бизнинг жонимизни суғуриб олишсин!” Шу манзарани кўра туриб хаёлимга “Миллат руҳи учун жон куйдирувчилар бор экан, бундай миллат ўлмайди”, деган фикр келган эди. Ҳусни Муборак тахтдан тушиб, ўрнига “Мусулмон биродарлар” фирқасининг вакили ўтиргач, миллат парчаланди. Бир-бирларини қириш пайига тушдилар. Мисрликларга бўлган аввалги фикрим ўзгарди. Улар ҳали миллат сифатида шаклланмаган эканлар. Уларнинг келажаги не бўлар экан, Худо билади!

Шаҳар сайрига чиққан подшоҳ рўбарўсида гадо пайдо бўлиб тиланди. Подшоҳ унга битта олтин танга бериб, ўзининг сахийлигидан ўзи мамнун ҳолда жилмайди. Гадо эса, норози оҳангда:

— Эй подшоҳим, ҳисобсиз хазинанг бўлгани ҳолда ўз укангга биттагина танга беришдан уялмадингми? — деди.

Бу гапдан подшоҳ ажабланди:

— Ие, қачондан бери сен менинг укам бўлиб қолдинг?

— Нечун ҳайрону лолсан подшоҳим, ахир сенинг насабинг Одам Ато билан Момо Ҳавводан бошланмайдими? — деди гадо.

— Ори-ори, сўзларинг рост, — деди подшоҳ.

— Менинг насабим ҳам шундай: икковимизнинг ота-онамиз Одам Ато билан Момо Ҳавво бўлгач, оға-ини ҳисобланмаймизми?

Баён қилганим тиланчининг гапи латифанамо ривоятга ўхшагани билан исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир. Буни илм тилида «аксиома» дейдилар.

Ҳазрат Билол розиёллоҳу анҳудан «Сенинг отанг ким?» деб сўрашганида у зот «Менинг отамга малоикалар сажда қилишган», деб жавоб қайтарган эканлар.

Алқисса, дунёда яшаб турган одам болалари ватанлари, миллатлари, ирқларидан қатъи назар, оға-инидурлар. Бу ҳақиқатни барча идрок қилар, деб ўйлайман. Мени ажаблантирган нарса: асли насаблари бир эканини билганлари ҳолда одамлар ўзаро ёвлашадилар. Катта-кичик урушларни бошлашдан чарчамайдилар. Ажабланарлиси шуки, жанг майдонининг у томонидагиси ҳам, бу томонидагиси ҳам Худога бир хилда муножот этади: ўзига омонлик, рўпарасидагиларга эса ўлим тилайди. У душман деб ҳисоблаб, ўлим тилаётган одамининг ким эканлигини билмайди. Унинг ҳам оиласи, фарзанди тақдирини ўйлаб, руҳан азоб чекаётгани ҳам номаълум. Уруш қайси бир томон учун ғалаба билан якун топади, аммо жонини гаровга тиккан, муҳораба азобларини тотган жангчи учун ҳеч қандай манфаат йўқ. У қиёмат жанглардан омон чиққанига шукур қилади, холос.

Аллоҳ «урушманглар, бир-бирларингга зулм қилманглар», деб буюргани билан урушаверадилар, уруша туриб Яратгандан паноҳ сўрайдилар, қирадилар, қириладилар.

Маккаи мукаррамада, Байтуллоҳда кузатиб эдим: ҳажарул-асвад қаршисида икки ҳожи ёнма-ён ибодат қилишарди. Уларнинг бирлари эронлик, иккинчиси Ироқдан эди. Бир дин, ҳатто бир мазҳабдаги бу икки одам неча йил аввал ўз мамлакатлари манфаатлари учун қўлга қурол олган эдилар. Жанг майдонининг икки томонидан туриб олиб бир-бирларини ўлдирмоқ қасдида ўқ узган эдилар. Улуғ марҳаматли Аллоҳ уларнинг жонини сақлаб қолиб, бу муқаддас уйда уларни учраштирди. Ибодатдан сўнг улар бир-бирларига салом бериб, туғишган биродарлар каби қучоқлашиб кўришдилар.

Одам болалари ҳамиша шундай яшасалар бўлмасми экан?

Донишмандлардан бири «биз бу дунёга бир парча кафанлик ишлаб топиш учун келганмиз», деган экан. Топганимиз, оқибат бизга насиб этувчи шу нарса экан, талашмоқдан, зулм қилмоқдан, зулм кўрмоқдан қандай наф бор?

Демоқчиманки, тарихга ёки Қиёмат кунидаги вақт ўлчовига нисбат қилиб олганда бир неча сонияга тенг келадиган умримизда меҳр-муҳаббат билан яшамоқлиқ саодатига етишмоқлик барчамизга насиб этсин. Қиёматда, ҳисоб-китоб кунида бир-биримизга кўрсатган шу меҳр-оқибат ўзимизга шафоат бўлар, инша Аллоҳ!

Маҳаллийчилик миллатни ичдан кемирадиган иллат. “А” мамлакати “Б” мамлакатига уруш очмоқ учун тадорик бошлади. Шунда маҳфийлари хабар бердиларки, бу мамлакатда маҳаллийчилик кучли экан. “А” мамлакатининг ҳукмдори уруш тадоригини тўхтатиб дедики: “Улар билан жанг қилиб қон тўкмоқға ҳожат йўқ, улар бир-бирларини еб адо қилурлар”.

Ўттиз йил муқаддам Фарғона вилоятидаги бир қишлоқда кўнгилни хира қиладиган суҳбатга гувоҳ бўлиб эдим. Ўшанда беш-олти зиёли иштирокида мактаб директорлиги вазифасига номзодлар норасмий равишда муҳокама қилинган эди. Бу мансабга юқори идора лойиқ топаётган номзодни зиёлилар давраси кескин рад эди. “У яхши мутахассис, лекин бизнинг қишлоқдан эмас. Мактаб бизнинг қишлоқ ерида жойлашганидан кейин директор ҳам бизнинг қишлоқдан бўлиши керак!” Ана холос! Қишлоқ зиёлисининг онги шу қадар торми?! Бу даъвони маъқуллаётганларнинг иккитаси Тошкентда керилиб юрадиган зиёлилардан, бунисига нима деймиз? Номзоди рад этилаётган муаллим бошқа вилоятдан, ўзга тумандан эмас, суҳбат бўлаётган чойхонадан беш юз қадам нарида яшайди. Мактабда икки қишлоқ фарзандлари ўқийди. Икки қишлоқнинг чегараси – бир қулоч кенгликда оқувчи ариқ. Ана сизга маҳаллийчиликнинг энг тубан кўриниши!

1993 йил эди шекилли, маҳалламизда жойлашган масжид қавми орасида бундан-да ачинарли муҳокама бўлиб эди. Диний идора имомликка бир домлани юборди. Бундан маҳалла аҳли норизо бўлиб, бомдоддан сўнг ўзларича муҳокама издиҳомини ўтқаздилар.  “Маҳалла масжидига ўзимизнинг маҳаллалик одам имом бўлиши керак!” — асосий масала шу. Агар шу маҳаллалик одам ислом илмини пухта биладиганлардан бўлса, талаб инкор этилмаслиги керак. Лекин имомликка даъвогар, бу ғалвани бошлаётган одамнинг билими ниҳоятда саёз, тажвиди ҳам норасо. Лекин талаб қилувчиларни бу қизиқтирмайди, чаламулла бўлса-да, шу маҳалла одами имомлик қилсин. Бу талабда маҳаллийчиликдан ташқари жоҳиллик ҳам зоҳир эди. Менинг фикрим билан қизиқишган эди, дедим-ки, агар намоз аввалида имомликка икки киши даъвогар бўлса, ислом одатига кўра, уларнинг билимлироғи ўтади. Имомнинг қаерлик экани эмас, билими даражаси муҳим.  “Ўзимиздан бўлсин!” деган талабингизни нима учун масжид қурилиши пайтида айтмадингиз? Маҳалламизда усталар кўп эди-ку, нега хоразмликлар ғишт теришди? Сантехникларимиз ҳам кўп, нега ароқхўр рус ишчиларини ишлатдингиз? Муҳтарам ҳожи оталар, ҳажга борганингизда нега бошқа мазҳабдаги араб имомига иқтидо қилиб намоз ўқидингиз, шу маҳаллалик имомингизни бирга олиб кетсангиз бўлмасмиди?”

Бизнинг бу гапимиз таъсир этмади, ўшанда маҳаллийчилик ва жоҳиллик устун келди, афсусимиз шундан. Лекин вақт – олий ҳакам, чаламулланинг имомлик фаолияти узоққа чўзилмади.

“Шу йигитни ишга олайлик, ўзимизнинг Бухородан”, “Бўш ўринга ўзимизнинг чустлик қизнинг номзодини кўрсатиш керак”, “Ўғлим бойсунлик қизни яхши кўриб қолибди, унга уйлантирмайман, ўзимизнинг Деновда шунча гўзаллар турганда Бойсунга бош эгиб бораманми?”…

Бу каби нодонликлар қачонгача давом этаркин, ҳайронман!

Бугун келажакда буюк давлат бўлиш умиди билан яшаётган эканмиз, тилимиздаги “қаерликсиз?” деган саволдан воз кечайлик. “Биз бир миллатмиз!” деган руҳ вужудимизга сингмас экан, орзу орзулигида қолиб кетаверади.

***

Нима учун ёзувчи бўлганим сабаби билан қизиқишади, билганлар “Тоғаси ёзувчи бўлгани учун шу йўлни танлаган”, дейишади. Бу гап ҳам ўринли. Тоғамнинг яна йигирмата жиянлари бор, лекин уларнинг барчаси адабиётдан ғоятда узоқ. Афсус билан айтаманки, ҳатто китоб ўқимайдиганлари ҳам бор. Тақдир Аллоҳ томонидан белгиланади. Касбга доир қобилият берилади. Дейдиларки, “Агар Аллоҳ бермаган бўлса, эшак бозорига даллол ҳам бўлолмайсан”. Аллоҳ бировнинг тақдирига заргарликни, бошқасига кимёгарликни битади. Шунга яраша иқтидор беради. Ёзувчилик ҳам шундай. Русларнинг адиби “Ёзувчиликнинг бир фоизи истеъдод, тўқсон тўққиз фоизи меҳнат”, деган экан. Ёзувчи учун истеъдод ҳам керак, тинимсиз меҳнат ҳам лозим. Лекин “1%+99%” тарзида эмас. Балки мутаносиблик “100%+100%” бўлиши керак.  Лекин ҳаётда бу мутаносибликнинг бузилиш ҳоллари кўп кузатилади. Истеъдоднинг қай даражада берилиши ҳам Аллоҳнинг ихтиёридадир. Лекин ози-кўпми бўлган бу истеъдоднинг қандай ишлатилиши банданинг ақлига боғлиқ. Кузатамизки, қайсидир касб эгасига Аллоҳ улуғ истеъдод берган, лекин у ўзининг танбаллиги ёки мансабпарастлиги ёки маишатпарастлиги ёки дунёпарастлиги туфайли бу истеъдодни исроф қилади. Билиш жоизки, нон исрофи қанчалик гуноҳ бўлса, Аллоҳ берган истеъдодни исроф қилиш ҳам шунчалик гуноҳдир.

Баёним аввалида ўз уйимиз бўлмагани, беш фарзанд ижара уйларда туғилганини айтиб эдим. Акаларим ва опаларимдан фарқли ўлароқ, мен ижара уйда эмас, тоғамнинг хонадонларида туғилган эканман. Тоғам – Мирзакалон Исмоилий Иккинчи жаҳон урушида Сталинграддан Берлинга қадар бориб, сўнг маълум муддат у ерда хизматда қолганлар, аниқроғи, Берлинда ўзбек тилида газета чиқарганлар. У ерда хизматда қолишлари муносабати билан оилаларини ҳам Берлинга кўчириб кетганлар. Ёлғиз қолган Исмоилхўжа опоқ дадамга, хусусан, тоғамнинг ҳовли-жойларига қараб туриш мақсадида оиламиз Дархондаги уйга кўчиб келишган. Мен ёзувчининг уйида туғилганим учун Аллоҳ тақдиримга шу йўлни битгандир?  Ҳар ҳолда мен шундай фикр қиламан. Аммо билгувчи Аллоҳдир!

 

 

 

Берлиндан қайтишгач, биз Кўкчадаги бир уйни ижарага олиб кўчиб келдик. Етти жон бир хонада яшай бошлаганимиз ёдимда. Бозорқўмликни эплолмаган дадажоним 40-мактабда ҳарбийдан дарс берардилар. Директорнинг марҳамати билан мактабнинг битта синфи бизга уй қилиб берилди. Ёнма-ён жойлашган синфларнинг бирида биз, иккинчисида қоровул билан фаррошнинг кичик оиласи яшарди. Турсунхўжа ака билан Махсума опа паркентлик эдилар. Аллоҳ уларга фарзанд берарди-ку, лекин болалигидаёқ омонатини оларди. Кўнгиллари яримта эди бечораларнинг. Бизни, айниқса, кичкинтой бўлганим учун мени яхши кўришарди. Ўз боласидай эркалашарди. Турсунхўжа ака шоп мўйловли бақувват киши эдилар. 1949 йилда ҳукумат кўп қатори бизга ҳам уй қуриш учун жой ажратганда Турсунхўжа ака пахса уриб берган эдилар. Биз, катта акам бошчиликларида лой тепиб берган эдик. Пойдеворсиз бу уйда ҳозиргача яшаймиз. Турсунхўжа акани, Махсума опаларни кўп эслаб, ҳақларига дуо қиламан. Биз уйни чала-ярим битириб кўчиб кетганимиздан кейин Турсунхўжа аканинг кўзлари кўрмай қолди. Шунинг учун ўзларига уй қура олмадилар. Улар бир қизни асраб олиб Холида деб исм қўйдилар. Ҳукумат уларга ҳам жой берган эди. Ўзлари қуролмаганликлари учун оқтепалик бир одамнинг кичикроқ уйига алмаштирдилар. Махсума опамиз шу уйда байрам куни тўсатдан жон таслим қилдилар. Шундан сўнг қариндошлар Турсунхўжа акани Паркентга олиб кетдилар. Узоқ йиллар дарак бўлмади. 1970 йилда ҳарбийда паркентлик йигитлар билан бирга хизмат қилиб, улардан суриштирдим, танишар экан. Ҳарбийдан қайтганимдан кейин зиёратларига бордим.

Жониворларни, айниқса ит боқишни ёқтирардим. Ҳозиргача бу қизиқиш сўнмаган. Ит боққим келади, лекин барча оилаларда бўлганидек, бизникида ҳам аёллар бу хоҳишимга йўл бермайдилар (Эҳтимол “Ит – вафо, хотин – жафо” мақоли бекорга тўқилмагандир).

Мактабда яшаётганимизда дайди бир кучукчани олиб келиб боқдим, “Жек” деб ном бердим. Бу кучукча наслдор экан, тез ойларда катта бўлиб кетди. “Немис овчаркаси”, дейишди. Жуда ақлли ит эди. Мактаб директори “ўқувчи болаларни тишлаб олмасин, йўқотинг”, дегач, дадажоним  уни Турсунхўжа аканинг қариндошларига бериб юбордилар. Икки кун йиғладим. Учинчи кун эрта тонгда итнинг ғингшиган овозидан уйғониб кетдим. Чиқиб қарасам, Жек мўлтиллаб қараб турибди. Қувончдан думларини ликиллатиб, бетларимни ялаб ташлади. Бўйнига боғланган қалин арқонни ғажиб-ғажиб узиб, Паркентдан Тошкентга қайтиб келибди. Олти ёшли бола учун бу улуғ мўъжиза эди. Жекни ўз уйчасига олиб бориб, ингичка арқонга боғлаб қўйдим. Менга итоат билан бўйсунди. Дадажонимни кўрганда вовуллади. Директорни кўрганда ириллади, лекин ташланмади. Икки кун жойидан жилмади. Овқат емади, сув ҳам ичмади. “Касал бўлиб қолган”, дейишди. Менинг назаримда касалга ўхшамасди. Учинчи кун эрталаб чиқиб қарасам, Жек йўқ. Ўзи кетиб қолганми, ё директор йўқотиш чорасини қилганми, билмайман. Йиғлаганимда “Паркентга бериб юборганимиз учун хафа бўлиб кетиб қолди, кутгин, балки яна қайтиб келар”, дейишди. Кўп кутдим. Ҳатто ҳозир ҳам баъзан тушимда кўраман. Ислом дини талабига кўра, уйда ит боқиш маъқулланмайди. Мушукка ижозат бор. Русларда мушукни ўпиш мумкин эмас, лекин итнинг тумшуғидан ўпишга ижозат бор, шунга ҳайронман. Итнинг яхши томонлари кўп, ҳатто айрим сўфийлар “Итга берган фазилатларингдан бизга ҳам бер”, деб дуо қилишаркан. Яъни, итдаги вафо, сабр, итоат… айрим одамларда йўқ. Саёқ итлар ахлат титишдан ҳам қайтишмайди, шу сабабли уларнинг тумшуғи кийимга тегса, ёки ҳидласа таҳорат бузилади, дейишади. Мен у пайтда буларни билмасдим, эҳтимол, болаликларида эски мактабда ўқиган дадажоним билгандирлар?

Ҳозир Амир Темур ҳайкали ўрнатилган жой, рус подшоҳси даврида боғ бўлган экан, унинг эшиги тепасига “итлар ва маҳаллий аҳолининг кириши мумкин эмас”, деган эълон осиб қўйилган экан. Зулмкорлар халқимизни ана шундай хорлаганлар. Бугун айрим оилаларда, айниқса кўп қаватли уйларда яшовчилар орасида ит боқиш расм бўлган. Улар итларини истаган жойларида, ҳатто истироҳат боғларида ҳам сайр эттирадилар.

Англияда қабристонларга итлар билан кириш таъқиқланган экан. Бир корчалон ўлганидан кейин қимматбаҳо ити йўқолиб қолибди. Қидира-қидира, қабристонга боришса, ит хўжайинининг қабри тепасида ётиб ўлиб қолган экан.  Итнинг бу вафодорлиги инглизларга таъсир қилиб, қабристонга итлар билан киришга рухсат этувчи қонун қабул қилишибди.

Бу хабарни газетада ўқиб, “Инглизлар адибимиз Шукур Холмирзаевнинг овчи ити ҳақидаги ҳикоясини ўқиганларида бу қонунларини олтмишинчи йиллардаёқ қабул қилишармиди”, деган ҳазилнамо хаёлга бордим. Шукур аканинг бу ҳикояларини ёш йигит чоғимда ўқиб ғоят таъсирлаган эдим. Мазмуни ҳалигача ёдимда…

Ўзини олий ирқ сановчи инглизларга тушуна олмайман. Итларга жон куйдирадилар, яқинда бойларнинг ов чоғи итлардан фойдаланишларини ман этувчи қонун қабул қилдилар. Мушукларга ачинадилар…

Яқинда Англия жамоатчилиги ғазабланди: бир аёл қўшнисининг мушугини ахлат қутисига ташлаб юборибди! “Қандай бераҳмлик!” – деб айюҳаннос солдилар. Ҳолбуки, инглис аскарлари Ироқда, Афғонистонда мингларча бегуноҳларнинг қонларини тўкиб юришибди. Ҳимоясиз хотинлар ўлдириляпти, норасидалар ўлдириляпти, қариялар ўлдириляпти… Бу фақат йигирма биринчи асрнинг манзараси эмас, юз йиллар мобайнида шундай бўлиб келган. Ўтган асрнинг биринчи ярмида “исёнчи” деб қирган эдилар. Энди улар анча “маданий” бўлиб қолишган. Энди “террорчи” деган тамға билан аёвсиз ўлдиряптилар. Бераҳмлар мамлакатида бир мушукни ахлат қутисига ташлаб юборган хотиннинг бераҳмликда айбланиши ғоят ажабланарли!

Ҳовлига кўчиб келганимизда ҳам  дайди итни олиб келиб боқдим. Товуқлардан бирини еб қўйган экан, аяжоним ғазабланиб шу қадар урдилар-ки, бечора акиллай-акиллай жонҳолатда арқонни узиб қочиб кетди-ю, қайтмади. Унга ҳам ачинаман… Ажабки, ўзим итдан жуда қўрқаман, лекин уйда боққим келаверади. Ити бор қўшниларникига чиқишдан қўрқардим, айниқса кечки пайт маҳалла итларига “озодлик” берилиб “итлар базми” бошлангач, кўчага чиқмас эдим. Бир қўшнимизнинг ити тўпиғимни тишлаб олгач, бу қўрқув янада ошган. Етмишинчи йилларнинг охирроғида Аҳмаджон исмли синфдош дўстим мени ит уруштириш маросимига олиб борди. Қиш пайти эди. Бир-бирини ғажиган итларнинг яраси қуртлаб кетмасин, тезроқ битсин, деб совуқда уриштиришарди. Итбозлар жониворларни йил бўйи боқиб, бундай жангларга тайёрлашарди. Ит уруштириш шунчаки томоша эмас, пул тикиларди, яъни қиморнинг бир тури эди. Шаҳар четидаги майдон сайл кўринишини олганди. Ошпазлар, сомсапазлар, кабобпазларнинг бозори чаққон. Шаҳар дўконларида топилмайдиган ароқ-виноларни икки-уч баравар қиммат нархда сотиб олиб, тик турганча ичадилар. Ит уруштириш бошланмай туриб, баъзилар шу зайлда итдан баттар кўринишга кирадилар. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ит уруштиришни ҳам “миллий қадрият” хазинасига киритган нодонлар топилди. Хўроз, бедана, қўчқор уруштиришлар ҳам очиқчасига авжга чиқди. Ит уруштиришга ижозат йўқ, лекин турли тадбирларда хўроз, қўчқор уруштиришлар телевидение орқали ҳам кўрсатилади. Бу қадрият эмас, бу жоҳиллик, янада аниқ айтсак, ваҳшийликдир. Мен бир-бирининг жағини ғажиб ташлаётган, қулоғини узиб олаётган, кекирдагини чайнаган… қонга беланган итларни кўриб, кўнглим беҳузур бўлди. Бу томоша ташкилотчиларидан нафратландим. Кейинчалик бу манзарани “Шайтанат”га кўчирганман, эҳтимол танишгандирсиз?

***

Мактабда яшаганимиз менга ижобий таъсир этди. Кичкина бўлганим учун муаллимлар ҳам эркалашарди, истаган синфга кириб ўтираверардим. Кейин билсам, муаллимлар “ана катта комиссия келди”, деб кулишаркан. Мен кўпинча Дамира опамнинг синфларига кириб ёнларида ўтирардим. Замира опам ҳуда-беҳудага уравергани учун, ундан узоқроқ юришга уринардим. Дамира опам дарс тайёрлаётганларида ҳам бирга эдим. Ёдлашлари керак бўлган шеърларни мен дарров “илиб олиб” ёдлардим. Сўнг столнинг устига чиқиб айтиб берардим. Шеърларнинг кўпи “озод Совет ватани” ва “доҳий Сталин” ҳақида бўларди. Шу тарзда ёшим олтига етмай, ўқиб-ёзишни ўрганиб олдим. Натижада етти ёшга тўлмай, биринчи синфга бордим. Биринчи муаллимамиз Пўлатой опа эдилар. Гарчи минг тўққиз юз эллик учинчи йилнинг биринчи сентябр куни биринчи синфга борганимда ўқиш-ёзишни билган бўлсам-да, биринчи ҳарфни ўргатган устозим деб мен шу истарали, мулойим аёлни  биламан ва унинг ҳақига дуолар қиламан.

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мумкинмикин?

Дунёда исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатлар кўп, Устоз ҳазрати олийларининг улуғлиги ана шундай ҳақиқатлардан бири. Ҳозир ўқувчилар, талабалар ўқитувчиларни “устоз” деб шарафлашади. Биз ўқиган пайтда ундай эмасди. Шу боис илм даргоҳларида бу одоб мени кўп хушнуд этади.

Мен оиламизни “муаллимлар оиласи” деб ҳамиша фахрланиб юраман. Раҳматли  дадажоним ва аяжоним  ўқитувчи бўлганлар. Опаларим ҳам ўқитувчилик қилишди, акаларим институтда, аҳли аёлим ва қудаларим мактабларда устозлик қилдилар. Бугунги кунда қизларим ўқитувчи ва ниҳоят камина ҳам ўқитувчи… Набираларим ҳам шу касбни танлашса ажаб эмас. Демоқчиманки, ўқитувчилик заҳмати ва шарафи бизга бегона эмас.

Баъзан  нотаниш йигит-қизлар тўйга таклиф қилиб келишади. “Булар кимлар?” деб сўрайман аҳли аёлимдан. “Ўқувчиларим”, дейди у фахр билан. Мактабни битирганларига беш-олти йил бўлса-да, устозларини эслаб, тўйга таклиф қилиб келишларида мен икки ҳил саодат кўраман: биринчиси, устознинг шодлиги – демак, унинг меҳнати самарасиз кетмабди, иккинчиси – шогирднинг одоби, гўзал фазилати – демак, устознинг ҳақини унутмабди. Мана шу фазилат уни ҳаётда камолотга етказувчи бир қанотдир.

Киши ҳаёти давомида кўп одамлар билан учрашади, танишади, вақт ўтиши билан эса айримларининг ўзини ҳам, исмини ҳам унутади. Лекин боғчадаги мураббиянинг, илм даргоҳидаги устознинг исмини   ҳеч ким унутмаса керак. Афсус шундаки, исмини унутмаслик баробарида “у мени дарсда қийнарди, ҳеч яхши баҳо қўймас эди”, деб  таъна билан эслайдиган ношукурлар ҳам учрайди. Арзимаган кичик бир хизмат билан кўнглини олишни ўйламайди. Устознинг талабчанлиги ўқувчилик кезлари ҳаммага “қийнаш” бўлиб туюлади. Ҳолбуки, ўша “қийнаш” оқибатда ширин мева беради. Камина мактабда ўқиб юрган кезларим ҳикояларим матбуотда босилиб турарди. Аммо адабиёт фанидан устозим раҳматли Саъдулла ака Исматов кўпинча “уч” баҳо қўярдилар. Дадажонимнинг шу мактабда директор ўринбосари, яна устоз билан улфат эканликларига қарамай “аъло” баҳо олмаслигим менга ҳам ортиқча қийнаш бўлиб кўринарди. Бу хулосанинг хато эканини дорулфунунга имтиҳон топшириб “аъло” баҳо олганимда англаган эдим.

Мени ёки аҳли аёлимни шогирдлар иззат қилиб йўқлаб келишса ёки тўйга таклиф этишса “мен устозларимни иззат қила олдимми?” деб ўзимни ўзим сўроққа тутаман. Ҳа, ҳазрат Навоий айтмоқчи, кичик бир қийинчилик ила ҳарф ўргатган устознинг ҳақини дунё бойлиги билан адо этиб бўлмайди. Зотан, устоз биздан дунёнинг жавҳару олтинларини талаб этмайди. Уларни бир салом билан йўқлаб қўйсак ҳам бошлари осмонга етади. Қайсидир йили устозларимдан бирининг туғилган кунларида радио орқали синфдошлар номидан табриклаб, мусиқали салом йўллаганимда уйларига тўпланган меҳмонларига “мен дунёдаги энг бахтли одамман” деган эканлар. Ҳолбуки, радиода ишлаганим сабабли шу хизмат учун икки-уч дақиқа вақт сарф қилган эдим. Қаранг: устоз шогирд учун соатлар эмас, ойлар ҳатто йилларни сарф этадилар, аммо миннат қилмайдилар. Шу меҳнатлари туфайли шогирднинг икки ёки уч дақиқали хизмати учун эса ўзларини дунёдаги энг бахтли одам ҳисоблайдилар.

Бир куни дадажоним раҳматли “Вақтинг бўлса Ҳайитбой акани кўриб келайлик, тоби йўқ экан”, дедилар. Ҳайитбой ака – мактабимиз директори эдилар. Бу вақтда дадам ҳам, Ҳайитбой ака ҳам ишламас эдилар. Лекин хизмат чоғидаги қадрдонликлари узилмаганди. Бордик. “Тоҳирни олиб келиб яхши қилибсиз, соғинган эдим”, дедилар. Орадан бир ҳафта ўтиб, жанозаларига бордик… Устознинг менга меҳр билан тикилиб қараганлари ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди. Энди бу қараш менга “даданг бошлаб келмаганларида ўзингча келармидинг?” деб савол бераётгандай туюлади. Бошқа устозларникига ҳам дадажонимнинг даъватлари билан борган эдим. Дадажоним ўзлари ҳам боришлари мумкин эди, мени бошлаб бориш билан зиммамдаги вазифани эслатмоқчи бўлган эканлар.

Устозларини йўқлаётган, тўйларига таклиф этаётган шогирдларга ҳавасим келади ва айни дамда армон билан ўкинаман. Чунки  менинг йўқлайдиган, тўйга таклиф этадиган устозларим бу фоний дунёни тарк этганлар. Уларнинг руҳларига дуо йўллашдан ўзга хизматим йўқ. Ҳаётда топган савобларимдан ул зотларнинг аъмол номаларига ёзиб қўйишни Аллоҳдан тилайман ҳамиша.

Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом устозлар хусусида: “Ким бировга бир нарса ўргатса, ундан ўрганиб, амал қилган одам савобича савоб олади”, деб марҳамат қилганлар. Яна таъкид этганларким: “Инсонларга яхшиликни ўргатиб, ўзини унутган киши инсонларга ёруғлик таратиб, ўзини эритган мум кабидир”.

Киши икки турлуг киши отанур

Бири ўгратигли, бири ўгранур.

Икидин нару борча йилқи сони,

Тиласа муни тут, тиласа они.

“Қутадғу билиг”да таъкид этиляпти: инсонлар бири ўргатувчи яна бири ўрганувчи деб икки турли бўлур. Бу иккисидин қолганини йилқи санаб, истасанг бу йўлни, истасанг у йўлни тут. Бу фикрнинг баъзи биродарларимизга қўпол туюлиши эҳтимоли бор. Лекин холис ўйлаб кўрайлик, киши бир нарсани бошқаларга  ўргатмаса, ўзи ўзгалардан ўрганмаса, унинг ҳайвондан нима фарқи қолади? Инсоннинг бошқа жонзотлардан фарқларидан бири  шунда эмасми?

Бола туғилиб, беш-олти кунлик бўлганида оналари уни бешикка соладилар. Кеча ва кундуз тинмасдан ҳаракат қилиб, кўкрак сутлари ила тарбия қиладилар. Қачонки болалар олти-етти ёшга етсалар, мактабга берадилар. Мактабда муаллимлар юрак меҳрлари билан тарбия қиладилар. Шу боис мактабни “илм бешиги”, деб ҳам атайдилар. Бу бешикда илм ва одоб ўрганиб, ақл ва фикрларини ўстирадилар. Бола учун тан саломатилиги қанча зарур бўлса,  ақли ва фикрининг саломатлиги ҳам муҳимдир. Чунки ақл ва фикрсиз танадан на ўзи учун, на бошқалар учун фойда бор. Шунга кўра, биринчи бешикка қараганда иккинчиси афзал кўринади. Биринчи бешикда сут ва таом бериб боққан она ва ота қанчалик азиз бўлса, иккинчисида илм ва одоб ўргатиб тарбия берган муаллим ундан ортиқ азиздир.

Тарихга шон-шараф берган буюк давлат арбоблари улуғ устозлар парваришида етишган эдилар. Бу устозлар ўз тарбиясидагилар қалбига масъулият ва марҳамат туйғулари жойлаштирганлар. Инсоният тарихида ўтган шоҳу султонларнинг сон-саноғи йўқ. Лекин уларнинг оз қисмигина кишилик хотирасида қолган. Тарих зарварақларида номлари нақш этилган шахслар ҳаётига разм солсак, уларнинг доно устозлардан сабоқ олганларига гувоҳ бўламиз. Доно устоздан сабоқ олмоқ бир масала, бу сабоққа амал қилмоқ янада муҳимроқ масала. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур… ҳазратларининг устозларга кўргазган меҳр-илтифотлари бизга маълум. Мирзо Улуғбек ёшлик чоқларида, гарчи шаҳзодаларга ҳос одат бўлмаса-да, устозлари Қозизодаи Румий ҳазратларининг тўнлари этагини ўпган эканлар.  Мирзо Бобур Самарқандга лашкар тортиб келганларида Хўжа Аҳрор валий ҳазратларининг беҳуда қон тўкмаслик хусусидаги ўгитларига амал қилиб, жанг қилмай изларига қайтганлар. Туркиядаги Усмонли давлатининг асосчиси Усмон ўозийга оталари Эртурғул ўозий шундай васият қилган эканлар:

“Эй ўғил!

*Шайх Адабалини асло хафа қилма.

*У бизнинг қавмимимзнинг машъалидир. Тарозуси бир дирҳамга ҳам адашмайди.

*Менга қарши келсанг ҳам унга қарши келма!

*Менга қарши чиқсанг – хафа бўламан. Унга қарши келсанг – кўзларим сенга боқмайдиган, боқса ҳам сени кўрмайдиган бўлади.

*Бу сўзларим шайх Адабали учун эмас, сен учундир.

*Бу гапларимни васиятим ўрнида кўр”.

Бу гапларни ўқиб ўйланиб қолдим: оталаридан сўнг тахтга ўтириб, саройдаги илм аҳлининг, хусусан устозларнинг қадрига етмай, хорлаганлар ва оқибатда ўзлари хорланганларга шундай васият қилинмаганмикин? Қилингандир. Устозларининг қадрига етган подшоҳ уларнинг келажагини ўйлаши табиий ҳолдир. Кўзлари хазинадаги олтин жилосидан кўр бўлган тахт ворислари бу васиятни назар-писанд қилмаганлар. Натижада, тириклик чоқлари элнинг қарғишига қолдилар, ўлгач, номлари қора билан ёзилди…

Истанбулда бўлганимда султон Аюб масжидининг яқинидаги “Бухоро” деб номланган қаҳвахонага кирдим. Девордаги тилла ҳал юритилган ёзув эътиборимни тортди, ўқидим: Эртурғул ўозийнинг васияти экан. Қаҳвахона деворига устозни эҳтиром қилишга доир васиятнинг ёзиб қўйилиши менга ажабланарли туюлди. Кейин бу ишда улуғ бир доноликни кўрдим. Ва биз томонларда бундай қилинмаслигидан афсусландим.

Искандар Румийнинг (Александр Македонский) Арасту (Аристотель) исмли устози бор эди. У билан бемаслаҳат иш қилмасди. Устози саройга кириб келса, ўрнидан туриб, иззат билан кутиб оларди. Ҳатто уни ўз отасидан ҳам ортиқроқ кўрарди. Бир куни Искандар Румийдан: “Нечун Арастуни отангиздан ортиқ иззат қиласиз?” деб сўрадилар. Ул дедики: “Отам гўёки мени осмондан ерга туширди. Аммо устозим Арасту мени ердан осмонга кўтарди. Яъни, отам менинг дунёга келмоғимга сабабчидир. Устозим эса илм ва одоб ўргатиб, мартаба ва иззатимнинг ортмоғига сабаб бўлди”.

Ислом қўшинлари Истанбулни фатҳ этгач, Фотиҳ Султон Меҳметхон оппоқ отга миниб қўшин бошида Тўпқопи дарвозасидан ҳашамат билан кириб борарди. Бизанс (Византия) халқи ғолибларни олқишлар билан қаршиларди. Қизлар қўлларида гулдаста билан подшоҳни олқишлаш учун пешвоз чиқиб, “Истанбулни забт этган саркарда ким?” деб сўрашарди. Иттифоқо улар оппоқ соқолли, виқорли ва салобатли Оқшамсуддин ҳазратларини кўриб қолдилар-у уни подшоҳ гумон қилиб гулларни узатдилар. Подшоҳнинг устози бўлмиш Ҳазрат бу қутловдан хижолат бўлиб, отларини четга сурдилар-да:

-Янги санани очган ҳукмдор Султон Меҳметхон ана удир, гулларни унга беринг,-дедилар.

Фотиҳ Султон Меҳметхон эса гул тутаётган қизларга Оқшамсуддин ҳазратларини кўрсатиб деди:

-Боринг-да, бу гулларни оппоқ соқолли муҳтарам ул зотга беринг, бу ҳурмат ул зотнинг ҳақидир. Филҳақиқат, ул менинг устозимдир. Бу эъзозга у зот лойиқдир. Чунки бу фазилатларни, бу жаҳонгирликни, бу қаҳрамонликни мен муҳтарам устозимдан ўргандим. Унинг илми ва фазилати соясида Истанбулни фатҳ этиш шарафига эришдим.

Яна  ҳукмдорлардан бири Султон Салим Мисрни забт этиб, Истанбулга қайтаётган эди. У қўшин олдида устозлари, мулозимлари, шайхул-исломлар қуршовида эди. Зафар машқлари чалинганда ибн Камолнинг оти ҳуркиб, сакради-ю Султоннинг сут каби оппоқ либосига лой сачради. Буни кўрган ибн Камол қўрқиб кетди. Бошқалар ҳам подшоҳнинг ғазабланишини кутдилар. Аммо Султон Салим дедики:

-Бу либосимни олиб, сақлаб қўйинг. Бу либос шундайлигича, лойи билан сақлансин!

Вазирлар бу буйруқ ҳикматини, сабабини  сўраганларида Султон Салим шундай жавоб берди:

-Муҳтарам зот отининг оёғидан сачраган лой бизнинг шарафимиздир, у охиратда васиқаи баротимиз бўладир. Либосимизга теккан лойни кўриб, авлодимиз ҳам ибрат олсинлар, устоз отининг оёғидан сачраган лой бизнинг назаримизда қанчалик қадрли эканлигини дунё тургунча авлодимиз хотирласин.

Не афсуски, устозлар ҳақини адо этишни ўйламайдиганлар ҳам бор. Мактабларда устозларни ранжитувчи ўқувчиларни учратиб турамиз. Айрим ота-оналар фарзандлари олдида устозларни ҳақорат қилишдан ҳам тоймайдилар. Устозига меҳр ва ҳурмат кўрсатишни билмайдиган ва ўрганишни истамайдиган бахтсиз талаба бир умр фақат ўзигагина меҳрибон ва фақат ўзинигина ҳурмат қилувчи худбин бўлиб қолади. Саҳро тиконини экиб, гул оламан, деган одам ақлли одам эмасдир. Ўзига илм-ирфон ўргатувчи устозининг қадрини билмаган одам Ватан, миллат учун фойдали бир одам бўла олмайди. Ислом дини нуқтаи назаридан қаралса, адо этиб, тугатиб бўлмайдиган  ҳақлар орасида устоз ҳузуридаги қарздорлик ҳам бордир.

Шу ҳикоятлар баҳонасида икки мазмун англатувчи бир мақолга изоҳ бермоқ зарурати туғилди. Устозларнинг мавқеи ҳақида гап кетганда айримлар бу мақолни “Устоз отангдан улуғ”,  тарзида, бошқалар эса “Устоз отангдек улуғ” шаклида  баён қиладилар. Бунга сиз нима дейсиз? Қайси бири тўғри? Фарзанд учун одамлар орасида отанинг мавқеидан баланд зот йўқ. Лекин ота ўрнида кўриб ҳурмат қилинадиганлар бор. Демак, устоз отадек улуғ экан. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: ота фарзандини боқишга, тарбия қилишга мажбур. Лекин устоз айнан шу фарзандга илм беришга мажбур эмас. Агар “бу болани ўқитмайман”, деса айбли саналмайди. Шу боис ҳам унинг отага нисбатан улуғлиги мавжуд. Ҳазрат Али (р.а.) “Менга бир ҳарф ўргатган кишининг хизматкори бўлишга тайёрман”, деганлар.

Ҳамонки устоз отадан улуғ экан, “Ота рози – Худо рози”, деган мақолни “Устоз рози – Худо рози” деган маънода ҳам англашимиз ва шунга яраша ҳаракат қилишимиз шарт экан. Кимки, устозининг розилигига етишибди, демак, у бахтиёрдир!

Яқинда соҳибқирони акбар Амир Темур ҳазратларининг баёнларини ўқиб, ундаги бу сатрлар диққатимни тортди:

“Мени ёшлигимда ўқитган мулла Алибек деган кишининг оғзида тиши йўқ бўлса ҳам, маҳалла болаларига Қуръон таълими  бериб, хат ёзишни ўргатар эди. Мен етти ёшимда бу одамнинг мадрасасидан чиқиб, Шайх Шамсиддиннинг мактабхонасида ўқиганман. Мен Кеш шаҳрини бино қилдираётган чоғимда  у одамнинг вафот этганига хийла вақт ўтиб кетган эди. Устозларимдан Шайх Шамсиддиндан қолган фарзандларининг ҳаёт вазияти ёмон эмас бўлса ҳам, Мулла Алибекнинг фарзандларида қийинчилик борлиги кўрунур эди. Бу аҳволни кўзда тутуб, устозим Мулла Алибекнинг фарзандларининг ҳар бирига бир донадан уй солиб бериш билан, уларни узилмас маош билан таъминлашни волийларимга таъкидлаб амр берган эдим.

Шу мавзу устида Шом шаҳрида кўрушганим Ибн Холдун деган зотнинг бир ҳикматли сўзи ҳамон ёдимда эди. У одам бундоғ дер эди: “Аллоҳ таоло инсонларга берган саломатлик неъматидан кейинги неъмати, улуғ одамлар билан дўст қилмоқ неъматидур. Чунки улуғ одамнинг дўстлиги орқасидаги кишилар, тилак ва орзуларига эришиб, халқ орасидаги ўрни ва ҳашамати ҳам юқорилайдур”, деб эди. Бу ҳикматли сўздан ташқари ўз идрокимда шундай бир ғоя ҳукмфармо эди-ки, менга нисбатан ҳар қандай жиҳатдан дўстлиги зоҳир бўлган, озу кўп хизматлари сабоқ айтган зотларнинг ўзларигина эмас, авлодлари ҳам маишат тўғрисидан қийналар экан, бу менинг паст фитратлигимга далил бўлғай, деб тушунар эдим. Бу умумий кўз қараш орқасида ёлғиз Мулла Алибекнинг авлод афродларигина эмас, киндигим қони тўкилган, кўзим очилганда биринчи марта шу шаҳарни кўрган, мен билан бирга бу шаҳарда ҳаёт кечирган эркак-хотунларнинг барчасининг устозларим каби зиммамда ҳақлари бор эди. Буларнинг бир ҳамшаҳарлари дунёга ҳоким бўла туриб, буларнинг қийинчилик ичида яшамоғлари муносиб бўлмағай, деган фикрда илгаридан Кеш шаҳрининг бўлиб келган ўз қуввату лоёмутига ҳожатманд қадим ерлик кишилардан бўлмоғи шарти билан туғулган шаҳримда бирорта фақир одам бўлмаслиги учун доимий ойлик тайин қилдим. Бирор одам оила таъминотидан қийинчилик кўриб ғамлик бошини тиззасига қўймаслигини тадбирини кўрдим”.

Улуғлар шаънига мақтов сўзлари айтишимиз, уларни шарафлашимиз яхши. Аммо уларнинг ҳаётидан, яхши ишларидан ибрат олганимиз, улар фазилатини ўзимизда тарбия этмоғимиз афзалроқдир. Чунки улар мақтовларга муҳтож эмас, уларни Аллоҳ мақтаб қўйгандир. Улар ўз яхшиликларининг, ўз фазилатларининг авлодларда давом этишига муҳтожлар. Бу садақатул жориядур, биз уларнинг яхшиликларини давом эттира олсак, аъмол номаларига савоб ёзилиб турадур.

***

Иккинчи синфни тугатиш арафасида, эллик бешинчи йилнинг баҳорида чала бўлса ҳам битган уйимизга кўчиб бордик. Уйимиз билан 40-мактаб орасидаги йўл ҳозир икки чақиримдир. У пайтда битта арава аранг сиғадиган жинкўчалардан бориларди, демак, икки ярим чақирим йўлни тўпиққа қадар тупроқ, баҳор, куз, қишда тиззага қадар лойни босиб боришга тўғри келарди. Шу йўл азоби назарга олиниб, мени уйимиз яқинидаги 132-мактабга кўчиришди. Бошланғич синфни Санобар опа, Суръат опалар устозлигида битирдим. Еттинчи синфга қадар адабиётдан Мурод ака Шарафуддинов деган устоз дарс берардилар. Адабиётга бўлган меҳримнинг ортишига бу кишининг хизматлари катта. У киши дарслик режасига амал қилмасдилар, она тили дарсида ҳам адабиёт ҳақида сўз бўларди. Шу боисмикин, она тили грамматикаси деган сабоқда заиф эдим. Саккизинчи синфда 40-мактабга қайтиб борганимда анча қийналдим. Бу қийинчилик университетда ҳам давом этди. Лекин мен у кишидан ранжимайман. Чунки бадиий адабиётни севишни ўргатдилар. Деярли ҳар дарсда шеър ёдлатар эдилар. Шу одатларини синфдошларим ҳозирга қадар норози бўлиб эслайдилар. Ҳар қанча уринсалар ҳам, Мурод ака уларда адабиётга қизиқиш уйғота олмадилар. Кўпчилиги мактабни тугатгандан бери қўлига китоб олмаган. Лекин мен уларни айблашдан йироқман, чунки улар менинг болаликдаги дўстларим, қандай бўлишларидан қатъи назар, менинг қадрдонларим. Халқ тилида улар “Қиёматли ошна” ёки “тобуткаш”, деб аталадилар. Уларни қадрлаганим ҳолда баъзан жиддий, баъзан ҳазил тариқасида танбеҳ бериб тураман.

Бир куни тобим йўқ, ётган эдим. Дўстим келиб:

-Ҳа, яна бошинг оғрияптими, мен сенга миллион марта айтдим, кўп китоб ўқима, деб. Мана мен битта ҳам китоб ўқимаганман, бошим бир марта ҳам оғримайди.

-Бошингнинг оғримаслиги китоб ўқимаганингдан эмас, бош оғриши учун одамда бош бўлиши керак. Китоб ўқимаган бошни бош демайдилар. Нима дейилишини ўзинг биласан.

Бу суҳбатдан сал олдин, “гап” деб аталмиш дўстлар даврасида у “мен бир йиллик қовоқни кўрдим. Балкондаги сўри тагида қолиб кетган экан, айнимай турибди”, деб қолди.

-Бир йиллик қовоқни кўриб, энди бизнинг бошимизни ачитиб, мақтаняпсанми, мен эллик беш йиллик қовоқни кўрганман,-дедим.

-Олиб қочма, қаерда кўргансан?-деди у ишонқирамай.

-Ана, елкангнинг устида турибди, китоб ўқимайдиган бошнинг қовоқдан нима фарқи бор?

Янги уйга кўчиб келиш барчамиз учун ҳам улуғ бахт эди. Бир уй, бир даҳлиз биз учун подшоҳ саройидан кўра ҳам аълороқ эди. Пойдеворига пишиқ ғишт теришга, томига тунука эмас, лоақал шифер ёпишга ҳам моддий имконият йўқ эди. Пойдеворига бир қатор тош ётқизилиб пахса урилган. Томига нима топилса, ўша ёпилган: “тўл” деб аталмиш сақичланган қора қоғоз ҳам, эски фанер ҳам… бор эди. Кузда, ёмғир ёға бошлаганда бу томнинг “фазилати”ни кўрдик. Кейинги ёзга қадар чакка билан олишиб чиқдик. Кичкина бўлганим учун томга мени чиқаришарди. Чакка ўтаётган жойларга тоғоралар қўйиб тушардим. Шифтдан тупроқ тўкилмасин, деб қоғоз ёпиштирилган эди. Чакка ўтганда қоғоз ийиб, чопқиллаб юрган сичқонлардан бири пастга тушиб кетди. Овқатланиб ўтирган эдик, жонивор косадаги шўрвага тушиб бизни аввал чўчитди, кейин кулги уйғотди…

Бугун қурилаётган ҳашаматли уйларга боқиб, эллигинчи йиллар манзарасини эслайман. Бизга ўхшаган бечораҳоллар кўп эди. Ҳатто биздан-да баттарлар бор эди. “Шайтанат”ни ўқиганлар эътибор беришгандир, Асадбекнинг туғилган кунида дўсти Жалил унга эски калиш совға қилади. Бу совғанинг маъноси: ўтмишингни унутма! Жалил образида икки дўстим ҳаёти ва одатлари мужассам бўлганини айтиб эдим. Шулардан бири синфдошим, қўшним Тўра. Отаси ногирон эди, Тўра оилада учинчи фарзанд, яна беш укаси бор. Қишни битта танчада ўтқазишади. Тўра билан укаси Собирга битта калиш. Собир мактабдан келгунча Тўра уйда кутиб ўтиради. Қиш аввалида лой кўчадан келишда бир пой калиш тушиб қолган. Совуқда оёғи қотгани учун Собир буни пайқамаган. Ўшанда кўпчилик бўлиб кўчада лой орасидан калиш қидирган эдик. Ҳозирги кунда ўша воқеаларни эслаб куламиз. Нолиш сўзлари ўшанда ҳам тилимиздан учмаган, ҳозир ҳам шундай. Ота-оталаримизнинг ношукур бўлганларини эслолмаймиз. Ўзимиз ҳам “ҳаёт шундай экан”, деган тушунчада ҳамма нарсага чидардик.

Мол-мулк ва бойликлар ҳақидаги оятлар нозил бўлганда, ҳазрати Умар (р.а.) Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар:

-Қандай турдаги нарсани мол қилай?

Аллоҳнинг расули (с.а.в.) марҳамат қилдилар:

-Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳ таолони зикр этувчи тилни ва унга шукур қилувчи қалбни мол қилингиз!

Ана! Уйимиздаги қўша-қўша гиламу биллур қандиллар эмас, тилла, олмос, жавҳар безаклар эмас, зикр қилувчи тил ва шукур қилувчи қалб инсоннинг асосий бойлиги экан. Эллигинчи йилларда ота-оналаримизда ана шу бойлик мавжуд эди. Тилла, биллурлар омонат бойлик. Кишига вафо қилмайдиган бойлик. Ҳатто… дўзахга етаклаши мумкин бўлган бойлик. Зикр ва шукур билан банд бўлган тил ва қалб бойлиги садоқатлидир, омонат эмасдир, жаннат дарвозасининг калитидир. Бу калитни олишга интилмаслик ақлсизлик эмасми?

Нималарни олтин қиммати билан ўлчаб бўлмайди: ота-она дуосини, ота-она меҳрини, ота-она юзидаги нурни. Яна чин дўстни, ёрнинг вафосини, фарзанднинг кулгусини. Бир қоп олтини бор одам булардан бебаҳра бўлса бу дунёси ҳам, у дунёси ҳам куйган, деяверинг.

Бугунги кунимизда билиб-билмай ношукурлик қилувчиларнинг хонадонига кўз ташласак, камида бир ҳафталик емак-ичмак ғамлаб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Автомобил, турфа гиламлар,  биллур қандиллар, ишлатилмаса-да, жавонга териб қўйилган ажиб идишлар… Шундай хонадондан шукур ўрнига норизолик гаплари учиб туради:

-Фалон нарсани  Хитойдан ҳам топа олишмабди.

-Фалон нарсанинг нархи ошиб кетибди…

-Тўйимга фалончи ашулачи келишини ният қилувдим, умидим ушалмади…

Аслида: Хитойда ҳам топилмаган ўша нарсасиз ҳам бахтли ҳаёт кечириш мумкин. Нархи ошган бўлса, ўз чўнтагига тушаётган даромади ҳам ошган-ку? Фалончи ашулачи келмаса ҳам тўйи ўтди-ку? Турли сабаблар билан тўйга етишолмай юрганлар озми?

Кеча бойиб гердайган, бугун бойлиги қўлдан кетиб нола қилиб юрганлар ўйлаб кўрсинлар: бойлик берилганда қанча шукур қилишди экан? Шукур қилдилармикин ё “бугун минг доллар фойда қилибман, ҳолбуки икки минг доллар фойда олсам ҳам бўларди”, деб ачинганмикинлар? Ношукурлик – ёшларга тез юқадиган хасталик. Уларга ҳар бир нарса камдай туюлаверади.   Қизлар, келинлар бу борада анча пешқадамлар. Улар кўнгилларини ҳавасга бутунлай бўшатиб бериб, шукроналикка жой қолдирмайдилар. Оқибатда ўз кўнгилларини ўзлари синдириб, азобланиб юрадилар.

Бир одам “яшаш жуда қийин бўлиб кетди”, деб нолиб қолди. Устида Франциянинг костюми, оёғида Италиянинг қимматбаҳо чарм туфлиси. Олти ўғлига алоҳида-алоҳида уй қуриб берган. Умумий ҳисобда саккизта енгил автомобили бор, “бечора”нинг.

Бир одам йўлда пиёда кетар экан, аҳволига ачиниб, ўз-ўзига:

-Бу ерда, бу саҳрои биёбонда мендан ожизроқ, бечорароқ, паришонроқ яна ким бор?-деб йиғлади.

Шу яқиндан ўтиб бораётган, устига оғир юк ортилган эшак унинг нолаю фиғонини эшитиб деди:

-Эй ақлсиз одам! Нега ҳолингдан бундай шикоят қиласан? Аллоҳга шукур айтиб йўлингда кетавер. Эшакка минмагансан, аммо мен каби юк остида эмассан-ку? Ҳолингга шукур қилсанг-чи!

Ҳа, эшакнинг тили йўқ. Бўлганда эди, кўп ҳолларда, кўп кишиларга шундай хитоб қилиши аниқ эди. Худо унга тил берса-ку, айтар, лекин ношукур одам эшитиб, амал қилармикин? Масала шунда!

Шайтон йўриғидаги банданинг шукур қилмоғи анча қийин бўлади. Аллоҳ таборак ва таоло Қудсий ҳадисда марҳамат қилиб, бандаларига танбеҳ берадики; “Эй Одам фарзанди, мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди (ношукурчилик қилавериб жағинг чарчамайди-я!)”.

Бир мамлакатнинг обод шаҳри ҳукмдоридан одамлар ҳамиша шикоят қилаверар эканлар. Подшоҳ шикоятлардан безиб, ҳукмдорни вазифасидан озод этибди-да, ўрнига бошқа одамни тайин этибди. Одамларнинг ношукурликлари эвазига аввалги ҳукмдордан жоҳилроқ, золимроқ киши уларга насиб бўлибди. Янги ҳукмдордан жабр кўравериб толиққан аҳолининг боши қотибди; яна подшоҳга мурожаат қилиб, ҳукмдорни ўзгартириб беринг, дейишга журъатлари етмабди. Шунда бир дононинг маслаҳати билан аҳоли шамчироқларни ёқибди-да, кундузлари кўчаларда изғиб юраверибди. Шаҳар аҳлининг куппа-кундуз куни чироқ ёқиб юришидан хабар топган подшоҳ ажабланиб, сабабини вазиридан сўрабди. Доно вазир жавоб берибди:

— Шаҳар аҳли ношукурлиги учун жазосини олди. Энди кундузи ҳам чироқ ёқиб, аввалги ҳукмдорларини қидириб  юришибди…

Қудсий ҳадисдаги  илоҳий сўзлар балки ана шундай қавмга аталгандир: «Эй Одам фарзанди, албатта сен мени ёд этиб ва неъматларимга шукур қилиб юрсанг, мен эҳсонимни яна зиёда қилавераман. Агар мени ёд этмай, эсдан чиқарсанг ва неъматларимга шукур қилмай, куфр қилсанг, бериб турган инъом ва эҳсонимни ҳам тўсиб қўяман». Шундайлардан бўлишдан Аллоҳ сақласин!

Суқрот ҳаким: “Неъмат ва давлатингиз бор пайтда шукур бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг очқичи бўлиб, неъматга шукур қилиш давлат ва осойишталикнинг қўпайишига сабаб бўлади”, деганлар. Одам Ато жон кириши билан аксириб, “Алҳамдулиллаҳ!” деганлар. Шукур айтиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос.

Ношукурлик хорликни келтириб чиқаришини билмайдиганлар орамизда борми? “Йўқ нарсага қайғурмайдиган эмас, борига шукур қилувчи – донодир”, деган мақолни-чи?  Кўпчилик билади бу ҳикматларни. Аммо, не ажабки, билатуриб ношукурлик қилаверамиз. Халқимизда яна “Еб туриб маърайди-я!” деган ҳикмат ҳам бор. Баъзан кузатаман: тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уч-тўрт хил таомларни тўйиб еб олиб, тирикчиликнинг қийинлашиб кетаётгани борасида нолий бошлайдилар. Бировда ўн-ўн беш, бошқада эллик-олтмиш сидра кийим-бош бор. Лекин униси ҳам, буниси ҳам қийинчиликдан нолийди. Бири кўйлагининг элликтага етмаганидан, бошқаси шимининг юзтага етмаганидан афсусда юрибди. Тўғрими?

Бугунги ношукурчиликларнинг сабаби – Аллоҳ белгилаб берган ризққа қаноат қилиш тарбиясининг сустлигидандир. Тангри таоло: “Эй Одам фарзанди, албатта, мен сени онанг қорнида куч-қувватсиз ва ҳаракатсиз ётган вақтингда тарбия қилдим ва онанг қорнидан саломат чиқардим. Токи сен оёққа тургунинггача онангнинг дилини сенга раҳмли ва меҳрибон этиб, сенга мойил қилиб қўйдим. Сен, шу зайлда, катта бўлдинг. Ундан сўнг токи мени ақл билан таниб, қувват билан ибодат қиларсан, деган умидда сенга куч-қувват бердим. Аммо сен катта бўлганингдан сўнг менинг ибодатларимдан юз ўгириб, мен тақсимлаб қўйган ризқнинг талаби билан машғул бўлдинг. Бас, ўзимнинг азиз ва улуғ деган сифатларимга қасамёд қиламанки, агар дунё ахтариб етти қат ернинг қаърига кирсанг ҳам, ўзим тақсим қилиб қўйган ўшал ризқдан заррача ҳам миқдорда зиёда қилмасман”, -деб огоҳлантиради. Яна дейдики: “Эй Одам фарзандлари, баданларингиз нозик (яъни Менинг азобларимга бардош беролмайди), сафарларингиз узоқ, йўллар оғир, Сирот кўприги қилдан тез ва қози бўлиб сўроқ қилгувчи оламнинг Парвардигори бор… Шуларни била туриб, бу ўткинчи дунё ва беҳуда неъматларга ва адо бўлиб тугайдиган ҳаётга қандоқ рағбат қиласизлар?”

Ўттизинчи йиллардаги қаҳатчиликни, уруш давридаги азобни, кейинги машаққатларни кўрган, сабр ила чидаган бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз эҳтимол буларни китоблардан ўқимагандирлар, чунки диний китоблар ман қилинган, ўқиганлар ёки даъват этувчилар қамоққа олинарди. Аллоҳ амрларини аслини сўзма-сўз билмасалар ҳам, болаликларида сабр, шукур тарбиясини олганлар ва шу фазилатлари билан оғирчиликларни енгганлар.

Баъзан учрашувларда “болалигида қийинчилик кўрганлар ёзувчи бўлар экан, шу тўғрими?” деб савол беришади. Мен “Тўғри эмас”, деб жавоб қайтараман. Ҳазрат Навоий, Бобур, овруполик ёзувчилар, хусусан, лорд Байрон, Пушкин, Лермонтов, Толстой… бой оиланинг фарзандлари. Тўғри, ёзувчиларнинг биздан катта авлоди болалик чоқларида ҳаётнинг барча азобларини тотиб кўришган. Лекин буни ёзувчи бўлишларига асосий сабаб, дея олмайман. Ўша азобли кунларнинг ўз асарларида тасвир этилиши бошқа масала.

Мен турмуш қийинчиликларининг оз қисмини кўрганман, акаларим, опаларим мендан кўра кўпроқ қийналишган. Бир кесимдан (юз грамм) нон ейиш учун кечалари билан нон дўкони олдида навбатда туришган. Самарқандлик бир киши ўша даврларни эслаб дедики: “Очарчилик йиллари  уйдаги озгина ундан онам нон ёпиб бир саватга солиб сотиш учун акам икковимизни кўчага чиқардилар. Совуқ эди. Дийдираб қолдик. Қарасам, сават иссиққина. Устига ўтириб олдим. Шу пайт онам келиб қолдилар, нонлар эзилиб кетган эди,  аҳволни кўриб йиғлаб юбордилар. У пайтда ноннинг чиройига қаралмасди, барибир сотилди. Лекин ўша ишим учун ҳозирга қадар изтиробдаман”.

Шоир дўстим Сабриддин Садриддинов бундан-да аянчлироқ воқеани айтиб берган эди:

Нон дўкони ёнида туни билан навбатда туришни яна кўз олдимизга келтирайлик: ёзми ё қаҳратон қишми, ёмғирми ё қор бўроними – фарқи йўқ, каттами ё кичикми – фарқсиз, навбатда турилади. Баъзан навбат тартиби сақланиши учун кафтга қаламда рақамлар ёзиб чиқилади. Сабриддиннинг кафтига ҳам рақамни ёзишган. Ўшанда кимёвий қалам бўларди, агар сув тегса қалам сиёҳга айланарди. Ёмғир ёғаётгани сабабли Сабриддин кафтидаги ёзув ўчиб кетмаслиги учун муштимини қаттиқ сиқиб олган. Лекин қўли терлаганми ё панжалари орасидан ёмғир суви сизиб кирганми, ҳар ҳолда ёзув чапланиб, ўчиб кетибди. Тонг отгач, навбат тартиби текширилаётганда Сабриддиннинг кафтида ёзув йўқлигини кўриб, уни навбатдан чиқариб юборишибди. Боланинг зорли ноласига ҳеч ким қулоқ солмабди. Туни билан ёнма-ён турганлар ҳам, кафтига рақам ёзган йигит ҳам “Бунинг навбати бор”, демабди. Энг ачинарлиси, Сабриддиннинг отаси – Садриддин мақсум Тошкентдаги эътиборли уламолардан бўлганлар. Шу маҳаллага хизмат қилганлар, чақалоқнинг қулоғига азон айтиш ҳам, никоҳ ёки жаноза ўқиш ҳам шу кишининг зиммасида бўлган. Шунга қарамай, нонга тезроқ етишиш учун битта болани ноҳақдан ноҳақ навбатдан чиқариб юборишдан ўзларини тия олмаганлар. Садриддин мақсум ўша адолатсиз одамларнинг бири қулоғига азон айтганлар, бирининг никоҳини ўқиганлар, йиллар ўтиб жанозасини ҳам ўқиганлар. Жаноза намозида уларнинг гуноҳини кечиришни илтижо қилиб сўраганлар…

Афсусим шундаки, бундай фожиаларни ҳозир унута бошладик. Турмуш қийинчиликларини эслаш ёшларнинг энсасини қотирадиган бўлиб қолди. Мен эсам бундан ғашланганим ҳолда, барибир кўп хотирлайман. Баъзан “Ноннинг исрофига нисбатан муносабатда оилаларимиз орасида фарқ борми?” деб ўзимга ўзим савол бераман. Бир оилада суви қочган нон пўчоққа ташлаб юборилади, иккинчисида бунинг катта гуноҳ эканини билиб, исрофга йўл қўйилмайди. Тўкинлик замонида яшаётганимиз учун нонни исроф қилишдан уялмайдиган, гуноҳидан қўрқмайдиган бўлиб қолганмиз. Бу гуноҳ ишларга қишлоққа нисбатан шаҳарда кўп дуч келамиз. Оиладаги гўдак ҳам, ўсмир ёки эрта-индин узатиладиган қиз ёки уйланадиган йигит ҳам дастурхон устидаги нонни ушлаб кўради. Салгина суви қочган бўлса, “янгиси йўқми?” деб сўрайди. Баъзан нон бўлаклари, баъзан бутун-бутун нонлар моғорлаб кетади. Пўчоққа ташланади. Маҳаллаларда чорваси бор хонадонлар мол-қўйга берадилар. Кўп қаватли уйларда эса ахлатга ташланади. Мана шу ҳол “нонкўрлик” дейилади. Ким нонни хор қилибди, Худо уни бир тишлам нонга зор қилиб қўйишидан қўрқсин.

Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Болалигимизда ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон гилам устига тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий  жиҳатдан эканини  кейинроқ тушуниб етдик. Ҳозирги  азиз ёшларимиз-чи, буни англайдиларми?

Аллоҳ ўзининг расулига хитобан дейди: “Қавми қариндошга, мискин ва йўловчига хайру эҳсон билан уларнинг ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Раббига ўта ношукур бўлгандир” (Исро сурасидан). Уламоларимиз бу оятларни шундай тафсир қиладилар: исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди. Агар шукур этса, ўшани исроф этмасди. Неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчи ношукур бўлгани сабабли ўзига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-ҳаришга, маъсият ва ёмонликка сарф қилади ва бу борада шайтонга биродар бўлади. Шайтоннинг эса ношукурлик бобида тенги йўқ. Шундай экан, исрофчининг бошига ҳам ўз биродари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап. Бундайлар тарихда кўп учраганларига қадим донишмандларнинг китоблари гувоҳлик беради.

“Э Одам фарзандлари!-деб хитоб қилинади Қуръони каримнинг Аъроф сурасида.-Ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас”.

Еб-ичиш – гуноҳ эмас. Исроф қилиш гуноҳ. Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар. Бизда “озиқ-овқатни исроф қилиш” деганда емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри, аммо керагидан ортиқ ейиш ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам  мусулмонга муносиб эмас. Ҳозирги кўп касалликларнинг келиб чиқишига ана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Саҳобалардан бирлари яҳудийга: “Қуръоннинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган”, деб айни шу оятни ўқиган эканлар.

Фақат нон эмас, овқатлар ҳам исроф бўляпти. Бир киши “қотган нон, ачиган овқат исроф бўлмайди, молга берилади”, дейди. Ҳа, шундай ҳоллар бор. Бироқ, биринчидан, молга берилмай, ахлатга ташланаётган нон ва таомлар озми? Иккинчидан, нон ва овқат инсон учун берилган неъмат! Молу қўйнинг насибаси, емиши бошқа. Шундай экан, унутмаслик керакки, ким исрофдан тийила олса, бошқаларга муҳтож бўлмай яшайди. Исрофнинг энг ҳурматли оилаларни бузганига, энг бой уйларни вайрон қилганига, энг юқори мансаблардан тубан туширганига, энг шуҳратли ному насабга эга бўлганларни хор-зор қилганига тарих гувоҳ. Шу сабабли исрофдан сақланиш, ҳар бир ишда тежам ва иқтисодга риоя қилиш борасида кўп даъватлар қилинади.

Нон қадри, нон исрофи ҳақида кўп гапирилади. Хаёлни ёритиб ўтган бир воқеа каминани бу мавзуга яна қайтишга ундади. Бундай воқеани сиз ҳам учратгандирсиз. Ошхонада таомланиб ўтирганимизда иттифоқо рўпарадаги стол атрофида давра қурган қизларга кўзим тушиб қолди. Даврадаги тўрт қиз овқатларини еб бўлишгач, бир тўғрамдан нон олишиб, бўёқлари чапланган лабларини артишди. Ниҳоятда ҳунук қилиқ, ниҳоятда хунук манзара, тўғрими?

Инсон учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири нондир. Айрим неъматларни бир ҳафта, бир ой ёки йил истеъмол қилмай юриш ҳам мумкин. Лекин нонсиз яшашни тасаввур этиш қийин. Энг тотли неъматларни ҳам икки кун кетма-кет истеъмол қилсангиз, учинчи кун унга қарагингиз ҳам келмайди. Лекин нон ҳеч қачон меъдага тегмайди. Инсон барча махлуқот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар насиб этилган.

Мен қизлар даврасидаги хунук манзарани тилга олдим. Аслида атрофимизга назар ташласак, катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, нонни исроф қилаётганларни кўрамиз. Агар ёшлар нон қадрини билмаётган бўлсалар, демак, бунга катталар айблидирлар. Масалага мантиқан қарайлик: нон қадрини билмаган катта одам фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин? Нонни исроф қилаётган одам ерни шудгор қилиб, буғдой қадаган, етиштирган, ўриб олган деҳқоннинг, тегирмонда тер тўккан ишчининг, тандирнинг оловли оғзи олдида заҳмат чеккан новвойнинг меҳнатини қадрлармиди?

Нон учун хизмат қилаётганларнинг манглай тери иқтисодий жиҳатдан ҳукумат томонидан тақдирланади. Маънавий қадри эса сиз билан биз томонимиздан бўлади. Аввало қорин тўйиб, шукроналик дуоси қилинаётганда уларнинг ҳақига ҳам хайрли тилаклар билдирилса савоб устига савоб бўлади. Энг муҳими – уларнинг меҳнатларини қадрлаш бизларнинг нонни исроф қилмаслигимизда намоён бўлади. Тасаввур қилинг: бир шоир янги шеъри ёзилган қоғозни сизга инъом этди. Сиз шеърнинг ярмини ўқиб, сўнг қоғозни ғижимлаб ташладингиз…

Нон исрофи – ношукурликдан келиб чиқади. Ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги  хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукур этмоқлик ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз?

Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар:

Ўзбекистон кузидай  бугун дастурхон тўкин,

Турналардай тизилиб, юраклари эзилиб,

Қора нон навбатида  турганларнинг ҳаққи ҳам,

Улуғ жанг йўлларида  кўксидан қон сизилиб,

Европада ўт кечиб юрганларнинг ҳаққи ҳам

Насибангга қўшилиб турар дастурхонингда.

Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак.

Тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида тинмай гапирилади, лекин амал қилинмайди. Одамлар тўй ёки маърака қилиб савоб топиш ўрнига гуноҳга ботаётганларини тушунишлари шунчалар қийинми?

Боғча ва мактаб, касалхона ва ҳарбий ҳамда ҳарбийлашган қисм, шунингдек, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларга нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга хижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз.

Ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни кузатсангиз керак. Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “бизни ҳам тўйга етказсин”, деган ниятда синдирилармиш. Бундай бемаъниликни ким ўйлаб топди экан, ҳайронмиз! Яқиндагина, совет давридаги тўй ташвишлари ва машаққатларини унутдикми? Тўй қилишдаги энг оғир масала нима эди? Икки-уч қоп ун топиш эди. Советларнинг раҳбарияти “сиз пахта бераверинг, биз нон билан таъминлаймиз”, дегани билан ваъдасини бажара олмасди. Дўконга ун келганда икки кило ун олиш учун соатлаб навбатда туришларни унутмагандирмиз?  Нонни исроф қилаётгани учун гуноҳга ботаётган кимсанинг нияти Яратган ҳузурида қандай қабул бўлар экан? Шоир айтмоқчи: “Бўғиб ўлдиргим келар, сербўёқ лабларини нон билан артаётган сатанг хонимни кўрсам… Адлия министри! Сиздан қатъий илтимос, исроф қилса ким нонни қаттиқ жазо берилса…” Шоирнинг бу таклифига қўшилувчилар кўп. Лекин гап жазода эмас. Гап инсофда,  виждонда! Олий мажлис ва сенат шундай қонун қабул қилган тақдирда ҳам исроф қилувчиларнинг онгида ўзгариш бўлмас экан, нон исрофи бирданига тўхтаб қолмайди.

Замонлар бўлган — ноннинг ҳар бир қадоғи олтин билан ўлчанган. Олтини бор одамлар бир тишлам нон топа олмай хор бўлганлар. Биз баъзан “нон неча пул?” деб сўраймиз.  Икки юз ёки уч юз сўмлигини билиб, пулини тўлаймиз. Аслида биз нон учун эмас, нонга хизмат қилганларнинг ҳақини тўладик. Ноннинг ўзи эса бебаҳо неъматдир…

***

 

Тунги навбатларда туриш ёшига етганимда бу қийинчиликлар барҳам топган эди. Лекин тўкинлик даври бошланмаган эди. Маҳалла дўконига нон келганда улгурганлар оларди, билмай қолганларга эса қийин эди. Шу боис мени дўкон олдида пойлашга масъул қилиб қўйишган эди. Нон ташийдиган машинани кўришим билан уйга хабар қилишим, агар пул беришган бўлса, ўзим сотиб олишим шарт эди. Тўрт-беш бола навбатчилик қилардик. Машина кўриниши билан уйга ошиқмай, кўчама-кўча юриб, “Нон келди!”, “Нон келди!” деб бақирардик. Гўё шодлик хабарини улашардик, бундан ўзимиз ҳам қувонардик. Хабарлаб келгунимизча дўкон олдида турнақотор навбат пайдо бўларди, аслида биз биринчи бўлсак-да, орқада туришга мажбур қилишарди. Баъзан нон етмай, уйга қуруқ қайтиб, қулоқчўзмадан баҳраманд бўлсак-да, эртасига яна    “Нон келди!” деб хабарлашни давом эттирардик. Дўкончи йигит шу маҳаллада яшарди, ундаги кибр шаҳзодаларникидан кам эмасди. Агар нон пешинга яқин келса, тушириб, жойларди-ю. “обед”, деб уйига жўнаб қоларди. Ўттиз-қирқ ёки ундан кўп одам унинг овқатланиб, дам олиб чиқишини  кутарди. Одамларни офтоб куйдирадими ё совуқда қақшайдими, ёмғирда шалаббо бўладими – парвойига келмасди. Ҳам тарозидан, ҳам қайтимдан уриб қолса-да, одамлар нонга етишганларига шукур қилибми ё маҳалладошлиги ҳурматиданми, индашмасди. Ҳаром йўл билан пул йиға-йиға тўй қилди. “Зўр тўй қилди-я!” деб мақтадилар. У одам ҳозир қариб қолган, ўзининг аҳмақона кибрини эслайдими ё йўқми, билмайман, лекин уни кўчада ҳар кўрганимда мен ўша ҳолатни хотирлайман. Кўчадаги шундай учрашувлардан кейин ён дафтарига буни ёзиб қўйган эканман:

“Бу дўкондор ҳамма нарсани виждонига қўшиб сотади”, деган гап менга мантиқсиз туюлди. Чунки виждонини сотишга тайёр одамда аслида виждон бўлмайди. “Виждони бор” деб тасаввур қилинган тақдирда ҳам виждонсизнинг виждонини сотиб оладиган покиза виждон эгаси топилармикин?”

Бундай инсофсизнинг қиёфасини кейинроқ “Ажаб дунё” деган ҳикояда тасвирлашга уринганман. Баъзи муаллимларнинг айтишларига қараганда, мактабда нон ҳақида суҳбат бўлса, шу ҳикоядан мисол келтиришаркан. Мазкур ҳикоя араб тилига таржима қилинган экан, фаластинлик адибнинг мақтовига лойиқ бўлибди, шукур.

Мен учун болаликдан қолган бир муаммо бор, одамларнинг табиатига ҳозирга қадар ҳам тушунмайман. Бир қарасангиз, меҳр-оқибатли қўшнилар, бир қарсангиз, айниқса орага нафс аралашса, қорин ғами устун келса, бир-бирини танимайдиган бўлиб кетади.

Кўп маҳсулотлар камёб бўларди, навбатда туриб, баъзан жанжаллашиб олишга тўғри келарди. Бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлган қўшнилар икки кило гуруч ёки ун ёки гўшт олиш учун бир-бирларини танимай қолардилар. Ҳаётда сурбетликдан ҳазар қилмайдиганлар ҳам учрайди. Бундайлар ўзларининг асл қиёфаларини айнан шундай навбатда кўрсатадилар. Қўшниларидан уялмайдилар, “менинг навбатим бор эди”, олдинга суқиладилар. Бир марта олишга қаноат қилмай, иккинчи ва учинчи марта суқиладилар. Ўша ун ёки гуруч ён қўшнисига етмай қолиши билан ишлари йўқ.

Бир куни ишдан қайтаётиб қарасам, гўшт дўкони олди ҳудди чумоли инига ўхшайди. Навбатда турай деб борсам, дадажоним пештахтага яқинлашиб қолибдилар. Навбатлари келганда  бир сурбет киши одамлар орасини ёриб кириб, дадажонимнинг устларидан қўл узатди-да, пулни бериб, дадажоним учун тортилган гўштни олди. “Абдумалик ака, сизга ҳам етади гўшт”, деб овутган бўлди. Дадажоним табиатан ювош бўлганлари учун унга индамадилар. Бошқалар эса танбеҳ билан чекланмай, уни ҳақоратладилар ҳам. Лекин у гўшт олганига қувониб, иржайиб кетаверди. Ўшанда унга нисбатан менда кучли бир нафрат уйғонди, гўшт олгани учун эмас, дадажонимни беҳурмат қилгани учун нафратландим. Шу кундан эътиборан унга салом бермай қўйдим. То умрининг охиригача кўчада учратсам, салом бермадим. Ҳатто уйимиздаги тўй-ҳашамларга келганда ҳам ундан юзимни ўгирдим. Биламан, бу менинг хатоим, ҳар қандай ҳолатда салом бериш керак. Лекин уни кечира олмадим. Кечирай десам,  пештахта олдида сиқилиб турган дадажонимнинг маъюс чеҳралари кўз олдимга келаверади. Биз “шу сурбет билан тенг келаманми”, деб ўзимизни тиямиз. Улар эса “андишанинг оти қўрқоқ”, деб билиб, иллатлар ботқоғига ботиб бораверадилар.

Ҳар бир маҳалла, қишлоқда уч-тўрттами ё ундан кўпми, ёмонлар, сурбетлар топилади. Турли ҳолатларда қўшниларнинг айблари очилиб турса-да, мен яхши маҳалла, яхши қўшнилар неъматини берган Аллоҳга шукурлар қиламан. Саккиз ёшимга қадар мактабда яшаганимизда биттагина қўшнини билардим. Кейинчалик “Илғор” деб атала бошланган маҳаллага кўчиб келганимиздан сўнг қўшниларга бой бўлиб, қувондим. Бир томонимизда Карим сўфи  исмли отахон бир ўғил, келини ва кичик-кичик набиралари билан яшардилар. Узумзорлари бор эди. Чиройли сўриларга терилган токлардаги узумлар марварид шодаларидай бўлиб, кўзни қувонтирарди. Акаларим, опаларим ўзлари журъат этмай, узум ўғирлашга мени зўрлашди. Мен эсам ўғирликни боплай олганимдан ўзимни қаҳрамон ҳис қилдим. Иккинчи марта тушганимда ўғирлик ошкор бўлди, лекин Сўфи ота қаттиқ гапирмадилар “Ҳой, ҳой!” дейиш билан чекландилар. Оиланинг рўзғори шу узумларни сотишдан тушадиган пулга боғлиқ бўлгани учун келинлари қаттиқ қарғаб қолдилар.  “Узум ўғирлайдиган қўлинг акашак бўлсин!” деган қарғишларини эшитдим. Қўшни келин ойи бошқа қарғишни билмагани учун балки  шундай дегандир. “Акашак” нималигини билмасдим, балки “қўлинг оғрисин”, демоқчи бўлгандир. Қарғиш астойдил бўлмагани, юракдан чиқмагани, шунчаки пўписа учун айтилгани учунми қўлим сира оғримади. Лекин ўша куниёқ қаҳрамонлигимдан хабар топган аяжоним аввал шапалоқ билан сийладилар. Кейин насиҳат қилдилар.

Ўзбекистонимизнинг шаҳар-қишлоқларидаги кўчаларга ҳам мевали дарахтлар экилган. Арча каби манзарали дарахт экиш энди расм бўляпти. Кўчага тўкилган ёки пастак шохлардаги меваларни олиб ейишни ҳеч ким ҳаром демайди. Ҳолбуки, эгасининг рухсатисиз бир дона олчани олиб оғизга солиш ҳам таъқиқланган. Шу талаб болаликдан сингдирилса, мен каби “қаҳрамонлар” бировнинг узумзорига тушмаган бўларди. Ўшанда Карим отадан икки бош узум сўраганимда ўзлари яхши пишганидан тўрт-беш бошини узиб берган бўлардилар.

Ариқдаги сувда оқиб келган олмадан бир тишлаб, сўнг ризолик сўраган йигитнинг тарихини уламоларимизнинг мароқли суҳбатларида кўп эшитганмиз. Томоғимиздан ўтгувчи луқманинг ҳалол бўлмоғи лозимлиги ҳақида ояти карималар, ҳадиси шарифлардан ташқари яна кўплаб ибратли ривоятлар мавжудким, буларни ҳам озми-кўпми эшитганмиз. Аммо, афсуским, айрим ҳолларда эшитиш билан кифояланиб қоламиз. Амал қилишга рағбат бўлмайди. Ўзимиз амал қилмаганимиздан кейин болаларимизга бу борада тарбия бера оламизми?

Камина “Одамийлик мулки” деб аталмиш ахлоқ китобини ёзишга тайёргарлик кўриб юрган дамларда кутилмаган бир хайрли воқеа содир бўлдиким, ўқиганларга фойдаси тегар, деган мақсадда болалик йилларимдан бугунга кўчиб, баён этмоққа жазм этдим.

Ўша куни бомдод намозидан кейинги мутолаада мана бу ривоятни ўқидим:

Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суюкли саҳобаларидан бўлмиш Абу Дардо (р.а.) барча намозларини Масжиди набавияда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ортларида туриб ўқишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Расули акрамнинг (с.а.в.) намоздан кейинги суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ, хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо аввалгидан намозга кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб, сўрадилар:

-Сенинг масжидга келиб-кетишингда бир ўзгариш кўряпман, нима бўлди?

Абу Дардо шундай жавоб қилдилар:

-Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларини тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғига ўтказиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар.

Шу ривоятдан таъсирланиб, Жумъа намозига чиқдим. Ажабки, жумъа маърузаси ҳам шу мавзуда бўлди. Янада ажабланарлиси  намоздан қайтишда бўлди. Бир неча дақиқа илгари ҳалол луқма хусусида ваъз тинглаган биродарларимизнинг айримлари кўчадаги дарахтларнинг шохларини эгиб, мевасидан баҳраманд бўлиб борардилар. Биз болалардан ранжиймиз. Аслида  болалардан эмас, уларга ҳалолликдан дарс бермаётган  ва ёмон ўрнак кўрсатаётган катталардан ранжишимиз керак.

Уйга қайтганимда менга нотаниш бир йигит қўнғироқ қилиб, учрашиши зарурлигини билдирди. Уйга таклиф қилдим. Нотаниш йигит айтилган вақтда келдилар. Ўзларини таништириб муддаоларини айтдилар:

- Бир дўстимизнинг таклифлари билан амакиларининг Чорвоқдаги боғига бордик. Калитни унутиб қолдирганлари учун сизнинг боғингиздаги шийпонда ҳордиқ чиқардик. Билишимизча, сизнинг эшигингиз доимо очиқ тураркан. Олхўрингиз ғарқ пишган экан, мен ҳам ерга тўкилганларидан олиб едим. Келишимдан мақсад: ўша ейилган мевалар учун сиздан розилик сўраш. Уларни ейиш мен учун ҳалол эмасди.

Бу гапдан ҳайратга тушдим. Йигит мен учун замондош эмас, балки ўтмиш ривоятларидаги покиза дилли бир инсон бўлиб кўриндилар. Йигитни хижолатликдан чиқариш учун дедим-ки:

-Ризолик сўраб келмаганингиз тақдирда ҳам у мевалар сиз учун ҳалол эди. Чунки “мевалардан ким еса есин, розиман”, деб аввалдан айтиб қўйганман, эшикнинг очиқ қолдиришим ҳам шундан. Боғдаги мевалар сотиш учун эмас, ейиш учун. Оиламиз учун ортиқчалик қилади. Ким еб лаззат олса, биз учун савоб-да,-дедим.

Йигит яна қайта-қайта розилик сўрадилар. Ҳар сафар розилигимни такрорладим. Сезиб турибманки, йигитнинг кўнгли равшанлашмаяпти. Шундан сўнг ҳалол луқма ҳақидаги ривоятлардан сўзлаб бердим, унинг ота-оналари ҳақига дуо қилдим. Йигит уйига таклиф этди. Бордим, дадалари билан танишдим.

Энди муддаога ўтсам, демоқчиманки, ҳамма ҳам кўчадаги меваларни узиб еб кетавермайди. Орамизда ҳалол-ҳаромни фарқига борадиганлар кўпким, бунинг учун ҳам Аллоҳга шукурлар қиламиз. Фақат шукурлар қилиб қолмай, шундай ҳалол йигитлардан аввало ўзимиз ўрнак олишимиз, фарзандларимизни, қариндошларимизни, қўшниларимизни ҳам шу йигит каби тарбия топишига ҳиссамизни қўшишимиз керак. Ҳалол луқма фақат ўзимизга фойда эмас, балки жамиятимизнинг поклигига ҳам хизмат қилади. Шуни унутмасак бас.

***

Бир томонимизда маҳалланинг эски масжиди бор эди. Масжид бор, сўфи ота ҳам бор, лекин азон айтилмасди, намоз ўқилмасди. Эллик бешинчи йилда масжид бузилиб, ўрнига уй қурилди.

Биз кўчиб келган жой боғ эди. Ўктабр тўнтаришидан аввал кўнчи бойники бўлган экан. Ер ислоҳотидан сўнг деҳқонларга бўлиб берилган. Бойнинг уйи, шийпони эса аввал етимхонага, кейин мактабга айлантирилган. Еттинчи синфга қадар шу мактабда ўқидим. Йигирманчи йилларда деҳқонларга бўлиб берилган ер урушдан кейин қайта тақсимланиб, тўрт-олти сўтихдан қилиб шаҳарлик хизматчиларга улашилган. Устамонлар йўл топиб, бир эмас, икки, ҳатто уч ҳовлидан олишган (буни “участка”, дейишарди, вилоятларда ҳозир “чек” дейишади). Биттасини сотиб, пулига уй қуриб олишган. Дадажоним у пайтда ҳарбий комиссариатда ишлаганлар, иккита ҳовли олиш имкониятлари бўла туриб, биттасига қаноат қилганлари учун аяжонимдан кўп дакки эшитардилар. Сўфи ота ҳам иккитани “эплаштирган”  эканлар, узумзор томонни сотдилар. Ўша йили токлар чопиб ташланиб, каминанинг “ўғрилик” фаолияти бутунлай якун топди. Ўнг томонимиздаги ҳовли ҳам сотилди. Аллоҳ раҳмат қилсин, икки ҳовлини сотиб олган ака-укалар яхши одам эдилар. Уларнинг исмларига “бойвачча” сифатини қўшиб айтиш расм бўлган эди. Тез фурсатда данғиллама иморат солдилар. Агар бугунги бойлар билан солиштирилса, у бойваччалар “ўрта ҳол”  даражада бўлишлари мумкин. Агар тузум йўл берса, улар ҳам миллионер даражасига етишлари мумкин эди. Лекин озгина бойлик тўплаб, қўрқиб яшардилар. Айниқса Хрушчев даврида, 1962-64 йилларда улар анча беҳаловат бўлдилар. Меҳнатсиз даромад топган, деб кўпларини қамадилар, уйларини мусодара қилдилар. Ўша йиллари бизнинг уйимиз оҳори тўкилмаган гиламларга, ялтироқ жавонларга ва турли биллур, чинни идиш-товоқларга тўлиб кетган эди. “Сизларни текширишмайди”, деб бойликларини олиб чиқиб қўйишарди. Шу даражада бўлди-ки, жавонларнинг оғирлигидан уй поли чўкиб кетди.

Бир куни ярим тунда кўча эшигимиз қаттиқ тақиллади. Келган киши бетоқатроқ эканми, дадажоним чиққунларича қайта-қайта тақиллатди. Ўшлик қариндошларимиз “ўнинчи июлда сизларникига кетяпмиз”, деб телеграмма юборишган экан. Қариндошларнинг келишлари биз учун янгилик эмас. Уй тор бўлгани билан кўнгил кенг эди. Ҳатто мактабдаги синф хонасида турганимизда ҳам меҳмондан безор бўлмаганмиз. У воқеанинг ёдда қолганига сабаб: меҳмонлар телеграммаларидан бир кун олдин келиб бўлишган эди. Ваҳимачи почтачи телеграммани бераётган дамда қўшниларнинг дарвозалари ҳам очилди. У кетгач, “Абдумалик ака, тинчликми?” деб ҳол сўрашди. Тинчлик эканини билишгач, уйларига кириб кетишди. Билмадим, қимматбаҳо моллари бизникида бўлмаганида ташвишланиб чиқишармиди ё йўқми?.. “Камбағалнинг пули йўқ, бойнинг эса тинчи йўқ”, деганлари бежиз эмас. Хрушчев ишдан олиниб, бу таъқиблар тўхтагач, улар енгил нафас олиб, бойликларини олиб чиқиб кетишди. Уйимиз ҳувиллаб, яна эски шолчаларда қолдик. Гиламларни олиб чиқиб қўйишгани билан ерга тўшамаган эдик, иккитаси деворга қоқилган бўлса, қолгани бўзга ўралганича нафталинда турган. Бир қўшнимиз гиламини бошқа танишиникига ҳам қўйган экан, улар яхши қарашмаганми, бир учи чириб тушибди. Ўша гиламни бизга арзонга, энг муҳими насияга сотишди.

Ён томонларимиздаги ҳовлини сотиб олган ака-укаларнинг каттасига олти сўтих ер тор кўриниб, дадажонимни авраб дебдики: “Ҳовлингизни узунасига ярмини менга сотинг. Пулига уйингизни яхшилаб оласиз”. Дадажоним соддаликлари учунми ё бунақа нарсаларга яхши тушунмаганларми, ҳар ҳолда кўнибдилар. Эрталаб усталар ҳовлинининг энини ўлчаб, қозиқ қоқаётганларига ажабланган аяжоним ҳақиқатни билиб қолиб бақириб бердилар.  Дадажоним ҳеч қачон бировга қаттиқ гапирмаганлар, ғазабланганларини ҳам сезиш қийин эди. Томоқ қириб қўйиш билан чекланардилар. Аяжоним эса аксинча, ғазабда ўзларини тия олмасдилар.

“Бизни сиқилиб ўлсин, деяпсанларми!”, “Камбағалнинг уйи куйсинми!”

Аяжоним қарғаганлари йўқ,  норозиликларини юрак дарди билан ифода этдилар холос. Бу усталарга таъсир қилиб, ишни тўхтатдилар. Бой қўшнимиз ҳам ҳовлини бўлиб олиш фикридан қайтди.

Дуоибад қилмоқ, яъни бандага Аллоҳдан ёмонлик тиламоқ мусулмон фарзандига хос эмас. Баъзан қарғишларни эшитиб қоламиз: банда кўзларининг кўр ёки оёқ-қўлларининг шол бўлиб қолиши сўралади Аллоҳдан. Бу каби қарғишларда икки ҳил нодонлик мавжуд: агар банда айбдор бўлса унга қандай жазо беришни Яратганнинг ўзи билади. Жазо тури банда томонидан белгиланмайди. Фараз қилайлик-ки, қарғиш тегиб, ўша одам кўр бўлди. Хўш, бундан дуоибад қилган одамга бирон наф борми? Фақат кўнгил қувончи бор. Бу кўнгил қувончининг эгаси эса иблисдир.

Баъзилар ўзлари ёмон деб фараз қилувчи кишиларнинг ўлимини ҳам истайдилар. Аввало ўлим баддуо билан бўлмайди. Бу тақдир ёзуғидир. Хўш, ўша одам дунёни тарк этса, дуоибад қилғувчининг ҳаёти чиройлироқ бўлиб қоладими?

Ёмон ниятли  дуодан кўра хайрли –яхши дуо қилмоқлик Одам фарзанди учун фойдалироқ эмасми? Ёмон деб ўйлаганимиз одамга Аллоҳдан инсоф, ҳидоят сўрасак-да дуоларимиз ижобат бўлиб у киши яхшилик йўлига ўтса, фақат бизга эмас, жамиятга фойда-ку!

Дуоибад учун савоб йўқ. Аллоҳ яратган бандаларининг бир-бирларига яхшилик қилишини истайди ва шу мақсаддаги хайрли дуолар учун ажр беради. Яхши мукофотдан юз ўгириш нодонликдир.

Бу масалада яна бир мулоҳаза бор: кимнингдир кўр ёки шол бўлишини ёки тезроқ ўлишини истовчи банданинг дили қандай экан? Кир ва қора эмасмикин? У ҳолда бошқа бир дили қора уни дуоибад қилиб ўтирмаганмикин?

Иморат баланд қилиб тиклангани етмагандай, томни ҳаддан зиёд кўтариб юборишганда ҳам аяжоним бир ғазабландилар. Уй соҳиби  “Кеннойим ранжияптилар, томни пасайтирайликми?”-деб сўраган экан, дадажоним, “энди тахталарни қоқиб қўйибсизлар, бузиб ўтирасизларми, тураверсин”, дебдилар. Шу тарзда икки қаватли уй баландлигидаги иморат тикланиб, ҳовлимизга офтоб тушмайдиган бўлиб қолган. Хрушчев таъқиби бошланган кезларда уй дарвозасини беркитиб ташлашди, кейин бошқа кишига сотишди. Уйнинг янги соҳиби ҳам томнинг баландлигидан хижолат бўлиб гап очилганда “бузайликми?” деди. Лекин “Бу иморатни сиз тикламагансиз, овора бўлманг”, дедилар.

Чап томонимизга ҳам баланд иморат тушди. Ўша давр учун бу иморатлар ғоят ҳашаматли эди (Ҳозир янги авлод бу уйларни таг-туги билан бузиб, ҳақиқий ҳашаматли иморатлар тиклашяпти. Ҳалолидан топиб қуришаётган бўлишса, манманликка берилишмаса, “буюрсин”, деб дуо қиламиз). Бу қўшни иморатини Сўфи ота томонга орқа қилиб тиклагани учун улар ғоят ранжишди, кўп жанжаллар қилишди, ҳатто ариқ сувини иморат пойдевори томон буриб, ертўлани сувга тўлдираверишди.  Оқибатда уй захлайверади ва жанжал кучайгандан кучайди. Бир қарасангиз, иккови ҳам ҳаққа ўхшайди. “Пул меники, ер меники, уни қандай қурсам қуравераман”, дейди бири. “Ҳовли меники, экин меники, қандай суғорсам суғоравераман”, дейди иккинчиси. Бу жанжалнинг боши – манманлик. Бироқ, унга ҳасад аралашди-ю, яра фасод боғлади.

Икки қўшни бир парча ерни “Бу меники! Йўқ, меники!” деб талашаётганида ер тилга кириб, “талашмаларинг, икковинг ҳам меникисанлар, икковинг ҳам бағримга кирасанлар”, деган экан. Ҳамонки, одам вафот топгач, бир хил либосда, бир хил лаҳадда, бир хил ҳолатда ётар экан, озгинагина умрини жанжал билан ўтказмай яшаса бўлмас эканми, деб ўйлайман.

Жанжал оқибатида том бузилиб, пастлатилди-ю, икки қўшни орасида иттифоқ битими имзолангандай бўлди. Лекин олдинги жанжаллар иттифоқчилик чиннисини синдирган, чегалангани билан изи қолган эди.

Шу каби келишмовчиликларга қарамасдан, қўни-қўшнилар орасидаги меҳр-оқибат яхши эди, дейман. Тўй-маросимларда қўшнилар қариндошдан афзал хизмат қилардилар. Хайит байрами арафасида ҳар бир хонадонда одатдагидан кўпроқ ош дамланарди. Биз – болалар ўн-ўн беш қўшниникига косада ош тарқатардик. Имкони бўлганлар, қозонда ўзлари учун гўшт қолмаса ҳам, майда-майда тўғраб косаларга солиб берардилар. Имкон тополмаганлар гўшт ўрнига беҳи ё шолғом, баъзан картошка тўғраб солардилар. Имкон топганлар тандирда нон ёпиб, коса устига биттадан қўярдилар. Иккитадан бўғирсоқ, қуштили ҳам қўйиларди. Қўшнининг байрам дастурхонига шу тарзда ҳисса қўшиларди. Ҳозир, афсусларким, ундай эмас. Икки, кўпи билан уч хонадон бир-бирига косада ош чиқаради. Ёшларимиз бу одатнинг гўзал маъносини фаҳм этмай, “қўшнининг ошига ҳожатимиз йўқ”, деб  адашяптилар. Баъзи хонадонлар “ош чиқармаймиз”, деб ўзаро келишиб ҳам олишармиш. Меҳр-оқибат рамзи бўлган одатни шундай бемаъни келишув остида йўққа чиқаришлари нодонликдир. Бу одатни уч-тўрт қўшни ўзаро ўйлаб топмаган ва ўзаро йўққа чиқаришлари ҳам мумкин эмаслигини, бу одатга риоя қилишда савоб борлигини ёшларимиз унутмасинлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Шўрва пиширганингизда сувини кўпроқ қилинг. Кейин қўшниларингиздан хабар олинг ва уларга мувофиқ равишда шўрвадан солиб беринг”, деб марҳамат қилганлар. Ойиша онамиз (р.а.)  Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ўзлари кўпинча шундай қилганларини таъкидлаганлар. Овқат қизғанилмайди, Худога шукур, йигирма-ўттиз қўшнини йўқлашга  ҳар бир хонадоннинг имконияти бор. Фақат… аёлларимиз салгина эътиборсизлар, салгина ялқовлар, салгина меҳрсизлар. Эрларнинг эса бу билан ишлари йўқ!

Луқмони ҳаким   айтганлар: “Оғир тош кўтардим, темир кўтардим,  аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарса кўрмадим”.

Биз ўз хонадонимиз аҳли билан қандай яхши муомала қилсак,  қўшнилар билан ҳам шундай муроса қилишга буюрилганмиз. Ота-она ва фарзанд бурчлари қандай бўлса, қўшнининг қўшни олдидаги бурчи ҳам ўшандай даражададир. “Қўшнинг ёмон бўлса кўчиб қутуласан”, деган мақол барчага маълум. Лекин қўшним ёмон экан, деб тинмай кўчиб юрилаверилмайди. Дардни ичга ютиб, жаҳаннам азобида яшайверишдан ўзга чора қолмайди.  Қандайдир ҳолатларда эса муроса қилишга ҳам тўғри келади. Мазкур мақол кимдир томонидан шунчаки тўқилмаган, балки шарафли ҳадис асосида айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилиб юрадиган дуоларидан бири бундай бўлган: “Э Аллоҳ! Мен яшайдиган ердаги ёмон қўшнининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Чунки фоний дунёдаги ёмон қўшнидан кўчибгина қутулиш мумкин”. Ёмон қўшнининг ёмонлиги ҳамиша бўлавермаса ҳам,  ёмонлиги бўлиб қолишидан чўчиб яшашнинг ўзи ҳам катта азиятдир.

Бир маҳаллага ўт кетиб, деярли барча уйлар ёнибди. Бу хабарни эшитган одам хавотирланиб, югуриб келаётган экан, қўшниси пешвоз чиқиб:

-Ташвишланманг, бутун маҳалла ёнди, аммо сизнинг уйингизга ҳам, дўконингизга ҳам ўт етмади, — деб суюнчилабди.

Бу хушхабарни эшитган одам беихтиёр равишда:

-Аллоҳим, менинг мулкимни омон сақлабсан, ўзингга шукур, — деб қувонибди. Аммо уч-тўрт қадам юргач, қандай гуноҳга ботганини англаб, йиғлаб юборибди-ю, саждага бош қўйиб истиғфор айта бошлабди.

Аллоҳ унинг мол-мулкини асрагани учун ҳамд айтган эди. Энди нечун тавба қиляпти?

Гап шундаки, унинг шукронаси замирида худбинлик мавжуд. Яъни, маҳалланинг куйиб кул бўлгани уни ташвишга солмаган, биродарларига ачинмаган, у ўзининг уйи омон қолгани учунгина хурсанд эди. Аввалига билмадики, Аллоҳ уни синаш учун мулкини омон сақлади. Эртами индин янада азоблироқ синов юбориши мумкин. Яъни, бутун маҳаллани омон сақлаб, унинг мулкини кулга айлантирмоғи ҳам эҳтимол. У киши шу ҳақиқатни англаб, мулкини жабрдийдаларга улашиб, сўнгги нафасига қадар тавба қилган экан.

У киши-ку гуноҳини англабди.

Англамаганлар қанча? «Отилган ўқ тўнкага санчиладими ёки қўшнимнинг кўксигами — мен учун фарқи йўқ, менга тегмаса бас», дейдиганлар озми?

Бундайларга деймизки, «Нодонлик қилманг, биродар, қўшнингизга ўқ узган тўппонча тепкиси яна бир марта босилиши мумкин, балки иккинчиси тўнкага ҳам эмас, қўшнингизга ҳам эмас, айнан сизнинг кўксингизга аталгандир? Сиз Аллоҳдан «Қўшнимни паноҳингда асра!» деб сўранг. Йиғлаб-йиғлаб юракдан сўранг. Шунда Аллоҳ сизни ҳам асрайди. «Қўшнимнинг ризқига барака бер», деб сўранг. Аллоҳ сизнинг ризқингизга ҳам барака беради.

Бир кишининг уйида сичқонлар кўпайиб кетибди. Дўсти мушук сотиб олинг, деб маслаҳат берибди. «Йўқ, биродар, мушук олсам, сичқонлар қўшнимникига қочиб чиқиб, уларни безовта қилади», дебди у одам. Яна бир одам қўшнисининг камчиқим бўлиб қолганини сезса, ҳадисга риоя қилиб, уйида уч-тўрт кун қозон осдирмас экан. «Биздаги таомнинг ҳиди уларнинг димоғига урилиб, қийнамасин», дер экан.

Сиз балки «Ундан кўра қўшнисига пул берса ёки таом чиқарса бўлмайдими?» дерсиз? Гап шундаки, жоҳил қўшни ҳадя, эҳсонни рад этиб, «мен сизга гадоманми?» деб ўжарлик қилар экан. Бунақа ҳолларда «Мен бердиму сен ноз қилдингми, баттар бўл», деб маишатини қилаверадиганлар ҳам бор. Булар Аллоҳнинг синовини англамаган гуноҳкор бандалардир. “Йа Аллоҳ, бундайларга ўзинг ҳидоят бер!” деб дуо қилайлик.

Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деган мақол бор. Бу ҳикматнинг мазмуни ойдек равшан, мулоҳазага ўрин йўқдек кўринади. Лекин “Қўшнинг тинч бўлмоғи учун  ўзинг нима қилишинг керак?” деган савол қўйилса, ҳар бир одам ўйланиб қолади. Қадим-қадимдан қўшничилик муаммоси донишмандлар диққат-эътиборида бўлган. Ҳозиргина эслаганим мақол бекорга вужудга келмаган: қўшнинг тинч — сен тинч! Бу демак, агар сен осойишталигингни истасанг, аввал қўшнингни осойишталик билан таъминла. Аввал ўзингни эмас, қўшнингни ўйла, дейилмоқчи. Бу мақол замирида одамларни биродарликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундаш ётади. Оилада ота-онасига, акалари-укаларига меҳрли бўлиб улғайган одам, шубҳасиз, қўшнига ҳам меҳрли бўлади. Ота ва онасини беҳурмат қилувчи одам қўшнини ҳам сариқ чақага олмайди.

Ёмон қўшнидан қутулишнинг йўлларидан бири – ҳар бир одамнинг ўзи яхши қўшни бўлишга ҳаракат қилиши керак. Яъни, бировга қилинажак ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам қўшнидан бошланади. Ҳатто Ватанни сотиш ҳам қўшнини сотишдан бошланади. Қўшнисини ёмонлаб имзосиз хатлар ёзадиган одам Ватанини сотмайди, деб ким кафолат беради? “Қўшнингга қасд этма, баст эт” (баст – қувонтириш маъносида) деган ҳикматга барча бирдай амал қилганда эди… Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар: “Э Расулаллоҳ! Фалончи хотин кечалари туриб ибодат қилади. Кундузлари рўза тутади ва одамларга хайр-эҳсон улашади ва бошқа яхши ишларни ҳам қилади. Лекин қўшниларига тили билан озор беради. Бунинг оқибати қандай бўлади?” Расулуллоҳ (с.а.в) жавоб бердилар: “Бу хотинда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”. Яна сўрадилар: “Фалоний хотин фарз намозларини ўқийди ва борини, арзимас бўлса ҳам, садақа қилади. Шу билан бирга у ҳеч кимга озор бермайди”. Аллоҳнинг расули (с.а.в.) жавоб бердилар: “Бу хотин жаннат аҳлидандир”.

Мазкур шарафли ҳадисни ўқигач, ён-атрофдаги қўшнилар орасида озор берувчи хотинларни кўз олдингизга келтириб, уларнинг бўлажак қисматига ачингандирсиз? Ачинганингиз яхши, лекин Аллоҳ таолога ёлбориб бундайларни ислоҳ қилишини сўрасангиз, янада яхши. Дуоларимизни Аллоҳ таоло ижобат этиб, қўшниларига тили билан озор етказувчи нодонларга ҳидоят берсин!

Ўзига тилаган нарсасини ўзгаларга, хусусан, қўшнисига тилайдиган, ўзига муносиб кўрмаган нарсани бошқаларга ҳам муносиб кўрмайдиган одамни иймонли, эътиқодли дейиш мумкин. Ким қўшнисига бало-қазо ёғилишини истаса – нодондир. Тасаввур қилингки, “қўшнимнинг уйини куйдир!” деб ният қилган одамнинг ноласи қабул этилди – қўшнининг уйи ёнди. Оқибат нима бўлди? Қўшнига офат тилаган нодоннинг уйи ҳам қўшилиб ёнди!

Набий муҳтарам (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ номи билан қасамки,  қўшнисини безовта қилувчи одам мусулмон бўла олмайди!” Яна дедилар: “Ким ўзи тўйиб овқат есаю, қўшниси оч ўтирса – иймонсиздир”. (Бошқа бир ривоятда: “Қўшнисининг очлигини била туриб, ўзи тўқ ётган одам  тўлиқ иймон келтирган ҳисобланмайди”.)

Тарихга назар ташласак, тақводор одамлар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) йўл-йўриқларига ҳамиша амал қилиб келганлар. Тансиқ овқатларидан албатта қўшниларига чиқарганлар. Агар қўшнилари муҳтож эканини билсалар-у, унга ёрдам беришга қурбилар етмаса, таомнинг ҳиди чиқиб қўшнимга озор бермасин, деган хижолатда ўз уйларида овқат пиширтирмаган одамлар ҳозир ҳам бор.   Қадимда муборак ҳаж ибодатига отланган одам қариндошлари ва бола-чақалари билан бир қаторда қўни-қўшниларни ҳам моддий томондан таъминлаб, ризолигини олар экан.

Шарқ ривоятларидан бирида бундай ҳикоя қилинади: Бир одам чоғроқ шолча устида ўтирган экан. Ёнига қўшнисини чорлабди. Қўшниси: “Э биродар, шолчангиз бир парчагина-ю, яна менга иззат кўрсатмоқчи бўласиз-а”, деб кулибди. Шунда лутф кўрсатган қўшни дебди:

-Бир-бирига душманлик қилувчи ноаҳил қўшнилар бутун дунёга ҳам сиғишмайди. Аҳил қўшнилар бир парча шолчага сиғиб, роҳат кўраверадилар. Гап шолчанинг торлигида эмас, кўнгилнинг кенглигида.

Яна бир ривоятда айтилишича, бир бургут човут солиб ҳовлидаги қуённи кўтариб кетибди. Ўша ҳовлида яшайдиган чумчуқ қуёнга ачиниш ўрнига мазах қилиб чириллабди:

-Эй чопағон қуён! Чопағонлигинг ёрдам бермадими?!

Чумчуқнинг чирқиллашини эшитган қирғий учиб келибди-ю, уни човутига илибди. Шунда қуён унга қараб: “Жуда тез учардинг-ку, қанотларинг фойда бермадими?” деган экан.

Масалдан олинадиган маъно шуки, қўшни бошига келган фалокатдан кулиб, мазах қилиш ярамайди. Балки қўшни оғир аҳволга тушса, унга ёрдам бериб, бундан қутқариш керак. Қўшни бошига келган фалокатдан қувонган кишининг ўзи ҳам бирор фалокатга учраши тайин.

Қўни-қўшнилар орасидаги нохуш ҳолларга кўпинча манманлик сабаб бўлади. Нисбатан тўқроқ, бойроқ одам гердайса, керилса, менсимаса яхши оқибатга олиб келмайди. Айтадиларки, Қиёмат куни камбағал қўшни бой қўшнининг ёқасига ёпишади ва дейдики: “Э Раббим, Ўзинг сўра бундан! Нечун, шариатга кўра менга бериши лозим бўлган нарсани бермади, менга эшигини ёпди?”

Камбағалроқ қўшнида ҳасад, ичқоралик бўлса ундан яхши оқибат кутманг. Қўшнисини норози қилган бойроқ одам Аллоҳ таолонинг истаги билан эртага бойлигидан ажралиб қолиши, қўшнисига ҳасад қилиб иғво тарқатган эса эртага эл-юрт олдида обрўсизланиши, шарманда бўлиши мумкин. Суқрот ҳаким: “Икки нарсани ислоҳга келтириш жуда қийин: қариндош-уруғларнинг бир-бирларига бўлган адоватларини ва қўшниларнинг ҳасадини”, деганлар.

Кишининг бошига кулфат тушса, биринчи навбатда қўшни ярайди. Шодлигингизни ҳам энг биринчи қўшнингиз баҳам кўради. Қишлоқларда, маҳаллаларда қўни-қўшничиликнинг гўзал анъаналари шаклланган. Доно қариялар бу анъаналарнинг асраб-авайланишини кузатиб туришади. Бироқ, афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчилар яхши анъаналарга амал қилишмайди. Бу даъво айниқса ёш оилаларга тегишли. Бир йўлакда тўрт-беш йил мобайнида қўшни бўлиб яшаган оилалар бир-бирларини яхши танишмайди. Эрталаб ишга кетиш чоғларида ёки ишдан қайтишларида икки-уч кунда тасодифан бир кўришиб қолишлари мумкин. Сўнг уйларига кириб кетишгач, ташқарига чиқмайдилар. Қўшниникида нима гап – ишлари йўқ. Бунақа одамлар бошига бир нохуш иш тушса қўшнининг қадрига етади. Аммо кечиккан бўлишади. Аттанг, дейишади-ю, фойда бермайди.

Қўшничилик – бир чинни идиш кабидир. Дарз кетса, изи қолади. Шу сабабли яхши қўшничилик муносабатини эъзозлаган маъқул. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўшни ҳақини аниқ ва равшан тарзда белгилаб берганлар: “Биласизми, қўшнининг ҳақи нима?- дедилар ва бу саволларига ўзлари бундай жавоб қилдилар:

- Иона истаса – иона берасиз. Ёрдам сўраса – ёрдам берасиз. Қарз сўраса – қарз берасиз. Камбағаллашса — рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса – зиёратига борасиз. Вафот этса – жанозасига қўшиласиз. Омад кулиб боқса – уни қутланг. Бошига мусибат тушса – таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг. Бирон мева олган пайтингизда унга ҳам беринг. Агар бермоқчи бўлмасангиз, уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирон мева бериб ташқарига чиқариб юбормангки, қўшнининг боласи шундай нарсага эга бўлмагунча бундан ўпкаланиб юрмасин. Қозонингизда қайнатган гўшт ҳиди билан уларни нотинч қилманг. Агар келтирган гўштингиздан бир парчасини унга кесиб берган бўлсангиз, гўшт ҳиди таралишининг айби йўқ. Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима?  Аллоҳга қасамки, қўшни ҳаққини фақат Аллоҳ марҳаматига ноил бўлган кимсаларгина ўтай олади”.

Бу ибратли сўзлардан аёнки, ҳар биримизнинг зиммамизда масъулият бор. Бу масъулиятни тўғри адо этсаккина яхши хулқ эгаси бўламиз ва Аллоҳ таолонинг раҳматига эришамиз.

Мазкур сатрлар ёзилаётган кунларда Руссиядаги бир воқеани эшитиб, даҳшатга тушдим. Ёшга етмаган чақалоғи ва икки ёшли боласини уйда қолдириб, кўчага чиққан бир жувонни автомашина босиб ўлдиради. Ҳужжати бўлмагани учун марҳуманинг кимлигини аниқлаш қийин кечади. Бу орада уйда қолган икки гўдак йиғлай-йиғлай очдан ўлади. Қўшнилар эса уларнинг йиғиларига аҳамият бермайдилар. Болаларнинг ўликларидан ҳид чиқа бошлаганда “газнинг ҳиди чиқаётгандир”, деб яна эътибор бермаганлар…

Худога шукур, бизда бу даражадаги бемеҳрлик, беоқибатлик йўқ, бўлмасин ҳам! Лекин бунақаси йўқ, деб хотиржам бўлишимиз ҳам дуруст эмас.

Баъзи келинларимиз кўчага сув сепиб-супиришганда қўшни чегарасидан бир қарич ҳам ўтмайдилар. Дарвозалари ёнма-ён бўлса-да, қўшни дарвозаси олдини супуришдан ё эринадилар ё бу хизматнинг савоб эканини билмайдилар.

Исломда қўшни ҳаққига катта аҳамият берилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу хусусда дедиларки: “Ҳазрати Жаброил қўшни ҳаққига риоя этмоқ тўғрисида менга шу қадар кўп васият (топшириқ) қилдилар-ки, мен қўшнини ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим”. Мазкур шарафли ҳадиснинг таъкиди ўлароқ, Мужоҳид ҳикоя қилади:

“Бир куни  Абдуллоҳибн Умарнинг (р.а.) уйида эдим. Ўғли қўй сўйиб, терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ “Қўйни сўйиб бўлганингдан кейин, қўшниларга беришни ёнимиздаги яҳудий қўшнидан бошла”, деб топшириғини бир неча марта такрорлади. Охири ўғли: “Неча марта айтасиз, ота?” деб ажабланди. Шунда Абдуллоҳ дедики:

-Расулуллоҳ қўшничилик ҳаққига шу қадар кўп ўгит берардилар-ки, биз қўшнини қўшнига ворис қиладилар шекилли, деб ўйлардик”.

Шарафли ҳадисларда марҳамат қилинган талабларни ҳар бир муслим ва муслима бажариши шарт. Бажариш учун эса бу талабларни билиши керак.

Бир куни Ойиша онамиз (р.а.) нон ёпдилару бир сабаб бўлиб, бу нонни қўшнининг қўйи ея бошлади. Ойиша онамиз (р.а.) қўй оғзидан нонни олмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Майли, ундан қолгани ҳам бизга кифоя қилади, қўйнинг бу иши тўғрисида гапириб, қўшнига озор бермагин”, дедилар.

Қуръони каримнинг Нисо сурасида яхшилик қилиш ҳақидаги оятда “яқин қўшниларга” ва “ён қўшниларга” дейилган. Уламолар “яқин қўшни”ни “қариндош қўшни”, “ён қўшни”ни эса яқинлиги йўқ, яъни бегона қўшни, деб тафсир қиладилар. Набий муҳтарам (с.а.в.) бу борада марҳамат қилдилар-ки: “Қўшнилар уч хил бўлади: битта ҳаққи бор қўшни – ҳаққи энг кам қўшнидир; иккита ҳаққи бор қўшни ва учта ҳаққи бор қўшни – буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди, битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса – мусулмон ва қариндош қўшнидир. Унинг қўшнилик, мусулмонлик ва қариндошлик ҳақлари бор”.

Ҳазрати Ойиша онамиз (р.а.) “Ҳадяни икки қўшнидан қай бирига берайин?” деб сўраганларида Аллоҳнинг расули (с.а.в.): “Қайси бирининг эшиги сенга яқинроқ бўлса, ўшанга бер”, деб марҳамат қилдилар.

Этибор қилинса, қўшнилар сифатларига, яъни бой ёки камбағалликларига, чиройларига, ширин сўзларига қараб ажратилмайди. Биз ҳаётимизда айнан шу нуқтада хатоликларга йўл қўямиз. Девор-дармиён қўшнимизнинг бир қилиғи ёқмагани учун ундан узоқроқ бўлишга интиламиз. Ўн дарвоза наридаги қўшни билан апоқ-чапоқ бўлгимиз келади. Дарвоқе, дарвозаларнинг яқин ёки узоқлигига қараб нечта хонадон қўшни саналади? Ҳасан Басрий ҳазратлари шарафли ҳадисга асосланиб, ҳовлингизнинг олд томонидан қирқ ҳовли, орқа томонидан яна қирқ, ўнг томонидан яна қирқ, чап томонидан яна қирқ ҳовлининг ҳаммаси қўшни ҳисобланишини таъкидлаганлар. Демак, кичикроқ бир қишлоқ ёки маҳалла аҳли бир-бирига яқин қўшни ҳисобланар экан. Айрим ривоятларда қўшниларнинг адади ўн ҳовли миқдорида белгиланган. Яна айрим ривоятларда маҳалла чегараси, дейилган. Бу борада баҳслашмай, афзалини олавериш керак. Кимнинг қирқ хонадон билан яхши қўшничилик алоқасини ўрнатишга имконияти бўлса, қуввати етса, барака топсин! Кимнинг имконияти чегараланган экан, қўшни ҳаққига риоя қилиши шу доирада бўлаверади.

Ҳасан Басрий ҳазратларига бир аёл келиб аҳволидан шикоят қилди. “Уйинг қаерда?” деб сўрадилар. “Сизнинг уйингиздан етти эшик нарида”, деди аёл. Ҳасан Басрий ҳазратлари бор пулларини санаб кўрсалар етти танга экан. Ҳаммасини бердилар. “Ё Аллоҳ, ҳалокатга учрашимга оз қолибди-я!” дедилар. У зот етти хонадон наридаги қўшниларининг оғир аҳволда эканидан бехабарликларини ҳалокат деб билганлар.

Бир одам муҳтожликдан қийналаётган қўшнисининг уйини сотиб олди. Кечаси йиғи овозини эшитди. “Ким йиғлаяпти?” деб сўради. “Сотилган уйнинг эгалари”, деб жавоб беришди. “Уларни чақириб айтинглар, қалблари эзилмасин, сотган уйларини қайтардим, ўзларига буюрсин, мендан олган пуллари уларга ҳадя”.

Бундай саховат эгалари ҳозир ҳам борми ё ривоятларда қолиб кетганми? Балки турган жойи кўзига тор кўриниб, қўшнисининг ҳовлиси эвазига кенгайтирмоқчи бўлган юраги торлар бордир орамизда?

Кунлардан бир куни  Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (раҳматуллоҳи алайҳ)  деворлари қулади. Шогирдларидан бирининг қўшни томондан бир оз тупроқ олиб, лой қорганини кўриб қолдилар-да у шогирдни “менга ярамайсан”, деб ҳузурларидан нари қидилар. Девор учун бошқа лой қордирдилар.

Қўшни ҳовлисидаги бир сиқим тупроқнинг ҳақи не эканини биладиганлар борми ҳозир сафимизда?

Баъзи бировлар яқин қўшни эканини пеш қилиб, индамай кириб келаверадилар. Улар балки номаҳрам назар нима эканини билмаслар? Беижозат кириб келишлари оқибатида қўшнини хижолат қилиб қўйишлари мумкинлигини ўйламаслар? Қаранг-да, агар қўшнининг индамай кириб келаверишига ижозат бўлса, эшик қуришга не ҳожат бор эди? Даврада шундай саволни айтганимда кимдир биров “ўғри кирмаслиги учун”, деб жавоб берди. “Уй эгаси минг пойласин, ўғри бир пойласин”, деган мақол айни ҳақиқат. Дарвоза ёки эшик энг қалин темирдан, ўн қават қилиб ишланганда ҳам, қасд қилган ўғрига бу тўсиқ ҳеч гапмас.

Набий муҳтарам баракот ва баракотсизлик хотинда, масканда ва отда бўлишини айтдилар. Масканнинг баракоти — турар жойининг кенглиги ва қўшниларининг яхши инсонлар бўлишидир. Бебаракалиги — тураржойининг торлиги ва қўшниларининг ёмон феъл-атворли инсонлар бўлиши билан боғлиқ.

Қўшничилик бурчи фақат қўшнига азоб бермасликдангина иборат эмас. Қўшни учун қандайдир қийинчиликни зиммага олиш ҳам керак бўлади. Чунки қўшнига азоб бермасликнинг ўзи, ҳали бурч ўталди, деган гап эмас. Бунинг учун ҳатто маълум бир қийинчилик ё ноқулай аҳволга чидаш ҳам камлик қилади. Чунки, шу билан биргаликда қўшнига яхши (меҳр билан) ва мулойим муомала қилиш, унга хайр-садақа қўлини узатиш керакдир.  Шу ўринда бир оз қайтариқдай туюлса ҳам, қўшни бурчи ҳақидаги фикрларни яна давом эттирайин.

ўаззолий ҳазратлари шарафли ҳадиснинг тафсири сифатида бундай баён қиладилар:

“Қўшни билан учрашганда салом билан сўз бошламоқ, гаплашганда гапни чўзмаслик, кўп савол бермаслик, касал бўлганда кўргани бориш, бошига мусибат тушганда таъзиясида унинг билан бирга сабрли бўлиш, севинчли онларида қутлаш – унинг севинчи билан севиниш, хатоларини кўрмасликка олиш, уйини жосусларча кузатмаслик, деворига бир нарсалар қўйиб ёки осиб ғашини келтирмаслик, унга тегишли жойдан сув олмаслик, уйининг олдига ахлат ва супиринди тўкмаслик, ўтиш йўлларини торайтирмаслик, бирон баҳона билан уйига қарамаслик, қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик,  у йўқлигида уйини қўриқлаш, унга қарши айтилган сўзларга қулоқ солмаслик, маҳрамига оид хусусларда кўз юммоқ, хизматчисига қарамаслик, боласига ширин сўзлар айтиш, диний ва дунёвий масалаларда билмаганларини ўргатиш…”

Қўшни ҳаққи – қўлдан келганича унга яхшилик қилишда экан. Шу боис ҳам Набий муҳтарам (с.а.в.) “Қўшнига яхшилик қил, тинч-саломат бўласан… Кимнинг Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймони бўлса, қўшнисига нисбатан иззат-икромда бўлсин”, деб марҳамат қилганлар. Халқимизда бу шарафли ҳадисдаги маънони давом эттирувчи мақоллар ҳам бор: “Қўшнингни янима, киноя сўз доғ этар, қурбинг етса кўмаклаш, эшигингни боғ этар”. “Қўшнинг ёмон бўлса – ёмонлик келар, қўшнинг яхши бўлса – омонлик”.

Ҳозир турли кўринишда, услубда, ҳажмда янги уйлар қуриляпти. Айрим уйларнинг пастки қаватида дўкон, тўйхона, қаҳвахона ёки ҳунармандлик устахонаси мавжуд. Дўкон, қаҳвахона ҳам, устахона ҳам қўшнига озор бермайдиган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, магнитофондан эрта-ю кеч ашула жаранглаб турса, темирчи босқонда уриб турса, тутун бурқсиб турса… Ёки устахонадан таралаётган бўёқнинг ўткир ҳиди қўшнининг димоғини ачитиб турса. Бир қўшни болохона қургани учун иккинчисидан ранжиди. “Болохонани ўзимнинг еримга қурдим, сенинг нима ишинг бор?” дейди у қўшни. Зимдан қаралса, гапида жон бор. Лекин ўша болохонадан туриб қўшнининг ҳовлисига номаҳрам назар тушиб туриши-чи? Бу томони ўйланмайдими? Донолар деганлар-ки: “Кўчага, қўшним томонга мағзава тўкканимдан кўра, бу мағзавани ўз устимга тўкканим афзал”. Бу ҳикматни тушуниш қийин эмасдир?

Маълум бўлдики, ўзини иймонли санаган ҳар бир мусулмон қўшничиликка доир бурчларини оғишмай адо этиши зарур экан. Бу борада эр ва аёлнинг масъулияти орасида фарқ кўрамиз. Эрлар майда-чуйда нарсаларга кўпда эътибор бермайдилар. Аксинча, қўшнилар орасининг бузилиши хотинларнинг ўзаро чиқишмаслиги, миш-мишлари, ғийбатлари туфайлидир. Қўшнининг келини аразлаб кетиб қолса ёки қизи қайтиб келса, қувонадиганлар озми ёки кўпми?

Шундай ҳикматли гап бор: “Фалончиникида қўш ноғора қизиб, тайёр туради. Қўшнисиникида бир гап бўлса ноғора қоқиб, элга ошкор қилади”. Шундай одамлар ҳам ўзларини иймонли ҳисоблайдиларми? Бир хонақоҳда намоз ўқиб, ибодатдан сўнг тескари қараб кетадиган қўшнилар-чи? Агар улар “У қўшни бу қўшнининг бегуноҳлигига амин бўлмаса, бу қўшнининг иймони шубҳа остида бўлади… Қиёмат Куни биринчи бўлиб, ёвлашиб қолган қўшнилар муҳокамага қўйилади”, деган шарафли ҳадисни билганларида эҳтимол бундай қилмаган бўлардилар.  Қўшнисининг уйига мўралашни яхши кўрадиганлар-чи? Агар улар “Изнсиз бировнинг уйига мўралаган одамнинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади”, деган ҳадиси шарифни билганларида эҳтимол ўзларини бу гуноҳ ишдан тўхтатган бўлардилар.

Ҳа, бу борада ҳаммамизнинг ўйлаб кўрадиган ишларимиз бор. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Бизнинг ёшлигимизда кўрганимиз шундай эди-ки, у вақтда ҳеч бир киши ўз олтин-кумушини бошқа мусулмон биродаридан азизроқ ҳисобламас эди. Ҳозир эса, ҳар биримиз учун олтин-кумуш ҳар қандай мусулмон биродаримиздан яхшироқ бўлиб қолди”.

Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан сўрадилар: “Зино нима?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Зино қилиш ҳаром, уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Киши ўнта хотинни зино қилгани гуноҳи қўшнисининг хотинини зино қилгани гуноҳидан енгилроқдир”. Яна сўрадилар: “Ўғрилик тўғрисида нима биласизлар?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Ўғрилик – ҳаром. Уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Набий муҳтарам дедилар: “Ўнта хонадондан ўғрилик қилиш битта қўшни уйидан ўғрилик қилишдан енгилроқдир”.

Нима учун қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга кўп аҳамият берилади? Сабаби: ён қўшнисига меҳрибон бўлолмаган одамдан узоқдаги нотаниш мусулмон биродарига меҳр-оқибат кутиш қийин. Қўшниларга яхшилик қилиш – жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат этади. Донишманднинг “Қўшниси яхши қаримас”, деган ҳикмати айни ҳақиқатдир. Ёмонга қўшни бўлган одам денгиз сайёҳига ўхшайди. У ғарқ бўлишдан қутулса ҳам, қўрқувдан қутула олмайди. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтдиларки: “Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас (аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшайдиган қўшнидир”.  Бу ҳикмат асосида ҳар биримиз ўзимизнинг хулқимизга четдан назар ташлаб кўрсак яхши бўларди. Қўшнимиздан яхшиликни талаб қилаверамиз ёки унинг ёмонлигидан нолийверамиз. Хўш, ўзимиз яхшимизми? Бизнинг ёмонлигимиздан қўшнимиз ўзгаларга ҳасрат қилмаётибдими? “Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ” мақоли айни бизга аталмаганмикин?

Бир одам қўшнисидан нарвон сўраганда бермаса, ё бирон баҳона қилса, у ҳам вақти келганда ўша қўшнисига кетмонини бериб турмайди. Бу ҳол қўшнилар орасидаги соғлом муносабатни бузади. Нарвон ҳам, кетмон ҳам ейилиб қолмайди. Тўғри, синиб қолиш эҳтимоли бор. Аммо бу фожиа эмас. Тузатса бўлади ёки янгисини сотиб олиш мумкин. Синган буюм эгаси саховатли бўлса, қўшнисини хижолат қилмайди: “Ўзи синай-синай деб турувди, келган бало-қазо шунга урсин”, деб қўя қолади. Иймони заиф бўлса, қўшнисига маломат тошлари ёғдириб, буюмнинг янгисини сотиб олиб беришини талаб қилади. Агар синган нарвон эгаси камхаржроқ бўлса, тўлашни талаб қилмаса ҳам, синдирган қўшни инсоф юзасидан янгисини сотиб олиб бергани дуруст.

Қўшни бирон нарса сўраб чиққанида бериб турилса савоб.  Қўшнидан  бирон буюмни қизғаниш мўминларнинг хулқидан эмас. Балки Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китобни ёлғон дейдиган риёкор кишиларнинг ишидир. Лекин бу гўзал хулқни суиистеъмол қилиш ҳам яхши эмас. Шундай хонадонлар борки, тез-тез ишлатиб туриладиган рўзғорталаб буюмларни ўзлари сотиб олмайдилар. Қўшнилардан қайта-қайта сўрайверадилар. Дазмол куйиб қолганида то тузатилгунича ёки янгиси олингунича сўрашнинг айби йўқ. Лекин бу сўраш узлуксиз давом этмаслиги керак. Айрим хонадонларда това ёки гўшт майдалагич йўқ. Ҳолбуки, шу буюмларни сотиб олишга қурбилари етади. Бир латифа бор: ота ўғлига “Қўшнидан теша олиб чиқ”, деб буюради. Ўғил “қўшнимиз тешасини бермади”, деб қуруқ қайтганда ота аччиқланиб дейди: “Жуда бахил-да, булар! Бор, ертўладан ўзимизнинг янги тешани олиб чиқ!”

Хонадонга келин бўлиб тушувчи қизларимиз бу масалада айниқса зийрак бўлишлари шарт. Қайнона-қайноталари ёки хонадоннинг бошқа аъзоларига қандай ширин муомала қилсалар, қўшнилар билан ҳам ўшандай, балки ундан зиёда хушмуомалада бўлишлари талаб этилади.  Уйдаги муомалаларида хатоликка йўл қўйсалар, бир-икки танбеҳ билан масала ҳал бўлади. Лекин қўшниларга нисбатан бирон бурчни бажармасалар, бир камчиликлари ёнига яна бештаси қўшилиб, атрофга достон қилинади. Шундан эҳтиёт бўлсалар – марра уларники!

***

Қўшниларимизнинг ҳозирги оилаларга нисбатан афзал фазилатларидан бири шукроналикда кўринишини айтдим. Ҳозиргилар ёш оилалар аҳамият берадиган яна бир жиҳати – қўшниларимизнинг деярли барчалари “кўп болалик оила” ҳисобланардилар. Ўша давр қоидасига кўра “Қаҳрамон она” унвони берилганлар ҳам бор эди. Рўпарамиздаги Мушарраф опоқимиз, сўнг Нури, Рисолат, Маъфират… опоқиларимизнинг ҳар бирлари 10-12 фарзанднинг суюкли оналари эдилар. Булар орасида беш фарзанддан иборат бизнинг оила “кам болалик” ҳисобланарди. Қайсидир йили Москвада дўкондан гўшт олмоқчи эдим. Уч киши навбатда турган экан. Мен тўртинчиси бўлдим. Шунда бир одам келиб “Мен кўп болаликман, бенавбат оламан”, деди. “Нечта боланг бор?” деб сўрадим. “Иккита” деди ғурур билан. “Менинг учта болам бор, навбатга тур”, дедим. Унинг ғурурланиши бежиз эмас, у томонларда бешта-ўнта фарзанд у ёқда турсин, уч болалик оилалар ҳам кам эди. Рус халқининг тобора камайиб бориши ҳақидаги ташвишли суҳбатлар ўша замонда бошланиб, ҳозирга қадар давом этяпти. Авваллари кичик давраларда гапириларди, энди президенти бонг уряпти. Бу муаммо деярли барча ривожланган мамлакатларни ташвишга солган. Уларда “миллатнинг қариши” деган муаммо пайдо бўлган.

Саксонинчи йилнинг бошларида Москвада фантаст ёзувчиларнинг кенгашида Бестужев-Лада деган социология профессори шу ҳақда гапириб, “фантастлар космосга қарайвермасдан Ер муаммоларини ҳам ечишлари керак”, деди. Мен сўзга чиққанимда шарқ фантастикаси ҳақида гапиргач, унга жавобан дедим-ки: “Муҳтарам профессор, сиз таъкидлаган муаммо фақат ғарбга, яъни Европага хосдир. Бизнинг Осиёда бу муаммо йўқдир. Ўзбеклар бола туғилиши бўйича биринчи ўринда турадилар, ўзбек эркаклари номидан ваъда қиламан-ки, бу илғорликни йигирма биринчи асрда ҳам қўлдан бермаймиз”. Ҳақиқатга асосланган бу ҳазилга кулдилар. Мендан кейин сўзга чиққан тожикистонлик адиб эса: “Ўзбеклар туғилиш бўйича биринчи эмаслар, биринчилик Туркманистонда”, деб гапни жиддий томонга бурди. Ундан сўнг сўзга чиққан москвалик адиб: “Тоҳир Малик ҳазилнамо қилиб айтган бўлса ҳам, унинг гапи тўғри, Ўзбекистон умумий сон жиҳатдан олдинда, Туркманистон эса жон бошига ҳисоблаганда биринчи”, деб масалага ойдинлик киритганди.

Набий (с.а.в.) «Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, Қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан», деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳолиси ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса, олимлари: «Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!» деб жар соладилар. Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 милён, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 милён экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 милёнга етибди. Франция аҳолиси эса 39 милёнга етибди. Бу дегани 80-90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 милён ошганлари ҳолда французлар 11 милёнга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай, миллат қайғусида шундай ёзган экан: «Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат Ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз – французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак». Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар. Энди Пол Демарнинг тадқиқотини давом эттирсак, бу ҳолатга дуч келамиз: ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб Англиядаги аҳоли сони 45,3 милён, Германияда 76,5 милён, Францияда эса 53 милённи ташкил этган. Бу рақамларни солиштиришдан аввал орада икки марта Жаҳон уруши бўлиб ўтганини, миллионлаб одамлар ўлдирилганини ҳисобга олишимиз керак. Демак, кейинги 60-70 йил ичида Англия аҳолиси камайибди, олмонлар ва французлар эса кўпайибди. Лекин шунга қарамай, уларнинг олимлари ҳануз ташвиш билан бонг урадилар. Чунки кўпайиш айни шу миллат вакиллари ҳисобига бўлмаяпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу мамлакатларга бошқа қитъалардан одамларнинг кўчиб келиши кўпайди. Гарчи миллионлаб осиёликлар, африкаликлар ҳам шу мамлакат фуқароси ҳисоблансалар-да, айни шу миллат шаънини белгиламайдилар. Фикримнинг исботи учун шу мамлакатлар футбол терма командаларига назар ташлайлик: асл инглиз ёки французларга нисбатан келгинди халқлар вакилини кўпроқ учратамиз. Илгари бу мамлакатларнинг мустамлакачилари осиёлик ва африкаликларни зўрлаб, қул қилиб ҳайдаб келган бўлсалар, эндиликда бу қитъалардан ёпирилиб келаётганларнинг йўлини тўсолмай гаранглар. Таъбир жоиз бўлса, қадим қулларнинг авлодлари бугунга келиб қулдорлар юртини забт этяптилар.

Мазкур баён оққа кўчирилаётган пайтда Германияда чиқадиган «Вельт» газетаси ўтказган бир тадқиқот билан танишиб қолдим. Бу тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёлллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки, ўн беш йил муқаддам бу кўрсатгич анча паст бўлган. Сўровга жавоб берганларнинг 44 фоизи эр ва аёлларнинг бир-бирига бўлган ишончсизлигини ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бандлигини асосий сабаб сифатида кўрсатишган. Германия ҳукумати фарзанд кўраётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини йилдан йилга кучайтириб боришига қарамай, аҳволнинг бу даражага тушиб қолиши жамиятни ташвишга соляпти. Чунки Германия демографик кўпайиш жиҳатидан дунёдаги охирги ўринлардан бирига тушиб қолибди. «Наҳотки пул топишга бўлган қизиқиш оилавий бахтдан юқори турса?» «Берлинер цайтунг» газетаси жамият ташвишини шу савол орқали кун тартибига қўйибди.

1982 йилда Латвияда бўлганимда, шу ерлик бир ёзувчи «яқин юз йил ичида менинг миллатимдан ном-нишон қолмайди», деб афсусланган эди. Чиндан ҳам ўша пайтда латвияликлар сони бир милённи ташкил қилар, туғилиш даражаси эса паст эди. Миллатни сақлаб қолиш учун ҳар оила камида уч фарзандни дунёга келтириши керак. Иккита фарзанд – ўринга ўрин қолди, демак. Битта фарзанд – миллатнинг кескин камайишидан дарак. Фарзандсиз оила – миллатнинг фожиаси. Европа олимлари ўз миллатларининг тақдиридан ташвишланиб, кўпайиш жиҳатдан суръати тез миллатларда туғилишни камайтириш чораларини кўришга ҳаракат қиладилар. Шу ниятда турли халқаро анжуманларга йиғилишиб, талай халқаро битимлар, қарорлар имзолайдилар.

Шулардан бири аёлларнинг ҳомиладор бўлишлари олдини олиш, абортга расмий рухсат берувчи қонунлар қабул қилишга даъват қилиш каби уринишлардир. Бу ҳаракатларга Ислом олами қатъий қаршилик билдирди. Рим папаси ҳам бу уринишларни Худонинг хоҳишига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Зотан, хотин ва фарзанд Худованди Каримнинг улуғ неъматларидан саналгани учун бу неъматларга куфр келтирмоқликдан сақланиш шарт.

Агар диққат қилиб кузатсак, бугунги жамиятларда адолатли мувозанатларнинг бузилиши кузатилмоқда. ўарбда аёллар ўта ахлоқсиз, беҳаё бўлиб кетишган. Юз йил аввал бунақалар камроқ эди десак, энди кишининг ақли ҳисобдан адашиб кетади. Бундай ҳолатларни  хорижга қилган сафарларим даврида  кузатдим. ўарбнинг кинофильмлари ҳам фикримни исботлайди. ўарб аёллари ўзларини эрлар билан тенг ҳуқуқли деб билишади. Ислом динида бундай эмас. Оилада эр ва аёлнинг ўз ўрни мувозанат ва адолат билан белгилаб берилган. Бу мувозанат бузилган жамиятларда «эркин муҳаббат» деган аҳмоқона, айтиш мумкинки, ҳайвонларга ҳос тушунчалар туғилди. Яъни эр-хотин биргаликда яшайверади, аммо хотин кўнгли тусаган эркак билан, эр эса кўнглига ёққан аёл билан зино қилаверади. Агар бола туғилса, қайси эрдан туғилганини аниқлаш учун ирсият соҳасидаги мутахассисларга мурожаат қилишади. Бу ҳам етмагандай эркакнинг эркак билан аёлнинг аёл билан никоҳларини расмийлаштириш бошланди ва бу ҳайвоний қўшилишни ҳам муқаддас ном – «оила» деб атаяптилар.

Афсусларким, ҳаётда фарзандидан кечувчи нопок оналар ҳам бор, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинувчилар ҳам бор. Жамият фақат ўз нафси учун яшаётган, ароқхўр ёки фоҳишаларни «она» деган шарафли номдан маҳрум қилади. Айримлар болани туғиб сўнг ундан юз ўгирадилар.

Жоҳилият замонида араблар кўп фарзанд кўрсалар «боқа олмаймиз», деб ўлдирар эканлар. Аллоҳ бундай бандаларга қараб: «…болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз. Биз сизларни ҳам уларни ризқлантирамиз», деб амр қилади. Бу ояти карима фақат ўтмиш арабларига эмас, бугун «аборт» деб аталмиш қотилликдан қайтмаётган аёлларга ҳам таалуқли. Ана шундай имонсиз аёлларга Саҳл ибн Ҳанзалиянинг (р.а.) сўзларини ибрат сифатида эслатсак: у зот ҳеч фарзанд кўрмаган эканлар. Аллоҳга муножот қилиб дер эканларки: «Аллоҳ таоло менга чала туғилса ҳам бир фарзанд берса-ю, кейин уни раҳматига олса ва мен фарзанд доғига сабр этиб, шунга Аллоҳдан бўладиган савобни умид қилсам, бу мен учун бутун дунёдан ва ундаги ҳамма нарсалардан ҳам яхшироқ бўлар эди…»

Кунлардан бир кун қўшиқчи синглимизнинг телемухбир билан қилган суҳбатлари кишини таажжубга солди. Синглимиз санъат чўққисини кўзлаб, шаҳарга келибдилар. Эрлари билан ажралишибдилар. Уч ёшли фарзандлари қишлоқда, оналари тарбиясида экан. «Уйга борсам, болам мени танимайди», деб кулдилар. (Ақлли она бундай ҳолда йиғлаши керакмасми?) «Оиламни нима қилай?» деган саволларига жавобан устоз қўшиқчи опаларидан «сен санъатни ўйла», деган «доно» насиҳатни  олибдилар.

Ҳеч ким «аввало она бўлинг», демабди.

Ҳозир «уйга борсам болам танимайди», деб куляптилар.

Кейинчи, йиллар ўтиб йиғламайдилармикин?

Икки туяқуш оила қуриб, кўпайиш илинжида тухум қўярканлар-у, оғирликлари туфайли уни синдириб, кейин фиғон чекарканлар. Охири улар доно туяқушдан маслаҳат олмоқ учун неча куну неча тун йўл босиб, саҳронинг нариги четига борибдилар-да:

— Бизга ёрдам беринг, биздан ҳам насл қолсин, — деб ялинишибди.

Уларнинг изтиробларини тинглаган доно туяқуш:

— Насл қолдириш учун фақат истак-хоҳишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу осон иш эмас, машаққатни енгишингиз лозим бўлади, — дебди

— Қандай машаққатлигини айтинг, биз ҳаммасига тайёрмиз, — дейишибди икки туяқуш.

— Ундай бўлса, диққат билан тинглангу, ёдингизга муҳрланг: насл қолдиришнинг энг муҳим шарти — юрак тафтидир. Қўйган тухумингизга фақат юрагингизнинг ҳароратигина жон бера олади. Шунинг учун унга энг қадрли, энг азиз нарсадай муносабатда бўлинг ва эҳтиётланг.

Эр-хотин туяқуш бу маслаҳатга амал қилишибди. Тухум қўйилгач, ҳар қандай роҳатдан воз кечиб, фақат унинг учун парвона бўлишибди. Очлик, сувсизликка ҳам чидашибди. Оқибат улуғ мукофотга эришишибди — тухум ёрилиб, жажжи туяқушнинг бошчаси кўринибди…

Ашулачи синглимизга Худо овоз берибди, фарзанд ҳам берибди-ю, юрагига ҳарорат бермабди-да, аттанг…

Инсон табиати кўп ғалатидир: бойлигини йўқотса, қайғуради, дунё кўзларига қоронғу кўринади. Аммо, ҳаётининг кунлари мангуга йўқолаётгани билан иши йўқ…

Бир куни каттақўрғонлик нотаниш йигит қўнғироқ қилиб мен билан учрашмоғи ғоят зарур эканини айтди. “Келинг”, дедим. Ўша куниёқ асрдан кейин етиб келди. “Асрни ўқиб олай”, деди. Намозни ўқиб олгунича дастурхонга чой-нон келтиришди. Йигит бир пиёла чой ичгач, кетишга ижозат сўради. Ажабландим, шошқич келишининг сабабини сўрадим. Ҳозир таом пишишини, овқатланмай туриб кетишига ижозат бермаслигимни айтдим. “Ака, мен тижоратчиман, сизни бекорга безовта қилибман”, деди. Мақсадини тушундим: унинг тижорати орқага кетиб, қарз бўлиб қолгандир. Мени бой ёзувчи деб ўйлаб, ёрдам истаб келган. Аммо данғиллама иморатда эмас, отамдан қолган эски уйда яшашимни кўриб, бу ҳақда оғиз очишни истамай қолган.

-Афсуски, моддий томондан ёрдам бера олмайман. Тўғри йўл кўрсатиб, маслаҳат ҳам бера олмайман, чунки тижорат соҳасида билимсизман. Бу соҳада иқтидорим мутлақо йўқ.

Йигит “билиб турибман”, дегандай бош ирғади-ю гапирмади. Таом келгунча суҳбат қовушмаса-да, ҳали боғдан, ҳали тоғдан, дегандай гаплашиб ўтирдик. Овқатдан сўнг у яна бир дардини айтди:

-Хотиним яна ҳомиладор… бу аҳволда тўртта болани боқа олмаймиз. Хотиним аборт қилдирмоқчи.

Мен Қуръони каримда зикр этилган ояти каримани айтиб, каттақўрғонлик йигитга насиҳат қилдим. У бош эгганича жимгина тинглади. Қарорини айтмай, кетишга изн сўради.

Орадан икки йил ўтиб,  у йигит яна келди.

-Насиҳатингизни хотинимга етказган эдим, у гуноҳдан қайтди. Худо бизга ўғил берди. Ҳукуматдан суюнчи пули олдик. Мен шу пулни тижоратга сарф қилган эдим, баракали бўлди, қарзлардан қутулдим, ҳозир дастурхонимиз тўлди. Сизга раҳмат.

-Аллоҳга шукур қилинг. Дастурхонингизнинг тўкинлиги тўртинчи фарзандингизга қўшиб берилган ризқу насиба. Аллоҳ амрига қарши чиқмаганигиз учун хонадонингиз қут-баракали бўлган,-дедим.

Бизнинг қўшниларимиз, камбағалчиликларидан нолимаган ҳолда, ҳомиладаги болани олдириб ташлашни ўйламаганлар. Ҳозир хонадон аҳлидан бири  тўй қилса, тўйхона қариндошларнинг ўзи билан тўлиб қолади. Бу ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидан биридир.

Донишмандлар «Бахтиёрлик ичра сен бахтсизликка учрашдан қўрққил», демишлар. Биз эса қўрқмаймиз. Бахтни бир умрлик инъом сифатида қабул қиламиз. Ўйламаймизки, бахт — меҳмондир. Меҳмон бир соат ўтирадими ё ўн кунми — оқибат изига қайтади. Бахтиёрликни иззат билан кутиб олиб, сўнг кузатмоққа шай турмоқ керак. Уйимизга келувчи меҳмонларнинг шакл-шамойиллари турлича бўлганидек, «бахт» деб аталмиш меҳмон ўрнига келувчи янги меҳмон унингдек бўлмайди. Бахт ўрнига келгувчи меҳмоннинг номи — «бахтсизликдир». Ҳа, айнан шундай. Бахтсизлик ҳам меҳмондир. Унинг ҳам иззатини жойига қўйиб кутиб олмоқ ва кузатиш тадоригини кўрмоқ лозимдир. Бахтсизликнинг ўрнига келажак меҳмон, шубҳасиз — бахтиёрликдир. Масъудликка кўникмаслик ва маҳлиё бўлмаслик керак, чунки у ўткинчидир, боқий эмасдир. «Ким масъуддир — ундан ажралмоқликни ўргансин, ким бахтлидир — қайғурмоқликни ўргансин», деган эканлар.

Давоми:

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар