ТОКЧАДАН ТОПИЛГАН ХАЗИНА Давоми

Tokchadan xazinaXVIII. РАИС ҚАСОС ОЛМОҚЧИ

 Элда «қилмагайсан-тормагайсан» деган нақл бор. Ҳақ рост. Унча-бунчага бўйин эгмайдиган Эшназар раис бу нақл тўғрилигига тан берди. Қирқ йил раҳбарлик вазифаларида ишлаб, эл-халқига қилган ёмонликлари ортиғи билан ўзига қайтди…

Имонли, эътиқодли одамлар ўзларининг яхши ишлари билан от чиқарсалар, раис суюқ оёқлиги билан танилган эди. У улфатлари даврасида қўлидан ўтказган аёллар сони юзтага яқинлашганини айтиб керилишни ёқтирарди. Шу сабабдан ҳам ўзига ўхшаган улфатлар «рўйхати» юзтага етган-етмагани билан атайлаб қизиқиб қоларди.

Бугун ҳам улфатлар бир ерга жам бўлишган. Гап айланиб-айланиб хотинларга тақалди. Ҳаммани қизиқтирган савол берилди.

—Уч кам юзта,—деди раис беўхшов лабларини чалпиллатиб овқат чайнаркан.

—Иби, ҳали ҳам уч камми? Райком вақтингизда ҳам «уч кам» дердингиз?

—  Бекорларни айтибсан, кал! Уч каммас, ўн уч кам эди. (Ўшанда қамоққа қия бўлиб кетишимга бир баҳя қолганди, дея кўнглидан кечирди).

—  Энди эсимга тушди. Адашмасам тўртками хам анча-мунча шов-шувга сабаб бўлганди-я. Котиба қизни айтаман, раис бува. Сал бўлмаса жанозангизга ўзим хабарчи бўлардим ўшанда.

—  Ўчир-э, нафасингни ел олсин! Котиба қиз ўзи рози бўлганди. Орага бузғунчи кириб тезлаштирган-да. Замон нозик бўлмаганда кўрсатиб қўярдим барига.

—  Раис бува, «ундай қилдим-бундай қилдим» дейсиз. Айтингчи, сизга ҳам панд бериб кетган аёллар бўлганми?

—  Менга? Менга-я!? Менга панд берадиган аёл ҳали онасидан туғилиши керак!

—Йўғ-э! Битта ўрис хотин  панд бериб кетгандек бўлганмиди-ей?

—Ўрис хотин, дейсанми?

—Ўрис хотин. Чўлда ПМК бошлиғи бўлиб ишлаб юрганингизда. Мен ўшанда қўлингизда ҳисобчи бўлиб ишлардим.

Раиснинг пешонаси тиришди:

—Ҳимм, негадир эслолмаяпман.

—Водийдан келиб ишлаган кассирнинг хотинимиди-ей?

Раис қаҳ-қаҳ уриб кулди:

—  Оббо, касофат! Йигирма йилдан бери унутмаган экансанда-а, кал?

—  Унақа тарихий воқеалар эсдан чиқармиди. Лекин хотинмисан-хотин эдида ўзиям.

—Ҳа, зўр хотин эди. Шунинг учун ҳам айтадилар-да «Қовуннинг зўрини ит ейди», деб.

—Ўзингиз гапириб берасизми ё мен ўзим айтиб бераверайми, раис бува?

—  Ҳай, майли, ўзинг айтиб берақол. Аммо, кал, ёлғон қўшсанг, нақ ўлдираман-а!

—  Ёлғон қўшсам нон қорнимга урсин.

Улфатлар антиқа саргузашт эшитиш учун яхшилаб жойлашиб олишди.

Эри аварияда ҳалок бўлгандан сўнг Мария уч яшар ўғилчаси билан вагон уйчада ёлғиз қолди. Чўлда яхши одамлар билан бир қаторда каззоблар, қаланғи-қасанғилар ҳам топилади. Бошида эри  бўлиб турганда ҳеч нарсадан қўрқмасди. Ёш бўлса ҳам ўғилчаси унинг учун бир қўрғон, пинжидан чиқармай  бағрига босиб ётади.

Сезиб юрибди, эрининг ўлимидан сўнг унга гап отадиганлар кўпайиб қолди. Эшитмаганга олиб, нари кетади. Эрининг сирли ўлими ҳақидаги шикояти оқибатсиз қолдирилгач, баҳорга чиқиб бу ерлардан кетишни дилига тугди. У эрининг ўлимида ПМК бошлиғининг қўли борлигига шубҳа қилмай қўйган. Тахминларини тасдиқлайдиган далиллар оз эмас.

Прокурорга, милицияга устидан шикоят қилиб борган бўлса ҳам ПМК бошлиғи собиқ кассирнинг бевасини ёлғизлатиб қўймади. Марҳумнинг дафн маросимини, еттисини, қирқини рисоладагидай қилиб ўтказиб берди. Кейин ҳам ташлаб қўймади. Бозор-ўчар қилиб, қовун-тарвуз дегандек юбортириб турди. Олмасликнинг иложи йўқ. Ёлғиз ўзи бўлганда-ку, тупурарди барига! У ойдан-бу ойга оладиган етмиш сўм пулга кун кўриб бўлмайди, эридан бирдан-бир ёдгорлик бўлмиш ўғлини едириб-ичириши, кийинтириши керак. Шу сабабдан тишини тишига босади.

ПМК бошлиғини нечоғлик ёмон кўрмасин, унинг хотинини ёқтириб қолди. Бир вақтлар ўқитувчиликни тамомлаган бу дилкаш аёл эрининг тамоман тескариси эди. Кўпдан бери мактабда ишламас, тўғрироғи баланд охурдан ем еб ўрганган эри хотинининг ишлашидан орланарди.

Мария негадир ҳамма «раис бува» деб атайдиган ПМК бошлиғи ҳақида ана шу хотиндан батафсил билиб олди. Шу билан бирга, бу аёл эрини Мариядан рашк қилишини ҳам сезди. У мийиғида кулиб қўяқолганди ўшанда. Ҳа-да ўзини оқлаб, раисни қоралаб гапирсинми? Аслида ораларида бирон гап ҳам ўтгани йўқ-ку. Раис томонидан ғамхўрлик ҳаддан ошавергач, Мариянинг миясида ажойиб режа пишиб етилди.

Раис бува Мария ювош бўлиб қолганини яхшиликка йўйди. Тақдирга тан берган аёлни эгаллаш вақти келди, деб ҳисоблади у. Дарҳол вилоят марказига машина юбориб, бозор қилдириб келди. Ер остида илон юрса ҳам сезадиган маҳрами—Остон кални ҳузурига чақиртириб, бозорликларни Марияникига элтиб беришни ва яна баъзи нарсаларни тайинлади.

Анчадан сўнг Остон кал оғзи-қулоғида, кириб келди.

—  Нега тиржаясан, бўрими, тулки?

—  Шер, раис бува, шер! Ўлиб турган экан ўзиям.

—  Очиқроқ қилиб айт, нима деди?

—Эл оёғи тингандан сўнг келсинлар деди.

—Ростингми!? Алдамаяпсанми?

—  Яна айтдики…

—  Хўш, хўш?

—  Бу гапни зинҳор-базинҳор биров, хусусан хотинлари билмаслиги керак, деб тайинлади.

—  Ваҳ-ҳа-ҳа! Дунёда одам қуриб мен бу гапларни хотинимга билдирармидим! Майли, майли, хотиржам бўлаверсин, сир-сирлигича қолади. Фақат сен валдираб қўймасанг бўлгани. Мени яхши биласан-а?!

—  Ишонмасангиз қасам ичай.

—  Ишондим, қасам ичишнинг кераги йўқ.

Бошлиқ идора ишларини саранжом қилиб, тун ярмида Мария яшаётган вагон уйнинг эшигини қоқди. Эшик дарҳол очилди. Ичкарида чироқ йўқ эди. «Бўлмаса-бўлмас, қайтага яхши», деб ўйлади жазман.

—Мария, қаердасан, жонгинам?

Аёл сўзсиз қоронғилик бағридан унга қўл узатди. «Дўндиққина кўрингани билан қўллари бунча озғин», деган фикр кечди унинг дилидан.

—Азизам, сенга етадиган кун ҳам бор экан-ку…

Мария «муҳаббат» арз қилаётган бошлиқни янада қоронғироқ ҳобхонасига етаклади…

Эшназар раис ҳолдан тойиб, тўшакка ёнбошлади. У кўзларини юмиб ётар экан, бисотида бор бўлган мақтов сўзларини мўл-кўл тўкиб ташлади.

Ниҳоят Мария ўрнидан туриб чироқни ёқди. Раис бува даҳшатдан қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида шир яланғоч ўз хотини турарди.

—Сен..? Сен бу ёққа қаердан келиб қолдинг? -қаҳрамонимизнинг қўлидаги қилич-қалқони ерга тушди.

Ўлганнинг кунидан баттар бир аҳволда ғўлдиради:

—  Ўчир чироқни…

—  Шу ерини ўзингдан қўшдинг-а, ярамас!

Эшназар раис даврадошларининг қаҳ-қаҳалари остида Остон кални «савалай» кетди.

Қадаҳлар қуйилди. Бошлар баттарроқ қизиди.

Раис бирдан жимиб қолди. Уни нохуш ўйлар ўз оғушига олди. Қизи Гулшодани профессор чол билан маишат қилаётганда ушлаб олганини эслаб кайфи учди.

Фарзандининг ёмон йўлга кириб кетишига ўнлаб сабабларни кўрсатиш мумкин бўлган бу одам сира ўзини гуноҳкор деб ҳисобламасди. Унинг тилида бир аёлнинг номи айланарди: «Маҳфуза! Кўзимнинг ёғини ялаб, жир битган, шаҳар марказида қасрмонанд уй қуриб олган ғар, яхшиликларим эвазига қизимни ўз исловатхонангга тортдингми!? Яхшиликка ёмонлик қайтадими! Билиб қўй, жодугар, сени тириклай ёқиб юбормасам отимни бошқа қўяман!»

—Раис бува, бир нарса дедингизми?—сўради Остон кал чўчиб. Эшназар раис хаёлот осмонидан ерга тушди. Ғаламис нияти қафасдан қутилган қуш мисол ташқарига учиб чиққан эди.

«Остон калдан бошқа яна ким эшитди сўзларимни?» Раис даврадошларининг кўзларига бир-бир боқди. Калдан бошқа шивирлаб айтилган гап нари турсин, бақириб айтилган гапни уқадиган жон йўқ эди даврада.

«Балки қувлик қилишаётгандир?» Миясига келган фикрдан яйраб кетди. Ўзини мастликка солади. Бунга одамларни ишонтириши лозим. Эшназар раис олдида турган чакки солинган ликопчани қўлига олди.

—   Кал!

—   Ҳа, лаббай, хўжайин?

—   Бошингдан дўппингни ол!

—   Мана, хўжайин.

Одамлар нигоҳида бир туки йўқ, шуптир бош намоён бўлди. Қаҳ-қаҳ кўтарилди.

—Эгил!

Кал бошини эгиб турди. Раис қатиқли ликопчани унинг бошига қоплади. Яна кулги кўтарилди.

—   Соқи!—деди раис башорат бармоғини баланд кўтариб.

—   Лаббай?

—Қуй. Ҳаммага қуй! Тўлдириб қуй!

Пиёлалар лиммо-лим тўлдирилди.

—Ҳар бир ичган одам калнинг бошини ялаб, газак қилади. Бош тортганнинг моли талонда,боши ўлимда!—раис ўрадек оғзини катта очди-да, пиёладаги арақни унга ағдарди. Сўнг Остон кални елкасидан ушлаб олдига тортди, қатиқ суртилган бошни шапиллатиб ялай бошлади.

Қийқириқ бўлиб кетди. Ҳеч кимни мажбурлаш шарт бўлмай қолди. Ҳамма калнинг бошига ёпишди. Ҳеч ким қуруқ қолмаслиги учун яна бир неча ликопчадаги қатиқни кал бошга суртиб қўйишга тўғри келди. Ҳушёр одам қолмаганига ишонч ҳосил қилган Эшназар раис даврадан ими-жимида чиқиб кетди…

XIX. СОВУҚ Purchase ХАБАР

 

1

…Кочубей шифохонада ҳушига келди. Кўзини очиб, тепасида турган оқ халатли аёлни кўрди. Уни танимади, бошини буриб атрофга аланглади. Оппоқ деворлару оппоқ чойшаб ёпилган каравотлар.

Беморнинг ҳушига келганини сезган аёл унга энгашиб, юзига разм солди. «Ғалати аёл эканми, нега менга бундай қарайди?» деган ўй кечди беморнинг дилидан. Унинг лаблари қимирлаб, гапиришга чоғланди.

—  Гапирманг, сизга гапириш мумкин эмас,—чўрт кесди аёл.—Тинч ётинг!

—  Мен қаердаман?—тақиққа ҳам қарамасдан савол берди бемор.—Нега мен касалхонадаман?—қўрқиб сўради Владимир Сисоевич. У ҳаяжон ичида бўлиб ўтган воқеаларни эслашга уринди. Эслагач, юраги орқасига тортиб кетди.

Беморнинг сергаплиги ҳамшира аёлнинг жаҳлини чиқарди. У бобиллаб берди:

—  Бемор, эзмалик қилмасдан жим ётинг. Келинг, жа гапиргингиз келаётган бўлса манави анкета саволларига жавоб беринг. Хўш… Исм-фамилиянгиз?

—  Кимнинг, менингми?

—  Албатта, менинг эмас, сизнинг.

—  Кочубей. Владимир Сисоевич,—бемор ҳамшира бу фамилияни эшитиб, қўрқиб кетади, деб ўйлаганди. У бунга парво ҳам қилмай. «Тергов»ни давом эттирди:

—Туғилган йилингиз?

—Йигирма беш.

—Иш жойингиз?

Кочубей тутоқиб кетди, вилоятда уни танимайдиган одам ҳам бор эканда?!

—Менга қаранг, хоним, яхшиси менга бош врачингизни чақиртириб беринг!

Ҳамшира тажанглашди:

—Бош врачни? Биз сизни нақ ўлимнинг оғзидан олиб қолдик, эвазига устимиздан шикоят қилмоқчимисиз? Марҳамат, ҳозир қўнғироқ қиламан.

Аёл телефон рақамларини териб, бош врачнинг гўшакни кўтаришини кутиб турди. Бир оздан сўнг бош врачнинг пўнғиллаган товуши эшитилди.

—  Ато Бақоевич, реанимация бўлимидан безовта қилаяпмиз. Бир бемор сизни сўраяпти,—деди ҳамшира.

—  Бемор мени сўраяптими? Бўлим бошлиғингиз қаерда, нега у эмас, сиз қўнғироқ қилаяпсиз?

—  Кечирасиз, Ато Бақоевич, бўлим бошлиғи бугун операцияда қатнашаяптилар. Шунинг учун…

—  Яхши, операциядан кейин айтинг, менга қўнғироқ қилсин. Тушундингизми?

—  Тушундим. Ато Бақоевич, беморга нима дей?

—  Фамилияси ким ўша беморнинг?

—  Кочубеймиди-ей. Ҳа, Кочубей экан.

—  Исм-шарифи-чи?

—  Владимир Сисоевич.

Бош врачнинг тараддудланиб қолгани сезилади. У шоша-пиша саволлар бера бошлади:

—  Адашмаяпсизми, балки Кочубей эмасдир ўша бемор?

—  —Ўзи Кочубейман, деб айтди:

—  Так, так…

—  Шу кеча «Тез ёрдам» олиб келди. Келганда мазаси йўқ эди.

—  Бемор қаерда, ёнингиздами?

—  Ҳа, шу ерда.

—  Трубкани беринг-чи.

Кочубей ҳамширадан гўшакни олиб қулоғига тутди.

—Бақоев, бу менман, Кочубейман. Ё сен ҳам ходимларингга ўхшаб танимаяпсанми?

Бош врачнинг нафаси ичига тушиб кетди—Кочубейнинг ўзи! Бундай улуғ мартабали амалдор қора халқ даволанадиган шифохонага қандай келиб қолди?!

—  Владимир Сисоевич, сизмисиз?

—  Хайрият, танидинг. Бир келиб кет!

—  Ҳозир етиб бораман, Владимир Сисоевич.

Кочубей гўшакни жойига шақиллатиб қўйди-да, каравотга чўзилди. Ҳамшира аёл зир югуриб, ҳозир бош врач келишидан барчани хабардор қила бошлади.

Кўп ўтмай бош врач реанимация бўлимига етиб келди. Унинг ташрифи ҳаммаёқни алғов-далғов қилиб юборди.

Бош врачни Владимир Сисоевич ётган палатага бошлашди.

Ато Бақоевич биргина номининг ўзи не-не раҳбарларни зир титратадиган амалдор ўрнида адойи тамом бўлган, рангини олдириб қўйган беморни учратди. Унда улуғворликдан асар ҳам қолмаганди. «Наҳот бу бемор Кочубейнинг ўзи?»

Владимир Сисоевич кўзларини пирпиратиб, келувчиларга тикилди. Ич-ичидан игнадай тешиб ўтадиган нигоҳлар. Кочубей!

— Владимир Сисоевич! Сизга нима қилди?

Беморнинг қонсиз лаблари пирпиради, оппоқ киприкларидан сўлғин юзига ёш думалаб тушди.

Шифохона ари уясидай ғувиллар эди. Тошкентдан санавиация ёрдамида энг зўр мутахассислар етиб келишди. Владимир Сисоевич ётган палатада ҳамма нарса алмаштирилди. Ҳатто қари ҳамшира ҳам бошқа бўлимга ўтказиб юборилди. Навбатчи врач тушунтириш хати ёзди. Яна аллакимлардир ишдан ҳайдалиш хавфи остида қолишди.

Владимир Сисоевич шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабар яшин тезлигида обкомга етиб борди. Томошаларнинг иккинчи бўлими ана шундан сўнг бошланди.

Обком бюросининг фавқулодда йиғилиши чақирилди. Увда Владимир Сисоевич ҳаётини сақлаб қолиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Унда ҳар эҳтимолга қарши Москвадан ҳам врачлар бригадасини чақириш зарур, ўлиб-нетиб қолса бизни эътиборсизликда айблаша олмайди, деган фикр билдирилди. Бу ерда ҳозир бўлганлар Владимир Сисоевичга ўзларининг нечоғлик садоқатли эканликларини кўз-кўз қилишга имконият туғилганидан зимдан хурсанд эсаларда, юзларига қайғу ниқобини тортиб қўйишди. Фақат бир киши—вилоят ички ишлар бошқармасининг бошлиғи, полковник Қорабоев анча хотиржам кўринарди. Бу ҳол обком биринчи котибининг синчков назаридан четда қолмади. Шу боисдан ҳам бюро йиғилишидан сўнг Сойибназаров полковникни ёлғиз олиб қолди.

—Хабарим бор,—деди биринчи котиб полковникнинг рўпарасига ўтиб ўтирар экан.—Кочубейни жинингиз суймайди. Аммо «нега?» деб сўрамоқчи эмасман. Бугун мени бошқа масала қизиқтираяпти. Айтинг-чи, Кочубей кеча тунда қаерда бўлган? Кимлар бўлган у билан? Ана шу саволларга жавоб бера оласизми? Мени тўғри тушунинг. Гап фақат Москванинг кўз-қулоғи бўлган киши ҳақидагина эмас, балки партиямизнинг обрўси ҳақида ҳам бораяпти. Партия шаънига, партия ходими обрўсига доғ бўлиб тушадиган ҳар қандай ҳодиса учун бошимизни силашмайди.

Сойибназаров шу мавзуда анча-мунча гапирди. Полковник жимгина қулоқ солиб ўтирди. У биринчининг Қаҳрамонлик Олтин юлдузидан кўзини узмас, саволларига қай йўсинда жавоб бериш тўғрисида ўйларди. «Биринчи Олтин Юлдузини камдан-кам ҳолларда, байрамлару катта анжуманлардагина тақарди. Бугун нима мақсадда тақди экан? Э-ҳа, бугун навбаҳорликлар пахта планини бажарганликлари ҳақида рапорт беришган. Ўша ёққа бормоқчи. Ниҳоят биринчи котиб жавоб кутиб, жим бўлди.

—Владимир Сисоевич кеча тунда, аниқроғи, соат 22 дан 24 гача қаерда бўлгани менга маълум,—деди полковник хотиржамлик билан.

Биринчи унга ҳайрат назари билан боқди:

—Наҳотки? Хўш-хўш?

Полковник шахсий агенти орқали билганларини миридан-сиригача айтиб берди.

—  Бу сирдан яна кимларнинг хабари бор? Одамингиз оғзидан гуллаб қўймайдими, унга ишонса бўладими?

—  Ишончли одам. Сирни очса ўзига ёмон бўлишини билади.

—  Котиба аёл-чи, уни нима қиламиз?

—  Бугун ишга келмапти. Уйида ҳам тунамаган. Рухсат берсангиз, қидирув эълон қиламиз?

—  Фақат шов-шувсиз бўлсин. Пухта ўйлаб олишимиз керак. Ҳар ҳолда яхши иш бўлмади. Дарвоқе, ҳозир айтганларингизни обдан ўйлаб, ахборотнома тайёрлаб келинг. Ўзимга. Бошқа биров билмай тургани маъқул.

—  Тушунаман.

—  Хўп, хайр, саломат бўлинг!

Қорабоев мубҳам фикрлар оғушида биринчи котибнинг кабинетини тарк этди.

«Сойибназаров нимадан қўрқаяпти? Нега масалани кўндаланг қўйиб, ҳал қилиб қўя қолмайди? О-ҳо, осон экан-да! Москва ўз вакилини осонликча хафа қилдириб қўймас-ов. Битта эмас, бир нечта Сойибназаровнинг боши кетар бу йўлда .У шундан қўрқади. Мард раҳбар, аммо хўжали қулга ўхшайди. Шу боисдан мен ҳам ёзадиган ахборотномамни етти ўлчаб, бир кесиб, тайёрлашим керак.

 

2

Ишонган тоғи оғир бетоб бўлиб, шифохонага ётқизилиши Кочубейнинг Эшназар раисга ўхшаган «укахонлари-ю, акахон-лари»нинг оромини ўғирлади. Бир ёғи гдлянчилар дуч келганни тутиб қамаяпти. Бир ёқда пахта плани думи хуржунда бўлиб турибди. Одамлар «ана қамалдим, мана қамалдим» деган ваҳимада, ишни ҳам ташлаб қўйган. Ётиш-туришдан ҳаловат кетган.

Шундай қалтис замонда Владимир Сисоевич ётган палатага саноқли кишилардан бошқа ҳеч кимни қўйишмайди. Ана шу саноқли одамлар қаторида Эшназар раис ҳам бор. Истаган чоғида кириб-чиқади.

Эшназар раис Владимир Сисоевичдан беш-ўн ёш катта бўлса ҳам уни улуғлаб «ака» дейди. Бу Кочубейга ёғдек ёқади. Негаки раиснинг унча-мунча одамни писанд қилиб, «ака» демаслигини билади. Ҳатто биринчи котибни ҳам «ака» деганини эшитмаган. Раиснинг ҳар келиши Владимир Сисоевич учун байрам. У ўзи билан қафасдек палатага оламжаҳоннинг янгиликларини ҳам олиб келади. Кимнинг қаерда нима қилаётгани-ю, Кочубей ҳақида нималар дейишаётганидан Эшназар раисчалик огоҳ одам топилмаса керак. Икковлон кимнинг мансаб курсиси лиқиллаб қолгани-ю, кимнинг қулашини тезлаштириш тадбирлари ҳақида ҳам гаплашиб туришади. Гап орасида раис қулаши керак бўлганлар рўйхатига ўз душманлари номини ҳам қистириб юборади. Ҳали зўр-зўр рақиблар жазо соатини кутиб ётибди. Уларни бир-бир мағлуб этиб, бурнини ерга ишқалайди! Ишқилиб буюк ҳомий—Кочубей шифохонадан чиқмай турсин-да.

Кунда, кун оралатиб келадиган Эшназар раис одатига хилоф равишда уч кундан бери бедарак. Кочубей уни ингиқлик билан кутди. Бошқалар ундан ниманидир яширишаётгандек эди назарида.

Ниҳоят раис келди. Унинг кайфи анча бузуқ эди. Буни Владимир Сисоевич дарҳол сезди. Ўзи айтар, деган хаёлда сўрамади. Раис сир сақлай олмас эди. Ёрилди. Обкомнинг навбатдан ташқари пленуми чақирилган экан. Нега? Пахта терими мавсуми айни қизғин паллада-я?! Нега пленум бўлишини, унинг кун тартибини Кочубейдан сир сақлашди? Кўнгли ғаш бўлиб юрганида жон бор экан-да.

Совуқ хабардан Кочубейнинг юраги санчиб, ранги ўчди. Навбатчи врач раисга «Бирон нохуш хабар келтирдингизми?» деган-дек ўқрайиб қаради, кейин «Ташқарига чиқиб туринг», деб илтимос қилди. Раис қайтиб Владимир Сисоевичнинг олдига кирмади. Унинг ичини ит тирнаётган эди. Хотини эрталаб чайқов бозорига тушиб, қизи Гулшоданинг сепига у-бу нарсаларни харид қилишни топширган, ҳатто рўйхат қилиб, қўлига тутқазган эди. Обкомнинг навбатдан ташқари пленумини чақириш ҳақидаги ваҳимали хабар туфайли бозорга тушиш эсидан кўтарилди. Эсига тушганда эса бозор орқада қолиб кетган, машинаси таниш ҳашамдор дарвоза олдидан ўтиб борарди. Раис Маҳфузани эслади ва шофернинг тирсагига туртиб, «тўхтат» ишорасини қилди…

XX. ЧЎККАН Buy ҚАБРЛАР

 

Барот кетгандан сўнг Андрей ғамгин бўлиб қолди. Қисқа вақт ичида туғишганлардек бўлиб қолишган экан, ўзи ҳам сезмапти.

—Дўстим,ишқилиб омадингни берсин,—деб ғойибона тилаклар йўллади Андрей. Оқ кўнгил бу йигит олис Петуховка қишлоқда қолган ва йўлларига интизор кўз тикиб ўтирган онаизорини бот-бот эсга олади. «Сўзимга кирмай, бефойда сафарга отландинг, болам, ҳалиям кеч эмас, уйга қайт» деётгандек бўлаверади.

Аслида бу сафарга онаси тиш-тирноғи билан қарши эди. Аммо Андрей фавқулодда бир қайсарлик билан:

—Отамнинг қабрини қидириб топиб, зиёрат қиламан-у, изимга қайтаман,—деб туриб олди. Унинг фикри қатьий эди. Она оқ фотиҳа беришдан ўзга илож топмади.

—Ўғлим,—деган эди онаси уни йўлга кузатаётиб,—сен менинг ёлғизим, суянган тоғимсан. Барча умидим сендан. Сенга бирон нарса бўлса, мен яшай олмайман. Ўғлим, эсингда тут—сен бораётган юрт—ажойиб одамлар юрти, отангнинг юрти. Ўзбеклар бағри кенг, феъли кенг, танти халқ. Бир бурда нон топса ёлғиз емайди. Меҳмон кутади, меҳмон келмаса чиқиб, қўшнисини чақириб чиқиб, бирга овқатланади. Аммо беш бармоқ бир хил бўлмаганидек, ана шу ажойиб одамлар орасида ҳам ёмонлари учраб туради. Отангни ана шундай тоифа одамлар нобуд қилишди. Ихтиёр менда бўлса, сени у ёқларга сира юбормас эдим,—шундай деб онаизор юм-юм йиғлади. Сўнг яна давом этди:

—  Отангнинг ўлимида айбдор бўлган Жўраевдан эҳтиёт бўл. Уни фамилияси билан эмас, мансабини айтиб Эшназар раис деб чақиришади. Етти яшардан етмиш яшаргача ҳамма билади уни. У фақатгина ёмон одам бўлмасдан, балки тулкидек муғомбир, бўридек ваҳший. Буни сира эсингдан чиқарма. Отангнинг қабри чўлда. Қариндошлари яшайдиган жойдан жуда олисда. Топишинг осон бўлмайди. Балки ўша ёқларга ишга юборилган тоғангни топишга уриниб кўрарсан? Адресини билмайман. Аммо ишонаманки топа олсанг, сендан ёрдамини аямайди, мен ҳам хотиржам бўлардим. Сендан ягона ўтинчим—Эшназар раисдан узоқроқ юр.

—  Онажон, бу гапларни юзинчи марта, балки ундан ортиқ такрорлаяпсиз. Ёш бола эмасман-ку, барига тушундим. Айтганларингиздан чиқмайман. Балки ўша раисингиз аллақачон ўлиб кетгандир.

—  Йўқ, ўғлим, разил одамлар яшовчан бўлади. Яхшилар ўлиб кетишаверади-ю, бу тоифа одамлар қарғага ўхшаб яшайверадилар.

Онаси тўғри айтган экан. Эшназар раис ўлмаган, балки ҳали ҳам амал курсисида—катта бир хўжаликка раис. Бу одам ҳақида латифа монанд гап-сўзлар юради, мухлислари у ҳақда оғиз кўпиртириб гапиришади, сал бўлмаса уни халқ қаҳрамони даражасига кўтариб мақташади.

—Тупурдим бунақа қахрамонга!—дейди нафрат билан Андрей. Албатта, буни бировга билдирмай қилади. Онасига сўз бериб қўймаганда аллақачонлар отасининг ўлимига сабабчи бўлган бу одам билан орани очиқ қилган бўларди.

Андрейнинг ўй-хаёлларини Максим тоға тумтарақай қилиб юборди:

—Намунча бошингни осилтириб олдинг? Ундан кўра менга ёрдамлашиб юбор.

 

* * *

Андрей йўловчи машиналарга илашиб, чўлнинг қоқ марказидаги 4-совхозга кечга яқин етиб олди. У тўплаган маълумотларга кўра отаси ишлаган механизациялашган кўчма колонна шу совхоз қўрғонида бўлган. Онаси гапириб берган вагон уйчалар негадир кўринмайди.

Ғиштин бинолар, равон кўчалар, мевали дарахтлар. Чўл дейишга тил бормайди. Ё унга нотўғри адрес беришдимикан? «Ҳов анови келаётган одамдан сўраб кўрай-чи».

—Бу ерга кўчиб келганимга беш йилдан ошди,—деди ҳалиги одам йигитга бошдан-оёқ разм соларкан.—Аммо бу ерларда вагон уйлар бўлганлигини эслай олмайман. Балки ундан олдироқ бўлгандир?

Андрей яна уч-тўрт кишини тўхтатиб, саволини такрорларди. Улар на вагон уйчаларни, на унинг чўлда ишлаган отасини, на онасини билишмас экан. Йигитнинг ҳафсаласи пир бўлди. Яна бир кишидан сўрайман-у, изимга қайтиб кетаман, деб қарор қилди ўзича. Охирги суҳбатдош ўзини куттириб қўймади. Кўча бошида мотоцикл етаклаганча келиб қолди. Андрейнинг рўпарасига етганда, мотоциклни суянчиғига тираб қўйиб, нотаниш йигитга таажжуб билан разм солди:

—Бир кун мен уни, бир кун у мени минади,—деди ҳалиги киши қувноқлик билан мотоциклни кўрсатиб.—Сизда чекишдан топилмайдими?

Андрей киссасидан бир қути сигарет олиб узатди. Мотоцикл эгаси бир дона сигарет олиб лабига қистирди, гугурт чакиб, тутатди. Босиб-босиб тортди. Шундан кейингина қўлидаги папирос қутисини эгасига қайтармаганлиги ёдига тушиб, хижолат чекди:

—  Узр, ука, узр. Эрталабдан бери хумор қилиб турувди. Жонимга оро кирдингиз.

—  Олиб қўяверинг,—деди Андрей чин дилдан.

—  Қандай бўларкин? Бўлмаса пулини олинг,—у пул ахтариб киссасига қўлини тиқди.

—  Папиросгаям пулми? Қўйинг, хафа бўламан. Яхшиси, сиз менга битта масалада ёрдам қилинг?

—  Жоним билан. Қандай масалада ёрдамим керак сизга?

—  Менга айтишларича, йигирма йил бурун шу ерда чўлни ўзлаштирувчи қандайдир ташкилот бўлган экан?

—  ПМКми? Бўлган.

—Наҳотки! Менга ана шу ПМКни яхши биладиган одам керак эди. Сиздан бошқалардан ҳам сўраб қўйдим, билмаймиз, дейишди.

—  Мана, ПМКни биладиган одам қаршингизда турибди. Буюринг, сизни қизиқтирган саволларга жавоб берай.

—  Мени ПМКнинг ўзи эмас, унда ишлаган бир одам қизиқгиради.

—Балки ўша одамни ҳам танирман? Ахир мен хам бу ПМКда анча-мунча ишлаганман. Манави уйларни қурганмиз. Балки танирман сиз сўрамоқчи бўлаётган одамни?

Андрей қувониб кетди:

—  Бегона одамни эмас, ўз отамни суриштириб юрибман. ПМКда кассир бўлиб ишлаган. У вақтларда мен ёш бола бўлганман. Отам автоаварияда ўлганми ё ўлдиришганми, менга қоронғу, кейин онам иккаламиз кўчиб кетган эканмиз.

—  Тўхтанг-тўхтанг, сиз водийлик Ҳомиджон деган йигитни сўрамаяпсизми? Фамилияси… фамилияси Турғунов.

—Айни ўзи! Менинг отам!

—  Буни қаранг-а, буни қаранг! Ҳалитдан бери сизни кимгадир ўхшатаман-у, аммо кимгалигини эслай олмай турган эдим. Менинг исмим Субхонқул. Адашмасам сизнинг исмингиз Аҳмаджон эди. Топдимми?

—  Йўқ, бу гал тополмадингиз, исмим Андерей.

—  Йўқ, сизнинг асл исмингиз Аҳмаджон. Дадангиз раҳматли Аҳмаджон деб чақирарди. Биз қўшнилар ҳам Ахмаджон дер эдик. Фақат онангиз Марияхон онда-сонда Андрей деб қоларди.

Икковлари қирқ йиллик қадрдонлардек қучоқлашиб кўришдилар.

—Энди, Ахмаджон, сухбатни уйда давом эттирамиз. Сизнинг дадангиз яхши кўрган исм билан чақирсам хафа бўлмайсизми?

—Аксинча, хурсанд бўламан. Менинг шундай ажойиб ўзбекча исмим бор эканлигидан бехабар эканман.

—Бўлмаса, кетдик.

—Шошманг, мотоциклингиз юрмайдику. Унга нима қилган?

—Уни қўяверинг. Бугун унинг мени минадиган навбати.

—Қани, ушлаб турингчи, у ёқ-бу ёғини кўриб қўяй.

Андрей калитни бураб, тепкисини бир-икки босиб кўрди, корбюраторини кўздан кечирди.

—  Тушунарли. Отверткангиз борми?

—  Бор. Бекорга овора бўласизда, Ахмаджон.

Андрей ҳаш-паш дегунча очилган мурватларни бошқатдан жой-жойига қотирди.

—Энди ёқишга уриниб кўринг-чи.

Бир-икки тепганда мотоцикл патиллаб ишлаб кетди.

—Ахмаджон, укагинам, сиз сехргар-пеҳргар эмасмисиз? Буни кўрмаган устаси қолмаганди. Ростини айтсам, бир хилватроқ ерда устидан бензин қуйиб, ёқиб юбормоқчи бўлиб юргандим.

—  Сизга ҳали кўп хизмат қилади.

—  Нима қилган экан?

—Арзимаган носозлик—контакт корпусга тегиб, ток ўтказмаётган экан. Энди қўрқмай минаверинг.

—Иш устасидан қўрқади, деб шуни айтишар эканда. Раҳматли дадангаз ҳам ўн бармоғи ўн ҳунарли одам эди. Қани, мингашинг, кетдик.

Анча юришгач, Субхонқул мотоциклни ғиштин  ховли олдида тўхтатди.

—Мана, етиб келдик. Янгангиз пахтада, болалар хам онаси билан бирга. Тонготарда кетиб, кун ботгандан сўнг келишади. Мен ҳам ўшалар билан бирга эдим. Бригадир ҳашарчиларнинг ёнига юборганди, йўлда мотоцикл бузилиб қолмайдими. Бор-е, дедиму, далага эмас,уйга қараб йўлга тушдим. Сизнинг магнитингиз тортди-ёв.

Субхонқул ўрисчани балодай билар экан. Шу боис ҳар хил ҳангомалардан гапириб, меҳмонни кулдириб ўтирди. У бир пасга гапдан тўхтаганда, Андрей савол берди:

—  Отам қаерга дафн этилган, билмайсизми?

—  Биламан. Ўзимизнинг совхоз қабристонига қўйилган. Ҳар йили хотира кунида бориб, ўт-ўланлардан тозалаб, кўп қатори зиёрат қилиб қайтамиз.

—   Онам иккаламиз отамнинг қабри чўлда изсиз йўқолган, топиш қийин бўлади, деб ўйлагандик. Менинг бу ерга келишдан мақсадим отам қабрини излаб топиб, ёдгорлик тоши қўйиш эди. Мақсадимнинг ярми бажарилди, ҳисоб. Энди тезроқ бориб, тупроғини кўзларимга суртсам, дейман.

—   Бирга борамиз. Фақат бугун эмас. Эрта тонгда. Аслида хотира кунидан бошқа вақтда борганни рўйхатга тушириб, тергашади. Тергашса тергашар.

—   Исталган пайтда мозористонларга зиёратга бориш мумкин эмасми? Наҳотки ҳукумат буни тақиқлаб қўйган?

—   Бир-икки йил бўлди шундай бўлганига. Одамлар диний байрамларда мозористонларга бормасин, деган мақсадда хотира кунини жорий эттиришди. Барибир, борган бориб турибди. Яқинда тошкентлик катта олим одамни акасининг жанозасида қатнашгани учун роса танқид қилишди. Жанозада қатнашиш, хотира кунидан бошқа кунларда яқинларининг зиёратига бориш партия йўлига зид эмиш. Э, ўргилдим топган аъмолингдан.

Субхонқул гапга берилиб кетиб, дастурхон ёзмаганидан хижолат чекди.

—Энди, укажон, янга муллонгизлар келгунча зерикиб қолмаслик учун қитта-қиттай қилиб ўтирамиз. Бўлмаса, жағ жонивор қизиб кетиб, раҳбар деганнинг барини ишдан бўшатиб юбораман, мамлакат эгасиз қолиб кетади-я.

Субхонқул музлатгичдан яримта арақ, бир қаричча колбаса олиб, дастурхонга қўйди. Арақдан очиб, пиёлаларни тўлдирди.

—Аҳмаджон, сиз менинг ҳақиқий укамсиз. Сизнинг қонингизда ўзбек ва украин қони оқиб турибди. Лекин сиз кўпроқ ўзбексиз. Гапиртириб кўрмаган одам сизни шу ўлканинг фарзанди деб ўйлайди. Аслида ҳам шундай. Отангизнинг режалари катта эди. Шу чўлга томир отиб, палак ёзишни ният қилган эди. Умри қисқа экан. Аммо ҳалол яшади. Битта одам топилмадики, Ҳомиджон бировнинг бир тийинига хиёнат қилди, деса. Отангиз автоавария баҳонасида ўлдирилганига кейинчалик ишондик—қотилнинг ўзи қилмишига иқрор бўлди.

Андрей бир нуқтага тикилганча Субхонқулнинг ҳикоясини тинглай бошлади.

—ПМКмизнинг бошлиғи бўларди. Фамилияси Жўраев. Ҳамма «Раис бува» дерди. Ана шу одам гапига кирмаган кассирни, яъни сизнинг дадангизни йўқотишни бир сирдош шоферга топширади. Ўша шофер авария уюштириб, бир эмас, икки кишининг қонига зомин бўлган. Бегуноҳ қон тутар экан. Ўша шофернинг ўз оғзидан эшитмаганимда ҳамма қатори Ҳомиджон бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган, деб юраверардим. Ўша қотил шофер сафардалик чоғида кечаси уйида газ портлаб, хотини билан тўртта боласи ёниб кетди. Ҳамон эсимда, гоҳ у, гоҳ бу боласининг қабрини қучоқлаб «Менинг касофатимга қолдинглар. Мен икки одамни машинага урдириб ўлдирган эдим. Ўшаларнинг қони тутди», деб уввос солган эди. Кейин телба бўлиб қолди. Итнинг кунида хорликда ўлиб кетди. Лекин бош айбдор «раис бува» ҳеч нима кўрмагандек юраверди… Қани, Аҳмаджон, шу қадахларни дадангиз, менинг қадрдон дўстим Ҳомиджоннинг хотираси учун кўтарайлик…

Андрей чўлга бораман-у, қайтаман деб ўйлаганди. Вазият ўзгарди. Борган куни Субхонқул қўй сўйиб, зиёфат берди. Тонг отгач, уч-тўрт одам билан мозористонга боришди. Субхонқул кеча айтмаган экан, Ҳомиджоннинг қабри устига ёдгорлик тош ўрнатилган, атрофлари саранжом-саришта қилиб қўйилганди. Андрейнинг кўзлари ёшга тўлди. Ота қабридан бир қисм тупроқ олиб, тугиб, ёнига солди. Бирга келган қария мунгли овозда Қуръон тиловат қилди.

Мозористондан чиқишда бир четда мунғайиб турган қабр Андрейнинг эътиборини тортди. Қабр эътиборсизликдан ўпирилиб, бир томони чўккан, устида юмронқозиқ диккайиб, мозористон тинчини бузган одамларни кузатиб турибди. Зиёратчилар яқинлашгач, юмронқозиқ лип этиб ўзини гўр ичига олди.

—Бу қабрда ётган одамнинг қариндош-уруғлари йўқми?—ачиниб сўради Андрей у билан ёнма-ён бораётган Субхонқулдан. Шу дамда унинг хаёлидан «Субхонқулдек яхши одамлар бўлмаганда отамнинг қабри ҳам шу аҳволга тушиб қоларди», деган гап кечди.

—Аҳмаджон, мусулмончиликда марҳумлар ҳақида ёмон гапириш мумкин эмас,—деди Субхонқул йигитнинг тирсагидан ушлаб.—Аммо мени Худо кечирар, деб умид қиламан. Бу отангизнинг қотили бўлган ўша шофернинг қабри. Ҳу, ана у, ёнма-ён бешта қабр эса унинг хотини билан тўртта боласиники. Худо раҳмат қилсин уларни. Қани, меҳмон, кетдик, бизни кутиб қолишди.

 

* * *

Ўзбекларнинг одатлари қизиқ экан. Субхонқул-ку майли, отасининг қадрдони бўлгани туфайлидир, зиёфат устига зиёфат бераяпти. Унинг қўни-қўшнилари Андрейга ким бўлишади? Мутлоқо бегона одамлар. Ана шу «бегона»лардан ҳар кун тўрт-бештаси меҳмонга чақиради.

Одамзотга кийган либосига қараб баҳо бериб бўлмас экан. Аксарияти серямоқ тўн кийган бу кишиларни устини чанг босган тиллага қиёслагиси келиб кетди Андрейнинг. Бундай ажойиб халқни ўз кўзи билан кўрмаганида бировнинг айтганига сира ишонмасди. Ўзбекларнинг минг хил фазилатлари ҳақида онаси ҳам гапирган. Аммо ўзи кўриб, гувоҳ бўлганларини таърифлашдан ожиз эди йигит. «Ўзбекистон—серқуёш ўлка. Бу ўлкани нафақат фалакдаги қуёш, балки қалби қуёшдек порлоқ одамлари ҳам илитиб турса керак. Аслида мен ҳам ана шу улуғ мартабали халқнинг фарзанди эканман», деган шоирона хулоса чиқарди Аҳмаджон-Андрей.

Кундуз кунлари тирик жон борки, далага чиқиб кетади. Андрей ҳам пахтазорга тушиб, чўл шамоли қорайтирган одамларнинг оғир меҳнати билан танишди. Пахта нафақат «оқ-олтин, балки турган-битгани азоб-уқубат ҳам эканлигини пайқади. Даладаги барча ишлар деярли қўлда бажарилар экан. Тракторлар кам, борлари ҳам бузуқ. Уларни созлаб ишлатадиган мутахассис анқонинг уруғи. Андрей енг шимариб, тўхтаб қолган тракторларни ишга тушириб беради. Шунда «пахтакорларнинг зиёфатини текинга еб ётибман», деган хижолатсизлик бироз тарқагандек бўлади.

—Аҳмаджон, кўриб турибман, сиздан ажойиб инженер чиқади. Отангиз билан онангиз пойдеворини қўйган ана шу совхозда қолиб ишламайсизми?—деб қолди бир куни Субҳонқул.—Раи-симиз кеча сиз ҳақингазда суриштириб, «Қолиб ишласа устахона бошлиғи қилиб қўярдим», деди.

— Таклиф учун раҳмат. Балки ҳақиқатдан ҳам бир кун келарман. Аммо ҳозир кетмасам бўлмайди. Онам ёлғиз. Кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтирибди. Эртага шаҳарга тушиб, отамнинг дўстларини топганим ҳақида телеграмма жўнатаман.

Андрейни кузатишга кўпчилик чиқди. У ҳамма билан қўл бериб, қучоқлашиб, ўзбекчасига хайрлашди.

 

XXI. МАКР

 

Пўлат хотинини гел қилиб кетганидан мамнун. Хотинининг эса алами ичида. Ахир ўша куни эрининг орқасидан пойлаб бориб, унинг нақшинкор дарвозадан кириб кетганини аниқ-тиниқ кўрди-ку! Эрини киритиб юбориб, укаси Қиёмиддинни чақириш учун кетганида жўнаб қолган эканми? Ишқилиб, қўлга туширдим деганда чап бериб кетди.

Аммо укасининг шапалоғи бир бўлди-ю, қўшмачи деб от чиқарган хотиннинг дашномлари бир бўлди. Уйига келса, не кўз билан кўрсинки, эр диванда ёнбошлаб, видеосериал кўриб ўтирибди. Олдидаги кулдон чекиб ташланган сигарета қолдиғи билан тўла. Шундан билдики, эри анча вақтдан бери шу ерда.

Аёл эрига синчков назар ташлади. Пўлат гўёки унинг келганини ҳам сезмади. Хотин «их-а» деб томоқ қиргач, эр тилга кирди:

—  Қаерларда юрибсан?! У ёқ-бу ёққа борадиган бўлсанг, айтиб кетмайсанми. Бир энли хат ёзиб қолдириб кетсанг ҳам бўларди. Суриштирмаган жойим қолмади. Милиция билан ўликхонага қўнғироқ қиламан, деб тургандим.

—  Кесатмай қўяқолинг. Барвақт келар экансиз, олдиндан огоҳлантирмайсизми?

—  А, лаббай? Тиллари чиқиб қолибдими, хоним? Балки мен йўғимда нима ишлар билан шуғулланаётганингизни билиш учун пойлаб келгандирман!?

—  Бировларга ўхшаб тили қисиқлигим йўқ. Пойлаб келавермайсизми!

—  Очиқроқ айт, ким ўша «тили қисиқ» деганинг?!

—  …

—  Ҳа, гапирмайсан. Чаёндек чақасан-у, кейин найзангни елкангга қўйиб, яна пайт келишини пойлайсан. Ҳай, майли, худо ўзингга инсоф берсин, хотин.

—Инсоф бермай нима қилибман? Айтинг, инсофсиз менми ё сизми? Ўн йилдан бери ўлар бўлсам-ўлиб бўлдим. Бир айбим фарзандсизлигимми?

Энди Пўлатники тутди:

—  Яхши, ўзинг билар экансан айбингни. Мен тенгилар эрта-индин ўғил уйлантириб, қиз чиқаради. Бирон марта бетингга солдимми?

—  Бетимга сололмайсиз ҳам, бетимга солишга ҳаққингиз ҳам йўқ!

—  Нима-а?—Пўлатнинг ранги ўчди.

—  Фарзандсизлигимизнинг сабаби менда эмас экан.

—  Бўлмаса… менда эканда?

—  …

—  Вой, сенинг ўша тилларингни бийрон қилган…

—  Сўкманг! Мен ҳам одамман. Қурбақани боссанг, у ҳам вақ этади. Мен эса одамман!

Нохуш  жимлик чўкди. Биринчи бўлиб Пўлат тилга кирди. У синиқ товушда деди:

—Кел, хотин, хотиржам гаплашиб олайлик. Икковимиз ҳам сал тилимизга эрк берганга ўхшаймиз.

—Текширтирдингми? -Ҳа.

—Қаерда, қачон?

—Уч йилча бўлди. Тошкентда дам олганимда опамлар ҳоли-жонимга қўймай шунақа касалларни даволайдиган дўхтирга олиб боришганди.

—  Дўхтир нима деди?

—  Сиз соппа-соғсиз, эрингазни ҳам текшириб кўришимиз керак, деди.

—  Менга ҳеч нима демадинг-ку?

—  Сизга бир нарса деб бўларканми. Қачон қараса ё мастсиз, ё тажанг.

—  Аламимдан ичаман, хотин, аламимдан! Йигит киши учун фарзандсизликдан оғирроқ айб бўлмаса керак.

—  Аёлларга ҳам осон тутманг.

—Биламан. Бирор ердан тўйга деб хабар келса ич-этимни ейман. Борай десам, ҳамма мени кўрсатиб «Ана, унинг фарзанди йўқ», деяётгандек бўлаверади. Бормай десам, одамгарчилиқдан чиқариб ташлашади.

Жувоннинг эрига астойдил раҳми келиб кетди. Одобсизлик қилгани учун эрининг оёғига йиқилишга ҳам тайёр эди бечора.

—   Мен уйланган кунимдан бери худодан фарзанд тилайман. Мол-давлат сўрамаганман, аммо етти пуштимга етиб-ортадиган давлат берди. Фарзандсиз бошимга ураманми мол-давлатини! Айт, хотин, худога нима ёмонлик қилдимки, мени фарзандли бўлиш бахтидан бенасиб этади?

—   Мен қайдан билай?

—Сен ҳамма балони биласан. Ер остида илон қимирласа ҳам биласан. Айт, мен нима қилай?!

— …

—Энди мени ташлаб кетасанми? Бундай қилишга ҳаққинг бор…

—Нега ундай дейсиз?! Ўзингизни текширтиринг. Даволанмайдиган дард бор эканми? Бир кун олдин бўлмаса, бир кун кейин. Худо хоҳласа, ҳаммаси унит бўлиб кетади.

Пўлат жим бўлиб қолди. Унга қараб хотини эзилди.

—Нега гапирмайсиз?

—Отпускага чиқай, Тошкент-пошкентга бориб текширтираман.

-Отпускадан яқиндагина қайтдингиз-ку. Яна бир йил кутасизми? Ўзимизда ҳам бор эмиш зўр профессорлар.

-Қизиқмисан, бу шаҳарда мени танимайдиган одам борми. Шарманда бўлайми?

—Ҳа-я, бу томонини ўйламабман. Ўз  ҳисобингиздан беш-олти кунга жавоб олсангиз бўлмайдими? Хайрли ишнинг эртаси яхши.

Пўлат аниқ бир нарса демади. Нимаям десин. Мана, бугун хотини уч йил олдин дўхтирга текширтирганини бўйнига олди. Ўзи-чи? Ўзи беш йил олдин Сочида дам олаёттанида профессорларга қаратган. Бир эмас, икки-учтаси «Сиз даволанмасангиз, фарзандсиз ўтишингиз мумкин. Бу касаллик сурункали дардга айланиб кетиш эҳтимоли бор», деб огоҳлантиришган. Даволанишига нима монелик қилганини эслай олмайди. Қанча аёл билан бўлган бўлса, биронтасининг ҳомилалик бўлганини эшитмади. Демак, айб хотинида эмас, ўзида.

Пўлатнинг оғир ўйларини телефон қўнғироғи бузди.

Хотини гўшакни кўтарди. Пўлат “мен  йўқ”  ишорасини  қилди.

-Алло?.. Пўлат акангизлар боягина чиқиб кетган эдилар… Қачон қайтишларини айтмаганлар… Вой, тирикми, ишқилиб? Майли, майли, келган заҳотлари айтиб қўяман.

-Ким?

-Ишхонангиздан. Ҳафиз деган ўртоғингизни отиб қўйишганмиш. Касалхонага ётқизишибди.

-Оббо, расво бўлибди-ку.

-Ким эди у? Раисингизнинг артист ўғли эмасми?

-Ўша. Уйда ётиб бўлмайди чамамда. Ўртада раис адойи тамом бўлади.

Пўлат бир зум тараддудланиб турди. Бугуннинг фавқулодда ташвишлари ортда қолди. Боши устида момоқалдироқ гумбур-гумбур қилди-ю, унинг тадбиркорлиги натижасида на дўл ва на ёмғир ёғмасдан ўтиб кетди. Маҳфузанинг нозанин асирасига аталган бир кийимлик ялтир-юлтир матони айтмаса, ҳеч нарса йўқотмади. Энг муҳими, хотини дилида қат-қат тўпланиб қолган шубҳаларни кетказишга муваффақ бўлди.

У хотинига суқ билан боқди. «Сув париси»дан яқиндагина тиктирилган енгсиз кўйлагини кийибди. Икки ўрим сочи тақимини ўпади. Оппоқ сийналар кўпчиб, ўзига чорлайди. Унинг шу ҳолати ҳинд кино юлдузларини эслатади. Уни Гўзал билан қиёслади. Гўзалчалик бўлмасада, манман деган хотинлардан қолишмайди.

Пўлат хотинини кўпдан бери бундай жозибали ҳолатда кўрмаганди. У ўрнидан туриб, тилла билагузуклар безаган оппоқ билаклардан ушлади.

-Қўйинг,—нозланди хотан,—ўртоғингизни кўришга боришингиз керак-ку.

-Ўлгиси келса, менсиз ҳам ўлар ўша касофат. Сабр қилиб турса эрта-мертан бориб кўрарман,-шундай деб хотинини озод кўтарди-да, диван томон юрди. Шу вақт яна телефон жиринглади. Пўлат иккиланиб, тўхтаб қолди. У хотинига савол назари билан тикилди. Телефон босиб-босиб жиринглашда давом этди.

-Биз  уйда йўқмиз,—деди жувон  қиқир-қиқир кулар экан, эрининг бўйнига осилиб.

-Биз уйда йўқмиз, эшитяпсизларми, биз йўқмиз!—деди Пўлат ҳам…

XXII. СИР-АСРОРГА ТЎЛА КЕЧА

 

1

Машина темир йўл переездида бир тўхтаб олди. Барот орқа бортдан сирпаниб тушиб қолди. Вақт тунги учга яқинлашган бўлиб, бу вақтда барча тирик жон ширин уйқуда, ҳатто итларнинг ҳам чакаги ўчган.

Барот қоронғу, хилват кўчадан тез юриб кетди. Ярим соатлардан сўнг акаси Ўринбойнинг пахса деворли ҳовлисига етиб келди. Дарвоза ичкаридан тамбаланган. Шу сабабли деворнинг нураб, анча паст бўлиб қолган жойидан сассиз ошиб ўтди. Бир зум тўхтаб, атроф-теваракка қулоқ тутди. Назарида ҳовлида аллақандайдир шарпалар бордек туюлди. У адашмаганди. Кўча деворга тақаб қурилган молхонада чироқ ёниб турарди. Бир-икки марта деразадан одам сояси кўринди. Ҳатто ғўнғиллаган товушлар эшитилгандек бўлди. Бундай бемаҳалда акаси молхонада нима қилади? Балки… Балки акаси эмасдир! Барот деворга қапишганча молхона деразасига яқинлашди. Қоронғуликда туриб, ичкарига назар солди. У ерда бўлаётган воқеалар унга кафтдагидек кўриниб турарди. Ичкаридагилар уч киши. Биронтасини танимади. Негадир уй эгаси—Ўринбой кўринмайди. Шундагина болта ва пичоқ билан чаққон ишлаётган кимсалар ўғрилар эканлигини фаҳмлади. Одамларни ёрдамга чақириб келиш ва ўғриларни ушлаб олиш мумкин. Барот шундай қилишдан сўнгти дақиқалардагина ўзини тийиб қолди. Ўзининг аҳволи ҳам ўғриларникидан яхши эмаслиги эсига тушди. Иложсизликдан қўллари мушт бўлиб тугилди.

-Роса семирган экан жонивор,—деб қолди шопмўйловли киши қўлидаги пичоқни қайроқтошга уриб қайрар экан.—Ярим тоннадан бир қадоқ кам чиқса Эсон ўғри отимни бошқа қўяман.

-Ярмини ташлаб кетишга тўғри келади,—деди бақалоқ ўғри.—Ҳаммасини олиб кетолмайдиганга ўхшаймиз.

-Йўқ, олиб кетамиз. Фақат калла-почасини қолдиришимиз мумкин,—деб давом этди шопмўйлов. —Бунақа ов яқин-ўртада учрамаса керак.

—Мент қилиқ чиқараяпти,—гапга аралашди учинчи ўғри. У шу даражада ориқ эдики, склетга тери тортиб қўйгандек. Баротнинг унга раҳми келиб кетди. Ориқ ўғри қон сизиб турган жигардан бир тилим кесиб олди-да, оғзига ташлади. Қонли луқмани лиқ-лиқ ютиб, маза қилганидан лабларини чапиллатиб қўйди ва гапида давом этди:—Бошлиқ улушини кўпайтиришни талаб қилаётганмиш. Бўлмаган гап! Ўзи тўқиб чиқарган чўпчакка мени ишонади, деб ўйлайди. Майли, ҳозирча индамай турамиз.

—Рухсат этинг, манави ҳўкизга ўхшатиб кала-поча қилиб ташлай,—деб керилди шопмўйлов ҳўкизни нимталашдан бир зум тўхтаб.

—Бунга арзимайди у. Унинг жазосини ўйлаб қўйганмиз. Аммо ҳали бизга иш беради. Шошмайлик. Гадонинг йўриғи бошқа. Еган оши ҳалол баччағарнинг. Бир ойда йигирмата адрес берди-я, шоввоз. Барида ишимиз ўнгидан келди.

Орага жимлик чўкди. Шопмўйлов гўшни чопиб, шерикларига тутқазар, улар гўштни катта-катта қопларга тиқишга аранг улгуришарди.

«Ҳозир кетиб қолишади,—деб ўйлади Барот, ҳамон чорасизликдан ўртаниб.—Нима қилиш керак? Нимадир қилиш керак-ку?!» Баротнинг оёғи нимагадир тегиб кетди. Ичкаридагилар жимиб қолишди. Бироздан сўнг шопмўйловли ўғри мушукдек юриб, ташқарига чиқди, қоронғулик бағрига кўз югуртирди. Шубҳали ҳеч нарса сезмай, изига қайтди.

Ўғрилар сўзсиз, ишни тезлаштиришди.

«Кеткизмайман. Бор-йўғи уч киши, бундан ҳам кўпроғи билан олишиб енгганман. Бошқа илож йўқ». Баротнинг ахди қатьийлашди. У ўғрилар ҳозиргина ўзи ошиб ўтган деворнинг нураган еридан чиқиб кетишларини тахмин қилиб, жангга тайёрланди.

Биринчи бўлиб қоп орқалаган бақалоқ деворга яқинлашди. У қопни ерга кўйиб, гугурт чақди ва боши устида бир неча марта айлантирди. Кўча тарафда машина чироғи ёниб ўчди. Қопни девордан ошириш учун эгилган бақалоқ бўйнига теккан зарбадан товушсиз қулади. Барот оёғидан судраб нарироққа элтиб ётқизди. Қайтиб келиб қопни кўтариб, девордан ошираётгандек бўлиб турди.

—Машина келдими?—шивирлаб сўради юкдан икки букилган ўғри. Бу шопмўйловнинг товуши эди.

—Ҳа,—деб хириллаб жавоб қайтарди Барот ва «Энг зўри шу, шуни йиқитсам, марра меники» деган ўй билан рақибининг кўкрагига чунон зарб билан тепдики, у шилқ этиб ўтириб қолди. Шу сонияда қоп судраган учинчи ўғри етиб келди.

«Рамақижон, ҳатто қопни кўтаргудек жони йўқ, қаттиқ уриб,ўлдириб қўйиб  товонига қолиб юрмай, тағин», деган фикр кечди Баротнинг дилидан. Шу боис ўғрининг акашак оёғига тепиб йиқитди. Мана, ҳаммаси тамом, ўғрилар ер тишлаб ётишибди. Энди уларнинг қўл-оёқларини боғлаб қўйса бўлди.

Барот сезмай қолди—оёқлари остида суллайиб ётган ўғри мушукдек чаққонлик билан ирғиб турди. Унинг қийшиқ оёғи қиличдек кўтарилди. Барот бунақа зарбани кутмаганди. У рўпарасида профессионал жангчи турганлигини фаҳмлади. Ҳимояга шайланди. Иккинчи зарбага зарба билан жавоб қайтарди. Энди ҳар иккаласи ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиларди. Рақиблар калхатлар мисол бир-бирига човут солиш учун пайт пойлаётганда девор ортида машина сигнали эшитилди. Ўғри ялт этиб ўша ёққа қаради ва омад ўзидан юз ўгиришига сабабчи бўлди.

Барот учала ўғрининг қўл-оёғини ўзларининг қайишлари билан боғлаб, юзтубан ётқизиб қўйди. Улар тонг отгунча ҳам ўзларига келишлари амримаҳол эди. Тонг отса, бу ҳовлида нималар бўлишини кўз олдига келтириб, девор оша кўчага сакраб тушди. Нимадир даранглаб, тарақлаб кетди. Шериклари чиқишини интиқ кутаётган «Волга» шоферининг ўтакаси ёрилди. У машинага ўкиртириб газ берди-да, қоронғулик қўйнида кўздан ғойиб бўлди.

Итлар маҳаллани бошига кўтариб ҳуришга бошлади. Бир неча уй деразасида чироқ кўринди. «Ким?» деган товушлар эшитилди. Барот икки ҳатлаб эллик қадамча наридаги улкан тутга етиб олди ва чаққонлик билан дарахтнинг қуюқ барглари орасида кўздан ғойиб бўлди.

Ёшлик чоғларидан хотира бўлган қари тут йигит қалбида илиқ туйғулар уйғотди. Ўртоқлари билан баҳс бойлашиб, дарахтнинг энг тепасидаги чумчуқ уясидан тухум олиб тушлишда унга тенг келадиган бола топилмасди. Аммо бир гал адабини еган. Дарахт шохи синиб кетиб, ерга йиқилиб тушган. Ҳушдан кетгани учун болалар уни ўлдига чиқариб ура қочишди. Ана шунда қаердандир Норгул момо хабар топиб, бетига сув сепиб ҳушига келтирди. У ёқ-бу ёғи қашқа бўлганини ҳисобламаса, ҳеч нарса кўрмагандек чопиб кетди. Дарвоқе, Норгул момонинг уйи бу ердан икки қадам нарида. Ариқдан нарёғи момоники. Момони эслаши билан Баротнинг ичи чироқ ёққандек ёришди. Негаки, у кампирни ўз онасидек яхши кўрарди. Армиядан ёзган хатларининг барчасида қўшни момога салом айтиб қўйишларини такрор-такрор илтимос қиларди.

Момонинг ўғиллари оқибатсиз чиқишди. Галма-галдан уйланишди-ю, хотинчаларини етаклаб, чолу кампирни ташлаб кетишди. Кейинчалик чол ўлиб, кампир ёлғиз қолди.

—Момоникида бир-икки кун тураман. Вазиятга қараб иш тутаман,—деб аҳд қилди Барот. Бу вақтда уфқ ёришиб, тонг отди. Ортиқ кутиб бўлмасди, йигит тутдан сирғалиб тушди.

 

1

Баротнинг сирли равишда қамалганини эшитган Ўрин укасидан кўра «Жигули»сига кўпроқ ачинди. Маҳкамама-маҳкама чопиб, озроқ жарима эвазига машинасини чиқариб олди. Машина абгор бўлган, яп-янги ғилдираклар алмаштирилган, аккумулятор ғойиб бўлган, яна алламбалолар етишмади.

—Яна беш-ўн кун шу ерда қолдирсангиз, қуруқ рамасига эга бўласиз,—дейишди ДАНдан оғзи куйганлар.—Вақт борида олиб кетинг.

Шу воқеа сабаб рўзғордан тинчлик кўтарилган. Хотини «қирчинидан қийилгур» қайнисини гўрдан олиб гўрга тиқишдан чарчамайди. Укасига хайрихоҳ бўлмаса-да, уззу кун хотинининг жавраши Ўринбойни  жонидан тўйдиради. Гоҳ жеркийди, гоҳ бўралаб сўкади. Аслида эр-хотиннинг дарди битта—машинани бир бало қилиб аслига қайтариш. Машиналик бўлиш ўз-ўзидан бўлмаганда, ахир. Ота-она ўлимидан сўнг оила ташвиши тўнғич фарзанд—Ўринбой билан унинг хотини гарданига тушди. Баротни уйлантириш, икки сингилни турмушга чиқариш лозим. Бунинг устига ўзларининг мактаб ёшига етган уч нафар ўғилларининг қўлини ҳаялоллаш керак. Барот ишласа, ёнимга кирса, унча катта бўлмаса ҳам чоғлиққина тўй қилиб бераман, деб мўлжаллаганди. Нега қамалган, унга неча йил беришади—бир худога аён. Уни қамоқдан чиқариб олиш учун Ўринбойда бебилиска пул қайда. Фикру-зикри тезроқ фарзандларининг қўлини ҳалоллаш. Тўй аслида бир ҳафта олдин бўлиши керак эди. «Ҳўкиз ҳали ориқ, яна бироз семирсин», деб хотини ўртага банд ташлади. Ўзига қолсаку, хотини билан маслаҳатлашиб ўтирмасди. Қайдандир бошдан-оёқ оппоқ кийинган гадо пайдо бўлди. Уй эгаларига узундан-узун дуо ўқиб, хайр-садақа сўради. Гадо «гадоман», деб турмаганида уни камида авлиё тахмин қилиш мумкин эди. Нима бўлсаям, Ўринбойнинг унга меҳри тушди. «Кўпни кўрган одам, мол танийди. Ҳўкизни кўрсатиб, маслаҳатини олай, «Сўй», деса сўяй, «Ҳали ориқ, боқ», деса беш-ўн кун боқай». Ўринбой гадони молхонага бошлади.

—Бир ҳафта ўн кун вақти бор,—деди ҳалиги гадо ҳўкизнинг сағрига тап-тап шапатилаб. Унинг кўзларида ёлқинланган ўтни Ўринбой сезмай қолди.—Боқса, ҳали семиради.

—Аёлим ҳам сизнинг гапингизни айтди. Менга қолса, шу бугун қассоб чақириб, тўйни бошлаб юборардим.

-Ақлли одамларнинг садағаси кетсанг арзийди. Аёлингиз ҳам ўзингизга ўхшаб тажрибали одам кўринади. Ҳозир сўйсангиз нари борса тўрт юз тош босар. Бир ойда яна ўн-ўн икки кило эт олади. Рўзғорнинг ярим ойлик озиқаси бўлади, бўтам.

-Раҳмат, бобо, кўнглим жойига тушди.

-Ҳа, баракалло. Қани, энди қўлингизни дуога очинг. Илоё шу ҳўкизингиз тўйларга буюрсин. Бошингиз тўйлардан чиқмай юринг. Тўйнинг худойисига атаганингиз бўлса, ҳозир чўзаверинг. Менинг назаримда Арши Аълонинг эшиклари бугун ланг очиб қўйилганга ўхшаяпти.

Ўринбой беш-ўн сўм пул тутқазди. Гадо эшикдан чиққунча дуода бўлди.

Ўринбой кунни молхонадан хабар олиш билан бошлашга одатланган. Бугун ҳам тура солиб молхона тарафга югурди. Молхонада чироқ ёниб турганини кўриб жаҳли чиқди. Хотинига минг марта уқтирган, ётар пайти чироқни ўчириб қўй, деб. У ичкарига қадам қўйди-ю, қотиб қолди—ҳўкиз қани? Наҳотки ўртада ётган нарса унинг ҳўкизи бўлса? Йўқ, ҳўкиз эмас, унинг шилиб олинган териси ўралган ичак-чавоқ, калла-поча! Ҳамма ёқ Pills қизил қонга бўялган.

—Вой дод, мусулмонлар, уйим куйди!

Ўринбойнинг дод-войига хотини, болалари чопиб келишди, қўшнилар тўпланишди.

-Кўриб қўйинглар, мусулмонлар, ҳўкизимни сўйиб кетишибди! Кеча ҳафта сўйдирайлик деганимда манави қўймади. Хотиннинг сўзига кирган ўзим аҳмоқман! Энди нима қиламан?!

-Эй, одамлар, бу ёққа келинглар!—деб ташқаридан чақирди қўшнилардан бири.—Ўғрилар узоққа кетмаганга ўхшайди.

Бошига уриб йиғлаётган Ўринбой ҳам бошқаларга қўшилиб ташқарига чопди. Кўча тарафда девор тагида уч киши миқ этмай ётар, уларнинг ёнида гўштли  қоплар дўппайиб турарди.

Мол аччиғи—жон аччиғи, дегандекЎринбой қўлига тушган таёқ билан ётганлардан бирининг бошига қарсиллатиб солди. Қўйиб берса ўлдириб, аламидан чиқадиган.

—Урма, Ўринбой!—қўлини ушлади чоллардан бири.—Кўриб турибсан-ку барининг қўл-оёғи боғланган. Аввал нима бўлганини суриштирайлик.

-Тўғри, урган билан иш битмайди,—гапга қўшилди бошқа қўшни.—Худо кўрсатмасин, бир таёқ бад, бир таёқ нек дегандек, ўлиб-негиб қолса, ўзинг қамалиб кетасан. Ҳозир шунақа закўн бор.

-Қамаса-қамар. Ўлса гуноҳи бўйнида!

—Ушланглар уни, ўлдириб қўяди,—деб бақирди калтак жонидан ўтган шопмўйловли банди.—Тезроқ милицияни чақиринглар!

-Милицияни чақирайлик? Нега?

-Биз ўғри бўлсак, қўл-оёғимиз боғланган ётармидик? Ўғрилар қочиб кетишди,—босиқлик билан справка бера бошлади ориқ банди.

—Унда сизлар ким бўласизлар?

—Органданмиз.

—Ўғри ким?

—Қўл-оёғимизни ечинг, ўғрилар кимлигини айтиб берамиз.

Биров ишонди, биров шубҳаланди.

—Орган деганингиз мелисами?—сўради кўпни кўрган чол.

—Ҳа, милиция.

—Милициядагиларни мен яхши танийман. Негадир сизларни…

—Б-б-биз қўшни районданмиз.

—Ундай бўлса, ҳужжатларингиз борми?

—Бор… Аммо ёнимизда эмас.

Қўшнилар бир четга чиқиб маслаҳатлашишди.

—Агар булар ҳақиқатдан ҳам милициядан бўлса, ўзимизга гап тегиб қолади. Яхшиси қўл-оёқларини ечиб қўя қолайлик, -маслаҳат берди ўпкаси йўқроқ чол типирчилаб.

—Отахоннинг гапига киринглар, қўл-оёғимизни ечинглар. Акс ҳолда ҳаммаларинг жавобгар қилинасизлар. Орган одамига ёрдам бериш ўрнига қилиб турган ишларини қара-ю!

Хайрихоҳ чол ориқ бандининг қўлини ечишга тутинди.

—Шошманг,—уни бир четга сурди ҳозиргина етиб келган маҳалла оқсоқоли.—Нима бўлгандаям милицияга хабар қилиш керак. Ўз одамлари бўлса, ўзлари таниб олишар. Бегона бўлса-чи? Кеча маҳалла оқсоқоллари билан йиғилишда ҳушёрликни ошириш керак, деб тайинлашди. Келинглар, ақл билан иш кўрайлик.

Бу таклиф бандиларнинг жонини чиқариб юборди. Улар тўпланганларнинг авра-астарини ағдариб ҳақорат қила бошлашди.

—Кўрдиларингми, орган одами бўлишса, бу даражада бетоқатлик қилишмасди,—деди оқсоқол мамнун.

Бир соатлардан сўнг Ўринбойнинг дарвозаси олдига милиция машинаси келиб тўхтади.

—Ушланганлар қани?—сўради гуруҳ бошлиғи.

Бандиларни кўрсатишди. Капитан пўнғиллади:

—Эски танишлар-ку.

Бандиларга хайрихоҳлик кўрсатган чол хурсандчилигини яширолмади:

-Мана, айтдим-ку, ўзларидан экан, деб. Сизлар бўлса…

Унинг гапини капитаннинг қатьий овози узиб қўйди:

—Буларни ким боғлади? Нима учун?

Ҳамма жим.

—Қўлларини ечинг!

 

3

Эшикни Норгул момо очди.

—Ассалому алайкум, момо, меҳмон олмайсизми?

—Вой, сен Баротжонмисан? Ваалайкум ассалом. Қани, остонада турма, ичкарига кир. Сахар-мардонда ким келди, деб ўйладим. Яхшиям сен борсан, болам. Бу қари кампирни бошқа ким ҳам йўқлаб келарди. Қалай, тан-жонгинанг соғ юрибсанми?

-Шукр, момо.

—Момонгни эсдан чиқариб қўйдинг, чироғим, кўринмай кетдинг? Каллайи сахарда юриш одатинг йўқ эди, тинчликми, ишқилиб?

—Шукр, тинчлик.

—Тинчликка нима етсин. Сен ўтира тур, мен чой қўйиб келай.

—Момо бир пас ўтиринг, сизга айтадиган гапим бор,—деди Барот.

Барот бор гапни қўшиб-чатмасдан гапириб берди. Айтмаса ёрилиб кетаман, деб ўйлаганди. Ҳамма гапни айтиб, енгил тортди. Нега шу вақтгача ўзига азоб бериб келганига ҳайрон қолди.

—Болам, ёшликдаям ёлғон гапирмас эдинг. Улғайиб сал ёлғонлайдиган одат чиқарганга ўхшайсан? Ҳамма гапингта ишондим-у, лекин Ўрин акангнинг хўкизини сўйган ўғрилар ҳақидаги гапингга ишонмайроқ турибман. Бир ўзим учтасини боғлаб келдим, дейсанми-ей.

Шу пайт Ўринбойларнинг  ҳовлиси тарафдан ғала-ғовур эшитилди.

—Сиздан илтимос, мен ҳақимда бировга лом-мим деманг,- деди Барот ғамгин оҳангда.—Вақти келиб одамларга ўзим айтиб берарман.

—Сен бир пас мизғиб ол. Бир қўлинг билан беланчакни тебратиб-тебратиб қўй. Мен зув бораман, зув келаман.

Барот бошини ёстиққа қўйиши билан кўзи илинди. Бир чимдим уйқу орасида туш кўрди. Осмону фалакда учиб юрганмиш. Пастда ёввойилар унга бақириб-чақиришади, пастга туш, деб дағдаға қилишади. Камондан отган ўқлари унгача етиб келмайди. Лекин баландроқ учишнинг, бу ердан узоқроққа кетишнинг ҳам иложи йўқ, нимадир зўр бериб ерга тортади. Э-ҳа, бир пайтлар тушида кўрган тош ҳали ҳам оёғига боғланганча турган экан-да. Нега уни ечиб ташламапти? Лаънати ёввойилар, бақир-чақир, ўзингни ос! Барибир ушлай олмайсизлар!

Ёввойилар анча олисда бўлишига қарамай, даҳшатли наъра тортишлари қулоғи остида янграйди. Барот қўрқиб, уйғонди. Ўнгида ҳам чинқираётган товушни эшитди. У сакраб турди. Шундагина беланчакда дод солиб йиғлаётган гўдакка кўзи тушди.

—Оббо, сени қара-ю, роса қўрқитиб юбординг-ку, а? Бўлди, бўлди, эркак одамга йиғлаш ярашмайди,—болани беланчакдан олиб бағрига босади. Бола овунади, бу сергап ака ким бўлди экан, деб ҳайрон боқади. Боқишлари бирам ширин, бирам ёқимли.

—Мен Барот аканг бўламан. Сен Бахтиёржонсан. Топдимми?

Боланинг юзида мамнуният чарақлайди. Баротнинг бир неча кундан бери соқоли олинмаган юзини қўлчалари билан силайди.

—Адда, адда.

—А, нима дединг, ада дедингми?

Йигит қулоқларига ишонмайди. Чеккан кулфатларини эсдан чиқаради…

XXIII. СИРЛИ ЙЎҚОЛИШ

 

Обкомнинг навбатдан ташқари пленуми бўладиган куни Владимир Сисоевич касалхонани тарк этди. Унгача етиб келган миш-мишлар бири-биридан совуқ, бири-биридан ёқимсиз. Ҳар эҳтимолга қарши баъзи бир чораларни кўриб қўймаса бўлмайди. Кўнглини кўтариб турадиган дўстларидан эса дарак йўқ.

Тошкентга қўнғироқ қилиб, ўзини қийнаётган саволларга жавоб олмоқчи эди. Аммо Марказком раҳбарлари вилоятларга чиқиб кетганлиги сабабли бу режаси ҳам барбод бўлди. Ягона илинжи—Москвада. Энг зарур бўлган пайтлардагина тўғридан-тўғри мурожаат қилишга рухсат этилган. Мана, ўша зарурат.

Телефонни москвалик корчалон, Кочубейнинг ишонган тоғларидан бири кўтарди. «Бошланиши яхши, худо хоҳласа, ишларим ўнгланиб кетади», деган ширин хаёл кечди дилидан. Салом-аликдан сўнг мақсадга ўтди. Суҳбатдоши анча вақт миқ этмай эшитди. Ниҳоят сўради:

—Пленум қачонга тайинланган?

—Соат иккига.

—Демак ҳали вақт бор.

—Бир соатча вақт қолди.

—Қўрқма. Бир соатда катта бир урушда ғалаба қозониш мумкин, —ҳазиллашди корчалон.—Дарвоқе, сендан ариза талаб қилишдими?

—Ҳозирча йўқ.

—Албатта, сўрашади. Аммо сен берма! Буёғини менга қўйиб бер.

—Тушундим.

Обкомнинг ҳашамдор залига кириш олдидан партиявий ва ташкилий ишлар бўлими мудири Владимир Сисоевичга яқинлашди. Йўлига соғлиғини сўради. Сўнг тирсагидан ушлаб (бедодликни қаранг-а!) четга етаклади. Бунақа қилиқни бўлим мудири аслида Кочубейнинг ўзидан ўрганган. Кўпчилик ҳайрат ичида уларга қараб қолди. «Мен нима, сенга эшакманми, мени етаклайсан?» деган ғазабнок фикр келди дилига ва бир силтаниб, тирсагини ношуд шогирд қўлидан айириб олди. Камоли жаҳли чиққан экан, хўроздек кекирдагини чўзиб бақирди:

—Менда ишинг борми? Айт гапингни!

Бўлим мудири орқага тисарилди.

—Бюро сиздан ариза олишни менга топширган. «Соғлиғим ёмонлашганлиги сабабли мени ўз вазифамдан озод қилишни сўрайман», деган маънода ариза бераркансиз.

—Аризами?

—Ҳа, ариза, Владимир Сисоевич.

—Манави билан қалайсан?—Кочубей бош бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб, ҳамсуҳбатининг тумшуғи тагига тиқди.

—Б-б-безори!—дея ғўлдиради бўлим мудири шолғомдек қизариб.

Бу ҳали кўнгилсизликларнинг бошланиши эди.

Обкомнинг биринчи котиби пленумни очар экан, одатдагидек мажлис ҳайьатига чиқадиганларни номма-ном ўқиди. Улар орасида Владимир Сисоевичнинг номи йўқ эди. Залдагиларнинг ҳаммаси ҳам кун тартибидан яхши хабардор бўлмаса керак, оддий қурувчидан чиққан пленум аъзоси қўл кўтариб, таклиф учун сўз сўради.

-Хўш, нима дейсан?!

-Мен пленумнинг ишчи президиумига ҳаммамиз учун ҳурматли акамиз Кочубей Владимир Сисоевични ҳам кўрсатишни…

Унинг гапини раислик қилувчининг қаҳрли овози бўлди:

-Бошқа гапинг йўқми?

-Й-й-ўқ, обком бува.

-Номлари ўқилган коммунист ўртоқларнинг ишчи ҳайъатидан жой олишларини сўрайман.

Биринчи қаторни тўлдириб ўтирган Кочубейдан бошқа ҳамма президиумга кўтарилди. Владимир Сисоевич елкаси оша юзлаб нигоҳлар ўзига қадалганини ҳис этди. Кечагина оёғини ялашга тайёр турган одамларнинг таънали, ҳақоратомуз, дашномли қарашлари! Тиғи пайкондек бўлиб тешиб ўтаётган нигоҳлар! Агар Кочубей яна бир неча дақиқадан кейин нафрат тўла бу кўзлар ер чизиб қолишини, заҳарли тиллар бошқача сўзлай бошлашини билмаса, ўсал бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Ана шундай бир воқеага унинг ўзи гувоҳ, аниқроғи сабабчи бўлганлиги эсига тушди.

Брежнев ўлиб, мамлакат раҳбарлигига Андропов келгач, партия хўжалик ишларини жадаллик билан қайта кўришга киришилди. Текшир-текширлар авж олди. Жойларда штаблар тузилиб, гоҳ у, гоҳ бу тармоқда текшириш ўтказилади. Вилоятда бу янгиланиш жараёнига Кочубей масъул. Унинг раҳбарлигида уюштириладиган текширишлар салмоғи жазоланган одамлар сони билан ўлчанади. Одамлар пана-пасқамда Кочубейга “чўлободлик Берия “деган лақаб қўйиб олишган.

Янги ташкил этилган Занжирсарой райони ҳам текширувлардан четда қолмади. Бир ҳафта на ишчи, на раҳбар тиним билмади. Кун чиқарда бошланган текширув қош қорайганда якунланди.

Мазкур масала райкомнинг сайёр бюроси йиғилишида, хўжаликлардан бирининг дала шийпонида ўтказиладиган бўлди. Унда шахсан Кочубейнинг ўзи иштирок этаётганлиги ҳаммани ҳушёр торттирди.

Партия ташкилотининг қишлоқ хўжалигига раҳбарлиги масаласи, айниқса, қониқарсиз, деб топилди. Бу соҳани текшириб,-ахборотнома тайёрлаган гуруҳ. пашшадан фил ясаб кўрсатаётганлиги кўпчиликка, ҳатто Кочубейнинг ўзига ҳам маълум бўлса-да, миқ этмади. Ахир одамларни жазолаб турилмаса улар тезда талтайиб кетишади-да.

Текшириш асносида Владимир Сисоевич ажойиб воқеанинг гувоҳи бўлди. Колхозлардан бирининг пихини ёрган раиси кимсан Кочубей Владимир Сисоевични лақиллатмоқчи бўлди-я!

—Ворох машиналарининг ишини кўрсат,—деди Кочубей раисга. Бу вақт соат тунги иккидан ошган. Раис аниқ биладики, ҳамма ерда иш тўхтаган. Очиғини тан олса, бир бало, олмаса, ўн бало.

—Обком бува, ҳамма ворох машиналари ишлаяпти.

—Бориб кўрамиз,

—Шу десангиз, пахтадан сув қочиб, йўлни босган. Ўтиб бўлмайди.

Дарҳақиқат, тасодифми, атайлабми йўлни сув босган, машина билан ўтиб бўлмасди.

—Раис, шу шийпоннинг томига чиқиб қарасак, ворох машиналари ишлаётган жой кўринадими?

—Ҳа, кўринади, обкомбува,—хурсанд бўлиб кетди раис, Кочубей шу ердан қайтади, деган умидда.

—Шоти борми?

—Шоти? Бор. Нимайди?

—Олдириб кел!

Аллақаердан лиқилдоқ шоти топиб келишди.

—Қани, томга чиқ!—деб буюрди Кочубей раисга. Икковлашиб томга чиқишди.

—Кўрсат, қайси томонда ишлаяпти ворохларинг?

—Ҳов, анави ерда.

—Чироқ кўринмайдику?

—Чироқ ўчиб қолгандир, палакат. Сал шамол бўлса, ўчиб қоладиган одати бор.

Томдан тушишди.

—Этикни еч, шимингни шимар,—деб буюрди Кочубей раисга. Ўзи ҳам ботинкасини ечиб, шимини шимариб олди.—Йўлдан машина ўта олмаса, мана, биз ўтамиз. Кетдик!

Раис олдинда, обкомнинг иккинчи котиби орқада. Улардан сал орқада икки-учта бригадир сув кечиб йўлга тушишди.

Ворох машиналарининг олдида зоғ ҳам йўқ эди.

—Ишлаяпти, деганинг шуларми!?

—Ҳозиргина ўчириб кетишганда, обкомбува.

—Шундайми?—Кочубей тўрт-бешта ворохни ушлаб-ушлаб кўрди. Бари муздай.

—Энди сен ушлаб кур.

Раис миқ этолмай қолди.

Яна сув кечиб, орқага қайтишди.

—Раис, шоферингга жавоб бериб, ўзинг менинг машинамга чиқ!

Кетишяпти. Қаерга боришмоқчи? Сўрай олмайди. Қўшни колхоз ҳам орқада қолди. Кундуз куни ўтишга одам қўрқадиган қамишзорга етганда Кочубей шоферининг биқинидан туртди:

—Тўхтат!

Машина тормоз берди.

—Сен туш!—деди Кочубей раисга. Тушди. Машина жойидан қўзғалди.

—Мен-чи?—дейишга улгурди раис. Бирпасдан сўнг машина чироқлари тун бағрида сингиб, йўқ бўлиб кетди. Уни масхара қилгандек бойқуш сайради…

Мана, бугун ўша раис ҳам залда ўтири6ди, Кочубейнинг кўзига тик қарай олмайди, учуқ тошган оғиз-,бурнини ўраб олган.

Текширувчилар ахборот бериб бўлишгач, хўжалик раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишга киришилди. Биров у деди, биров 6у.

—Камчиликларни тузатамиз. Партия берган топшириқларни ошириб бажарамиз.

Қўпни кўрган раису директорлар ёлғон ваъдалар билан сувдан қуруқ чиқиб кетишди. Аммо вахифада нари-бериси бир йил ҳам ишламаган ёшгина директор йиғилиш руҳини ўзгартириб юборди. Унинг шаккоклик билан катта бор, кичик бор, демай чертиб-чертиб гапириши эзилиб, ерга сингиб ўтирганларнинг қаддини кўтаргандек бўлди.

—Бошқаларни билмадим-у, аммо менинг совхозимда аҳвол ўртоқ текширувчилар айтгандек, иш пачава эмас. Пахта планини уддалаб қўйдик. Шудгор бошланган. Чорва биринчи марта зарарсиз чиқаяпти. Бир бош соғин сигирдан уч-уч ярим тоннадан сут оламиз.

—Тўғри, бизнинг хўжаликда ҳам олдинги йилларга қараганда ўсиш бор,—деди ҳозиргина пўстаги қоқилганлардан бири ўтирган еридан кекирдагини чўзиб.

Ғала-ғовур бўлиб кетди. Кочубей йиғилиш тизгинини ўз қўлимга олмасам, мажлис норозилик митингага айланиб кетади, деб ўйлади. У тап этиб столни урди. Ҳамфикрлар кўплигидан шерланиб, жўшиб гапираётган нотиқнинг айтилмаган сўзлари бўғзида қолди.

Кочубей ўтирганларга бир-бир назар ташлаб чиқди. Гўё у одамларни кўм-кўк кўзлари билан пармалаб, ичидаги сирларини билиб олмоқчига ўхшарди. Бошлар қуйироқ эгилди, кўзлар ер чизиб қолди.

—Мана!—деди Кочубей шаҳодат бармоғини баланд кўтариб.—Мана, кўриб қўйинглар, маънавий инқироз, иқтисодий ўпирилиш, сиёсий айниш қаердан бошланишни! Мен бу ерда катта ўпирилиш борлигининг гувоҳи бўлиб ўтирибман. Обком буни шундай қолдиролмайди. Бутун бир бошли бинони бузиш учун унинг пойдеворидан бир ғиштини суғуриб олиш кифоя. Кейин ўзи қулаб тушаверади. Партия ташкилоти ҳам бамисли бир бино. Мана булардай принципсиз, мана булардай масъулиятсиз, қолаверса, жиноят кўчасига кириб кетишдан тап тортмайдиган, сиртдан коммунист, ичдан партиянинг ашаддий душманлари бўлган одамларни,—Кочубей бармоғини бигиз қилиб, аввал минбарга бағрини берганча қотиб қолган ёш директорни, сўнг рўпарада ўтирганларни ялписига кўрсатиб давом этди,—Ленин партиясининг муҳташам биносини бузувчилардир, дейман!

Кочубей узоқ гапирди. Нутқини даҳшатли ҳукм билан тугатди:

—Партиянинг раҳбарлик ролини тан олмагани, партиявий одоб-ахлоқ нормаларини бузгани, жамоа фикрини партияга қарши қаратмоқчи бўлгани учун уни КПСС сафларидан ўчиришни, вазифасидан четлатишни талаб қиламан! Бугун унга ҳамфикр бўлганлар ҳам аниқлансин ва тегишли жазога тортилсин!

Ҳамон минбарга ёпишиб турган бечора директор ўз жойига аранг етиб борди-ю, шилқ этиб йиқилди.

—Тезда касалхонага олиб бориш керак,—деди беморни кўздан кечирган район соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи.—Инфарктга ўхшайди.

—Чепуха! Навбатдаги фирибгарлик. Артист! Олдин партиядан ўчирилсин, кейин нариги дунёга бўлсаям кетаверсин.

Директорни партиядан ўчириш учун ҳамма қўл кўтарди. Шундан сўнггина уни залдан олиб чиқиб кетишга ижозат этилди.

Ана шу охирги манзара тез-тез Кочубейнинг кўз олдига кеяадиган бўлиб қолган. Бу балки виждон азоби оқибатида пайдо бўлгандир? Аммо то ҳанузгача бу одам ўзини директор ўлимида (ҳозир унинг фамилиясини ҳам эсдан чиқариб юборган) тирноқча айбдор эдим, деб ҳисобламайди. Ўзининг тақдири  ҳал қилинаётган шу дамларда яна замбилда тиржайиб ёгган  директор  кўз  олдида намоён  бўлди:

—Мен ҳам эдим сендек, сен ҳам бўласан мендек,—хунук тиржайди арвоҳ,

—Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Ҳали вақт бор. Москвадан қўнғироқ бўлади-ю, пленум менинг фойдамга қарор қабул қилади. Менга дашном тошларини отаётган мана бу одамлар ҳам ўшанда бошқача сайрай бошлашади.

Дақиқалар ўтган сайин бу умиди дилидаги ишончсизлик билан алмаша борди, охирги  илинж ҳам сувга тушган қордек эриб кетаяпти. Бутун умидини тиккан мажлис президиумидаги телефон бирор марта ҳам жирингламади-я!

Арвоҳ тантана қилади:

—Қалайсан, энди? «Пичоқни аввал ўзинггаур, оғримаса—бошқага».

—Ҳали вақт бор,—қайсарлик билан пичирлайди Кочубей.-Қарор қабул қилингани йўқ ҳали.

—Қарор аллақачонлар ёзиб қўйилган! Булар бари расмиятчилик учун эканлигини ўзинг яхши биласан-ку. Яхшиси қарор ўқиб эшиттирилмасдан бурун туриб жўна. Мард одам экан, дейишсин.

—Йўқ, кутаман.

—Юрагинг санчиб оғрияпти, оғриқ бутун баданингга тарқаяпти. Менга ўхшаб залда ўлиб қолмасдан  бурун  туриб жўна…

Арвоҳ ғойиб бўлди. Владимир Сисоевич чап сийнасида оғриқ езди. Сесканиб кетди. Баданини совуқ тер босди. «Демак, арвоҳ адашмапти, кетишим керак. Барига тупуриб, ғоз юриб чиқиб кетишим керак».

Кимдир қўлтиғидан олиб ёрдамлашиб юборди. Чайқалиб эшик томон юрди. Еру осмон гир-гар айланаётгандек. Йиқилмай анави икки қаватли эшикдан чиқиб олса, марра уники. Лекин бу жуда мушкул. Чайқалиш кучайяпти. Нажоткор эшикка ҳали анча бор. Яна бир неча қадам қўёлса…

Кочубей деворни ушлаш учун қўлларини чўзди. Мувозанатини йўқотди, гандираклаб бориб, эшикнинг қиррасига пешонаси билан урилди. Гулдор гиламга қон сачради.

Владимир Сисоевични ҳеч қандай иззат-икромсиз кўтариб, залдан олиб чиқиб кетишди.

Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Нутқининг белига тепилган Сойибназаров Олтин Юлдузини йилтиллатганча минбарда қотиб турар, у «Энди нима қилсам экан, балки пленумни бошқа кунга қолдирганим маъқулмикан», деб ўйларди. Тошкент уни бугун ишдан олишга рухсат берган. Балки эртага кеч бўлар. Айби бўйнида. Яхшиси, шу бугун ҳал қилиб қўя қоламиз», деган қатъий қарорга келди ва «Пленум ўз ишини давом эттиради», дейиш учун оғиз жуфтлади.

Нотиқнинг сўзи оғзида қолди. Столда турган ҳукумат телефони жиринглади. Оближроқўм раиси гўшакни қулоғига олиб борди, мушукникидек майин товушда деди:

—Лаббай?.. Ҳа, пленум бўлаяпти… Йўқ, ҳали тугагани йўқ… Биринчи котибми?.. Мана, шу ерда. Ҳозир трубкани у кишига бераман.

Сойибназаровнинг юраги шув этиб кетди.

-Ким?

-Москва. ЦКнинг котиби.

Сойибназаров телефон трубкасини қулоғига олиб борар экан, президиумдагиларга сўзсиз нигоҳ ташлаганди, ҳаммаси гурра ўрнидан туриб, одоб юзасидан нарироққа бориб туришди.

Биринчи котиб синиқ овозда қисқа-қисқа жавоб берар, унинг ички ҳаяжонини қўлларининг қалтираши ошкор қилиб қўяёттанди. Сойибназаров шаллоба терга тушди. Суҳбат тугаган бўлса ҳам анча вақт телефон гўшагини ушлаганча туриб қолди. Зал сув қуйгандек жим. Ниҳоят, биринчи котиб тилга кирди:

—Пленум бошқа кунга қолдирилади. Ҳаммага жавоб. Бюро аъзолари қолсин. УВД бошлиғи, прокурор, адлия бошлиғи, сизлар ҳам қолинглар. Облздрав! Облздрав бошлиғи қани?

—Мен шу ердаман.

—Владимир Сисоевични қидириб топ. Ҳукумат касалхонасига ётқиз. Тошкентдан, истасанг Москвадан консилиум чақир. Унинг бошидан бир мўйи тушса, бошинг билан жавоб берасан! Тушундингми?

—Тушундим.

Кочубей Москвадан ўринсиз хафа бўлганди. Унинг суянган тоғи Сиёсий бюро йиғилишида озроқ ушланиб қолганди, холос. Қолган воқеалар тез авж олиб кетди. Владимир Сисоевични оғир ахволда яна шифохонага ётқизишди. Москвадан қўнғироқ бўлгани, у ўз ишида қолдирилгани ҳақида негадир унга лом-мим дейишмади. Шу боисдан бемор сал ўзига келгач, миясини ҳар хил шубҳа гумонлар кемира бошлади. Лавозимдор одамларнинг тўсатдан ўлиб қолиши, ҳеч бўлмаганда, бирор кор-ҳолга гирифтор бўлиши сабабларидан анча-мунчаси унга маълум эди.

Эсида, районлардан бирида човутни қайта ишлаш ниқоби остида анча-мунча пахта қўшиб ёзилганлиги фош этилди. Комбинат директори, бош бухгалтер, яна уч-тўрт нафар одам қора курсига ўтқазилди.

—Мен қора курсига ўтирадиган бўлсам, райкомнинг биринчи котибини ҳам ўтқазасанлар,—деб оёқ тираб олди комбинат директори. Биринчи котибни вазифасидан олиб, чекка районлардан бирига, анча паст лавозимга ишга жўнатишга тўғри келди. Бу ҳам фойда қилмади. Ниҳоят, собиқ биринчи котибга терговга чақирув қоғози тутқазилди. У терговга етиб келолмади. Самарқандда сирли равишда поезд босиб кетди. У қанчадан-қанча сир-асрорни ўзи билан гўрга олиб кетди.

Аслини олганда, Кочубей ҳам тирик экан, кимларнингдир кўзига уйқу келмайди, ҳаловатини йўқотади. Душманлари катта ғалабани қўлга киритдилар—ишдан четлатишди, бутун вилоят олдида обрўсини бир пул қилишди. Энди охирги зарбани беришмайди, аниқроғи, гумдон қилиб қўя қолишмайди., деб ўйлаш мумкинми?

Бемор ҳолдан тойганига қарамай, шифохонадан қочиб кетиш режасини туза бошлади. У палатанинг орқа ҳовлига қараган деразасини ланг очиб юборди. Хонага кузакнинг этни жунжиктирадиган ҳавоси ёприлиб кирди. Олтмиш-етмиш метрлар нарида,пастликдан оқадиган Саркашдарёнинг шовуллаши эшитилди. Яқинда ёққан жала дарёни тоширган. Тўлқинлар қувлашмачоқ ўйнайди. Соҳилга тўш уриб, қирғоқларни ўпиради ва яна олға чопади. Халқ феълига яраша ном билан уни Саркашдарё деб атаган.

Бу манзарага қараб туриб Кочубейнинг эсига ёшлик чоғлари тушди. У Украина пойтахти Киевга яқин Петуховка деган қишлоқда туғилиб ўсди. Қишлоқ Днепр ва Деснадек улкан бўлмаса-да, йил—ўн икки ой тўлиб оқадиган Припять дарёси ёқасида жойлашган. Қишлоқ этаги асрий ўрмонга туташиб кетган. Припять, айниқса, баҳорда қутириб оқади. Муз кўчиб, кўприкларни, соҳилга яқин жойлашган темир-бетон иншоотларни пайраҳадек ювиб кетади. Юзлаб гектар экинзорлар сув остида қолади. Офатнинг олдини олиш учун ҳар йили сапёрлар ёрдамга келади. Улар музни портлатиб, хавф-хатар бор жойлардан одамларни кўчиради. Бу фасл, айниқса, қишлоқ қизлари учун ҳақиқий байрам тусини олади. Не-не қизлар аскар болаларга турмушга чиқиб, олис-олисларга кетиб қолишди. Володянинг синглиси Мария ҳам бахтини шу дарё туфайли топди. Қаллиғи қора кўз, қора соч, баланд бўйли йигит эди. Тўйлари дарё соҳилида ўтказилди. Мария эри армия хизматини тамомлагунча қишлоқда яшаб турди. Фарзандлик бўлди. Учовлон йигитнинг ватани—Ўзбекистонга жўнаб кетишди. Шундан бери Володя синглисини ҳам, унинг қаллиғини ҳам, жиянини ҳам кўргани йўқ. Гоҳ Киевда, гоҳ Москвада ўқиди. Катта-катта лавозимларда ишлади. Ўзи ҳам кутмаган ҳолда Ўзбекистонга партия ишига юборилди.

Палата эшиги очилиб, кимдир кирди. Кочубей чўчиб тушди. Кирган ҳамшира экан.

—Шамоллаб қоласиз, деразани ёпинг!

Кочубей деразадан нари кетди. Дарвоқе, у нега ҳамширанинг шарпасидан бундай чўчиб тушди? Бу балки тасодиф эмасдир. Нега уни душманлари фақат пичоқлаб ё отиб ўлдиришлари керак экан. Энг содда усул—укол қилиб ҳам ўлдиришлари мумкин-ку! Демак, суиқасд эҳтимоли янада ошади! Тери остига кўз ёшининг юздан бир бўлагича миқдорда заҳар юборилса кифоя, кўз очиб-юмгунча асфаласофилинга равона бўласан!

Ана шуларни ўйлаб амалдорни ваҳима босди. Тиқ этган товушдан чўчиб, жонини ҳовучлаб ўтирди. Балки ҳозир қилинган уколга заҳар қўшилгандир!? Дарвоқе, игна санчилган жой қичиша бошлади. Мана-мана, оғриқ ҳам бошланди! Бутун гавдаси оташ-аланга ичида қолди.

—Заҳарлашган!

Кочубей фавқулодда чаққонлик билан сакраб турди ва ҳозир ҳамшира ёпган деразани ланг очиб юборди. Ташқарида дарё шовуллайди, тўлқинлар бир-бирини қувиб, кўкка сапчийди. Кўзга кўринмас бир куч Владимир Сисоевични гирибонидан олиб, дарё томон судрайди. У итоат этишдан ўзга илож тополмади. Дераза ошиб, ҳансираб олға қараб юрди. Кочубей ҳайқириб оқаётган дарё лабида узоқ турмади. Уни кўриб қолишлари мумкин эди. У эгнидаги касалхона халатини, оёғидаги ковушини ечиб, бир четга улоқтирди-да, муздек тўлқинлар бағрига ўзини отди. Украинанинг манаман деган дарёларида чўмилган, сузиш мусобақаларида қатнашиб, совринлар олган собиқ сув спорти устаси учун Саркашдарё писанд эмасди. Номи феълига мос дарё ўжар, бунинг устига дард жонини олиб қуйган амалдорни бешикдек тўлқинлар сиртига кўтариб, зарда билан оқизиб кетди.

Оқим Кочубей кутганидан анча кучли эди. Шундай бўлса ҳам қиялаб сузиб, нарига соҳил тарафга сузишда давом этди. Тез толиқди. Қўллари шалвираб қолди    Тўлқин Қочубейни шитоб билан гирдобга улоқтирди. Бўтана сув чирпирак қилиб, комига тортиб кетди. Сув тагида қанча бўлганини билмайди. Гирдобдан-да кучлироқ оқим жонига оро кирди—пўкакга ўхшатиб сув юзига отиб юборди. Ютоқиб-ютоқиб нафас олар экан, соҳил қайси томондалигини билиш мақсадида аланглаб қаради. Йигирма-ўттиз метр, балки ундан ҳам яқинроқ жойда эрта баҳорда сув ювиб кетган кўҳна кўприкнингтемир-бетон қозиқлари сўппайб турарди. Тўлқинлар ана шу қозиқларга урилиб, бўлиниб кетар, кўкка сапчир, дарғазаб шовулларди. Қаҳрамонимиз қозиқлар орасидан бир амаллаб ўтиб кетиши ҳам мумкин эди-ю, оқим уни сув бетида лоппилаб турган бетон тўсин томон суриб кетда. Тўсиннинг сув юзасида кўриниб турган тарафида узунлиги бир газча келадиган пўлат арматуралар найзадек ялтирайди. Гирдобда ғарқ бўлиш ёхуд заҳарланган шприцдан ҳалок бўлиш афзал кўриниб кетди кўзига.

Ҳа, бу муқаррар ҳалокат эди!

Шифохона бош врачининг кабинетига ҳамшира қиз отилиб кирди. Бош врач телефонда ким биландир гаплашаётган эди. Ҳамшира қизга зарда билан «жим» ишорасини қилди-да, телефон гўшагини қулоғига маҳкам босиб, суҳбатдошининг сўзларини эшитишда давом этди.

-Ҳа, ҳа, биринчининг ўзлари шахсан топширдилар. Агар Кочубейнинг бошидан битта сочи тушса ҳам ҳаммангни ишдан ҳайдайман, дедилар. Так что, бу гап ҳаммамизга ҳам тааллуқли.

—Тушундим.

—Аҳволи унчалик оғир эмасдир. Сен нима деб ўйлайсан?

—Кризис ўтди. Энди  умид  қилса  бўлади.

—Владимир Сисосвичнинг ҳаётини сақлаб қололсак ўз шанимизни ҳам қутқарган бўламиз, уқдингми?

—Уқдим.

—Яхши, если что, менга телефон қил.

—Хўп бўлади.

—Яна битта гап.

—Қулоғим сизда?

—Қулоғинг ўзингга сийлов. Ходимларингга айт, тилларидан эҳтиёт бўлишсин. Ҳар қандай нарсани  валдираб юришмасин.

—Албатта, албатта.

Шундан сўнг телефон гўшагидан «дуд-дуд» деган сигнал эшитилди. Бош врач енгил тортиб, гўшакни жойига қўйди. Зарда билан ҳамшира қизга юзланди:

—Нима, бирон ерга ўт тушдими?

—Анави бемор йўқ.

—Бемор? Қайси бемор? У ёқ-бу ёққа чиққандир, шунга шунча ваҳимами?

—13-палатадаги бемор.

—Нима?! Нега йўқ бўлар экан?

—Бир соат олдин бор эди. Ҳозир йўқ.

—Аққа-баққа чиққандир?

—Мен ҳам шундай, деб ўйлагандим. Палатанинг орқа деразаси очиқ қолган. Изидан дарёгача бордим… У ерда…

—У ерда нима кўрдинг, гапир!

—Халати билан шиппагидан  бошқа нарса йўқ.

—Ўзи-чи, ўзи қаерда?!

Бош врач савол бераяпти-ю, жавобини эшитмасданоқ, қўрққанидан қалқиб кетди—сувга ташлаб,ўзини ўлдирган!—деган мудҳиш хулосага келди.

Ҳамшира қизнинг нима деб жавоб берганини эшитмади. Унинг мияси бошига тушажак мушкул аҳволга тадбир изламоқда эди.

«Изла, қидир, чора топ! Йўқса, сен ўзинг қутурган дарёда оқасан! Бошингта шундай кунларни солишадики, кунда бир марта эмас, минг марта ўлиб-тириласан!»

Бош врачнинг бақрайиб тургани ва бир сўз дегиси келмаётгани ҳамшира қизнинг аччиғини чиқарди. У кескин бурилиб, эшик томон қадам ташлади. Аммо қандайдир ғайри табиий товуш уни таққа тўхташга ва орқасига қайрилиб қарашга мажбур этди. Бош врач оғзидан кўпик чиқарганча хириллар, кўзга кўринмас рақибини бўғмоқчи бўлгандек қўлларини кўтарган-у, шу ҳолда тош қотган. Ҳамшира беихтиёр орқага тисарилди. Хириллаш кучайиб, увиллашга айланди. Ҳа, роста кам увиллаш эди бу!

Эсида, қишлоқца уларнинг қари итлари бўларди. Ўша ит бир кеча тонг отгунча осмонга қараб увиллаб чиққан. Худди ҳозиргидек, юракларни увиштирадиган даражада увиллаган. Чол-кампир «Бу яхшиликка эмас, ишқилиб бало-қазодан худонинг ўзи асрасин», деб қўлларидан келганча фотиҳа ўқишганди. Ўша кечаси тонгга яқин Газлида ер қимирлаб, шаҳар вайронага айланди. Шундан бери итнинг улушини эшитса эти жунжикади, ваҳима босади. Мана, ҳозир ҳам эсхонаси чиқиб кетди.

Ҳамшира қиз хонадан қандай қочиб чиққанини билмайди. У узун йўлак бўйлаб чопиб борар экан:

-Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар!—деб бақирди. Палаталардан бир неча бемор чопиб чиқди.

-Ана, ана у! —ҳамшира қиз бош врачнинг кабинети томон ишора қилди. Худди шу пайтда бош врачнинг ўзи кўринди. У девона сифат ҳаракатлар қила-қила тўплангаларнинг олдига етиб келди. Қаршисидагиларга эътибор ҳам бермасдан чўк тушиб, қўлларини ерга тираб, бошини осмонга кўтариб увиллай бошлади.

Тўпланганлар тариқ сочгандек ҳар тарафга сочилиб кетди.

—Бош врачимиз ақлдан озган!

—Балки қутиргандир?

—Яқинлашма, қоч!

Яқин орада ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилган шўрлик бош врач деразадан ташқарига мўралади. Ҳа, ҳамма уни ақлдан озганга чиқаряпти. Ҳозирча дуруст. Буёғини бўшаштирмаслик керак. Нари борса, жиннихонага ётқизишади. Жиннихона ҳар ҳолда қамоқхона эмас-ку. Қолаверса, тепакал ўрис амалдорнинг ўлими (унинг ўлганига сира шубҳаси қолмаганди) изидан ёпирилиб келадиган бало-қазолардан жиннихонадек асрайдиган нажот қўрғонини топиб бўладими.

Партиядан ўчирилиш, ишдан бадарға бўлиш, қамалиш, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган яна минг хил савдоларга грифтор бўлмаслик учун бечора ҳақиқий итга айланиб қолишга ҳам рози эди шу топда. Унинг дард-алами аянчли увиллашга айланиб кўксидан отилиб чиқдики, бундан ҳатто ўзининг эти жимирлаб кстди:

—У-у-у-в-в-в…

 

XXIV. АРВОҲНИНГ ДЕГАНЛАРИ

 

Чўлга бориб, муддаосига эришган Андрей онасига хат ёзиб юборди. У отаси туғилиб ўсган юрт -водийга ҳам бормоқчилигини, насиб қилса эрта баҳорга қолмай  она бағрига қайтишини маълум қилди. Онасидан жавоб кутмасдан шаҳарнинг овлоқ жойида, магистрал каналнинг темир йўл кўприги кесишган жойга яқин ердаги авто устахонага ишга жойлашди.

Янги ходим бошлиққа маъқул тушди. Оддий сотувчидан чиққан бошлиқ бир қарашдаёқ қандай тоифа одамга дуч келганлигини пайқади. Чунки Андрей бир варакайига бир неча мутахассиснинг ишини бажарар, бу билан зиқна бошлиқни ортиқча сарф-харажатлардан қутқарарди. Аммо шунга қарамай унга арзимагангина маош тўланадиган бўлди. Йигит шунга ҳам рози. Чунки ҳужжатсиз, бетайин бир кишини ишга олишга ҳар қандай одам ҳам рози бўлавермайди-да.

Тахминан бир гектарча майдонда қурилиш материаллари сочилиб ётибди. Бу ерда вилоятда энг катта автоустахона қад ростлайди. Аммо ҳозирча усталар пастқам-пастқам биноларда, уч-тўртта вагон уйларда ишлашаяпти. Бошлиқнинг марҳамати билан битта вагон уйни Андрейга бўшатиб беришди. Андрей вагоннинг бир қисмини ётиб-туриш учун мослаштирди, қолган қисмига ўзининг қўлбола устахонасини жойлаштирди.

Устахонанинг пахмоқ соқолли қоровули Максим тоғанинг тескариси эди. Унинг қулоғи оғир бўлиши баробар бадқовоқ, биров билан осонликча сўзлашмайдиган, қўрс. Кундуз кунлари иш билан бўлиб, кун ўтганини сезмайди, аммо ишдан кейин ёлғиз қолиш йигитни эзади. Бизга маълум сабабларга кўра шаҳарга тушолмайди. Бир гал овқат пишириб, чолни бирга овқатланишга таклиф этиш учун қоровулхона эшигини тақиллатди. Бироздан сўнг ичкаридан дағал товуш эшитилди:

—Ким?

—Бу менман, отахон, кирсам майлими?

Бирпас кутди, «Ҳа» ё «йўқ» деган жавоб бўлмади. Таваккал деб эшикни итарди. Тутунга тўла, нимқоронғу хонада қоровул чол ўчоққа қозон осиб, нимадир пишираётган эди. Чол келувчига ёвқараш қилди-да, тўнғиллаб қўйди.

—Салом, отахон. Кечирасиз, сизни овқатга таклиф қилгани келгандим.

—Нима?—сўради чол қўлини қулоғига тутиб.

Чолнинг карлиги энди эсига тушди:

—Отахон, юринг мен билан, бирга овқатланамиз,—деб бақирди.

—Нега бақирасан, кар эмасман!

Андрейнинг ростакам жаҳли чиқди. Қўл силтаб чиқиб кетмоқчи эди ис босган деворга қоқилган тахта рафларга териб қўйилган катта-кичик шиша идишлар эътиборини тортиб, тўхтаб қолди. «Нима бало, чоли тушмагур қўлбола ароқ тайёрлаш билан шуғулланадими?» Аммо хонада спирт ҳайдайдиган асбоб кўринмасди. Йигитнинг аланглаб туриши чолга ёқмади. У ўсиқ қошлари остидан ўқрайиб қараганди, кўзларидан учқун сачрагандек бўлди. Андрей чўчиб тушди ва нима учун келганини ҳам унутиб, эшикка йўналди. Аммо улгуролмади. Чол кафтидаги кукунни ўчоқдаги оловга сепиб юбориши билан момақалдироқни эслатувчи гумбурлаш эшитилди. Андрей чайқалиб кетди. Оёғи остида ер ларзон-ларзон тебрана бошлади. Тахта рафлар тебраниб, шиша идишлардан шақур-шақур товуш чиқа бошлади. Андрейни ваҳима босди ва остона ҳатлаб, ташқарига қочиб чиқди. Орқадан масхараомуз қаҳқаҳа янгради.

Қоровулхона эшиги қарсиллаб ёпилиши билан ер тебранишдан тўхтади. Андрей ён-атрофга боқди. У зилзила шиддатидан устахонанинг пастқам бинолари кунпаякун бўлди-ёв, деб тахмин қилганди. Не ажабки, бинолар асл холида турар, ҳатто сочларини ёйиб юборган мажнунтол ҳам қилт этмаганди. Андрей кўзларини ишқалар экан, ҳайратдан «Мен ухлаётганга ўхшайман, буларни тушимда кўраётган бўлсам керак»,деб ўйлади. Бир қарорга келолмай сирли кулбадан нарироқ кетишга шошилди.

Қоровул чолникига бўлган муваффақиятсиз ташрифидан сунг, Андрей бир неча кун аниқ қарорга келолмай юрди. Балки бу сир бир умрга жумбоқлигича қолиб кетар. Аммо…

Андрей тунларни қисқартириш мақсадида сувга қармоқ ташлаб, соатлаб хаёллар оғушига ғарқ бўлшини одат қилди. Насибасига тушган балиқлардан гоҳ шўрва қилади, гоҳ тузлаб, қуритади, гоҳ битта-яримта касбдошига сув текинга бериб юборади. Лекин қармоқ билан тунни ярим қилишни қўймайди. Унинг севган жойи темир йўл кўпригининг таги. Бу ерда сохил қумлоқ ва текис, поездларнинг гумбурлаб ўтишининг ҳам ўзгача нашаси бор. У сувга қармоқ ташлайди-ю, хаёлот уммонига шўнғийди. Олисларда қолган онасини ўқтин-ўқтин эслайди. Она-бола соатлаб ғойибона суҳбат қуришади.

Бугун ҳам икки-уч жойга қармоқ ташлаб қумлоқ соҳилга ёнбошлади. Кўзларини чирт юмди-ю, онаси ҳақида ўйлай бошлади. Хаёл кўзгусида негадир онаси ўрнига отасининг қотили, унинг бир кечада ёниб ўлган хотини, болалари билан пайдо бўлди. Андрейнинг юраги ҳаприқиб кетди. Ота арвоҳ тилга кирди:

—Сен мени танимагандирсан? Мен отангнинг қотили бўламан.

—Ўзим ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлагандим. Хўш, мендан нима истайсан?

—Баъзи нарсалардан огоҳлантириб қўйишим лозим.

—Қулоғим сенда, эй арвоҳ.

—Отангнинг қабрини зиёрат қилиб, падарингнинг розилигига эришдинг.У сени айрим сирлардан огоҳ этиб қўйишимни мендан илтимос қилди.

—Отам ўз қотилидан нимани илтимос қилган экан?

—Авваламбор отанг уни шаҳидлик даражасига етказишга сабабчи бўлганим учун Яратганнинг олдида менинг гуноҳимни сўраяпти. Қолаверса, бу тақдир иши. Мен тақдир ҳукмини ижро этдим, холос.

-Яхши,яхши,гапни кўп чўзиб юбординг.

-Мен ҳам,оила аъзоларимиз ҳам  сендан  розимиз.

-Сабаб?

-Отанг қабрини  зиёрат қилиш чоғингда  болаларимга чин дилдан ачингандинг. Эсингдами?

-Қотил сен ,болаларинг  эмас-ку?

-Баракалла!Аслида  қотил мен ҳам эмас, бошқа  одам,мен ўшанинг  амрини  адо этганман.

-“Ўша” деганинг  ким?

-Эшназар раис.

-Яна Эшназар раис!Бу ҳақда онам  кўп гапирган.Хўш,отамни  ким ўлдирган-сенми ё Эшназар раис?

-Мен раиснинг  чизган чизиғидан  чиқолмасдим.Унинг айтганларини  қилмасам ,ўзимни ўлдиртирар эди.

-Демак қотил ўзинг экансан-да?

-…

-Нега раиснинг   чизган чизиғидан чиқолмасдинг?

-Раисдан  тилим қисиқ жойим бор эди. Бир куни шайтоннинг  гапига кириб,томорқамга  озроқ кўкнори  экдим. Сотиб пулига  рўзғорнинг  кам-кўстини  тўғриламоқчи эдим.Бир куни  раис  ҳузурига чақиртирди.Бордим.

-Сен томорқангда кўкнори  ўстираётган экансан,-деди дабдурустдан.Тош   қотиб  қолдим.

-Устингдан маълумот тушган.Бориб  текширишади,-деди.Шошиб қолдим.

-Кўкнори экканга неча йил  беришини   биласанми?-сўради раис.

Мен билмасдим.Ер чизиб туравердим.

-Ўн йил  беришади!

Мен йиғлаб-сиқтадим,раҳм қилишини   сўраб,олдида  тиз чўкдим.Раҳми келгандек  бўлди.

-Майли,-деди раис,- чурвақаларингга раҳмим  келди.Ҳозир  ўн йил олиб кетсанг уларнимнг аҳволи не кечади.

-Бу яхшилигингизни  ўлгунимча  унутмайман

-Эвазига нима  берасан?

-Истасангиз жонимни берай?

-Йўқ,жонинг  ўзингга сийлов.Менга итдек содиқ бўлишингни истайман.

-Онам ҳаққи,ваъда бераман.

-Ишонтирдинг.Энди боравер,-деди.Шодликдан  теримга сиғмай эшикдан чиқаётгандим,тўхтатди:

-Томорқангдаги кўкнорини битта қолдирмай ўриб, олдимга  олиб кел.

Айтганини  қилдим.

-Энди боравер,ўзим тинчитиб юбораман,-деди.Чиқиб кетаётганимда яна сўради:

-Хизматларимни унитмассан?:

Яна содиқлигимга қасам ичдим.Хуллас у менга  қилган яхшилигини  уч-тўрт марта эслатди.Кошкийди бир иш буюрса-ю қиёмат  қарзидан қутилсам,деб юрдим.Бир куни чақиртирди.

-Қилган  яхшиликларимни унутмагандирсан?

-Унитиб ўлибманми,раис бува.

-Агар ўшанда мен  жонингга  оро кирмаганимда ҳозир Сибир  ўрмонларида  дарахт кесиб юрган бўлардинг,тўғрими?

Мени тағин ваҳима босди.

-Қарзингни  узадиган вақт  келди.Тайёрмисан7

Қувониб кетдим:

-Тайёрман, раис бува.Буюринг,тоғни талқон қилайми?

-Тоғ жойида тураверсин.Арзимаган хизмат.Уддаласанг айтаман.

Шерлигим тутиб кетди:

-Мен уддаламайдиган  хизмат бор эканми? Бош тортсам  йигит эмасман,-деб юборибман.

-Баракалла,йигитнинг хўрози  экансан,-деди  елкамга қоқиб.-Гап бундай,кассирни бир қўрқитиб қўйиш керак.Негалигини биласанми?

-Йўқ?

-Билмасанг билиб қўй, сенга ўхшаган  бир-икки  кишига  яхшилик  қилгандим.У аблаҳ шундан  хабар топибди. “Милицияга  ёзиб бераман,раисниям сўрайдиганлар бордир”деб   юрганмиш. Агар кассирнинг  попуги   сал босиб қўйилмаса  ,бориб айтишдан   тоймайди.Мен-ку  бир амаллаб сувдан қуруқ чиқиб  кетаман.Аммо  сенга  қийин  бўлади Ўн йилга кесилиб кетишинг  тайин.

Юрагимни  ҳовучлаб  қолдим:

-Айтинг,нима қилай ўша аблаҳни?

-Фақатгина ўликлар  бировга сир айтмайдилар.Қўлингдан келса  , гумдон қил.Ё қўрқасанми?

-Ҳозир айтдим-ку,сўзидан қайтган  номард ,деб.

—Ҳукумат қамаса, мен чиқариб оламан. Мен қаматсам, ҳеч ким чиқариб ололмайди, шуни биласанми? Қамалишдан қўрқма!

Шундай қилиб кассирни, яъни сенинг отангни ўлдиришга рози бўлдим. У билан яна бир бегуноҳ бандаси шаҳид кетди. Мен қилмишларимга пушаймон қилганимда кеч бўлганди. Худо қилган гуноҳларим учун тириклигимдаёқ дўзах азобига гирифтор қилди. Хотиним ва болаларим тириклай ўтда ёниб кетишди. Бу даҳшатлар мени ақлдан оздирди. Қазом етиб, кўзим очилди. Кўкнори масаласини Эшназар раис ўзи ўйлаб чиқарган экан. Мен галварс эса унга лаққа ишонибман. Бир эмас, икки одамни ўлдиртиргач, сир очилишидан қўрқиб, мени  уйда гумон қилиб, кечаси ўт қўйдирган. Мен эса ўша кечаси бошқа ерда тунаб қолгандим. Оқибатда хотиним, бир-биридан ширин болаларим ёниб кетишди. Оҳ, Оллоҳим, ҳеч бир бандангга бундай кўргуликни раво кўрма! То рўзи маҳшар икки қўлим Эшназар раиснинг ёқасида кетади.

Андрейнинг кўз олдида гулхан бўлиб ёнаётган болалар намоён бўлди. Бу даҳшатли манзара эди… Яхшиямки паравознинг кучли қичқириғидан хушёр тортди. Ғарбдан шарққа қараб оғир юк поезди ўтиб борарди. Пўлат ғилдираклар залворидан кўприк гумбуршайди.

—Қай юртлардан келиб, қай элларга шошасан, эй, оғир карвон?— хитоб қилди Андрей.

Темир излардан садо қайтгандек бўлади:

—Аф-ғон-га, — Аф-ғон-га,—Афғонга.

Албатта, шарққа юрган карвонларнинг охирги манзили Афғон. У ёққа тўлиб кетган карвон ортга бўш қайтмайди. Фақат мажақланган, бир уюм металломга айланган танклар, тўплар ортилган бўлади. Бундай карвон фақат кечаси, ҳамма ширин уйқуда ётган пайтларда ўтади.

Андрей яна хаёллар оғушига чўмади. Баъзан пўкак сувга чўккандагина ҳушёр тортади, қармоққа илинган балиқни авайлаб чиқариб олади ва хўрак илиб, қармоқни яна сувга улоқтиради.

Ғалати товушлардан Андрей сергакланди. Юқорида, темир йўл полотноси томовдан дўпир-дўпир оёқ товушлари эшитилди. Назарида бир неча одам чопиб келаётганди. Яқингинадан таҳдидли қичқириқ   янгради:

—Тўхта, отаман!

Унга жавобан  аёл кишининг аламли нидоси эшитилди. Бу нидо тиниб улгурмасдан икки марта ўқ отилди. Биров сувга сакради. Сув шалоплаб, Андрей ўтирган ергача сачради. Йигит сувдан кўз узмай тикилар, аммо одам нишонаси кўринмасди. Назарида вақт тўхтаб қолгандек бўлди. Юқоридагилар сувдан кўз узмай кузатишаётган бўлса керак. Ҳақиқатан ҳам шундай эди.

—Лаънати сирни ўзи билан олиб кетадиган бўлди, —деди юқоридагилардан бири.—Бошқа изларни ҳам йўқотиш ксрак

Шериги пўнғиллаб нимадир деди. Бир оздан кейин узоқлашиб бораётган оёқ товушлари қулоққа чалинди. Ортиқ кутиб бўлмасди. Андрей кийими билан сувга шўнғиди. У мўлжални тўғри олганди. Бир неча дақиқадан сўнг ўлик-тириги номаълум бўлган аёлни соҳилга судраб чиқди. Йигит чўкканларга биринчи ёрдам кўрсатиш усулларини мукаммал билганлиги туфайли бироздан сўнг сувдан олиб чиқилган аёл сийнасида юракнинг дук-дук ураётганлиги эшитилди. Энди уни ҳушига келтириш зарур. Орқада кимдир бордек бўлавергач, Андрей ўгирилиб ўша ёққа қаради. Дарҳақиқат, икки қадамча нарида ажаб товур одам унинг ҳаракатларини кузатиб турарди. Унинг узун, оппоқ соқоли ва яктаги шамолда енгил ҳилпираб, ой ёруғида сирли манзара касб этган. Бу—қоровул чол эди. Чол бир сўз демасдан яқин келиб, аёлнинг қўлини ушлаб, томир уришига қулоқ тутди. Юрак ура бошлаган бўлса-да, ниҳоятда суст, дақиқа ўтган сайин сусайиши ва бутунлай тўхтаб қолиши мумкин эди. Чол аёлнинг бўйнида кўриниб турган ва борган сайин катталашиб бораётган доғга қўлини босди.

—Қонми?—сўради Андрей.

Чол жавоб бермади, белбоғини ечиб, ярани боғлади.

—Кўтар!

Андрей сўзсиз бўйсунди. Совуқ суяк-суякгидан ўтганлигини шунда пайқади. Чол олдинда юрди. Бир пасда қоровулхонага етиб келдилар. Андрей машъум кулба эшиги олдида тўхтаб қолди. «Нима қилмоқчи?»

—Қоққан қозиқдек тураверасанми?

Кулбага киришди.

—Мана бу ерга ётқиз.

Аёлни чол кўрсатган чорпояга ётқизиб, четга чиқиб турди. Қоровул тахта рафдаги идишлардан бирини олиб, чироққа тутиб кўрди, кейин бир қошиққа санаб бир неча томчи суюқлик қуйди.

—Бошини кўтар!

Чол аёлнинг оғзига қошиқдаги суюқликни томизди.

—Ўчоққа олов ёқ!

Андрей чўнтагидан гугурт олиб чақди. Гугурт ҳўл бўлганди, ёнмади.

—Гугурт ана у ерда. Тез бўл, имиллама.

Ўчоқда гуриллаб олов ёнди. Чол дарҳол қозон осиб, бир-икки коса сув қўйди, кейин номи ўзигагина маълум бўлган гиёҳлардан бир ҳовуч олиб қозонга ташлади.

—Оловни сусайтирма!—буюрди чол. Ўзи эса аёлнинг бўйнига боғланган белбоғни авайлаб ечиб олди. Белбоғ қонга бўялганди. Аёл оғриқдан ингради.

Қоровул чол аллақандайдир дуони ўқиб, қонли белбоғга дам урди, сўнг уни ловиллаб ёнаётган оловга ташлади.

—У энди ўлмайди,—деб ғўлдиради Андрейни ҳайратта солишда давом этиб.—Уни ўлдирмоқчи бўлганларни қон тутади, жиноят жойидан узоққа кетолмай айланиб юришади.

Аёл тонгга яқин кўзини очди. У дастлаб қаерда эканлигини эслай олмай, хайрон қолди. Бир неча муддат кўзларини юмиб хаёлини жамлашга уринди. Бир оздан сўнг хаёл кўзгуси равшанлашиб, бўлиб ўтган воқеаларни идрок қила бошлади. Ҳуши жойига келди-ю, қўрқиб кетди ва қичқириб юборишдан ўзини зўрға тийиб қолди.

«Демак, мени ушлаб олишибди-да? Нега, қандай қилиб? Ахир мен кўприкдан сувга сакраган эдим-ку? Бўлиши мумкин эмас! Ундай бўлса, манови иккови ким? Улар қаердан пайдо бўлишди? Мен кимнинг тўшагида ётибман?»

Мухтарам китобхон сувдан қутқарилган аёл эски танишимиз Валентина эканлигини фахмлаган бўлса керак.Валентина бошидан кечирган даҳшатли воқеаларни бир-бир кўз олдидан ўтказди.

Мана, унга орқасидан ўқ отишди. Сувга сакраётиб, бўйни қаттиқ ачишди. Демак, ўқ тегди. Балки шундандир, ойнадек ялтираб турган сувга етар-етмас ҳушдан кетди. Бир неча муддат ҳеч нарсани эслай олмайди. Пастда ва баландда, ён-атрофларида зилол сув. Қўрқмади, аксинча, душман қўлига тушмаганига амин бўлиб, шодланди. Фақат руҳи гўзал танасини тарк этаётганини кўриб астойдил ачинди. Ой нурлари ғира-шира ёритиб турган канал тубида кераксиз матохдек қолиб кетаётган танасини кўзи қиймасди. У ҳали ёш эди. Дунёга келиб бирон нарса қилишгаям улгурмади-я.

Нигоҳи ойнасида Россиянинг олис қишлоғида яшаётган кампир онаси пайдо бўлди. Она ибодат қилиш билан банд:

—О, Тангрим! Мусофирчиликда дайдиб юрган қизалоғимни ўз паноҳингда асра!

«Наҳотки, онам менинг бошимга тушган фалокатдан огоҳ ўлган бўлса? Бечора онам! Мен ақлсиз фарзандингни кечир…»

—Қолган кунларингни тоат-ибодат билан ўтказ. Яратганга тавба-тазарру қил!—деган бир садо келди ғойибдан.—Ана ,сенинг халоскоринг.

Валентина сувга шўнғиётган йигитни кўриб қолди. Пардек енгил ҳаракатлар билан унинг олдига сузиб борди. Йигитга қўл узатди.

—Ана у ерда менинг жасадим ётибди. Уни қутқар, руҳлар сенинг шундай қилишингни истайди.

Йигит канал тубига шўнғиб жасадни соҳилга олиб чиқаётган пайтда унинг атрофида парвона бўлди, «Ундай қил, бундай қил», деб маслаҳат бериб турди. Кейин лип этиб ўз жасадига кириб олди. Бошқасини эслолмайди

.

* * *

 

Беморнинг бош учида чордона қуриб ўтирган қоровул чол узоқ вақт дуо ўқиди. Гоҳо бароқ қошларини кўтариб, беморнинг юзига тикилар ва яна юмиб оларди. Қироат оҳангидан Андрейнинг баданида чумоли ўрмалаётгандек бўларди. «Афсунгар чол яна бир балони бошламаса гўрга эди», деган ваҳимали ўй айланарди йигитнинг миясида. У дунёда мўъжизалар бўлишига сира ишонмайдиган одамлар тоифасидан. Ҳар кандай мўъжизага шарҳ топса бўлади, деб ҳисоблайди. Аммо яқиндагина ўзи шохиди бўлган воқеага шарҳ тополгани йўқ. Боз устига, мана бугунги воқеалар қўшилди.

Чол узун дуоларни нафас олмай ўқир, зўриққанидан кўкариб кетганди. Андрей чолнинг қон босими кўтарилиб, ўлиб қолмасайди, деб юрагини ҳовучлаб ўтирибди.

Ниҳоят бемор безовталаниб қимирлади ва кўзларини катта-катта очиб, атрофдагиларга қаради.

Ўрнидан қўзғалган Андрейга чол имо билан «тегинма» ишорасини қилди ва дуохонликда давом этди. Бироздан сўнг аёлнинг бўйнидаги яра шиша бошлади ва пақ этиб ёрилиб кетди. Чол тўйиб-тўйиб нафас олди. У дуо ўқишдан тўхтаган эди.

—Кўрдингми?—хириллаб сўради чол йигитдан.

—Нимани?

Чол яранинг оғзида бўртиб турган бир парча қўрғошинни олиб, Андрейга узатди. Бу тўппончадан отилган ўқ эди.

—Аёл энди ўлмайди. Лекин кўп қон йўқотган. Дам олиши керак,—уқтирди чол. Унинг қиёфасидан ўз ишидан мамнунлиги кўриниб турарди.

Оғриқ пасайганидан ҳузур қилиб, кўзларини юмиб ётган Валентина қулоқларига ишонмади. Чол «ўлмайди», деди. Демак, ҳали яшар экан! Инсон учун бундан-да қувончлироқ хабар бўлмаса керак. Жувон тепасида парвона бўлаётган икки кишига—бири жуда ҳам қари, иккинчиси айни кучга тўлган йигитга миннатдор назар ташлади. Йигит кўзига таниш кўринди. Ҳар қанча ўйласа ҳам эслай олмади.

Қоровул чол беморга бир пиёла шарбат тутди. Валентина ўзини уйқу элитаётганини туйди. Узун-узун киприклари бир-бири билан чирмашиб кетар экан «Йигитни қаерда кўрганимни ўзидан сўраб оламан», деб ўйлади ва шу заҳоти ухлаб қолди.

XXV. ВИЖДОН АЗОБИ

 

1

Сожида укасини иш жойидан топди. Қаергадир шошиб турган экан. Опасини кўриб, тараддудланди, сўнг уни ором курсига ўтқизиб, хушрўйгина қизга чой олиб келишни буюрди.

—Чойни кейин ичарман, укажон,—деди опа Пўлатни учратганидан хурсанд бўлиб. Чунки уни бир ҳафтадан бери на уйидан, на иш жойидан телефонга чақириб гаплашишнинг иложини қилолмай юрганди.

—Чойни кейин бафуржа ичармиз,—дея такрорлариди опа, укасининг вақтини қизғаниб.—Муҳим гап бор эди.

—Нима муҳим гап эканки, сизни менинг иш жойимгача қувиб келибди?

Опа чой олиб келган қиз чиқиб кетишини кутиб турди, кейин туриб эшикни ёпди-да, муддаога кўчди:

—Тунов куни раҳматли дадамнинг қайнаталари келиб кетди, —деди Сожида Пўлатга қандай таъсир этар экан дегандек унинг кўзларига тикилиб. Унда ўзгариш сезилмади.—Қизлари, яъни аячамиз йўқолиб қолибди.

Пўлат истеҳзоли жилмайиб қўйди.

— Кулманг, рост айтяпман.

—Кулаётганим йўқ, опа. Қаергаям кетарди аячамиз. Ёш боламидики, йўқолиб қолса. Шунга ҳайрон қолаяпман?

—Билганимда сизнинг олдингизга келиб, вақтингизни олиб ўтирмасдим.

—Мен бир савдо ходими бўлсам. Акамга учрашмабсизда? Прокурор-а!

—Акамларга учрашмаганим сабабини мендан кўра сиз яхшироқ биласиз. Шу аёл учун акамлар дадамлар билан қарийб юз кўрмас бўлган эдилар. Аммо ҳозир у гапларнинг мавриди эмас, укажон.

—Пул билан битадиган иш бўлса, мана, биз тайёр, опа. Аммо-лекин опа, мен изқувар эмасман. Бор-йўғи битта рестораннинг директориман, холос.

Опа укасининг қочиримини сезмаганга олди:

—Хабарингиз борми, йўқми—билмадим, дадамизга эрга теккани учун аячамизни дадаси оқ қилган экан. Дадамлар қамалиб, рўзғорда нимаики бор, ҳаммаси мусодара қилингач, ёш хотин гўдаги билан шипшийдам қилинган уйда қолаверган. На дадамларнинг ҳурматини қилиб бизлар, на аячамизнинг қариндош-уруғлари хабар олишмаган. Ҳар ҳолда унинг фарзанди дадамларнинг юрак қонидан пайдо бўлган-ку, дейдиган азамат топилмади.

Гап шу ерга етганида Пўлат истеҳзоли тиржайди:

-Ким билади дейсиз, бола балки дадамлардандир, балки…

-Муштдек жони билан дадам раҳматлиги қуйиб қўйгандек ўхшайди. Сиз кўрмагансиз-да. Кўрган бўлганингизда бу гапларни айтмас эдингиз.

Пўлат елка қисиб қўяқолди.

-Қаерга кеттан бўлиши мумкин?—деди ука ниҳоят опасига юзланиб.

-Қўшни кампирга «кечгача келиб олиб кетаман», деб боласини қолдириб кетган. Чўлободга, ўғлимнинг қариндошлариникига бориб келаман, деган экан.

Чўлободга келган бўлса ё сизникига, ё акамникига, ё меникига келарди. Балки ёшлик қилиб… боладан қутилиш учун қилгандир бу ишни?

—Гумон иймондан айиради. Ким ҳам боласини тирик етим қилишини истайди. Йўқ, бу бўлмағур гапни хаёлингизга ҳам келтирманг.

—Бўлмаса, қаерга кетиши мумкин?

—Чўлобод катта шаҳар. Яхши бор, ёмон бор.

—Чўлобод сиртдан қараганда тинчга ўхшайди. Унинг комига тушган жон борки, эҳтиёт бўлмаса, ютиб юборади.

—Мен ҳам шундан хавотирдаман. Кўнглим сезиб турибди, у шу шаҳарда.

—Ҳозир газеталарда эълон чиқариш русм бўлаяпти. Балки биз ҳам сурати билан эълон берармиз? Сурат-пуратини топиб қўйинг.

-Сурати бор, мана. Негадир эрталабдан шу гап ўзимнинг ҳам кўнглимга келган эди, —Сожида қоғозга ўралган суратни укасига узатди.

Пўлат қоғозни очиб, суратга тикилди ва ток ўргандек сапчиб тушди. У сурат эмас, гўёки чўғ ушлагандек уни қўлидан тушириб юборди. Оқ қоғоздан унга қуралай кўз, қошлари камон, киприклари узун-узун бир сулув хилқат –Ойсулув тикилиб турарди. «Бу ўша! Бу ўша!»

—Сизга нима бўлди? Бу аёлни танийсизми?

—Йўқ-йўқ, мен бу аёлни танимайман.

—Ундай бўлса, нега чўчиб кетдингиз?

—Мен… Мен… Ҳалиги… Бировга ўхшатдим,—ўзини босиб олган Пўлат ортиқча сир бермаслик мақсадида ерга энгашиб, суратни олди-да, опасига узатди.

—Газетага эълон бераман дегандингиз, олиб қўймайсизми?

—Ҳа, ҳа, газетага бериш керак. Албатта, берамиз,—Пўлат суратни апил-тапил яширди.

—Бўлмаса, мен кетдим, укажон. Келинга салом, деб қўйинг.

—Бир пиёла чой ичирмай жўнатмайман. Ҳей, ким бор?

Эшикда официант аёл кўринди.

—Тайёрми?

—Тайёр.

—Олиб кел.

Сожида шопшб ўрнидан қўзғалди:

—Айтинг, овора бўлишмасин. Поччангиз ишда, жиянларингизга айтмай қайтганман. Бошқа сафар меҳмон қиларсиз, укажон.

—Озиб-ёзиб, баҳона-ю, сабаб билан бир кепсиз?

—Зарари йўқ, яна келаман. Хайр.

—Ундай бўлса, шоферим ташлаб ўтади.

—Қўйинг, шоферниям овора қилманг, пиёда кетавераман.

—Биз катта бўлгандан бери бир келибсиз-у, пиёда юборайликми? Одамлар нима дейди!

 

2

Пўлат опасини кузатиб қўяркан, бесабрлик билан қўйнидаги суратни олиб, унга узоқ тикилди. Оғир хўрсиниб, ором курсига чўкди. У хато қилмаганди. Суратдаги жувон—Маҳфуза исловотхонасининг тутқини, иймонига ўт қўйган ўгай она.Ундай бўла нега ўзини Ойсулув деб таништирди?

Йигитнинг кўнгил кўзгусида кейинги пайтларда бўлиб ўтган воқеалар жонланди. Қаерга боқмасин, ҳамма ерда Гўзал намоён бўлаверарди. Ўша-ўша жозиба, ўша-ўша мунг тўла кўзлар. Қирмизи лаблар гапириш учун жуфтланади-ю, лекин садо чиқмайди. Юзлар дув қизариб, шаҳло кўзлар ҳаё пардаси ортига бекинади. У нима демоқчи эди? Балки ўзидан хабар бермоқчи бўлгандир? Бўлмаса, Пўлатнинг авлод-авждодини суриштирармиди? Эвоҳ, жон-дилдан севиб қолгани отасининг ёстиқдоши, ўзининг ўгай онаси бўлиб чиқса-я! Қандай даҳшат, қандай қабоҳат!

Пўлат балки Шекспир асарларидаги воқеаларни туш кўраётгандир?! Кўраётганлари туш бўлиб чиқишини у жуда-жуда истарди. Йўқ, туш эмас, ҳақиқат, заҳардек аччиқ ҳақиқат эди унинг кўнгил кўзгусида чаппар ураётган воқеалар!

Пўлат бот-бот суратга тикилар, бир четга отиб урар, тағин қўлига олар, хаёллар уммонига ғарқ бўлар эди. Босиб-босиб қадаҳ кўтарди. Коняк жунбушга келган жисмни тинчлантиргандек бўлди, бевош ўйлар тизгинини қўлга олди. Фожиа деб ўйлаганлари оддий, арзимас ҳаётий хаточадан бошқа нарса эмас экан. Нега бунчалик ваҳимага тушгани ўзига кулгили туюлди. Кўп вақтдан бери оғзига олмагани—Ҳафизга ўхшаган арзандалар учун махсус тайёрлаб қўйилган қўлбола сигарадан бирини лабига қистирди. Хумор этувчи истаралди. Йигитнинг зим-зиё ичи чироқ ёққандск ёришди. Кайфияти кўтарилди. Елкасидан тоғ ағдарилди. Энди кўнгил кўзгусидаги ўйинларни завқ-шавқ билан томоша қиларди. У энди Гўзал қиёфаси пайдо бўлишидан чўчимас, балки у билан узоқ бирга бўлишни истарди. Мана, яна Гўзал намоён бўлди. Қиёфасидан аразлагани билиниб турибди. Чиройли лабларини буриб, бевафо йигитнинг ичига чўғ ташлайди.

—Нима, мендан хафа бўлдингизми?—сўрайди Пўлат йиғламоқдан бери бўлиб.

—Йўқ, «хурсандман». Ваъдага вафоси йўқ йигитлардан хафа бўлиб бўларканми!

—Сизни хафа қилгудек нима қилибман?

—«Жонидан, сизни еру кўкка ишонмайман, бу зиндондан олиб чиқиб кетаман»,—деб ваъдалар берган сиз эмасмидингиз?!

—Ҳа, эсимда. Аҳдим қатъий!

—Бўлмаса, нега ўтирибсиз?

—Нима қил, дейсиз?

—Ўтирган бўлсангиз туринг, турган бўлсангиз қушдек учиб йўлга тушинг!

Пўлат чўчиб, кўзини очди. Кўнгил кўзгусидан Гўзалнинг тасвири ғойиб бўлди. Кейин ҳарчанд уринмасин ширин лаҳзалар такрорланмади.

—У мендан аразлаган!—миясининг аллақайсидир пучмоғида пайдо бўлган бу фикр йигитнинг оромини ўғирлади. —Мени олдига чорлаяпти. Бормасам бўлмайди!

У шиддат билан ўрнидан турмоқчидек ҳаракат қилди. Аммо оёқлари измига бўйсунмади. Иккинчи уринишда ором курсидан аранг кўтарилди ва шу заҳотиёқ яна ўтириб қолди.

«Маст бўлиб қолганга ўхшайман», деган ўй кечди кўнглидан уйқу аралаш… Пўлат амалдор отанинг кенжаси эди. Оилада еб-ичиш, кийинишдан камчилик кўрмади. Ота болалари ичида кенжатойини алоҳида меҳр билан севар, бу бошқа ўғил-қизларнинг ғашига тегарди.

—Келажакда бундан зўр одам чиқади,—дерди ота ҳазилчин аралаш. —У катта ишларга ҳозирдан тайёр бўлиб бориши керак.

Ана шундай тадбирлардан бири Пўлатни рус мактабига ўқишга қўйиш бўлди. Тезда ота мансаб пиллапояларидан кўтарилиб, чўл районларидан бирига райкомнинг биринчи котиби қилиб сайланди. Пўлатнинг мактаби баҳона бўлди-ю, бутун оилани шаҳарда қолдирди.

Пўлатжон мактабини тугатсин, кейин кўчириб кетаман,—дерди амалдор ота. Пўлат мактабни тугатишига эса ҳали кўп йиллар бор эди. Ота ҳафталаб чўлдан бери келмайди. Бу Пўлатни ўкситди. У бўш қолди дегунча кўчага чопади. Таниш-нотаниш болалар орасида кунни кеч қилади. Онанинг тергашлари боланинг асабий йиғиси билан якун топади:

Мени ёмон кўрасизлар, шунинг учун босган қадамимни текширасизлар!

Пўлат улғайган сари унинг тантиқлиги ҳам бўйига, ҳам энига ўсди. Жанжал чиқадиган иш бўлса, пулга бўлса ҳам сотиб оладиган сурбетга айланда. Унинг тарбияси ҳаминқадар ёмонлашдики, кунлардан бир кун она мактабга чақиртирилди. Фақат байрамлару турли тантаналарда чақиртириладиган, давраларнинг энг тўридан жой бериладиган онага бу хилдаги чқирув, албатта, айил ботди.

Замонавий аёл бўламан, деб ўттиз ёшгача эр қилмасдан юриб, алал оқибат қари қизлигича қолиб кетган, шу боисдан ҳар бир ҳаракатида ҳаётдан норозилиги сезилиб турадиган мактаб директори гапни узоқдан бошлади:

Пўлатжоннинг ўқишлари пича бўшашиб кетди,—дея истиҳола билан мақсадга яқинлашди директор. Она эътирозга оғиз жуфтлаганини кўриб, у шопиб-пишиб гапини давом эттирди: —Мени кечиринг, билиб турибман, «Бола тарбияси учун биринчи навбатда мактаб айбдор», демоқчисиз. Тушунаман, мактаб ҳам айбдор. Аммо…

—Ундай бўлса, бизнинг айбимиз нимада?—кинояли савол қотди она.

Директор эшитмаганга олиб, гапида давом этди:

—Пўлатжон яқинда ўқитувчисига қўл кўтарди. Мактабимиз тарихида бўлмаган воқеа. Ўша куни мен йўқ эдим. Оёғи қолиб, оғзи югурадиган уч-тўртта ўқитувчи гувоҳликка ўтиб, акт ёзишган экан, яхшиям акт менинг қўлимга тушиб қолди. Мана, истасангиз танишиб чиқинг.

Директор қўлидаги бир варақ қоғозни онанинг олдига суриб қўйди.

Хат район прокурорига мурожаат билан бошланган бўлиб, унда бойвачча безорини қилмишига яраша жазолаш талаб қилинган эди, Она боши эгилди. Тўкиб солмоқчи бўлган нордон гаплари ичида қолди, Иш у ўйлагандан кўра анча мураккаб эди.

Аёл директорга зимдан назар ташлади. У ўзиданда мулзам аҳволга тушган, кўзларини олиб қочади. На қулоғида, на бўйни-да ва на-да, бармоқларида тилла тақинчоқ бор. Она тамоман унинг акси—бармоқларидаги қўш узуклар, оппоқ гарданига ботиб турган тиллазанжир, қулоқларини залворли тортиб тур-ган шапалоқдек келадиган тшша балдоқлар кўрган кўзни куйдиради. Аммо ҳозир бу зару зевар унинг уятдан қизаришига сабаб бўлди ва шоша-пиша қўлларини стол тагига яширди.

—Иш айнимасдан туриб Пўлатжоннинг оталарини хабардор қилсакмикан?

—Арзимаган майда-чуйда иш учун дадасини безовта қилмайлик. Шундай ҳам ишлари бошдан ошиб ётибди. Кейинроқ ўзим босиқлик билан тушунтириб айтарман. Дарвоқе, жанжалга нима сабаб бўлган?—аёлнинг ғуруридан нишон ҳам қолмаганди, тинглаб туриб, ҳозир йиғлаб юборади, деб ўйлаш мумкин эди.

«Баттар бўл», деб қўйди директор ичида, аммо буни сиртига чиқармади.

—Арзимаган нарсадан. Афғонда контузия бўлган тарих муаллимига Пўлатжон дарс пайтида «Домла, носдан олинг», деган экан, муаллим:

—Мен нос чекмайман, сенга ҳам маслаҳат бермайман, —дебди.

—Эркакмисиз, ўзи? Носни эркаклар чекади,—дебди Пўлатжон.

Муаллим унинг синфдан чиқиб кетишини талаб қилибди.

—Керак бўлса, ўзингиз чиқиб кетинг,—дебди Пўлатжон муаллимга эшикни кўрсатиб.

Муаллим болани тирсагидан ушлаб, эшик томон судрабди, дарсдан сўнг бирга директорга кирамиз, дебди.

—Мени синфдан ҳайдаб чиқарадиган одам ҳали онадан туғилган!—шундай деб бола муаллимнинг қалтис жойига тепибди. Муаллимни «Тез ёрдам»да касалхонага олиб кетишган.

Даволовчи врач билан ўзим суҳбатлашдим. Уят бўлса ҳам айтай-у, энди полноценний эркак бўлолмайди. Ана шуниси опасний.

Онанинг боши янада қуйи эгилди. У иш ўзи ўйлаганидан анча жиддий эканлигини ҳис қилди. Эри аралашмаса, иш судгача бориши, ўғли ёмонотлиқ бўлиб қолиши мумкин.

Шу куни она қўшни районга қўнғироқ қилиб, эри билан гаплашди.

Кўп ваҳима қилаверма, онаси,—деди ота бепарволик билан. —Болаликда ким шўхлик қилмайди дейсан. «Боланг бўлса, шўх бўлсин, шўх бўлмаса, йўқ бўлсин», деган гапни эшитмаганмисан?

Сиз буни шўхлик дейсизми? Қарчиғайдай бир йигит эрлигидан жудо бўлиб, касалхонада қон йиғлаб ётибди-я!

Бўлди-бўлди, ваҳима қилаверма. Йўлига айтдим-қўйдимда. Мана бундай қилиш керак—ўша муаллимни тезроқ касалхонадан чиқариш лозим. Қанча тез бўлса, шунча яхши. Буларни ўзимга қўйиб бер. Ҳаммаси яхши бўлади.

Ота-онанинг телефондаги суҳбати қулоқ осиб ўтирган Пўлатнинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Она тил устида ўғлини қойиди, озроқ кўзёши қилди. Эркатой лом-мим деб оғиз очмади. Пахани билан аяси можарони бутунлай бартараф этишсин-чи, ўшанда кўрсатиб қўяди. Онанинг кўнгли учун тавба қилмоқчи бўлди-ю, бўйни ёр бермади. Тутоқиб кетган она буқадек сузиб ўтирган Пўлатнинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Во ажабо, шунда ҳам қайсар ўғил пинагини бузмади. Она қилган ишига пушаймон еб, ўғлининг бошини бағрига босди, юз-кўзларидан ўпди. Димоғига гуп этиб арақнинг қўланса ҳиди урилди. У ҳайрат ичида Пўлатнинг сузилган кўзларига тикилди. Пўлат ғирт маст эди.

Ота ярим кунгина уйда бўлди. Кимларгадир қўнғироқ қилди. Масала қил суғиргандек ҳал бўлди. Муаллим ўз ихтиёри билан касалхонадан чиқишга розилик берибди. Акс ҳолда ҳамма айб ўзига тўнкарилиб, алал оқибат мактабдан ҳайдалиши, иш терговга оширилиб, жавобгар қилинишига ақли етибди. Фақат битта масалада розилик бермаган—мансабдор ота таклиф қилган пулни олмаган.

Шундан сўнг 9-синф ўқувчиси Пўлат мактаб безориларининг сардорига айланди. Қолган бир йил ҳам шов-шувли воқеаларга бой бўлди-ю, аммо уларга ҳеч ким ортиқча эътибор бсрмади.

«Ҳаётий тажрибаси» ошиб, анча қув бўлиб қолган Пўлат мактабни битириш кечасида ҳамма гуноҳларини «ювди»—муаллимларидан кечирим сўради, фаррош аёлдан тортиб мактаб директоригача ҳаммасига совға улашди.

Шу куни енг учида Пўлатнинг ота-онасига «олтин медал» тақдим этилди. Мактабни битирган йилиёқ Пўлат Савдо институтига имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинди. Унинг ҳаётида янги истиқболлар юз кўрсата бошлаган эди.

Пўлат акаси ва опасининг йўлидан бормади. Акасининг иши яхши-ю, Пўлатга тўғри келмайди. Негадир бир қаричлигидан суд-прокуратура деса чўчийди. Опасига эса ичи ачиди—дунёда касб қуригандек муаллимликка ўқиди. Бу ҳам етмагандек, бир мири йўқ муаллимга турмушга чиқиб, шаҳарнинг бир четида яшаб юрибди. Одам қайсар бўлса, опасидан ўтадигани бўлмаса керак. Пўлат неча бир савдо дўконларида ишлади, магазинларга директорлик қилди. Энг номдор ресторан хўжайинлигига кўтарилди. «Опам бош уриб келса, қўлини қайтарган номард», деб ўзига сўз бериб қўйди. Ойлар ойларни, йилларни қувиб ўтсалар-да опа ҳамон ўша-ўша, турмушидан мамнун экандек тутади ўзини. Ой туғса ҳам эрининг устига туғсин, кун туғсаям эрининг устига. Пўлатнинг баъзан аччиғи чиқади, баъзан опаси билан поччасига ҳаваси келади. Аллақачон бир этак болали-чақали бўлиб олишди. Эвоҳ, Пўлатнинг бахти кемтик. Тирноққа зор!

Пул дегани сувдек оқиб келади. У бирон марта пулга зориққанини эслай олмайди. Ресторан директорлигига кўтарилгач, ошналар давраси янада кенгайди. Суянган тоғи Ҳафиз давраларнинг косагули. Пўлатнинг гапини икки қилмайди. Ҳафиз туфайли вилоятнинг казо-казолари билан ошна тутинди. Ўша казо-казоларнинг Пўлатга тез-тез ишлари тушиб турарди. Начора, минг қўйликнинг ҳам бир қўйликка иши тушар экан. Пўлат имконият даражаси кенгайиб, куч-қудрати ошиб бораётганидан чексиз фахр туйди. Қўлини узатса етти фалакдаги ойни узиб олиши мумкинлигидан яйраб кетди. Лоп этиб эсига Гўзал тушди.

«Ойсулувни Маҳфузанинг исловотхонасидан суғуриб олишим керак! Унга ҳали ит тегмасдан туриб қилишим керак бу ишни. Ойсулув! Ойсулув!

Сархуш йигитнинг миясида чақин чаққандек бўлди. Чўчиб кўзини очди. Хаёлот оламидан ерга тушди. Боши тинимсиз гувуллай бошлади. Жавон олдига бориб, бир шиша коняк олди.

«Бир қултумгина ичаман-у, миям равшанлашади», деган ўй кечди дилидан. Ичди. Озлик қилди. Яна қуйди. Бошидаги гувиллаш камайиш ўрнига баттар зўрайди. Кайфияти бузилди. Кўз олдида Гўзалнинг сиймоси намоён бўлди. Жувон унга бармоқларини бигиз қилганча ўқрайиб қараб турарди.

Сен мусулмон боласи қилмаган нобакорликни қилдинг! —иддао қилди аёл.

Мен атайлаб қилганим йўқ,—ўзини оқламоқчи бўлди Пўлат.—Истасанг сир-сирлигича қолиши мумкин.

Виждон-чи? Виждон нима бўлади?

Виждон-виждон дейсан! Нима ўзи виждон? Менинг пулим бор, олтинларим бор. Менинг виждоним ана шулар!

Йўқ, ўзингни алдама, барибир ўзинг ҳам ишонмайсан бунга. Сени одамлар бир умр лаънатлайди. Сен мендан қўрқиб яшайсан. Биласанми, нима учун?

—Хўш, нима учун?

—Шунинг учунки, қабиҳ ишингни одамларга айтиб қўйишимдан хавотирда яшайсан. Ҳушингда ҳам, тушингда ҳам налоён бўлавераман.

—Йўқ, сен бундай қилолмайсан! Қилолмайсан! Қилолмайсан!

Шалаббо терга тушган йигит шахт билан ўрнидан турди. У ҳамон жазава ичра такрорлар эди:

—Қилолмайсан! Мен сени гумдон қиламан. Сирни ўзинг билан гўрга олиб кетасан!

Пўлат йўқотган нарсасини топган боладек қувонди. Кўнгли равшанлашди. Мияси соатдек ишлай бошлади. Бири-биридан ажойиб режалар туғилаверди.

У алпанг-талпанг юриб, ҳовлига чиқди.

Оқ «Волга» зарда билан жойидан қузғалди. Бунга биров эътибор бермади. Фақат машина эпкинидан қари чинор шохлари тебраниб, шохда липиллаб турган барг бандидан чирт узилдида, ҳавода андак учиб юрди, сўнг ифлос кўлмакка аста қўнди.

 

* * *

 

Пўлат беканинг ҳашамдор дервозасига етмасдан анча нарида, бақатерак панасида машинасига тормоз берди. Боши гувуллар, хаёллари чувалган. Бир зум бу ерга нима учун келганини ҳам унутди. Манглайини рул чамбарагига тираб ўйга толди ва ниҳоят, келишдан мақсади ёдига тушди. Ён-атрофни лоқайдлик билан кўздан кечирди. Кўчада одамлар сийрак. Айни муддао. Машинадан тушди. Қўллари қалтираб эшикни қулфлади. Машина юкхонасидан чоғликкина конистр оларкан, баланд девордан ошиб ўтса бўладиган қулай жой бормикан, деб аланглаб қаради. Сал нарида деворга ёпишиб ўсган сербутоқ акацияга кўзи тушди. Беихтиёр ўша томонга юрди. Дарахтга чиқиб, девордан ошиб ўтиш осон бўлмади. Акациянинг узун-узун тиканлари кийимларини дабдала қилди, қўллари қонга беланди. Ниҳоят деворнинг нариги томонига қўлидаги конистр билан йиқилиб тушди. Турди. Аланглаб қаради. Дарахтларнинг қуюқ сояси тушиб турганлиги сабаб ҳеч ким кўрмаётганлигига ишонч ҳосил қилди. Дарахтларни паналаб беканинг ғиштинкор уйи томон юрди. Яна бир неча қадам юрса, марра уники. Шу пайт эшик очилиб, ичкаридан Маҳфуза ва Пўлатга таниш башарали киши чиқиб келишди. Улар хандон кулишиб, дарвозага етганда тўхташди. Нималар ҳақидадир шивир-шивир гаплашдилар. Гап аллақандай беҳаё нарса ҳақида бўлган бўлса керак, Маҳфуза ёлғондакам ноз ила қўллари билан юзини бекитди. Эркак ғўлдираган товушда қаҳ-қаҳ уриб кулди,

Лаб-лунжидаги мамнуниятга қараганда бу айғир Гўзалнинг қучоғидан чиқиб келаётганга ўхшайди! Пўлатнинг вужудини қаҳр эгаллади. Шу вақтгача қалбининг бир чеккасида милтираб турган шафқат шамдек охирги марта липиллади-ю, ўчди.

Пўлат бензинли конистрни деразадан ичкарига улоқтирди. Чўнтагидан сигарета олиб, лабига қистирди. Гугурт чақиб, сигарасига тутди. Босиб-босиб чекди. Оғиз-бурнидан қуюқ тутун чиқарар экан, ёниб бўлаёзган гугурт чўпига охирги марта қаради-да, сўнг деразадан ичкарига ташлади.

Кўз очиб-юмгунча уй аланга ичида қолди. —Менга бўлмаса, бошқага ҳам бўлмайди!—деган сўзлар учди Пўлатнинг лабларидан. У қилган ишидан мамнун эди. Ич-ичидан қайнаб келаётган қаҳ-қаҳа вулқондек отилиб чиқди.

Пўлат кўчадан номаълум тарафга кетиб борар экан, чинқириб келаетган ўт ўчириш машиналарига кўзи тушди. «Бирон ерга ўт тушган бўлса керак», деб ўйлади ва шу заҳоти бу ҳақда. унутди…

 

XXVI. БОЙ ХОТИН

 

Норгул момо пистафурупшикни юмалоқ-ёстиқ қилиб йиғиштириб қўйди. Уст-бошиии янгилади, эри раҳматли тириклигида кийган, жулдури чиққан кийимларини кўзини чирт юмиб, тандирга солиб, ёқиб юборди.

Одамии либос, отни эгар-жабдуқ безатар зкан. Момо ҳам бадавлат оилаларнинг хотинларидек башанг бўлди-қолди. Набирасига аравача деганнинг икки-уч хилидан олиб берди, нуқул хорижда чиққан кийимлар олиб кийдирди. Қарийб бутун умри ўтган кўҳна ҳовли кўзига хунук кўринадиган бўлди. Ҳали уни, ҳали буни янгилаш керак. Эскини сонга солгунча эси кетар экан одамнинг. Шу сабаб момо битта-яримта билан маслаҳатлашди-ми ё ўзининг ақли етдими, ишқилиб, уй-жойни янгидан қуришга жазм зтди. Уста чақиртирди. Байлашиб, иш топширди. «Пул бўлса, чангалда шўрва», деганларидск, шаҳарнинг машҳур архитектори бошчилигида мутахассислар думба ёққа пиширилган паловни еб, янги ҳовли-жойнинг қозиғини қоқиб беришди. Иш қизигандаш-қизиб кетди.

Тўридан гўри яқин, умрида ёлчитиб қозони қайнамаган кампир бир думалаб бой хотинга айланиб қолганидан қўни-қўшнилар, таниш-билишлар ҳайратда. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Бесуяк тиллар нарса дейди:

—Болаларига худо инсоф бериб, онасининг уй-жойини янгилаб боришаётган бўлса керак?

—Бе, бундай қаср қуриш қайси ўғлининг қўлидан келарди! Ўзлари зўрға кун кўришяпти-ю.

—Балки уч ака-ука маблағини қўшиб қилаётгандир бу ишларни?

—Сиз уларни билмас экансиз. Қонини бир қозонга солса қайнамайди, биргалашиб онага уй солиб беришармиди!

Момонинг уч ўғли—Тўйчи, Йўлчи, Кенжа ҳам ҳеч нарса билмайди. Эл оғзидан эшитиб, сўнг киши билмас бориб, узоқдан кўриб, қурилиш ҳажмидан анг-танг бўлишди. Айниқса, тўнғичи Тўйчи билан Севара келинининг кўзидан уйқу қочди.

Тўйчи онасини кўрмаганига бир йилча бўлгандир-ов. Сабаб—хотинидан ҳайиқарди. Ҳар борганида уйида бўлар-бўлмасга қиёмат кўпади. Буни онаси ҳам билади. «Болам, тинчингни ўйла, бола-чақанг бошида соғ-омон юрганингни узоқцан эшитиб турсам ҳам мсн учун кифоя», деб қўйган бечора кампир. Қўни-қўшнининг онаси ҳақида топиб келаётган гаплари ўғилнинг ичини қиздиради, ҳаловатини ўғирлайди. Гўёки шаҳарда ҳамма шу ҳақида гапираётгандек.

Астағфурилло! Ишонмай деса уй одам бўйи кўтарилган. Ҳар куни ўн-ўн беш киши замбил кўтариб, ғишт териб турибди. Каттакон қозоннинг тагидан олов ўчмайди. Пенсия пулига бу ишларнинг мингдан бирини ҳам қилиб бўлмаслиги кундек аён.

—Тўхта, топдим!—бақириб юборди Тўйчи уйда ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмаса ҳам.—Кампир отамдан қолган дунёни топган! Бу янгиликни тезроқ Севарага етказиш керак. Шайтонга ҳам дарс бера оладиган хотин учун бундай жумбоқларни ечиш писта чақиб ташлашдек гап.

Юраги гупиллаб, каловланиб қолган Тўйчи хотини ишдан қайтишига сабри чидамай, пиёда унинг ишхонасига қараб лўкиллаб йўлга тушди.

Севарахон қўшни маҳалладаги болалар боғчасида мудира бўлиб ишлайди. Ўзининг ибораси билан айтганда ташкилот бошлиғи раҳбар! Шу боис қурилиш ташкилотларидан бирида ишлайдиган эрини ўз даражасидан анча паст кўради. Кўча-куйда Тўйчи билан ёнма-ён юрмасликка ҳаракат қилиши ҳам шундан.

Амалдор хотин қўл остидаги қиз-жувонлар билан валақлашиб турганда боғчанинг ҳовлисидан эри ҳаллослаб кириб кедди. Шимининг бир почаси кўтарилган, бир почаси тўпиғига тушган, кўйлаганинг ёқаси қийшайган. Хотиннинг қош-қовоғи осилди. Раҳбарнинг авзойи бузилганини кўрган ходималар аста туриб кетишди.

—Ҳа, итдан қочган гадога ўхшаб чопиб келаяпсиз, тинчликми?

—Гап бор, хўжайин. Четга чиқайлик.

—Гапираверинг. Сизни кўриб ҳамма четга чиқиб бўлди. Мени номусдан ўлдириб…

—Қўявер. Аввал гапни эшит.

—Яна мелиса-пелисага тушдингизми? Билиб қўйинг, бу сафар орага тушадиган аҳмоқ йўқ. Яхшиси уйга боринг. Сизни бу ахволда кўрган одам айтмайдими, «Бу пияниста ким?» деб. Боринг!

Севарахон шашт билан бурилиб, боғчага кириб кетди. Тўйчи изига қайтиб хотинини бетоқотлик билан кута бошлади.

Севара тун алламаҳал бўлганда кириб келди. Кайфияти кўтаринки, оғзидан арақ ҳиди келарди.

—Ходимларимиздан бирининг туғилган кунини отмечат қилдик, —деди эри ҳадди сиғиб ундан ҳисобот талаб қилмаса ҳам.—Так что, озроқ-озроқ ичишга тўғри келди.

—Майли, кампанияга тушгач ичмай бўларканми. Сенга зўр хушхабар топиб қўйганман.

—Хушхабар?—лабини буриштирди ширакайф хотин беписандлик билан.—Айтақолинг, хушхабарингизни.

—Онам уй қураётганидан хабаринг бор…

—Нима, қарз сўраб келдими?

—Бердисини айтгунча ўлдирмай тур.

—Нима бало, отангаз темирчи ўтганми, бунча гапни чўзасиз?

—Умрингда ҳеч бўлмаса бир мартагина гапимни бўлмай эшит, хотин.

Хотин ширинхомуза тортиб, кўзларини юмиб мазза қилар экан:

—Гапиринг, қулоғим сизда,—деди.

—Онам дунё топган!

Севаранинг кўзлари ярқ этиб очилиб кетди.

—Ким айтди?

—Ўзим билдим. Бўлмаса ҳайхотдек уй-жойни битига қурадими?

—Ҳаммаси шуми?! Дунё кимдан қолган экан, балки ўткир ақлингизни ишлатиб, буни ҳам билиб берарсиз?

—Кимдан бўларди, отамдан қолган.

Хотин кинояли минғирлади:

—Отангиз ҳоким ўтганмиди?

—Йўқ, этикдўз ўтганлар. Ие, нега сўраяпсан?

—Ундай бўлса, «Отамдан бир жуфт ямоқ солинган махсиковуш қолган», десангиз ишончлироқ чиқарди.

—Ҳа, бунисини ўйламапман. Аммо-лекин, кўнглим сезиб турибди, онам нимадир топган.

Севара эътироз билдирмади, кўча кийими билан ўзини таппа тўшакка ташлади. Бироздан сўнг унинг пишиллаши эшитилди.

Тўйчи анча вақтгача ухлай олмади. Ўйлаган сари қари онаси дунё топганига ишончи орта бошлади. Шу ишонч билан ухлаб қолди.

Саҳар-мардонда хотин эрини турткилаб уйғотди.

—Нима дейсан, ҳали барвақт-ку?

—Туринг. Молга ўхшаб ағанаб ётиш бўлса сизга.

—Мана, турдим. Нима дейсан?

—Томдим.

—Нимани топдинг?

—Кампир дунё топгани ростга ўхшайди.

—Қайси кампир? Кимни айтаяпсан?

—Қайси бўларди, онангизни айтаяпман.

—Бормисан, хотин! Ўткир ақлингаи ишлатиб, билиб олишингга ишонардим. Отам ҳар қанча камбағал бўлсалар ҳам у кишидан дунё қолгани рост эканда-а?

—Йўқ, отангиздан ҳечвақо қолмаган. Аммо ҳовлининг олдинги эгасидан нимадир қолган бўлиши керак.

—Аввал ким яшаган экан-а?

—Бир қулоқ яшаган, сургунда ўлиб кетган, деб эшитгандим.

Тўйчи қувониб кетди.

—Кампиршо бойликни топган-у, босиб ётган! Пайт пойлаган-да. «Ўғиллар рўзғорини айириб чиқди, ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиб ётибди. Ҳеч ким шерик чиқмайди», деб хулоса ясашга киришди Севара.

—Ундай дема. Онам ёмон хотин эмас. Мана кўрасан, бойликни ака-укалар тенг бўлиб оламиз. Онам гўрига олиб кетармиди?

—Ака-укалар бўлиб оламиз, деган гапни каллангиздан чиқариб ташланг! У фақат бизники бўлади! — бармоғини бигиз қилиб ўдағайлади хотин.

—Нега ахир?

—Сиз онангизнинг тўнғич ўғлисиз. Меросга сиз ҳақлисиз. Тўхтанг, гапимни бўлмай эшитинг! Ука-пукангизни билмайман. Бойлик фақат бизники бўлиши керак!

—Онам… балки бизга раво кўрмас. Ахир унга озмунча озор бердикми?

—Бермаса, ўзи ҳам тешик тоғора билан қолади! Уқдингизми?

—Йўлини қилиш керак. Қарийб бир йилдан бери кампирнинг ҳолидан хабар олмай қўйдик. Дабдурустдан мерос талаб қилиб боролмаймиз-ку?

—Борасиз! Мерос талаб қилиб эмас, меҳрибон ўғил онасини кўришга боргандек, болалардан бир-иккитасини етаклаб, совға салом кўтариб борасиз. Қарабсизки, ўртадаги гина-кудурат унутилади. Бошқа ҳеч нарса билан қизиқмайсиз, сўрамайсиз ҳам. Кампир уйни қураверсин. Биз ҳам қараб турмаймиз, қўлимиздан келганча ёрдамлашамиз? Уқдингизми?

—Уқдим. Сенга қойил қолмай иложим йўқ, хотин.

Норгул момо ҳақиқатдан ҳам дунё топганидан азиз ўқувчининг хабари бор.

Момо хазина топган куни битта тилло тангани етти тугиб, доғистонлик заргарнинг олдига жўнади.

Заргар юпун кийинган кампирни тиланчи фаҳмлаб, олдига битта уч сўмликни чиқариб ташлади-да, ўз ишини давом эттираверди.

—Болам, мен тиланчи эмасман, олдингизга хизмат билан келдим.

Заргар момони бошдан-оёқ назаридан ўтказди. Қашшоқлиги манаман деб турган кампирнинг заргарда неча пуллик иши бўлиши мумкин. Балки уни садақа қаноатлантирмас, каттароқ қарз сўрамоқчидир? Бунақаларга қарз бер-у, изини суриштирма, барибир ололмайсан.

—Қулоғим сизда, тез бўлинг, мени ишдан қолдирманг. Момо қўлидаги латтани очиб, тилла тангани кафтига қўйди.

Заргарнинг кўзлари ўйнаб кетди. Иш анжомларини бир четга қўйиб, кампирнинг кафтидаги тиллага тикилиб қолди.

—Бу нима?

Момо тангани заргарнинг қўлига тутқазди. Заргар тангани айлантириб кўрди, вазнини билмоқчидек кафтидан-кафтига ташлади. Сўнг бир чеккадаги идишдаги суюқликка ботирди. У ноҳоятда ҳаяжонланаётган эди.

—Ҳақиқий Бухорои тилло. Она, сотасизми, буюм ясатасизми?

—Сотаман, болам.

—Яхши. Қанча сўрайсиз?

—Сиз заргарсиз. Зар қадрини заргар билади, дсйдилар. Нархи ўзингизга ҳавола.

Бир оздан сўнг заргар бир даста пулни онанинг олдига уйиб қўйди.

—Она, ҳалигидан яна бўлса, тўғри ўзимга олиб келаверинг. Ҳаққингизга хиёнат қилган мусулмон эмас.

Шундай қилиб, Эшонгузарда кейинчалик катта шов-шувларга сабаб бўладиган Бойхотин пайдо бўлди.

XXVII. ҲАЛОКАТ ЁҚАСИДА

 

1

Кочубей қумлоқ соҳилда ҳушига келди. Ҳамон ярим танаси сувда, қўллари билан юлғунга ёпишиб олганди. У судралиб, қирғоққа чиқди. Азойи бадани қақшаб оғрир, юлғун қийган қўли карахт. Корчалон ўлим даҳшатини солган дарёга қўрқа-писа назар ташлади. Дарёнинг олдинги шашти йўқ, тўлқинлар ювош тортиб қолган. Ярим километрча узоқликда бузиқ кўприк қорайиб кўринди. Ўша ажал билан қўрқитган кўприк. Рости, Владимир Сисоевич уни тўлқин бетон тўсинларга қараб суриб кетганда, умрида биринчи марта умидсизликка тушди. Мана, қуёш нурида найзадек ялтираб турадиган пўлат арматуралар қўл узатса етадиган масофада. Кочубей кўзларини чирт юмиб, ғужанак бўлиб олди. Даҳшатдан ҳушини йўқотаёзган эди. Кучли тўлқин уни кўтариб бетон тўсин томон улоқтирди. Пўлат арматуралар устидан учиб ўтиб, хавф-хатардан холи сувга бориб тушди. Ғайри инсоний инстинкт қўл-оёқларини ҳаракатлантириб турмаганида ҳоли нима кечиши маълум эди. Тўлқин унинг пажмурда гавдасини соҳилга чиқариб ташлади.

Владимир Сисоевич ўлим билан олишувда ғолиб чиққан эди. Бундан у бениҳоя улкан улкан ғурур ҳис этди. Азойи баданидаги оғриқни ҳам, совуқдан дир-дир титраётганини ҳам унутди. Айни чоғда бўлиб ўтган воқеаларни мушоҳада қилиб, шифохонада қиёмат қўпаётган бўлса керак, деган хулосага келди. Унинг хурсавдчилиги узоққа бормади. Дабдурустдан калласига келган хунук фикрдан лаб-лунжи сўлжайди.

«Биз ўлдирмоқчи эдик. Ўзини-ўзи ўлдириб, бизни бундай машаққатлардан қутқариб қўя қолиптида», деб ҳиринг-ҳиринг кулаётган рақиблари кўз олдидан қаторлашиб ўта бошлади. Бузуқ кўприкдан нарироқда оқариб кўринаётган шифохона томонга қараб мушт дўлайтирди.

«Аҳмоқлар! Галварслар! Пандавақилар! Мени ўлдириш сенлар ўйлаганчалик осон эмас. Мен ҳали кўп яшайман. Ҳали кўрсатиб қўяман сенларга!»

Бу сўзларни айтиш учун қаҳрамонимизнинг чучварадек семиз лаблари пирпираб жуфтланди. Аммо дилидаги пўртана тилига чиқишга улгурмади—орқа томондан машина моторининг овози эшитилди. Кочубей соҳилга яқинлашиб келаётган «УАЗ»га кўзи тушиши билан тарвақайлаб ўсган юлғунларнинг орасига эмаклаб кириб кетди.

Машина Владимир Сисоевич бекинган юлғунзордан ўн қадамларча нарида тўхтади. Ундан икки киши тушди. Бири новча ва ориқ, бир кўзини қора лента билан боғлаб олган, иккинчиси унинг акси—пакана ва бақалоқ. Ҳар иккаласи ҳам бурундор. Кенг соябонли кепка кийишган. Бегона тилда бироз сўзлашиб туришди. Сўнг бақалоқ зил-замбил қопни судраб дарёнинг лабига олиб келди. Унинг авзойидан қопни ичидаги одам билан (бунга Владимир Сисоевичнинг имони комил эди) сувга чўктириб юбориш нията борлиги кўриниб турарди.

—Шошма,—деди бир кўз новча. У қопдаги одамга тушунарли бўлиши учун атайлаб рус тилида гапира бошлади.—Шошма, балки яна бир гаплашиб кўрармиз?

Қопнинг оғзидан шалпангқулоқ бош кўринди. Владимир Сисоевич чўчиб тушди—бу шалпангқулоқлар, туянинг лабидек осилиб турадиган лаблар фақат бир кишига—Эшназар раисга тааллуқли эди-да. Ҳа, у хато қилмаганди, қопда димиқиб ўлаёзган, оғзини кападек очиб, ютоқиб нафас олаётган одам унинг қадрдони Эшназар Жўраевнинг худди ўзи.

Раис нафасини ўнглаб олгач, шундоққина пойида шарқираб оқаётган дарёни кўриб, ҳушдан кетаёзди.

—Қалай, раис, гаплашиб оламизми? Балки ҳазиллашмаётганимизни энди англагандирсан?

—Ҳа.

Жуда яхши. Олтинларни яширган жойингни ҳам айтарсан?

—Айтсам тирик қоламанми?

—Қоласан. Бизга сенинг жонинг эмас, олтинларинг керак.

—Қасам ичмасанг, ишонмайман.

—Қасам? Биз худога ишонмаймиз. Нима деб қасам ичсак, сенга маъқул бўлади?

—Болаларинг боши ҳаққи қасам ич.

—Жуда нозик жойдан олдинг-ку? Майли, болаларимиз боши чаққи, олтинлар турган жойни айтсанг, сени тирик қолдирамиз. Агар қутилиб кетгандан кейин биз ҳаққимизда хабар берсанг, қасам ўз кучини йўқотади. Тушундингми?!

—Ҳа, тушундим.

—Ундай бўлса, давай,сайра!

—Аввал қопдан чиқаринглар.

—Уни бетакаллуфлик билан қодда тортиб олишди.

—Хўш?

—Қоғоз-қалам топиладими?

Бақалоқ машинадан ён дафтарча билан ручка олиб келди. Эшназар раис алланималар чизиб новчага узатди:

—Мана шу ерда ҳаммаси кўрсатилган. Зинапояда яширин эшик бор. Кўздан яширин бўлсин учун усти бетон билан шувалган. Олтинлар асал солинган бидонларда.

—Алдамайсанми?

—Йўқ.

Бандитлар бегона тилда маслаҳатлашиб олишди. Сўнг яна русча гаплашишга ўтишди:

—Яхши. Лекин сенинг алдамаслигингга ишониб бўлмайди. Шу сабабли сени ҳозирча шу ерда қолдириб кетамиз. Алдаган бўлсанг, қайтиб келамиз.

Бақалоқ раиснинг қўл-оёғини боғлади, оғзига ифлос латга тиқди-да, юлғуннинг соясига итариб юборди. Устига шох-шабба ташлади.

Олтин васвасаси бандитларни телба қилиб қўяёзган эди. «УАЗ» қаттиқ газ бериб, ўрнидан қўзғалди. Машина кўтарган чанг анча вақт осмонда сузиб юрди.

Кочубей буталар орасидан мўралаб, хатар ариганига амин бўлгач, яширинган жойидан чиқиб, бечора бандининг тепасига келди. Шох-шаббаларни бир четга олиб ташлади.

Ғойибдан келган нажот раисни телба қилаёзди.

—Владимир Сисосвич?! Акажоним! Ё алҳазар, ё қудратингдан? Тушимми, ўнгимми?!

—Туш эмас, айнан ўнганг, азизим.

Қўл-оёғи банддан озод бўлган раис қирғоққа етиб, ютоқиб-ютоқиб сув ичди. У ни Владимир Сисоевич четга судраб чиқма-са, дарёнинг ҳамма сувини ичиб қўядигандек эди.

—Кўп ичма, биродар, ўлиб қоласан. Озроқ чанқоғингни қондир, кейин керагича ичавер.

Раис бироз ўзига келгач, ўзиданда абгорроқ аҳволдаги «қиблагоҳи»га тикилди,

—Билаяпман, ҳайрон қолаяпсан, раис. Аммо тушунтириб ўтиришнинг мавриди эмас. Иккаламизнинг ҳам ҳаётимиз қил устида. Тезроқ кетайлик бу ердан.

—Тўғри айтасиз, тезроқ кетиш керак. Анави лаънатилар ҳадмай келиб қолишади.

—Ишонма, уларга. Уларга олтин керак, сен эмас.

—Шунинг учун ҳам қайтиб келади-да. Мен уларни алдадим. Нажот келишини кўнглим сезганди. Қани, кетдик бу ердан. Тезроқ!

Вилоятнинг энг кўзга кўринган икки корчалони энди қочоққа айланган эди. Улар из қолдирмаслик учун бир-икки чақиримча ерга сувдан юриб боришди,сўнг кескин бурилиб, даштга йўл солишди.

Энди яқин қишлоққача йигирма километрча йўл бор,—деди Эшназар раис.—Сизга қийин бўлади, Владимир Сисоевич.

Дам олиб, дам олиб борамиз. Ҳадемай кун ботади. Кечаси бирон ерда тунармиз.

Бу маслаҳат раисга ҳам маъқул бўлди. Қарияларнинг силласи қуриб, йиқилай-йиқилай деганда қўналға учун қулай саксовулзор тепаликка етиб келишди. Тун юзига қора пардасини тортгач, олам зулумот қўйнига ғарқ бўлди. Қаҳрамонларимиз адашиб қолишдан қўрқиб, тарвақайлаб ўсган саксовул тагида тунашга қарор қилишди.

Қочоқлар тўхтаган тепаликнинг нариги этагида чўпон қўйнига бўлиб, у қаҳрамонларимизнинг ҳаётидаги энг кўнгилсиз манзиллардан бири бўлишини ҳали ҳеч ким билмасди.

Шу кечаси чўпон итларининг чакаги тинмади. Бир-икки ой бурун қўшларга ўғри оралаган бўлиб, шундан бери чўпонларнинг ҳам, итларнинг ҳам ороми йўқолган. Тиқ этган товушга қулоқ динг бўлади.

Қари чўпон чўлоқ йигитга уйига жавоб берганидан афсус чекади. Жавоб бермаса ҳам бўлмасди-да, Болапақир уйланиб, чилласи чиқиб-чиқмай чақириб олинди. Бир кечага жавоб сўраб, мўлтайиб тургандан кейин рухсат беради-да. Мана, энди хавф-хатарга бир ўзи юзма-юз бўлиб турибди. Отахон умрида ўғрини ҳам кўп кўрган, бўрини ҳам. Иккиси ҳам ёмон. Эҳтиёт бўлмасанг, шўрингни қуритади. Агар сурувни бўлса, кейин қайтариш қийин. Ана шундан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳозирча қўйлар хавф-хатардан бехабар, тинч ётибди.

Бўрибосар ити этагидан тишлаб торткилайвергандан сўнг чўпон ўтовдан қўшоғиз милтиғини олиб, итларини эргаштириб, тепалик томон юрди. Ҳар куни кўриб юрган жойлари эмасми, чўпон қоронғида ҳам йўл топиб боряпти. Катта саксовулга яқинлашганда итлар қоронғиликда бирдан ҳурпайиб, саксовулга қараб даф қила бошлашди.

—Бирон жондор қочиб шу ерга кирди шекилли,—деб ўйлади чўпон. Милтиқни тусмоллаб тўғрилаб, тепкини босди. Гумбурлаб отилди. Милтиқ оғзидан чиққан аланга бир зумгина атрофни ёритди. Саксовул тагида биқиниб ётган одамларни чўпон ҳам, итлар ҳам кўрди. Чўпон ҳай-ҳайлаб ҳайдамагунча итлар чақирилмаган меҳмонларни бир неча марта узиб олишга улгуришди. Қуёш уфкда юз кўрсатганда тепалик этагида ғаройиб манзара кўзга ташланди. Чўпон ўтовидан беш-ўн кадамларча нарида кийим-боши пора-пора қилинган, қизил қонга бўялган икки киши қўл-оёғи боғлиқ ётибди. Уларнинг ҳаракатлари ҳар бири эшакдек келадиган итларнинг назаридан қочмайди. Итларнинг ғазаб билан ириллашлари бандиларни ортиқча ҳаракат қилишдан тийиб турибди. Бандилар эски танишларимиз —Кочубей ва Эшназар раис эканлигини айтиб ўтиришга .ҳожат бўлмаса керак

Бу ерда фақат қари чўпон кўринмайди. Э, ҳа, ҳув, ёлғиз оёқ йўлда эшагини оёқлари билан зўр бериб ниқтаб, кетиб бораяпти. У тунда бўлиб ўтган воқеадаи одамларни хабардор қилиш учун шошиб бораётган бўлса керак. Қари чўпон эҳтимол умрида биринчи марта отарни эгасиз ташлаб кетаётгандир.

Чўпон кўздан йўқолиши билан бошқа йўлда чанг кўринди. Бироздан сўнг чанг булути орасидан «УАЗ» машинаси пайдо бўлди. Машина тўғри ўтовнинг эшигига етиб келганда тормоз берди. Шу вақтгача бандилар олдидан жилмаган итлар безовта вовуллаб, машина томон чопишди. Ўтов эшигига етиб қолган бақалоқ орқасига кескин бурилди. Унинг қўлида автомат бор эди. Автоматнинг тариллаши ва итларнинг ангиллаши эшитилди.

Бақалоқ ўтовда ҳеч кимни тополмай қайтиб чиқди. Бир кўзли шеригига нимадир деган эди, у ҳам машинадан тушиб келди. Ўлиб ётган итлардан бирини оёғи билан туртиб кўрди, бошини сарак-сарак қилди. Шундай ажойиб итни ўлдиришганига ачинган бўлса керак. Бу хотиржамлик бақалоқ шериги қўл-оёғи боғланган қаҳрамонларимизни кўргунча давом этди, холос. Бандитларнинг қувончи чегара билмасди.

—Дунёда фақат ёвуз руҳларгина бор, деб юрардим, —деди чапак чалиб бир кўзли бандит.—Э, худо, ўзинг гувоҳсан, олам-да яхши ниятли руҳларинг ҳам бор экан. Бўлмаса, тун бўйи қидириб тополмаганимизни шундоқдина олдимизга чиқариб қўярмидинг. Яна қандай денг, қўл-оёқлари боғланган ҳолда! Энди мен бу аблаҳнинг тирноқларига ғаров тиқиб бўлса ҳам рост гапиришга мажбур қиламан. Унинг энг сўнгги тийинигача шилиб олмасам юрган эканман. Буниси ким бўлди экан? Шериги елка қисди.

—Майли, бу ҳам халақит қилмайди. Жон керак бўлса, ўзи айтиб берар… Вой-вой, бечоралар-эй, сизларни роса қийнаб қўйишибди-ку, а. Золимлар, шунчалик ҳам тортиб боғлашмаса. Майли, тезда бу зормандадан халос бўласизлар. Қани, афандилар, марҳамат қилинглар.

Раиснинг ҳам, Кочубейнинг ҳам соли сувга тушди. Бир кунда икки марта ўлим чангалидан қутилиб қолишди, учинчисидан умид қилиш нодонлик бўлар эди. Ҳа, бандитларнинг қўлида ўлиш ёзилган экан уларнинг пешонасига.

Машинанинг қаттиқ силтаб отиши Владимир Сисоевичнинг тийиқсиз ўйларини потратиб юборди. У кўзини очиб, атроф-теваракка қаради. Машина йўлдан чиқиб, ўркач-ўркач тепаликлар оралаб борарди. Бироз юришгач, каналнинг суви ялтираб кўринди. Машина тўхтади. Бу Чўлобод даштларига ҳаёт олиб келган катта магистрал канал эди. Кочубей бу канални қаричма-қарич юриб ўтган. Қаерда бурилади, қаерда пастлаб оқади ҳамма-ҳаммасини ёддан билади. У ҳозир вилоят марказидан 70-80 километр узоқликда эканликларини тахмин қилди. Бу ерларда газ конларини қидирувчилар ва чўпонлардан бошқа одамни учратиш қийин. Очликдан ва яраларидан қоя оқиб, силласи қуриган қаҳрамонларимизни машинадан тортиб туширишди. Бандитлар асирлардан хавотир олишмаса ҳам бўларди. Қўл-оёғини ечиб қўйганда ҳам уларнинг юрадиган ҳоли қолмаганди. Шу сабабдан уларнинг қўлларини ечиб саксовулнинг соясида қимирламай ётишни буюришди. Икковига ярим буханка нон беришди ва беш-ўн қадамча нарида ўзлари учун дастурхон ёзишди. Бир пасда дасхонда балиқ консерваси, шўр бодринг ва албатта, бир-икки шиша арақ пайдо бўлди.

Қуёш ғарбга томон оққанда. кайфи ошиб қолган бандитлар қўшиқ бошлашди. Кимсасиз саҳрода грузин тилида мунгли куй янгради. Новча гитара торларини чертар экан, совуқ симлардан ҳадсиз ғам-алам тўкишарди. Қўшиқ оналар ҳақида эди. Бандитлар тоғли Гуржистонда қолиб кетган, оқпадар болалари дардида қадди дол оналарини эслашиб, нола қилишаётганди. Қўшиқ бирдан тинди. Ҳамма сергакланди. Қаердандир гуриллаш эшитилди.

Вертолёт!—деди новча қўрқиб кетган шеригини тинчлантириш учун. Дарҳақиқат, ер бағирлаб учиб келаётган вертолётлар эскадриляси кўринди.

Термизга учишяпти,—деб хўрсинди новча ва давом этди. —У ёғи Афғон. Беш йилдан бери кеча-ю кундуз учишади. Мен ҳам учганман Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча қишлоқларни кунпаякун қилмадик. Мозори шариф яқинида ракета билан уриб туширишди. Ажалнинг оғзидан қайтганман. Кейин асирлик азоби бошланди. Улар томонидан туриб уришишга тўғри келди. Яшаш учун не-не кўчаларга кириб чиқмадим. Ватан эшиклари мен ва менга ўхшаганлар учун таққа-тақ ёпилди. Рости, менга ватаннинг кераги ҳам йўқ эди… Бизга ҳар бир ўлдирилган жон учун доллар билан ҳақ тўлашарди. Кейинчалик бу менинг касбимга айланиб колди. Дунёда олтинсиз. долларсиз шунчаки яшаб бўлмас экан, оғайни.

Бир кўзли бандитнинг тийиқсиз ўйларини янги вертолётлар эскадрилясининг учиб келиши тўзғитиб юборди. Улар ҳам уфққа кўздан ғойиб бўлишди. Аммо ҳамон кўкда гуриллаган товуш эшитилар ва тобора зўрайиб борарди. Бир оздан сўнг канал бўйлаб учиб келаётган ёлғиз вертолётни ҳамма кўрди. Вертолётнинг қорнидаги «Милиция» деган ёзув яққол кўриниб турарди.

Бандитлар типирчилаб қолишди. Аммо сиртдан ўзларини хотиржам тутишарди. Вертолётдагилар уларни, албатта, кўришган. Новча ягона кўзини вертолётдан узмасдан фармон берди:

—Ҳеч ким жойидан жилмасин! Ким қимирласа, отиб ташлайман!

Бу тутқунларга қарата айтилган эди. Кочубейнинг нажот истаб осмонга кўтарилган қўллари шалвираб тушди. Вертолёт давра олиб, тепалик ортидаги яланглик карўнди.

Вертолёт эшиги очилиб, бирин-кетин тўрт нафар милиционер сакраб тушди. Улардан сўнг қоқсуяк чол чиқди.

—Бизни итга талатиб, қўл-оёғимизни боғлаган чўпон-ку?! —деди раис хайратдан бақириб.—Мен унинг суякларини майда-майда қилиб ташламасам… —раис гапини тамом қилолмади, «ўғриларни» таниб қолган чўпон қийғир таёғини кўтариб ҳаллослаб бошига етиб келди. Яхшиямки милиционерлардан бири уни ўз вақтида ушлаб қолди.

—Отахон, сиз ўз вазифангизни адо қилдингиз. Қолганини ўзимиз эплаймиз.

Бандитлар гўёки ҳеч нима бўлмагандек гитара чертиб, аста-секин хиргойи қилишар, милиционерларнинг ҳаракатларини жимгинак узатиб ўтиришарди.

Милиция капитани Эшназар раисни таниб қолди. У кўзларига ишонмасди:

—Ўртоқ Жўраев! Раис бува, наҳотки бу сиз?

—Кўриб турибсиз-ку. Тезроқ арқонни ечинг.

—Ким бу аҳволга солди?

—Анавилар.

Капитаннинг кўзи бандитларга тушди.

—Улар ким?

—Ўзларидан сўранг.

Бандитлар танг аҳволда қолишди. Отни қамчилаш керак. Ҳозирча милиция ҳеч нарсадан хабарсиз. Бир кўз новча ўрнидан турди.

—Капитан, тинчликми?

—Буларни ким боғлади, сизларми?!

—Булар қароқчилар. Биз ушлаб боғладик. Қонун олдида жавоб беришади.

—Кимсизлар, ҳужжатларингизни кўрсатинг!

—Ҳужжатми? Ҳей, ҳужжатларни олиб кел! —деб бақирди машина тарафга қараб. Ҳамма ўша ёққа ўгирилди.

—Та-та-та…

—Капитан бир сўз дейишга улгурмади, новча бандитнинг оёғи остига йиқилди. Қолган милиционерлар бақалоқнинг ўқидан ер тишлашди. Чўпон саксовуллар орасига уриб кетаётганда орқа-сидан ўҳ еди.

—Ерга ёт! —бақирди бир кўзли бандит асирларга.

Итоат этишдан бошқа илож қолмаганди.

Қотиллар милиционерларнинг қонга беланган кийимларини ечиб олишди, қурол ва ҳужжатларини қўйинларига тиқишди. Кейин мурдаларни оёғидан судраб, сувга ташлаб юборилади.

Кутилмаганда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган воқеа содир бўлди. Қаттиқ гуруллаш эшитилди. Бандитлар вертолёт турган ялангликка отилишди. Бу вақтда вертолёт ердан кўтарилди.

—Кетиб қолади!—деб бақирди бақалоқ. У чопиб борар экан учар машинага қаратиб тасир-тусур ўқ узарди. Собиқ учувчи эса шошмасдан мўлжалга олди ва тепкини босди. Ўқлар ёнилғи бакини тешиб юборди. Вертолёт қуюқ тутун ичида қолди. Кейин қуйруғи атрофида гир-гир айланиб, қаноти синган улкан қушдек каналга қулаб тушди.

—Машинага! Тезроқ машинага!—буюрди гуруҳ бошлиғи асирларга. Уларни турткилаб, машинага тиқишди. Машина ёвшанларни босиб-янгчиб, номаълум тарафга қараб елиб кетди. Қонли драма содир бўлган жойда эса қорни тешилган гитара, пачағи чиққан консерва қутилари ва бир нечта арақ шишалари, ҳар ер-ҳар ерда автомат гилзалари сочилиб ётарди.

 

2

Милиция формасини кийиб олган қотиллар ва уларнинг икки нафар тутқуни тушган «УАЗ» гоҳ йўлсиз, гоҳ бир вақтлар гео-логлар қолдирган издан кунботар томонга елиб борарди.

Бир кўзли бандит тез-тез осмонга қарар, биронта вертолёт таъқиб қилиб келмаяптимикин, деб қулоқ соларди. Аммо рулда ўтирган бақалоқни бошқа нарса ташвишлантираётганди. Бензин тамом бўлаяпти. Датчик охирги нуқтага тушганига ҳам ярим соатча бўлиб қолди. Дашт ўртасида бензинсиз қолиб кетиш—ҳалокат билан тенг.

––Яна қанчага етади?—сўради новча уфкдан кўзини узмай.

––Оз қолди.

Унинг гапини тасдиқлагандек машина бир-икки «йўталди».

—Ҳув, ана у ёққа қара—пармалаш қудуғи!

Бақалоқ ҳам уфқда қорайган пармалаш қудуғининг минорасини кўрди.

—У ёққа бориб бўлмайди,—ўз-ўзига гапиргандек деди новча.—Геологлар бир пасда бутун вилоятни оёққа қўйишлари мумкин. Яхшиси, қудуққа борадиган йўлда битта-яримта машина пойлаймиз. Аввал йўлни топишимиз керак. Чапга олиброқ ҳайда.

Бироздан сўнг йўлга чиқишди.

—Биринчи навбатда машинани йўқотишимиз керак,—дедеи бир кўз бандит.—Вертолёт учувчиси ҳамма белгиларимизни ҳам, координатларимизни ҳам хабар килган бўлиши керак.

Қуёш уфқда бош қўйди. Кунботар томон қирмизи рангга кирди. Ана шу қизиллик орасидан чанг булутини эргаштириб «ЗИЛ» машинаси келаётганлиги кўринди.

––«ЗИЛ» ҳайдаб кўрганмисан?

––Икки йил армияда «ЗИЛ» ҳайдаганман.

––Бўлмаса, тўхтат машинани!

Йўл устида турган милиционерни кўрган «ЗИЛ» ҳайдовчиси тезликни пасайтирди. У бир неча марта даштнинг гадо топмас чорраҳаларида ДАН ходимларига дуч келган. Аслида улар беш-ўн сўмнинг ғариби. Бу ҳам шулардан биттаси бўлса керак. Шофер апил-тапил чўнтакларини пайпаслаб, пул қидирди. Пул йўқ. Юраги орқага тортиб кетди. Кийимини алмаштирганда пул ҳам қолиб кетган. Пул бўлмаса, правадан айрилдим, деявер.

—Пул киссада қопти, ака Фармон. Энди нима қилдик? —деди ёнидаги шопмўйловли пармалаш устасига.

«УАЗ»дан анча нарида тўхташди. Шофер чаққон тушиб, йўлнинг ўртасида қаққайиб турган милиционернинг олдига йўрғалаб борди.

––Ассалому-алайкум, акахон…—шофер милиционернинг кийимида қотиб қолган қонни кўриб нафаси ичига тушиб кетди. Буни милиционернинг ўзи ҳам сезди.

––Бандитлар билан отишиб, яраландим,—деди капитан ўрисчалаб.—Шеригим ҳам ўлардек ярадор. Жиноятчиларни ушлаб боғладик. Қаерга кетаяпсизлар?

––Районга. Пармаловчиларга юк олиб келгандик.

––Яхши. Гап бундай. Баъзи бир сабабларга кўра машинамизни алмаштиришга мажбурмиз. Ҳозирча сизнинг машинангизни оламиз. «УАЗ»ни сизларга қолдирамиз.

––Мен ундай қилолмайман, ака, ахир…

––Разговорчики!

Бир пасда бандитлар ва асирлар «ЗИЛ»га ўтиб жойлашди. Пармалаш мастери ва шофер оғзини ланг очганча «ЗИЛ»нинг орқасидан қараб қолишди.

—Оғзингни ланг очиб ўтираберасанми йўлди ўртаси, Пайзулло?—деди уста шофернинг биқинидан туртиб. Мошин кетди, икки халта семен ҳам кетди. Бизлар кетмаймизми?

––Сиз ҳам кўрдингизми, ака?

––Нимани айтопсан, Пайзулло?

––Қўли боғланган анави икки кишидан бири манга таниш. Колхозимизди раиси. Ўлай агар,ўша.

––Колхоз раиси дейсанми? Раисларинг ўғримиди, каззобмиди нимайди?

Ўғри ёки каззоблигини билмайман, аммо-лекин суюқ оёқ, деб эшитганман. Ҳатто бир марта тутиб олиб, сазойи қилишган.

—Баччағар! Шундай одамди колхозга раис қилиб қўйгандан ҳам ўргилдим. Кетдик, ярим кечагача ҳам районга етиб боролмаймиз.

Шофер стартерни қанча айлантирмасин, машина ўт олмади. Фақат бир-икки марта пақ-пуқ деган товуш чиқди.

Бензини қолмаганга ўхшайди, деган хулосага келди шофер тишларини ғижирлатиб.

Пайзулло, чиққилиб ишлотган сенинг соатингми?

Мен ваабше соат тақмайман, ака… Иби, ростдан ҳам соат чиққилопти-ку?

Уста ҳамма ёзда кўз югуртириб чиқди. Товуш «бардачок»дан чиқаётганди, «бардачок»ни очган уста орқага тисарилди. Бир қарашда собиқ сапёр чиққилаётган будильник қўлбола минага улаб қўйилганини ва ҳар лаҳзада портлаб кетиши мумкинлигини англади.

—Мина! Тез қоч!

Иккови икки томонга сакради. Улар машинадан ўн-ўн беш қадам узоқлашар-узоқлашмас кучли портлаш эшитилди. Портлаш шу даражада зўр эдики, қахрамонларимизни ҳақо тўлқини кўтариб ерга урди. Машина титилиб кетди. Осмонга ўрлаган олов портлашдан қолган ишларни охирига етказмоқчидек ҳамма нарсани ямлаб юта бошлади.

 

3

Бандитлар анча олислаб кетишганига қарамай портлаш овози уларга ҳам эшитилди. Тўхташди. Чанг булути ўтиб кетгач, орқа тарафда қоп-қора тутун чиқариб ёнаётган оловга кўзлари тушди.

—Қутилганга ўхшаймиз,—деди новча қайта кабинага ўтирар экан.—Ҳайда, кетдик! Изимизга тушмасларидан бурун олтинларни қўлга киритишимиз керак. Канал тарафга бур!

Бироздан сўнг чироқ ёруғида ўркач-ўркач тепаликлар кўринди. Сув ювиб кетган тик қирғоқда тўхташди.

Чолни шу ерда тинчитиш керак. Тирик гувохлар қанча кам бўлса, шунча яхши. Қани, бўл!

Бақалоқ кузовга чиқиб, Кочубейнинг оёқ-қўлини ечди.

—Туш. Сен етиб келдинг.

Владимир Сисоевичнинг юраги орқага тортиб кетди. Ҳар ҳолда у ханузгача нимадандир умид қилаётганди-да. Бари пучга чиқди. Балки шу ерда, балки сал нарироқда уни ажал кутиб ётгандир. Қизиқ, қотиллар уни отишармикан, пичоқ уриб ўлдиришармикин? Нима бўлганда ҳам унинг умри поёнига етиб қолган. Лекин у ўзини молдек бўғизлашларига ҳам, чилвир билан бўғиб ўлдиришларига ҳам йўл қўймайди.

—Олдимта туш!—деб итарди бақалоқ. Кочубей олдинда, бандит орқада боришяпти. Ҳар бир қадам ўлимга яқинлаштираяпти. Бир томонда ўркач-ўркач тепачалар, иккинчи томонда сув ювиб кетган ўпқон қорайиб кўринади. Владимир Сисоевич ҳозирги аҳволини ўйлаб титраб кетди. Юрагининг аллақаеридадир мудраб ётган ғурур ғимирлаб қолди. Бир неча кундан бери тегирмондек эзиб ётган қўрқув ўрнини қаҳр-ғазаб эгаллади. Ахир бутун бир вилоятни ёт деса ётқизиб, тур деса турғизиб юрган одамни итдан-да хор қилишларига чидаб бўларканми!

Владимир Сисоевич шиддат билан орқасига ўгирилди. Сўнг чақалоқнинг бошидек келадиган мушти билан гангиб қолган бандитнинг тумшуғига туширди!. Бандид хунук сўкинди, ўтирган кўйи тўппончасини чиқарди, асирнинг қоқ манглайини нишонга олди. Тепкини босишга шошилмади. Бир неча қадам нарида қоядек қад кериб турган асирнинг юзи машина чироғида оқариб турар, унда қўрқувдан асар ҳам йўқ эди. Бандит тўппончасини туширди. Ўрнидан туриб, машина томон юрди. Чол қилт этмади. Қочса бўларди. Қочмади. Қаергаям қочиб борарди. Шундай ҳам оёқда зўрға турибди. Машина ўкириб, олға отилди. Душманнинг мақсади ойдинлашди—асирни машина ғилдираклари билан босиб-янчиб ўлдирмоқчи. Энг азобли ўлим! Владимир Сисоевич шарт бурилиб, ўпқон бўйлаб югуриб кетди. Машина таъқиб этиб келаяпти. Истаган маҳалда босиб, янчиб кетади. Бандит шошилмайди. Чунки у қаншаридан теккан муштнинг аламидан чиқишга қарор қилган.

Кочубей қанча чопди, ўзи ҳам билмайди. Оёқлари чалишиб, йиқилади, ҳар гал «Энди туролмасам керак», деб ўйлайди, жон ширин—туриб кетади, яна югуради, яна йиқилади.

Ниҳоят бандитнинг сабри тугади. У газ педалини қаттиқ босди. Машина бир ўқчиб олди-да, шердек олға ташланди. Владимир Сисоевич йиқилди, думалаб, йўлнинг нишобига бориб қолди. Машина оёқларини босиб-эзиб ўтиб кетди. У шу лаҳзада ҳушдан кетди. «ЗИЛ» нарироққа бориб тўхтаганини ҳам, бандитлар тик соҳилдан сувга ташлаб юборганликларини ҳам сезмади.

XXVIII. ХУДОНИНГ Қ Order АҲРИДАН Pills ҚУЁШ ҲАМ ҚЎРҚДИ

 

1

Сирож бобо ҳафта ўтказиб яна Чўлободга тушди. Унинг кўнгли ғаш. Сожида шумхабар билан қаршиламаса гўрга эди, деган қурқув бор юрагида. Балки хушхабар тайёрлаб қўигандир? Бир-бирига қарама-қарши туйғулар билан кўзлаган манзилига етиб борди.

Дарвозани Сожиданинг болаларидан бири очди. У бегона чолга анграйиб қараб турди-да, иштонини бир кўтариб қўйиб:

—Шолом, қойбобо,—деди.

Болакай уни Қорбобо деб ўйлаганини фаҳмлаб, бобо кулиб юборди. У ҳақиқатдан ҳам қорбобога ўхшаб кетарди-да.

––Ваалайкум ассалом, мулла бўлинг, мулла бўлинг,—деб йигитчанинг бошини силади бобо. Кейин киссасидан икки дона попукли қанд олиб болага узатди. Бола олсамми-олмасамми деб иккиланиб қолди.

––Қорбободан совға олмайсанми, қўзим?

––Бола рўпарасида турган киши хақиқатдан ҳам Қорбобо эканлигига ишонди, попукли қандни олиб, авайлаб чўнгагига солиб қўйди.

––Даданглар уйдами, болам?

––Дададмлаям, аямлаям уйдала.

––Бўлмаса, кириб айт, бобомлар келдилар, де.

––Бола чопқиллаб кетди. У Қорбобони биринчи кўрганидан еру кўкка сиғмай борарди. Бобо ҳовли саҳнини тўлдирган анвойи гулларга ҳавас билан боқди. Шу шаҳарликлар қизиқ ҳалқда, кафтдек бўш ер топсаям гул экади. Қишлоқларда эса томорқаларни ажриқ босиб ётади. Йил—ўн икки ой даладан бери келмайдиган деҳқон нимаям қилсин. Унда томорқада ишлашга вақт қаерда. Нонни ейишга вақтни зўрға топади-ю, томорқада ишлашга бало борми. Сабзавот керак бўлса, дўконда сероб, арзимаган пулга бир халтасини беради. Мева-чеваям шундай. Бунга одатий ҳол деб қараш колхозчининг қон-қонига сингиб кетган. Бозорни обод қилиб ўтирганлар ё шаҳарлик, ё бўлмаса дала ишига бўйни ёр бермай қочиб юрган такасалтанглар. Ҳузур-ҳаловати, бола-чақасининг роҳатидан кечиб, пахта етиштирадиганларнинг бахтига бир ҳисобда шундай одамларнинг борлиги ҳам яхши.

Оёқ товушлари бобонинг югурук хаёлларини тўзғитиб юборди. Эр-хотин орқа-олдин чиқиб келишди. Уларнинг олдида ҳалиги болакай чопқиллаб келарди.

Кўришдилар.Сожиданинг эри ўзига ўхшаган очиқ йигит экан Елкасига чопон ташлаган, оёғида шиппак. У ота билан юз йиллик қадрдонлардай кўришди. Сожида-ку, бобони ўткизишга жой тополмайди.

—Қалай, болаларим, соғ-саломат ўтирибсизларми? Болалар соғ-саломатми?

Ота сўрашяпти-ю, асл муддаога ўтолмайди. Ўтса, нохуш хабар эшитишдан безиллайди. Сожиданинг авзойидан на хуш на нохуш хабар борлигини англолмайди. «Демак, дарагини топишолмаган. Э вох, сўнгги илинжим ҳам пучга чиқадиган бўлди! Қайлардасан, қизим? Ўликмисан, тирикмисан? Шўрлик отангнинг қарғишига қолдингми, қизим?! Сени қарғагунча тилим тош қотса бўлмасмиди. Гўрларга кириш навбати ота-она турганда болагами?! Эй, худо, мен гуноҳкор бандангни қандай гунохлари учун бунча азобларга гирифтор қилдинг?

Сирож бобо ич-ичдан қуйилиб келаётган ва ёлғиз ўзи эшитаётган койишу надоматларни тўхтатиб, қулоқ солишга мажбур бўлди. Унинг қулоғига Гўзалнинг қўнғироқдек овози чалинди. Арвоҳ! Қизимнинг арвохлари мени чақирмоқда!

Бобо бир сония кўзларини юмиб товуш такрорланишини кутди. Арвоҳ бўлсаям майли, қизининг товушини тўйиб-тўйиб эшитади-ку.

Бу гал товуш шундоққина ёнидан эшитилди:

—Дадажон, ассалому-алайкум! Бу—менман.

Бобо кўзларини чирт юмиб олди. Унинг лаблари титраб, калима қайтара бошлади:

—Ва-ла хавла вала қуввата….

—Амакижон, бу қизингиз Гўзалхон-ку, танимадингизми?

Сожиданинг гапидан сўнг бобо арвоҳни эмас, тирик қизини кураётганини англади. Унинг юраги ёмон ҳаприқди. Ҳолсиз қўлларини чўзганча қизига талпинди:

—Отагинанг ўлсин, болам, бормисан…

Ушлаб қолишмаса бобо юзтубан йиқиларди. Қўллари шалвираб, оқсоч боши шилт этиб кўксига тушди.

Ғам эзиб ташлаган Сирож бобо шодликни кўтаролмади. Не яхши ва ёмон кунларда ғинг этмаган юрак қурғур мақсадга етдим деганда панд берди-я! Отахон умри поёнига етиб қолганини тушунди. У шошмади, ваҳимага ҳам тушмади. Энди қаерга ҳам шошарди. Бутун умри давомида Оллоҳнинг ҳар бир бандаси учун ўлим ҳақ эканлигига иймон келтириб яшаган одамга ўлим юриб чарчаган йўловчи манзилга етгандек гап-ку! Фақат бир нарса армонли бўлди—қизини энди топдим, деганда ундан жудо бўлаяпти. Дийдорига тўйиб қараёлмади. Майли, шунисига ҳам шукр, соғ-саломат бор экан. Илоё шу хонадон сохибларининг иймонини саломат қил, топганлари тўйларига буюрсин. Сен ҳамма нарсага қодирсан ва яна ихтиёр ўзингда…

«Тез ёрдам» куттириб қўймади. Беморни кўздан кечирган шифокор тезда касалхонага ётқизиш лозимлигини уқтирди. Гўзал бирга кетди.

Докторлар навбатма-навбат бобони текшириб, ташхис қўя бошладилар. Уларнинг ҳаракатларидан Гўзал англадики, отасининг куни битган. Ота-бола видолашсинлар деган мақсадда икковини ёлғиз қолдиришди.

Палата эшигидан охирги шифокор чиқиши билан Сирож бобонинг кўзи лоп этиб очилди. Унинг қонсиз лабларида табассум жилваланди. Гўзал отасининг бағрига отилди. Бобо қоқсуяк қўллари билан жафокаш қизининг бошини силади.

––Дадажон, қалай, энди дурустмисиз? Сиздан ажраб қолдикми деб роса қўрқдим.

––Қўрқма, қизим, мен ҳали тирикман. Ўлим ҳар бир бандасининг бошида бор нарса. Яратган Эгамга минг қатла шукрки, армонли дунёда охирги тилагим—сени кўриб ўлишни насиб этди.

––Дадажон, нега ундай дейсиз? Ҳали кўп яшайсиз…

––Қалай, қизим, ўзинг яхшимисан?.. Қаерларда қолиб кетдинг? Сени кўп қидирдим… Майли, қўй, йиғлама. Тақдирни ўзгартириб бўлмас экан. Мен осий дадангни кечиринглар. Сизлар кечирмасаларинг худо ҳам кечирмайди, болам.

––Сиз фариштадек бегунохсиз, дадажон…

—Йўқ, опа-сингилларингга кўп озор бердим, бахти қаро бўлишларингга мен сабабчи бўлдим.

––Ундай деманг, дадажон, ундай деманг! Гуноҳларингизни кечирдим, дадажон. Сиз ҳам бизларни кечиринг!

––Хайр, болам, мендан рози бўлинглар…

Отанинг кўзлари юмилди. Лаблари пирпиради. Хонада шивирлаб айтилаётган иймон калимаси эшитилди:

—Ла иллаха иллалоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ…

 

2

Гўзал Маҳфузанинг ҳашамдор ҳовлисида бошидан кечирганларини қўрқинч туш каби бир-бир эслади.

Бир тасодиф туфайли Гўзал қандай қопқонга тушиб қолганлигини қалбдан идрок этди.

Ҳовлига келиб-кетаётган нозанин қизлар, сатанг хотинлар, башанг кийинган эркакларнинг қадами узилмайди. Бу ерда ҳамма ярим овозда, кўпинча шивирлаб гапиради, биров-бировнинг отини айтиб чақирмайди. Онда-сондагина таққа-тақ берк эшиклар ортидан ширакайф овозлар қулоқда чалинади.

Маҳфуза берган ичимлик жувоннинг ақл-ҳушини тамом ўзиники қилиб олган. Кўз олдида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни идрок этишдан ақли ожиз. Юқорида эслатилган тасодиф бўлмаганда бу ҳол ҳали узоқ давом этарди.

Яқинда эшикдан ҳайбатидан от ҳуркадиган одам кириб келди. Гўзал бу одамни аввал кўрган-у, аммо қаерда кўрганини эслай олмади.

Маҳфуза мехмонни қучоқ очиб қарши олди. Қўлтиқлаб, ўз хонасига олиб кириб кетди.

Бу одам бузуқ хотинлар ўртасида анча шуҳрат қозонган Эшназар раис эди. Раиснинг азойи бузуқлиги бекани ҳушёр торттирди. Қизи учун ўч олишга келган бўлиши ҳам мумкин! Тадбиркор Маҳфуза сир бермади. Меҳмонни илондек авраб, олдига дастурхон ёзди.

––Қани, раис, дастурхонга қаранг. Мен ҳозир…

––Буёққа ўтир, Маҳфуза. Сенга гап бор.

––Гап ўлгур қочиб кетмас. Гўшт қовуриб келаман.

«Ҳай, майли. Гўшт қовуриб келса кела қолсин. Эрталабдан бери итдай очман».

Бека вақтдан ютмоқчи эди. У эски жазманининг нозик томонларини яхши билар, шу сабабли ундан кўп ҳайиқмасди. Овқат дарагини эшитиб раис ҳам хушнуд бўлганидан аёл Гўзалнинг хонасига кирди.

—Нозик меҳмон келди. Иззатини жойига қўймасак бўлмас. Қора кабобни ўлгудек яхши кўради. Мен кабоб қилгунча сиз аччиқ-чучук тайёрлаб туринг, қизим.

Кабоб бир пасда тайёр бўлди. Раис ҳам анча шаштидан тушиб, ёқимли нарсалар ҳақида ўйлай бошлаганди. Айниқса, чинни товоқда таом қўйиб кетган жувонни кўрди-ю, бу ерга нима мақсадда келганини ҳам унутди. Ким эди бу гўзал—одам қиёфасидаги малакми ё малак қиёфасидаги аёл?! Тўхта, тўхта! Бу ахир қуйиб қўйгандек Маҳфузанинг ўзи-ку! Фақат йигирма-йигирма беш йил олдинги Маҳфуза!

Ёшлигида Маҳфузага тенг келадиган аёл йўқ эди. Не-не йигитлар ҳеч ўйламасдан бу офатижон жувон учун бошдан кечишга тайёр эди. Талашлар кўп бўлган. Бироқ бу талашларда Эшназар раиснинг қўли баланд келган. Бахти чопиб райкомнинг биринчи котиби курсисига ўтиргандан сўнг Маҳфуза атрофидаги хира пашшаларни ҳайдаб юбориб, бир ўзи эгалик қилди. Мана шу қасрмонанд уй ҳам унинг пуллари эвазига келган. Ҳа, у даврларни ҳеч иккиланмай «Менинг олтин даврларим эди», дейишга ҳақли эди қария. Шунинг учун айтишар эканда «Султонлик келганда сур, гадолик олдингдадур», деб. Ҳозирча даврини суриб,маишат қилиб ётибди. Худо хоҳласа, гадоликни кўрмас. Балки умрининг охиригача хор-зорлик кўрмай яшаш насиб этар унга…

Раиснинг бевош хаёлини тўзғитиб, хонага Маҳфуза билан унинг қиёфадоши бўлган ёш жувон кириб келишди.

—Сиз амакингизга олин-олинг қилиб туринг,—Маҳфуза шундай деб, жавондан бир шиша коняк, биллур қадаҳлар олди. Тошойнада раиснинг Гўзалга ҳирс билан қараб турганини кўриб, дилига тугиб қўйган нияти қатъийлашди.

«Қари айғир, кўзларинг чарвини кўрган мушукникидек ёнмай ўл. Бир бопламасамми…» Бека раи сўзига қарамаётганидан фойдаланиб ёқасидан қўл тиқиб, кўксидан миттигина шишача олди. Шишача оғзини очиб, қадаҳлардан бирига бир неча томчи шаффоф рангли суюқлик томизди ва шишани яна жойига бекитди. Кейин ҳамма қадахларга кояк тўлдириб, меҳмонга манзират қилди:

—Сиз севган «Напалеон». Атайлаб сақлаб қўйгандим.

Раис Маҳфуза узатган қадаҳга қўл чўзди-ю, миясига лоп этиб шум фикр келди.

—Маҳфуза, сен мен билган аёллар ичида энг гўзали эдинг… Сен менга заҳар берсанг ҳам ғинг демай ичаман. Аммо бугун биринчи қадаҳни сенга бағишладим. Қани, ўзинг оқ қилиб бер.

Маҳфуза хандон отиб кулди. «Вой, иблис, сезиб қолганга ўхшайди. Ичмасам, гумони ортади».

Маҳфуза қадаҳни лабларига олиб борди, симирди. Қадаҳ яримлади.

––Бўлди-бўлди, менгаям қолдир,—деб раис унинг қўлидан қадаҳни олди. Қалин лабларини йирди-ю, оғзини каппадек очди ва қадаҳда қолган ичимликни унга ағдарди.

––Туяни чўмич билан тўйғазиб бўларканми, қани, шишани ол бу ёққа!

Бу ўхшатишдан Маҳфуза яйраб кулди. Гўзал эса одоб юзасидан қўллари билан кулгисини яширишга уринди. Раис ҳақиқатдан ҳам мавжудотлар орасида туяга кўпроқ ўхшарди.

Бир пасда шишанинг таги кўриниб қолди. Маҳфуза «Мардлик—жонга бало» қабилида, раисга аталган қадаҳни шимиришга шимирди-ю, зум ўтмасдан томирларида шайтонбаччалар диконглаб ўйнаётганлигини туйди. Раис ҳам безовталаниб қолди. Унинг қони ёшига номуносиб тарзда гупурар, бундан ҳам қувонар, ҳам ҳаяжонланарди.

Бека Гўзалга «чиқиб тур», деб им қоқди. Ўзини қўйишга жой тополмай ўтирган жувон дарҳол чой олиб келиш баҳонасида даврани тарк этди.

—Нега чиқиб кетди?—сўради раис Гўзалнинг чиқиб кетганидан норозилигини яширмасдан.

—Ҳозир чой олиб келади.

––Коняка нима қўшгандинг?

––Нима қўшардим? Ҳеч нарса.

––Ёлғон гапирма! Анавини чақир.

Маҳфуза ташқарига чиқиб, эшик орқасида бир пас турди-да, қайтиб кирди:

—Қуриқ чой қолмаган экан, магазинга чиқиб кетибди. Ҳозир келиб қолади,—деб ёлғонни ямламай ютди.

Дори ўз ишини қилган, дунёнинг пасту баландини кўп кўрган ҳар иккала қаҳрамонимиз учун ҳам гўзалликка интилиш, ёшлик ва қарилик деган тушунчалар ўз рангини йўқотиб бўлганди.

Маҳфуза ҳўкиз сингари ғайрати тошиб турган қари жазманининг бўйнига осилди…

Гўзал туябашара бу одамни илгари қаерда кўрганини эслади. У—бузуқ қизини қари чол билан ушлаб олиб, жанжал кўтарган одам-ку! Қизини нима қилдийкин? Ўшанда важоҳатидан сўйиб ташлайдигандек эди. Балки ростдан ҳам ўлдириб, кўмиб юборгандир!? Йўғ-е, қизини ўлдирган одамга ўхшамайди. Аммо ўзи ! суюқо ёқликда қизидан қолишмасэкан. Ишқилиб, худо унинг қўлига тушгилик қилмасин-да.

Беканинг хонасидан товушлар эшитила бошлади. Гап орасида аёлнинг қийқириб кулишини раиснинг гулдирак товуши босиб кетарди. Бировларнинг суҳбатига қулоқ солиш одабсизлик деб санаган Гўзал хона эшигини ёпиб қўйиш учун қўзғалган жойида туриб қолди. Нариги хонадагилар энди уни қизиқтирадиган нарсалар ҳақида гаплаша бошлаган эдилар.

––Одам одамга шунчалик ўхшаш бўладими? Қуйиб қўйгандек ўзингга ўхшайди-я.

––Ўзим ҳам ҳайронман.

––Аммо-лекин ёшликда сен ундан қолишмас эдинг.

––Ёшлик оқар сув экан. Оқди-ю кетди.

––Маҳфуза, эсингдами, биричи марта учрашганимиз?

––Унитиб бўларканми.

––Ўшанда эрингни ташлаб келган кунлар эди. Атрофингда анчадан-қанча жазманлар хира пашшадек айланишарди. Айниқса, бармоғининг учигача жун босгани бор эди-ку. Отини эсдан чиқарибман, ким эди?

––Эслолмаяпман.

––Вай-вай, эсларидан чиқардиларми? Ишонгим келмайди-ёв!

––Қассобми?

––Ҳа, қасособ. Мени сўйиб ташламоқчи бўлганди қизталоқ. Сўйиш мана бунақа бўлади, деб афт-башарасини туққан онаси ҳам танимайдиган қилганимни эсларсан?

––Албатта. Устига-устак ўн беш суткага қаматиб ҳам юборгандингиз.

––Балли, эсингда экан. Майли, гап бунда эмас. Мен баъзан сендек ҳурлиқо аёл ҳар қандай эркакнинг рўзғорини гуллатиб яшаши мумкин эди-ку, деб ўйлаб кетаман. Рости, сенга раҳмим келади. Сендек аёлнинг қадрига етмаган эрингни танимайман, танисам ушлаб олиб уриб ўлдирган бўлардим. Нега у сенинг қадрингга етмади. Қизларинг бор, деб эшитгандим. Уларнинг тақдири нима бўлди?

––Ўлик-тиригидан бехабарман,—деб хўрсинди аёл.

––Қиз бола боққунча ит боққан яхши экан. Қизим мени қаро ер билан тенг қилишга бир баҳя қолди. Яхшиямки олдини олдим.

Институтдан академический олиб, уйда ўтирибди. Яқинда эрга узатаяпман. Ўша тепакал профессорни эса худо ўзи жазолади. Қўлдан ўлигини топиб олишганмиш.

—  Қизларимни эсимга солиб, зада юрагимнинг яраларини тирнадингаз, раис. Мени бағритош дейишингиз мумкин. Ҳа, бағритошман. Бургага аччиқ қилиб, кўрпасини ёққан одамларданман. Эримга қасд қилиб, қизларимнинг баҳридан кечдим. Оҳ, ёмон дардимни қўзғадингиз, раис!

—  Ундай бўлса, мени кечир…

—  Мен ўзимни кечиролмайман. Тақдиримнинг чил-чил синишига фақат ўзим айбдорман… Негадир охирги пайтларда қизларим тез-тез тушимга кирадиган бўлиб қолишди. Некликками, бадликками—билолмай қолдим. Шунча йиллар ўтибдиямки, улар ҳамон ўша-ўша. Жамалаксоч, бўйлари бир қаричгина. Айниқса, ўртанчам тушларимдан чиқмайди. Унга меҳрим бўлакча эди, балки шундандир. Тунов куни яна тушимга кирди. Мени кимлардир гулханда ёқишаёттанмиш. Эрим гулхан яхшироқ ёнсин, деб қуриган шох-шабба ташлаб турибди. Қизларим челаклаб сув ташиб, оловга сепишади. Ўртанчам Гўзал «Аяжон, мен ҳам сиз билан бирга ёнай, шояд бу дунёнинг азоб-уқубатларидан қутилсам», деб йиғлаб, гулханга интилармиш. Унинг оловга кирган-кирмаганини билолмай қолдим. Шундан бери юрсам ҳам, ўтирсам ҳам ўша мудҳиш манзара кўз олдимга келаверади.

—  Ваҳима бўлиб қолибсан, Маҳфуза.

—  Жинни бўлиб кетмаганимга ҳайронман.

—  Ҳеч бўлмагандан кеч бўлгани ҳам маъқул, деган мақол бор. Қизларингни дараклаб топ. Ўтар дунё, беш кун фарзандларинг бағрида бўл.

—  Топдим ҳам дейлик, хўш, кейинчи? Улар мени она сифатида қабул қилишармикан? Йўқ-йўқ, уларнинг йўли бўлак, меники бўлак. Мен бу дунёда неки ёмон от чиқарган бўлсам, ўзим билан қаро ерга кетиши керак. Қизларимнинг менинг касримга қолишларини истамайман! Истамайман!!

—  Начора, унда тақдирга тан беришингга тўғри келади.

—  Тақдиргинамга ўт тушсин…

Гўзал карахт бўлиб қолди. Эшикни аста ёпиб, тўшакка таппа ташлаб, эшитганларини бир-бир ақл тарозисига тортиб кўра бошлади. Наҳотки шу аёл унинг туққан онаси бўлса?! Йўқ! Унинг тасаввуридаги онаси фариштадек пок, боласи учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр турадиган инсон бўлган. Бу туйғу мурғак ёшидан бери юрагидан жой олган. Буни унга биров ўргатган эмас, опа-сингиллар ўзлари ўйлаб топишган ва кейинчалик чиппа-чин ишонишган.

Гўзал бир қарорга келолмай тўлғонарди. Нима қилсин—Маҳфузанинг олдига кириб «Мана, мен қизингиз Гўзал бўламан», десин-ми? Онасику уни бағрига босар, хурсанд бўлар. Ўзи-чи, ўзи хурсанд бўладими? Шу вақггача орланиб юрганларини унута оладими?

Жувон ҳамон ўзи билан ўзи мунозара юритарди:

—Дунёда ўхшаш тақдирлар озми? Сен ана шундайлардан бирига дуч келиб турибсан,—дер эди кўнгли.

—Ўхшаш чеҳралар-чи? Ахир у менга қуйиб қўйгандек ўхшайди-ку? Онам эканлигига шубҳа бўлиши мумкин эмас.

—Сенинг онанг фариштадек пок, болалари учун бир жонини минг марта фидо қилишга тайёр турадиган аёл эмасмиди? Бу-чи…

—  Ҳа, тўғри айтасан. Ростдан ҳам адашганга ўхшайман. Энди иккинчи «мен» ўжарлик қила бошлайди:

—  Қанақа одамсан, ўзи! Маҳфуза онангми, онанг эмасми?

—  Билолмай қолдим. Бошим айланиб кетди.

—Ундай бўлса, ўзидан сўраб, масалани узил-кесил ҳал қилиб қўймайсанми? Тур, олдига кир, сўра.

—Албатта, шундай қиламан. Ҳар куни минг ўлгандан кўра бир марта ўлганим беҳ. Фақат анави туябашара чиқиб кетсин.

Иккинчи «мен» бир сўз демади. Жувон меҳмон кетишини кутиб, тўшакка ёнбошлади. Кўзи илиниб, туябашара кетиб қолганини сезмади. У ваҳимали қичқириқдан уйғониб кетди. Димоғига аччиқ тутун кирди. Қия эшикдан аланга кўринди.

Уй ёнаётган эди.

Уйнинг бека турадиган қисмида олов ўз ишини қилиб бўлгач, даҳлиз орқали Гўзал турган хонага ўтди. Бу билан қаҳрамонимизнинг қочиб чиқиши мумкин бўлган ягона нажот йўли аланга ичида қолди. Бу муқаррар ҳалокат эди. Жувоннинг миясида «Ўлсам шармандагарчиликдан бир йўла қутиламан-ку», деган фикр пайдо бўлди. Шу боисдан аланга ҳалқасидан чиқиб кетишга унча ошиқмади. Оловнинг тафтида бадани жаз-жаз куя бошлаганда эса фурсат бой бериб бўлинган эди. Гўзал тутундан бўғила-бўғила қўшни ҳовлига қараган темир панжара ўрнатилган деразани очиб юборди. Ташқаридан кирган тоза ҳаво оловни баттар алангалантирди. Хонадаги жиҳозлар ёна бошлади. Ёвуз оловнинг тили жувоннинг қўл-оёқларини ялаб ўта бошлади. У талваса ичида қўлига илинган залворли нарса билан темир панжарани ура бошлади. Беш-олти зарбадан сўнг панжара лиқиллаб қолди. Гўзал жон аччиғида панжарага ёпишган эди, темир тўсиққа қўшилиб, тизза бўйи ажриқда ағдарилиб тушди. Тутундан бўғилган жувон ҳушини йўқотаётганини ҳис этиб улгурди, холос.

Фалакда нур сочиб турган қуёш Чўлободда содир бўлаётган бу воқеаларни томоша қилиш учун бир пас ўз йўлидан тўхтаб, назар солди. Сўнг Оллоҳнинг дахшатли ғазабига гирифтор бўлиш даҳшатини идрок этгандек, қип-қизарди ва шоша-пиша уфқда бош қўйди.

Сожида болаларни боғчадан олиб келиш учун кетган эри кечикканлигидан безовталаниб, ҳовлига чиқди-ю, қотиб қолди. Қўшни уй аланга ичида қолган. Олов осмону фалакка ўрлайди. Қулоқларни қоматга келтириб ўт ўчириш машинаси ўтди, ғала-ғовур кўтарилди.

Қўшниси ёмон ном чиқаргани сабабли у билан борди-келди қилишмаган. Ҳатто Сожида қўшни аёлни кўчада кўрса танимайди. Нас босган уйнинг бир деразаси ҳовлисига қарагани учун эри билан бир-икки марта ади-бади ҳам айтишиб олган. Шу сабабли олов ямлаб ютаётган уйга қараб «Ажаб бўлибди, хўп бўлибди», деб юборганини ҳам билмай қолди, кейин тавба, деб ёқасини ушлади.

Ёнғин қўшни уйларга ҳам даф қила бошлади. Сожида чопиб-югуриб, оловга яқин жойларда ёниши мумкин бўлган нарсаларни хавфсизроқ жойга таший бошлади. Эри ёнида бўлганда-ку, бунчалик қўрқмас эди. Айниқса, дераза тагида ҳаракатсиз ётган аёлга кўзи тушиб, даҳшат босди. Аёлнинг кийимлари тутай бошлаган эди. Сожида аёлни хавфсизроқ жойга судраб борди. Бир пақир сув келтириб, устидан қуйди. Аёл сесканиб кўзини очди. Тепасида таниш чеҳрали аёлни кўриб, ўйланиб қолди.

—«Қаердаман? Бу аёл ким, уни қаерда кўрганман?» Сожиданинг лаблари ҳам шу саволни такрорлаб, шивирлар эди.

—  Сиз… Гўзалхон эмасмисиз?

—  Сожида… опа, бу сизмисиз?! Худога шукр, ахир топдим!—шундай деб Гўзал ҳўнграб йиғлаб юборди.

Сал ўзига келган Гўзал бошидан кечирганлирни эрининг қариндошларига гапириб берди. Фақат Пўлат ҳақида лом-мим демади.

XXIX. ҚОТИЛЛИК

 

1

Норгул момо Сирож бобонинг таъзиясида Гўзални кўрди. Йиғи-сиғи ичида кўнгил сўраган бўлди-ю, суҳбатлашишдан қочди. Уч кундирки, момонинг ичига лахча ўт тушган—икки кўзи эшикда. Бугун бўлмаса эртага Гўзал келиб ўғлини олиб кетади! Момо Бахтиёржонга қанчалик боғланиб қолганини ана шунда ҳис қилди. У Гўзалнинг дом-дараксиз йўқолиб кетишини истаганмиди? Йўқ, ўлиб қолсаям бировга ёмонлик тиламайди у. Бўлмаса, нимадан умид қилганди? Бу саволга ҳам момодан жавоб ололмайсиз.

Отасининг учини ўтказган Гўзал тўғри момоникига жўнади. Эшонқишлоқликлар удумига кўра бошдан-оёқ оқ либосга ўралган жувон ўзини биров таниб қолишидан қўрқмаса ҳам бўларди.

Гўзал Норгул момонинг эски ҳовлиси ўрнида баланд ғиштин уй қад кўтариб турганини кўриб, шошиб қолди. У адашиб бошқа кўчага кириб қолибман, деб таққа-тақ тўхтади. Қаерга борсин, кимдан сўрасин?

Зимдан назар солиб, адашмаганини, фақат эски ҳовли-жой ўрнида баланд деворли ҳовли ва ғиштин-ҳашамдор уй қад ростлаганини фаҳмлади. Демак, момо ё оламдан ўтган, ё бирорта пулдорга сотиб кетган. Дарвоза олдида қумдан уй ясаб ўтирган болалардан сўраса ҳам бўлади.

Гўзал нақшин-нигорли дарвоза яқинида қумдан уй қуриш билан банд бўлган болаларга разм солар экан, ҳаммасидан ёш, дўмбоққина, бежирим кийинган болакайни кўриб, юраги қинидан чиққундек потирлади. Оналик меҳри бу бола ўз кўксидан чирқиратиб узиб, кампирнинг қўлига тутқазиб кетган дилбанди эканлигини айтиб турарди. Она қанот пайдо қилиб, бола томон отилди. Бола «нотаниш» холадан қўрқиб, чинқираб йиғлади. «Хола» боланинг типирчилаб йиғлашига қарамай бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпа кетди. Ичкаридан Норгул момо ҳаллослаб чиқиб келди. У гап нимадалигини англаб, бир зум тошдек қотди.

Биринчи бўлиб Гўзал ўзига келди. Болани бағридан бўшатиб, ҳамон қимир этмай турган момонинг истиқболига юриб, кўксига бошини қуйди. У ич-ичидан қайнаб келаётган кўзёшларини тийиб туролмади. Шу аснода бошидан желаги сирғалиб ерта тушди. Сунбул сочлари тўзғиб кетди. Йигитларни  масту мажнун қиладиган бу сочларга қиров тушганлигини кўрган момо сесканиб кетди. У ўз ғамини унутиб, Гўзални бағрига босди.

 

* * *

Ўринбойнинг ҳўкизини сўйиб, жиноят устида ушланган ўғрилар қўйиб юборилди. Жиноятни исботловчи далиллар етишмас эмиш! Қанақа далил-қанақа исбот? Бу ҳолдан маҳалла фаолларининг жиғибийрони чиқди. Ниҳоят, уч-тўртта фронтовой чолни гапнинг тагига етиш мақсадида ички ишлар бўлимига юборадиган бўлишди.

«Парламентёрлар»ни милиция бошлиғининг ўзи қабул қилди.

—Сизлар ўғри деб гумон қилган одамларни қамаш учун далиллар етишмайди. Шу сабабли озод қилишга тўғри келди.

—Қандай далил етишмас экан, билсак бўладими?—савол ташлади Икром чатоқ деб ном чиқарган қария.—Ҳўкиз сўйилгани далил бўлолмайдими? Далил! Халталарга жойланган гўшт-чи? Буям далил. Қўл-оёғи танғиб боғланган ўғриларнинг ўзи-чи? Далилми? Далил! Яна қандай далил етишмаслигини тушунолмай қолдик?

—  Қизишманг, отахон. Биламиз, бу ерга сизлар аллақандай муттаҳамни жазодан қутқариш учун эмас, балки жазога тортишимизни талаб қилиб келгансизлар. Қани эди, ҳамма ҳам сизлардек бўлса. Аммо айни масалада қонунчиликка сал тишларинг ўтмайроқ турибди. Айтинглар-чи, сизлар ўғри деб гумон қилган кишилар  ҳўкиз сўйганини ким кўрган? Ким ёки кимлар ушлаб боғлаган? Қандай шароитда? Нега ўша «қаҳрамонлар»нинг ўзлари жуфтакни ростлаб қолишди? Уларнинг ўзлари ким ва мақсадлари нима?

—  Биз билмасак?—деб елка қисишди чоллар.

—  Демак, жиноят иши қўзғатиш учун зарур бўлган муҳим бўғин етишмайди. Бу фактми, факт эмасми?

—  …

—  Гап шундаки, сизлар ўйлаётган одамлар ўғри эмас, қонуний жазодан қочиб юрган анави «кўзга кўринмас қасоскорлар» ўғри, балки учига чиққан жиноятчилардир. Ана шулардан қўрқиш керак. Биз уларни ушлаш учун ҳамма чораларни кўраяпмиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, улар ўз қилмишлари учун қонун олдида, албатта, жавоб берадилар.

Отахонлар миқ этолмай қолишди. Милиция бошлиғи ўзининг оташин нутқидан мамнун эди. У киссасидан бежирим халтача чиқарди.

—Чекасизларми?

––Йўқ, раҳмат.

Милиция бошлиғи  халтача боғичини ечиб, кафтини носга тўлдирди. Сўнг оғзини очиб, носни тилининг тагига ағдарди. Кафтидаги нос юқини «куф» деб пуфлаган эди, димоқларига кўланса ҳид урилди.

Милиция бошлиғи сўзини давом эттирди:

—Хўс, тусунайлими?

Ҳамма учун Икром чатоқ жавоб берди:

—Анча чалкаш экан, бизнинг ақлимиз етмай қолди.

—Ҳа, балли, тан олганлайинг яхши. Бу исни қилни қийқ ёйадиган қонун посбонлайига қўйиб бейинглай. Сизлайга масаҳат––маҳаллада тайбиявий ислайни кучайтийис ҳақида кўпйоқ ўйланглай. Маҳалла—милисанинг таянчи. Маҳалла сизларга таянади. Хўс, ҳамма найсани келисиб олдик секилли?

—Ҳа, албатта.

«Парламентёрлар» билан осонгина тил топишганидан мамнун бўлган милиция бошлиғи деразани очиб, ташқарига носини тупурди, сўнг деразанинг шоҳи пардаси билан лаб-лунжини артаркан:

—Келганларинг учун ташаккур,—деб хайрлашди. Отахонлар милиция бошлиғининг хонасидан ўзгача кайфиятда чиқишди. Ҳа-я, замон ўзгарибди, одамлар ҳам ўзгарибди. Ўғри-каззоблар ҳам илгаригиларга ўхшамайди. Етти ухлаб тушингга кирмаган  нарсаларни ўйлаб топишади-я.

 

2

Баротнинг бахтига яхшиямки Норгул момо бор экан. У йигитнинг барча айтганларига ишонди, жони ачиди.

—   Болам, балки балохўрларнинг оғзини ёпиш учун пул керакдир? Пул топиладиган нарса.

—   Пул берадиган бўлсам гуноҳимни тан олган бўлмайманми, момо?

—   Иложинг қанча, бу дунёда гуноҳсиз яшаш қийин, гуноҳкорларнинг пичоғи мой устида бўлиб қолди.

—   Пул ҳам топилди дейлик, аммо уни кимга, қандай қилиб бераман? Йўқ, момо, бу менга тўғри келмайди. Фақат яна бир неча кун шу ерда яшаб туришимга рухсат берсангиз бўлди.

—   Вой ўргилай, болам, бир умр яшасанг ҳам розиман. Бахтиёржон ҳам сенга ўрганиб қолди. Қаерга борсанг, изингдан  қолмайди  неварагинам.

Момонинг гапини тасдиқлаб Бахтиёржон Баротнинг қучоғига кириб, ўтириб олди. Йигит дилидаги ғусса қўл билан сидириб ташлагандек йўқ бўлди. Қалби бир олам қувончга тўлди. Бахтиёржонни бағрига босиб ўпа кетди. Кейин осмонга отиб, ярим йўлда ушлаб қолди. Бола қийқириб кулар, яна кўкларга парвоз қилиш учун қанотларини ёзарди. Бир неча марта кўкка сапчиб, хуморидан чиқди.

Момо икки «гўдак»нинг қилиғидан завқ олади, қалби олижаноб ўй-фикрлар билан тўлади. Қани эди, ўзининг фарзандлари ҳам шулардай оқибатли бўлишса топган-тутганини уларга сарф этмасмиди.

Барот тез-тез ўйга толади. Индамаса, кун бўйи бир нуқтага тикилганча ўтираверади. Бундай пайтларда момо ўзининг ўтмаслашган нигоҳи билан ҳам йигит кўзларига чўккан мунгни кўргандек бўлади. Йигитданда баттар эзилиб кетади.

—Болам,—деди бир куни кампир Баротнинг елкасига қўлини қўйиб,—нега бунча кўп ўйлайсан? Ўй-ғам—умрнинг заволи. Айбинг бўлгандаям бошқа гап эди. Ҳаммасини елкангдан ирғитиб ташла.

—Айбим бўлганда сира ўйламасдим, момо. Қайтангта яхши бўларди. Суд қилишарди-ю, айбимни бўйнимга қўйиб фалон йилга кесиб юборишарди. Баридан бир йўла қутилардим.

—Астағфурилло де, болам. Қамоқнинг юзини Оллоҳ тескари қилсин. Душманингга ҳам раво кўрма уни.

—   Ҳозир тураман-у, тўғри прокурорнинг олдига бораман. Бошимдан ўтганларни айтиб бераман. Ишонса, бахтим, ишонмаса, пешанамдан кўраман.

—   Бир иш қилишдан олдин пухта ўйлаб кўр, болам. Сенинг айбсиз эканлигингни мен биламан—ярамас ишлар қўлингдан келмайди. Лекин прокурор, мелиса дегани қуруқ гапингга ишонармикан? Ўзинг айтдингку, ҳе йўқ, бе йўқ ярим йил қамаб қўйишди, деб. Пухта ўйлаб кўр, болам.

—   Кўп ўйладим, момо. Бугун бормасам кейин ҳеч қачон боролмайман. Тўрт девор адо қилади мени, моможон…

Шу пайт ташқаридан боланинг чинқириб йиғлагани эшитилди. Момо шоша-пиша ўша ёққа йўртди. Бироздан сўнг дарвоза ёнидаги дарча очилиб, момо билан бош-оёқ оқ либосга ўранган аёл кириб келди. Аёл Бахтиёржонни кўтариб олган. Ҳовлига киришгач, аёл бошидан желагини қўлига олди.

«Гўзал! Бу ўша!!»

Норгул момо Баротга Сирож бобонинг таъзиясига борганини, ўша ерда Гўзални кўрганини гапириб берганди. Ўшанда Баротнинг юраги ичига сиғмай кетганини у қаердан ҳам билсин.

Бола типирчилаб, хархаша қилар, Гўзал уни қаттиқроқ бағрига босарди.

—Адага бояман, адага бояман.

Гўзал ярқ этиб боласига қаради. Бола тинмай бир сўзни такрорларди:

—Адага бояман, адага…

Момо изоҳ беришдан қочиб, меҳмонни ичкарига таклиф қилди. Остонага етганда момо Барот яшириниб юрганини эслаб, тўхтаб қолди. Шу сабабли Гўзални бошқа хонага бошлади. Момо бекорга хавотир бўлаётганди. Чунки Барот аллақачон кўча деразадан чиқиб кетган, айни чоғда хона бўм-бўш эди.

 

* * *

Прокуратура биносига етгунча Барот юз тусланди—уни қарама-қарши туйғулар исканжага олаётганди.

Қабулхона эшигидан кирди-ю, тўхтади. Рўпарадаги столда котиба жувон қоғоз титкилаш билан банд эди. У кирувчига бир қур назар ташлади-да, яна ўша ишини давом эттирди. Барот аста орқага қайтмоқчи бўлиб турганди, котиба тилга кирди:

—  Хўш, хизмат?

—  Прокурорга кирмоқчи эдим.

—  Чақиришганми?

—  Меними? Йўқ, ўзим шундай.

—  Шахсий масалалар билан ҳафтанинг сешанба кунлари қабул қиладилар.

Барот бундан ниҳоятда қувонди. Орқага бурилиб, эшик тутқичига қўл узатди. Котиба уни тўхтатиб қолда:

—Шошманг-чи, ҳозир ўзларидан сўраб бераман.

Йигит ноилож курсига ўтириб, кута бошлади. Сал ўтмай ичкаридан чойнак кўтариб котиба чиқди.

—Киринг.

Барот қўш тавақали эшиклардан ўтиб, ўзини ҳашаматли ва кенг хонада кўрди. Деразаларга узун шоҳи пардалар осилган. Бежирим қандиллардан хонага нимтатир нур таралади. Хона ўртасига узун стол қўйилган, унинг икки тарафида баланд суянчиқли юмшоқ стуллар саф тортган. Столнинг тўрида олтин нақшли ромда Ленин синчков назар ташлаб турибди. Баротнинг назари сирғалиб, ўзига синчков назар ташлаб турган, хумкалла кишига тушди. Уни кўрди-ю, шоша-пиша салом бериб: ­­­

-Кирсам бўладими?,- деб сўради. Хумкалла бир ишшайди-да:

—Киришга-кирдингиз. Энди мана бу ёқда ўтиринг,—деб жой кўрсатди.—Қани, укам, менда ишингиз борми?

Барот маъқуллаб бошини ирғитди.

—Қулоғим сизда?

Барот бу учрашувга узоқ тайёргарлик кўрганди. Айтадиган сўзларини обдон ўйлаб олганди. Ҳар эҳтимолга деб айтиши лозим бўлганларини дафтарга ёзиб чиққанди. Мана, энди гапирай, деса ўйлаб юрган сўзлари думини ҳам тутқазмайди. Қўйнидан букланган дафтар чиқариб, прокурорга узатди:

—Ҳаммасини шу дафтарга ёзганман.

Прокурор дафтарни олиб, бир сўз демасдан ўқий бошлади. Ўқиган сайин дўнг пешонаси тиришар, ўқтин-ўқтин хат муаллифига қараб қўярди. Мана, ниҳоят прокурор дафтарни ёпиб, бир четга қўйди. Унинг пешонасида реза-реза тер пайдо бўлган эди.

—Мен сизга баъзи саволларни бераман, фақат рост жавоб беринг,—шундай деб прокурор бир четда турган ихчамгина магнитафонни олдига тортиб, қулоғини буради.—Тайёрмисиз?

Барот «ҳа» ишорасини қилди.

—«Акамникига ўғирликка тушганларни ушлаб, қўл-оёғини боғладим», деб ёзгансиз. Улар неча киши эди?

—Уч киши эди.

—Сиз-чи?

—  Ёлғиз эдим.

—  Бу қанақаси бўлди—уч кишига қарши бир ўзингиз? Ҳеч ақлим етмаяпти. Ҳа, яхши, уларнинг шакл-шамойилларини тасвирлаб беринг-чи.

—  Қоронғида яхши кўролмадим. Лекин шундай бўлса ҳам иккитасини яхши эслаб қолдим. Бири семиз, бақалоқ. Иккинчиси новча, ориқ. Спортчига ўхшайди. Ўша ориғи шерикларига иш буюриб турди.

—  Улар асосан нима хақда гаплашдилар?

—Аллақандайдир милиционер ҳақида. Билишимча, ўғрилар унга ҳақ тўлашар экан. Ҳа, яна битта гадой тўғрисида гапиришди. Ўша гадой ўғриларнинг разведкачисидек одам экан.

Прокурор стол ғаладонидан бир даста сурат олиб, йигитнинг олдига ёзиб қўйди:

—Бир қараб кўринг-чи, буларнинг орасида ўша ўғриларнинг сурати йўқмикан?

Барот улар орасидан иккита суратни танлаб, бир четга суриб қўйди.

—  Адашмаяпсизми?—деди прокурор мамнунлигини зўрға яшириб.

—  Йўқ, манависи топшириқ бериб тургани. Каратист. Мана бу бақалоқ ҳам яхши эсимда қолган.

—  Сизга раҳмат. Булар ҳақиқатдан ҳам катта ўғрилар. Уларни бутун республика бўйлаб қидириб юришибди. Афсус, бу сафар ҳам қочиб кетишди.

—  Қочиб кетишди, дейсизми? Ахир…

—  Очиқроғи, милициядаги одамлари қочириб юборган. Лекин энди уларнинг ҳомийлари ҳақида биламиз. Бу ҳақда бировга оғиз очманг. Тушундингизми?

—  Тушундим.

—  Келиб яхши қилдингиз. Бу сизнинг айбингизни бир даражада енгиллаштиради. Ишонаманки, иш судгача бормайди. Сизнинг ишингиз билан ўзим шуғулланаман. Илтимосим шуки, махсус рухсат бўлмагунча шаҳардан кетиб қолмаслигингиз лозим.

—  Хўп.

Барот прокурор билан бўлган суҳбатдан кўнгли тоғдек ўсиб, ташқарига чиқди. Табиат ўзгача жозиба касб этган. Қушларнинг чағир-чуғур сайрашлари, ариқчадан оқаётган сувнинг шилдираши ҳам танга ҳузур бағишлайдиган нағмага айланган.

—Олам аввал ҳам шунчалик гўзалмиди? Нега мен буни олдинлари сезмасдим?!

Мана, кекса чинордан бир жуфт барг узилиб, йигитнинг боши узра ҳаволанди, гўё табиат йигитнинг бошидан сочқи сочаётган эди. Барот атайлаб кўчанинг ўртасида шахдам қадамлар ташлаб кетиб бораяпти. «Кўриб қўйинглар, одамлар, мен жиноятчи эмасман, мен озод қушман!» деб бақиргиси келади. У Норгул момонинг уйига пана-пастқамдан юрмасдан, тўғри кириб борди. Уни Бахтиёржон қучоқ очиб қаршилади:

—Адамла телдила, адамла телдила.

Гўзал дув қизарди. Момо маъноли кўз қисиб қўйди. Йигит хижолат бўлганини билдирмаслик учун болани бағрига босди.

—Гўзалхон, салом! Яхши юрибсизми?

—   Шукр. Ўзингиз қалай, соғ-саломат бормисиз?

—   Қалай эмас, тилла деяверинг, тилла!

Аёллар қизиқиб, унинг оғзини пойлашди.

––Ҳа, бундай қараб қолдиларинг? Ишонаверинглар, ишим беш!

—   Вой, бўйгинангдан айланай, болам, ишинг ҳар доим беш эмас, ўн бўлиб юрсин! Қани, бир бошдан гапириб бер. Қаерларга бординг?

Гўзал шу вақтгача Баротнинг саргузаштларидан бехабар эди. Гапнинг бир учини эшитибоқ ҳанг-манг бўлиб қолди. Сўраб билай деса, момодан истиҳола қилди. Буни сезган момо чой олиб келиш баҳонасида ёшларни ёлғиз қолдирди…

 

3

Эл оғзида юрган миш-мишларда жон борлигига Тўйчи ўзининг болалик йиллари ўтган ҳовлига етиб келганда амин бўлди. Ҳовли бошдан-оёқ қайтадан қурилган. Эски лойшувоқ томли уй ўрнида қизил ғиштдан тагхонали бино қад ростлаган. Бир неча ой ичида бунча ўзгариш! Қурилишдан ортиб қолган ғишт, тахта ва ёғочлар бир четга тартиб билан тахланган. Уч-тўртта уста елиб-югуриб ишлаяпти. Иш-боши ҳам ўзларидан. Бир четда катта қозон қайнаб турибди.

Момо уйда экан. У остонада турган тўнғичини кўриб, анграйиб қолди, шашт билан ўрнидан турди.

—Тўйчимисан?—сўради она ҳамон кўзларига ишонмай. Узоқ вақт ўғлини бағридан бўшатмай унсиз йиғлади онаизор. Тўйчи қўлидаги тўрхалтани бир четга қўйди.

—  Нималар кўтариб юрибсан, болам?

—  Ошнинг хомини олиб келдим, она. Мана бу сиз яхши кўрадиган пашмак ҳолва.

—  Вой, садағанг кетай, нима қилардинг ортиқча чиқим қилиб. Худога шукр, ҳамма нарса етарли. Пашмак ҳолва ейдиган тиш қолганми онангда, ўғлим. Жўжабирдек жонсан, уйингга олиб бор, болаларинг билан баҳам кўр. Эшитиб қолса, хотининг билан айтишиб юрма.

—Она, нима деяпсиз, келинингаз ўзи бериб юборди. Анча вақгдан бери иш билан бўлиб, келолмай уятли бўлдик. Олмасангиз келинингиз мени уйга қўймайди-я. Эрта-мертан болаларини етаклаб ўзиям келади.

Она ҳушёр тортди, демак, ўғлининг кутилмаган ташрифида бир гап бор. Айниқса, Севара келин аралашган бўлса, некликка эмас.

Она ичидагини ташига чиқармади. Югуриб-елиб ўғлининг тагига адрас кўрпачалар ташлади, биқинига пар ёстиқларни қаторлатиб қўйди. Дастурхон ёзди. Писта-бодом, қанд-қурс, Эшонгузарнинг ҳозиргина тандирдан узилган машҳур ширмон нонлари бор эди дастурхонда!

—Ўғлим, сен дастурхонга қараб ўтир. Мен усталарнинг овқатидан хабар олай.

Тўйчи ёлғиз қолди. Ҳайратдан оғзи ланг очалган; Кўзлари олма-кесак теради. Тўрт девордан учтасига Хива гилами қоқилган. Полга учта араби гилам тўшалган. Устига сўзана ёпилган тахмон шифтга тегай деб турибди. Булар ҳали бир хонадаги нарсалар. Буларни Севара ўз кўзи билан кўрса ҳасаддан ёрилиб ўлади.

Тўйчи ҳамма хоналарга бир-бир бошини тиқиб чиқди. Бир хонада одам бўйи баробар музлатгич, каттакон телевизор, ёнғоқ дарахтидан ишланган диван, худди шундай ором курсиларни кўриб эси оғиб қолаёзди. Деворда чиройли ромларга солинган рангли-рангсиз суратлар қўйилган. Тўйчи суратларга кўз югуртирди. Суратдаги сулув аёлни танимади. Иккинчи ромда дўмбоққина ўғил бола кулиб турибди. Уни укаларидан бирининг ўғли бўлса керак, деб ўйлади ва ёмон кўриб қолди.

Ҳаммасидан ҳам учинчи сурат унда нохуш кайфият уйғотди. Суратдаги йигит—болаликдаги жўраси Ўринбойнинг Барот деган укаси. Норгул момо ўғилларига иш буюрса, улар бир-бирига солиб, онани хуноб қилиб юборишарди. Ана шундай  пайтларда оёқ-қўллари чаққон Барот момо айтган ишни қилар ёки айтган жойига ғир этиб бориб келарди. Мақтовни ҳам у эшитарди. Шу туфайли бўйни йўғон ўғиллар Баротни зимдан ёқтиришмасди.

Тўйчининг ичини ҳасад ўта куйдира бошлади. Унинг назарида онаси ўлиб-нетиб қолса, ҳозиргина кўрганлари—мол-давлат, уй-ҳовли кимга қолади? Балки туғишган ака-укалар ўртасида тенг бўлинар? Эҳтимол, она оқибатсиз ўғилларининг меросхўр бўлишларини истамас? Бунга унинг тўла маънавий ҳаққи бор. Нима қилиш керак? Нимадир қилиш керак-ку?

Тўйчи ҳар қанча ўйламасин, унинг аҳмоқ калласига бирон ақлли фикр келмади. Тўхта, бунақа жумбоқларни ечишга Севаранинг суяги йўқ-ку! Хотин эмас, бало, илоннинг ёғини ялаган донишманд.

Ногул момо ўғлининг кутилмаганда келиши-ю, дабдурустдан кетишга чоғланганини кўриб:

—Менинг тўрт кунлигим борми, бешкунлигим борми, хабар олиб тур,—дейишдан бошқа иложи қолмади. Тўйчи хайрлашиб, чиқиб кетди.

Тўйчи дарвоза олида бола кўтарган аёлга дуч келди. Саломлашиб, нарироқ боргач, бу хотинни таниди. Бир вақтлар Эшонгузарда шов-шувларга сабаб бўлган Гўзал деган жувон. Собиқ райкомнинг беваси. Ҳали кўрган суратдаги аёл ҳам шу эканлигини сал кейин фаҳмлади.

Севара эрини сабрсизлик билан кутаётган эди.

Мана, Тўйчи уйга кириб келди. Оғзи қулоғида.

—Бордингизми?

—Бордим, хотинжон, бордим. Онам салом айтиб юбордилар.

-Саломат бўлсинлар. Гапиринг-чи, нималарни кўрдингиз, нималар эшитдингиз?

—  Айтсам ишонмайсан. Уй эмас, қаср! Нуқул қизил ғиштдан. Баландлигидан қуш учиб ўтолмайди. Уйнинг ичида одам жонидан бошқа нарса бор. Ақлдан озиб қолишимга оз қолди.

—  Яхшиямки менинг бахтимга ақлдан озиб қўяқолмапсиз. Бунча пулни қаердан олганини ҳар ҳолда сизга айтмагандир қайнонагинам?

—  Айтмади. Мен ҳам сўрамадим. Аммо-лекин меросга даъвогарлар биз ўйлагандан кўра кўпроққа ўхшайди.

Севара чаён чаққандек сапчиб турди:

—Сабаб?

—Деворга ҳу анави Ўриннинг укаси бор-ку, оти Барот, ўшанинг каттайтирилган суратини осиб қўйибди. Тағин битта офатижоннинг сурати. Уни сен ҳам яхши танийсан. Қамалиб кетган райком бор эди-ку, ўшанинг беваси. Мен чиқаётсам, у кириб келди. Бироз ўтирсам бўларкан. Қазоси етиб онам ўлса, ана шулар меросга шериклик қилишмасмикин?

Севаранинг мияси соатдек ишлай бошлади: «Райкомнинг беваси бўлса, иш жиддийга ўхшайди. Эри қамоқда ўлган. Топган-тутганини давлат олиб қўйган, деб эшитгандик. Қатиқ тўкилса, юқи қолади-ку. Демак, бу аёл давлатининг бир қисмини қайнонамникига яширган. Қурилишни кампир эмас, ана шу бева қилаяпти. Вой тулкилар-ей, вой фирибгарлар-ей!»

—Меросимизга шерик бўлади, деб қўрқаяпсизми?

—  Ҳа,албатта, шундай бўлиши мумкин.

—  Йўқ, улар меросга шерик эмас, қонуний эга бўлиб чиқадилар! Сизга ҳам, укаларингизга ҳам бу меросдан ҳемири тегмайди, деб ўйлайман.

—  Нафасингни иссиқ қил, хотин. Нега ундай дейсан?

—Сизнинг ақлингиз етармиди бундай масалаларга. Менинг гапларимга яхшилаб қулоқ солинг,—Севара эрига ўз тахминларини гапириб берди.

—Ақлингта қойилман, хотин. Шу фикр нега менинг калламга келмаганига ҳайронман. Хўш, эндиги маслаҳат қандай бўлди?

—Энди шошмай турасиз. Бу ишни икковимиз уддалай олмаймиз. Мен озроқ ўйлаб кўришим керак. Фақат сиз оғзингизга эҳтиёт бўлинг.

Севарани қайнонасининг давлатига шерик бўлиш қаноатлантирмас эди. Шундай қилиш керак-ки, ҳовли-жойлар бутунлигича уники бўлиши керак. Шундай йўл топиш керак-ки, кампир уларни ўзининг меросхўри қилиб тайинласин. Кампир ўлиб қолса ҳам ўз ихтиёри билан бунга рози бўлмайди. Уни мажбур қилиш керак!

Севара калаванинг учини топгандек бўлди. Дили чароғонлашиб, бири-биридан яхши режалар туғила бошлади. Афсуски, қовоқбош эри билан бу ишни уддалаб бўлмайди. Шошма-шошма, бундай ишда унга кўмаклашадиган одам бор-ку! Бу ўзи ишлаётган боғчанинг хўжалик ишлари мудири Қўчқор. У Севаранинг бир оғиз сўзига маҳтал, «гаҳ» деса қўлига қўнади. Исми жисмига мос. Одамдан тап тортмайди. Шунчалиги билан Севаранинг олдида ҳалимдек юмшаб, қўзичоқдек ювош бўлиб қолади. Тўйчи хотинини ана шу йигитга зимдан рашк қилади, кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ.

Ана шу йигитни ишга солади. Бу режанинг ярми бажарилди, деган гап. Иккинчи қисми манави галварсни кўндиришда. Кўнади, кўнмай қаергаям борарди. Ҳар қандай йиғлоқи боланинг қўлига хўрозқанд тутқазсанг бир зумда овунади-ку.

Тўйчи анчадан бери хотинининг оғзини пойлайди. Унинг узоқ вақт  ўйга толиши бир шум фикрни ўйлаётганидан дарак беради. Мана, ниҳоят, хотини жилмайди. Юзидаги тундлиқдан асар ҳам қолмади.

—Агар сиз истасангиз, онажонингиз топган-тутганини уй-жойга қўшиб, сизга қўшқўллаб топширадилар.

—Йўғ-е? Нималар деяпсан, хотин?!

-Ўзингиз айтасиз-ку «Бир хотиннинг макри қирқ эшакка юк бўлади», деб. Энди мен шундай бир макр ишлатайки, сизга ўхшаганлардан қирқтаси кўтаролмай, беланги бўлсин.

Хотин қиқир-қиқир кулиб эрининг биқинидан ноз билан чимчилади. Тўйчи ушламоқчи бўлди, тутқич бермай қочди. Эр қувди, хотин ўзини уйга урди. Эр орқасидан кирган эди, Севара тарс этиб эшикни ёпиб, илгакни илди.

—  Ҳа, нега тўхтаб қолдингиз?

—  Болалар кўриб қолишади, жинни-пинни бўлиб қолдингми?

—  Болаларингиз ҳали кўчадан бери келмайди,—шундай деб Севара елкасидаги боғичларни ечиб юборган эди, оқ шойи кўйлак сирғалиб, оёқлари тагига тўшалди. Аёл эр олдида шир яланғоч турарди. Тўйчи олабўжи кўргандек серрайиб қолди.

“Нега бақрайиб турибсан, галварс, келавермайсанми?—деб нафрат билан ўйлади хотин.—Қўчқорнинг тирноғига ҳам арзимайди-я…”

 

4

Бугун негадир кўча чироқлари барвақт ўчирилган. Ҳаммаёқ зулмат қўйнига чўккан, икки қадам наридаги нарсани илғаш қийин.

Тун ярмидан оққанда Норгул момонинг дарвозаси олдида учта шарпа пайдо бўлди.

—  Мен ўтиб, дарвозани очаман,—деди келувчилардан бири шивирлаб. Шерикларидан бири эгилиб турди, гапирувчи унинг елкасига чиқди, у ердан деворга кўтарилди. Ҳовлида ит ҳурди. Девор устида турган одам итнинг отини айтиб, секингина ҳуштак чалган эди, чакаги ўчди. Бир оздан сўнг деворнинг нариги томонидан «тўп» этган товуш эшитилди ва анча вақттача жимлик ҳукм сурди. Ташқаридагиларнинг тоқати-тоқ бўлаётган ҳам эдики, дарвоза қулфи шиқирлади.

—  Товуш чиқармасдан киринглар. Итни қамаб қўйдим.

Бу гапдан кейин қолган икки шарпа ҳам дарвозадан сирғалиб ўтди. Ишонч билан ҳаракат қилишларига қараганда ховлининг ўнқир-чўнқиригача бари уларга таниш эканлигини билса бўлар эди.

Чақирилмаган меҳмонлар Норгул момо яшаёттан хона деразаси ёнида тўхташди. Дарвозани очиб берган одам товуш чиқармай деразани ҳам очди.

—Сизлар шу ерда кутиб туринглар,––деди шерикларига давозани очиб берган киши шивирлаб. У чаққонлик билан деразадан ошиб, хонага кириб кетди. Бир оз ўтиб хонада чироқ ёнди. Ташқарида қолган икки киши ҳам ўзини хона ичида олди. Уларнинг ҳаммаси бетига қора ниқоб тутган эди.

Чақирилмаган меҳмонлар  хонани кўздан кечиришди. Полга қатор қилиб жой ташланган. Кўрпани бурнигача тортиб ухлаётган жувон безовта қимирлади, сўнг кўзини очиб, тепасида серрайиб турган нотаниш одамларни кўриб, эсхонаси чиқиб кетди.

«Ҳозир дод солиб, ишни расво қилади!»

Яқин турган босқинчи белкуракдек бесунақай кафти билан аёлнинг оғзини ёпди ва дўриллаган овоз билан:

—Ғинг десанг, асфаласофинга жўнатаман!—деб пуписа қилди. У шу даражада қаттиқ гапирдики, Норгул момо ҳам уйғониб, ёстиқдан бошини кўтарди. Унинг оппоқ сочлари тузғиб кетган, турмуш қийинчиликларидан орттирган чуқур ажинлар пешонасини қоплаган. Момонинг киртайган кўзлари босқинчиларга қадалди. Улардан бири беихтиёр ўзини панага олди.

Момонинг ўктам товуши эшитилди:

—  Кимсизлар, сизларга нима керак?

—  Кимлигимиз билан ишинг бўлмасин. Нима учун келганимиз худога ҳам, бандага ҳам аён—пул! Пул, пул!!

—  Пулми? Пул де. Қанча керак?

—  Эллик, йўқ, юз минг!

—  Бунча пулни қаердан оламан?

—  Бу ҳовли-жойни, ҳою ҳашамни ниманинг ҳисобидан қурдинг? Юз минг сенда бўлмай, кимда бўлади?!

—  Бор эди, энди қолмади.

—  Оқ сочинг билан ёлғон сўйлама, кампир! Биламиз, сенга катта мерос қолган.

—  Йигитгина ўлмагур, кимлигингни билмадим-у, сал овсар одамга ўхшайсан. Эрим раҳматли оддий ямоқчи ўтган. Ўшандан мерос қолармиди?

—Гапни айлантирма! Кимдан мерос қолгани мени қизиқтирмайди. Ё мен айтган пулни топиб берасан, ё манави болани кўзинг олдида бўғизлайман!

Бу сўзлар ҳамон донг қотиб ўтирган жувонга яшин теккандек таъсир қилди. У боласини бағрига босди:

—Йўқ, йўқ, боламга тегманглар!

—Кампир мен айтган пулни топиб берса, болангга тегмаймиз. Акс ҳолда…

—Холажон, боламни қутқаринг! Ахир сиз уни  жон-дилингиздан яхши кўрасиз-ку?!

—  Қўрқма, қизим, қўрқма. Неварагинамнинг бир тола ҳаром тукига арзимайди дунёнинг моли,—шундай деб босқинчига юзланди:—Кучинг норасида болага етдими? Қўйвор уни!

—  Пул-чи?

—  Анави тахмонни тушир. Пул ўша ерда.

Бир пасда кўрпа-тўшак тўрт томонга улоқтирилди. Ерга даста-даста пуллар тушди. Босқинчилар уларни очкўзлик билан қўйинларига тиқа бошлашди. Ўғри бошининг миясига ажойиб фикр келди—капирнинг олтинлари ҳам бўлиши керак! Сал қийнаса, олтинлар яширилган жойни ҳам айтиб беради.

—  Олтинлар қани?!

—  Менда олтин нима қилсин?

—Ҳали шунақами? Ўз ихтиёринг билан айтмасанг, ўзингдан кўр!

Тўйчи дилининг туб-тубидан илондек ғимирлаб чиқиб келаётган виждон азобига аранг чидаб турарди. «Бари хазил, ёлғондакам пўписа. Пулларни оламиз-у, чиқиб кетамиз»,—деб ўзини ишонтирмоқчи бўларди у.

Эвоҳ, ҳазилнинг зили чиқадиган бўлди!

Қизишиб кетган Қўчқорнинг қўлида чилвир пайдо бўлди. Шу вақтача эси оғиб ўтирган Гўзал бир шиддат билан сапчиб туриб уни итариб юборди, иккинчи босқинчининг юзидаги ниқобини юлиб олди. Ниқоби йиртилган босқинчининг узун сочлари елкасига ёйилиб кетди. Гўзал аёлни таниб, донг қотди, аммо бир сўз айтишга улгурмади, бошидан зарба еб, момонинг оёқлари остига йиқилди. Қўчқор момонинг бўйнига чилвир солиб бўға бошлади.

Тўйчининг ичида нимадир портлади! У онасини бўғаётган Қўчқорнинг бошига мушт туширди. Кўзи қонга тўлган Қўчқор бир тепиб, рақибини ерга ағдарди.

—Қўчқор, ўлдир уни!—деб бақирди Севара.—Ўлдирмасанг, икковимизниям сотади. Мана, болта. Ўлдир!

Ҳаммаёққа қон сачради.

Қўчқор ҳушини йиғиб олганда ўзини чопиб ташланган мурдалар орасида кўрди. Рўпарасида бойқушга ўхшаб Севара қараб турарди. Нигоҳи бирам совуқ. «Нима қилиб қўйдим?—алам билан ўйлади қотил.—Энди нима бўлади?! Ҳаммасига мана бу ғар сабабчи! У қутқу солди дилимга. Тинчгина яшаб юргандим-ку? Илондек авради, қўлимга болта тутқазиб  «ўлдир!» деган шу иблис эмасми!?

Қўчқор энгашиб, ерда ётган болтани олди. Бармоқларига қон чилп-чилп ёпишди. У Севара томон юрди. Аёл ўйнашининг мақсадини сезди. Тили танглайида қотди. Бақирмади, қочишга ҳам уринмади. Фақат қўллари билан юзини бекитди…

Қўчқор авваллари одам ўлдирмаган бўлса ҳам ҳар хил жиноятлари учун бир неча марта қамалиб чиққанди. Шу боис қамалишдан кўп ҳам қўрқмади. У миясига келган фикрдан хунук тиржайиб:

—  Шундай қилайки, устаси фаранг изқувар ҳам бу жумбоқни ечолмай, бармоқ тишлаб қолсин!—деб ғўлдиради…

XXX. ПОЛКОВНИК ДАРҒАЗАБ

 

1

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Қорабоевнинг атрофи баланд девор билан ўралган уйи. Ҳовлига кираверишда фуқаро кийимидаги киши мудраб ўтирибди. Аслида бу бошлиқ уйини қўриқлаш учун қўйилган навбатчи милиционер. Унинг изнисиз ҳовлига пашша ҳам киролмайди.

Дам олиш куни бўлгани учун Қорабоев бошқармага шошилаётгани йўқ. Навбатчига қўнғироқ қилиб, муҳим янгиликлар бор-йўқлигини билди. Полковник бугунни кечага, эртани бугунга таққослаб, хулосалар чиқаришга одатланган.

Бугун ҳам ана шу одатини тарк этмади. Кеча худди шу пайтда яқинда тоғли қишлоқлардан бирида ўзига ўт қўйган билим юртининг ўқувчиси бўлган қиз ҳақидаги ҳужжатларни кўздан кечириб чиқаётганди. Текширишда ғалати ҳодиса аниқланди. Ҳунар-техника билим юртининг ўқувчиси бўлмиш қиз ўз курсдошини севиб қолибди. Йигитта мактуб ёзиб, муҳаббат изҳор қилибди. Мактуб қандайдир йўл билан билим юрти хотин-қизлар кенгаши раисининг қўлига тушади. Шунда у барча ўқувчиларни сафга турғизиб қўйиб, муҳаббат мактубини ўқиб эшиттиради. Бу ҳам етмагандек, ишқий мактубни олган йигитга «ёмон йўлга кирган қиз»нинг юзига тупуришни буюради. Бундай шармандаликка чидай олмаган қиз кечаси ўзининг устига бензин тўкиб, ёқиб юборади. Ўлгандан сўнг ҳам шармандалик уни тарк этмайди. Билим юрти рахбарияти жазодан қутилиб қолиш мақсадида гапга кирадиган уч-тўртта қизга тухматдан иборат хат ёздириб олади. Гўёки «марҳума ёмон йўлга кирганига анча бўлган, дугоналари уни бу йўлдан қайтариш учун кўп ҳаракат қилишган. У қорнидаги ҳомиласини олдирмоқчи бўлиб, шу дугоналарига маслаҳат ҳам солган экан». Хуллас, фарзандидан жудо бўлган ота-она номус ўтида ҳам куяди.

Мархуманинг дугоналаридан бири бу ҳақда хат ёзиб юбормаганида сир-сирлигича қоларди. Қорабоевнинг ўзи бу ишга бош-қош бўлиб текширув ўтказади. Мурда гўрдан чиқарилиб, қайта экспертиза қилинди. Ҳақиқат ойдинлашди—қиз бокира, гуноҳлардан холи, ҳали ўн гулидан бири очилмаган ғунча экан. Ноҳақликнинг пойига болта урилди. Айбдорлар жазога тортилади.

Полковник ўз ишидан ғурур туйган ҳолда газета-журналларни кўздан кечира бошлади. Улар орасида хат ҳам бор эди. Кимданлиги кўрсатилмаган. Иккиланиб турди-да, очди. Хатнинг биринчи сатридаёқ чаён чаққандек сапчиб тушди: «Сен—Гдлян ва Ивановнинг ялоқхўри! Уларга қўшилиб, орқа-олдингга қарамай ҳаммани бир бошдан қаматаяпсан. Ўзинг ҳам оппоқ эмассан-ку! Сен рахбар бўлган ўнлаб милиционерларнинг жиноятга бош қўшганлигидан тонасанми?! Улар сенинг ҳам оёғингдан тортади. Сен ҳам борасан ҳамма бораётган жойга! Ҳалиям кеч эмас, ишдан кет! Акс ҳолда суюкли неварангнинг умрига зомин бўласан. Мактубни ким ёзганлигини ахтариб овора бўлма, барибир тополмайсан…» Қирқ йиллик иш тажрибасида хар хил дўқ-пўписаларни эшитавериб, эти ўлган Қорабоев ўзини хотиржам тутишга ҳар қанча уринмасин бунинг уддасидан чиқолмади. Бу гал душманлари полковникнинг оғриқ жойини бехато нишонга олишганди. Ёлғиз ўғлидан нишона—неварасини у жон-дилидан яхши кўрар, ер-кўкка ишонмасди. Олис сафарларда бўлган чоғларида зумда қўнғироқ қилиб, неварасини суриштирар, то унинг овозини телефонда эшитмагунча тинчимас эди.

Ўтган йили бола қизамиқ билан оғриди. Касаллик оғир кечди. Бир неча кун ўлим билан хаёт оралиғида яшади. Ҳатто тажрибали врачлар ҳам унинг соғайиб кетишидан умид узишганди. Ана шунда бечора бобо невараси устида қари арслондек юм-юм ёш тўкди. Балки унинг кўзёшларига худонинг раҳми келгандир. Ҳар ҳолда талваса такрорланмади, тириклик билан ўлим орасидаги узоқ уйқудан сўнг бола шалаббо терга тушиб, кўзини очди.

—Энди хавф ўтди, бола яшайди,—деди доктор енгил тортиб. Бу хотиралардан полковник кўзи намланганини ҳис этди, биров кўриб қолмасин , деб апил-тапил рўмолчасини кўзига босди. Сўнг келинини чақириб, боласини боғчага юбормасликни қайта-қайта тайинлади.

—Дада, тинчликми?—ташвишланиб сўради келин.

—Ўзим шундай. Замон нозик. Аламзадалар кўп. Эҳтиёт бўлган яхши.

Келин маъқул ишорасини қилди. Қайнота-келиннинг суҳбати тугашини кутиб тургандек телефон босиб-босиб жиринглади.

—Эшитаман?

—Ўртоқ полковник, бу сизми?

—Ҳа, менман. Тинчликми?

—Ҳозиргина Эшонгузардан хабар олинди…

Қорабоев навбатчининг ахборотини миқ этмай охиригача тинглади. Тинглаган сайин пешонаси тиришиб, чакка томирлари ўйнаб чиқди. Яна қотиллик! Яна қон! Тафсилоти номаълум.

Охирги пайтларда Эшонгузар райони оғир жиноятлар содир этилаёттан жойга айланиб қолди. Район ички ишлар бўлими бошлиғи жиноий гурухлар билан ҳамкорлик қилгани учун ишдан олиниб, устидан тергов олиб бориляпти. Унинг ўрнига тайинланган одам эса ишни уддалай олмаяпти. Қасддан одам ўлдириш, ўғирлик, номусга тегиш каби жиноятларнинг аксарияти шу район зиммасига тўғри келади.

—Э, воҳ, менинг она шаҳрим, сенга нима бўлди? Нега бағрингга бунча кўп бағритошларни жо қилдинг?!—деган сўзлар учди Қорабоевнинг лабларидан.

Бир вақтлар у жонажон қишлоғи билан фахрланарди. Қишлоғи ҳам энига, ҳам бўйига ўсди, пахта тозалаш заводлари, ёғ-экстракция корхонаси қурилди. Қишлоққа шаҳар мақоми берилди. Ўз навбатида эшонқишлоқликлар ҳам Қорбоевни «Қишлоғимиздан чиққан чекист, биринчи полковник», деб ардоқлашар, у билан фахрланишарди. Сир эмас, бу алқашлар Қорабоевга сариёғдай ёқарди. Дилида «эшонқишлоқлик биринчи генерал» бўлиш орзуси кучайиб бораётган бир пайтда иш тескари кетди. Вилоят раҳбарлари назарида Эшонқишлоқ криминал ҳудуд, қирқ йил жиноят оламига даҳшат солиб келган Қорабоев эса «қўлидан иш келмайдиган қария»га айланиб қолганди. Айниқса, бугунги фожиа ҳаммасидан ўтиб тушди. Полковник ўз душманларининг ҳузур қилиб тиржайишларини кўз олдига келтирди. Улар Қорабоевни пенсияга чиқаришга уриниб кўринишлари учун беҳона топилган эди.

—Балки ростдан ҳам қариб қолгандирман?—деб алам билан ўйлади полковник.—Олдинги шиддат, қаттиққўллик ўрнини сокинлик, мулоҳазакорлик эгаллаганга ўхшайди. Бир вақтлар номимни эшитган ҳар бир жиноятчи зир титрар эди. Энди бевосита қўл остимда ишлаганлар ҳам ўғри-муттаҳамлар билан тил топишаяпти, ҳар хил жиноятларга қўл уришяпти. Вазифамдан олиб ташлашларини кутиб ўтирмасдан истеъфога чиқаришларини сўраб ариза берсаммикан? Йўқ, бундай қилсам жанг майдонини ташлаб қочган бўламан. Бу менга тўғри келмайди.

—   Мен Эшонқишлоққа жўнаяпман,—деди полковник бошқарма навбатчисига қўнғироқ қилиб.

—  Машинангизни юборайми?

—  Йўқ, керак эмас.

Беш дақиқалардан сўнг фуқаро кийимидаги Қорабоев ўзининг шахсий «Жигули»сида йўлга чиқди. Шаҳар кўчасида машиналар ғужғон уради, ҳар хил чапдаст «ас»ларнинг кутилмаган қалтис ҳаракатларидан эҳтиёт бўлмасанг, туртиб кетишдан ҳам тоймайди, шоввозлар.

Қорабоев бир оз йўл юргач қора рангли «Волга» анча вақтдан бери изма-из келаётганини ссзиб қолди. Тезликни пасайтириб, йўл берди, «Волга эса аксинча, секинлашди, боз устига бошқа машиналарнинг панасига бекинишга уринди. Қорабоевнинг шубҳаси ошди. «Дўстми, душманми, ҳозир текшириб кўрамиз». Полковник газ педалини қаттиқ босди. Машина човидан қамчи еган тулпордек олға қараб сапчиди. «Дум» бир зумда кўздан йўқолди. Аммо кўп ўтмасдан орқани кўрсатадиган ойнада яна қора «Волга» пайдо бўлди. У тобора яқинлашиб келарди. Унинг номер белгиси йўқлиги Қорабоевнинг шубҳасини оширди. «Уҳ, лаънати, ниятинг ёмонга ўхшайди-ку. Майли, яқинроқ кел-чи, башарангни бир кўриб қўяй, ким экансан?»

«Волга» «Жигули» билан ёнма-ён келганда рулда ўтирган кимса беихтиёр Қорабоевга ўгарилиб қаради. Катта қора кўзойнак унинг юзини тўсиб турарди. Кенг соябонли шляпасини пешосига бостириб кийган. «Ҳозир ё ўқ узади, ё машинаси билан туртиб, йўлдан чиқариб юборади», деган фикр кечди Қорабоевнинг кўнглидан. У машинасини ўнг томонга олиб, тормоз педалини босди. Худди шу дақиқада «Волга» кескин ўнгга бурилди ва қаноти билан «Жигули»га тегай-тегай дсб ўтиб кетди.

Олдинда ДАН пости оқариб кўринди. Қора «Волга» тезликни оширди-да, гўёки ҳеч нима бўлмагандек ўзи йўлига кетди. ДАН постида ҳам уни ҳеч ким тўхтатмади. Жиғибийрони чиққан Қорабоев дабдурустдан йўл ўртасига чопиб чиққан ДАН инспекторини уриб юбормаслик учун яна бир карра чапдастлик қилишига тўғри келди.

—Ҳужжатларингизни кўрсатинг!—деди сержант бетакаллуфлик билан. Граждан кийимидаги бу одам ўзининг энг катта бошлиғи эканлигини у хаёлига ҳам келтирмаганди. Қорабоев синаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва машинанинг техник паспортини сержантнинг қўлига тутқазди.

—  Машинанинг калитини ҳам!

—  Нима, қоидани буздимми?

—  Буздингиз. Қани, калитни чўзинг!

Машина калитини беришга тўғри келди. Сержант Қорабоевнинг ҳужжатларини очиб ҳам қарамади.

—  Калит ва ҳужжатларингиз менда қолади. Сизга рухсат,—сержант шундай деб постга яқинлашиб келган «Москвич»га «тўхта!» ишорасини қилиб, машина йўлига кўндаланг бўлди. «Москвич» шофери ДАН инспектори танк остига ўзини ташлаган жангчи мисол машина олдини тўсиб чиқиш мумкинлигини хаёлига келтирмаган экан шекилли, шошиб қолди, машина биланглаб бориб йўл четидаги ола-була бетон қозиққа урилди. Сержант бир четга чалпак бўлиб йиқилди. Шофернинг ранги девордек оқарди. Чопиб бориб сержантнинг қўлтиғидан олиб, туришга ёрдамлашди, бир четга учиб кетган шапкасини олиб бошига кийгизиб қўйди. У тинмай жаврар эди:

—  Ака, жонизда қасдиз борми, мошинни тайига ўзизди урасиз?

—  Аблаҳ! Кўзингга қарасанг ўласанми?!

—  Кўзимга қарадим, ака. Сиз чопиб чиққаниздан сўнг шошиб қолдим-да.

—  Ниятинг мени бостириб ўлдириш бўлган! Бўйнингта ол!!

—  Иби, ман сизни нега бостириб ўлдирай? Сиз мани арпамни хом ўрдизми?

—   Гапни калта қил, правани чиқар!

—   Права мана, ака. Мана буниси мошинни бошпурти.

Сержант қўлидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини тўрт бўлак қилиб йиртди-да, шофернинг бетига қараб отди.

—  Иби! Иби! Нима қилдиз правамди? Правилада права йиртиш йўқ-ку? Устиздан шикоят қиламан! Қилмишиз учун ҳали жавоб берасиз!

—  Бор, истаган жойингта шикоят қил!

—Бораман! Сизди сўрайдиганлар ҳам топилар!

Сержант шоферга қараб хезланганди, Қорабоев унинг тирсагидан ушлаб қолди:

—  Сиз  ноҳақсиз, сержант.

—  Мен ноҳақман? Бекорларни айтибсан!

—  Сержант! Одамлар билан бундай муомала қилишга сенга ким ҳуқуқ берди?!—ниҳоят портлади Қорабоев.

—  Ҳуқуқни биров бермайди, уни тортиб оладилар. Тушундингизми, тақсир?!

—  Сержант, ким билан гаплашаётганингни биласанми   ўзинг? Мен полковник Қорабоев бўламан!

Сержант бир зумгина меровланиб турди, холос:

—Сиз… Сиз Қорабоевмисиз?

-Ҳа!

—Мен сержант Жўраев бўламан. Амирқул Эшназарович! Мени танимаслигингиз мумкин, аммо падаримиз сизга яхши таниш бўлишлари керак?—шундай деб сержант тиржайиб полковникка қўл чўзди. Полковник бу сурбет одамга нима дейишни билмай қолди.

 

 

2

Норгул момонинг нақшинкор дарвозасига бир неча кундан бери отнинг калласидек қулф осилган. Дарвоза тирқишига «Бир ҳафта уйда ҳеч ким бўлмайди, кутманглар», деб ёзилган қоғоз қистирилган. Дабдурустдан Бойхотиннинг ҳеч кимга айтмай кетиши усталарни ажаблантирди. Момонинг бунақа одати йўқ эди. Бу ерда усталарнинг кўпи билан икки-уч кунлик иши қолган. Ҳунарманд аҳлига эса вақт ғанимат. Шу сабабдан усталар келишиб, яқиндан бери серқатнов бўлиб қолган Тўйчиникига бориб, момо қаерга кетганини суриштиришга, агар дарвозани очиб берса, қолган ишларини давом эттиришга қарор қилишди.

Тўйчиникида усталарнинг олдига ўн-ўн икки ёшлардаги қиз чиқди. Унинг ҳиққиллаб туриб айтганларидан маълум бўлдики, онаси билан отаси уч кундан бери уйга келмаган, қаерга кетишганини ҳам айтишмаган. Ҳатто ишхонасидан Севарани бир неча марта сўраб кетишибди.

Усталарнинг ҳайратига-ҳайрат қўшилди. Кўнгилларга шубҳа мўралади. Бамаслаҳат ички ишлар бўлимига бу ҳақда хабар беришди. Участка инспектори маҳалла вакили ҳамда усталар иштирокида дарвозанинг қулфини синдириб ҳовлига киришди. Қалин қор ёққанлигидан ҳовли сатҳида ҳеч қандай ғайри табиий нарса кўзга ташланмасди. Аммо уйнинг эшиги очиқ турганлиги эътиборни тортди. Милиционер ва бир-икки нафар киши эшикдан киришди-ю, дарҳол қочиб чиқишди. Уларнинг ранги девор бўлиб кетган эди.

Бирпасда бу ерга район прокуратураси ва ички ишлар бўлимининг раҳбарлари, суд-медицина экспертизаси ходимлари ҳам етиб келишди. Машъум воқеа ҳақидаги хабар тезда ҳаммаёққа тарқалди. Қотиллик тафсилотини эшитган жон борки, даҳшатдан сесканиб тушди.

Жиноят жойидан топилган ашёвий далилларга таяниб, қотил бегона эмас—Норгул момонинг тўнғич ўғли Тўйчи деган қарорга келинди. Қўни-қўшнилар ҳам ана шу гумонларни тасдиқлашди. Аммо разолат сабаблари ҳозирча тахминлардан иборат. Қотил нега онасини, хотини Севарани, Гўзал исмли жувонни ёвузларча чопиб ўлдирган? Қотил ёлғизмиди? Қурбонлар-чи?

Кийим шкафидан топилган, қўрққанидан  шайтонлаб қолган  икки-уч ёшлардаги болани шифохонага олиб кетишди. Мўъжиза юз бериб, докторлар болакайни ҳаётга қайтаришди. Аммо бола одамовига ўхшаб  қолганди.

—Бу қўрқувдан пайдо бўлган,—деган хулосага келди врач,—уни асл ҳолига қайтариш учун кўп вақт талаб қилинади. Шу сабабли болани ҳеч ким безовта қилмаслиги керак.

Экспертиза қотиллик тахминан 72-80 соат бурун рўй берган деган хулоса чиқарди. Шунга қараб қотилни ушлаш режаси тузилди.

Эл орасида миш-мишлар ўтлаб кетди. Улардан баъзилари ҳақиқатга яқиндек кўринарди. Масалан, Тўйчи билан унинг хотини Севара иккови икки олам, эр—оғир-босиқ, топганига қаноат қиладиган. Хотини унинг акси—аро-тарони яхши кўрарди, эрини оёғи билан кўрсатишини қўшнилар яхши билишарди. Боз устига, сал суюқоёқлиги ҳам йўқ эмас. «Йўқ дейди бошқа бир қўшни, қотилликка қайнона-келиннинг ўзаро келишмовчиликлари сабаб бўлган. Икки ўт орасида ҳолган эр навбатдаги можаро устига тушиб қолган бўлса, аччиқ устида икковини ҳам тинчитиб қўя қолган-да».

Хуллас, ана шунақа ақл бовар қилмайдиган тахминлар ичидан ростини қидириб топиш мушкул бўлиб қолди.

Қўни-қўшни оғзига келганини деб тураверсин, биз ҳам қотиллик рўй берган машъум хонага бир қур назар ташлайлик.

Эшикка яқин жойда боши мажақланган Норгул момо шифтга қараб ётибди. Патила-патила оппоқ сочлари боши атрофида ҳосил бўлган қонли кўлмакка тушиб, ёпишиб қолган. Сал нарироқда, гўёки момонинг оёқларидан қучмоқчи бўлгандек қўлларини узатганча Гўзал мук тушган. Ўнг елкаси бўйнига яқин жойдан чопилган, жароҳат жуда чуқур. Дераза ёнида яна бир жасад ётибди. Бу эркакча кийинган аёл жасади. Унинг ўткир қурол билан чўрт узиб ташланган боши бўлиқ сийналари устида ётибди. Кўзлари очиқ қолган, ияги тушган. Жағидаги тилла тишлари чироқ ёруғида чўғдек ялтирайди.

Вилоят ички  ишлар бошқармаси бошлиғи Қорабоевнинг тўсатдан кириб келиши терговчиларни шошириб қўйди. Унга рўй берган фожиа ҳақида ахборот беришди.

—Қотил кимлиги аниқландими?—сўради полковник терговчидан.

—Тўпланган далилларга қараб қотил марҳумнинг ўғли Тўйчи эканлиги аниқланди.

—Ушландими?

—Ҳозирча йўқ. Тезкор гуруҳ ташкил этилди. Узоғи билан кечгача қўлга олинади.

—Бундай ишонч билан гапиришингизга қараганда қотилнинг изига тушганга ўхшайсизлар?

—Ҳозирча йўқ. Лекин Тўйчи содда, муғамбирликни билмайдиган, дунё кўрмаган одам. Қочиб қаерга ҳам борарди. Борадиган иккита-учта адресини аниқладик.

—Агар Тўйчи сиз айтганчалик содда, дунё кўрмаган одам бўлса, қандай қилиб қотилликка қўл урди экан?

Бу саволга терговчи бирон жўяли жавоб беролмади.

Қорабоев ҳозиргина етиб келган район прокурори ва ички ишлар бўлимининг бошлиғи билан қотиллик бўлган хонани кўздан кечирди. «Милиция ёмон ишлаяпти. Жиноятчилар бемалол ўз ишини қилаяпти. Одамлар ҳалок бўлаяпти. Талончилик кундан-кунга кўпайиб бораяпти. Сен эса ҳеч нарса бўлмагандек кўкрак кериб юрибсан. Тағин генераллик погонини орзу қиласан. Ҳайф сендек бошқарма бошлиғига!»—деган ички ҳайқириқ ларзага солди полковникни. Қотил топилиб, жазога тортилмас экан, эшонқишлоқликлар уни кечирмасликларини ҳис этди.

У керакли топшириқларни берди-да, машинасига ўтирди. Аммо юргизишга улгурмади. Томошабин оломон ичидан ўрта ёшлардаги киши чиқиб, имо-ишора билан бир оз сабр қилишни сўради. «Ким у, дўстми, душманми? Менда нима иши бўлиши мумкин? Балки шикояти бордир?»

—Ўртоқ полковник, узр, бир минутгина вақтингизни оламан.

—Қулоғим сизда?

—  Мен Норгул момонинг тузларини кўп  ичган одамман. Касбим устачилик. Ана шу уйнинг барча ёғоч ишлари менинг қўлимдан чиққан. Гапнинг қисқаси, шу ҳовлининг ипидан-игнасигача менга маълум.

—  Бу билан нима демоқчисиз?

—  Ўқимаган одам қурсин, икки оғиз гапни жуфтлаб гапириш ҳам қўлимдан келмайди. Демоқчиманки, ана шу ҳовлида битта бетон ҳовуз бўларди. Ичига мармар териб, фонтанга ўхшаган нарса қилишмоқчи эди. Негадир ана шу ҳовуз жойида йўқ. Фақат момо қурилишдан ортган бир машина семенни ҳовузга тўктириб қўйган эдилар.

—  Шошманг, шошманг! Юринг, ўша ҳовузни кўрсатинг,—деди Қорабоев машинадан тушар экан.—Қани бошланг.

—  Мана шу ерда бўлиши керак,—деди уста Қорабоевдек улуғ одамни ишонтиролганидан қувониб.

Бир пасда анча-мунча жойдаги қор кураб ташланди. Ҳовуз ўрнини топиш кийин бўлмади. Лом ва киркалар ишга тушди. Кўнгилли ёрдамчилар кўп бўлганлиги сабабли ҳадемай ҳовуз тубига етамиз деб ўйлашганди. Бироқ қазиш ишлари осон бўлмади. Цемент билан тўла ҳовузга темир-терсак ташланиб, сўнг сув бостирилган экан. Бир неча кун давомида цемент қотиб, ҳақиқий темир-бетонга айланганди.

Машаққатли меҳнатдан сўнг каттагина ўра очилди. Ўранинг бир четида одам оёғининг панжаси кўринди. Кўнгиллилар чуввос солиб, ўрадан қочиб чиқишди. Кирка ва лом милиционерларнинг қўлига ўтди. Улар эҳтиёгкорлик билан бетонни ушатиб ола бошлашди.

Кун шомга яқинлашганда қазиш ишлари тугади. Хандак лабига ётқизиб қўйилган мурда ҳамма шубҳасиз қотил деб ўйлаган ва аллақачон қидирув эълон қилинган Тўйчиники эди!

Қидирув боши берк кўчага кириб қолди.

Район прокурори Қорабоев билан маслаҳатлашиб, Норгул момоникига келиб-кетувчиларни аниқлаш, бир-бир сўраб-суриштириш, салгина бўлса ҳам шубха уйғотган шахсларни қамоққа олиш ҳақида буйруқ берди. Улар орасида ўғри қассоблар устидан бошланган суд жараёнида гувоҳ сифатида қатнашаётган Барот ҳам бор эди.

 

* * *

Ўғри қассобларнинг айбини бўйнига қўйиш осон бўлмади. Юзлаб одамларни тергов қилиш, ашёвий далиллар тўплаш керак бўлди. Айниқса, Баротнинг гувохлигидан сўнг қассобларнинг қўлидан қилич-қалқони ерга тушди. Улар талваса ичида барча ҳомийларини сотишди. Оқибатда район ички ишлар бўлимининг бошлиғи, ОБХСС бошлиғи, яна аллақанча милицияга тегишли одамлар қора курсига ўтқазилди.

Мана, бир неча ой давом этган шов-шувли суд охирига етай деб қолди. Судга раислик қилувчи «ҳукм эртага ўқилади», деб эълон қилди.

Барот яна бир кеча шаҳар меҳмонхонасада ётиб қоладиган бўлди. У эртага суд залидан меҳмонхонага келиб юрмаслик учун сафар анжомларини тайёрлаб, кейин каравотга чўзилди. Тезда уйга қайтишини, онасидек бўлиб қолган Норгул момони, туғишган инисидек суюкли Бахтиёржонни ва албатта, малаклар малаги  Гўзал билан дийдор кўришишни ўйлаб, ширин орзулар оғушида ухлаб қолди.

Туш кўрди. Қизиқ, Норгул момо билан Гўзал гижинглаган қизил от устида кетиб боришарди. Олдиларига Бахтиёржонни ўтқазишган. От мункиб кетиб, Бахтиёржон йиқилиб тушди. Момо ҳам, Гўзал ҳам бепарво. Бола «Мени ҳам олиб кетинглар», деб йиғлаб, уларнинг ортидан чопади. Барот болани кўтариб олиб  бағрига босиб эркалади.

—Ҳозир сени отга миндириб қўяман, қўй, йиғлама,—деб болани кўтарганча отга эргашади. Барот ҳам қўлларини силкитиб парвоз қилади. Етдим-етдим деганда нимадир оёғидан ерга қараб торта бошлади. «Ҳалиям тошдан қутилмаган эканман-да», деб афсус қилади.

Барот шалаббо терга тушиб уйғонди. У ҳамон қўлларини қанотга ўхшатиб қимирлатаётганини сезди. Юрагига ғашлик ўрмалаб кирди. Туриб душга тушди. Ғашлик тобора кучайди. Яна каравотга чўзилди. Ҳар қанча уринмасин тонг отгунча кўзига уйқу келмади.

Суд соат 10 га тайинланган. Айбдорлар, даъвогарлар, оқловчилар-у, қораловчилар, Баротга ўхшаган гувоҳлар-у, шунчаки томошабинлар жамулжам. Судя ва  халқ маслаҳатчилари чиқиб, ҳукмни эълон қилишига барча маҳтал бўлиб туришибди. Ҳамманинг кўзи эшикда. Эшик очилиб, суд залига ўн чоғли милиционер кириб кеади. Улар барча эшик ва деразаларнинг олдини ўраб олишди. Ҳамманинг эътибори ўшаларга қаратилди. Барот ҳам бундай эҳтиёт чораларини маъқуллаб, жим кузатиб ўтирибди. Милиционерлар орасидан икки нафари ажралиб чиқиб, Барот томон кела бошлади. Улар йигитнинг икки ёнига ўтиб тўхташди. Йигит сергакланди.

—Қаршилик қилиш бефойда, сиз қамоққа олиндингиз!—деб шивирлади тўнғиз мўйловли зобит. —Қўлингизни беринг!—Иккинчи зобит чаққонлик билан Баротнинг қўлига кишан солди.

XXXI. ОЛТИН БАЛИҚЧА

 

Валентина уйқудан тиниқиб уйғонди. Мазза қилиб керишди. Шундан сўнгтина ўзининг бегона жойда эканлигини пайқаб қолди. Каравотда оёқларини осилтириб ўтирганча хонани кўздан кечирди. Ис босган деворлар, тахта рафдаги беҳисоб шиша ва сопол идишлар. Қаердадир кўрган эди у буларни аввал ҳам. Қаерда? Эслолмади. Аммо кўнгли тинч, хотиржам, ҳатто хушнудлик қамраб олган эди унинг вужудини. Пардоз-андозга ўч бўлганлиги боис хонада ойна бормикан, деб атрофга аланглади. Шапалоқдеккина ойна дераза олдида ётарди. Қувона-қувона қўлига олди. Ойнада сутга чайиб олгандек оппоқ юзлар, мовий денгизни эслатувчи кўзлар боқиб турарди. Бўйни нега боғланган? У эҳтиёткорлик билан босиб кўрди. Жароҳат? Қачон, қаерда, қандай?

Лоп этиб бири-биридан қўрқинчли воқеалар эсига тушди. Владимир Сисоевичнинг тасодифий ўлими, даҳшат ичида шаҳар кўчаларида чопиб юргани, милиция машинасига дуч келиб, қўл кўтаргани, уни овлоқ жойдаги ДАН постига олиб боришгани… Даҳшат! Разолат! Милиционерлардан бунчалик разилликни кутмаганди. Унинг ифлос қучоғида ётишдан ўлимни афзал кўрди. Дарвоқе, унга ўқ узишди-я! Бўйнидаги яра ўшандан бўлиши керак. Сувдан  қандай чиқди, уни бу ерга ким олиб келди?

Валентинанинг хотирасида кейинги воқеалар аста-секин жонланди. Пахмоқ соқолли чолни ва ёш йигитни эслади. Ҳатто чолнинг «энди ўлмайди», деган сўзлари қулоқлари остида жаранглаб эшитилгандек бўлди.

—Оҳ, менинг халоскорларим! Мен бир умрга сизлардан қарздорман. Қаердасиз, азизларим?

Эшик очилиб, кулбага чол кирди. У хона ўртасида турган аёлни бошдан-оёқ кўздан кечириб чиқди. Унинг лабида табассум пайдо бўлди.

—Қалай, яранг оғримаяптими?—деб сўради ўзбекчалаб. Аёл чол нима ҳақда сўраганлигини фаҳмлади:

—  Яхши-яхши. Адашмасам менинг халоскорим сиз бўласиз. Топдимми?

—  Нима деяпсан, қулоғим оғир, қаттиқроқ online гапир?

—  Мени сиз қутқардингиз, тўғрими?—деб бақириб сўради жувон.

—  Э,йўқ.

—  Бўлмаса, ким, анави йигитми?

—  У ҳам эмас.

—  Бўлмаса, ким?

—  Оллоҳ.

—  Ким?

—  Бизда Оллоҳ, сизларда бог дейишади. Сени ўша қутқарди. Унинг марҳамати кенг. Биз бир сабабчи бўлдик, холос.

—Раҳмат, ота, яхшиликларингизни бир умрга унутмайман.

- Аввало Оллохга шукр қил. Биз бандалари унинг ихтиёрисиз бирон иш қилишга ожизмиз.

—Ота, кечадан бери роса ухлабман. Гўёки ҳеч нима бўлмагандек сезаяпман ўзимни.

—Кечадан бери дейсанми? Йўқ, қизим, сен кечадан бери эмас, бир ҳафта ухладинг. Ҳамма нарсанинг давоси вақт. Менинг дори-дармонларим қувватингга-қувват қўшган, холос.

Валентинанинг ҳайрати чексиз эди:

—Бир ҳафта! Наҳотки?!

Чол ҳамон қўлида ушлаб турган тугунни столга қўйди.

—Озроқ егулик олиб келдим. Овқатланиб ол.

Жувоннинг мижжаларида ёш кўринди. Бу севинч ва миннатдорчилик ёшлари эди.

 

* * *

Ойдин кеча. Канал ёқаси. Катта шаҳарнинг шовқин-сурони етиб келолмайди бу ергача. Тун жимлигини сувда балиқларнинг ўқтин-ўқтин шалоплаб ўйноқлашигина бузиши мумкин.

Сувга қармоқ ташлаб, тиззаларини қучоқлаб ўтирган Андрей ширин ўйлар уммонига ғарқ бўлган. Шу боис қумлоқ йўлдан овозсиз юриб келаётган шарпани пайқамай қолди. Келувчи аёл киши эди. У йигитдан бир неча қадам нарида тўхтади. Шамол унинг этакларидан тортқилаб қочди, кейин елкасига тўкилиб турган сочларига ёпишиб тўзғитиб юборди. Аёл нозик бармоқлари билан сочини таради. Унинг бўлиқ кўкраклари ички сирини ошкор қилиб қўйгудек кўтарилиб тушади. Юраги қинидан чиққудек потирлайди. У шу пайтгача бирон эркак зоти олдида бу қадар ҳаяжонланмаган, тўғрироғи, бу ҳақда гапирган дугоналари устидан мазах қилиб куларди. Бир ҳафтадирки қалбида ўзгача туғён жўш юради. Муҳаббатми, бу? Шу ёшда-я?! Бўлмаса, нима? Андрейнинг нимаси ёқиб қолди унга. Укаси тенги йигитча. Киссасида ҳемири йўқ балиқчи. Лекин Валентинанинг назарида бошқаларда бўлмаган нимадир бор эди Андрейда. Ўша «нимадир» нима эканлигини жувоннинг ўзи ҳам билмайди.

Андрей кимнингдир нигоҳи ўзига қадалганини сезиб, ўгирилиб қаради. Афсоналардаги сув париси сингари қиёфа касб этган аёлга кўзи тушди.

—  Чўчитиб юбордимми, Андрюша?—шундай деб жувон йигитнинг ёнига чўккалади.

—  Жим!—деб шивирлади балиқчи. У тун қаъридан элас-элас келаётган товушларга қулоқ солаётганди. Овоз эшитилмай қолди. Айни пайтда қармоқлардан бири силтаниб, сув шалоплади. Кўз очиб-юмгунча қумлоқда каттагина зоғора балиқ биланглай бошлади. Андрей уни дарҳол сувли челакка ташлади.

—Ҳамма вақт шундай омадлимисиз ё менинг қадамим ёқдими?—кулиб сўради Валентина суҳбат учун баҳона топилганидан суюниб.—Вой, бу балиқнинг чиройлигини қаранг, тангалари кумушдек тобланади-я!

––Шуям балиқ бўптими? Ҳозир мен сизга олтин балиқча тутиб бераман.

—Ростдан-а?

—  Ҳа, ростдан,—шундай деб ўзига суйкалаётган жувонни қучоқлаб олди.—Мана, олтин балиқча ушладим!

—  Вой-вой, бу кишини қаранглар…

—  Чавақ балиқ эмас, нақ олтин балиқ. Гапиришниям билади.

—  Ҳа-да, олтин балиқ бўлгандан кейин гапиради-да,—деб эркаланди Валентина йигитнинг қучоғидан қутилиш учун ёлғондакам типирчиларкан. Олтин балиқча пайрови унга ёқиб қолган эди:

—Жон балиқчи, мени қўйиб юбор, қўйиб юборақол?

—  Йўқ, семизгина экансан, сендан ажойиб балиқ шўрва пишираман. Ўзиям қорним роса оч қолган пайтда учраганингни қара-я.

—  Ёшгина жонимга раҳминг келсин. Мени сувга қўйиб юбор. Эвазига тилаган нарсангни бераман.

—  Биламиз, ҳозирги замон олтин балиқларини. Ишлари битса, қайтиб сувда думларини кўрсатмай кетишади.

—  Мен ундайлардан эмасман, қўйворақол?

—  Йўқ!

—  Жон, балиқчи…

Жувоннинг сўзи оғзида қолди. Шу яқин ердан сувнинг шалоплаши ва аянчли товуш эшитилди.

Валентина қўрққанидан Андрейга маҳкам ёпишди. Ой булутлар орасига кириб кетганлиги сабабли ҳаммаёқ зулмат қўйнида қолган эди.

—  Кимдир чўкаяпти,—шивирлади жувон.

—  Шунақага ўхшайди.

Йигитнинг гапини тасдиқлагандек, сувнинг шалоплаши ва ёрдамга чақираётган одамнинг фарёди янгради. Шу пайт ой булутлар остидан сузиб чиқди, ҳаммаёқ сутдек ёришди.

—Ана, ана у!

Ўйлаб ўтиришнинг пайти эмасди. Дақиқа сайин ой яна булутлар орасига кириб кетиши мумкин. Шошилиш керак. Андрей бир неча қадам жойгача чопиб борди-да, сувга сакради. У бир шўнғиб, сув юзига чиқди. Бир неча қадам нарида номаълум одам ғарқ бўлаётганди. У жон-жаҳди билан чўкиб кетмаслик учун ҳаракат қилар, аммо тобора бунинг уддасидан чиқолмай қолаётганди. Майиб оёқлари ишламасди, қўллари бир неча соатдян бери ишлайвериб карахт бўлиб қолганди. Ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, оғзидан ўпкасига мўл-кўл сув кетда. Бундан у жон ҳолатда талвасаланди. Шу вақтгача унинг кўнглида «Бир неча марта жонимга оро кирган нажоткор қудрат яна бир марта ёрдамга келмасмикан», деган умид бор эди. Мана, ўша умид ҳам сўнди. Беихтиёр кимдир ва қачондир айтган бир гап эсига тушди. Шу вақггача бунга сира аҳамият бермаган экан, умрининг поёнида ўша гапни эслаганига ҳайрон қолди. Эмишки, ўлим олдидан ҳар бир одамнинг яшаб ўтган умр йўли унинг кўз олдидан кино лентасидек бир-бир ўтаркан. Савоб ишлар бир томонга, гуноҳ ишлар иккинчи томонга хирмондек уйилиб, бандасининг ўзига кўрсатилармиш. Ана шунда осий банда гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб, тавба-тазарру қилармиш-у, аммо тавбалари қабул қилинмасмиш. Бизнинг қаҳрамонимизга ҳам тириклиқдаги яхши ва ёмон томонлари кўрсатиладиган бўлди. Болалигида қилган анча-мунча савоб ишлари хатга тушириб қўйилган экан. Бундан яйраб кетди. «Аканг қарағай ҳам чакки эмас эканман, иш шу зайлда кетаверса, жаннат аталмиш санаториянинг гўзал гўшаларидан менга ҳам муносиб участкалик жой ажратилса ажаб эмас… Ие, буёғи қандай бўлди?»

Ёши улғайган сари, хусусан мансабдорлик рутбасига эришгандан сўнг умрида эришган савоблари тош босмай қолди. Арзимасдек кўринган камчиликлар ҳам гуноҳлар рўйхатига тиркаб қўйилибди. Уларнинг аксариятини унутиб юборган экан. Баччағар фаришталар битта қолдирмай қоғозга тушириб қўйишибди-я.

«Қўшиб ёзишлар аслида бизга нариги дунёдан келганга ўхшай-ди. Фаришталардан ҳам кўнглим қолди. Шу ишни мен қилган бўлсам, бўйнимга қўйиб бер, исботла! Раз, исботинг йўқми, нима қиласан рўйхатга тиркаб, худони чалғитиб! Бу ишларда бир чеккаси худонинг ўзи ҳам айбдор. Бўлмаса, олий ҳукмдор бўлатуриб бандасининг бутун ихтиёрини ўз ихтиёрига бериб қўярмиди. Ахир ҳозирга замонда бировни назоратсиз қолдириб бўларканми. Қўйиб берсанг, бошингга чиқиб олишади, шоввозлар… Мана, чўкиб ҳам бўлдик. Сассиқ балчиқ—сўнгги маконимиз. У ёғи маълум, гуноҳларимиз кўплиги сабабли асфаласофинга йўлланма тайёрлаб қўйишган бўлса керак. Бу уларнинг қўлидан келади».

Бечора сўнгги дақиқада қопқоронғи ўпқонга учиб тушаётганлигини идрок этди. У ярим йўлдаёқ ҳушдан кетди.

 

* * *

Андрей иккинчи марта сувга шўнғиб, чалажон гавдани қирғоққа судраб чиқди. Валентина ҳам елиб-югуриб ёрдамлашди. Анча саъй-ҳаракатдан сўнг сувдан олиб чиқилган одамнинг юраги ура бошлади ва яна бир оздан сўнг кўзини очди. Ой ерда бўлаётган ҳангомаларни дурустроқ кўрмоқчи бўлгандек булутлар пардаси орасидан мўралади. Унинг мўл-кўл нури ҳозиргина нариги дунёдан қайтган бечоранинг тепакал бошини, сўнгра юзини ёритди. Валентина «вой» деганча орқага тисарилди. Андрей жувонни бирон газанда чақиб олган гумон қилиб, у томон ўгирилди. Аммо Валентина бир сўз демасдан қумлоқ йўлдан чопиб кетди. У нимадан бунчалик қўрқиб кетди? Е манави одамни танирмиди? Ахир, Валентинанинг ўзи ҳам бу овлоқ ерга сирли равишда келиб қолмаганмиди?

Андрей анча пайтгача ойдинда югуриб бораётган аёл изидан сўзсиз қараб қолди…

XXXII. ТЎЙ

Purchase  

Қуёш ботиб, тун қора пардасини судраб келиб қолди. Далани биринчи бўлиб ўқувчилар тарк этишди, уларнинг изи билан колхозчи аёллар йўлга тушишди. Чанг кўтариб даладан қайтаётган сигирларнинг, қўй ва эчкиларнинг маъраши ҳаммаёқни тутиб кетди. Кун бўйи таққа-тақ ёпиқ турган дўконларнинг эшиги очилди. Аммо бугун ҳеч ким дўконга чопмади, тандирларга ўт ҳам ёқилмади. Қизу жувонлар бисотларини кавлаштириб, қачонлардир сотиб олинган ва шу вақтгача кераксиз матоҳдек сандиқнинг бир бурчагида ётган упадону сурмадонларини қўлларига олдилар. Йигитлар ҳам қадоқ қўлларини атир совунлар билан ювиб, соч-соққол қиртишлашга тушишди. Момолар эса бутун маҳоратларини қатлама пиширишда кўрсатишди.

Бир ҳафтадан бери дув-дув гап. Кимсан Эшназар раис қизи Гулшодани эрга беряпти!

Гулшода ҳақида эл оралаб юрган висир-висир гапларга қарамасдан уни келин қилиш орзусида юрган мансабпарастлар оз эмасди. Уларни Гулшоданинг ўзидан кўра отасининг бойлиги кўпроқ қизиқтираётган эди. Аммо ҳеч ким кутмаган воқеа рўй берди. Област партия комитети биринчи котибининг укаси, матлубот бошқармасининг раиси Эшназар раиснинг қизини ўғли учун сўратиб, совчи юборди.

Бўлажак куёвини Эшназар раис яхши танирди. Мажнуннамо, касб-корининг тайини йўқ, аммо уч-тўртта ўзига ўхшаган такасалтангларни атрофига тўплаб, тегмаганга тегиб, текканга кесак отиб юрган безори. Бўлажак қудасининг давлати ётиб еса етти пуштига етади. Шундай одамга қиз бермай кимга ҳам берарди. Аччиқ устида Гулшодани ўзининг шоферига ўз ёнидан тўй қилиб бериб юбормаганига шукр қилди. «Сабрнинг таги сариқ олтин», деб шунга айтсалар керакда.

Совчилар келиб кетишгач, тўйга тайёргарлик қизиб кетди. Бўлажак куёв кунда бўлмаса ҳам ўзининг қора рангли «Мерседес»ида қайлиғини кўргани келиб турди. «Почча»ни кўришга муяссар бўлган аламзада «ошиқ»лардан бири куёв ҳақида гап тарқатди. Кечга бориб ҳамма шу ҳақда гапира бошлади:

—  Куёвнинг бир кўзи кўр экан!

—  Ол-а, бу гапни қаердан олдинг?

—  Қулоғимга қарға шивирлаб кетди. Ишонмасанг, тўйда кўрасан.

—  Ти-ш-ш!…

—Вой, ўлибманми бировнинг сирини бировга айтиб.

—  Раисимизнинг бўлажак куёвлари мафия эмиш!

—  Мафия эмиш? Бу яхшими, ёмонми?

—  Оббо, соддасан-да! Мафия дегани, мен сенга айтсам, жиноятчидан ҳам ёмон.

—Ундай бўлса, одам-подам ўлдирганмикан, а?

—Жим, овозингни  чиқарма!

 

* * *

Қишлоқ узра карнайларнинг «ғат-ғати» янгради.

Одамлар гурос-гурос бўлиб тўйхонага шошилдилар.

Минг шамлик электр чироқлари тўйхонани кундузгидек чароғон қилган. Районнинг амалдорман дегани бел боғлаб, хизмат қилиб юрибди. Минг кишига мўлжаллаб жой қилинган. Сархил ноз-неъматлар кўплигидан столларнинг бели букчайган. Лекин ҳали дастурхонларни очишга рухсат йўқ. Куёв томон кечикаётган эди.

Ниҳоят, кўча бошида турнақатор енгил машиналар эскорди кўринади. Карнайлар баланд пардаларда «вата-ват» қилишга тушди. Сурнайлар нолишидан юраклар сел бўлиб кетди. Эскорд дарвоза олдига етиб тўхтади…

Эшназар раис бошдан кечирган даҳшатли воқеалар оқибатида оғир касалга чалиниб, бир неча кун «ана кетди, мана кетди» бўлиб, ўлим билан тириклик орасида ётди. Биринчи котиб билан қариндош бўлиш севинчи сабаб бўлдими, ҳар тугул дарди енгиллашиб, бошини кўтарди. Атрофидагилар ҳам эркин нафас олишди. Тўй тадориги бошлаб юборилди.

Раис ҳамон қувватга кирмаган бўлса-да, қудаларни ўзи кутиб олишга аҳд қилди. Сойибназаров тўйга, албатта, бораман, деб ваъда қилган.

—Қудалар кўриниши билан менга хабар қилинглар, -деди раис қўлтиғидан олиб турган йигитга.—Ҳозир эса мени ёлғиз қолдир.

Эшназар раис хаёллар оғушига шўнғиди. Тўйхонанинг шовқин-сурони ҳам раиснинг тизгинсиз ўйларига ҳалақит беришдан ожиз эди. Ҳаёлида жонлантирилган  иккинчи «Мен» босиб ўтган умр йўли ҳақида ундан сарҳисоб талаб қилаётганди.

 

* * *

У ёмон яшамади. Эсини танибдики, ҳаётдан ўз улушини олиш учун курашди. Гоҳ енгди, гоҳо енгилди. Мағлубиятларга ҳам ўргана билиш керак экан. У ҳеч қачон тушкунликка тушиб, кўз ёши тўкмаган. Йиғлоқиларни жини суймайди. Йўлига тўғаноқ бўлганларни иймонини сотиб бўлса ҳам маҳв этар экан «менинг ўрнимда бўлишганда улар ҳам шундай қилишар эди», деб ўзини оқламоқчи бўлади. Обкомнинг биринчи котибининг укаси билан қариндош бўлаётганини эшитган дўсгу душманлари Эшназар раиснинг ботаётган қуёши қайтадан порлашидан фол очишди. Ҳа, унинг омади келган эди.

Омад билан омадсизлик бирга ташриф буюрди. Гулшоданинг унаштириш тўйидан бир-икки кун ўтгач, идорасига номаълум икки киши кириб келди.

—Кимсизлар, сизларга нима керак?—деб жаҳли чиқиб сўради раис.

Унинг изнисиз кабинетига чивин ҳам киритилмасди-да. Раис котибани чақириш учун электр қўнғироқнинг тугмачасини уст-устига босди.

—Овора бўлма, раис,—деди қора кўзойнакли новча «меҳмон».—Қўнғироқ ишламайди. Котибанг ҳам кетиб қолган. Тез бўл, биз билан бир ерга боришинг керак!

Эшназар раис рўпарасида турганлар кимлигини фаҳмлади. У қачон бўлса ҳам бу кун келишини биларди. Қўрққанлигини билдирмасликка уринди.

—  Қулоғим сизларда. Мендан нима истайсиз?

—  Нима исташимизни кейинроқ билиб оласан. Ҳозир биз билан боришинг керак.

—  Қаерга?

—  Боргандан кейин биласан. Агар бақиришга уринсанг, ўзингиздан ўпкала!—деди бандит раиснинг қорнига тўппонча тираб.

Куппа-кундуз куни Эшназар раис йўқолиб қолди. Аввалига бунга ҳеч ким эътибор бермади. Бир-икки марта райондан сўрашгач, уйига одам юборилди. Уйидагилар ҳам унинг қаерга кетганини билишмас экан. Фақат бир киши—раиснинг котибаси фожиа рўй берганини фаҳмлади, аммо ўз вақтида тилини тишлаб қолди.

Шундан сўнг китобхонга бундан аввалги боблардан маълум бўлган шиддатли воқеалар бошланиб кетади. Бандитлар раиснинг бошига итнинг кунини солиб, қийнашди. Пул ва олтинлари яширилган жойни кўрсатишни талаб қилишди. Бир неча марта ўлим билан рўпара келди. Энди адо бўлдим, деган пайтда Владимир Сисоевични етказди. Тақдир яна бандитларга рўпара қилди. Энди нажот йўқдек бўлиб туюлди. Бечора Владимир Сисоевични машина ғилдираклари остида эзғилаб, жасадини каналга ташлаб юборишгач, раис пул ва олтинлари яширилган жойни кўрсатмаса азоблаб ўлдиришларига кўзи етди. У бойлигининг каттагина қисми яшириб қўйилган жойнинг дарагини айтди.

Бандитлар ўз тилларида маслаҳатлашиб олишди. Яхшиямки уларнинг нима ҳақида гаплашганликларини Эшназар раис тушунмади, акс ҳолда даҳшатдан шу ернинг ўзида ўлиб қўяқолган бўларди.

—  Олтинларни қўлга киритишимиз билан мана бу лаънатини ҳам асфаласофинга жўнатамиз,—деди новча. —Умримда мени ҳеч ким бунчалик лақиллатмаган эди.

—  Тўғри, мени ҳам жонимдан тўйдириб юборди. Агар рухсат этсанг, ҳозироқ чавақлаб ташлайман,—деди бақалоқ.

—  Йўқ, у ҳали бизга керак бўлади.

Бандитлар тонг отмасдан Эшназар раиснинг қишлоғига етиб келишди. Заҳкаш ариқдан нариёғи раиснинг қишлоғи. Баланд деворли ҳовлига кириш осон бўлмайди. Ҳар бири эшакдек келадиган итлар кечаси билан занжирини шалдиратиб, ҳовлида айланиб юришади. Бандитлар бунинг чорасини топиб қўйишган. Заҳарланган колбаса билан итлар тинчитилади. Қолгани бандитларнинг маҳоратига боғлиқ.

Оббо, лаънати, ариқ кўпригида ғўзапоя ортилган тележка қийшайиб ётибди. Бир ғилдираги кўприқдан тушиб кетган. Кўприк тор бўлганлиги сабабли ёнидан ўтиб кетиб бўлмайди. Ё шатакка олиб тортиб чиқариш керак, ё биратўла ариққа итариб юбориб, йўлни очиш лозим.

—Бу тузоқ эмасмикан?—деб шивирлади новча бир зум иккиланиб.

—Ҳозир текшириб кўрамиз,—деди бақалоқ ва хунук сўкиниб, кабина эшигини очди.

—Тушма!—буюрди новча.—Мен одам шарпаларини кўраяпман. Бизни лақиллатишди! Аммо қўлга тирик тушадиган аҳмоқ йуқ. Машинани орқага қайгар! Қутилиб кетишга ҳаракат қиламиз.

Бақалоқ машинани буриб юборди. Машина чироқлари яхши қуролланган аскарларни ёритиб ўтди.

—  Бизни ўраб олишган!

—  Кўриб турибман.

—  Машинадан тушинглар, қаршилик кўрсатиш бефойда!—деб хириллади қоронғилик бағридан овоз кучайтиргич.

Жавоб бўлмади.

—Ҳей машинадагилар, ухлаб қолдиларингми, нима бало?

Босқинчилар овоз келган тарафга қарата тасирлатиб ўт отишди. Кимдир додлаб юборди…

Машина бакини ўқ тешиб ўтди. Кучли портлаш эшитилди. Кузовда қўл-оёғи боғлиқ ёгган Эшназар раис ўтда тириклай қовурилиш даҳшатидан ҳушини йўқотди.

У касалхонада ўзига келди. Ит талаган жойлари йиринглаб, катта ярага айланган, машина ёнганда қўл-оёғи қаттиқ куйган эди. Юраги тез-тез хуруж қиладиган бўлиб қолганди. Докторларнинг айтишига қараганда асаблари ҳам ишдан чиққан, астойдил даволанмаса оқибати яхши бўлмас экан.

Раис сал ўзига келгач, у ётган палатага фуқаро кийимидаги терговчи келиб, сўроқ қилди. Бандитларнинг қўлига қандай тушиб қолгани, у билан қандай муносабатда бўлишгани, қаерларга боришгани ҳақида сўраб олди. Терговчи вилоят партия комитетининг иккинчи котиби Кочубей бандитлар қўлида ҳалок бўлганини эшитгач, сўроқни тўхтатиб, бу ҳақда бошлиғига хабар қилиш учун чиқиб кетди.

Эртаси куни терговчи яна келди. Унинг оғзи қулоғида эди.

––Сиз берган маълумотлар жиноий гурухнинг қонли қилмишларидан бир қисми ва энг охиргиси бўлди, ––деди терговчи. ––Улар бир неча йилдан бери ёлланма қотилларда айбланиб, мамлакат бўйлаб қидирувда эди. Кўп одамнинг ёстиғини қуритишган. Сизнинг бахтингиз бор экан, тирик қолдингиз.

—  Ҳойнаҳой бандитлар бу сафар ҳам қутилиб кетишгандир?

—Йўқ, қўлга олиш пайтида иккови ҳам ўлдирилди.

Раиснинг томоғига нимадир тиқилди, у шу топда ҳўнграб юборишдан ўзини аранг тийиб қолди.

—  Итга итларча ўлиш насиб этипти-да! Дарвоқе, бандитларнинг изига қандай тушдиларинг?

—  Дастлаб вертолёт учувчиси хабар қилди. Кейин пармалаш қудуғидан радиограмма олдик. Бандитларнинг ҳаракат маршрутини ўрганиб, икки-уч жойга пистирма қўйдик. Ана шундай пистирмалардан бири қишлоқ кўприги ёнига қўйилганди. Пистирмада турган жангчилардан бири оғир яраланди.

—Владимир Сисоевичнинг жасадини топишмадими?

—Ҳозирча йўқ. Ғаввослар қидиришаяпти.

Раиснинг юрак хуружи бошланаётганди. У терговчининг қоғозларига шоша-пиша имзо чекди-да, «Докторни чақиринг»,—дейишга улгурди…

 

* * *

Эшназар раиснинг тўсатдан йўқолиб қолиши, сўнг бир абгор ҳолатда топилиши тўйни анча орқага суриб юборган бўлса, унинг оғир хасталиги сабабли тўйни номаълум муддатга кечиктириш хавфи туғилди. Бу куёв томонни ҳам, Эшназар раиснинг ўзини ҳам қаноатлантирмас эди.

—Тўй қудалар белгилаган кунда ўтказилади. Қудаларга шундай деб хабар қилинглар,—деди раис. У кўзи очиқлигида енгилтак қизининг тўйини кўришга шошилаётганди.

Куёв томон ва қудалар ташрифидан хабар бериб, карнайлар ғат-ғатлашга тушди. Ўттиз-қирқтача енгил машинадан иборат эскорднинг олдида қора зулукдек «Мерседес» келарди. Бошқа машиналар тўйхонага етмасдан тўхтади. «Мерседес» дарвозага етганда тормоз берди. Ундан жингалак сочлари елкасига тушиб турган, қора кўзойнак таққан бақалоқ йигит чиқди. Раис куёви ҳурматига ўрнидан турмоқчи бўлгандек ҳаракат қилди. Ҳафиз илдамлаб етиб келди-да, қучоқлашиб кўришди:

—  Салом, адажон. Қалай, тузалиб колдингизми?

—  Раҳмат, ўғлим, бироз дурустман. Ўзингиз яхшимисиз, қудалар дурустми?

—Ҳали-замон кеп қоладилар.

—Амакингиз-чи?

—Амакимни срочний цекага чақиришган. Ўшоқдан поздравительний юборармишлар.

—   Бахай, тинчликми?

—  Билолмай қолдик. Амаким доим шунақа. Цекани қоровули телуфон қилсаям «Лаббай, нима хизмат?» деб турадилар.

—Амакингизгаям осон тутманг, ўғлим. Элнинг отаси бўлиш осонмас. Бир ёғи замон нозик. Бизларга «Обкомнинг фарроши айтсаям айтганини қилишга мажбурсизлар», деб таълим берганлар. Бу ҳам раҳбарлик санъати ҳисобланади. Майли, ўғлим, сизлар бемалол ўйнаб-кулиб ўтиринглар. Мен бориб бироз дам олай…

Тўй базми бошланди.

Дастурхонда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Саҳнада республиканинг донғи кетган санъаткорлари баланд авжларда хониш қилишмоқда. Ўртада товуснинг патидан жиға қадаган гўзал раққоса чархпалак уриб айланади. Хонандалар ҳам, раққосалар ҳам зумда алмашиб турибди. Шундай номдор тўйда ҳамма ўзини кўрсатиб қолгиси келади-да. Эстрада хонандаларига навбат етганда ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Оркестр даранглаб, халқ куйларидан бирини бошлаб юборди. Ширакайф йигитлар жувон атрофида йўрғалай кетишди. Раққоса ҳам бутун маҳоратини кўрсатишга ҳаракат қилиб, хира пашшадек суйкалаётган йигитни думбаси билан туртиб юборди. Давра қий-чув бўлиб кетди. Йигит ўйнаб туриб раққосани таъқиб этар, аммо бу ишнинг роса ҳадисини олган жувон уни доғда қолдириб, нозик жойлари билан туртиб, баттар ҳирсини оширарди.

Бечора йигит шалаббо терга тушди. Давра ўртасида туриб, киссаларини ковлаштира бошлади. Қўлига битга ўн сўмлик илашиб чиқди. У пулни боши узра баланд кўтарди. Раққоса яқинроқ келди, пул ёпиштиришини кутиб, қилпиллай бошлади.

—  Битта ўптирсанг, пул сеники бўлади.

—  Ҳо, ўн сўмга битта ўпичми?

—  Яна бераман.

-Насияни ўғрига чиқарган, кўзидан.

Йигит чўнтагини кавлаштира бошлаганди, раққоса чаққонлик билан қўлидан пулни юлиб олди. Даврада шодумон қийқириқлар янгради. Мулзам бўлган йигит жойига бориб ўтирди.

Даврага колхоз омбор мудири билан бош бухгалтер чиқишди. Ҳар иккаласи ҳам шуҳратпарастликда бир-биридан қолишмаслигини билган давра аҳли уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини зўр қизиқиш билан кузата бошлади.

Омбор мудири машшоқлардан бирининг қулоғига нимадир деди. У бош силкиб, «маъқул» ишорасини қилди, сўнг  шерикларига мудирнинг гапини етказди. Мусиқа тинди. Ўйнаётганлар жой-жойида тўхтаб қолишди. Омбор мудири қўлига микрофонни олди, бир-икки марта «пуф-пуф»лаб, тилга кирди:

—Ҳурматли даврадошлар, азиз меҳмонлар-у, мезбонлар! Бугун ҳаммамиз учун ҳурматли бўлган раис бобомизнинг фарзандларининг бахт кечасида ўтирган эканмиз, ҳар биримиз ана шу кечани эсда қоладиган қилиб ўтказишимиз керак. Бунақа тўй ҳар юз йилда битта бўлади. Даврамиз тўрини тўлдириб ўтирган укамиз, куёвтўра бўлмиш Ҳафизжон санъат соҳасида беназир. Келин пошша эса ажойиб педагог бўлиб етишиш арафасида турибдилар. Мен ҳозир удумларимизга эндигина кириб келаёгган анъанага асосланиб, даврага куёвтўра билан келинпошшани таклиф этаман!

Унинг қўлидан микрофонни бош бухгалтер олди:

—  Мен омбор мудиримизнинг гапларига юз фоиз қўшиламан ва яна шуни илова қиламанки,—бош бухгалтер оёқда зўрға турган бўлса ҳам ҳали тили бурро эди,—Ҳафизжон укамиз қўшиқ айтадилар, раққоса синглимиз ўйин тушадилар. Омбор мудири билан мен эса пул қистирамиз.

—  Фақат бир шартим бор,—дсди омбор мудири оғзининг таноби қочиб.

—  Шартингизни айтинг.

—  Бир пачкадан икки марта пул олмайсиз. Ҳар гал янги пачкадан қистирасиз.

Бош бухгалтернинг дами ичига тушиб кетди. «Йўқ», деса—енгилгани бўлади, «Ҳа», деса—бели синади. Яхшиямки, темир сандиқдан икки-уч пачка ўнталик билан йигирма бешталикни олиб, киссасига солиб қўйгани. Шавла кетса-кетсин-у, обрў кетмасин, деган хаёлда:

—Ҳамма шартингиз шуми?—деди қаддини тик тутишга ҳаракат қилиб.—Мана, биз тайёрмиз.

Омбор мудири машшоқларнинг бошлиғига қараб им қоқди. Оркестр даранглади. Даврадагиларнинг қий-чуви ва чапаклари остида келин-куёв даврага тушишди. Колхознинг икки амалдори келин-куёв бошидан пул сочиб юборишди. Одамларнинг ҳайратига, ачинишига ва яна ифодалаш қийин бўлган аллақандайдир ҳислар билан булғанган пуллар бир неча муддат ҳавода сузиб, бу қадар хор бўлганидан ўкингандек бирин-кетин ерга қўнарди.

Келин-куёв даврани бир айлангач, Ҳафиз қайлиғини етаклаб, ўз жойига кузатди. Кейин машшоқларнинг олдига келди. Гитарачи йигит тавозе билан унга жой бўшатди. Давра узра ёшлар ўртасида машҳур бўлиб кетган қўшиқ янгради.

Ўртага кийиқдек сакраб раққоса чиқди. Унинг қадам ташлашлари ва барча ҳаракатларидан ширакайф йигитлар «оҳ», «уҳ» қила бошладилар. Бош бухгалтер киссасидан бир пачка ўн сўмлик чиқарди-да, ундан бештасини суғуриб олди. Кўз остидан омбор мудирига қараб қўйди. Омбор мудирининг юзида истеҳзо жилваланди.

Раққоса пул қистираётган бойваччага ўзини тутиб берди. Бош бухгалтер жувоннинг оппоқ маммалари орасига пулни тиқар экан, иккинчи қўли билан ўзининг ўнг юзига ишора қилди. Раққоса ўша жойидан бағоят ихлос билан чўлпиллатиб ўпди. Бош бухгалтер мамнун тиржайиб, четга чиқиб турди. Навбат омбор мудирига келган эди. У ҳам ўнталик пачкани очди, ўнта ўн сўмликни ўнта бармоғи орасига қистирди, кўриб қўйинглар, дегандек қўлларини баланд кўтарди. Қорнини силкитиб, терга тушиб, ҳарсиллаб қолгунча ўйнади. Пулларни раққосанинг қўлига тутқазди. Яна навбат бош бухгалтерга келди. У ички бир дард билан ўнта ўн сўмликни қистириб юборди. Мудир пинагини ҳам бузмасдан саккизта йигирма бешталикни бериб юборди. Қистир-қистирнинг охири кўринмасди. Мудир бирваракайига беш юз сўмни қистириб юборгандан сўнг бош бухгалтернинг мазаси қочиб қолди. Ҳақиқатдан маст бўлдими ё ўзини мастликка солдими, ҳар ҳолда ранги девордек оқарди. Уни икки-уч йигит қўлтиғидан олиб, даврадан чиқариб қўйишди. Омбор мудири охирги сўмларни ҳам чиқарди-да, ўз тўйида ёниб қўшиқ айтаётган Ҳафизнинг устидан «садқайи сар» дегандек сочиб юборди.

Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Қудалар келинни олиб жўнаш тараддудига тушишди. Кайфи ошиб қолган куёвни жўралари кўтариб, келин тушган «Мерседес»га тиқишди.

Эшназар раис шу кеча ухлай олмади. Тўй яхши ўтган бўлса ҳам кўнгли ғаш, юраги зирқираб оғрийди. Хафақонлик сабабини англай олмайди. Тўйни қутлаб келувчилар ҳам раиснинг таъби хира эканлигидан ўзларича маъно қидиришади.

Сиқилиб кетган раис транзистор қулоғини буради. Диктор қандайдир муҳим маълумотни ўқиб тугатаётган экан:

«…нафақага чиққанлиги муносабати билан област партия комитетининг биринчи котиблиги ва бюро аъзолигидан озод қилинди».

Ким? Қайси област ҳақида гапирди? Нега радиони олдинроқ қўймади?! Раис жон-жаҳди билан радио тўлқинларидан янгилик қидира бошлади. Ярим соатдан сўнг ахборот такрор ўқиб эшиттирилганда у кечадан бери эзиб келган ғашликнинг сабабини тушунди. Сойибназаров ишдан олинган! Бу ҳам гўрга, энг даҳшатлиси олдинда. Шу вақтгача ҳали биронта раҳбар ишдан олиниб, осонгина қутилиб кетган эмас. Ҳаммаси жавобгарликка тортилди, баъзилари ҳозир ҳам авахталарда азоб чекаяпти, баъзилари Сибир ўрмонларида дарахт кссиб юрибди. Уларнинг бола-чақалари, қариндош-уруғлари азобга шерик. Наҳотки, қариган чоғимда мснинг ҳам бошимга қора кунлар тушса?! Нима учун, ким учун?! Мен ўзимни донишманд, валий санаб юрардим. Дунёнинг келишини олдиндан айтиб бера оламан, деб мақтанардим. Афсус, афсус, хато қилган эканман! Ўз бошимни ўзим кундага қўйиб берибман. Сойибназаров вазифасида бир умр қолади, деб ўйлаганмидинг, миясини еган чол!

Раиснинг юраги санчди. Азойи баданини совуқ тер босди.

—Ҳой, ким бор?—дея ингради бемор тобора ҳолдан кетаркан. Унинг нидосини ҳеч ким эшитмади…

 

buy naprosyn XXXIII. ҚОН ИСИ

 

1

Баротни бир ойга яқин ушлаб тургандан сўнг қўйиб юборишди. Нега қамашди-ю, нега қўйиб юборишди? Олдинги иш бўйича бўлса керак, деб тахмин қилганди. Аммо у ҳақда бирон марта бўлсин эслатишгани йўқ. Мавҳумликдан ёмон нарса йўқ, лекин аста-секин одам ўрганар экан.

Кун оралатиб сўроққа чақиришади. Терговчи тўтига ўхшаб фақат битта саволни такрорлайди:

––Норгул момо билан қандай қариндошчилигинг бор? Қариндошинг бўлмаса, уникига тез-тез боришдан ва уникида ётиб юришдан мақсадинг нима эди?

Терговчи ҳар гал Баротга аллақандайдир қоғозларга қўл қуйдириб, пўлат сандиққа ташлайди.

Норгул момо данғиллама уй қурдиргани учун   қийин-қистовга олинаётган бўлса керак, деган тусмол-хулосага келди Барот. Бечора момо! Бир умр қўли косов, сочи супурги бўлиб яшагани етмаганмиди бечоранинг. Йигит ўз кулфатларини ҳам унутиб, онасидек қадрдон бўлиб қолган аёлга ачина бошлади.

Хуллас, Барот навбатчи милиционердан ҳужжатларини олди-ю, хайр-хушни насия қилиб, кўчага чиқди.

Балиқпазлик дўкони олдидан ўтаётиб дўсти Андрей-Ахмаджон эсига тушди. Юраги орзиқиб кетди. Кўргиси келди. Бошига не кўргиликлар тушди экан бечоранинг? Ё ҳаё-ҳуйт деб юртига кетиб қолдимикан? Шунча жойга келиб кўрмай кетса инсофдан бўлмас. Барот «Кўриб кетганим бўлсин», деди-ю, яна ўйланиб қолди. Ахир Андрейнинг манзилини билмайди-ку? Балки Максим тоға билар? Жила қурса бобо билан суҳбатлашиб қайтар.

Максим тоға Баротни хушнуд қарши олди. Отахоннинг соч-соқоли ўсиб кетган, уст-боши бир ҳолатда. Аммо кайфи чоғ.

—Борис, болам, мен қарияни койима, сал анави дардисардан тортганман,—деб ўзини оқлаган бўлди қария. — Дунёда одам кўп экан, ўлган билан адо бўлмас экан. Ҳар куни уч-тўрт кишини дафн этишади. Балки бир кун менинг ҳам навбатим келиб қолар. Аммо қачон? Буни бир худо билади. Мен ўлимдан қўрқмайман. Айтсам ишонмассан—тирикликдан зерикиб кетдим. Очиғи, бу ҳаётдан бездим. Паҳлавон Иванимни тупроққа қўйган кунимдан бери тириклар ҳисобида йўқман. Қани, дейман, худонинг менга санаб берган кунлари тезроқ тугаса-ю, болагинамнинг ҳузурига отлансам,—отахоннинг патила-патила соқолларига кўзёшлари томди. У кафтининг орқаси билан кўзларини артиб, гапида давом этди.—Болам, мени айбга буюрма, бу мастликдан эмас, сени кўриб, ўғлимни кўргандек бўлиб кетдим. Ҳеч кимга фарзанд доғини тортиш насиб этмасин экан.

Барот чолни қандай қилиб овутишни билолмай лол бўлиб қолди. Жонига қариянинг ўзи оро кирди. Кружкага арақ қуйиб, йигитнинг қўлига тутқазди:

—Ич! Йўқ, ерга қўймасдан ич! Ҳа, эсим қурсин, айтиш эсимдан чиқибди, бугун Иванимнинг туғилган куни. Зап келдингда,болам. Икковлашиб Иванимнинг туғилган кунини нишонлаймиз.

Барот кружкани бошига кўтарди. Шўр бодринг билан газак қилди.

—Мен вайсақи чолдан хафа бўлма,ўғлим. Ўзингнинг ишларинг қалай? Оқланиб кетдингми?

Барот бошидан кечирганларини сўзлаб берди. Арақ баданини қиздириб, сўзамол қилиб қўйганди.

Максим тоға бир вақтлар гурзидек залворли бўлганлиги кўриниб турган қоқсуяк мушти билан столни урди:

––Ўҳ, лаънатилар, ҳалиям тинч қўйишмаяпти, де?!

—Шунақа бўлди.

—Шунақа бўлмаслиги керак!

Барот умидсиз шивирлади:

—Худо билади.

—Тинч қўйишга мажбур қиламиз!

Баротнинг лабида истеҳзо жилваланди:

—О-ҳо, отахон, зўрсиз-у!

Қария бир сўз демасдан Баротнинг тирсагидан ушлаб, лаш-лушлар уюлган бурчакка етаклади.

––Манави қопни очиб қара-чи, нима бор экан?

Барот чарм қопнинг оғзини очди-ю, ҳайратдан қотди. Қоп лиқ тўла пул эди. Йигитнинг ҳайратига-ҳайрат қўшиб бир неча даста бели синмаган элликталик ва юзталик пул ерга тап-тап тушди.

Барот унсиз чолга қаради. Унинг рўпарасида тамоман тушкунликка берилган, мункиллаб қолган чол ўрнида елкаларини кериб, бошини мағрур кўтарган паҳлавон сифат одам турарди.

––Кўзларингта ишонмаяпсан, тўғри топдимми?

Барот туш кўрмаётганига амин бўлди:

—  Манавилар қаердан келди? Бари… ўзингизникими?

Қария гумбурлаб кулди:

—  Банкни ўмарганман! Шунча пулни банкдан бошқа яна қаердан топасан?

Йигит ифлос нарсага тегиб кетгандек қопдан қўлини тортиб олди. Буни кўрган чол хохолаб кула бошлади.

—Мен қароқчиларнинг пири бўламан!

Барот аста орқага тисарилди. Унинг дилида ёқимсиз ҳислар уйғониб келаётганди.

Чол кулишдан тўхтади:

––Банкни ўмардим, деганимга лаққа ишондингми? Демак, сен ҳали Максим тоғани яхши билмас экансан.

—  Бўлмаса,.. бу пуллар қаердан келди?

—  Қани, бу ёққа ўтир. Бир бошдан гапириб бермасам ишонмайдиганга ўхшайсан.

Ўтиришди.

Қарияни   юзида зуҳр этган сохта мағрурлик тарк этиб, у яна ўзининг асл қиёфасига қайтган эди.

 

* * *

Қуш уйқусида ётган Максим тоға аллақандай шарпалардан уйғониб кетди. Вақт алламаҳал бўлган. Бу пайтда мозористонга ким ҳам келиши мумкин? Балки кафандўзлардир? Ундай деса, одамлар бу касб билан шуғулланмай қуйишганига кўп йиллар бўлган.

Чол ҳар қанча қулоқ тутмасин шарпалар бошқа эшитилмади. Лекин отахонни уйқу тамоман тарк этиб дилига безовталик ўрнашиб олганди. Ташқарига чиқди. Осмонда милт этган юлдуз кўринмайди. Икки қадам нарадаги нарсани илғаб бўлмайди. Чол бир хулосага келганича йўқ эдики, катта йўл тарафдан «тўп» этган товуш эшитилди. Кейин машинанинг чироғи ёниб-ўчди. Узуқ-юлуқ сўзлар, хашакни шитирлатиб босиб келаётган қадам товушлари қулоққа чалинди. Чақирилмаган ва боз устига пўсиб келаётганлар ким бўлди экан? Оёқ учида юриб, кулбасига кирди, деворга осиғлик қўшоғиз милтиқни олди, шошмасдан ўқлаб, ташқарига қайтиб чиқди.

Шамол туриб, жоҳилларнинг кўнглидек қоп-қора булутларни тумтарақай қилиб ҳайдаб юборди. Осмон гардишида тўлин ой пайдо бўлди. Ўликлар салтанати сутдек ёришди.

Ташландиқ қабрлардан бири ёнида икки кишининг қораси кўринди. Улар жон-жаҳдлари билан гўрни очишарди. Қабр ниҳоятда абгор бўлиб у ерга ким ва қачон дафн этилгани биргина парвардигорга аён эди. Турган гапки, сирли гўрковларни ўликларнинг энг сўнгти бисоти—кийим-бошларини тунаш қизиқтирмаётганга ўхшайди. Ундай бўлса, нега зўр бериб титишаяпти? Максим тоға уларнинг мақсадларини билиб олмагунча ўзини ошкор этмасликка аҳд қилди.

Эски қабр ўрнида чуқур пайдо бўлди. Қачонлардир тобут вазифасини бажарган, чириб битган тахта бўлаклари ва бир уюм одам суяклари атрофда сочилиб ётарди.

—Бўлди,—деди гўрковлардан бири,––қопни келтир!

Шериги нари кетди. Инқиллаб қопни кўтариб келди.

Қопни икковлашиб гўрга туширдилар. Тобут бўлаклари ва одам суякларини қоп устидан ташлаб, кўмиб юборишди.

Максим тоға халтада битта-яримтанинг жасади бўлса керак, деб тахмин қилди.

-Қаерга кўмганимизни эслаб қол,—деди гўрковлардан бири.—Бизни олдинда нима кутаётганини бир худо билади. Мен қамалган тақдиримда ҳам бу пулларга дахл қилманглар. Озга қаноят қилсанг, кўпни тежайсан. Пул кўмилган жойни зинҳор-базинҳор ҳеч кимга, ҳатто онангга ҳам айтма. Уқдингми?!

Максим тоға кўп вақт ўзбекларнинг орасида яшаганлиги боис улар тилини ҳам бир нав ўрганиб олганди.

Ёши улуғ гўрков ўз васиятини давом эттирарди:

—Пахта заводига директор бўлиб топган-тутганим бари  шу қопда. Қанчадан-қанча одамларнинг кўзёшлари эвазига келган бу пуллар! Бир тийинини уёқ-буёққа сарфласаларинг гўримда тикка тураман. Бу гапларимни қулоғингга қуйиб ол!

Кўча тарафда чироқ ёниб ўчди. «Гўрков»лар шоша-пиша қабристонни тарк этишди. Бирпасдан кейин қабристон девори орқасида машина мотори гуриллади. Худди шуни кутиб тургандек, милиция машинасининг чинқириғи эшитилди. Тун оромини бузган бу товушлар анча вақт шаҳар томондан эшитилиб турди-да, кейин тинчиди.

Максим тоға пул кўмилган эски қабр устига ота-бола ўрнатган хочни суғуриб, анча наридаги чўккан қабр устига элтиб ўрнатди. Қайтиб келиб бошқа изларни ҳам йўқотди. У бир неча кун мобайнида пул яширилган қабрдан хабар олиб турди. Тоға хазинани нима қилиш устида узоқ ўйлади ва ниҳоят уни давлатга қайтариш керак, деган хулосага келди. Пул солинган халтани ковлаб олиб,кулбасига элтиб яшириб қўйди. Баротнинг ташрифи шу кунларга тўғри келган эди.

—Мана, мен пулларни қаердан топганимни ҳам билиб олдинг,—деди отахон Баротга. —Хўш, ана шу пулнинг бир қисмидан фойдаланишга ҳаққим борми-йўқми?

Барот нима дейишни билмасди.

—  Мен ҳаққим бор, деб ўйлайман,—деди қария ўз саволига ўзи жавоб бераркан. — Менга тегишли бўлган улушни сени қутқариш учун сарф қиламиз. Милициясиниям, судьяниям, прокурориниям пора бериб сотиб олса бўлади бунча пул билан.

«Пора» деган сўз йигитнинг капалагини учириб юборди.

—Пора олганни ҳам, берганни ҳам аяб ўтиришмайди,—деди у шоша-пиша.—Ҳозирча бунга ҳожат ҳам йўқ.

Отахон «ўзинг биласан», дегандек қўл силтаб қўяқолди. Ноқулай жимлик чўкди.

Барот Аҳмаджон-Андрейни эслади. Отахоннинг тунд  юзи ёришиб кетди. Йигитнинг:

—Андрейни кўриб турасизми?—деган саволига:

—  Бўлмасам-чи,—деди ғурур билан.—Азаматнинг ишлари беш!

—  Йўғ-э?

—У сенинг ҳам мушкулингни осон қилади, деб ўйлайман.

Барот бировнинг ёрдамига муҳтож бўлмаса-да, дўстининг дарагини топганидан қувонди. Чолни саволга кўмиб ташлади.

—Шошма, шошма. Мен ҳали гапирадиган гапимни тугатганим йўқ. Эшитиб оғзинг ланг очилиб қолади, —отахон атайлаб гапни чўзиш учун шўр бодрингни карт этиб тишлади-да, сўнг уни мазза қилиб чайнади. Шу топда четдан қараган одам отахон учун бодринг кавшашдан муҳимроқ нарса бўлмаса керак, деб ўйларди. Ниҳоят у луқмани ютиб, лаб-лунжини қўли билан артди.

—Ҳа, Андрюшанинг омади кулиб боқди. У нақадар бахтиёр эканлигини сен ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсан.

—  Рост, тасаввур қилолмаяпман?

—  Вилоятдаги энг зўр одам,—деди чол кўрсаткич бармоғини осмонга нуқиб.—Андрейнинг тоғаси бўлиб чиқди. Ана шунақа.

Чол кружкада қолган ароқни бир зарб билан шимирди. Газакка бодринг тишлаб ўтирмади. Йигитнинг тоқатини тоқ қилгиси келмади чоғи.

—  Нақ обкомнинг иккинчи котиби—Андрейнинг туғишган тоғаси! Мансабдор тоға жиянига автосервис директорлигини таклиф қилган.

—  Оҳ-о, «Худо берса қулига, чиқариб қўяр йўлига», деганлари рост экан-да? Ҳозирдан тасаввур қиляпман ошнамнинг мансаб курсисида талтайиб ўтиришини.

—Аммо ошнанг автосервис директорлигига унамабди.

—  Сабаб?

—  Онамни соғиндим, кетишим керак,- дебди. Тоғаси «Ҳеч бўлмаса, баҳоргача кетмай тур», деб аранг кўндирибди.

—Ақлли йигит. Ишқилиб худо омадини берсин. Бугун бўлма-са, бошқа кун кўрарман. Энди мен кетай,—деб қўзғалди Барот.

––Борис,бир кун-ярим кун ёнимда қолсанг бўларди,––деди қария.––Анави дардисарни банкка бирга элтиб топширардик.

––Бормасам бўлмайди. Бошқа вақт бўлганда-ку, албатта, қолардим. Ҳа, дарвоқе, пулни элтиб топшириш шарт эмас. Масалан дейлик, банкка бориб хабар берасиз, вассалом, ўзлари олиб кетишади. Ғалвасиям кам бўлади. Сиздан ўзим хабар олиб тураман.

Максим тоға Баротга Андрейнинг адресини берди Уни қаердан топишни обдан тушунтирди.

—Яна у ёқ-бу ёқда чақиришса чопиб бориб юрмасдан, аввал Андрейга учраш,—деб тайинлади чол Барот билан қучоқлашиб хайрлашаркан.

 

2

Барот билан хайрлашган Максим тоға шаҳарга тушишга ҳозирлик кўрди. Янги бўлмаса ҳам йиртиқ-ямоқсиз, бир қадар дуруст костюмини эгнига илди. Ранги ўнгиб кетган кигиз шляпасини бошига қўндирди, анча вақтдан бери бир бурчакда ётган ҳассасини қўлига олиб, кулбасидан чиқди. Лиқилдоқ эшикни ёпиб, қулф урди. Эшик олдида тикка турган кўйи папирос тутатди, мириқиб чеқди. Оғзидан чиқаётган паға-паға тутунга маҳлиё бўлгандек қараб қолди. Йўқ, у папирос тутунига маҳлиё бўлмаётганди, балки тутун орасидан қабр тошларига ўйиб ёзадиганлар устахонаси ёнида турган икки нафар бегона одамни кўриб қолганди. Шаҳар «Дафн маросимлари бюроси»нинг қабристон дарвозаси олдидаги устахонасида ишловчиларнинг барини тоға яхши танийди. Булар нотаниш. Сира кўрмаганди. Биттаси бу томонга тез-тез қараб қўяётганлиги чолни сергаклантирди. Бошқа вақт бўлганда-ку, қўл силтаб қўяқолган бўларди. Аммо кулбада, эски шолча билан усти ёпиб қўйилган чарм қопдаги хазина уни ҳушёр бўлишга ундарди. Чол шу топда қалтис ишга қўл урганлигини фаҳмлади. Бирпасда кайфи тарқаб кетди.

Устахона эшиги очилиб, мармартош кўтарган уста чиқди. Атрофга аланглаётган одам ва унинг шериги ёрдамга шошилдилар. Улар бир оз гаплашиб туришди. Сўнг уста дўконига, мижозлар эса ўз йўлига қараб кетди. «Илондан қўрққанга чилвир ҳам илон бўлиб кўринаркан-да», деб мийиғида кулиб қўйди Максим тоға, кейин сал букчайганча ҳассасини дўққилатиб, шаҳар томон йўлга тушди.

Бешкент ариғи устига қурилган пивохона одамлар билан гавжум. Бу жой Максим тоғанинг ҳам севимли масканларидан бири бўлиб, шаҳарга тушса у бу ерга бирров кирмай ўтмасди. Тарки-одат амримаҳол, деганларидек отахоннинг оёқлари уни тўғри пивохона томон етаклади.

Кружкаларга кўпиртириб пиво қуяётган семиз хотинни кўрди-ю, ҳуши жойига тушди. «Аввал банкка бориб хабар қилай, пивохўрлик бўлса қочмас», деган ўй кечди унинг дилидан. Шарт бурилиб, кетаётган эди пивофуруш аёл уни кўриб қолди:

—Максим Максимич, нима бало, пулингни ташлаб келдингми, пиво ичмай орқангга қайтаяпсан?

Тоға тўхтаб, жавоб қилмасликнинг иложини қилолмади. Аммо пивофуруш аёл уни гапиришга қўймади:

—Ҳа, майли, пулинг бўлмаса ҳечқиси йўқ. Ахир сенга ҳаммамизнинг ҳам ишимиз тушиб туради-ку. Ма, ич,—хотин чолнинг олдига ақлни ўғирлайдиган даражада хушбўй хид таратаётган пиволи бокални қўйди.

Чол «бир мири йўқ» деган от қозонмаслик учун киссасини ковлаб бир бойлам юз сўмлик чиқарди. Бу пулларни «Менга ишонишмаса, ашёвий далил қилиб кўрсатаман», деб чарм қопдан олганди. Нафсоният кучлилик қилиб, шу пулдан сарфлашни, қўлига пул тушса ўрнини тўлдириб қўйишни дилидан ўтказди.

—Майли, Афоня, ичсам-ичақолай. Аммо ўз пулимга ичаман,—деди чол сўнг авайлаб битта юз сўмликни дастадан суғуриб олди-да, бунақа пулни ҳар куни кўраётган одамдек камоли хотиржамлик билан пивофурушга узатди.

Сотувчи чолнинг пул ҳовучлаган қўлидан кўз узолмай анграйиб қолди. У пиволи бочка жўмрагини ёпишни ҳам унутиб қўйганди. Шу сабабли кружка тўлиб, роҳатбахш ичимликнинг анча-мунчаси ерга тўкилди. Пивохўрларнинг шодон қийқириқларигина уни ўзига келтирди.

—Максим Максимич, ичкари хонага ўтиб ўтира тур. Озиб-ёзиб бир келибсан,- деди кампир маъноли қилиб. Кейин навбатда турганларга қараб бақирди:

—Ўртоқлар, пиво тамом бўлди, навбатга турманглар!

—Оббо, энди навбат етдик  деганда-я!

—  Балки бир кружка-ярим кружка қолгандир?

—  Йўқ, бир томчиям қолмади!

—  Яна олиб келишадими?

—  Албатта, олиб келишади.

Пивохўрлар тарқалишди. Пивофуруш Афоня эса буфетдан бир шиша коняк олиб очди. Шишадаги ичимликни иккита бакалга бўшатди, сўнг устидан кўпиклатиб пипо пиво қуйди. «Максим Максимич, бунақа антиқа ичимлиқдан ичмабсан, дунёга келмабсан,––деб ҳиринглаб кулди Афоня ўзича.—Ана шу антиқа пиво ёрдамида қабристон қоровулининг шоҳлардек бой бўлишининг сирини билиб оламиз!»

Унча-мунча ичган билан маст бўлмайдиган Максим тоға ўчиб қолди. Пивофуруш мамнун—ахир чолнинг чўнтагидаги 10 минг сўм оппа-осон унинг чўнтагига тушганди-да. «Чолни иссиғида бу ердан жўнатиш керак. Лекин қандай қилиб… Э, ҳа, топдим, на сих куяди, на кабоб!»—ажойиб фикр калласига келганидан мамнун тиржайиб, телефон номерини терди:

—Бу нол иккими?

—Ҳа, бу нол икки. Нима гап, тинчликми?

—Тинчлик бўлса, сизларни безовта қилармидик. Битта миясини еган чол ичиб олиб, роса тўполон қилаяпти.

—Адресингизни айтинг?

Пивофуруш адресини айтди.

—Кутинглар, наряд юборамиз.

 

3

«Ҳушёрхона»га олиб келинган Максим тоғани аяб ўтиришмади. Сўнгра устидан совуқ сув қуйиб, ўзига келтиришди.

—   Мен қаердаман?—атрофдагиларга жовдираб, сўради қария.

—   Қаерда бўларди—«Ҳушёрхона»да. Шу ёшда тўнғиздек ичишга уялмадингми, қари чўчқа!

Оғзидан она сутининг ҳиди келиб турган сержантнинг бу гаплари Максим тоғанинг суяк-суягидан ўтиб кетди. «Нега мени ҳақорат қилади! Арпасини хом ўрибманми?!»

—Ҳей бола, нега мени ҳақорат қиласан? Аввал тушунтир, мениям тингла, кейин бақир!

Сержант тутоқиб кетди:

—Хафа бўлдиларми? Ҳе, сенинг пахмоқ соқолларингга…

Максим тоға ўзини тарбияли одам, деб ҳисобларди. Лекин милиционернинг куракда турмайдиган сўзларидан сўнг жон-пони чиқиб кетди. Умрида уни ҳеч ким бунчалик сўкмаганди. У дилозорнинг грибонидан олиш учун отилди, лекин қаншарига теккан муштдан тисарилиб, зарб билан деворга урилди.

Ҳушдан кетаётиб, дуч келган жойига тепишаётганини ҳис қилди.

Мушт ва тепки ўз ишини қилганди. Чолнинг ҳаммаёғи мўматалоқ бўлиб, аёвсиз калтаклангани кўриниб турарди. Навбатчи офицер чол шикоят қилгудек бўлса, анча-мунча кўнгилсизликлар орттириши мумкинлигини фаҳмлади. Қариянинг кўзича сержантни бўралатиб сўкди. Кейин отахоннинг елкасига қўлини қўйиб, уни аврай бошлади:

—Яхши иш бўлмади,—деди милиция навбатчиси.—Сержант сал ошириб юборипти. У, албатта, қилмишига яраша жазосини олади. Лекин қариган чоғингизда идорама-идора юриш, ҳар куни терговга чақирилиш сизга, сизнинг ёшингизда тўғри келармикан?

Максим тоға унинг мақсадини дарҳол англади:

—Мен ҳеч қаерга шикоят қилиб бормақчи эмасман,—деди у чўрт кесиб.—Мени ҳеч ким ургани йўқ, ўзим йиқилиб у ёқ-буёғимни қашқа қилиб қўйдим, холос.

—Бор экансиз-у, бобой! Ана шу гапларингизни ёзиб бера оласизми?

—  Ёзиб берсам қўйиб юборасизларми?

—  Албатта, мана бу протоколни қайта ёзамиз, холос.

—  Ундай бўлса, қалам-қоғоз беринг.

Уларнинг суҳбатига тумшайиб қулоқ солиб ўтирган сержантнинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Ишнинг қолган қисми кўп вақтни олмади. Чолнинг шахсий буюмларини қайтиб беришди. Буюмлари орасида бир тийин ҳам пул йўқ эди. Қариянинг юраги ёмон бир нарсани сезгандек орқасига тортиб кетди:

—  Пуллар-чи?

—  Қанақа пул? Тинтув ўтказилганда ёнингизда бир тийин ҳам топилмаган. Ишонмасангиз, мана протокол,—навбатчи чолга тинтув рўйхатини тутқазди. Отахоннинг кўз олди тиниб кетди. Ушлаб қолишмаса, йиқилиб тушарди.

Максим тоға ўлганнинг кунидан судралиб, ўз кулбасига етиб олди. Бир амаллаб қулфни очди. У чарм қопдаги хазинадан хавотирда эди. Бекорга хавотирланган экан. Қандай қолдирган бўлса, шундай турганди пул тўла қоп. Ана шундан сўнгтина отахон оёқда зўрға турганлигини ҳис этди. Яна бир сониядан сўнг ўзини тўшакда кўрди. У кечадан бери бошидан кечирганларини бир-бир хаёлидан ўтказишга уринди. Аммо пивофуриш аёл меҳмон қилгани-ю, милицияда тепкилашганидан бошқасини эслолмади. Шу орада бир неча марта ҳушдан кетиб қолди. Алоқ-чалоқ туш кўрди. Туш ваҳимали эди.

Жанг майдонида бошидан яраланиб, душман қўлига асир тушганмиш. Уни тергов қилаётган немис сержанти нуқул:

––Хазинани қаерга яширгансан, айтсанг, ўлмай қоласан!––дермиш. У:

—   Қанақа хазина, ҳаммаёқда уруш кетаётган бўлса, хазина нима қилсин?—деб гапни олиб қочармиш. Фашистнинг жаҳли чиқармиш-у, тепкилай кетармиш.

—   Ур, уравер! Ўлдирсанг ҳам хазинани яширган жойимни айтмайман!

Кейин икки киши бўлиб тепишармиш. Ҳушдан кетгач, оёғидан судраб кўчага чиқариб ташлармиш.

—Мени совуқда музлатиб ўлдиришмоқчи, лаънатилар,—деган  хаёл кечади асирнинг дилидан.

Бошини кўтариб қараса, тепасида ўғли Иван (ё тавба, Максим ҳали уйлангани йўқ эди-ку!) мўлтираб қараб турибди.

—   Ваня, Ванюша, сен бу ерга қаердан келиб қолдинг? Сени ҳам армияга олишдими?

—   Йўқ, дада, сени уришаётганини кўриб, осмондан тушиб келдим.

—   Осмондан, дейсанми? Осмонда нима қилдинг?

—   Қизиқмисан, дада, ахир мен ўлганман-ку. Руҳим осмонда бўлмай, қаерда бўлсин. Авваллари ҳам тез-тез сени кўришга келиб турардим. Фақат сен мени кўрмасдинг.

—   Ваня, Ванюша, сени кўрганимдан бошим осмонга етди! Туш кўраётган бўлсам ҳам хурсандман. Балки тушдамас, ўнгимда кўраётгандирман сени-а?

Иван жавоб бермайди, отасини ёш боладек қўлларига кўтариб олади… Максим тоға совуқдан тиши-тишига тегмай дилдираб, уйғониб кетди. Чол анчагача туш таъсирида бўлди. Аммо унинг кекса қалбида туғён бошланганди. Унинг бугунги бахтсизлигига чарм қопдаги пуллар сабабчи! Хазинанинг мингдан бир улуши шунчалик кулфат келтирди-я! Одамлар, одамлар, иймон-инсофни еган одамлар! Ҳақиқий хазинани кўришса борми, бир-бирини қирғин қилишдан ҳам тоймайди.

––Уф-ф, қон исими? Ҳа, чарм қопдаги пуллардан келаяпти қўланса ис. Уни фақат олов йўқота олади. Дарвоқе, барча кулфатларнинг сабабчиси бўлган бу пуллар билан хонани иситаман.

—  Уҳ-уҳ, қандай мазза. Тарашадан ҳам зўр ёнаркан. Пулнинг олови балки, суяк зирқирашига фойда қилар? Бундай лаззатга эришмоқ учун миллионер бўлиш керак, жаноблар! Ваҳ-ҳа-ҳа…

Қабристон қоровулининг кулбасидан анча вақтгача оҳ-воҳлар эшитилиб турди. Кечга бориб дардли нолишлар телбаларча қаҳ-қаҳага айланди.

Табиат бир гувраниб олди. Шамол қўзғалди. Бу пайт ўликлар салтанати чанг-тўзон оғушида қолди. Лекин бунга эътибор қилгудек жон йўқ эди бу маконда. Жаҳли чиққан бевош шамол аллақайлардандир қоп-қора булутларни ҳайдаб келди. Шаррос ёмғир қуйди, кейин қорга айланди. Дўппайган қабрлар усти қор билан қопланди. Шодлигини яширолмаган қарғалар томоғига зўр берарди:

—Қар-ррр… Қор-ррр…

 

4

Афония Максим Максимични шип-шийдам қилиб, боз устига милицияга топшириб юбориб, «омад кулиб боққани шу бўлса керак», деб сармаст юрган кунлардан бирида «лоп» этиб калласига ажойиб фикр келди. «Чўнтак харжи учун ўн минг сўм олиб юрган Максим Максимич хазина топмаганмикин? Топган! Акс ҳолда бунча пул унда нима қилсин!» Ана шунда Афония ростакамига шошиб қолди. Тезроқ ҳаракат қилмаса, пуллар бошқа чўнтакларга тушиб кетаётгандек бўлаверди. У Максим Максимичнинг пулларининг ҳаммасига бўлмаса ҳам бир қисмига эгалик қилиш йўлларини қидира бошлади. Топди! Қувончидан терисига сиғмай кетди. Ўйлаган йўли шу қадар маъқул эдики, ҳамма ишларини бир четга йиғиштириб қўйиб, қўлга киритилажак пулларни қаерда сақлаш ва уни нималарга сарфлаш тўғрисида фикр юрита бошлади.

Пул деса ўзини томдан ташлайдиган пивофуруш ҳозир ҳам ёмон яшамаётганди. Унча катта бўлмаса ҳам олди боғчали ҳовлиси бор. Лекин бир кўча нарида яшаётган ресторан директориникидан ўн чандон ғариб. Дарвоқе, ана шу қўшниси яқинда савдойи бўлиб қолди. Жиннихонага олиб кетишди. У ҳақда биров ундай дейди, биров бундай. Баттар бўлсин. «Соҳилбўйи» ресторанининг буфетини бермаганди. Мана, ундан  ҳам қолди. Афония пулларнинг бир қисмини ишлатмасдан яшириб қўяди. Қарз бериш деган сўз луғатдан ўчирилди.

Ўғли билан қизи ҳам пулга кўз тикмасин. Улар сал оқибатлироқ бўлишганда бошқа гап эди. Ўтар дунёда роҳат қилиб яшай билиш ҳам керак. Эрга тегади! Нима қилибди––элликдан ошган бўлса ҳам етти мучаси соппа-соғ, пардоз-андоз қилиб юрса, ҳар қандай жувондан жозибали  бўлади. Пул бўлса, эр йўлда!

Афония якшанба куни эрталабдан эрининг қабрини зиёрат қилиб келиш баҳонасида йўлга отланди. Устига одми палтосини илди, елкасига тивит рўмолини ташлади. Такси чақириб, бўлажак бойвучча обрўсига яраша «24»да борсаям бўларди-ю, оёғи қолиб оғзи билан юрадиган қўшнилардан ҳайиқди. Шу сабабли пиёда жўнади.

Христианлар қабристонига келиб-кетувчилар анчагина. Улар орасида бизнинг қаҳрамонимиз ҳам бор. У аввал эрининг қабрига борди. Сўнг зиёратчиларнинг кўзини шамғалат қилиб, четга чиқди. Ҳар ким ўз дарди билан овора бўлгани сабабли кулба томон зипиллаб бораётган семиз хотинга эътибор беришмади.

Афония кулба эшигини секин чертди. Ҳеч ким жавоб бермади. Қаттиқ-қаттиқ тақиллатди. Яна жимлик. Журъат қилиб эшикни тортди. Ғийқилаб очилди. Димоғига қўланса ҳид урилди. Аёл орқага тисарилди. Кейин бурнини рўмоли билан бекитди-да, остона ҳатлади. Кундуз бўлишига қарамай, кулба ичи анча қоронғи эди. Эшикдан тушаётган ёруғлик хона тўридаги каравотни ёритди. Унда осмонга қараганча Максим Максимич ётарди. Афония оёқ учида юриб, каравотга яқинлашди. Эгилиб, чолнинг юзига тикилди ва чўчиб орқага тисарилди. Максим тоға ўлиб қолганди!

Аёл саросимага тушиб қолди. Аммо тезда ҳушини тўплаб хонага кўз югуртириб чиқди. На сандиқ, на шкаф бор. Бир четда буржуйка деб аталадиган печка. Девор тагида қўлбола стол, стол устида тунука чойнак, лаби учган пиёла. Деворга қўшоғиз милтиқ илинган. Печка олдида бўш   чарм  қоп ётарди. Афония эгилиб, қопни олди. Силтаб қоқди. Бир варақ қоғоз тушди. Хавфсала билан қоғозга кўз югуртирди. Қувончдан қичқириб юборди:

—Ура, топдим!

Пивофуруш аёлнинг шодаланишига сабаб бўлган қоғоз оддий қоғоз бўлмай, чарм қопдаги пул описи эди. Унда фалон даста юзталик, фалон даста элликталик, фалон даста бешталик, деб қайд этилган. Афония шоша-пиша рўйхатнинг якуний қисмига кўз  югуртирди:

«Всего  2 млн. 600 тыс. руб. 1984 г».

Афония нақадар семиз бўлмасин, торгина хонада қувончдан дикир-дикир сакраб, рақс тушар ва икки миллион олти юз, икки миллион олти юз», деб вайсарди.

—Мияси айниган манави чол пулларимни еб адо қилмаган бўлса, улар шу хонада бўлиши керак. Қани, менинг пулларим?!

Афония ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Пул ҳеч ерда йўқ эди.

—Балки тўшагининг остидадир? Ҳа-да, пул яшириш учун тўшакдан қулай ва ишончлироқ жой топиб бўларканми!

Ўзини аллақачон миллионер деб ҳисоблай бошлаган пивофуруш каравотнинг бир томонидан кўтарди. Мурда гурсиллаб ерга ағдарилди.

Пул бу ерда ҳам йўқ эди. Демак, чол пулни қаергадир кўмиб қўйган. Лекин қаерга?!

Афония саволига жавоб олмоқчи бўлгандек мурданинг усгига энгашди. Шунда мурданинг ўнг қўлида ғижимлаб ушлаган қоғозни кўрди. Мурданинг бармоқларини йириб, қоғозни олди. Эшикдан тушаётган ёруғга солиб хатни ўқиди:

«Бу хат одамлар қўлига текканда, балки мен бу дунёни тарк этган бўларман. Умримда бировга ёмонлик қилмадим, яхшиликнинг пайида бўлдим. Кеча билан кундуз, оқ билан қора ёнма-ён юргандек, яхшилик билан ёмонлик ҳам бирга юраркан. Қўлимга тўсатдан тушиб қолган хазинани ҳақиқий эгасига-ҳукуматга  топширмоқчи эдим, эвазига уриб, майиб қилишди. Оқибатда тўшакка михланиб қолдим. Тақдирга тан бермай иложим йўқ. Қопда қанча пул борлигини билмайман. Тахминимча, миллиондан кам эмас. Лекин бу пуллар ҳеч кимга яхшилик келтирмайди, қон ва кўзёшлар тўкилишига сабаб бўлади. Хазина қаердалигини билишини истасанг, печкани очиб қара…»

Афония печка томон отилди. Печканинг эшиги очиқ, ичида бир уюм кулдан бошқа нарса кўринмайди. Кулни титиб, чала куйган пул қолдиқларини топиб олди. Икки миллион олти юз минг сўмлик хазинадан қолгани шу эди…

 

* * *

Шу куни Чўлобод кўчаларида «Менинг пулларим! Менинг хазинам!» деб вайсаб  юрган телба аёл пайдо бўлди. Сочлари патила-патила бўлиб тўзғиган, юзларига қоракуя суртилган бу аслни кўпчилик танирди:

—Қаранглар, бу пивофуруш Афония-ку!—дерди улар ҳайратдан ёқа ушлаб…

XXXIV. ЗУЛМ ҚИЛИЧИ

 

Сойибназаров ишдан олингач, вилоятда қама-қама кучайди. Деярли барча район партия комитетларининг биринчи котиблари, ижроққўм раислари, хўжалик бошлиқлари янгиланди. Сойибназаровнинг иши ҳам чатоқ. «Соғлиғингизнинг мазаси йўқ, беш-олти кун даволанинг», деб Тошкентдаги ҳукумат касалхонасига жойлаштириб қўйишди. Номига бемор. Аслида тутқун. На бола-чақаси, на таниш-билиши билан озиб-ёзиб суҳбатлашади. У анча вақтдан бери палатага яширин микрофон ўрнатилмаганмикин, деб ҳадиксираб юрганди. Шу сабабли хонани синчиклаб ўрганиб чиқди. Аммо бирон шубҳали нарса топмади.

—Бўлиши мумкин эмас,—деди ўзига-ўзи Сойибназаров.—Қаергадир микрофон ўрнатилган бўлиши керак. Кўнглим сезиб турибди. Эски фронтчининг, собиқ разведкачининг ички сезгилари алдамайди. Барибир топаман!

Йўқ, тополмади. Чарчаб, каравотга чўзилди. Радио қулоғини буради. Ахборот беришаётган экан. Яна республиканинг аллақайсидир районида қўшиб ёзишлар аниқлангани, айбдорлардан катта миқдорда пул топилгани, улар давлат фойдасига мусодара қилингани ҳақида хабар берилди. Сойибназаров радиони ўчириш учун жаҳл билан қўлини чўзганди, диктор «Радио мухбирининг Ўзбекистонда иш олиб бораётган ўртоқ Гдлян гуруҳи терговчларидан бири билан қилган суҳбатини эшиттиришга қўямиз», деб эълон қилди.

Сойибназаров сергак тортди. Чунки номи эълон қилинган гдлянчини яхши танирди. У бир неча ой мобайнида Чўлободда ков-ков қилиб, юзлаб кишиларни тергов чиғириғидан ўтказганди. Қанчадан-қанча кўзёшлари тўкилишига сабабчи бўлганди у.

Суҳбат мухбирнинг саволи билан бошланди:

—  “Сиз раҳбар бўлган гуруҳ анча вақтдан бери Ўзбекистонда иш олиб бораяпти. Юзлаб қонун бузиш ҳоллари фош этилди. Айтинг-чи, бу жараён енгил кечдими?

—  Йўқ, асло, аксинча, ғоятда оғир кечди. Бошданоқ шуни айтиб қўяйки, ҳали тергов, суриштирув ва қидирув ишлари тамом бўлгани йўқ. Бир қатор вилоятларда иш энди бошланаяпти.

—  Қийинчиликлар нималардан иборат бўлаяпти, билсак бўладими?

—  Албатта. Бизнинг халқдан яширадиган гапимиз йўқ. Энг катта қийинчилик шундаки, жиноятчилик чуқур томир отган. Уни бамисли ракка ўхшатгим келади. Рак барча соғлом органларни чирмаб олиб, фалаж қилгани каби жиноятчилик ҳам аҳолининг каттагина қисмини ўз тўри билан ўраб олган. Булар бригадирлар, раислар, директорлар, партия, совет ходимлари, уларнинг бола-чақалари, қариндош-уруғлари ва ҳоказолар. Айрим мансабдор шахслар томонидан тергов натижасига таъсир ўтказишга уринишлар ҳам учраяпти. Мен гуруҳимиз олиб бораётган ишни фронтда жанг қилаёттан жангчининг жасоратига ўхшатгим келади. Бу ерда ҳам фронтдагига ўхшаб на дам олиш бор, на меҳнат таътили. Терговчиларимиз икки йилдан бери ана шундай фронтчасига кураш олиб боришаяпти.

—  Редакциямиз почтасига «тергов қонун-қоидалари бузилаяпти, ота учун ўғилни, она учун қизни қамаб қўйишаяпти», деган шикоят хатлари ҳам келиб туради. Мумкин бўлса, шуни шарҳлаб берсангиз?

—Мен ҳозиргина гуруҳимиз фронт шароитида ишлаяпти, деб айтдим. Ўз-ўзидан маълумки, тинчлик даври қонунлари фронт даври қонунларига тўғри келавермайди. Шу нуқтаи назардан баъзи бир ўжар қариндошларга салгина сиёсат қилиб қўйишга тўғри келаётгандир. «Урди, қамаб қўйди» қабилидаги шикоятларга эса бўҳтон деб қараш керак. Давлат манфаатларидан келиб чиқиб, бундай ғаламис шикоятларга эътибор бермасликни маслаҳат берардим.

—Ҳа, албатта, Сизга охирги саволим.

—Қулоғим сизда?

—Айбдорлардан тортиб олинган пулларнинг миқдори ва кейинги тақдири қандай бўлаяпти?

—Тергов манфаатлари нуқтаи назаридан саволнинг биринчи қисми ҳақида бирон нарса дея олмайман. Иккинчи қисми ҳақида комил ишонч билан айтаманки, пуллар ўзининг ҳақиқий эгасини топди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

—Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!…”

Сойибназаров карахт бўлиб қолди Ҳозиргина эфирдан булбулдек сайраган одам Чўлободда   кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёвузликларга сабабчи бўлди. Уялмай-нетмай «урди, қамади деган гаплар ғирт ёлғон», деб дунёга жар солаяпти-я! Унинг ёвузликларидан айримларига ўзи шоҳид бўлганди.

…Сойибназаров Сўфи қишлоғига келганида совхоз идораси олдида тумонат одам тўпланган экан. Улар машинадан тушиб келган Сойибназаровни ўраб олишди.

—   Бу не бедодлик бўлди, обком бува?!—деди вилоятда донг таратган чўпон йигит кўзида ёш билан. Унинг кўксида Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Олтин юлдузи ялтираб турарди.—Адолат борми ўзи?! Мен сиздан сўраяпман, обком бува, адолат борми?

—   Адолатга нима қилибди? Томдан тараша тушгандек мендан «Адолат борми?» деб сўрайсиз. Аввал ётиғи билан тушунтиринг, сўнг сўранг. Хўш, тинчликми?

—   Тинчлик бўлса,адолат сўрармидик. Мана шу одамладан сўранг-чи,Сўфи қишлоғида нималар бўлаётганини гапириб беришади

—   Улар билан ҳам гаплашишга улгурамиз. Аввал сиздан эшитмоқчиман.

Чўпон ўпкаси тўлиб, гапиролмай қолди. Бошқалар ҳам ер чизиб туришди.

—Қахрамон деб сиз билан фахрланиб юрардик. Юрак ўрнида ўпка кўтариб юрган экансиз-ку, оғайни,––деди Сойибназаров ярим ҳазил-ярим чин қилиб.

—Сиз ҳам менинг қаҳрамонлигимни юзимга соласиз! Сиз ҳам терговчининг гапларини такрорлайсиз. Воз кечдим бунақа қаҳрамонликдан! Ўз қўлингиз билан тақиб қўйган эдингиз, мана, ўзингиз ечиб олинг!––чўпон йигит биринчи котиб олдида кўкрак кериб турди. Сойибназаровнинг астойдил жаҳли чиқди:

—Мен бу ерга сенинг Олтин юлдузингни ечиб оламан, деб келганим йўқ! Унвонни сенга мен берган эмасман. Олиш керак бўлса, партия сендан сўраб ўтирмайди!

Чўпон ҳиқиллаганча четга чиқди. Оппоқ соқоли  кўксига тушиб турган  мўйсафид бир қадам олға юрди:

—  Ассалому алайкум, обком бува,—деди қўлини кўксига қўйиб.—Биз қишлақиларни маъзур тутинг. Бу ерда бўлаётган ишлардан сизнинг хабарингиз йўққа ўхшайди?

—  Қандай ишлар ҳақида гапираяпсиз?

—Бир ой-қирқ кундан бери Сўфи қишлоғининг тинчи йўқолди. Одам бошига биттадан мелиса, прокурор, терговчи келиб қишлоқни босган. Нима эмиш, ҳаммамиз қамалган совхоз  директори Қорахоннинг думлари эмишмиз. Шунинг учун ишдан бўшатилган эмишмиз. Тўғри, қариндош-уруғмиз. Тонмаймиз. Қаҳрамон чўпон—Қорахоннинг куёви. Яна кимдир бўласи, кимдир узоқ қариндоши. Бурним ёмон, деб кесиб ташлаб бўлмайди-ку. Ўн-ўн беш кундан бери хотинларимизни, қизларимизни клубга қамаб қўйиб, тонготар сўроқ қилишаяпти. Дунё дунё бўлиб бундай бедодликни кўрганми? Бугун янги гап чиқди. «Қорахоннинг пуллари қаерга яшириб қўйилганини айтмасаларинг, аёлларингни Тошкентга жўнатиб юборамиз, у ерда эркаклар билан бир авахтага қамаб қўйилса, ўшанда тиллари чиқиб қолади», деган шарт қўйилди. Қайси мусулмон одам бундай иснодга чидай олади!—чол бироз  тин олди-да, босиқлик билан давом этди.—Ўрисни ўрис десанг, ўзимизнинг ўзбек терговчилар улардан ҳам ўтиб тушаяпти. Ўзбекнинг орияти қаерида эканлигини яхши билган ўрис амалдорлар ўзимизни ўзимизга гиж-гижлатиб қўйган.

Сойибназаров нима дейишни билмай қолди. Чунки «тергов гуруҳи ишига аралашманглар!» деб юқоридан буйруқ берилган. Аралашса, пашшадан фил ясаб кўрсатишлари мумкин. Ҳар ҳолда одамларни тинчлантириш учун нимадир дейиши керак-ку.

—Қандайдир тушунмовчилик бўлганга ўхшайди, ўртоқлар,—шундай деди-ю, биринчи котиб шоша-пиша атрофга аланглаб олди. Назарида терговчилар унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини синчиклаб кузатиб туришгандек, сўзларини ўзларининг ён дафтарчаларига ёзиб олишаётгандек туюлди.

Шу боис икки қадам наридагилар аранг эшитадиган даражада овозини пасайтириб сўзини давом эттирди:

—Мен терговчилар билан гаплашаман. Ваҳима қилаверманглар. Ҳаммаси жойида бўлади. Қани энди иш-ишларингга боринглар.

Директорнинг кабинетида Сойибназаровни узун бўйли, башарасидан ёшини аниқлаш қийин бўлган малласоч киши қарши олди.

—Давлат хавфсизлиги комитетининг алоҳида ишлар бўйича терговчиси,––деб исм-шарифини айтиб ўзини таништирди.–Сиз Чўлободнинг биринчи котиби Сойибназаров бўласиз. Адашмадимми?

—  Йўқ,тўғри топдингиз. Хўш, қалай, ишлар яхши кетаяптими?

—  Ў, ишлар зўр кетаяпти. Бу ерда жиноятчиларнинг катта уясини фош этдик. Собиқ совхоз директори Қорахоннинг думларини тутиб қамадик. Улар терговни турли йўллар 6илан чалғитишга уриниб ётишибди. Аммо билмайдиларки, терговчилар ҳам анойи эмас, СССРда энг довруғ чиқарган чекистлар бизга ёрдамга ташланган. Ҳақиқатни қарор топдириш учун бизга чекланмаган ҳуқуқлар бериб қўйилган. Афсус, афсус, жиноятга анча обрўли одамлар ҳам аралашиб қолибди. Масалан, Меҳнат Қаҳрамони бўлган чўпон қайнатаси  Қорахоннинг пул ва тиллаларини яшириб қўйишда у билан жиноий тил бириктирганлиги аниқланди. Бу ишга хотинини ҳам жалб этган. Қорахоннинг бошқа бир қариндошиникида  катта бойлик сақланаётганлигини аниқладик.

Сойибназаров қўйиб қўйса ҳали-бери жағи тинмайдиган суҳбатдошининг елкасига қўлини ташлади:

—Ҳаммасидан обкомнинг хабари бор,—деди овозига сохта мамнунлик оҳанги беришга уриниб.—Биздан ёрдам керак эмасми?

Алоҳида муҳим ишлар терговчисининг юзида истеҳзо жилва қилди:

—  Керак. Жуда ҳам керак.

—  Қайси соҳада?

—Ўндан ортиқ жиноятчи киссасида партия билетини кўтариб юрибди. Арзимаган расмиятчилик туфайли масала парткомдан райкомга, райкомдан парткомга оширилаяпти. Шундайлардан бири Қорахоннинг куёви Меҳнат Қаҳрамони… Уни партия билети билан қамоққа олсак яхши бўлмас, деб ўйлайман?

—Бўлди, бўлди, тушунарли. Бу масалани обком бюросига қўйиб, айбдорларни жавобгарликка тортамиз,—деди шоша-пиша Сойибназаров.

У сўфиликларнинг дардини енгиллаштирмоқчи эди, эплолмади. Давлат хавфсизлиги комитетининг масьул ходимида шубҳа уйғотишдан қўрқиб, яна бир қанча одамларнинг, улар бегуноҳ эканликларига шубҳаси бўлмаса ҳам қамалишларига розилик бериб юборди.

Совхоз идораси олдида ҳамон одамлар тўпланиб турарди. Улар «ҳозир обкомнинг биринчи котаби чиқади-ю, ҳаммани хурсанд қиладиган хушхабарни бизга айтади», деган илинжда туришарди. Қахрамон чўпон ҳам Сойибназаровга қаттиқ ботадиган гап қилганидан пушаймон еди. Кечирим сўрашни дилига тугди. «Ишларим юришиб кетса, зиёфатга чақириб, бугунги гаплар учун кечирим сўрайман, қўчқор эмас ҳўкиз сўяман. Эл суйган ҳофиз Тожиддин Муродовни олиб келаман. Ишқилиб бошимдан бало-қазо ариса бўлгани».

Идорадан малласоч терговчи кузатувида Сойибназаров чиқиб келди. Унинг қиёфаси тунд. Одамларнинг кўзига қарамасликка, уларни сезмасликка уринади. Бир зумгина муқаддам ғоз турган қоматлар мутеларча эгилиб, бошлар хам бўлганини кўриб, ич-ичидан зил кетса-да, лом-мим демади, деёлмайди ҳам. Деса, боши кетади. Ҳаммага жон керак. Унга ҳам.

Одамларнинг қулбаччаларга ўхшаб бош эгиб туриши тепакалга ёғдек ёқди. У ҳар қанча қувонса арзирди. Чунки обкомнинг биринчи котиби киссасида партия билети бўлган ўнгга яқин одамнинг уйини тинтишга, тергов қилишга, зарур бўлса ҳибсга олишга оқ фотиҳа бериб қўйганди. Ишнинг бу ёғи хамирдан қил суғургандек осон кўчади. Қаҳрамон ва унга ўхшаганлар қамалса, бошқаларнинг эси кириб қолади. Қанча кўп кўзёши тўкилса, шунча кўп пул тўпланади. Ҳамённинг оғзини каттароқ очиб, бошқариб турсанг, бас.

Сойибназаров терговчи билан қилган суҳбатининг натижасини кўп кутмади. Сўфи қишлоғида қама-қама авжига чиқди. Обкомга келган хабарлар бири-биридан хунук эди. Қахрамон чўпоннинг хотини ўзини осиб қўйибди, деган машъум хабар ҳаммасидан ошиб тушди. Даҳшатлиси ҳали олдинда экан. Марҳумани дафн этиш маросими ўз-ўзидан митингга айланиб кетади. Шу вақтгача қўй оғзидан чўп олмаган қишлоқ муаллими одамларнинг олдига тушиб, мавжуд давлат тузумини қоралай бошлайди. Уни қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам дарҳол топила қолди.

—  Битта терговчи ишдан олингани билан бошқалари ўз билганларидан қолмайди, «оқ ит, қора ит, бари бир ит», деб ҳайқиради кимдир.

—  Тўғри, терговчиларни бошимизга юборганлар ҳам жавобгарликка тортилиши керак! — жўр бўлади бир неча овоз.

—  Зўрликка зўрлик билан жавоб бериш керак!—дейди қуруқ ердан ҳам чанг чиқаришга ўч йигитлардан бири.—Қачонгача бошимизда тегирмон тоши айланади!

Оломон гувиллайди:

—  Ҳақ гап. Зулм қилични синдириб ташлайлик!

—  Қуруқ гап билан бир нарсага эришиб бўлмайди, ––дейди ҳамфикрлари кўпайиб қолганидан дадиллашган  муаллим.

—   Домла,йўл кўрсатинг, нима қилайлик?

—  Маслаҳат шу—марҳуманинг вафотидан фойдаланиш керак. Ахир бундай фожиа ҳар куни бўлавермайди-ку. Ҳаммамиз тўғри райкомга борамиз. Битта-иккита бўлиб борсак, арзимизга ҳеч ким қулоқ солмайди. Бирлашсак, тоғни қулатамиз.

—  Марҳумани ҳам   олиб борамиз! У ўлимидан сўнг бўлса ҳам душманларидан ўч олиш қуроли бўлиши лозим,—дейди шу вақтагача биқиниб-қисиниб турган киши. Аммо унинг кимлигига ҳеч ким эътибор бермайди.

—Тўғри, жуда тўғри!!!—мушт бўлиб тугилган қўллар баланд кўтарилади. Мулланинг ҳай-ҳайлашига қарамай, тобут кўтарган оломон қабристон қолиб, районга қараб йўлга тушади.

Совхоздан райкомга қўнғироқ қилиб, ғазабга минган оломон бораётганлигини хабар қилишган экан. Милиция наряди оёққа турғизилади, ички хизмат аскарлари жанговор ҳолатга келтирилади. Оломонни район маркази чегарасида тўхтатишга муваффақ бўлинади. Қуролланган аскарларни кўрган айрим «мард»лар ими-жимида жуфтакни ростлайди. Район милициясининг бошлиғи оломоннинг кўзини қўрқитиш мақсадида беш-ўнта одамни ушлашга буйруқ беради. Кимдир тартиб посбонларига қарата тош отади. Ана шундан сўнг умумий тартибсизлик бошланади. Боши ёрилган, қўли синган одамлар дуч келган тарафга қараб қочади. Тобут ағдарилиб, мурда тупроққа беланади.

Бу воқеадан Тошкент зумда хабардор бўлади, сўнг юқорига—Москвага шошилинчнома юборилади. Тартибсизлик ташкилотчиларини тафтиш қилиш бошланади, Бу қама-қама кампаниясини кучайтириш учун янги баҳона бўлди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Қорабоев вазифасидан четлаштирилди. Унга «Сиёсий вазиятни атайлаб танглаштирган», деган даҳшатли айб қўйилди. Пахтани қўшиб ёзиш билан боғлиқ бир ишда кимдир унинг номини ҳам тилга олади. Хуллас, бир одамни маънавий кунпаякун қилиш учун етарли ҳужжатлар тўпланган эди. Баланд мартабали Сойибназаров ички ишлар бошқармасининг содиқ бошлиғига ёрдам қўлларини чўзишдан ожиз. Бу қўллар кўзга кўринмас ишлар билан чандиб ташланганини ким ҳам тушунарди.

Телефон қаттиқ жиринглаб, Сойибназаровнинг хаёлларини тўзғитиб юборди. У трубкани қулоғига тутди. Хотини экан. Овозидан билдики, нимадир бўлган.

—Ҳа, тинчликми?

—  Тинчлик бўлмай ҳам ўлсин…

—  Бирон нарса бўлдими?

—  Қорабоев ўзини отиб қўйибди.

—  Нима?! Нега ўзини отади?

—  Негалигини мен қайдан билай. Бирон ерга кетмасликка тилидан тилхат олишган экан. Бугун тушликка чиқмабди. Кириб қарашса, қўлида тўппонча, ўлиб ётган экан. Оғзидан отган. Бирам даҳшат-бирам даҳшат!

—  Одамлар нима деяпти? Балки ўзини-ўзи отмагандир?

—Ҳар хил гаплар юрибди. «Биров ўлдирган», деган тахминлар ҳам бор. Нима бўлгандаям, яхши иш бўлмади. Сизни ўйлаб, ваҳмим ошаяпти.

—Бунақа гапларни телефонда гапириб бўлмайди-ку, нодон!—жеркиб берди Сойибназаров хотинини.—Ҳа, айтганча, Эшназар раиснинг маъракаси бор эди, нима бўлди?

—  Раиснинг қирқини ўтказишди. Дадаси…

—  Қулоғим сизда?

—  Бир нарса сўрасам йўқ демайсизми?

—  Хоним, олдинлари сўраб ўтирмасдилар, тўғридан-тўғри талаб қилаверардилар. Сизга нима бўлди?

—  Бир-икки ҳафтага чол-кампирникига бориб турсам, дегандим…

—  Сабаб?

—Айтолмайман. Телефонда гапирадиган гап эмас.

Сойибназаров хотинининг йиғлаётганини сезди. Нимадир бўлган. Сабабини айтмади. Айтмагани ҳам яхши. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин.

—Майли, борақолинг,—деди Сойибназаров ўзини беғам кўрсатишга уриниб.—Мен ҳам яқинда бориб қолсам керак. Чол-кампирга салом айтинг.

—Ўзингизни эҳтиёт қилинг, дадаси.

Сойибназаров гўшакни жойига қўйди. Хотинидан эшитганларини мушоҳада қилган сайин юрагига ғулғула тўлди. Қорабоевнинг ўлими (унинг ўз жонига қасд қилганига сира ишонмасди), хотинининг «телефонда айтиб бўлмайдиган» сирли хабари ўйга толдирди. Уни ўйлаган сайин калавасининг учини кўпроқ йўқотаётгандек бўлди. Кўзи рўпарасида илиғлик портретга тушди. Тасвирдаги доҳий кўзлари чақнаб кетгандек бўлди. Сойибназаров чаён чаққандек сапчиб, ўзини четга олди. Ҳар қанча дахрий бўлмасин, юрагининг бир четида мўъжизаларга ишонч мудраб ётарди.Ҳаяжонини босиб ғаройиб портретга яқинлашди. Мўжиза эмас,одам қўли билан доҳий кўзига ўрнатилган  бир жуфт митти микрофон ялтираб турарди.

Сойибназаров сўзсиз орқага чекинди. Дераза олдида туриб қўлларини кўксида чалиштирганча шу палатага келганидан бери бўлиб ўтган суҳбатларни, телефон сўзлашувларини хотирасида тиклашга уриниб кўрди. Ҳар қанча эҳтиёт бўлишига қарамасдан қовун тушириб қўйганлигини фаҳмлади. Энди тақдир уммонида сарсон кезаётган умр кемасини тасодиф  шамоли нажот қирғоқларига чиқариб ташлашини ёки фалокат қояларига уриб чилпарчин қилишини кутишдан бўлак йўли қолмаганди унинг…

 

XXXV. ТАҚДИР ТАЪҚИБ ЭТАДИ

 

1

Барот Норгул момонинг мухрланган қоғоз ёпиштирилган дарвозасига анграйиб қараб қолди. Нохушликни сезгандек юраги гупиллаб ура бошлади. Кимдан сўрасам экан, деб атрофга қаради. Сал нарида папирос тутатиб турган кишини кўриб унга яқинлашди.

—Мени кечирасиз,—мурожаат қилди у нотаниш одам билан саломлашар экан. —Манови  дарвозага муҳр урилганининг  сабабини билмайсизми?

Нотаниш киши жавоб беришдан олдин Баротни бошдан-оёқ кўздан кечириб чиқди. Барот ўнғайсизланди.

—  Биламан. Саволингизга жавоб беришдан олдин менинг ҳам
битта саволимга жавоб бера олмайсизми?

—  Нима савол экан?

—  Кимсиз?

—  Ғалати одам экансиз-ку, менинг кимлигимнинг сизга  нима  қизиғи бор?

Нотаниш киши бундай қўрсликка эътибор бериб ўтирмади:

—Мен ички хизмат ходимиман. Мана, хужжатим,—у шундай деб қизил жилдли гувоҳномани очиб, Баротнинг кўзи олдига тутди.

Баротнинг хаёлига «Илоннинг ёмон кўргани ҳазорисбанд, у ҳам инининг оғзида ўсармиш», деган мақол келди. Қўйнидан паспортини чиқариб узатди.

—  Бу бошқа гап, Баротвой,—деди сухбатдоши паспортини эгасига қайтариб бераркан. —Сиз ҳақингизда эшитганман. Қутилиб келганингиз билан табриклайман.

—  Миннатдорман.

—  Мендан хафа бўлманг, ука,—деди милиция ходими Баротнинг ранжиганини кўриб.—Вазифамиз шунақа.

—  Менинг саволимга жавоб бермадингиз?

—  Ука, гап бундай. Хабарингиз йўққа ўхшайди-бу ҳовлида қотиллик бўлган. Бир эмас, тўрт киши ўлдирилган.

—  Момо-чи? Момо омонми?

—  Йўқ, момо ҳам ўлдирилган. Момонинг Тўйчи исмли ўғли, унинг хотини, яна Гўзал исмли жувон ҳам ўлдирилган.

Барот ҳозир эсим оғиб қолса керак, деб хаёл қилди. Кўз олди тиниб, тили зўрға калимага келиб сўради:

—Ким ўлдирган?

—Ҳозирча номаълум. Очиғи, гумон қилинаётганлар орасида сиз ҳам бор эдингиз.

—Мени қотилликда гумон қилиб қамашганмиди?!

—Сиз нима деб ўйлагандингиз?

Барот елка қисиб қўйди.

—  Милиция ҳисобида турганларнинг кўпчилиги гумон қилиниб қамалди. Сиз ҳам ҳисобда турар экансиз. Оператив чора кўриш керак бўлган-да.

—  Гўзал деган жувонни тилга олдингиз. Ўғли-чи? Ўғли тирикми?—сўради Барот юраги эзилиб.

—  Тирик. Тасодифан тирик қолган. Лекин у жуда қўрққан кўринади. Врачлар унинг тузалиб кетишига энди умид боғласа бўлади, дейишаяпти. Очиғи, мен сизга айтсам, қотилликнинг очилиши шу боланинг тузалишига боғлиқ бўлиб қолди. Ҳа, дарвоқе, марҳума… кимингиз бўларди?

—  Норгул момоми? Қўшнимиз, раҳматлини онамдек яхши  кўрардим.

––Тушунмадингиз, Гўзал кимингиз бўларди, деб сўрамоқчи эдим.

––Гўзал… Гўзал билан мактабда бирга ўқиганмиз.

––Синфдошим, денг,––деб қўйди милиционер тагдор қилиб.

—Ҳа, синфдошим,—гапни калта қилди Барот. Сўнг милиционер билан совуққина хайрлашди.

Қари тут олдига етганда тўхтади. Ўпкаси тўлиб кетди. Чидаёлмади––ёшликдан сирдоши ва дардкаши бўлган дарахт оғочини қучиб аччиқ-аччиқ кўзёшларини тўкди.

 

* * *

Барот адрес олиб, вилоят болалар касалхонасини топиб борди. Шаҳар чеккасида экан. Неврология бўлимини топиш қийин бўлмади. Акация дарахтлари қуршовида қолган бир қаватли бинога кираверишда семиз санитарка йўлини тўсди:

—   Яхши йигит, қаёққа?

—   Опажон, шу бўлимда жияним даволанаяпти. Шуни кўриб кетмоқчи эдим.

—   Қайси палатада?

—   Палатасини билмайман. Биринчи келишим.

—   Исм-фамилиясини айтинг?

—   Бахтиёржон. Фамилияси… фамилияси…

—  Ёшини биларсиз, ўша жиянингизнинг?

—  Тўртда.

—  Билиб чиқаман. Шу ерда кутиб туринг.

Анча кутишга тўғри келди. Ниҳоят санитарка оқ халат кўтариб келиб қолди:

—Ўн учинчи палатага боринг. Фақат кўп ўтириб қолманг.

—Раҳмат, опажон!

Ўн учинчи палата эшиги қия очиқ эди. Йигит ичкарига кирди-ю, таққа тўхтади. Рўпарасида унга ҳайрат билан … Гўзал қараб турарди! «Тушимми, ўнгимми, деб ўйлади Барот:—Наҳот, Гўзал ўлган, деб мени алдашган бўлса?!»

—Келинг, сизга ким керак эди?

Бу савол йигитни ҳушига қайтарди. У Гўзалнинг синглиси бор, деб эшитганди. Ўша бўлса керак.

—Салом,—деди ўнғайсизликдан оғирлигини у оёғидан бу оёғига ташлаб.—Мен Бахтиёржонни кўриб кетмоқчи эдим?

Қиз ҳамон ҳайрон қараб турар эди.

Баротнинг кўзи қизнинг пинжига кириб турган болага тушди:

—Бахтиёржон, укажоним!

Бола кўзини катта-катта очганча анграйиб қолди. У гапиришга чоғланиб, лабларини қимирлатди. Афти қийшайиб кетди. Ғулдурашга ўхшаган товушлар эшитилди. Ниҳоят оғзидан:

—Адажон!—деган сўз отилиб чиқди.

—  Укажоним!—Барот болани бағрига босди. Қиз ўз қулоқларига ишонмасди:

—  Сен гапирдингми, Бахтиёржон?! Наҳотки, худойим сенга қайтадан тил берган бўлса! Яна бир марта гапир. Гапир, гапирақол?

—  Нимани гапияй, хола?

—  Вой, хола деган тилларингта қурбон бўлай!—сўнг Баротга юзланиб деди:

—Акажон, авлиёмисиз, фариштамисиз?! Шунча вақтдан бери гунг бўлиб ётган бола сизни кўрди-ю, тилга кирди!

—Э, мени уялтирманг. Мен на авлиёман, на фаришта. Худонинг бир гуноҳкор бандасиман, холос. Исмим Барот. Гўзалхоннинг синфдоши бўламан. Сўраганнинг айби йўқ, Бахтиёржоннинг холаси…

—Холаси Мақсудаман,—қиз дув қизарди-да, йигитга қўл узатди.

—Танишганимиздан жуда хурсандман. Ростини айтсам опангизга жудаям  ўхшар экансиз.

—Унчалик эмас,—деди уни сулувликда танҳо бўлган опасига ўхшатишганидан боши осмонга етиб.—Опам жуда (сулув демоқчи бўлганди, тилини тишлаб қолди) бошқача эди.

—Эҳтимол. Лекин менинг назаримда сиз унинг бетакрор нусхасига ўхшаркансиз. Сизни кўрдим-у, опангизни кўргандек бўлдим.

«Опамни яхши кўрар экан,—деган ўй кечди Мақсуданинг дилидан.—Фақат синфдошмиди улар?»

Мақсуда курси суриб қўйди:

—Қани ўтиринг. Ҳали қулоқларимга ишонгим келмайди Бахтиёржоннинг тилга кирганига.

Барот ўтириши билан Бахтиёржон унинг тиззасига чиқиб олди. Унинг бу қилиғидан кулишди. Барот болани бағрига босиб ўпар, ҳар хил сўзлар билан эркалатарди. Гўёки палатада бола билан болажон йигитдан ўзга ҳеч ким йўқдек эди. Қиз четдан уларга қараб тураркан, миясида савол кетидан савол туғилиб келаверди. «Барот ака опамнинг синфдоши холосми? Нега Бахтиёржон уни «ада-ада» деб, ундан ажралгиси келмай қолди? Демак, опам билан ораларида мен ўйлагандан ҳам кўра бошқачароқ муносабат бўлган. Муҳаббатми? Балки жиянимнинг отаси ҳам аслида шу йигитдир? Бўлмаса «ада»лаб бағрига отилармиди…»

Бола ҳар гал «ада» деганда Мақсуда ғалаги бўлиб кетаётганидан Барот англадики, унинг дилида тил билан ифодаланиши қийин бўлган, шу ерда, ҳозирнинг ўзида аниқлик киритишни талаб қиладиган саволлар ғужғон ураяпти.

—  Мақсудахон, нималарни ўйлаяпсиз?

—  Менми?

—  Ҳа,сиз.

—Ҳеч нимани…

—  Балки менга шундай туюлгандир.

—  Балки… Ҳа, сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим.

—  Сўранг.

—  Қандай бўларкин, саволим сал қаттиқроқ тегиб кетиши мумкин?

—  Кимга, менгами?

—  …

—  Сиз мени ранжитадиган гап қилмассиз? Истасангиз бермоқчи бўлаётган саволингизни ўзим айтаман?

—  Йўғ-э?

—  «Бахтиёржон нега сизни «ада» дейди?» деб сўрамоқчисиз. Тўғри топдимми?

Мақсуда ундан кўзларини олиб қочди:

—  Шундай ҳам дейлик…

—  Бу савол мени жичча ҳам хафа қилмайди. Чунки бугун бўлмаса, эртага шу саволни берардингиз. Тўғрими?

—  …

—  Бўлмаса, эшитинг…

Барот Гўзал билан ўн йил бир синфда ўқиганлигини, Гўзалнинг ҳамма қизлардан ҳам гўзалроқ бўлиб етишгани-ю, юқори синф болалари бирдек севиб қолишганини, шу жумладан ўзи қанчадан-қанча тунларни шу қизни деб бедор ўтказганлигини ярим ҳазил, ярим чин қилиб гапириб берди:

—Гўзалхонга муҳаббат изҳор қилмаган бола қолмади. Ҳаммасини рад этди. Мен ҳам рад жавобини олдим. Буни ўзим учун ҳалокат сигнали деб қабул қилдим-у, «Муҳаббатим юз ўгирган шаҳар менга ҳаром», деган шиорни ўзимга байроқ қилганча Тошкентга жўнавордим. Аслида юрагим Гўзалхон билан ана шу шаҳарда қолган эди. Одам хар нарсага кўникар экан. Ўзимни ўтга урдим, чўққа урдим. Институтга киролмаган бўлсам ҳам Эшонгузарга қайтгум йўқ эди. Ҳам ишладим, ҳам билим юртида ўқидим. Кутилмаганда отам билан онам автоаварияда ҳалок бўлишмаганида, балки хозир ҳам Тошкентда юрган бўлармидим. Хуллас, бу орада Гўзалхон турмушга чиққан, ҳатто фарзанд ҳам кўриб улгурган экан. Унинг тақдирига роса ачинганман, тақдирни лаънатлаб йиғлаган пайтларим ҳам бўлган. Лекин шунга қарамасдан, Эшонгузарга қайтиб келганимдан кейин ҳам Гўзал билан учрашувлардан қочиб юрдим. Аммо тақдирдан қочиб бўлмас экан. Бир кун вилоят марказига кетаётсам Гўзалхон бекатда автобус кутиб турган экан. Кўзим тушди-ю, ғалати бўлиб кетдим. У мени кўриб қолмасдан аввалроқ туёғимни шиқиллатиб қолмоқчи эдим. Унга икки-уч нафар олифта хиралик қилаётгандек бўлиб туюлди. Ташлаб кетишга ғурурим йўл қўймади. Опангизни уларнинг нақ бурнининг тагидан олиб кетдим. Шу дақиқадан бошлаб менинг ҳаётим остин-устун бўлди. Мен сабабли опангиз ҳам анча-мунча азият чекканини кейин эшитдим. Ўша куни опангизга яхшилик қиламан, деб уни бахтсизликка гирифтор этган эканман. Унинг олдидаги гуноҳларимни ювишим керак эди. Хуллас, десангиз, биз иккаламиз ҳам ўзимиз сира истамаган ҳолда бир-биримизга суяниб қолдик. Лекин буни муҳаббат деб бўлмасди. Қандай аташни ҳам билмайман. Опангизнинг ўлимидан сўнг мен кўп нарсани англадим. Инсон якка-ю ёлғиз яшай олмас экан. Ёшликдаги аразларни ўртага солиб қайсарлик қилмаганида, эҳтимол опангиз менинг муҳаббатимни рад этмасди. Буни энди тушуна бошлаганимда эса Гўзални бутунлай йўқотдим… Мен опангиз руҳи олдида ҳамиша бош эгаман. Унинг фарзандини оёққа турғизаман, уни ажойиб одам қиламан,—деб ўзимга-ўзим сўз бериб қўйганман.

Барот оғир сўлиш олиб, жим қолди. Мақсуда йиғлаб юборди. Кўзёшлари лўппи-лўппи юзларини ювиб оқа бошлади.

Йигит шошиб қолди. Қўйиб берса, ўзи ҳам ўкириб йиғлашга тайёр эди шу топда. Четга ўгирилиб, намланган мижжаларини артди. Хайрият, унинг бу ҳолатини қиз сезмади.

Мақсуда унсиз анча йиғлади. Аччиқ-аччиқ кўзёшлари дилидаги гумон-хавотирни ҳам ювиб кетгандек бўлди. Бахтиёржонни бағрига босганча унсиз тикилиб турган йигитни олдин ҳам қаердадир кўргандек бўлар, қаерда ва қандай шароитда кўрганлигини эслай олмас эди. Илоҳий бир илиқлик бор эди йигитнинг нигоҳларида!

Барот кетиш учун қўзғалди. Бахтиёржонни қучиб ўпди-да, бағридан бўшатди:

—  Ақлли бола бўл. Бахтиёржон, холангта азоб берма.—Сўнг қизга юзланди.—Омон бўлинг, Мақсудахон!

—  Келганингиз учун рахмат, ака,—қиз ўрнидан туриб хайрлашиш учун қўлини чўзди. Нигоҳлар тўқнашди.

«Гўзалга қуйиб қўйгандек ўхшайди-я»,—деб ўйлади йигит.

«Ўлай агар, бу йигит билан аввал ҳам ҳамсуҳбат бўлганман. Аммо қаерда?» деб боши қотди қизнинг.

Илиқ хайрлашдилар. Йигит ортидан палата эшиги ёпилди. Худди шуни кутиб тургандек, Мақсуда ҳозиргина чиқиб кетган йигитни қаерда кўрганлигини эслади! У чопиб бориб, деразадан ҳовлига қаради. Бироздан сўнг касалхонанинг кўча эшиги очилиб, Барот кўринди. У эшик олдида бироз тўхтаб аланглади. Ниҳоят, очиқ деразага кўзи тушди. Дераза олдида Мақсуда масрур қараб турарди. Йигит қўл силтаб хайрлашган бўлди ва йўлида давом этди. Мақсуда эса анча вақт унинг изидан қараб қолди. Илиқ хотиралар хаёл кўзгусидан кино лентасидек бир-бир ўта бошлади.

 

2

Бошқа тенгдошлари сингари Мақсуда ёшликнинг завқу сафосини суролмади. Марғубанинг арзимаган касалдан вафот этиши опа-сингилларни букиб қўйганди. Кекса ота энди уларни тергаб, қисти-бастига олмаса-да, уларнинг ҳар бир босган қадамини назаридан қочирмасди. Эсида, Мақсуда еттинчи синфда ўқирди. Ўқиши «аъло» ҳам эмас, ёмон ҳам. Аммо математикадан бир оз оқсайди. Синфда «профессор» лақабли бола бўлиб, математикани қийиб қўярди. Оқи-оққа, қизили-қизилга ажралиб турган лўппи юзли бу йигитча синф қизлари ўртасида талош эди. Шоди—йигитчанинг исми шундай эди—Мақсудага уй вазифаларини ечишга астойдил ёрдам берар, бундан бошқа қизлар ўлгудек рашк қилишарди. Шоди бошқа қизга ёрдам бергудек бўлса Мақсуданинг дарду дунёси қоронғулашар, аммо буни ўзидан бошқа ҳеч ким сезмасди. У Шодини севиб қолганди!

Шаддод дугоналаридан бири Шодини «ўзиники» қилиб олгандан сўнг Мақсуда касал бўлиб қолди. Бир неча кун кўрпа-тўшак қилиб ётди. Аммо ички дардини на опасига, на биронта дугонасига айта олди. У Яратганга илтижо қилиб сўрарди. Лекин на муҳаббати қайтди ва на дили ором топди. У яшашдан кўра ўлимни афзал кўра бошлаган эди.

Нажот кутилмаганда ўз оёғи билан келди. Ҳарорати баландлигидан алаҳсираб ётган Мақсуда туш кўрди. Ўзига нотаниш жойларда юрганмиш. Қайси томонга юришни билмайди. Фарёд қилиб Шодини чақиради:

—Шоди! Шоди! Қайлардасан, Шоди? Нега мени ташлаб кетдинг, овоз бер, Шоди!

Ердан чиқдими, осмондан тушдими, бошдан-оёқ оппоқ кийинган, оқ соқолли чол пайдо бўлди. У Мақсудани саволга тутди:

—Қани, қизим, бу ерларда нима қилиб йиғлаб юрибсан?

—Ассалому алайкум, бобо, мабодо сиз Хизр бобомлар эмасмисиз?

—  Балли, қизим, тўғри топдинг. Тила тилагингни.

—  Менга Шодини қайтаринг. Шодисиз ўлиб қоламан!

—  Шодини унут,—деди қария ғамзода овозда.—Уни Оллоҳ ўз олдига чақирган. Ана у, кетиб бораяпти.

Мақсуда чол кўрсатган тарафга ўгирилиб, булутларга қоришиб кетаётган шарпани илғади. Биринчи муҳаббатидан айро тушган қиз кўзларидан ёш сел бўлиб қуйилди.

—Бўлажак умр йўлдошингни кўрсатайми?

Қиз индамади. Фақат чол ишора қилган тарафга юзланиб, туман ичидан чиқиб келаётган йигитни кўрди. Танимаса ҳам унга нисбатан бир илиқлик туйди. Йигит унга қўл узатди. Қўлини олсинми, олмасинми? Балки бобо бир маслаҳат берар? Аммо чол ғойиб бўлган эди. У ҳозиргина турган жойда ғира-шира яшил рангли туман қолган эди, холос.

Шу кечаси қизнинг ҳарорати тушиб, кўзини очди. Алаҳсирашлардан асар ҳам қолмади. Фарзандининг дарди арий бошлаганидан боши осмонга етган ота-онаси Эшонгузар авлиёга битта қўй атаб юборишди.

Тонгда жанозага айтиб кетишди. Қўшни маҳаллада бир болани трактор босиб кетган экан. Мақсуда ота-онасига қўшилиб, марҳумга чин дилдан ачинган бўлса-да, ҳали унинг Шоди эканини билмасди…

Шодини қалбидан ситиб чиқариш қизга осон бўлмади. Лекин вақт ўтиши билан қалб изтироблари енгиллашди. Бироқ ҳар қанча уринмасин, тушдаги йигит сиймосини асло кўз олдига келтиролмасди. «Тушда кўрганларим иситманинг зўридан бўлган алмойи-алжойи босиринқираш экан-да», деган хулосага келиб қолган эди бечора.

 

* * *

Мақсуда ҳамон дераза олдида турарди. Унинг қирмизи лаблари ҳаяжон зўридан пирпирарди. У ҳозиргина ёнидан чиқиб кетган йигитни қаерда кўрганини эслади. Тушида! Ҳа, Шоди ўлган кечаси тушига кириб, қўл узатган йигит! Ўша тундан бери биринчи марта йигитнинг қиёфаси аниқ-тиниқ кўз олдига келди.

Қизнинг узун-узун киприкларидан юзига бир неча томчи ёш думалаб тушди. Бу қувонч ёшлари эди.

Инсон табиати қизиқ экан—хафа бўлса ҳам, хурсанд бўлса ҳам йиғлайверади. Яхшиямки, кўзёшлари бор, дарду ҳасратни ҳам, қувончу шодликни ҳам меъёрига солиб туради. Бўлмаса, унинг тафтига инсон зоти тоб беролмасди.

 

ХОТИМА

 

Яна баҳор келди. Олам яшил либос кийди. Бойхотиннинг ҳовлиси олдида болалар ғужғон уради. Нақшинкор дарвозанинг дарчаси очилиб, ундан атлас кўйлак кийган жувон чиқди. У чанг-тупроққа беланиб ўйнаётган болалар томон юрди.

—Хў, Бахтиёржон, қайдасан, болам?

Болалар ўйинга шу даражада берилиб кетишганки, бирови «ҳа», демади.

—  Бахтиёржон, мен сени чақираяпман.

—  Ҳа, ая, нима дейсиз?

—  Тез уйга юр. Аданглар билан Чўлободга бориб келамиз.

—  Ихтиёрчаям борадими?

—  Боради.

—  Ура!

Болалар ўйин-кулгини йиғиштириб, Бахтиёржонга ҳавас билан қараб қолишади.

Она-бола ҳовлига кириб кетишди. Бир оздан сўнг дарвоза ланг очилиб, сутдек оппоқ «Волга» чиқди. Машина рулида эски танишимиз—Барот. Орқа ўриндиқда эса чақалоғини бағрига босганча унинг хотини Мақсуда, унинг ёнида яна бир танишимиз—Бахтиёржон ўтирибди. Аяси уни олд уриндиққа ўтиришга қўймай, ўз ёнига ўтқазгани учун қовоғидан қор ёғади.

—  Болаларнинг олд ўриндиққа ўтиришлари мумкин эмас,—деб аясининг ёнини олади дадаси ҳам.

—  Нега мумкин эмас, жимгина кетаман?

—  Йўқ, милиция кўриб қолса штраф қилади.

—  Адангни гапга солмай, жимгина ўтир. Мана, қара, уканг биттаям гапираётгани йўқ.

—  Ҳо, унингиз ҳали гапиришни билмайди-ку. Дада, ашула қўйиб беринг?

—  Кимнинг ашуласини қўйиб берай, ўғлим?

—  Миллион-миллион алиҳ роз бор-ку, ўшани.

—  Битга гапингиз, оғайни. Марҳамат, сиз учун Алла Пугачёва куйлайди.

Чўлободга етиб келишганини сезмай ҳам қолишди.

—  Суд қайда бўлади?—сўради Мақсуда бирдан ғамгин  бўлиб.

—  Вилоят судининг биносида.

—  Қачон бошланади?

—Ҳали яна икки соат бор. Анча олдин келибмиз. Унгача мен сизларни шаҳар айлантираман.

—Ура! Морожний ҳам олиб берасизми, дада?

—Томоғинг оғрийди,—танбеҳ беради Мақсуда.

—  Бўлмаса, пепсикола олиб берасиз.

—  Майли.

Машинани қўйиш учун қулай жой қидиришаётганди, йўл четида турган йигит ва қиз қўл кўтаришди. Барот машинани тўхтатди.

—Вокзалгача ташлаб қўймайсизми?

Таниш товушни эшитиб Барот йўловчининг юзига тикилиб қаради ва хурсандликдан қийқириб юборди:

—Андрей, дўстим, ўзингмисан?!

—Худди ўзиман. Борка, наҳот бу сенсан! Сен билан хайрлашолмай кетаётганимдан хафа эдим. Тасодифни қара-я!

—Андрей, биродар, мен ҳам сени бир кўриб, юракдан отамлашиш иштиёқида эдим. Ростини айтсам, сени менга худонинг ўзи етказди. Агар жуда шошилмаётган бўлсаларинг, мана шу истироҳат боғига тушиб, мазза қилиб гурунглашардик.

Андрей ҳамроҳида ўгирилиб, сўради:

––Валентина Михайловна, мен сенга ана шу йигит ҳақида гапириб бергандим, эсингдами?

––Эсимда, Андрюша, эсимда. Шундай ажойиб ўртоғинг бор эканлигидан хурсанман.

Қаҳрамонларимиз истироҳат боғининг кўркам майдончаси-да стол атрофида тўпланишди. Бу ерда ҳар доим қовурилган жўжанинг хушбўй ҳиди бурқсиб туради.

Официант йигит столга бир неча дона «Пепсикола» қўйиб кетди. Бир оздан сўнг чинни товоқларда қовурилган жўжа олиб келди.

—  Яна нимадир етишмай турибди, чамамда?––Барот Андрейга маъноли қараб.

—  Йўқ, ошнам, йўқ. Сен рулдасан, мен эса самолётга чиқаман.

—  Мен рулдалигим ҳақ рост ,аммо сен бор-йўғи самолётда кетадиган йўловчисан. Демак, самолётни бошқаришга сенинг ҳеч ҳам алоқанг йўқ. Тўғрими?

—  Тўғрику-я.

—  Мана бу гўзал хонимларни шампан виноси билан мехмон қилмаслик мумкин-ми, ахир?

-Шампан бўлса, розиман.

Суҳбат қўр олди. Икки йигит ўтган давр ичида бошдан кечирганларини бир-бир эслашди. Барот дўстидан Максим Максимичнинг фожиали ўлими ҳақидаги хабарни эшитиб, ачинди. Андрей тоғасини топганини, унинг жуда катта амалдор эканлигини, ҳозир Москвада даволанаётганини  қистириб ўтди. Андрей тоғаси ҳақида гапираётганда Валентина дув қизарганини Мақсудадан бошқа ҳеч ким сезмади.

—   Тоғанг ҳадемай  тузалиб келади. Қолиб ишласанг бўларди?–юрагига қўл солиб кўрди Барот.

—   Келаман. Фақат тоғасини орқа қилиб келаяпти, деб ўйлама. Отамнинг ҳоки қўйилган чўл совхозига яшаш учун келамиз. Балки ўшанда Фарғонага бориб, отамнинг қариндошларини ҳам топармиз. Ишқилиб, ниятлар жуда катта, оғайни.

—   Жуда яхши ўйлабсан, Андрюша. Табриклайман!

—Раҳмат. Хўш, оғайничалиш, энди ўзингнинг ишларинг ҳақида гапир-чи?

Барот ҳам дўстидан ҳеч нарсани яширмади. Қамалиб кетишига бир баҳя қолганини, бунга Эшонгузарда юз берган даҳшатли қотиллик сабаб бўлганини сўзлаб берди. У қотиллик ҳақида гапира бошлаганда Мақсуда ўзини тутиб туролмади, узун-узун киприкларидан бир неча томчи ёш думалаб тушди. Орага ўлик сукунат чўкди.

—   Юр, азизим, боғни айланиб келамиз,—деди Валентина Мақсудани елкасидан қучиб. Аёллар узоқлашиши билан Барот суҳбатини давом эттирди:

—   Норгул момо уй-жойини, «Волга» машинасини, омонат кассасидаги пулларини менинг исмимга васият қилиб, нотариусдан тасдиқлатиб қўйган экан. Менга нисбатан нега бундай олижаноблик қилганини ҳозиргача тушунмайман. Чунки унинг бир эмас, уч ўғли, ўндан ортиқ неваралари бор эди. Уларга бир чақани ҳам раво кўрмапти.

—Қотил топилдими?

—Ҳа, топилди. Бугун ўшанинг суди бўлади. Қотилни биласанми, ким топган?

—Сенми?

—   Йўқ, мен эмас. Манави йигитча—Бахтиёржон тасодифан таниб қолган. Қотилнинг айбини бўйнига қўйиш қийин бўлмади.

—   Демак, сени яна судга чақиришибди-да?

—Бу гал жавобгар сифатида эмас, гувоҳ сифатида. Ёлғиз эмас, Бахтиёржон билан биргаликда. Асосий гувоҳ у.

Бир пас айланишгач, аёллар келиб ўтиришди.

—   Суднинг нима билан тугашини билгим келаяпти,—деди Андрей Баротга.—Самолётга билет олиб қўймаганимда, албатта, қолардим.

—   Билетни қайтариб топширамиз, вассалом,—деди қатъий қилиб Барот.—Қалай, розимисан?

—   Валентина Михайловна, яна бир неча кун мени меҳмон қилишингга тўғри келади.

—   Қолавер, Андрюша. Сенсиз зерикиб қолардим. Ҳа, айтгандай, тезда бориб билетингни топширишимиз керак.

—Ундай бўлса, олға, оғайнилар!—шодон хитоб қилиб ўрнидан турди Барот.

Мақсуда хушнуд жилмайиб қўйди… Тамом.

Шарҳлаш

 
Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Cheap Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар