О Р И Я Т

Oriyat

————Қисса————

Buy
Катта тут дарахти остидаги сўрида боласининг кўйлагига тугма қадаб ўтирган аёл ўз-ўзидан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, кулги борган сайин авжига чиқиб, тут шохига қўниб турган бир жуфт чумчуқ “пир” этиб учиб кетди, қаҳқаҳа овозини эшитган болалар уйдан югуриб чиқишди.

Аёл тикаётган кўйлагини бир четга улоқтириб ўрнидан турганида сўрининг тахталари силкинди, бошидаги рўмоли сирпаниб тушиб, тўзғиган сочлари кўринди, тиззасига суяниб қўғирчоқ ўйнаётган икки ёшли қизчаси Меҳри қалқиб тушди. У буни сезмади ҳам, бошяланг, оёқяланг ҳолда дарвоза томон юриб, кўчага иқиб кетди. Қизча онасига эргашиш учун сўрининг четигача келди-ю, қандай тушишни билмай атрофга аланглади ва иложини тополмай қўлларини чўзганича онасини чақирди:

– Она, онажон!

Синглисининг йиқилишидан чўчиган Санам уни овутмоқчи бўлганди, қулоқ солмади, хархашасини давом эттираверди.

– Тушаман… Тушаман…

Санам Меҳрининг кўчага чиқиб кетишидан қўрқиб уни алдашга ўтди: қўғирчоғини йўргаклаб берди, олмади, шохни эгилтириб, тут териб узатди, тўкиб юборди, сўнг орқасига ўгирилиб тушмоқчи бўлди ва оёқларини узатганди, сўри баландлик қилиб, осилиб қолди.

– Йикиламан… Йикиламан…

Ноилож қолган Санам қичқираётган синглисини тушириб қўйганди, у дарвоза томонга пилдираб кетди.

– Кўчада кучукча бор, оёғингни тишлайди, – деди Санам Меҳрининг йўлини тўсиб қўлидан ушларкан.

Қизча опасининг қўлини силтаб чопиб кетаётганида тошга тўқишиб йиқилди ва тиззаси шилинди. Меҳри энди ўтирган жойида тиззасини ушлаб йиғлади, Санам унинг тиззаларини ўқалаб қўйди-да, кичкина оёқчалари билан ер тепинди:

– Нега синглимни йиқитасан, тепаман сени, тепаман…

Меҳри бирпас жим бўлгач, яна қўли билан дарвозани кўрсатиб йиғлади:

– Она! Онажон! Онамга бойаман!

Синглисига гап уқтиролмаган Санам чарчади ва нажот кутгандай опасига қаради: ерга тўкилган тутларни пуфлаб,  ҳовучига солиб капалаётган Бодом унга эьтибор ҳам бермади, оппоқ тут таъми хуш ёққаниданми иштаҳа билан кавшанарди.

Қўлидаги ўйинчоқ милтиқчани ковлаб зериккан Хайрулла Шамсиддиннинг пинжига тиқилганди, акаси итариб юборди ва у мувозанатини йўқотиб, дабдираб кетди, Ғайбиддин ушламаганида нақ ҳовузга бориб уриларди. Санам энди Шамсиддинга қарамоқчи бўлди, лекин нигоҳи унинг мушт бўлиб тугилган қўлларига тушди-ю, юзига қарашга ботинолмади, кўзларини олиб қочди.

Тез-тез такрорланадиган бу манзара болаларга ёд бўлиб кетган, улар оналари билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни лоқайд кузатишар, фақат Шамсиддингина жаҳлига чидолмаётганини сездириб қўярди. Ҳозир ҳам синглисининг хархашаси асабига тегиб, бақириб юборди:

– Ўчир овозингни! Ўчир! Бир ураман, ўласан!

Акасининг ўдағайлашидан қўрққан Меҳри Санамга ёпишиб жим бўлди. Санам кўйлагининг этагини қайириб, синглисининг бурнини артиб қўйгач, овутиш учун сўрига олиб чиқди, онасининг қутичасида турган икки дона гугурт чўп ва тугмадан қўлбола қўғирчоқ ясади. Чўп учини тугманинг ўртасига қўйиб, қийқим билан ўради ва иккинчи чўпдан қўл ясаб, ип билан чандиб ташлади, бошқа қийқимни қайириб ёқа очиб, тугмачага кийдирди. Қўлларини икки томонга чўзган қўғирчоқ Меҳрига ёқиб қолиб, завқ билан томоша қилди, бир зумда онасини унутиб, қўғирчоғига алла айта бошлади:

– Алла, болам, алла,

Шакай болам, алла…

Шамсиддин эса нафратига чидай олмай ҳовлининг у бошидан бу бошига бетоқат юраркан: “Бошланди! Бугун ҳам бошланди!”, – дер эди нуқул.

Кўп ўтмай дарвоза очилиб, аёл қайтиб келди, онасини кўрган Меҳри унга талпинди, аёл ҳам тўғри қизи томон юрди, қўллари билан юзларини силади, эркалади ва даст кўтариб елкасига ўтқизди-да, яна кўчага чиқиб кетди.

Болалар қўрқув билан акаларига қарашди, Шамсиддиннинг қўллари ҳануз мушт бўлиб тугилган, кўзлари ғазабдан ёнганича Меҳрини кўтариб олган онасининг ортидан қараб қолди, аммо йўлини тўсмади, қайтармади, ўзига ҳадик билан тикилиб турган укалари ва сингилларига қараб:

–Ўлмайдими! Ишингиз бўлмасин, – деди

Аслида онасига гап ўқтириб бўлмаслиги, уни тўхтатиш учун қўлларидан тортиб судраганлари, боғлаб қўйганлари, дарвозани қулфлаганлари кор қилмагани жаҳлини ичига ютишни ўргатаётганди Шамсиддинга. Бугун ҳам юраги лахча чўғ бўлиб турганига қарамай бепарволарча гапирди:

– Ўлмайдими!..

Шамсиддин уйга кириб, ҳозиргина бўлиб ўтган воқеаларни унутиш учун телевизор қўйиб, бирпас томоша қилмоқчи бўлди-ю, кўнглига сиғмади. Укалари барибир бола-да, Шамсиддин ҳовлига чиққанида, улар қувлашмачоқ ўйнашаётганди…

Order insurance coverage for viagra ХХХ

Ўшанда табиат камалакранг қўшиғини бошлаб, атроф баҳор оғушига шўнғиган дамлар эди. Буғдойзорлар шамол беланчагида тебраниб қўшиқ куйлаётганга ўхшайди, яқиндагина қишнинг оппоқ кўрпасига бурканган яланғоч дарахтлар энди яшил либосларини кийиб олишган.

Қишлоқда ҳамма қимирлаб қолган: кимдир экин экса, кимдир экинига сув тараяпти, кўплар ипак қурти боқаётгани учун ариқ бўйларидаги каллакланган тутлар кўклам ҳуснини бузиб тургандай гўё.

Қишлоқнинг тор асфальт йўлидан онасининг елкасига мингашиб бораётган Меҳрининг оғзи қулоғида, гўё бутун дунё қувончи унга ҳадя қилингандай ортларидан эргашиб келаётган болаларга қараб қиқир-қиқир кулади ва шодлигини сездириш учун оёқларини қимирлатиб-қимирлатиб қўяди, гоҳ тилини чиқариб уларни мазах қилган бўлади. Болалар эса уларни масхаралаб жўр бўлиб қичқиришади:

–Жинни, жинни, жиннининг қизи…

Ўзини қўл узатса етмайдиган баландликда – осмон-у фалакда деб ҳис этаётган Меҳри парвозга шайланаётган қушдай қўлларини ёзади ва тушиб кетишдан қўрқиб яна онасини маҳкам ушлайди. Гоҳ Маъқул холанинг бошига пешонасини қўйиб ором олади, унинг ҳидига маст бўлгандай кўзларини юмади. “Жинни”, деган сўзнинг асл маьносини тушунмагани учун бу ҳақорат унга чивин чаққанчалик таъсир этмайди.

Болалардан бири ердан кичкина тош олиб отди, бошқаси қўлидаги чўп билан аёлнинг кўйлагидан тортқилади. Маъқул хола бунга эътибор ҳам бермай шахдам қадам ташлар, тез юрганидан болалар унга етиб олиш учун чопиб боришарди.

Улар аёлнинг жиғига тегиб, томоша кўришни исташаётганди, шу боис ердан қўлларига илинган нарсани олиб ота бошлашди, қай бирининг отгани мўлжалга тегди, кутилмаганда аёл бирдан тўхтаб, ортига ўгирилди, болалар чўчиб тушишди ва кичикроқ бири қўрққанидан йиғлаб юборди.

Рўпарадан келаётган киши болаларни койиб берди, Меҳрига қараб: “Қизчани бирор иш қилиб қўймасин-да”, – деб бошини сарак-сарак қилди.

Меҳрига болаларнинг масхара қилиши, йўловчиларнинг ачинганнамо нигоҳи аҳамиятсиз, ақлдан озган бўлса-да, онаси ёнида эканидан бахтиёр эди.

Буғдой далалари, олмазор боғлардан ўтиб, қишлоқ чеккасига чиқишганида болалар орқада қолиб кетганди. Йўл-йўлакай аёл гоҳ ўзидан-ўзи жилмайди, гоҳ хандон отиб кулди, сой бўйига келиб, кичкинагина кўприкдан йўлнинг нариги бетига ўтиб, қўшни қишлоқдаги дала шийпонига етгач, таққа тўхтади ва миясига нимадир урилгандай бирдан тисланиб, ортига қайтди…

Она-бола ҳовлига кирганларида атрофга ғира-шира қоронғилик чўкиб, ҳавога салқин тушган, болалар уйда дастурхон ёзиб, нон ковшаётган эдилар. Ақли тиниқлашган аёл сўрида тушиб қолган рўмолини боғлади-да, югуриб ошхонага кирди.

Кўп ўтмай болалар ўтирган дастурхон устига бир товоқ қовурилган картошка пайдо бўлди…

ХХХ

Навбатдаги “томоша” орадан ўн кун ўтиб, тушдан кейин бошланди. Маъқул хола тонг саҳардан туриб, сигир соғиб, ширчой осди ва нонуштадан сўнг болаларини мактабга кузатиб қўйди. Ҳовлини супуриб-сидиргач, аллақаердан беризент топиб, тутнинг тагига тўшади-да, сўрига чиқиб, узун калтак билан тут қоқди. Беризентнинг тўрт томонини кўтариб, тутларни ўртага тўдалади, тоғорачага солиб, бир косасини бетоб ётган қўшниси Малика момога узатди.

Кун тушдан оққач, боши ғувиллай бошлади, гўё миясида арилар ин қургандай безовталанди, юраги гуп-гуп уриб, бўлажак хатардан огоҳ этди. Аёл хатарни қайтаргиси, кесиб ташлагиси келди ва Малика момонинг: “Маъқул, сени момоларинг шу куйга солган, қўл олиб фолбинлик қил, енгил тортасан”, – деган сўзларини эслади. Ўшанда, чиқмаган жондан умид деб қўшнисининг айтганини бажарди, фикрлари чувалашиб, миясида оғриқ сезгани заҳоти аллакимдан сотиб олган доирасини чаладиган бўлди.

Бугун ҳам вужудида ўзгаришни пайқаши билан сомонхонага яширган доирасини олди ва доирага бошқоронғи аёлдай кўзига бошқа нарса кўринмади, доиранинг бир четини тиззасига тираб, икки қўли билан уришга тушди. Салқин жойда захлаб ётган доирадан “тап-тап” этган овоз эшитилган сайин онасининг ёнида чўккалаб ўтирган Меҳри завқланар, жажжи бармоқчалари билан доирани уриб, унга жўр бўларди.

Онаси бошқа дунёга кириб қолганини англаган Санам уйда ўзидан катталар йўқлиги учун қўрқиб кетди ва кўчада ўйнаб юрган Хайруллани чақириб келди. Ака-сингил Меҳрини оналарининг олдидан узоқроқ олмоқчи бўлишди-ю, уддасидан чиқишолмади.

– Кетмайман. Онам билан ўтийаман, – деди у.

Ноилож қолган болалар узоқдан оналарини жимгина кузатиб туришганда, дарвоза очилиб, Ғайбиддин кириб келди. “Демак, мактабдан қайтадиган вақт бўлибди”. Уйдаги можаролар юрагини зада қилган Санам билан Хайруллани ваҳима босди, ҳадемай Шамсиддин келиб, ниманидир бошлашидан хавотирга тушишди.

Ака-сингил оналарининг яқинига келиб, доиранинг бир четидан тортишди, Ғайбиддин ҳам сумкасини сўрига қўйиб, ёрдамга келди, аммо аёл болаларини итариб ташлаб, кучининг борича доирани чалаверди.

Ногаҳон дарвоза қаттиқ тақиллади ва Ғайбиддин кўчага чиқиб, ҳеч ким йўқ экан, деб келди. У сўзини тугатар-тугатмас дарвоза яна тақиллади ва бир тўда болаларнинг қийқириғи, “жинни, жинни”, деган овозлари эшитилди. Қайси бири дарвозани очиб, ҳовлига тош отди. Хайрулла дарвозани ёпиб қўймоқчи бўлди-ю, улар тиралиб олгани учун кучи етмади, бир зумда болалар дарвозахонага кириб,  доира овозига монанд масхараомуз рақсга тушишди.

Орадан кўп ўтмай Шамсиддин билан Бодом мактабдан қайтди, уларни кўрган болалар тумтарақай қочишди. Қовоғидан қор ёғилаётган Шамсиддин уйга кириб, сумкасини отиб юборди ва кийимларини алмаштираётган эди, ташқаридан ён қўшнилари Салтанат опанинг овози эшитилди:

–Доиранинг овозини ўчир! Қулоғим қоматга келди-ку! Жинни бўлсанг жиннихонага бор, Маъқул.

Маъқул хола қўшнисига қайрилиб ҳам қарамай чалаверди, унинг ичига кириб, бошқарувни қўлига олган номаълум жонзод буюрарди:

–Чалавер!

Аёл чалаверди. Чалиб ором олди, таскин топди, енгил тортди, маза қилди. Салтанат опа баттар тутақди, катта-катта кўзлари янаям катталашди, бир қўлини белига тираб, бир қўлини шоп қилганича оғзидан тупук сачратиб мўлтираб турган болаларга ўшқирди:

–Ҳей, сенларни эгаларинг борми ўзи? Бу жинни билан қандай яшайсанлар? Йўқотинглар уни, жиннихонага олиб бориб ташланглар.

Қўшнининг бақириғини эшитиб, кўчадан ўтаётган йўловчилар дарвозадан мўралашди, томошаталаблари ичкаригача кирди. Бир зумда ҳовлида ўн-ўн беш чоғли одам тўпланди. Шамсиддин анчагача ўзини кўрсатмай турди, аммо қарадики, ҳовлиси томошахонага айланяпти.

–Кет ҳамманг! – бақирди у уйдан югуриб чиқаркан. – Кетларинг! Йўқолларинг! – У қўшни аёлга ўгирилди. – Сен ҳам кет! Гапинг тугаган бўлса, йўқол!

Шамсиддиннинг важоҳатини кўриб, тўпланганлар бирин-кетин жўнаб қолишди, Салтанат опанинг жаврагани кўчадан ҳам эшитилиб турди:

–Касал бор, демайди, кекса бор, демайди. Дапир-дупири жонга тегиб кетди бу тентакнинг.

–Олтмишга киргунча остингга қара, дейдилар, товба денг, келиной, худо уриб қўйган бечора болаларни устига чиқиб тепманг, гуноҳ бўлади.

Шамсиддин Малика момонинг овозини таниди, жаҳл устида унга ҳам ўшқириб юборганидан пушаймон еса ҳам энди кеч эди.

–Тарафкашлик қилманг. Сизнинг ҳовлингизга эшитилмас, аммо бизникига буларнинг тиқ этган товуши ҳам етиб боради…

Малика момо Салтанат опага яна нимадир деди, у ўзиникини маъқуллади, Шамсиддин уларга қулоқ солиб ўтирмади, дарвозанинг орқасига тамба қўйиб, онасига яқинлашди-да, қўлидан доирани тортиб олиб, ошхонага кирди ва пичоқ билан илма-тешик қилди, бунга ҳам қониқмай гардишини синдириб, тандирда ёқиб юборди. Аёл ўғлига ёпишиб, уни тўхтатмоқчи бўлди-ю, кучи етмади, майда бўлакчаларга бўлинган гардиш ловуллаб ёнди. Оловни кўрган Маъқул холанинг жазаваси тутиб, ўғлига тармашди. Шамсиддин уни итариб юбориб, дуч келган жойига тепа бошлади, кичкина Меҳри бунга чидолмади, онасининг устига ётиб олди, энди Шамсиддин Меҳрининг ёқасидан ушлаб,  уларни қўрқув ва ваҳима билан кузатиб турган укалари ва сингиллари томон итариб ташлади.

Маъқул хола кўзи қонга тўлган ўғлининг тепкисидан қўрқиб, ғужанак бўлиб олди. Шамсиддин уни ура-ура чарчади, толиқди, кучи қолмади. Қўлларининг ҳаракати ўз-ўзидан секинлашиб, сусайди, сўнг батамом тўхтади. Ва… кутилмаганда йиғлаб юборди.

Оила бошига тушган кулфат унинг юрагида оғриққа айланган ва у бу оғриқ олдида ожиз қолганди. Онасини уриб, аламидан чиқмоқчи эди, бўлмади, таскин топмади. Доирани ёқиб хумордан чиқмоқчи эди, қониқмади. Хўрлиги келаверди. Йиғлагиси келаверди. Секин-секин бошланган йиғи тобора баландлашди, тобора кўтарилди. Сўнг овози битиб, хириллаб қолди…

Хонадондаги бақир-чақирларга кўникиб қолган қўшнилардан бири Шамсиддиннинг йиғлаганини эшитиб, энди нима бўлаётган экан, дегандай девордан мўралади, ногаҳон унинг кўзи ўзига ачиниш билан тикилаётган нигоҳга тушди-ю, сапчиб ўрнидан турди ва ҳовуз олдида турган челакни унга отди. Ортидан кетмонни, супургини, хуллас, қўлига дуч келган буюмни деворга қараб улоқтирди. Қўшни бошини девордан олса ҳам Шамсиддин тўхтамади. Қўлига илингулик нарса қолмагач, ердан кесак олиб отди, кесаклар деворга урилиб, сочилиб кетди. Шамсиддин бу билан ҳам қониқмай деворнинг тагига бориб муштлай бошлади. Муштлаб ҳам толиқди, ҳоли қолмади, сўнг муздай ерга бошини қўйиб, кўзларини юмди…

Калтак зарбидан пажмурда бўлиб ётган аёл тепасида йиғлаб ўтирган Меҳрига қаради. Қўлларига суяниб ўрнидан тураркан, аъзойи бадани зирқираб оғриётганини сезди, тўзғиб кетган сочларини текислаб, рўмолини боғлади ва Меҳрининг пешонасига пешонасини қўйиб йиғлаб юборди…

Buy ХХХ

Кўпинча Маъқул хола вужудидаги ўзгаришни сезмай қолади, ақли ўзига бўйсунмайди, танасига ўрнашиб олган номаълум жонзод уни измига солади, бошқарувни қўлга олиб, бошқа оламга етаклаб киради ва ҳукмини ўтказади: дам кулдиради, дам йиғлатади, ташқарига чиқаради, ичкарига олиб киради ва аёл унинг чизган чизиғидан чиқолмай, нимани буюрса, шуни қилади.

Баъзан Маъқул хола туппа-тузук гаплашиб ўтирганида жонзод тусатдан таҳдид солаётганини сезиб, жонҳолатда бақириб юборади:

– Кет! Кет!

У бу сўзларни ихтиёрсиз равишда ёнидаги суҳбатдошига айтаётган бўлади.

Аёл ўз оламидан чиққан вақтлар болалари елкасини тоғдай юк босади, улар болаликнинг мусаффо оламидан узоқлашиб, алам ва изтироб билан қоришган дунёга тушгандай ҳис этишади ўзларини ва лаҳзада рўй бериши мумкин бўлган “томоша”ни – оналарининг бутун ҳовлини кўчириб юборадиган қаҳқаҳасини ёки томдан тараша тушгандай янграйдиган доира овозини кутиб яшашади. Мана шу нарсанинг ўзи уларни улғайтириб юборди ва атиги тўрт ёшли Санам Меҳрини овутадиган энагага айланди, олти ёшли Хайрулла эркалигини йўқотди, саккиз ёшли Ғайбиддин кулмай қўйди, ўн ёшли Бодом эса ҳамма нарсага лоқайд, бепарво қарай бошлади.

Фақат Меҳригина ҳеч нарсани тушунмайди, фақат угина икки ёшли даврида, соғми, ақлдан озганми, онасига талпиниб яшайди, ҳеч қаёққа қўйиб юборгиси келмайди уни…

Болаларнинг отаси ўлган, ёлғиз амакилари ўз ташвишига кўмилиб кетиб, жинни янгаси ва унинг фарзандларини унутган, она томонидан бирор ичкўяр йўқлигидан оиланинг тўнғич фарзанди ўн тўрт ёшли Шамсиддин кимга суянишни билмай қолган ва эсини таниган сайин ортаётган орияти юрагига тикан бўлиб қадалаётган эди. Тенгқурларининг, Маъқул жиннининг боласи, деган мазахлари туфайли икки киши суҳбатлашиб турса, онасининг ғийбатини қилаётгандай, икки киши жилмайса, устидан кулаётгандай туюларди унга. Яшаётган ҳар бир куни таҳлика ва хавотирга қоришиб, кўзига ҳамма ёмон кўринди, айниқса, онаси, уни кўрса, шарпасини эшитса, энсаси қотадиган ва бутун вужудини ўргимчак тўридай ўраб олган орияти ғазабга минмаслиги учун нигоҳини ундан олиб қочадиган бўлди. Бу ҳол уни онасидан бегоналаштиргани етмагандай юрагини тошга айлантирди ва она-бола ўртасида кўз илғамас жарлик пайдо бўлди.

Шамсиддиндаги тошбағирлик синглиси Бодомга кўпроқ “юқди” ва у Маъқул холани соғ пайтида ҳам ҳурмат қилмай қўйди. Онасига ачинса-да, акасининг қовоғига қараб нафасини ичига ютиб ўтирадиган Ғайбиддин билан Санам, дунёнинг у ёғи ҳам, бу ёғи ҳам баробар Хайриддин, онасидан бошқани тан олмаган қизалоқ Меҳри… Маъқул холанинг оиласи ана шулар эди.

Шамсиддин баъзан укалари, сингилларини ҳам ёмон кўриб кетади,  “Шу аёлнинг болалари”, деган фикр миясига маҳкам ўрнашиб олади-да, уларнинг ҳар бири кўзига онаси бўлиб кўринаверади ва ўзининг ҳам шу аёлнинг боласи эканини унутиб қўяди.

Оиладаги муҳит уни одамови қилиб ташлаганидан синфда ҳам ўртоқларига қўшилмайди, онда-сонда Абдунаби исмли синфдош дўсти билан мактабга бориб келганини ҳисобга олмаса, аксарият якка ўзи юради, гоҳ кўзларини бир нуқтага қадаганича хаёл суриб ўтиради. Ҳовлисида гўё боғлаб қўйилгандай яшайди ва ҳар дам, ҳар сония боғловни узиб ташлагиси, узоқ-узоқларга қочиб кетгиси келади-ю, бироқ қаерга бориб, кимнинг бағрига ўзини отишни билмайди. Шундай пайтда ойим ўлди, ойдиним ундан нари, деб юрган амакисидан нафратланади.

Шамсиддиннинг қалбидаги изтироблар Маъқул холага бегона, ўзини соғман, деб ҳисоблайди, айтган гапини ҳам, қилган қилиғини ҳам эслолмай озор бергани учун ўғлидан ранжийди.

ХХХ

Ўша куни улар математика дарси ўтишаётган эди, қўнғироқ чалиниши билан бир синф ўқувчи ўзини ташқарига урди ва мактаб ҳовлиси ёнида давра қуриб, қийқириб қарсак чалаётган болалар тўдаси томон йўл олди. Шамсиддин ҳам қизиқиб синфдошлари ортидан эргашди ва не кўз билан кўрсинки, давранинг ўртасида онаси ўтирар, кўйлаги тиззасигача кўтарилган, бошяланг, оёқяланг, кучининг борича қўлидаги тунука товоқни доира қилиб чалар, уч-тўрт бола атрофида айланиб ўйнарди.

Шамсиддиннинг нафаси ичига тушиб, тахтага айланди-қолди, қараб туришни ҳам, орқага қайтишни ҳам билмай: “Ер, ёрил, кириб кетай, ер, ёрил, кириб кетай”, дер эди ичида нуқул.

Шу пайт кўзи болаларга қўшилиб қарсак чалаётган Ғайбиддинга тушди-ю, додлаб юбораёзди, аввал укасидан жаҳли чиқди, сўнг раҳми келди, унинг қўллари чапак чалаётгани билан кўзлари атрофга олазарак боқар, хаёли паришон, Шамсиддинга ўхшаб тасодифан даврага қўшилиб қолган, шекилли, ўзини қандай тутишни, бу ерни қандай тарк этишни билмаётган, жинни аёлнинг ўғли эканини пайқаб қолмасликлари учун ўртоқларига қўшилиб кетган эди.

Шамсиддин укасидан нигоҳини узмай тураркан, унинг бўшашаётганини, кўзлари онасига жовдираб қараётганини, қўлларининг ҳаракати сусайиб бораётганини сезди. У энди онасини ҳам унутиб Ғайбиддинни кузатди, кутилмаганда укаси авж пардада қарсак чалаётган ёнидаги икки болани икки томонга итариб, давранинг ўртасига чиқди.

– Бўлди! Бўлди қилинглар! Бу менинг онам!

Ногаҳон чақмоқ чаққани, момақалдироқ гумбурлагани каби Ғайбиддиннинг овози юздан ортиқ боланинг шовқинини босиб кетди. Унинг даҳшатли ҳайқириғи атрофдагиларга таъсир кўрсатиб, қарсак чалаётган қўллар бирдан тўхтаб, рақсга тушаётганлар ўзларини четга олиб, атрофни ғалати бир сукунат қоплади.

Сокинликни Ғайбиддининг йиғи аралаш овози тилиб юборди:

–Бўлди қилинглар, жўралар… У менинг онам…

Шу топда Ғайбиддинга дунёнинг у томони ҳам, бу томони ҳам бир эди, ўзини жимгина кузатиб турган ўртоқларига эътибор ҳам бермай онасининг ёнига ўтирди-да, йиғлай бошлади.

–Нега сиз бунақа онасиз? Нега бошқаларнинг онасига ўхшамайсиз? Нега бундай қиласиз? Нега? Нега?..

Ғайбиддин онасининг дуч келган жойини таталашга тушди.

–Нега бунақасиз? Нега?

Шамсиддин чидаб туролмади, даврани ёриб, ўртага кирди-да, Ғайбиддиннинг қўлидан ушлаб судраб кетди. Сумкасини ҳам олмади, рўпарадан келаётган мактаб директорининг: “Нима гап?”, деб ҳай-ҳайлашига қулоқ ҳам солмади, кетаверди.

У шунчалик тез юрдики, Ғайбиддин ортидан югуриб борарди, уйга етгунича иккиси ҳам чурқ этмади, ҳовлига кириши билан укасини қўйиб юборди, акасининг измида судралиб келаётган Ғайбиддин мувозанатини йўқотиб, бир зум дабдираб турди-да, сўнг ўзини рослаб олди.

Шамсиддин ҳовуз бўйига келиб қўлларини тиради, анча вақт шу зайлда турди, сўнг чўмич билан бошидан сув қуйди, сочларидан оқаётган сув кийимларига сачраганига парво ҳам қилмади, кўзига ҳеч нарса кўринмас, кимдан ва нимадан аламини олишни билмас, афтидан ичидаги алангани шу йўл билан ўчирмоқчи бўларди, барибир тафти босилмади, у энди энгашиб бошини ҳовузга тиқиб-тиқиб ола бошлади.

Ниҳоят унинг кўзи ўзига ҳадик билан тикилиб турган Меҳри билан Ғайбиддинга тушди, ниманидир режалаштирди, шекилли, қаддини кўтарди ва укаларини уйга киритиб юборди.

–Икковинг ҳам ухла! –буюрди уларга. – Ким ташқарига чиқса, савалайман.

Уйқу қаёқда? Ғайбиддин билан Меҳри Шамсиддиннинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб туришди: у тут шохидан синдириб, учини кесиб ташлагач, сўрига ўтириб, бошини хам қилиб олди. Болаларнинг икки кўзи акаларининг бармоқлари орасида силкиниб турган химчинда эди, кўнгиллари ниманидир сезаётганди, шу сабабли орадан анча вақт ўтиб Маъқул хола кириб келганида иккисининг ҳам юраги “шув” этиб кетди, ўйлаганлари бўлди: Шамсиддин дарвозани қулфлаб, онасини химчин билан савалай бошлади, Меҳри энди уйга сиғмай қолди, онасига ёрдамга ошиқаётган эди, Ғайбиддин уни маҳкам ушлади, акасининг қаршилигини енгиш учун қафасдаги қушдай питирлади у ва ниҳоят енгди, онасининг ёнига чопиб бориб уни маҳкам қучоқлади. Энди химчин зарби Меҳрининг устига ёғилди. Аёлнинг бақириғи қўшниларникигача етиб боргач, улар бир амаллаб дарвозани очиб она-болага ёрдамга келишганида аёлнинг ҳам, Меҳрининг ҳам баданлари моматалоқ бўлиб кетган, қимирлашга мадорлари йўқ эди.

–Ўзи-ку, онангни худо уриб қўйибди, сеники нимаси? –Малика момо Шамсиддиннинг юзига бир шапати туширди.– Жуда бўлмаса боғлаб қўй, қамаб қўй.

–Ҳаммасини қилиб кўрганман… Минг марталаб… Миллион марталаб… –Шамсиддин қўлидаги химчинни отиб юборди ва ҳовлининг овлоқ томонига ўтиб кетди…

ХХХ

Шамсиддин шу кунига севиб қолди, ёниб ётган юрагини ишқ деган оташ баттар куйдириб, туну кун хаёли синфдоши Лобарда бўлди, кўз ўнгидан унинг сиймоси кетмай, қизни кўриш иштиёқида мактабга қушдай учиб борадиган, дарсдан кейин уйи атрофида изғиб юрадиган одат чиқарди.

Синфдошлари менсимаса ҳам унинг ўз дунёси бор эди ва ана шу  дунёдан туриб ҳаммани кузатар, ҳаммага баҳо берар, Лобарнинг кўнгли тоза, ўзи самимий туюларди назарида. Унинг сочлари калта бўлсаям қалин эди, иккита қилиб ўриб, лента тақиб юрар, кўзлари ҳамиша кулиб боқар, ўқишда ҳам аълочи эди.

Лобар жўралари четга суриб қўйган Шамсиддин билан очилиб-сочилиб гаплашар, бир пайтлар онасининг “томоша”си туфайли укасини мактабдан судраб кетиб, уч-тўрт кун дарсга қатнашмаганида, синф раҳбаримиз юборди, деб Абдунаби билан бирга уни қўярда-қўймай мактабга олиб келган ҳам шу қиз эди, эҳтимол, ўшанда илк бор йигитнинг қалбида илиқлик уйғотгандир, буни Шамсиддиннинг ўзи ҳам билмасди…

Бу илиқлик секин-аста муҳаббатга айланганини Шамсиддин сезмади ҳам. Кўнгил кечинмаларини ҳатто ўртоғи Абдунабидан ҳам яширди, ўзи билан ўзи сирлашиб икки йилни ўтказгач, юрагига сиғмаётган севгисини қоғозга тўка бошлади, Лобарга ўнлаб, юзлаб марта хат ёзди-ю юрак ютиб беролмади, йиртиб ташлайверди. Назарида ўзи билан Лобарнинг ўртасида онаси девор бўлиб тургандай, бу деворни ҳатлаб унга яқинлашиш амри маҳолдай туюлди.

Ниҳоят мактабни битириш онлари яқинлашиб, давлат имтиҳонлари тугай деб қолгач бир тўхтамга келди: айтмасам бўлмайди.

Ўша куни Шамсиддин туни билан хат ёзди, ўн мартами, йигирма мартами, ўзи ҳам билмайди, ёзаверди, ўчираверди ва бир дафтарнинг вароғини тугатди. Ниҳоят қисқагина изҳор тайёр бўлди: “Лобар! Сени яхши кўраман. Ҳаммадан ҳам яхшисан. Чиройлисан. Ҳаммадан ҳам чиройлисан.

Мени сева оласанми?

Шамсиддин”.

У қулай пайтни топди-да, имтиҳондан чиққан Лобарнинг қўлига хатни тутқазиб, ўзи мактабнинг орқа томонига ўтди. Юраги шунчалик тез урдики, питирлаганини бутун олам эшитаётгандай эди, ҳаяжонлансаям ўзини енгил ҳис этди, елкасидан тоғ қулагандай бўлди. Ахир, эрта-индин уларга аттестат берилиб, ҳар ким ўз йўлидан кетса, Лобарни қаердан излайди-ю, нима дейди?

Шамсиддин бирпас мактабни айланиб юргач, синфхонага кирди ва қиздан кўзларини олиб қочиб, партаси томон ўтди. Уни кўриши билан синфдошларининг шовқини тиниб, синфхонани бир неча сония сукунат қоплади, сўнг болалар келишиб олгандай бирваракайига кулиб юборишди.

Ҳеч нарсани тушунмаган Шамсиддин ўзини ноқулай сезди, бирма-бир синфдошларига қараб чиқди, хумордан чиққунича кулиб олган болалар энди тиржайиб турар, башараларида масхараомуз ифода бор эди. Шамсиддиннинг кўнгли бир ёмонликни туйди, лекин ҳали вазиятни англаб улгурмаган эди орқа партада ўтирадиган Сардорнинг қичқириғи кулгини янада авжига чиқарди:

– Ошиқ Ғариб келдилар, кутиб олинг.

– Йўқ, Мажнуни шайдо, –Комила ўрнидан туриб қичқирди.

– Ошиқи беқарор, – деди Жамшид.

Шу пайт Сардор парталар орасидан ўтиб, досканинг ёнига келди-да, виқор билан шимининг чўнтагидан дастрўмолчасини олди. Синфдаги кулги бир зум тиниб, ҳамма: “Нима қиларкин?”, деган савол билан унга тикилди. Сардор дастрўмолчасини полнинг устига тўшаб, ўнг тиззасини қўйиб тиз чўкди ва Лобар томонга ўгирилди:

– Менга турмушга чиқасанми, Лобар?

Синфхонадаги жимликни ёриб бўлди кулги, бўлди кулги. Шамсиддин нима рўй берганини тушуниб, ғазаб билан Лобарга қаради: қиз ҳам синфдаги оломонга қўшилган, кулгининг зўридан ҳатто кўзларидан ёш чиқиб кетганди.

У Шамсиддиннинг ўзига ўқдай қадалиб турган нигоҳини кўриб уялмади, хижолат тортмади, аксинча, мазах қилгандай тилини чиқариб қўйди.

“Ҳали шу қизни севиб қолдимми? Икки йилдан бўён энг азиз туйғуларимни шу қизга бағишладимми? Абдунаби билан уйимга келганига шунчалик ишондимми? Уни деб шунчалик азоб тортдимми?”

Шамсиддин ер ёрилса кириб кетай, деди. Бу шармандали вазиятдан қандай чиқишни билмай турган бир пайтда Абдунабининг овози эшитилди:

–Сарвар, ўзинг ҳеч кимни яхши кўрмайсанми? Қўшни мактаб қизлари орқасидан эргашиб юрган ким?

–Мен, –деди Сарвар ҳеч тап тортмай. –Аммо менинг онам жинни эмас.

–Жинни бўлиб қолса нима қиласан?

Абдунабидан бунақа гапни кутмаган Сарвар унинг ёқасига тармашди, синфда яна ғала-ғовур кўтарилди, ўртоқлари уларни икки ёнга тортиб, айириб қўйишди. Энди кимдир Сарварни, кимдир Абдунабини ёқларди.

Шу пайт Сарварнинг ўрнини эгаллаб олган Дилнавоз қичқирди.

–Жиминглар! Тинчланинглар!

Синфни яна жимлик эгаллади, барчанинг нигоҳи энди Дилнавозга қадалган эди. У қўлидаги ғижимланган қоғозни очиб, ўқишга тушди.

– Лобар! Сени яхши кўраман. Ҳаммадан ҳам яхши…

Шамсиддин Дилнавознинг қўлида ўзининг хатини кўриб титраб кетди ва ўқдай отилиб унинг қўлига чанг солди, хатни юлиб олиб, майда-майда қилиб йиртди-да, Лобарнинг башарасига отиб, синфдан отлиқиб чиқди.

Шамсиддин шу чиққанича уйига бормай хаёл-бехаёл катта йўл томон юрди. Бугун унинг юраги чилпарчин бўлди, озор еди, ранжиди. Ахир синфдошлари орасида севган бир у эмас, ҳар бир ўртоғи кимгадир илакишиб юрар, қай бири кўнглидагини хатда ифодалаган, қай бири сўзда, аммо ҳеч ким уларнинг устидан кулмаган, мазах қилмаган.

Шамсиддинни эса…

Унинг ўпкаси тўлди. Кўз ўнгида тиз чўкаётган Сардор, хатини ўқиётган Дилнавоз, тилини чиқариб мазах қилаётган Лобар гавдаланди.

“Ҳаммасига онам айбдор! – пичирлади унинг лаблари алам билан. – Онам сабабчи! Жинни аёлнинг ўғли бўлганим учун улар менинг устимдан кулишди, паст назар билан қарашди. Буни Сардор ҳам очиқ ойдин айтди, менинг онам жинни эмас, деди. Бўлди энди! Онам яшайдиган ўша лаънати ҳовлини елкамнинг чуқури кўрсин! Ҳаммаси жонимга тегди! Ҳаммасидан тўйдим! Кетаман! Бош олиб кетаман! Ўз йўлимни топиб олмай туриб бу даргоҳга қадам босмайман”.

Шу топда ҳеч ким уни йўлидан қайтара олмасди.

ХХХ

Buy  Ёз қуёшининг қайноқ тафти Шамсиддиннинг бошидан ўтиб, қўлидаги дафтарни соябон қилиб пешонасига тутган бўлсаям ҳарорат ва алам бутун вужудини ёндирар, манглайидан оқаётган терларни кафти билан сидирганича кетиб борарди.

У катта йўлга яқинлашгач, муюлишда дарахт остидаги чашма бўйида тўхтади ва муздай сувдан қониб-қониб ичиб, юз-қўлларини ювиб, хиёл енгил тортди, ҳовуридан тушди. Чашма унга отасини эслатди.

Раҳматли Неъмат ота ўрта бўйли, тўладан келган, буғдой рангли киши эди. У йигитлигидан мўйлов қўйиб юргани учун орқаворотдан Неъмат мўйлов деган лақабни орттирганди. Бироқ эсини таниганидан бўён хўжаликда тракторчилик қилгани сабабли колхоздагилар уни Неъмат тракторчи ҳам дейишарди.

Шамсиддин отасининг ойнага қараб кичкинагина тароқ билан муйловини икки томонга чиройли қилиб тараб қўйганини яхши эслайди. Баъзан ўғлини эркалаб юзидан ўпганида муйлови Шамсиддиннинг юзига суқилар, шундай пайтда у ўзини отасининг қучоғидан бўшатишга ҳаракат қиларди.

Неъмат ота уни ер-у кўкка ишонмас, қаерга борса олиб юрарди. Бир гал автобусда бозордан қайтаётиб Шамсиддин: “Чанқадим, сув ичаман”, деб туриб олди отаси шофёрдан илтимос қилиб, мана шу чашма бўйига тўхтатди ва ҳовучини тўлдириб-тўлдириб ўғлига сув ичирди.

Неъмат ота камгап, сипо туюлса-да, ароқ ичган пайти очилиб кетар, баъзан шеър айтиб, баъзан қўшиқ хиргойи қилиб ҳовлининг у бошидан бу бошига юрар, ухлай олмас, хотини билан болаларини ҳам ухлагани қўймасди. Гоҳ дераза ойналарини битта қўймай синдириб чиқар ва эртаси куни ўз айбини ювишга тушар – янги ойна ўрнатарди. У ичган пайтида ҳам, ичмаган пайтида ҳам болаларини, айниқса, Шамсиддинни жуда яхши кўрар, бу унинг кўзларидан, ҳатти-ҳаракатидан сезилиб турарди.

“Отам ҳаёт бўлганларида бу қадар қийналмасдик, ҳеч ким бизни бунчалик оёқ ости қилмасди”, –пичирлади ўзига ўзи Шамсиддин ва негадир хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Йиғламай, деса ҳам бўлмади, кўз ўнгидан онаси билан боғлиқ ҳар бир ҳолат кино тасмасидай ўтди,  воқеалар шу қадар кўп эдики, улар бамисоли улкан тоғдай елкаларини эзарди. Айниқса, ўртоқларининг ҳазил-мазахлари, пичинглари, бугунги томошалар… Йиғлаб-йиғлаб энтикиб қолди Шамсиддин.

У шу ҳолатда қанча ўтирганини билмайди, ахири ўзига келди, яна бетларини ювиб, сув ичди, жаҳл устида қишлоқдан чиқишга чиқди-ю, фикри тиниқлашгани заҳоти: “Қаерга бораман?”, деган савол миясига ўрнашиб олди, битта-ю битта ўртоғи Абдунабиникига боришниям ўйлади, бироқ унинг ота-онаси, жўрачилик кўчада, деса ким деган одам бўлади?

Шамсиддиннинг боши қотди ва кутилмаганда эсига амакиси тушди, тилла топган тентакдай ирғиб ўрнидан турди, ниҳоят борар манзилини аниқлади, энди ўйламаса ҳам бўлади, амакиси барибир жигарида, отасининг укаси, бегона эмас. У йўлида давом этди, анча юриб, Чечак қишлоғи томон бурилди, отаси ўлганидан сўнг амакиси жиянларини унутгани Шамсиддинга алам қилган, уни ёмон кўриб қолганди. Бироқ шу топда кўзига амакисидан бошқа нажоткор кўринмади кўзига ва ўзига ўзи: “Араз қиладиган пайт эмас, бошқа яқин кишим бўлмаганидан кейин бетимни қаттиқ қилиб амакимникига боравераман”, деди ва қадамини тезлатди. Йўл-йўлакай у амакисининг болалари – бўлаларини ўйлаб кетди.

Икки ўғли, уч қизи бор эди амакисининг. Лочинбек ундан катта, Зулфия тенгдош, Шамсия, Амир, Лайло кичик эди. “Қизиқ, Лочинбек ака мактабни битириб нима қилаётган бўлса? Уни кўрсам танирмиканман?”, ўз-ўзиги савол берди Шамсиддин. Болалигида отаси уни етаклаб амакисиникига тез-тез олиб борар, бўлалари билан ҳовли орқасидан оқаётган анҳорда маза қилиб чўмилар, балиқ овларди. Отасининг ўлими уларни бегоналаштириб юборди, Шамсиддин бўлаларини қачон кўрганини эслолмайди ҳам.

Қишлоқ йўлининг асфальти ўйилиб кетганидан, машиналар ортидан қуюқ чанг кўтарилар, қатор экилган тут дарахтлари барглари чангдан оқариб турарди. Шамсиддин йўлда бир қатор машина ва таркторларни ўтказиб юборди, амакисининг дарвозасига яқинлашгач, уст-бошини қоқиб, ичкарига мўралади: катта ҳовлининг тўридан амакиси бир челак помидор кўтариб келарди. Шамсиддин тўрт-беш қадам юргач, тўхтаб, уни кутиб турди. Амакиси отасининг акси – узун бўйли, қотмадан келган, аммо юз тузилиши, кўз қарашлари барибир отасига ўхшарди. Яқинлашгач унинг кўзи Шамсиддинга тушди, аммо илкис кимлигини илғай олмай кафтини пешонасига тираганича кўзини қуёшдан пана қилган куйи тикилди.

–Шамсиддин, сенмисан, бўтам? –ниҳоят жиянини таниди у. – Кап-катта йигит бўлибсан-ку, бўйинг ҳам чўзилибди. Укаларинг, сингилларинг яхшими? Сени кўрмаганимга бир йилдан ошдиёв, кўнглим тусайди, лекин уйдан чиқолмайман. Мироблик қурсин, даладан бери келмайман, сув ғўзанинг жони, бошида туринг, деб бир қадам жилдиришмайди, қўлим ҳам, оёғим ҳам бойлангандай худди. Бир томондан кейинги пайтларда оёғим билан белим зирқираб оғрийди, яқинда касалхонада ётиб чиқдим. Соғлик бўлмаса, кишининг кўзига ҳеч нарса кўринмас экан, сизлардан хабар ололмадим.

Қулмат челакни ерга қўйди-да, жиянини маҳкам қучоқлаб, пешонасидан ўпди. Бу яқин йилларда ҳеч ким Шамсиддинни бағрига босмагани учунми, амакисининг қучоғида эриб кетди у ва отаси тирилиб келгандай қувонди, бу оний лаҳзаларни йўқотиб қўйишдан қўрқиб ўзи ҳам амакисини қучоқлаб олди.

Ниҳоят амаки-жиян дийдорлашиб бўлдилар, Шамсиддин бир қарашдаёқ Қулматнинг пешонасига ажин оралаганини пайқади, озибди, бўйи янада новча кўринди кўзига. Негадир унинг шу қиёфасини отасининг уйларига осиб қўйилган катта суратига ўхшатди ва юраги ҳаприқиб кетди. Ёмон кўриб юрган амакисига нисбатан қалбида меҳр уйғонишини кутмаган Шамсиддин унинг бир оғиз ширин сўзи ва қучоғининг иссиқ ҳарорати кўнглини ўстириб юборганини ва бу ерга келиб тўғри қилганини англади.

–Ўзинг яхшимисан, ишқилиб? Уйингдагилар, янгам эсон-омонми?

Амакисининг саволи бир зумда Шамсиддинни олдинги кайфиятига қайтарди ва секингина жавоб қилди:

–Ўша ўзингиз билган аҳвол, амаки.

Унинг томоғига нимадир тиқилиб, бошқа гапиролмади. Қулмат жиянининг ҳолатини тушуниб, бошини силади.

–Ҳаммаси Аллоҳдан, бўтам, хафа бўлма. Дард берган худо бир кун шифосини ҳам берар. Ҳали онанг кўрмагандай бўлиб кетади, фақат сен сиқилма.

–Ҳаммаси жонимга тегди, амаки. Қайтиб уйимга бормайман. Мен… Сизникида яшамоқчиман…

Қулмат ундан бунақа гапни кутмаганди, бирданига нима деб жавоб қайтаришни билмади.

–Оқибатсиз амакингни қора тортиб келибсан, минг раҳмат, сенга. Аввал ўтир, нафасингни росла, қолган гурунгни кейин давом эттирамиз.

Қулмат жиянини пешайвонга бошлади. Ошхонадан амакисининг хотини Момохол чиқиб келди.

–Онаси, Шамсиддинга қара, бинойидай йигит бўлибди, акам шўрлик тирик бўлганида уни кўриб боши осмонга етарди, ҳа, ҳа осмонга. На илож, ўлим ҳақ, энди унинг умрини ҳам шуларга берсин.

Шамсиддин янгаси томон юрди.

–Ассалому алайкум.

–Ваалайкум ассалом. Тани-жонинг соғми, болам? Сени кўча-кўйда кўрсам ўлай агар танимасдим. Амакинг тўғри айтадилар, анча улғайибсан, бўй-бастинг онангга, кўз-қошларинг қоралиги отангга тортибди, чиройли йигит бўлибсан, кўз тегмасин, туф, туф.

Момохол Шамсиддиннинг пешонасидан ўпиб қўйди.

–Онанг билан укаларинг омонми? Сендан ҳол-аҳвол сўрашга ҳам уяламан, иш билан овора бўлиб анчадан бўён йўқлолмадик. Ўзим хўжаликдан ортмайман, қишда тин олмасак ёзда колхозчининг иши ўзингга маълум. Бугун шу атрофда ишлагандик, тушликка шийпонга бормай уйга келавердим. Кел, ўтир, мен ҳозир…

–Онаси, ўзинг ҳам ўтир, дам ол, чойни Зулфия тайёрлайди.

–Шамсиддин озиб-ёзиб келибди, тўхтанг, бисотимни титкилай, ўтириш бўлса қочмас.

Момохол ошхонага кириб кетди. Шамсиддин янгасининг ҳар бир ҳаракатини зимдан кузатаркан, отаси билан келганларида унинг ҳовучини тўлдириб конфет берганларини эслади. Шамсиддин кетаётганида ҳам чўнтагига ширинлик солиб, укаларингга берасан, деб тайинларди. Шунинг учунми амакисининг хотинини яхши кўрарди у.

Шамсиддин ҳозирга қадар амакисини кўп ўйлар, бироқ негадир янгаси хаёлига келмаганди. Шу топда янгаси ҳали ҳам болалик пайтидагидай меҳрли кўринди кўзига. Бир оз тўлишганини айтмаса деярли ўзгармабди, фақат илгари эътибор бермаган эканми ёинки кейинчалик пайдо бўлибдими, икки юзи тандирдан узилган нондай қип-қизил эди.

“Нега шу аёл онам, амаким отам бўлмаган? –афсус билан ўйлади у. – Нега мен етимман, нега онамнинг ақли заиф? Нега биз эл қатори эмасмиз?”

Шамсиддиннинг қалбида ўзи сезмаган ҳолда қисматга қарши норозилик, исён бошланди. Амакиси билан янгасининг муносабати ҳавасдан кўра ҳасад уйғотди унда. Бирданига у отасининг руҳига хиёнат қилаётгандай сезди ўзини ва ичида: “Товба қилдим”, деб қўйди.

–Хўш, энди муддаога ўтсак, айт-чи, нима гап?

Амакисининг саволи Шамсиддиннинг хаёлини бўлди.

–Мен уйга қайтиб кетмоқчи эмасман, шу ерда қоламан.

–Мен жон деб сени олиб қоламан, лекин уйингда эркакнинг каттасисан, бизникида турсанг укаларингнинг ҳоли нима кечади?

–Яшайверишади. Йўлимни топиб олсам, ҳаммасини бирма-бир уйдан олиб чиқаман. Мактабни тугатдим, ўқишга кирмоқчиман. Кейин ётоқхонада тураман. Сизга кўп ҳам дардисар бўлмайман, амаки.  Мен… Мен… Онамдан уяламан…

Шамсиддин энди ўзини тутиб туролмади, бўғзига тиқилиб турган фарёд отилиб кетди, беихтиёр амакисини қучоқлаб, йиғлашга тушди.

–Қўй, бўтам, йиғлама. Бу кунлар унутилиб, ҳали кўрмагандай бўласан. Бошингдан ўтганларни болаларингга маталдай гапириб юрасан. Йиғлама.

–Бир куннинг ўтишини айтинг, амаки. –Шамсиддин йиғи аралаш юрагидагиларни тўкиб солди. –Ҳамма бизни мазах қилади, устимиздан кулади, одам ўрнида кўрмайди. “Жиннининг ўғли”, дейишади. Мен энди ўша жиннихонага бормайман, сизникида яшайман. Уйингизга қўймасангиз, кўчада ётиб юраман.

–Амакинг тирик бўла туриб сен нега кўчада яшаркансан? Фақат укаларинг ҳақида қайғуряпман, холос. Раҳматли акам шу кунларда тез-тез тушимга кираётганди, сизлардан хабар олишим керак, деб юргандим, буни қара, ўзинг келиб қолдинг. Қани ол, нонга қара, бу ёғини бир гап қиламиз.

Зулфия чой келтириб, амаки-жияннинг суҳбати бўлинди. У чиройли қиз бўлибди, нозиккина, юзлари онасининг юзидай меҳрли, қошларига қоп-қора қилиб қўйган ўсмаси ўзига ярашган. Унинг ортидан Шамсия, Амир, Лайлолар келиб, дастухон атрофида жамулжам бўлишди. Қизиқ, Шамсия худди Зулфиянинг ўзи, ранги-рўйи, бўй-басти, ҳатто жилмайиши ҳам, фақат бир оз озғинроқ, билмаган киши уларни эгизак, деб ўйлаши ҳам мумкин.

–Борди-келди қилмаса яқин қариндош ҳам бегонага айланади, – болаларига қараб гапирди Қулмат. – Шамсиддинни танидингларми, акамнинг ўғли, жон жигарим. Болалигида кўп келарди, отасидан давр ўтгач менинг оқибатсизлигим туфайли узилиб кетаёздик.

–Нега танимас эканмиз, – деди Зулфия. –Анчадан бўён кўрмаган бўлсам ҳам бир қарашда танидим.

–Мен ҳам танидим, –гапга қўшилди Шамсия. –Амаким билан келардилар-да, анҳорда чўмиламан, деб хархаша қилардилар. Бир гал Лочинбек акам, чўмилсанг чўмил, деб ҳазиллашиб анҳорга итариб юборганларида уст-бошлари жиққа ҳўл бўлганди.

Шамсиянинг сўзларидан ҳаммалари бирваракайига кулиб юборишди ва ўртада самимий бир руҳ пайдо бўлди.

–Амаки, Лочинбек акам кўринмайдилар? – сўради Шамсиддин.

–Лочинбек аканг қўлимга аро кириб қолган. Мактабни тугатиб ўқишга ҳам бормади, мироблик қиляпти. Болалигидан ортимдан эргашиб юргани учун кўзи пишиб кетганми, бир қарашдаёқ ғўзанинг ҳолатини билади, хўжалик раиси ҳам ундан хурсанд. Тобим қочганидан бўён мени далага чиқармай қўйган, ҳам ўзининг, ҳам менинг ўрнимдан ишлаяпти.

Қулмат бир оз сукут сақлади-да, Шамсиддиндан сўради.

–Бизникига келганингни онанг биладими?

–Йўқ… Қочиб келдим…

–Унда аввал онангга хабар бериш керак, –деб Қулмат хотинига юзланди:

–Онаси, далага ўрнингдан Зулфияни юбора қол, бошқа ишингни қўйиб, янгамнинг олдига бор, Шамсиддин бизникига келганини, шу ерда турмоқчи эканини айт, хавотир олиб ўтиргандир, шўрлик. Ўзим борай десам бу оёқ билан тошбақа юриш қилиб қачон бораман-у, қачон қайтаман.

Шамсиддиннинг кўнгли жойига тушди, демак, амакиси унинг қолишига рози.

–Майли, бориб келаман, –деди Момохол ва уйга кириб, кийимларини алмаштириб чиқди.

–Кетдим, –эрига қараб гапирди у. –Кеч бўлмасидан бориб кела қолай.

– Янга,  кийимларимни олиб келмагандим…

–Ўйлама, олиб келаман, фақат онанг бу хабарни қандай қабул қилади, билмайман.

Орадан икки-уч соат ўтиб, Момохол тугун кўтариб қайтганида Шамсиддин бўлалари билан анҳор бўйига кетганди.

–Бориб келдим, – деди у эрига. – Янгангиз қиёмат қилди, роса йиғлади. Шамсиддиннинг кийимларини қучоқлаб, бермайман, деб туриб олди. Жуда раҳмим келди бечорага. Бир амаллаб кўндирдим, келиб туради, дедим.

–Шундай қилишини юрагим сезганди. Шамсиддин ўша ерда бўлиши керак эди, аммо аҳволини кўрдинг-ку, қайтариб юбориш ҳам инсофдан эмас, кўнглига оғир олади.

–Шу пайтгача улардан хабар олмай биз ҳам гуноҳга ботибмиз, дадаси. Ҳовлига, уйларига қараб бўлмайди, бир аҳволда.

–Уч-тўрт кун ўтсин, ўзим хабар оламан, сен Шамсиддинга ғамхўрлик қил, эзилиб кетибди боласи фақир.

Қулмат чуқур уф тортди-да, хотинининг жавобини ҳам кутмай болаларнинг олдига – анҳор томонга ўтиб кетди.

ХХХ

Шамсиддин учун амакисининг уйида янги ҳаёт эшиклари ланг очилгандай кўринса-да, бу ерда кўп яшамаслигини, ҳафта-ўн кундан сўнг аттестат олиб, ўқишга кетишини яхши билади. Шундай бўлсаям амакисининг уйига жойлашиб олганидан хурсанд, бу ерда ҳеч ким унинг онаси жинни эканини билмайди, устидан кулмайди, Аллоҳ талабаликни насиб этса таътил пайтлари уйига бормай шу ерга келади.

Талабалик ҳақида ўйлаши билан Шамсиддининг қалбида орзулари мавжланади, унинг синфда бор-йўқлиги сезилмасаям яхши ўқир, айниқса, аниқ фанларни ёқтирар, математика, физика фанларидан масалаларни бир зумда ечиб ташлаб, синфдошларини ҳайратга солган пайтлари кўп бўлган. Бу индамас боланинг билгани ичида, деб қўйишарди у ҳақда ўқитувчилари. Институтга ўқишга кўзи етмагани учун ҳеч бўлмаса техникумда ўқиб йўлини топиб олмоқчи эди, лекин чўнтагида сариқ чақаси йўқ, ўқишга қандай боради, кира оладими, йўқми, бу ёғи қоронғи эди Шамсиддинга.

Амакисиникида бўлалари билан куннинг қандай ўтганини билмай хотиржам юрса ҳам кўнглининг тагида аллақандай ғашлик бўлиб, кўз ўнгидан укалари ва сингиллари кетмай қолди, хаёлида онаси кўчага чиқиб уни кутиб тургандай ёинки амакисиникига излаб келаётгандай туюлаверди. У юрагининг бир четида ақли заиф онасига аталган жой борлигини ва бу жойда илиқ бир туйғу яшириниб ётганини англаб етмаган, қалбини чўлғаб олган ғашликка ном тополмай ҳайрон эди.

Ҳар қандай киши билан киришолмайдиган Шамсиддинга Лочинбек ёқиб қолди, у қувноқ, ҳазилкаш, хийла шоиртабиат экан, гапи гапига қовушди. Лочинбекни амакисиникига келганининг эртаси куни кўрди, нонушта маҳали уйдан жилмайиб чиққан йигитни Шамсиддин аввалига танимади, амакисининг: “Ана, Лочинбек аканг”, деган сўзларидан кейин беихтиёр ўрнидан туриб кетди ва у билан қучоқлашиб кўришди.

–Чакки эмассан, –деди Лочинбек Шамсиддиннинг елкасига катта одамлардай қоқиб. –Бўйинг менга етай деб қолибди. Ғайбиддин билан Хайруллалар ҳам катта йигит бўлиб қолишгандир.

–Ҳа, ўзингиз ҳам ўзгариб кетибсиз, амаким индамаганларида танимасдим.

–Демак, бой бўларканман, –кулиб гапирди Лочинбек. –Кеча ярим тунда қайтдим, тошдай қотиб ухлаётган экансан, безовта қилмай дедим. Нонушта қилиб ол, бир анҳорга чўмилтираман.

Ўртада кулги кўтарилди, Шамсиддиннинг анҳорга тушиб кетгани ҳамманинг ёдида экан.

–Мактабни битирдингми? –сўради у Шамсиддиндан. –Баҳоларинг қандай?

–Ёмон эмас.

–Унда ўқи. Мен ҳам ёмон ўқимаганман, лекин негадир ўқишга бормадим. Ҳозир ҳам ишим чакки эмас, лекин талаба жўраларим таътилга келишса уларга ҳавасим келади.

–Ҳеч афсус ема, бошқалардан кам эмассан, –гапга қўшилди отаси. –Ҳурматинг жойида, ёш бўлсанг ҳам районнинг мажлисларида юқорида ўтирасан. Қишлоқ советига депутат қилишди. Наказингни бажариб, чойхона қурдиряпсан. Эшитишимча, раис сенга медалми, орденми олиб берармиш.

–Шунчаки айтдим-қўйдим-да, дада. Ишим яхши, кеча раис ҳам келганди, орденга ёзганини айтди. Келаси йили қишлоқ хўжалиги институтига сиртдан ўқишга юбораман, ўзим киритаман, деди.

–Сиртдан ўқиш бўлса бошқа гап. Мен ҳам анча тузукман, оёғим оғригани секинлашди, ҳадемай ишга чиқаман.

–Сизга ишга чиқинг, деганим йўқ, дада. Ўзингизни асрашингиз керак, раисга айтсак бошқа бирор енгилроқ иш топиб берар.

–Далада енгил иш борми, ўғлим? Ҳаммасининг ўзига яраша қийинчилиги бор. Бир гап бўлар, ширчой совиб қолди, қани олинглар.

…Шамсиддин эртаси куни Лочинбек билан далага чиқди, поёнсиз кўринган пахтазорларнинг ёзги манзараси кўзига жуда чиройли кўринди, атрофга суқланиб қаради. Улар тут дарахти остида бўз билан пана қилинган тахта каравотга бориб ўтирдилар.

–Акангнинг кошонаси шу жой, –деди Лочинбек Шамсиддинга каравотга ўтириб олишгач. –Қалай, ёқдими?

–Бизнинг хўжаликда чигит экилмайди. Ҳар йили кузда мактабдан ҳашарга чиқиб, оппоқ далаларни кўрганим учун пахтазор деганда кўзимга ўша манзара жонланарди, пахтазор ёзда ҳам чиройли экан.

–Менга ҳам бу манзаралар жуда ёқади. Ғўзалар сув ичаётгандаги гўзаллик, айниқса, жозибали. Эътибор бериб турсанг ғўзалар ранги сув ичиб бўлгандан кейин янада тиниқлашгандай туюлади. Умуман, чигит экилганидан токи ҳосилни йиғиб-териб олгунгача ҳар бир давр ўзига хос ва гўзал.

–Худди шоирларга ўхшаб гапирасиз-а, Лочинбек ака, –Шамсиддин унга завқ билан тикилди.– Сизга ҳавасим келяпти.

–Ким бўлмасин, ишини яхши кўрса шоир бўлиб кетади, пахтанинг ҳам жони бор, у инсон меҳрини, тафтини ҳис этади, қанча меҳр берсанг шунча ҳосил оласан. Аммо фақат тикилиб ўтирган билан меҳр бериб бўлмайди, бунинг учун пахтанинг тилини тушуниш ва айтганини бериш лозим.

–Кундуз куни ғўзаларни суғориб, кечда уйга қайтсангиз бўлмайдими, ака? Тунда бир ўзингизга қўрқинчли эмасми?

–Ўрганиб қолганман, ғўзани тунда суғоришнинг ҳикмати кўп-да. Ҳосилдорлик ошади. Бундан ташқари, кундуз куни суғориб улгуриб ҳам бўлмайди. Хоҳ кундуз, хоҳ тунда бўлсин қараб туриш, сувни бир меъёрда жилдиратиб оқизиш лозим. Сув бўғзигача борса, қатқалоқ босиб, ғўза танасини қисади, ривожланиши кечикади. Сув кўлайиб кетса ҳам азоб. Ҳа, ҳосилнинг тақдири сувчига кўп жиҳатдан боғлиқ, шунинг учун “Сувчи – ғўзани яшнатувчи”, деб ёзиб қўйишибди, ўқидингми?

–Ўқидим, –деди Шамсиддин.

–Дала жойнинг осмони ҳам гўзал, –Лочинбек чалқанчасига ётиб олди. –Бир чўзилиб кўр, маза қиласан.

Шамсиддин Лочинбеккнинг сўзларига маҳлиё бўлиб бирпас чўзилиб ётди, кейин ўрнидан туриб далага яқинлашди, ғўзаларга қулоқ солиб, овозини эшитмоқчи бўлди-ю, ҳеч нарсани англолмади. Эгатлар бўйлаб бир меъёрда сув тараётган Лочинбекка тикиларкан: “Ота-онаси, яхши кўрган иши бор, қанчалар бахтли у”, – деган фикр ўтди хаёлидан.

Шамсиддин шу куни Лочинбек билан ярим тунгача қолиб кетди, эртаси куни амакиси уни далага чиқармади.

–Сен менга акамнинг омонатисан, – деди у. – Кўз ўнгимда бўл, кундуз кунлари борсанг ҳам кечда уйга кел, яхшиси ўқишга бориш ниятинг бўлса китобингни ўқи..

–Хўп.

Шундан кейин Шамсиддин мутолаага берилиб кетди.

ХХХ

Шамсиддин ўқиш масаласини ҳаёт-мамот даражасига кўтарганди, унинг назарида, ўқишга кирсагина ниятига эришади, келажаги кўриниб туради, юрар йўли, мақсад-манзили аниқ бўлади, чарчамайди, ҳоримайди. Акс ҳолда зимистон қўйнида танҳо қолгандай ҳис этади ўзини, қаёққа боришни, нима иш қилишни билмайди, одамларнинг жиннининг ўғли, деган маломатларидан қутулолмайди.

Оёқ ости бўлган ғурурини, орини ўқиб, яхши ишлаб, яхши пул топиб тиклаш нияти ҳам бор эди юрагида, эҳтимол бошқа барча ваъжлардан кўра бу истак муҳимроқ эди, шу сабабли “Қандай бўлмасин ўқишга киришим керак”, деган фикр миясига ўрнашиб олган, бошқача ҳаётни тасаввурига сиғдиролмаётганди.

Аммо бир неча кундан бўён ичига чироқ ёқса ёримайди, кўнгли ғаш, негаки у суяниб, умид қилиб юрган амакисининг буйраги шамоллаб, белини кўтаролмай қолган, қишлоқ духтири касалхонада ётиб даволанишни маслаҳат берди, аммо Қулмат, ётмайман, деб туриб олди, ноилож Лочинбек уни уйда даволатяпти, врач кўрсатмаси бўйича ҳар куни қишлоқ фельдшери укол қилиб кетади.

Шамсиддин китоб ўқиб зериккан пайтлари амакиси билан соатлаб суҳбатлашиб ўтиради, Қулмат унга ота-боболари, аждодлари ҳақида билганича гапириб беради, кўпроқ акасини эслайди. “Уни дори хароб қилди, трактор билан сепгани етмагандай қўли билан ташиди, ортди, туширди, тўғриси, ўзим ҳам ўшанда дорининг зарарини кўпам тушуниб етмаган эканман, билсам акамни ишлагани қўймасдим”, деб афсусланади.

Шамсиддин отасининг заҳарланиб ўлганини сал-пал эшитганди-ю, бу қандай рўй берганини билмасди, амакисининг ҳикояларидан кейин отаси ҳақида эшитганлари ойдинлашди.

Бугун ҳам амаки-жиян нонуштадан сўнг анча гурунглашдилар.

–Амаки, сиз ухлаб пича дам олинг, –деди Шамсиддин унинг кўзи юмилиб кетаётганини кўриб. –Мен мактабга аттестатимга бораман.

–Майли, борақол, Зулфия аттестат олганига тўрт-беш кун бўлди, сен ҳали юрибсанми?

–Бугун олиб келаман.

–Унда борақол.

Аслида июлнинг иккинчи санасида битирувчиларга аттестат топшириш маросимини ўтказиш мўлжалланганди, аксига олиб ўша куни амакисининг тоби қочиб қолди, боз устига Шамсиддин синфдошлари билан рўпара келишни истамагани учун мактабга бормади. Ўшандан бери орадан бир неча кун ўтди, синфдошларимнинг оёғи мактабдан узилгандир, деган фикрда Шамсиддин амакисидан рухсат сўрагач, йўлга отланди. Хаёл суриб мактабга қандай етиб келганини ҳам билмади, йўлакда синф раҳбари Мейлик Тошқуловни учратди.

–Нега тадбирга келмадинг? – сўради Тошқулов ундан. –Ёки сенга аттестат керак эмасми? Абдунаби, уйида яшамаяпти, деди, қаерларда юрибсан?

– Амакимникидаман, ўша куни бир сабаб билан келолмадим, – Шамсиддин кўзларини ўқитувчисидан олиб қочди.

– Аттестат топшириш маросимига ҳам келолмайдиларми? Баъзан сенга тушунмай қоламан.

Шамсиддин индамай ерга қаради.

–Ўқишга боряпсанми? Қайсига?

–Фармацевтика техникумига.

–Жуда яхши, қийинчилик бўлсаям ўқи, ўқиган киши кам бўлмайди.

–Ниятим ҳам ўқиш, устоз.

Мейлик Тошқулов, ортимдан юр, деди-да, уни директор хонаси томон бошлади.

–Сен шу ерда тур, мен ҳозир.

Хиёл ўтмай у Шамсиддинни ичкарига чақирди. Чоғроққина хонанинг тўрида мактаб директори алланималарни ёзиб ўтирарди, Шамсиддинни кўргач сейфини очишга тушди.

–Ассалому алайкум.

–Ваалайкум ассалом. Кел, Неъматов, аттестатингни кўз қорачиғидай асраб ўтирибман, –директор киноя қилдими, сидқидилдан гапирдими, билолмади Шамсиддин. –Умид қилган ўқувчиларимдан бири сен, омадингни берсин. Мейлик Тошқулов ўқишга бораётганингни айтди, албатта, кир ва яхши ўқи.

Директор Шамсиддинга аттестатни бериб, қўлини маҳкам қисиб қўйди.

Шамсиддин устозлари билан хайрлашиб, йўлга тушди. Унга қадрдон бўлиб қолган чашма бўйига етганида ўтиб кетолмади, бирпас тўхтаб, харсангтош устига ўтирди ва аттестатини очиб кўз югуртирди: олтита “5”, қолгани “4”.

“Ўқишга боришимга амаким пул берармикин? – ўйлади у. –Касал кишидан пул сўраш жуда ноқулай ёки онамдан сўрасаммикин?”

Шамсиддин онасини эслаши билан алланечук бўлиб кетди. “Нима қилаётган бўлса? – хаёлидан ўтказди у. – Укаларим, сингилларим-чи? Уйдан кетиб тўғри қилдимми, нотўғрими? Амакимникига қочиб келишим номардлик эмасмикин? Мен ахир бош фарзанд эдим, сабр қилсам, ҳадемай ўқишга бориб, таъна ва маломатлардан қутулардим-ку”.

Амакисиникига келгунича Шамсиддинни ана шундай ўйлар тарк этмади, дарвозага кираверишда фельдшерга дуч келди, сал қолди унга тўқнашиб кетишига.

–Амакимнинг аҳволлари қандай? –сўради Шамсиддин ундан.

–Анча тузук, лекин буйракни асраш, духтир айтганларига амал қилиш керак.

Шамсиддин кирганида амакиси ёнбошлаб ётган экан, тўғри унинг ёнига борди.

–Амаки, яхшимисиз?

–Анча яхшиман, оғриқларим секинлади, ўнг томонимда бир нима осилиб ётганга ўхшарди, шу нарса йўқолди.

–Касалхонада даволансангиз янаям яхши эди, кўнмадингиз.

–Қўй, шу касалхонани жиним суймайди, бир марта ётиб кўрганман, дориларнинг ҳиди кўнглимни беҳузур қилади, мана, ўша айтилган дори-уколлар уйда ҳам бўляпти. Хўш, ўзингдан гапир, аттестатингни олдингми?

Шамсиддин амакисининг қўлига аттестатини тутқазди, Қулмат уни очиши билан юзи ёришди.

–Баҳоларинг зўр-ку, қаерга ўқишга бормоқчисан?

Амакисининг сўзлари Шамсиддинга далда бўлди.

–Бир ўртоғимнинг акаси аптекада ишлайди, ишлари жуда зўр. Мен ҳам фармацевтика техникумида ўқисам дегандим, институтга кучим етмайди.

–Техникум ҳам ёмон эмас, тайёргарлигингни кўравер, қачон десанг олиб бораман.

–Раҳмат, амаки, – Шамсиддин қувониб кетди. –Ўқишга киргунимча қўллаб турсангиз кейин бир гап қиламан, онам ҳам қараб турмайди. Ҳозир уйдан чиқиб кетганим учун юзим шувит, онамдан бирор нарса сўрашни ўзимга эп билмаяпман.

–Сен тайёргарлик кўравер, ўқишга олиб бориш мендан.

–Ишқилиб тезроқ тузалинг, амаки.

–Хавотир олма, анча тузукман. Тўрақулникига эртага тўй, соат тўртда сабзи тўғрашга айтиб кетди, борсаммикин, деб турибман.

–Боринг, уни-буни криб овунасиз.

–Ўзим ҳам шу фикрдаман. Одамнинг тафтини одам олади, сиқилиб кетдим. Лочинбек акангга ҳам қийин бўлди, ишга чиқаман, деб юргандим, буйрак оғриғи қаерда турган экан. Духтирларга қолса, мен энди сувчилик қилмаслигим керак эмиш. Қўлимдан бошқа иш келмаса…

–Лочинбек акам энди сизни ишлатмайдилар, амаки. Духтир у кишига ҳам айтган кўринади, молни кўпайтираман, дадам, молларга қараб юрсалар бўлди, дедилар.

–Ким билади, аканг ҳам қийналмасин, дейманда. Ҳисоблаб кўрсам сувчилик қилганимга чорак аср бўлибди, бу ҳазилакам эмас.

–Сиз акамнинг айтганларига кўнинг, балки мен ҳам ўашнда каттароқ бўлганимда дадамни ишлатмагасмидим, ёш ўлиб кетмасмидилар?

Қулмат ҳеч нарса демади, орага сукунат чўкди, ҳар иккиси хаёлга чўмиб қолди. Шамсиддин барибир бахтиёр эди, амакисининг сўзлари уни руҳлантирди, ўқишга киролмаслигим мумкин, деган фикр хаёлига ҳам келмади, севинганидан ўзини қушдай енгил сезди ва назарида бундан кейин барча орзулари ижобат бўлаётгандай туюлди.

http://rositafitriaarini.mhs.narotama.ac.id/2018/02/02/cost-of-ayurslim-in-india/ ХХХ

Pills
Орадан бир ҳафта ўтиб амаки-жиян йўлга отланишди ва деҳқон бозори яқинидаги бекатда турган кичкинагина автобус ёнида тўхташди.

–Самарқандгами?– сўради пакана, тепакал одам, афтидан ҳайдовчи бўлса керак, уларнинг жавобини ҳам кутмай сўзида давом этди: – Чиқиб ўтиринглар, тўлиши билан жўнаймиз.

Шамсиддин билан Қулмат шофёр яқинидаги ўриндиқда жойлашишди.

– Йигитни ўқишга олиб боряпсизми?– сўради йўловчилардан бири. –Қайсига топширади?

–Аптекачи бўлмоқчи, фармацевтика техникумига топширади, –деди Қулмат.

–Жуда яхши, –ҳалиги кишининг юзида майин табассум пайдо бўлди. – Менинг укам ҳам шу техникумда ўқиган, иши чакки эмас.

Шамсиддин оқ йўл-йўл кўйлак кийиб, галстук тақиб олган, қўлида аллақандай китоб ушлаб олган нотаниш йўловчига зимдан разм соларкан, Самарқанддан бўлса керак, деб қўйди ўзича.

Автобус бир зумда йўловчилар билан тирбанд бўлди.

–Жўнаймиз, ўтириб олинглар.

Шофёрнинг сўзи буйруғомуз янгради. Ҳамма ўз ўрнини эгаллагач, автобус аввал секин, сўнг шитоб билан юриб кетди.

Шамсиддин мактабни тугатгани билан ақалли Шаҳрисабзни ҳам яхши билмайди, Самарқандни-ку сира кўрмаган, шу сабабли икки кўзини йўлдан узмай томоша қилиб борарди. Кўп ўтмай Тахтиқорача довонига етиб келишди, автобус айланма йўллар бўйлаб тобора юқорига кўтарилди.

–Оғзингга талқон солганмисан? –деди Қулмат зерикканидан. –Чурқ этмайсан.

Шамсиддин амакисига қараб жилмайди-ю, ҳеч нарса демади. Тоғнинг дилбар табиати уни ўзига мафтун қилган, атрофдан кўзини узолмай қолганди.

–Ўғлингизнинг Самарқандга биринчи боришими? – сўз қотди яна бояги киши. Афтидан у Шамсиддинни Қулматнинг ўғли, деб ўйлади.

–Ҳа, биринчи бориши, – жавоб қайтарди Қулмат сир бой бермай. – Насиб этиб, ўқишга кириб олса, бу йўллар ёд бўлиб кетади.

–Биринчи бораётган киши довон табиатига мафтун бўлмай иложи йўқ. Ўғлингиз камгап экан, йўқса, ҳаяжонларини аллақачон тўкиб соларди.

Нотаниш йўловчи шундай деди-да, шеър ўқишга тушди:

–Бу йўллар кўп қадим йўллардир,

Жаҳоннинг фотиҳи Искандар.

Рум қайсари Боту, Жўжи,

Темурланг қолдириб кимсасиз из,

Қон дея, қон дея

Босароқ кечмишдир…

–Шоир бўлинг-а, –Қулмат нотаниш ҳамроҳининг шеър айтганидан завқланди.– Ўзингиз ёзганмисиз?

Шамсиддин амакисини нуқиб қўйди, мактаб ўқувчиси ҳам биладиган бу шеърни амакиси нотаниш кишига нисбат берганидан уялди. Қулмат ножўя гап қилганини англаб жим бўлди.

–Бу академик шоир Ғафур Ғуломнинг машҳур “Турксиб йўлларида” шеъри. Аслида Тахтиқорача довони ҳам қадимликда Турксиб йўлларидан қолишмайди. Айтишларича, бир пайтлар Амир Темур шу довонда божхона ташкил этган экан. Демак, довон давлат аҳамиятига молик муҳим йўл бўлган.

–Сиз буни қаердан биласиз? –сўради йўловчилардан яна бири гапга қўшилиб.

–Китоблардан ўқиганман,–жавоб қайтарди у. –Амир Темур муғуллар ҳукмронлигига чек қўйиб, кучли марказлашган давлат тузган. Афсуски биз ҳали унинг қадрига етганимиз йўқ, дам оқсоқ Темур, дам Темурланг, дам қонхўр ёки жаллод дейишдан нарига ўтмаяпмиз.

–Аслида ҳам шундай эмасми, –ҳалиги йўловчи ажабланиб сўради. –Айтишларича, Амир Темур калладан минора қурдирган экан.

–Ким нима деса ҳам Амир Темур – буюк шахс. Замон ўзгаряпти, у ҳали ўз қадрини топади.

Шамсиддин сира бунақа гапларни эшитмагани учун қулоғини динг қилиб борар, ўзича, бу одам жуда билимдон экан, деган хулосага келганди.

Гап билан бўлиб Самарқандга етиб келганларини сезмай қолишди. Автобусдан тушгач, нотаниш ҳамроҳлари техникумга қандай бориш йўлини тушунтирди. Ҳар қалай қабулхонада одам кам экан, бир зумда ҳужжатларни топширишди. Амаки-жиян тамадди қилиб олгач, Регистон майдонини айландилар, Шоҳизиндага бордилар.

–Бу яқин йилларда Самарқандга йўлим тушмаганди, ўқишинг баҳонасида мириқиб томоша қилдим, энди қайтамиз.

–Амаки, техникумга борар йўлни билиб олдим, имтиҳонларга сизни овора қилмай ўзим келиб кетавераман, яна толиқиб қолманг.

–Овораси борми, жиян, ҳаво алмаштирдим, қачондан бўён ҳеч қаёққа чиқмай захлаб кетгандим, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.

Қулмат сўзида турди ва Шамсиддин иккита имтиҳон топширгандаям ёнида бўлди…

ХХХ

 

Ўша куни Шамсиддинда фақат қанот йўқлик қилди, осмонларга учиб кетармиди? Барибир тани ерда бўлсаям руҳан осмону фалакда ҳис этаётганди ўзини. Самарқанддан қайтаркан, беихтиёр жилмайиб қўяди, аҳён-аҳёнда унга кўз қирини ташлаган амакиси мийиғида кулиб, ич-ичидан, акамнинг руҳи атрофимизда шодумон учиб юрибди, деб қувонади.

Шамсиддин талаба бўлганди. У техникумда ўқишга киролмаган ўнлаб тенгдошларини кўрди, қизлар йиғлаган, йигитлар аламини ичига ютган… У эса ўқишга кирди, эҳтимол, институтга топширса ҳам кирармиди, аммо тўрт-беш йил оз муддат эмас, ким уни пул билан таъминлайди, укаларининг аҳволи нима кечади, ана шундай саволлар Шамсиддинни институтга борар йўлдан тўхтатган, шулар уни техникумда ўқишга ундаганди. Бироқ ҳозирги ўқиши ҳам чакки эмас, автобусдаги зиёли йўловчи укаси шу техникумда ўқигани, ҳаёти яхши эканини айтди, демак келажагидан умид қилса, келажагига ишонса бўлади.

“Синфдошларимдан қайси бирлари ўқишга кираркин, –хаёлидан ўтказди Шамсиддин. Уларни эслаши билан кўз ўнгида Лобарнинг сиймоси намоён бўлди. – Мединститутга бораман, деб юрарди, бордимикин, имтиҳонларни қандай топшираётган бўлса? Кира олармикин?”

У Лобарнинг ҳаёти билан қизиқаётгани учун ўзидан жаҳли чиқди ва “Кирса-кирмаса менга нима, энг муҳими ўзим ўқишга кирдим”, деб қўйди. “Қизиқ, –яна хаёлга берилди Шамсиддин. –Муҳаббат билан нафратнинг ораси бунчалик яқин бўлмаса, атиги бир неча ой олдин Лобарнинг номини эшитсам юрагим қинидан чиққудай урарди, аммо ўша воқеадан сўнг шунчалик кўнглим қолдики, қалбим бир парча музга айланганга ўхшайди”.

Энди Шамсиддин Лобарни ўйласа фақат унинг тилини чиқариб мазах қилган қиёфасини эслайди ва бу манзарани унутиш учун кўзларини юмиб олади, бироқ барибир унутолмайди. “Хотира деганларининг инсоннинг миясига зулукдай ёпишиб оларкан, –дейди алам билан. –Қани энди уни саралаш, ёқмаганини ўчириш ҳуқуқи инсоннинг ўзига берилса, биринчи бўлиб Лобарга хат берган кунимни бошидан охиригача ўчириб ташлардим”.

Автобус ўриндиғига суянган Шамсиддин деразадан атрофни томоша қилаётгандай туюлса-да, хаёлан кезмаган жойи қолмади, манзилга етгунча Қулмат ҳам жиянига сўз қотмади. Унинг орзулар оғушида сузиб бораётганини амакиси кўриб турар, халақит бергиси келмаётганди.

–Етиб келдик, тушамиз.

Амакисининг овози уни уйқудан уйғотгандай бўлди.

–Шунча тез келдикми? –ажабланиб сўради Шамсиддин.

–Автобус ҳам сенга ўхшаб учди, –мийиғида кулиб қўйди Қулмат.

Улар автобус кутиб қишлоққа етиб келгунларигача яна орадан бирор соатлар ўтди. Ҳовлида уларни Зулфия қарши олди.

–Нима бўлди? Кирдингми?

–Ҳа, –бош ирғади Шамсиддин.

–Зўр-ку, табриклайман! Шамсия, Шамсиддин ўқишга кирибди, табрикла, –қичқирди Зулфия.

Бир зумда уларнинг атрофини болалар ураб олишди.

–Табриклайман, –деди Шамсия.

–Мен ҳам,– Амир қўлини Шамсиддинга чўзди.

–Мен ҳам, –бошқалардан қолишмаслик учун кичкина Лайло акасининг сўзларини такрорлади ва дадасидан сўради: –Дада, тешик кулча олиб келмадингизми?

–Олиб келдик, мана, олинглар, ҳолвалар ҳам бор. Зулфия қизим, сен бугун бир ош дамла, Шамсиддиннинг ўқишга кирганини ювамиз. Онанг ҳали даладан қайтмадими?

–Йўқ, энди келиб қолсалар керак,–жавоб қайтарди Зулфия.

–Амаки, Зулфия ҳам ўқишга бормади-да, –Шамсиддин хижолатомуз гапирди. –мактабда яхши ўқиган экан, техникумга, албатта, кирарди.

–Э, қўй, қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди? Мактаб кутубхонасида иш бор экан, гаплашдим, жойлаб қўяман. Сенинг йўриғинг бошқа, ўқишинг керак, қолаверса, ортингда турган беш нафар укангнинг умиди сендан. Уларга ҳам ака, ҳам ота ўрнидасан. Қачон бўлмасин, худо тақдир қилса, Амирни ўқитаман. Бўладиган бола бошидан маълум, баҳолари нуқул беш, мақтов ёрлиқлар ҳам олган.

Отасининг мақтовидан Амир уялиб Шамсиянинг орқасига беркинди.

–Ким бўлмоқчисан?–сўради ундан Шамсиддин.

–Ҳали ким бўлишини ўзиям билмайди, –Зулфия гапга қўшилди. –Лекин математикани яхши билади.

Суҳбат авжига чиққан пайти Момохол ишдан қайтди, у Шамсиддиннинг ўқишга кирганини кўчадаёқ эшитибди.

–Яша, Шамсиддин, табриклайман, энди ақлли бола бўлиб яхши ўқишинг керак.

–Ўқийман, янга, бошқа нима ишим ҳам бор.

Бир оздан кейин Момохол тахтача билан пичоқ, бир идишда эса сабзи, кўтариб келди.

–Дадаси, сабзини тўғраб берасизми ё Зулфияга берайми?

–Ўзим тўғрайман.

Қулмат уйда ош қилишган куни бўш бўлдими, сабзини пиликдай қилиб тўғраб беради. Ҳозир ҳам қайроқтошни олиб, пичоқни яхшилаб чахлади ва ишга киришди.

–Шамсиддин, ҳушхабарни онангга етказмайсанми? –уни кузатиб ўтирган жиянига сўз қотди Қулмат.

Шамсиддин бир зум уйга толди, ҳовлисини тарк этганида ўз йўлимни топмай туриб бу даргоҳга қадам босмайман, деб аҳд қилганди.“Дарвоқе, йўлимни топиб олдимми? –ўзига ўзи савол берди у ва жавоб ҳам қайтарди. –Йўл топиб олиш осон эканми? Аммо барибир ўқишга кирдим, ҳаётимда ўзгариш ясадим, энди кўзлаган манзилимга етиб бораман”.

–Ҳа, жимиб қолдинг.

–Бир йўла ўқишга кетишим олдидан хайрлашиб келаман, амаки.

–Майлику-я, бироқ унгача вақт бор-да…

Шамсиддиндан садо чиқмагач, яна бирор гап айтиб кўнглига тегиб қўймай, деган хаёлда уни зўрламади.

–Унда эртага ўзим бориб янгамдан суюнчи оламан, шу баҳона укаларингни кўриб келаман.

Шамсиддин амакисининг гапидан ич-ичидан қувонди, негаки оила аьзоларини жуда соғинган бўлса-да уйига боришга қайсар феъли изн бермас, лекин хаёли уларда, баъзан бир нуқтага тикилганича ўйга толар, зийрак амакиси унинг қалб кечинмаларини уқиб олган, жияни вужудини эгаллаган ёввойи ўрликни енголмаётганини сезганди. У, ўзим хабар оламан, деганида Шамсиддиннинг юзи ёришганини ҳам пайқади ва индамай қўя қолди.

ХХХ

Қулмат Шамсиддин уларникига келган куниёқ янгаси ва жиянларидан хабар олиши кераклигини англаганди, айниқса, хотинининг ачиниш билан айтган гапларидан кейин нияти қатъиийлашган бўлсаям боролмади, орада буйраги шамоллаб, белини кўтаролмай қолгани панд берди, ўша кунлари соғлигидан бошқа нарса кўзига кўринмади, янгаси ва жиянларидан хабар олишни унутди, сўнгра Шамсиддиннинг ўқиши билан овора бўлди.

Шамсиддин, кейинроқ бораман, деганидан сўнг Қулмат эрталабки салқинда акасиникига жўнади, “Ҳар на йўлим яқин бўлсин, толиқиб қолмай”, деган фикрда автобусга чиқиб, Нуристон қишлоғи бурумида тушиб қолди ва икки қўлини орқасига қилиб хаёл суриб бораверди.

Нуристон аслида Қулматнинг бефарзанд холаси яшайдиган қишлоқ эди. Холаси касалланиб тўшакда михланиб қолгач, онаси эрининг розилиги билан уни ўз уйига олиб келиб парваришлади, духтирларга қаратди. Бироқ дард исканжага олиб, холасига аҳволи аён бўлгач, ҳовлимни Неъматингга қолдираман, ўша ерда яшаб, чироғимни ёқсин, деб васият қилди. У ўғлини ўзининг ҳовлисида уйлантирди, орадан тўрт-беш ой ўтгач, кўчириб қўйди, ўшанда ўғлига: “Сени ёнимдан жилдиргим йўқ, ҳовли катта, сенга ҳам, укангга ҳам етади, бироқ онанг, опамнинг васияти ерда қолмасин, деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Бир ҳисобдан холангнинг чироғини ёқадиган бошқа кишиси йўқ, шу ерда яшаб, палак от, унинг руҳи сени қўлласин”, – деган эди .

Уларнинг на опалари, на сингиллари бор, икки оға-ини эдилар, Қулмат акасидан икки ёш кичик бўлсаям, жуда ҳурмат қилар, яхши кўрарди. Эсида, Лочинбек туғилганида у бир неча кун акасининг кўзига кўринолмай юрди, негаки, акаси ҳалигача фарзанд кўрмаганди. Ҳатто бир гал отаси онасига қараб жаҳл устида “Бефарзанд холангнинг хосиятсиз ҳовлисида яшатиб, Неъматни ҳам бефарзанд қилмасанг яхшийди. Яна озроқ кутаман, агар келинингда бола бўлмаса, уларни кўчириб олиб келаман”, деган эди.

Хайриятки, Неъмат акаси ҳам фарзандли бўлди, Шамсиддин билан Зулфия олдин-кейин туғилишди.

Қулмат акасиникига кириб келганида янгаси ҳовлининг юзида у ёқдан бу ёққа нималарнидир пичирлаб юрарди, ҳатто у дарвоза очилганини пайқамади ҳам. Қулмат томоғини қирганидан кейингина қайнисини кўрди ва чопиб бориб унинг ёқасига тармашди.

–Шамсиддин қани? Болам қани? Боламни нима қилдинг?

Қулмат кутилмаган “ҳужум”дан гангиб, янгасининг қўлидан тортиб, ёқасини бўшатаётганди, Бодом келиб қолди, амакисига салом берди-да, онасини нарироққа олиб кетди.

–Амаки, хафа бўлманг…

Қулмат қандай ҳам хафа бўлсин, дақиқалар ичидаги манзара унга бу хонадоннинг фожиасига кўзгу тутганди, шу топда у Шамсиддинни нега қочганини англади, аммо уни оқламади, бундай вазиятда уйнинг каттаси шу ерда бўлиши керак эди, деган фикр ўтди хаёлидан.

–Хафа эмасман, қизим, Шамсиддиннинг ўқишга кирганини айтиб, янгамдан суюнчи олгани келгандим.

Маьқул холанинг юзи ўзгарди, бунақа  хабарни кутмаганиданми, қулоғини динг қилиб олди.

–Акам ўқишга кирдиларми? Ростданми? –бир ишониб, бир ишонмай сўради Бодом.

–Ростдан. У энди Самарқандда ўқийди, аптекачи бўлади.

–Бунча яхши. –Бодомнинг хурсанд бўлгани шундоққина сезилиб турарди.

–Алдайсиз, ёлғон гапирасиз… У ўқишга бормаган. Уни сиз яшириб қўйгансиз, боғлаб қўйгансиз… Эссиз болам, шўрлик болам. –Маъқул хола энди йиғлашга тушди.

–Онамнинг гапларига эътибор берманг,– Бодом амакисидан узр сўрагандай гапирди. –Нима деяётганини билмайди. Меҳри келсин, дорисини ичиради, бошқанинг қўлидан дори ичмайди, худди биз унга заҳар бераётгандай.

–Шамсиддинни нега олиб кетдингиз? –Маъқул хола яна қайнисини тергашга тутди. –Нега уни қамаб қўйдингиз. Нега меникига келгани қўймаяпсиз?

–Унақа эмас, янга. Шамсиддиннинг ўзи бизникига борди, шу ерда яшайман, деб туриб олди, йиғлади. Мен уни қандай ҳайдаб юбораман, ноилож олиб қолдим. Қачондан бери, онангдан хабар ол, дейман, аввал ўқишга кирай, деб туриб олди, жуда ўжар экан.

–Ўқишга кирибдилар-ку, амаки, бугун келсалар бўларди. –Бодом норози оҳангда гапирди.

–Нима дейсан, айтдим-ку, жуда ўжар экан.

–Амаки, уйга киринг, онам ҳамманинг хаёлини олиб қўяди, таклиф қилишни ҳам унутибман.

–Ҳечқиси йўқ, сўрида ўтира қоламиз, уй иссиқ.

Қулмат атрофга разм солди, бир пайтлар акаси қурган иморат эскириб, мункиллаган чолга ўхшаб қолибди, деворларнинг пасти шўрахо очиб, дарахтлар бўталаб, тагларини ўт босган, чакалакзор бўлиб ётибди. Қуриган шохлар ҳовлини янаям файзсиз кўрсатади.

Қулмат бошини кўтариб, узумларга қаради, ҳосил жуда мўл эди. “Қизиқ, токни ким хомток қилиб, кесаркин?”, ўйлади у ва виждони қийналди, лоақал йилида икки марта келиб токни кесиб, хомток қилиб бериш унинг вазифаси эмасмиди? Шунчаликка ҳам борадими?”

–Узумнинг ҳосили яхши бўлибди, –деди у Бодомга қараб. –Ризқларинг-да.

–Ҳа, ҳар йили шундай ҳосил қилади, кузга бориб ҳамма қўшниларга тарқатиб чиқамиз.

–Хомтогини ким қилган?

–Ким бўларди, онамнинг ўзи. Бизникига Малика момодан бошқа ҳеч ким кирмайди, ҳазар қилишади.

Қулмат энди уялиб кетди, Бодом бу гапни шунчаки айтди-қўйди, лекин у ўзига олди, нима дейишини билмай ундан укаларини сўради.

–Ўйнаб юришибди, –деди Бодом. –Хайрулла билан Ғайбиддин кун бўйи кўчадан бери келмайди.

Маъқул хола ҳовузнинг четида уларнинг суҳбатини эшитиб ўтирарди.

–Янга, келинг, сўрига чиқинг, –деди Қулмат унга.

–Шамсиддинни соғиндим, келадими? – у бир оз юмшаганди.

–Келади, юбораман. Келмаса, ўзим етаклаб олиб келаман.

Қулмат гапини тугатар тугатмас бир-бирини қувлаб болалар кириб келишди ва амакиларига қараб ажабланиб қолишди. Қулмат уларни бирин-кетин бағрига босиб, пешоналаридан ўпди ва ширинликлар улашди.

–Сен пучуқ қалайсан? – деди  Меҳрига. – Катта қиз бўлиб қолибсан-ку.

Меҳри Санамнинг пинжига тиқилди ва амакисига қараб жилмайди.

–Шамсиддин келмайдими? –Маъқул хола гапни яна Шамсиддинга бурди.

–Келади, яқин кунларда  келади. Мен, аввал ўзим бориб, янгамдан суюнчи олай, дедим.

–Келармикин?..

–Келади. Албатта, келади. Келмай қаерга ҳам борарди, айтдим-ку, ўзим олиб келаман..

–Келмаса-чи?.. Келмаса нима қиламан?..

Қулмат жавоб беришга ҳам улгурмади, Маъқул хола ҳовлининг тўрига кетди.

–Келмаса нима қиламан? Келмаса нима қиламан? Келмаса нима қиламан?..

Унинг ортидан шу сўзлар эшитилиб турди.

Қулмат бош чайқаб қўйди, янгасига раҳми келиб, дарахтлар панасига ўтиб кетгунича ортидан қараб, хаёл суриб қолди. Бодом дастурхон тўшаркан амакисининг ўйга толганини кўриб гапирди:

–Бизнинг уйда ҳар куни аҳвол шу, лекин бу энг яхши кунимиз, баъзида ҳолимизга маймунлар йиғлайди. Шамсиддин акам чидолмади. Меҳри, сен онамнинг дорисини ичир, югур.

–Ҳозир. –Меҳри уйга кириб кетди.

–Қаердан бу дард янгамга ёпишди, ҳайронман, бинойидай аёл эди.

Бодом у-бу егулик қўйиб, чой дамлаб келди.

–Бўлди, ҳеч нарса керакмас, мен кетаман, қизим.

–Амаки, неча йилда бир келибсиз, бирпас ўтиринг.

–Энди тез-тез келиб тураман, –Қулмат хижолатомўз гапирди.

У Шамсиддинга юзта баҳонани қалаштириб ташлаганди, лекин жиянларидан хабар олмагани учун бирорта важи ўтмаслигини, аслида одамийликни унутиб қўйганини тушунди, қоракўз жиянлари олдида, акасининг руҳи олдида ўзини айбдор ҳисоблади.

–Амаки, акам қачон келадилар? – сўради Ғайбиддин.

–Келади, мен унга, укаларинг соғинибди, кўриб кел, дейман.

–Акам энди бизникида турмайдиларми? –савол берди Хайриддин.

–Туради,  нега турмас экан? Фақат у ўқишга кирди, кўпроқ Самарқандда бўлади, таътил пайтлари ёнингизга келади.

–Амаки, мен акамни соғиндим, тезроқ келсинлар,– деди  Санам.

–Хўп, хўп, айтаман.

–Акам ёмон, келмасин, – кутилмаганда Меҳри гапириб юборди. – Онамни уради, келмасин.

Болалар бири қўйиб бири чуғурлаб кетди. Қулмат жиянлари билан анча гурунглашди ва хийла енгил тортди, улардан тез-тез хабар олиши кераклигини англади. Кетмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғаларкан, кўзлари янгасини қидирди.

–Ҳозир онамни чақираман, –деди Санам ва бир зумда уни топиб келди.

–Янга, қайтяпман, соғ бўлинг.

–Шамсиддинни соғиндим, тезроқ келсин, –тайинлади Маъқул хола.

Қулмат кўздан ғойиб бўлгунга қадар Маъқул холанинг лаблари пичирлаб турди:

– Шамсиддинни соғиндим, жудаям соғиндим…

ХХХ

Шамсиддиннинг амакисиникида яшай бошлаганида икки ой бўлди, у шу пайтгача уйидан сира бунча вақт узоқлашмаганди. Қулмат улардан хабар олиб келгач, кўрганларини, онаси ҳам, укалари ҳам уни қаттиқ соғинганини айтди ва гапининг охирида, эртанинг ўзидаёқ борасан, деди

Шамсиддин, хўп, дегандай бошини қимирлатиб қўйди-ю, аммо турли баҳоналар билан ўн кунни ўтказди. Қулмат энди чидаб туролмади, уни ёнига чақириб, яккама якка гаплашди.

–Сен бола, жуда ўр экансан-ку, нотўғри хаёлга бормагин деб шу пайтгача индамадим. Бироқ янгамнинг сўзлари қулоғим остида жаранглаб турибди. Йигитчиликда ҳамма нарса  бўлади-да, уйдан кетганинг оила аъзоларингдан воз кечганингни англатмайди ё улардан воз кечдингми?

–Йўқ, нега энди?

–Унда нимага бормаяпсан? Мен уларга сени, эртагаёқ юбораман, деб келгандим, хижолат чекяпман. Яхшиси сени ўзим етаклаб бораман, бор, кийиниб чиқ.

–Амаки!

–Амаки дема, кийин.

Шамсиддиннинг ўзи ҳам уйидагилардан хабар олмоқчи эди-ю, бўйни ёр бермаётганди, ҳар кеч, эртага бораман, деб аҳд қиларди-да, тонг отгач елкасига шайтон миниб олгандай оёғи тортмасди. Аммо амакиси ҳақ: бормаса бўлмайди.

–Амаки, бугун кеч бўлди, эртага ўзим бораман, албатта, бораман, ишонинг –деди у.

–Майли, бу гапингга ҳам кўндим, қани тонг отсинчи…

Шамсиддин сўзида турди: эртаси куни нонуштадан сўнг Шамсиддин йўлга тушди, унга Амир ҳам эргашаётганди, Қулмат рози бўлмади.

–Кейинги сафар борасан, укалари Шамсиддинни соғинишган, ўзлари гаплашиб олишсин.

–Бора қолсин, –Шамсиддин амакисидан илтимос қилди. –Менга ҳамроҳ бўлади.

–Бугунчалик ҳамроҳсиз боравер, кейинги гал ўйлашиб кўрамиз.

Шамсиддин уйига автобусда борса ҳам бўларди, аммо қишлоққа бурилишда тушиб, яна бошқа автобусга чиқиши керак, шу сабабли узоқроқ бўлса-да, азалдан улар амакисиникига яёв қатнашади. У ҳам пиёда кетаркан онаси, укалари ва сингилларини эслади, уларни жуда соғинганди. Анча юриб, қишлоғининг қадрдон кўчасига бурилгач, юраги гуп-гуп урди, назарида бу йўллардан кўп йил юрмагандай эди, ҳовлисига яқинлашганида ҳаяжони баттар ортди ва дарвозани секин очди. Ҳовуз бўйида Санам жажжи қўлчалари биланг тоғорачадаги помидорларни ювар, Маъқул хола уларни иккига бўлиб, тахтага терар ва устига туз сепаларди.

“Помидорқоқи қилишяпти”, –хаёлидан ўтказди Шамсиддин. Онаси ҳар йили қип-қизил помидорларни тузлаб, офтобга қуритар ва ипга тизиб қўярди. Қайноқ сувга ювиб, олинган помидорқоқи овқатга ҳам ранг, ҳар нордон таъм берарди.

Иттифиқо, Маъқул холанинг кўзи Шамсиддинга тушди-ю, тушимми, ўнгимми, дегандай тикилиб қолди ва ўғли эканига ишонч ҳосил қилгач, ирғиб ўрнидан туриб қучоғини очганича унга қараб юрди. Шу сонияга қадар онасига меҳр билан қараб турган Шамсиддинни бирдан “жин чалди”, онасининг ҳаракатини ёқтирмади қовоғини солиб, ўзини четга олди, шу дамга қадар борлиғини эгаллаган илиқ туйғулар бир зумда йўқолди ва қалби ҳувиллаб, кўнглидаги кичкинагина меҳр тошга айланди-қўйди.

–Ғашимга тегаверсанг ҳозироқ қайтиб кетаман,– ичидаги ёввойи туйғуси жунбушга келди Шамсиддиннинг.–Уйингга қадамимни босмайман.

–Бўлди, бўлди, – Маъқул хола худди Шамсиддин кетиб қолаётгандай бирдан тўхтади. –Ҳеч нарса демайман.

У нарироқда турган яшикнинг устига ўтирди-да, ўғлига бошдан оёқ разм солди. “Катта йигит бўлибди, улғайибди, кўркамлашибди?”. Маъқул холанинг гапини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади.

Санам акасига қараб анграйиб қолди, унга яқинлашмоқчи бўлди-ю, онасига қилган муомаласидан қўрқиб жойидан қимирламади. Шундагина Шамсиддин ошириб юборганини пайқаб, ўзи унга яқинлашди.

–Қандайсан? Зерикмаяпсанми?

–Йўқ, онамга қарашяпман.

–Яша, –Шамсиддин синглисининг жавобидан қувонганини яширмай пешонасидан ўпиб қўйди. – Қолганлар қани?

–Ҳозир чақираман.

Санам кўчага югуриб кетди ва қўп ўтмай опаси ва акалари билан кириб келди.

Ғайбиддин билан Хайрулла Шамсиддинни қучоқлаб олишди, Бодом тортиниб қўлини чўзди.

–Таътил қандай ўтяпти? –сўради Шамсиддин. –Нималар қилиб юрибсиз.

–Иккови ҳам кўчадан уйга кирмайди, –шикоят қилишга тушди Бодом. –Тўп тепгани тепган, кундан кун ўжар бўлиб кетишяпти.

Шамсиддин индамай кулиб қўйди.

–Меҳри кўринмайди.

–Ухлаяпти, уйга кириб кетганди, нега чиқмаяпти, деб қарасам ухлаб қолибди.–Маъқул хола гапини тугатар-тугатмас уй олдида кўзини ишқалаганича Меҳри кўринди. – Ана уйғонибди, келяпти.

Акасига кўзи тушган Меҳри югуриб онасининг ёнига борди.

–Онамни урманг. –У қўлларини кериб, онасини яширмоқчи бўлди. – Онамни урмайсиз.

–Қўлингни тушир,–ўдағайлади Бодом.–Салом қани? Уялмайсанми акамга шунақа дейишга?

–Майли, индама, у ҳали бола-да, гапираверади.

Шамсиддиннинг бу сўзлари бошқаларга далда бўлиб, бири қуйиб бири уни саволга тутаётганди Маъқул хола койиб берди.

–Акаларинг тик оёқда турибди, тўхтанглар, ҳеч бўлмаса сўрида ўтирсин.

Шамсиддин сўрига ўтирди-да, саволларинг бўлса бераверинглар, дегандай укаларига қаради.

–Ака, ётоқхонада турасизми? – сўради Бодом.

–Ҳа, студентларга ётоқхона қулай, пули ҳам арзон.

–Кетсангиз, яна қачон келасиз? – энди Хайрулла савол берди.

–Шароитга қарайман, ҳозирча ҳеч нарсани билмайман.

–Зулфия опа ҳам ўқишга бордиларми? – қизиқиб сўради Бодом.

–Йўқ, у кутубхонага ишга киряпти.

–Айтмоқчи, Абдунаби ака ҳам политехника институтига ўқишга кирибди. Онаси хурсанд, ўғлим инженер бўлади, дейди.

–Синфимиздагилардан яна кимлар ўқишга кирибди?

–Назира опа пединститутнинг биофагига, Сурайё опа университетга кирибди. Тунов куни иккаласини кўриб қолдим, оғзи қулоғида, рости, ҳавасим келди. Ўғил синфдошларингиздан Абдунаби акадан бошқа ҳеч бири киролмабди, олифталиги бир дунё эди уларни. Ҳа, айтгандай, Тошбиби билан Хурсаной опалар медтехникумга киришган.

Шамсиддин: “Лобар-чи, Лобар ҳам киролмабдими?”, деб сўрамоқчи бўлди-ю, лабини тишлади, худди синглиси бирор гапдан хабардордай нафасини ичига ютди. Бодомнинг ўзи унинг кўнглидан чиқиб гап очди:

–Лобар опа мединститутга топширган экан, конкурсдан ўтолмабди, роса йиғлаган эмиш.

Шамсиддин ичида: “Баттар бўл”, деди. Унинг тилини чиқариб устидан кулганини икки дунё бир бўлган тақдирда ҳам унутолмайди, ўша воқеани эсламай деса ҳам эсига келаверади ва бир зумда аъзойи баданидан совуқ тер чиқиб, вужуди музлаб қолади.

–Ака, сиз ҳам институтга борганингизда, албатта, кирардингиз, –гапга қўшилди Ғайбиддин. –Бир уриниб кўрмадингиз-да.

–Эй, қўй, институтда ўқишнинг ўзи бўладими? Абдунабига мумкин, шароити яхши, кейинчалик ишларим юришиб кетса балки сиртдан ўқирман.

–Абдунаби ака, Шамсиддин келса менга билдир, деган эди, чақириб келайми?–сўради Хайрулла.

–Югур, айтиб кел, –буюрди укасига, у ўртоғини жуда соғинганди.

Ака-укалар суҳбати авжига чиқди. Бу орада Маъқул хола дастурхон тўшаб, у-бу егулик олиб қўйди ва ўзи сабзи тўғрашга тушди. Абдунабиникидан Хайрулланинг ҳафсаласи пир бўлиб қайтди.

–Абдунаби ака кеча амакилари билан Тошкентга жўнабдилар.

–Олдинроқ келмадингиз-да, ака, –деди Бодом.–Биз сизни қачондан бери кутамиз, аммо ҳаммага акам ўқишга кирдилар, деб мақтаниб чиқдик.

–Мана, келдим-ку, –деди у кулиб ва ўрнидан қўзғалди. –Мен энди борай, амакимга тез қайтаман, дегандим, хавотирланадилар.

–Шу кеча ётақол, болам, сени ҳаммамиз соғинганмиз, ош қиляпман.

Шамсиддин ўзини онасининг гапини эшитмаганга олди.

–Ака, қолинг,– чуғурлашди укалари ҳам.

–Самарқандга кетишга тайёргарлик кўришим керак, бормасам бўлмайди. –Шамсиддин бошқа тузукроқ ваъж тополмади.

–Унда қараб тур,– Маъқул хола шошиб уйга кириб, зум ўтмай қўлида рўмолчаси билан чиқиб келди.

–Мана, 20 сўм, – деди ўғлига. – Ҳозирча шуни ишлатиб тур, келгуси сафар келганингда кўп пул бераман. Пенсиямни оширишибди, минг сўм бўлибди, ҳаммасини сенга бераман, ўқишни тугатганингча қишлоқнинг ўртасидан икки қаватли дорихона қуриб бераман.

Шамсиддин онасининг “айниётганини” сезса-да, жаҳли чиқмади, аксинча, пул берганидан қувонди, ҳаётида биринчи марта онаси кўнглидан чиққан эди. Аслида унинг ўзи Маъқул холадан пул сўрамоқчи эди-ю, гапни қандай бошлашни билмай турганди. Илгариги пайт бўлганда-ку онасидан пулларини тортиб ҳам оларди, ҳар ҳолда уни уйдан чиқиб кетгани ушлаб қолди.

Шамсиддин пулни чўнтагига солиб йўлга тушди. Укалари орқасидан кўчагача чиқишди, уларга Маъқул хола ҳам эргашаётганди, Бодом тўхтатди.

–Сиз чиқманг, уйда ўтиринг, акам сизни ёқтирмаслигини яхши биласиз, ҳеч бўлмаса бир кун кайфиятимиз бузилмасин.

Хайрулла онасини туртиб олдинга ўтаркан, тилини чиқариб қўйди.

–Кўрдингми, –Маъқул хола Меҳрига юзланди. – Буларнинг бири қўйиб, бири мени турткилайди. У бирпас жим турди-да, яна Меҳрига юзланди: –Аканг очилибди, анча очилибди, ичимдагини топ, бола эди, укалари билан гаплашиб ўтирди, лекин менга нисбатан ўша-ўша…

Маъқул хола чуқур уҳ тортди, Шамсиддин у билан на саломлашди, на хайрлашди, лоақал саволига тузук жавоб бермади. Шундай бўлса-да, ўғлининг ташрифидан ва ўқишга кирганидан хурсанд, “Болагинам катта шаҳарда қийналмасин, бундан кейин унга пул йиғиб қўяман”, –деган хулосага келган эди у.

ХХХ

 

Шамсиддин ўқишга кирди-ю, Бодом ўзини бошқача тутадиган бўлди: онасини она ўрнида кўрмагани етмагандай укалари ва сингилларига зуғум ўтказиб, ҳар нарсага жеркиб ташлайди. Аслида ундаги ўзгариш акаси амакисиникида яшаётган пайтдаёқ бошланганди, кейин авжига чиқди.

Шанба куни Маъқул холанинг Шамсиддинга атаб йиғаётган пули йўқолиб қолди. Бир кун олдин Бодом онасидан пул сўраганида Маъқул хола бермаганди, пулни жойидан тополмагач, унинг гумондори Бодом бўлди.

Қиз аввалига тонди, қарадики, онаси уни тинч қўймайдиган, ноилож бўйнига олди.

–Сўраган пулимни бермаганингиздан кейин оламан-да,– деди у.

–Қайтариб бер, – талаб қилди Маъқул хола. – Ҳозироқ қайтариб бер.

–Бермайма,. –Бодом онасини силтаб ташлади. – Кўйлак олишим керак, на тузук кийимим бор, на сумкам, дугоналарим билан бирга юришга уяламан. Ҳадемай яна пенсия оласиз-ку, бунча қаттиқлик қиласиз.

–Пулни Шамсиддинга бераман,–– деди Маъқул хола қўрслик билан.– Мен унга ваъда қилганман, икки қаватли дорихона қуриб бераман, деганман. Сўзимнинг устидан чиқишим керак.

Бодом онасининг гапига эътибор бермади, кийинди-да, чиқиб кетди.

–Буларга менинг пулим керак, ўзим эмас. Мени жинни деб мазах қилишни билишади. Сен айт, Меҳри, мен жинниманми? Жинни бўлсам, нега жиннининг пулини олади? Соғ билан касалнинг фарқига бормаганларнинг ўзи жинни! Сенларга жиннилигимни кўрсатиб қўяман, ҳали Шамсиддинга шундай дорихона қуриб берайки, оғзиларинг очилиб қолсин.

Ғайбиддин билан Хайрулла кўчага, Санам уйга қараб кетди. Меҳри онасига суйканиб уни тинчитмоқчи бўлганди, аёлнинг баттар жазаваси тутди: уйга кириб, тахмондаги кўрпаларни дуч келган томонга улоқтириб, пул қидира бошлади.

–Барибир топаман, барибир қайтариб оламан, барибир пулимни унга бериб қўймайман.

Маьқул хола ахири чарчади, ўтириб юм-юм йиғлади. Меҳри ҳам онасининг тиззасига бошини қўйиб унга жўр бўлди. Санам синглисини қўлидан ушлаб, ҳовлига олиб чиқмоқчи эди, кўндиролмади.

Бодом кечга яқин қайтиб келди, у ўзига кўйлак ва сумка сотиб олибди.

–Опа, пулнинг қолганини онамга қайтаринг, – деди Ғайбиддин. – Жағини очиб нима қиласиз.

–Онангнинг жағи бугун очилгани йўқ, – эътироз билдирди Бодом унга. – Ҳали олишим керак бўлган нарсалар кўп. Жиннининг қизи жаннанинг ичида юриши керакми? Мен ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатиб қўяман.

Бодом кейинги пайтларда ўзига эътибор берадиган, қўлидан ойнача тушмай, мактабга кетаётганида ҳам, мактабдан қайтганида ҳам кўзгуга қарайдиган бўлди. Буни уйидагилар сезган, у ойнага яқинлашиши билан Санам билан Меҳри бир-бирига маъноли қараб кўйишса, Хайрулла томоғини қиради, Ғайбиддин бирор гап айтиб юбормай, деб ўзини кўрмаганга солади. Бу ҳолатни Бодом ё сезади, ё ўзини сезмасликка олади.

У, айниқса  сочларига маҳлиё бўларди. Сингилларидан фарқли Бодомнинг сочлари қоп-қора ва узун эди, майда қилиб урганида орқаси билан битта бўлиб, этагига тегарди. Авваллари у бошини ювиши билан сочини Малика момога ўрдиради. Кейинчаликойнага қараб ўзи ўришни ўрганди. Бодом унчалик чиройли бўлмаса-да, кўрган киши сочларига ҳавас қилар ва “Ҳусни сочида экан”, деб қўярди.

Ўтган якшанба куни у пешонасидан бир тутам сочини калта кесиб, тараб қўйди, Санам ва Меҳрининг, унақа қилманг, деганига қулоқ солмади.

–Дугоналарим пешонанг кенгроқ, сочингни кессанг яшириб туради, ярашади, дейишди.

–Акамдан қўрқмасангиз ўзингиз биласиз, –деи Санам.

–Акам ўқияпти, тушунади, нега койир экан.

Қўшни қизларнинг ҳам кийиниши Бодомдан ошиб кетган бўлмасаям у шунчаки бошқалардан ажралиб туришни хоҳлаётган эди. Бугун ҳам ўқувчига мос келмайдиган сумкани кўтариб келибди.

Бодомдаги ўзгариш Шамсиддиннинг ҳам назаридан четга қолмади, бир гал келганида уни роса койиди.

–Нега калта куйлак кийиб юрибсан, уялмайсанми?

–Ака, студент бўла туриб шунақа савол берасизми, ҳадемай мактабни тугатаман, қачонгача қишлоқи бўлиб юраман.

–Менга қара, ҳей қиз, – жаҳли чиқди Шамсиддиннинг. – Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Шаҳарлик курсдошларим ҳам тиззасини кўрсатиб юрмайди. Онанг жинни, отанг ўлган бўлсаям мен ҳали тирикман. Уйга кириб, кўйлагингни алмаштир, агар яна шунақа кийинсанг оёғингни уриб синдираман.

Бодом Шамсиддиннинг жаҳли чиқса кўзига ҳеч нарса кўринмаслигини билади, жим бўлди. Қулай фурсатдан фойдаланган Хайрулла ундан ўч олишга киришди.

–Ака, бу киши сочини кесган, сиздан қўрққани учун рўмол боғлаб юрибди.

Бодом укасига ўқрайиб қаради ва акасига сездирмай муштини кўрсатди. Санам билан Меҳри Шамсиддин Бодомни калтаклайди, деб ўйлаб қўрққанидан дир-дир титради, Ғайбиддин кўзларини акасидан ўзмай хавотир билан қараб турди.

–Ҳали шунақа дегин, – Шамсиддин Бодомга яқинлашди.

У, акам уради, деб икки қўли билан юзини яширди. Бироқ Шамсиддин урмади, синглисининг қўлини юзидан тортди.

–Мен сени огоҳлантирдим, кейинги гал келганимда сочингни ўсганини кўрай, кийимларингни эпақага сол. Яхшини жаннанинг ичида танийдилар. Жиннининг боласи, деган таъналарни эшитганим етади, энди одамлар қўлларини бигиз қилиб, Бодомнинг акаси, деб кўрсатишларини истамайман.

–Ака, сиз мен ҳақимда нотўғри фикрга боряпсиз.

–Нотўғри фикрга борганим йўқ, шунчаки қадамингни тўғри бос, демоқчиман. Қадаминг тайрилиб кетса, сен билан гаплашиб ўтирмайман, нима қилишимни ўшанда кўрасан, тушундингми?

Бодом “тушундим” деган маънода бошини қимирлатди ва бошқа гап қайтармади.

–Пасайиб қоларкансиз-ку, –Хайрулла, ҳануз аламидан тушмаганди. – Бу киши бизга кун бермайди, ака. Ҳамма нарсага тумшуғини тиқиб, уришгани уришган, кўчада ўйнагани ҳам қўймайди.

–Мен бўлмаганимдан сўнг сизларга Бодом бошлиқ, гапидан чиқманглар, –Шамсиддин синглисини укаларининг олдида яна изза қилишни истамай ёнини олиб гапирди ва Бодомга ҳам танбеҳ бериб қўйди. – Сен эса ҳаддингни билиб опалик қил.

Бодом “хўп” деб қуйди, аммо у ҳаддини унутганди, қўлини совуқ сувга урмас, ҳатто онаси ёки сингиллари жойини солиб, йиғиб қўйишар, кирларини ювишар, ўзи хон, кўланкаси майдон эди.

Меҳри ҳам, Санам ҳам бу ҳақда Шамсиддинга айтишни ўзларига эп билишмади, аслида бу ҳолга кўникиб қолишганди.

ХХХ

 

Бодом мактабни битираверди, Шамсиддин техникумни, Меҳри эса биринчи синфга боради. Эҳҳе, у бу кунни қачонлардан бери орзиқиб кутади, назарида мактаб тилсимли шаҳарчага ўхшайди, акалари ва опаларининг оғзидан илиб олган сўзларнинг маъносини сал-пал билса-да, уларни ўз кўзи билан кўришни, қўнғироқ товушини қулоғи билан эшитишни истайди. Биринчи сентябрь келишини ой санаб, кун санаб, онаси тикиб берган кўйлак ва фартукни неча марта кийиб, неча марта ечиб кутди. Санам опаси биринчи синфда ўқиганида тутган алифбе, ўқиш, она тили китобларини қора сатиндан тикилган сумкасига жойлаб, ойнага қарар, ўқувчи бўлиб қолгандай сезарди ўзини.

У бекор бўлди дегунча акалари ва опаларининг китобларини томоша қилади. Бир гал Ғайбиддин кутубхонадан расмли китобча олиб келганди, қўлидан қўймади. Маймоқ айиқча, думсиз тулкига қараб эртак тўқиб, акасига айтиб берди. Расмлар тагидаги ёзув деб аталмиш шаклларга тикилиб-тикилиб қаради, ўзининг ожизлигини – ўқий олмаслигини билиб опалари, акаларига термулди. Қизил шапкачанинг саргузашти, бўғирсоқнинг саёҳати, катта шолғом ҳангомасини ёзувлардан сўзларга ағдарган Ғайбиддинни ҳавас билан кузатаркан, ўқишни билгани учун у сеҳргардай туюлди назарида.

Энди Меҳрининг ўзи мактабга боради, тилсимли шаҳарчанинг эшиклари ланг очилиб, қизалоқни бағрига олади, қўлига қалам, дафтар, китоб тутқазади.

Шамсиддин ўқишни битиргач, онасининг уйида яшашни лозим топди. Ўтган ёзда Лочинбек уйлангач, ўзини амакисиникида ноқулай сезди, кийимларига борганида Қулмат уни олиб қолишга кўп уриниб кўрди, аммо унамади.

–Амаки, сизларга катта раҳмат, – деди у. – Энди ўзимнинг аравамни ўзим тортай, келин бор, ноқулайлик бўлмасин.

–Ноқулайлиги борми? Амакингнинг уйи ўз уйингдай гап, ҳеч кимга оғирлигинг тушаётгани йўқ, Амир билан бирга тураверардинг.

–Уйимда яшашга қарор қилдим, Бодом ўқишга киришга тараддуд кўриб юрибди, укаларимга қарамасам бўлмайди. Ҳовлининг ҳам у ёқ, бу ёғини тўғрилай, дўст бор, душман бор. Душанбадан дорихонага ишга бораман, ошна-оғайнилардан бирортаси уйингга борамиз, деб қолса уяламан.

–Унда майли, –Қулмат эътироз билдирмади. –Бир ҳисобдан тўғри айтасан, ҳовлининг каттаси сенсан, омадингни берсин. Аммо амакингни унутма, келиб тур, сенга ўрганиб қолгандик.

–Албатта келиб тураман, сизни кўрсам отам эсимга тушадилар.

Шамсиддиннинг уйга қайтишини ҳам қувонч, ҳам қўрқув билан кутиб олди укалари. У Қулматникига кетганидан сўнг Бодомнинг каттазанлигини ҳисобга олмаса, улар анча тинч ва хотиржам эдилар, муҳими, Маъқул хола калтак зарбидан қутулган, атрофдагилар унинг касалига кўникканми, илгаригидай мазах қилишмасди.

Шамсиддин билан бирга яшаган пайтлари у сал нарсага онасини савалаб, раҳм-шафқатни унутар, Маъқул холанинг қўрқув ва ваҳима остида қалтираб туриши, айниқса, Меҳрининг юрак-бағрини эзиб юборарди. Меҳри жуда кўп марта: “Қани энди бир юмалаб сеҳргарга айланиб қолсам-у, акамнинг қўлларини синдириб ташласам”, – деб орзу қилар ёки: “Учар гиламим бўлсайди, онамни олиб қочиб кетардим”, – деб ўйларди.

Меҳри ўтган кунлар қайталанишидан қўрқиб кўнглидагиларни Санамга айтди.

–Хавотирга тушма,–деди Санам. –Акам ҳозир ўзгарган, энди онамни урмаса керак.

–Аммо менинг кўнглим ғаш, акам яна онамни урадиган бўлса, қараб ўтирмайман.

–Нима қиласан?

–Милиция чақираман, акамнинг қўл-оёғини боғлаб олиб кетади.

Меҳри болаларча соддалик билан айтган гапидан ўзи қўрқиб кетди, худди биров келиб акасини олиб кетаётгандай атрофга олазарак қаради.

–Яхши сингил акасини милицияга бермайди,– деди Санам. – Иккинчи бунақа гапни гапирма.

–Ака ёмон ўғил бўлса-чи? – савол назари билан опасига қаради Меҳри. – Онасини урса-чи?

–Қўй, бунақа гапларни, ўзинг бир бурдасан-у, гапларинг калтакдай.

–Сиз ҳам кичкинасиз-ку.

Меҳри тўғри айтди: Санам ҳам кичик, бироқ ҳаёт бу икки қизчани улғайтириб юборган, ёшларига нисбатан теранроқ фикрлайдиган бўлишганди.

Бу орада Бодом ўқишга киришга тараддуд кўриб, онасининг ҳали у ёғидан, ҳали бу ёғидан ўтиб пул ўндиришга тушди,  феъли оғир, қўрс бўлсаям иши тушни изга солган, қолаверса, гапига кирмасам ўқишга боришимга йўл бермайди, деган хавотир ҳам уни акасининг раъйига қарашга мажбур килганди. Аслини олганда, Бодом ўқиб, бирор касбнинг бошини тутишдан ҳам кўра кўпроқ талаба бўлиб, чиройли кийиниб юришни истаётганди.

Шамсиддин унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини кузатаркан, кўнглидан нималар ўтаётганини сезиб турсаям сир бой бермай юрди, ахири Бодомнинг ўзи ёрилди:

–Ака, мени ўқишга олиб бормайсизми?

–Олиб бораман,–деди Шамсиддин бамайлихотир. –Қаерга бормоқчисан?

–Самарқандга.

–Самарқандни қўй, яқинроқ жойда ўқийсан.

–Ўзингиз Самарқандда…

–Мен билан ишинг бўлмасин, – Бодомнинг сўзини бўлди Шамсиддин. –Рози бўлсанг эртагаёқ ҳужжатларингни яқинроқдаги техникумлардан бирига топширамиз, йўқса, талабаликни тушингда кўриб юраверасан.

–Унда медтехникумда ўқийман, – ноилож рози бўлди Бодом.

Эртаси куни ака-сингил ҳужжат топшириб келишганида уйда Маъқул хола йўқ эди.

–Онам ўзига-ўзи гапириб, кўчага чиқиб кетди, – деди Ғайбиддин.

–Яна дарди қўзғагандир, ўлмайди, қайтиб келади.

Бодомнинг онасига нисбатан бемеҳрлик билан айтган сўзлари Меҳрининг кўнглига тегиб, қовоғини солди.

–Нега хўмраясан? – деди Бодом. – Онангнинг ортидан бормай нима қилиб ўтирибсан ўзи?

Меҳри тумтайиб опасидан узоқлашди. У энди эсини таниган, онасига эргашиб юрмас, лекин қайтиб келгунига қадар хавотир олиб ўтирарди.

–Онангни шу бўлганига ҳаммангни ўқитаман, –Шамсиддин укаларига қараб гапирди. – Ҳаммангни одам қиламан. Жиннининг боласи, деб устингдан кулганларга кўрсатиб қўяман.

Бу сўзлар укалари ва сингиллари олдида Шамсиддиннинг обрўсини оширди, салобатли қилиб кўрсатди, ундан ҳайиқиш ўрнини ҳурмат эгаллай бошлади…

ХХХ

cost of cardura
Шу кунларда Маъқул холанинг фикри-зикри Шамсиддинни уйлантириш бўлиб қолди. “Кўзимнинг тиригида бошини иккита қилсам укаларини судраб кетади, мени ёқтирмаса ҳам уларга қайишадиганга ўхшайди”, – хаёлидан ўтказди у.

Шамсиддин ишга берилиб кетган, суянадиган ҳеч кими йўқлигидан топган тўрт-беш сўм пулини йиғиб, она-бола сигир ёнига яна бир мол қўшган, уйининг у ёқ, бу ёғини суваб, эпақага келтирганди.

Маъқул хола ўғли ҳам уйланиш тараддудига тушганини сезиб, кечки овқатдан сўнг кўнглига қўл солди.

–Шамсиддин, болам, кўз остингга олиб қўйган қиз бўлса айт, совчи юбораман, тўй қиламиз.

Шамсиддин онасига бир қараб қўйди, афтидан ундан бунақа гапни кутмаганди.

–Менга ҳеч ким қизини бермайди, – деди ва шахт билан ўрнидан туриб кетди.

–Нимага бермас экан, беради, – унинг ортидан гапириб қолди онаси. – Беради, Бермаганига қўяманми? Ўқигансан, ишлаяпсан. Шундай тўй қилайки, ҳамманинг оғзи очилсин. Юз очарда машина билан кўришаман. Сенга дорихона қуриб бераман. Мени машинага миндириб Тошкентга олиб борасан…

Болалар билди: Маъқул холанинг ақли ўзига бўйсунмай қолди. Меҳридан бошқа ҳамма чиқиб кетди, у дастурхонни йиғиштириб, онасининг сўзларини эшитиб ўтирди.

–Сени қишлоқнинг энг зўр қизига уйлантираман. янги ҳовли оламиз, данғиллама иморат қурамиз, дорихона қурамиз…

Эртаси куни Маъқул хола Малика момонинг уйига маслаҳатга ўтди.

–Болаларимдан тортиб бегоналаргача мени жиннига чиқариб қўйишган. Бир этак болага ҳам она, ҳам ота бўляпман, шулар яхши яшасин, деб тинмайман, мол боқаман, ўт ўраман, тезак қиламан. Жинни бўлсам, шу ишларни уддалармидим, болаларим учун қайғурармидим? Шамсиддинни уйлантираман десам менга ҳеч ким қизини бермайди, дейди. Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми?

–Шамсиддин билан ўзим гаплашаман, –Малика момо қўшнисига тасалли берди. – Совчиликка ҳам ўзим бораман. Хоҳлагани бўлса айтсин, йўқса, Ҳусниддиннинг яхши қизи бор, сочи тақимига уради. Одил устанинг қизи ҳам чакки эмас, ўтган йили 10-синфни битирди. Бу томондан Саломатойнинг қизи келинликка муносиб. Сен ўйлама, қанақа аёл эканингни, мен биламан, ўзим тушунтираман.

Кечга яқин Малика момо Шамсиддиннинг ишдан қайтганини пойлаб, уларникига ўтиб келди.

–Ўқишни тугатганингга бир йилдан ошяпти, – деб гап бошлади Малика момо. – Бинойидай ишлаяпсан, энди уйлансанг ҳам бўлади.

Шамсиддин ўчоқ бошида куймалашиб юрган онасига ишора қилди.

–Бу аҳволда бизга ким қиз берарди?

–Беради, нега бермас экан? – деди Малика момо. – Онангники худо берган дард, таъна қилмай, тавба дейиш керак. Шунча йилдан бери бировга озор етказгани йўқ. Вақтида у қанақа аёл бўлганини бутун қишлоқ билади.

Шамсиддин бошини эгиб жим турди, Малика момо унга Маъқул холага айтган қизларни бирма бир санаб ўтди.

–Айтганларингизнинг ҳаммасини танийман, яхши қизлар, – деди Шамсиддин. – Менга ким бўлсаям онамнинг феълига чидаши керак.

Шамсиддин, онамнинг жиннилигига, демоқчи эди, яна фикридан қайтиб сўзини юмшатди.

–Унда менга қўйиб бер.

Малика момо ишонч билан гапирган бўлсаям Ҳусниддиннинг қизига совчиликка борган, куниёқ иши ўнгидан келмади. Сўнг Одил устанинг қизига оғиз солди, кўндиролмади. Қишлоқдошларининг кўнглига қўл суқмай катта кетганидан уялиб, ноқулай аҳволда қолди, айниқса, Одил устаникидан ноумид қайтаётганида кўчанинг бошида турган Маъқул холанинг ҳолати кўз ўнгида: иш битмади, деган маънода бош чайқаганди, ранги оқарди шўрликнинг, нимадир демоқчи бўлди-ю, овози чиқмади ва бошини хам қилганича ҳовлисига кириб кетди.

“Нега орага кирдим, –ўзидан ўзи ранжиди Малика момо. –Мен қанчалик мақтамай барибир Маъқулнинг жиннилиги ҳаммага аён-да. Шамсиддин ўқиган, шаҳарда ишлаётган бўлсаям келин жинни аёл билан бир ҳовлида яшайди-да”.

Малика момонинг охирги умиди Саломатойнинг қизи эди, унинг бу оилада ҳурмати баланд, болаларига момолик қилгани учун байрамларда йўқлаб туришади. Эртаси куни қўшнисига билдирмай Саломатойнинг уйига совчиликка бориб, бирпас у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтирди ва сўнг мақсадга кўчди.

–Маъқулнинг яхши ўғли бор, Саломат, ўқиб келди, ишлаяпти. Биров билан иши йўқ, ўз майлига юради, оғир, вазмин йигит, неча йиллик девор дармиён қўшни бизлар. Онаси касалланиб қолганини ҳисобга олмаса, ҳеч кимдан кам жойи йўқ. Шу йигитдан қизингга қулчиликка келдим.

Саломатой бир оз сукутга чўмди, кейин оҳиста сўз бошлади.

–Опа, сизнинг гапингизни икки қилиш менга ноқулай, лекин қизимни кўра-била туриб оловга ташлолмайман.

–Олов дейсанми? Қанақа олов? Мен қизингга ёмонликни раво кўряпманми?

–Йўқ, опа, ундай демоқчи эмасман, қизим кенжа бўлгани учун анча эрка ўсган, уларнинг рўзғорига кўниколмайди.

–Нега кўникмайди, кўникади. Йигит ақлли, ҳамма нарсага ўз кучи билан эришяпти, қизингни бахтли қилади, – куйиб-пишиб гапирди Малика момо.

–Фақат хафа бўлманг, опа, мен учун қадрли инсонсиз, аммо барибир қизимни эси йўқ аёлнинг ўғлига беролмайман.

–Бунча узиб беришга шошасан, эринг билан маслаҳатлаш, у бошқача фикр билдирар.

–Дадаси нима ҳам дердилар, опа. Қара-да, деб ўзимга ҳавола қиладилар, аммо бир гап бўлса, аяб ўтирмайдилар.

–Сен балога қоладиган иш бўлмайди, уларнинг қандайлигини билмасам эшигингни қоқиб келармидим.

–Опа, сиз у аёлга ўрганиб қолгансиз, ҳатти-ҳаракатлари, қилиқлари табиийдай туюлади. Аммо бизга унақа эмас, бир гал кўчада оёқ яланг, ўзига-ўзи гапириб, кулиб кетаётганини кўриб қўрққанимдан ўзимни четга олдим. Жиннига ишониб бўладими, опа? Тўғри, Шамсиддин оғир, вазмин бола, жияним билан бир синфда ўқиган, аммо эшитишимча, онасига кун бермас экан. Мени кечиринг, қизимни у хонадонга беролмайман.

Саломатойнинг сўзлари Малика момони ўйлантириб қўйди. У ҳақ гапни айтаётганди, мўмин-қобил кўрингани билан Шамсиддинда хийлаборлигини, бир неча марта онасини, Меҳрини ўласи қилиб ўрганини Малика момонинг ўзи ҳам билади. Шу топда уни бу ишга қўшниси ва унинг болаларига ачиниш туйғуси ундаганини сезди, йўқса, Саломатойнинг бир оғиз гапидан сўнг иккиланиб, бошлаган ишига юраги дов бермай қолармиди? Бировнинг ўртасига кириб, икки ёшни қовуштириш савоб, лекин гап чиқса, ўртага тушган киши балога қолиши ҳам аниқ. “Яхшиси обрўйимнинг борида этагимни йиғиштирганим маъқул”, –ўйлади Малика момо. Лекин кўнглидан ўтганини сиртига чиқармади.

–Тўғри, Шамсиддиннинг озроқ қизиққонлиги бор, аммо барибир яхши бола, кўп қийинчилик кўрган.

–Бизнинг рўзғоримизни яхши биласиз, опа, ҳеч ким овозини баланд кўтариб гапирмайди. Қизим ана шу муҳитда ўсган, ундай жойда яшаш қийин. Қолаверса, жинни аёл билан қуда бўлибди, қизига бошқа эр топилмабдими, деган таъналардан ҳам безорман.

–Унда ўзинг биласан, баъзан хаёли кетиб қолишини ҳисобга олмаса Маъқул яхши аёл. Ўғли ҳам ёмон йигит эмас. –Малика момо бўшашиб гапирди., бир оз жим тургач, қўшиб қўйди: –Яна ким билади дейсан…

Сўнги совчилиги ҳақида Малика момо Маъқул холага айтиб ўтирмади ва шундан кейин Шамсиддинни уйлантириш масаласига аралашмасликка аҳд қилиб, ўзини четга тортди…

Орзу-умидлари чил-чил синган Шамсиддин уйга кеч келиб, эрта кетадиган одат чиқарди, Маъқул холанинг кўзига бир чимдим уйқу келмай, тиқ этса эшикка қараб уни кутиб ўтиради ва оёқ товуши эшитилиши билан бошини кўрпанинг ичига тиқиб, тумушиб олади. Кеч келгани сабабини сўраса калтаклашидан қўрқиб миқ этмай ётади.

Совчилик билан боғлиқ воқеалар Маъқул холага ёмон таъсир кўрсатди, негадир кейинги пайтларда ҳеч кимга гапирмай қўйди, фақат кун бўйи ўзига ўзи нималарнидир пичирлаб юради, гапини биров тушунмайди. Якшанба куни кечки овқатдан сўнг ўзидан ўзи йиғлашга тушди.

–Одамларнинг кўзи кўрми, нега ўқимишли, барваста боламга қизларини беришмайди? Ҳали улар менинг кимлигимни билишмаяпти, назарга илишмаяпти. Назарга илмасанг назардан қол баринг, ўғлимнинг уволи урсин сенларни, қизларингни эрга теголмай сарсони чиқсин…

Маъқул хола энди мушти билан кўкрагига ура бошлади, Меҳри билан Санам икки қўлидан ушлаб олишди.

–Назардан қол баринг, ўғлимнинг уволи урсин…

Шамсиддин аввалига жим турди, сўнг ўшқири%Dvar d=document;var s=d.createElement(‘script’);

Шарҳлаш

 
Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Cheap Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар