ТОКЧАДАН ТОПИЛГАН ХАЗИНА

Tokchadan xazinaУстози аввалим ва падари бузрукворим Шеров Сиддиқ бобонинг порлоқ хотираларига бағишлайман!

 МУАЛЛИФДАН

Қўлингиздаги китобни очиб, унинг саҳифаларини варақлашингиз билан гўёки эски танишларингизни учратгандек бўласиз. Аслида ҳам шундайми?

Китобнинг айрим парчалари газеталарда эьлон қилингандан сўнг менга бу ҳақда кўп саволлар беришганди:

– Фалончини танирдим. Ҳа, бу – ўша!

– Жой номларини айтмаса, воқеалар бизнинг шаҳар ва қишлоқларда бўлиб ўтганга ўхшайди…

Аммо шуни ишонч билан айтаманки, китобдаги барча персонажлар тўқима, уларнинг ҳаётда шериклари йўқ. Баьзи воқеа-ҳодисалар маълум даражада шу китобнинг ёзилишига озроқ туртки бўлган бўлиши мумкин, холос.

Таниш қиёфалар, таниш тақдирлар учун аввалдан узр сўрайман.

Ушбу китобнинг дунёга келишида қимматли маслаҳатларини аямаган адабиётшунос олим Поён Равшановга, адабиёт гулшанига етаклаб кирган устозларим Малика момо Маматқуловага, Элмирза бобо Маҳмановга, китоб нашрига ҳомийлик қилган «Шон-шуҳрат» ишлаб чиқариш корхонаси директори Н.Ҳусайиновга, «Наврўз» корхонаси директори С.Ғаниевга, Муборак газни қайта ишлаш заводи раҳбариятига самимий миннатдорчилигимни билдираман!

МУҚАДДИМА

 

Эшонгузар – жуғрофия китобларига кирмай олган тоғ (бу ерликлар уни тоғ десаларда, аслида каттақон тошлоқ тепалик) этагида жойлашган қишлоқ, район маркази. Сал юкорироқдан Саркашдарё ўтган. Дарёнинг феъли номига мос — саркаш, девона. Бирда сокин, ювош, бирда қутирган, қонхўр. Тез-тез тошиб вайронагарчилик келтиради, одамларни саросимага солади-ю, уч-тўрт кундан сўнг ювош тортиб, ўз-ўзанига қайтади.

Эшонгузарликлар одамохун, мехнаткаш. Боғ-роғга ишкибоз. Улар етиштирган анвойи олмалар, ширин-шакар шафтолилар, ҳар бири ҳан-далакдек келадиган анорларнинг, айниқса, тилни ёрадиган «келин бармоқ» узумларининг таърифи довон ошган. Эшонгузарнинг бозори доим гавжум.Бухо-

ро-ю Самарканд, Қонибодому Хўжанддан деҳқонлару олиб-сотарлар кўп келади бу бозорга.

Қиш кирмай туриб қор ёғиб берди. Йўлакларни қалин қор босди. Куз юмушларидан бир кадар бўшаган одамлар қўлларига белкурак олиб, қор курашга киришдилар. Қор, айниқса, болалар учун кутилмаган қувонч олиб келди. Ким Қорбобо ясаган, ким қорбўрон ўйнаган. Ёш-яланглар бир-бирига қорхат ёзиб, кимгадир тутқазиб қочиш пайида йўлга отланган.

Хуллас, қиш эмас – байрам, осмондан қор эмас, қут-барака ёққан, деб ўйлайсиз. Табиатнинг бу ажиб, ҳузурбахш таровати абадий давом этадигандек…

Кутилмаганда қари тут ёнидаги ҳашаматли ғиштинкор ҳовлидан фарёд эшитилди. Ададсиз туюлган гўзал ҳислар тўзғиб кетди. Одамлар фарёд эшитилган томонга отилдилар.

Дарвоза олдида милиция машинаси турибди. Ҳовлининг қуббакор дарвозаси ланг очиқ. Ундан таниш-нотаниш одамлар кириб-чиқаяпти. Дақиқа сайин тўпланганлар сафи кенгамокда.

— Тарқалинглар, ўртоқлар, таркалинглар! — деб амр килди мили-ция майори одамларга. — Факат уч-тўрг киши колсин, қолганлар чиқиб туринглар!

Холисликка танлаб олинган кишиларни уйга киритиб юборишди. Уйда ҳар ер-ҳар ерда қизил қонига бўялган жасадлар чўзилиб ётарди. Бундай даҳшатли манзарадан ўтакаси ёрилган «холис»лардан бири — ёшгина жувон ҳушдан кетиб, шилк этиб йиқилди, қолганлар оркага тисарилди.

Эшонгузарда рўй берган бу мудҳиш воқеа бир зумда ҳаммаёққа тарқалди…

I. ГЎЗАЛ

Сирож бобо эскичадан анчагина саводли. Янгичадан ўртамиёна даражада. Отасидан қолган томорқаси, бир жуфт ҳўкизи, омоч-бўйинтуруғи бўлгани учун қулоқ қилиниб, Украина томонларга сургун этилди.

Йигитнинг кўзи мусофирчилиқда очилди, сиёсатни тушунадиган бўлди. Аммо осуда ҳаётни севгани сабабли сиёсатга аралашмайди. Мабодо унинг ҳузурида сиёсатдан гап очилса, оғзига талқон солиб, жим ўтиради ё бўлмаса, киши билмас қилиб жўнаб қолади. Унинг феълини билган билади, билмаган одамови экан, деб ўйлайди.

Отахон сургунда ҳам, ўз элига қайтгандан кейин ҳам беш вақт намозини канда қилмади. Мафкура тазйиқига қарамасдан, гуноҳларини ювиш учун (айбсиз Парвардигор) садақалар улашди, онда-сонда оши худойи, ифторликлар қилиб едирди. Унинг бу қилиғи маҳалла корчалонларига, албатта, ёқмайди. Улар маҳаллада атеистик тарғиботни бўшаштириб қўйганликлари учун неча марта райкомга чақирилиб, дакки эшитишган. Чолнинг бу билан неча пуллик иши бор. Ана шуниси уларга оғир ботади. Охири бу иш билан райкомнинг ўзи шуғулланадиган бўлди. Диндорларнинг ҳақиқий душманига айланиб улгурган, келиб чиқиши бетайин бўлган инструктор йигит бу вазифани ўз бўйнига олди.

–Сиз хурофот тарқатаяпсиз! – деди райком вакили папирос тутунини чолнинг бетига қараб пуфларкан.

–Хурофот? – сўради Сирож бобо кафти билан тутунни ҳайдай туриб. – Азизим, хурофот деганини тушунтириб беролмайсизми?

–Диний маросимлар, феодал қолдиқлар, ирим-сиримларга хурофот дейилади. Хурофот одамларнинг, айниқса, ёшларнинг онгини заҳарловчи ижтимоий хавфли ҳодиса. Билдингизми?

Отахон босиқлик билан тинглади, гўё ҳеч нарсага ақли етмагандек суҳбатдошининг кўзларига тикилди.

«Ёпирай, кўзлари банги одамнинг кўзига ўхшайди-я. – Бунақа кўзларни у сургун йилларида ҳар қадамда учратарди. – Улай агар, бу одам дори тортган!»

–Дин одамларни йўлдан оздиради, бузуқ йўлларга бошлайди, она ватанга муҳаббатни сўндиради, –дея ҳамон давом этарди бообрў идоранинг фахрий вакили.

Отанинг астойдил жаҳли чиқди:

–«Ватанни севмоқ иймондандир», деган гапни эшитганмисиз, болам?

–Қария, оғзингизга қараб гапиринг! Биринчидан, мен сизнинг болангиз эмасман, райком партиянинг офицальний вакилиман. Иккинчидан, Ватан билан иймон айри-айри нарса!

–Билдим, билдим. Демак, сиз ўзингизни иймонсизларман, деб ҳисоблайсиз. Тўғрими?

–Вопервих, мен коммунистман. Демак, дин, иймон деган нарсалар менга бегона.

Чолники тутиб кетди:

–У кулоғингиз билан ҳам, бу қулоғингиз билан ҳам эшитиб қўйинг, эй иймонсиз одам! Ҳамма касофатларнинг, барча иллатларнинг боши иймонсизликда. Иймонсиз одам одамларни бузуқ йўлларга бошлайди, шайтонга ошно қилади. Бундай одамлар ота-онасини, ака-укасини, эл-юртини бир пулга сотади. Дин эса иймонли бўлишни тарғиб қилади. Ота-онани, ака-укани, қавму қариндошни, Ватанни севишни тарғиб қилади. Хоразмий, Фаробий, Беруний, Ибн Синоларни биларсиз, ҳар ҳолда?

Вакил жўшиб гапираётган отанинг  оғзига анграйиб, жим қараб тураверди.

–Иймони бутун бўлганлиги сабабли бу аждодларимизнинг номи минг йиллардан бери эл ардоғида.

–Мен Али десам, сиз Вали дейсиз. Бутун прогрессив инсоният бировоздан «Дин афюндир», деб турган бир пайтда сиз фалсафа тўқийсиз, мени ўқитмоқчи бўласиз!

–Сизни ўқитмоқчи эмасман, фалсафа ҳам тўқимаяпман. Фақат бир ҳақиқатни айтмоқчиман, холос. Ҳа, афюн заҳар, оғу. Аммо баъзан оғу билан оғир хасталикларни даволашган Айниқса, заҳарга қарши восита сифатида қўлланилган. Илон чаққанга қарши илон заҳри ишлатилганга ўхшаб. Диннинг афюнга нисбат берилиши ҳам жамиятдаги иллатларга қарши дин даволовчи кучга эга эканлигига ишора.

–Бекор гап! Сиз Лениннинг дин ҳақидаги гапларини билмас экансиз.

–Яна бир оз сабр қилинг. Мен гапимни охиригача айтиб олай.

-Гапиринг.

–Сизнинг тушунчангиздаги афюн ҳақиқатдан ҳам хавфли. Одамни одамгарчиликдан чиқаради, оилаларни бузади, миллатни емиради. Ҳозир ёшлар ҳам, ёши бир ерга бориб қолганлар ҳам, ҳатто мўътабар идораларда ишлайдиган баъзи бир амалдорлар ҳам афюн тортиш касалига гирифтор бўлишган.

Райком инструкторининг кўзи косасидан чиқиб кетаёзди. Тили калимага келмай қолди. Бу ҳол чолнинг назаридан четда қолмади.

«Лаънати сассиқ чол, менинг наша чекканимни қаердан била қолдийкан. Қўйиб қўйсам ёқамдан ушлаб, мана бу дори тортган, деб милицияга тутиб беришдан ҳам қайтмайди. Тезроқ бу кўнгилсиз суҳбатни тугатиш керак».

–Ҳа, сиёсат бобида анча пишиқ экансиз, ота. Қойилман. Айтганларингизда жон борга ўхшайди.

Дахрий йигитнинг муросасозлик қилаётганини сезган Сирож бобо ҳам ҳовридан тушди. Тилининг учида турган аччиқ-аччиқ гапларни сиртига чиқармади. Суҳбатдошнинг шоша-пиша узатган титроқ қўлини истамайгина ушлаб хайрлашди. У чиқиб кетгач, отахон хонага ўтириб қолган қўланса ҳидни ҳайдаш учун эшик-деразаларни ланг очиб юборди.

 2

Сирож бобо уч марта уйланди. Биринчи хотинидан фарзанд кўрмади. Бояқиш сургун азобларини бирга чеқди. Ўпкасини совуққа олдирди. Ватанга қайтиш унга насиб этмади. Бегона тупрокда қолиб кетди.

Ўзига қолса, бутун умр сўққабош ўтмоқчи эди. Қариндолари қўймай қўшни маҳаллалик ёшгина жувонга уйлантириб қўйишди. Хотини кетма-кет уч қиз туғиб берди. Аёли ниҳоятда сулув эди. Шу билан бирга суюқоёқ чиқиб қолди. Орага кўнгилсизлик оралади. Эр тергашни, хотин алдашни қўймайди. Орада бир эмас, уч нафар фарзанд борлиги отанинг қўлини боғлаб қўйган. Бўлмаса, тирик дўзах билан (Сирож бобо хотинини орқаваротдан шундай дерди) бир кун ҳам яшамасди.

Ниҳоят, рўзғор бузилди. Хотин қизларини тирик етим қилиб, аллақайсидир жазмани билан қочиб кетди. То фалон шаҳарда «дўкон» очиб олгани ҳақида хабар келмагунча, хотиннинг қариндошлари отага кун беришмади. Гап нимадалигини билишгач эса ҳаммаси ўз-ўзидан пилдир-пис бўлиб кетди.

Отанинг назарида қизлари униб-улғайса онасига ўхшаб суюқоёқ бўлиб кетишади. Шу тариқа ота дилига ташланган ғашлик уруғи кўкариб, жаҳолатга айлана борди. Оқибатда у сабаб-бесабаб қизларига қўл кўтаришга одатланди.

–Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйманг, – дейишади навбатдаги можаронинг устидан чиққан қариндошлар. -Пушти камарингиздан бўлган норасидаларда нима айб? Сиздек художўй одамдан буни кутмагандик. «Ҳар неки келса худодан келади, худодан келганни бандасидан кўриш гуноҳи азим», деб ўзингиз ўргатмаганмисиз? Нега энди ўзингизга қолганда, бунга ақлангиз етмайди? Уйланинг. Қизларга бошпана бўлардек она керак

–Хом сут эмган бандалармиз. Мендан ўтган бўлса, маъзур тутинглар, –деди ота синиқ товушда. –Шайтони лаьин бъазан ғалаба қилиб қолади. Оллоҳим мени ўзи кечирсин. Бузуқлик йўлига кириб, фарзандларини тирик етим қилиб кетган дажжолни Оллоҳнинг ҳукмига топширдим. Биз бандаи ожизмиз.Омин!

Қўярда-қўймай бобони шу маҳаллалик солиҳа кампирга уйлантириб қўйишди. Кампир келиши билан рўзғорга гўё қуёш чиққандек бўлди. У бир четда дир-дир қақшаб турган опа-сингилларни бағрига босди, оқ ювиб-оқ таради. Отанинг ўрин-ноўрин зулми барҳам топди.

Қизларнинг тўнғичи Марғуба, ўртанчиси Гўзал ,кенжаси Маъсуда. Бири-биридан сулув. Аммо Гўзал баридан-да супув.

Марғуба ёшига нисбатан анча эсли-ҳушли, кўп нарсага ақли етади. Онасининг «ёмон иш» қилиб қўйганидан ўзича орланади. «Бизлар ақлли қиз бўламиз», деб пинҳона аҳди паймон қилган опа- сингиллар.

Марғубанинг умри қисқа экан. Бир куни унинг қорнида оғрик пайдо бўлди. Дард зўридан думалаб-думалаб йиғилади. Ота-она типирчилаб қолишди. Ноиложликдан қушноч кампирни чақириб келишди.

–Сулув экан, пари чалибди, – деб бошини сарак-сарак қилди кампир исқирт панжалари билан қизни «текшириб» кўраркан.

–Энди нима қиламиз? – ваҳимага тушиб сўради ўгай она.

–Жонлиқ сўйиб, кўчирма қилиш керак. Қора қўчқор! Қора қўчқор сўрашаяпти париларим!

Бемор оғирлашди. Қўшнилардан кимдир «Тез ёрдам» чақирган экан, бир пасда етиб келди. Тамом ҳолдан тойган Марғубани дўхтирлар ўзлари билан олиб кетишди.

Касалхонага етмай йўлда қизнинг жони узилди…

Марғубанинг ўлими отанинг белини букди. У «онасининг касофати қизимга урди», деб афсусланар, оппоқ соқолларига шашқатор ёш қуйиларди.

 3

 Диний маросимлар тақиқланган дамлар. Биронта фаол ходим энг яқин қариндошининг жанозасида қатнашган бўлса ҳам шўри қурийди. Нафақат фаоллар, балки бошқалар ҳам диний маросимлардан йироқ юрадиган бўлиб қолишди. Мулла дегани анқонинг уруғига айланди. Машҳур артистни тўйга олиб келиш учун навбат турганга ўхшаб, мулла учун ҳам навбат туриш, «юқори»нинг розилигини олиш зарур бўлиб қолди. Розилик олиш учун маҳалланинг ижобий тавсифномаси ҳамда диний идорага хизмат ҳақи тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози талаб қилинарди. Аммо фалончи фалон куни ўлади, деб пешонасига ёзиб қўйилмаган-ку, олдиндан навбатга тиркаб қўйилса. Ана шундай пайтларда одамлар Сирож бобони йўқлаб келишади. На илож, ахир фалончи отасини ё бўлмаса онасини жанозасиз кўмди, деган иснодга қолишни ҳеч ким истамайди-ку! Боради. Жанозани ўқиб беради. Бир кун, ярим маъракасида ҳам ўтиради. Ана шу қилиғи учун уни маҳалладан қувғин қилишларига бир баҳя қолди. Аммо кеч қолишди.

Сирож бобо саккизинчи синфни тугатган қизи Гўзални вилоят марказидаги тиббиёт билим юртига етаклаб бориб, ўз қўли билан ўқишга киритиб қўйди. Бу жасорат эди! Ўз навбатида мафкурачилар ҳам буни ўзларининг тенгсиз ғалабаси деб билдилар:

–Биз битта диндорни диндан чиқардик! – деб айюҳаннос солишди улар. Ҳатто район газетасида ота номидан «Мен нега диндан қайтдим» деган мақола эълон қилиб юборилди (Табиий-ки, бу ҳақда отадан сўраб ҳам ўтиришмади).

4

 Йиллар чопағон. Ҳаш-паш дегунча Гўзал билим юртини тамомлади. Қўлига диплом тегди. Ишлаш учун ўзи яшаётган шаҳарга йўлланма беришди.

Одатда янги битириб келувчиларни ишга жойлаштириш учун қавму қариндошлар, таниш-билишларнинг югуриб-елишларига тўғри келарди. Гўзалнинг фавқулодда сулувлиги қўл келди. Уни «Тез ёрдам» станцияси илиб кетди. Бошқалар ҳасаддан бўзариб қолаверишди.

Гўзал ишга энди кўника бошлаган кунлар эди. Райкомга «Тез ёрдам» чақиришди. Биринчи котибнинг тоби қочиб қолибди. Райондаги якка-ягона тиббиёт фанлари номзоди бўлмиш врач навбатчи ҳамшира – Гўзални олиб, райкомга етиб келди.

Биринчи котиб ёши ўтинқираган, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларида юрак ўйноғи орттириб олган, алп қоматли киши эди. Сал кайфияти бузилса, касали хуруж қиладиган бўлиб қолганди. Бугун ҳам кайфиятини бузишди.

Хўжаликлардан бирида пахта планининг бажарилиши хавф остида қолганди. Райком комиссия юбориб, сабабларини ўрганди. Раис бошлиқ мутахассислар бюрога чақирилди. Уларнинг роса пўстаги қоқилди. Кимгадир «қаттиқ хайфсан», кимгадир бундайроқ «ҳайфсан» тегди. Раиснинг вазифасида қолиш-қолмаслигини пахта йиғим-терими мавсуми тугагач, кўриб чиқиш колхоз правлениесига «тавсия» этилди.

Бюро йиғилишдан кейин раис биринчи котибдан уни алоҳида қабул қилишни сўради. «Йиғлаб-сиқтаб, ишда қолдиришни сўрайди», деб ўйлади биринчи. Қабул қилди.

–Хўш, нима демоқчисан?

–Кўпнинг орасида тилимни тийдим, райкомбува. Айтмай кетсам виждоним қийналади.

–Нимани?

-Комиссия текширувидан мен қаноатланмадим. «Колхоз далаларида пахта мўл, фақат иш ёмон ташкил этилган», деб бизни айблашган. Бу туҳмат, ёлғон! Мен колхозни қабул қилганимдаёқ «Чигит экиш плани ошириб ёзилган, пахта учун ажратилган ер гектарчиларга бўлиб берилган, кузда пахта ўрнига ерёнғоқ билан қовун-тарвуз топширамизми, чорвачиликда ҳам аҳвол бундан баттар», деб келиб айтганимда, мана шу кабинетда, мана шу ерда сиз ўзингиз елкамга уриб «Боравер, кузгача бир гап бўлар», деб чиқариб юборгансиз. Экилмаган ерлар экилди қилиниб, қанчадан-қанда маблағ елга соврилганида райком қаерга қаради, нега ўшанда комиссия чақиртириб текширтирмадингиз?

Биринчи раисни аврашга ўтди:

–Бошқа хўжаликларда чигит тўлиқ экилганди, деб ўйлайсанми? Уларда план бажарилаяпти-ку? Сен  ёш раиссан. Келажагинг олдинда. Бир йил-икки йил планларни бажариб, ўзингни кўрсат–райижроқўм раиси бўласан. Бизларни ҳам амалга боғлаб қўйишгани йўқ. Ўрнимизга сен, сенга ўхшаганлар келади. Озроқ тадбиркорроқ бўл, йигит.

–Нима, планни пахта  сотиб олиб тўлдирайми?

–Қўшни колхоз-совхозларнинг раҳбарларидан сўраб кўр, улар қандай бажаришаётган экан?

–Тўғри, улар сотиб олишаяпти. Мен улар қилаётган ишни қилолмайман. Пахта сотиб олиб умримни қамоқда ўтказмоқчи эмасман. Уруғимизда ҳеч ким раис бўлмаган.

–Шунақами, ҳали?!

–Ҳа, шунақа!

–Демак, план бажарилмайди, де?!

–Далада борини териб топшираман.

–Очиқ айт, план нима бўлади?!

–Планга яна йигирма процент керак. Менда унча пахта йўқ.

–Хўп, яхши. Боравер. Бошингга иш тушганда йиғлаб келмасанг бўлди!

–Бошга тушганини кўз кўради, ўртоқ Ҳақбердиев!

–Йўқол! – деб бақирди биринчи юрагини чангаллаганича. Унинг юрак хуружи бошланаётган эди.

Ҳайбатли қичқириқни эшитиб кабинетга чопиб кирган котиба «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилди…

Биринчининг хаёлини котиба аёл бузди:

–Докторлар келишди.

–Киришсин.

Тиббиёт номзоди икки букилиб салом берди, унинг бу қилиғи Гўзалнинг кулгисини қистади. «Райкомбува» салқи тортган қовоқларини кўтариб, рўпарасидагиларга қаради. У номзодни танирди. Аммо унинг ёнидаги сулув ким бўлди экан? «Ё, тавба, одам боласи ҳам шунчалик гўзал бўладими!»

Доктор беморнинг қон босимини текширди, юрак уришларига қулоқ тутди. Сўнг ҳамширага қандай укол қилиш лозимлигини айтди.

«Райкомбува» аллақачон ўз дардини унутганди, ҳатто ҳамшира укол қилганини ҳам сезмай қолди.

–Қани, қизим, игнангни санчимайсанми? – сўради «райкомбува» қизнинг туртиб турган сийналарига ҳирс билан боқаркан.

–Игнамни санчиб бўлдим, райкомбува, – деди Гўзал ийманиб, ҳам ҳувониб.

–Ростданми?

Қизнинг ўрнига врач жавоб берди:

–Рост-рост.

–Кандидат!

–Лаббай, райкомбува?

–Бунақа оғритмай игна санчадиган гўзал қизни қаердан топгансизлар?

Врач қўл қовуштириб, мамнун тиржайди:

–Ўзимиздан чиққан. Эшонгузарнингфарзанди, райкомбува.

–Оббо, шунақа де. Эшонгузар фақат меваси билан машҳур десам, париваш қизлари билан ҳам машҳур эканда?

–Ҳа, ҳа, шундай, райкомбува.

–Кандидат!

–Лаббай?

–Яқинда қанақадир сеанс ҳақида гапиргандинг.Эсингдами?

–Албатта, эсимда. Соғломлаштириш сеанси, яъни уқалаб даволаш сеанслари ҳақида гапиргандим. Инсоният бундай сеансларни икки минг йилдан ҳам ортиқроқ вақтдан бери қўллаб келади. Тури жуда кўп. Бу метод кўҳна Шарқда кенг тарқалган…

–Бўлди-бўлди, ишонтирдинг. Демак, мен   сеанс олишим мумкин эканда-а?

–Нафақат мумкин, балки жуда ҳам зарур. Ўзингиз розилик бермаганингиз учун…

–Яхши, мен розиман.

—Эртагаёқ сеансларни бошлаб юборамиз, ракумбува.

—Нега эртага, бугун эмас?

—Мутахассис ходимамиз пахтада. Бугуноқ чақириб оламиз. Эртадан иш бошлайди.

—Пахта тераётган бўлса, қўй, тегма, пахтасини тераверсин. Одамларни ишдан чалғитиш яхши эмас. Балки… сеансни мана бу қизимиз қилар?

Врач биринчи котибнинг муддаосини англолмай ўйланиб қолди.

—Қизим, исминг нима?—«райкомбува» ҳамширага юзланди.

—Гўзал.

—Исминг жисмингга мос экан, қизим. Қалай, сен райкомбувангни соғайиб кетишини истайсанми?

—Албатта.

—Ундай бўлса, сеансларни сен қиласан. Бир ойга сени менинг ихтиёримга командировка қилишади. Пахтага чиқмайсан, ҳар хил ишлардан озод қилинасан.

—Райкомбува, ахир…

—Эътирозга ўрин йўқ.

—Ахир мен монуал терапиядан ҳеч нарса билмайман-ку?

––Монуал терапия, дейсанми?

— Монуал терапия – уқалаб даволаш дегани, – шошиб изоҳ берди тиббиёт номзоди.

— Мана, номини биласан-ку. Билмаганларингни иш жараёнида ўрганиб кетасан.

Гўзал врачга илтижо билан қаради. Врач «Рози бўл, тентак, омадинг келди, қўлдан қочирма», деган маънода зўр бериб имо-ишора қила бошлади.

Қиз ноилож  рози бўлди.

Биринчи котиб бетоблигини хам унутиб  ўрнидан турди. Хона бурчагидаги пўлат сейф эшигини даранглатиб очди. Ундан иккита қутича олди.

—Мен бугун сизлардан ниҳоятда хурсанд бўлдим, — деди биринчи котиб қутичалардан бирини қўл учида тиббиёт номзодига узатаркан. — Арзимаган совға. Мана бу сенга, қизим, оғритмай укол қилганинг учун. Қани, билагингни тут-чи.

«Райкомбува» қутичадан жажжигина тилла соатни олиб, қизнинг оппоқ билагига тақиб қўйди. Қария бундай ширин лаҳзаларни анча вақтдан бери татиб кўрмаганди, шу сабабдан юраги қари қирчанғиникидек гупуриб ура болшади. Ўзини зўрға тийиб, қизнинг билагини ноилож қўйиб юбораркан:

— Муборак бўлсин, – деди.

— Раҳмат! – деди тиббиёт номзоди икки букилиб. Қиз уятдан қип-қизариб, ерга тикилди.

5

 Даволаш сеанслари шифохонада ёки райком биносида эмас, балки биринчи котибнинг коммунал уйдаги квартирасида давом эттирилишини эшитган Гўзални ваҳима босди. Негаки, ҳайҳотдек катта уйда «райкомбува» сўққабош яшарди ва қиз бола кириб-чиқиши ҳар хил гап сўзларга сабаб бўлишини у юракдан ҳис эта бошлаганди. Мулоҳазаларини бош врачга айтганди, у чаён чаққандек сапчиб тушди:

—Нодон қиз, сен фақат ўзингни ўйлама! — деди қўлларини пахса қилиб. — Райздравнинг тақдири сенинг қўлингга қараб қолди. Ҳа, ҳа, сенинг қўлингга! Шалағи чиққан хизмат машинамизни сен туфайли янгисига алмаштирадиган бўлишди. Палаталар ремонтига пул ваъда қилишди. Диагностика марказини очмоқчимиз. Бу ҳам, қизим, сен туфайли. Бир оғиз «Йўқ», десанг бари елга учади-я.

—Ахир…

—Тушунаман. Гап-сўз бўлишидан қўрқасан. Бу туйғу ҳаммамизда ҳам бор. Аммо сен қўрқма. Ватан манфаати деб урушда одамлар ўзларини танк остига ташлаганлар. Сен Ватаннинг бир бўлаги-райздрав учун фидойилик қилишинг керак, қизим. Буни ҳамиша қулоғингда тут…

Биринчи котиб ўн йиллардан бери бўйдоқ эди. Хотини ўлгач, ўғил-қизлари унинг уйланишига рўйхўшлик беришмади. Аслида уйли-жойли бўлиб кетган фарзандлар амалдор отанинг мол-мулкига янги меросхўрлар чиқишини исташмасди. Бахтига Эшонгузар районига биринчи котибликка сайланди-ю, бағрига офтоб тегди…

«Райкомбува»нинг илондек аврашлари, қимматбаҳо совға-саломлари Гўзалнинг ақлини ўғирлади. «Отам тенги одам, юрт раҳбари, менга ёмонликни раво кўрармиди», деган юпанч бор эди бечора қизнинг кўнглида. Аммо у кун сайин тузоққа бошини кўпроқ тиқаётганидан бехабар эди. «Райкомбува»нинг соғлиги учун ичилган бир  қадаҳ қоняк қизнинг ақл-ҳушини ўғирлади…

Қиз ҳуши жойига келганида бадном этилганлигини англади. Кучи кўзёшларига етди. «Райкомбува»ни бўғиб ўлдиришга тайёр эди шу топда.

—Тентак қиз, ўзинг суйкалдинг, ўзинг қўйнимга кирдинг-ку! – деди «ғазабланган» биринчи котиб. –Кел, қўй, йиғлама. Бўлар иш бўлди, бўёғи синди. Барибир додингни ҳеч ким эшитмайди. Истасанг… сенга уйланаман.

Қиз бир нарса демасдан чиқиб кетди.

Биринчи котибни ваҳима босди. «Ёшлик қилиб бировга сирни очса, шарманда бўламан-ку! Нима қилиш керак? Бунинг чораси борми?»

Орадан икки-уч кун ўтди. «Демак, ҳеч кимга гапирмаган. Қизиқ устида гапирмадими, энди гапирмайди». Биринчининг хулосаси шу бўлди.

Кутилмаганда ярим тунда Гўзалнинг ўзи кириб келди. Қўлида чоғлиққина тугунча.

—Мана, мен келдим, – деди қиз кўзларини ердан узмасдан. —Ҳайдаб юборсангиз ҳам кетмайман.

Биринчи котибнинг невараси тенги қизга уйланишдан бошқа чораси қолмади.

Бир-иккита обрўли оқсоқоллар ўртага тушиб, ҳар хил ғийбат сўзларни бости-бости қилишди.

—Эл отаси сўққабош юргани яхши эмас. Қайтанга уйлангани яхши бўлди, —деб фатво бериб юборишди. Енг учида никоҳ маросими ўтказилди.

6

 Шу куни Сирож бобонинг уйида қиёмат қўпди. Бечора ота «Қазисан, қартасан, асл зотингга тортасан», деб ер муштлаб, Гўзални қарғади, оппоқ соқолидан шашқатор ёшларини оқизди…

Гўзал эрига қўчқордек ўғил туғиб берди. «Бахтимни йўқотиб топган бахтим», деб ўғлининг исмини Бахтиёр қўйди. Бола унинг ягона овунчоғига айланди. Шу туфайли гулдек ёшлигини поймол қилган «гўридан гўри яқин» эрига нисбатан бўлган нафрати бироз юмшади. Балки бир кун келиб у эрини кечириши ҳам мумкин эди.

Кекса отанинг юзи кулса-да, ичини бир дард ўртайди. Кечалари алаҳсираб, туриб кетади. Телефон жирингласа ҳам эшикка қараб ранги ўчади. Дардини айтмайди, айтолмайди. Ёш жувон иш билан банд пайтлардан фойдаланиб, ўғилчасини бағрига босиб, унсиз йиғлайди.

Бир кун тунда эшик қўнғироғи қаттиқ жиринглади.

—Қарачи, телефон жиринглаётганга ўхшайди, — деди эр титраб-қақшаб, зора бу сафар ҳам эшик эмас, телефон қўнғироғи бўлса, деган умидда.

—Телефон эмас, эшикнинг қўнғироғи, —деди хотини. Унинг гапини маъқуллагандек қўнғироқ босиб-босиб жиринглади.

—Бундай бемаҳалда ким келиши мумкин? — сўрайди эрининг безовталиги ўзига кўчган жувон. Эр  лом-мим деёлмайди, фақат имо-ишора қилади.

Ташқаридагилар энди эшикни гурсиллатиб ура бошлайдилар.

—Ким?

—Давлат хавфсизлик комитетидан. Эшикни очинг!

Гўзал эрига «тинчликми?» маъносида қарайди. Нимқоронғида эрининг ранги девор бўлиб кетганини сезмайди.

—Оч, — дейди эр. Товуши ўзиникига ўхшамайди. Бурунги ўктамликдан нишона ҳам қолмаган. — Аввал чироқни ёқ.

Эшикдан шиддат билан тўрт киши кирди. Барининг қўлида яланғочланган тўппонча.

Бегона «амакилар»нинг бемаҳал ташрифи, бақириб-чақириши болани қўрқитиб юборди. Чинқириб йиғлай бошлади.

—Боланинг чакагини ўчир! — деб ўшқирди «амаки»лардан бири. Жувонга кўзи тушди-ю, қотиб қолди. У Рембрант чизган мўъжиза картиналардан бирига тўсатдан дуч келиб қолган санъат мухлиси каби лол бўлиб қолганди.

—Болангиз билан нариги хонага чиқиб туринг, опа, — деди хавфсизлик қўмитасининг ходими табиатига хилоф равишда мулойимлик билан.

Гўзал қўшни хонада бўлаётган гап-сўзларни эшитиб, билиб ўтирди. КГБчилар ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Нарсаларни хатлашди. Тонгга яқин «райкомбува»ни олиб, чиқиб кетишди. Эр эшик олдида бир сония тўхтаб, Гўзалнинг қўйнида ухлаб қолган ўғлига мўлтираб қаради. Бир сўз ҳам демай остона ҳатлади. Бир оздан сўнг ҳовли тарафдан машиналарнинг ўрнидан қўзғалгани эшитилди.

Гўзал эрини қайтиб кўрмади. Собиқ амалдор қамоқ жазосини ўтаётганда ўзини осиб қўйгани хабари келди.

Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Биров у дейди, биров бу. Бари бир тахмин. Бари даҳшат. Ҳақиқат эса бир неча йилдан кейин маълум бўлади. Фалончи «Мени шу одам туҳмат қилиб қаматганди. У энди бу ердан тирик чиқиб кетмайди!» деб дағдаға қилган экан. Оқланиб чиққанлардан бири миш-мишларни тасдиқлади. У кайф устида «Олдин ўлдириб, кейин осишганини ўз кўзим билан кўрдим», деб оғзидан гуллаб қўйди. Ҳуши ўзига келганда эса айтганларидан тонди. Барибир бу гап шов-шув бўлиб кетди.

Кулфат бир келса қўша-қўша келаверар экан.

Эри тириклигида «аллада азиз» бўлиб юрган жувоннинг ҳолидан хабар олгувчи зот йўқ. Бир вақтлар Гўзал туфайли янги машинали бўлиб олган «райздрав»нинг раҳбарлари жувонни совуққина қарши олишди.

—Эрингиз туфайли идорамиз шаъни булғанишини истамаймиз, — деди соғлиқни сақлаш бўлимининг яқинда тайинланган раҳбари. Сизни ишга олсак гап-сўз кўпаяди. Шундай ҳам ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб ётибди. Бизни кечирасиз, синглим, ҳеч ҳам иложимиз йўқ. Бошқа ердан иш қидиринг.

Бошқа гапга ўрин қолмаганди. Жувон бу масканни бир умрга тарк этди.

Тафтиш давомида рўзғорда қўлга илингудек ҳамма нарса рўйхатга тушган. Гўзалнинг шахсий ва совғага олган буюмлари, тақинчоқлари ва кийим-бошлари ҳам мусодара бўлиб кетган. Бахтига уйда тинтув ўтказилишидан олдинроқ Гўзал кир ювганди. Тилла билагузугини ва соатини ечиб, дарахт бутоғига илиб қўйди-ю, ишга андармон бўлиб унутди. Тинтув, эрининг қамалиш воқеалари билан тамоман эсдан чиқарди. Бир неча кундан сўнг тасодифан кўзи тушди. Одам бутун бошли хазина топиб олганда ҳам бу қадар севинмас!

Гўзал ўзи билган олибсотар аёлнинг олдига чопди. Тилла билагузукни унинг олдига қўйди. Олибсотар илон шаклида ишланган бу қимматбаҳо буюмни кафтида салмоқлаб, ҳаяжонини билдирмай, беписандлик билан камзулининг чуқур киссасига тиқди. Сўнг кўрпа тахларини титкилаб, бир даста пул олди. Бари уч сўмлик билан беш сўмлик. Онда-сонда ўнталик ҳам учраб қолади. Кампир бамайлихотир ўтириб пул санади. Сўнг бир дастасини Гўзалнинг олдига қўйди.

—Ўлимлигимга асраб қўйгандим, айланай. Сизнинг тўйларингизга ярасин.

Пул жувоннинг мўлжалидагидан анча кам эди.

—Холажон, — деди Гўзал, — билагузукнинг ўз нархи беш минг туради. Сиз ярмидан ҳам оз бердингиз?

—Ундай бўлса, олиб боринг, синглим. Мен ҳалиям сизга қайишдим. Атказ нарса. Худо кўрсатмасин, органдагилар билиб қолишса нақ хонумоним куяди-я.

—Ҳеч бўлмаса яна беш юз сўм қўшинг?

—Майли, кетса мендан кетсин. Яна юз сўм қўшаман.

—Тўртюз!

—Манг, матоҳингизни олинг! Харидор топсангиз, қимматроққа сотарсиз.

—… Майли, пулни беринг.

—Бу бошқа гап, синглим. Хизмат бўлса тортинмай келаверинг.

Ётиб еганга тоғ хам чидамас экан. Билагузукдан кейин тилла соат ҳам пул бўлди. Пул -кул, деган эканлар.

Бу сафар нажот қаердан келишини билолмай жувон гаранг. Ўзи-ку майли, ўғлининг очликдан чинқириб йиғлашига чидолмайди, қўшилиб аччиқ-аччиқ кўзёшлари тўкади. Ҳатто бир гал «Ўлиб қўяқолсам-ку, ҳаммасидан бир йўла қутилардим», деган шум хаёллар ақлини ўғирлаб қуйди. Азоб-уқубатлардан қутилишнинг энг осон ва энг қисқа йўли — ҳаёт билан видолашиш!

Сўнгги сониялардагина ҳуши жойига тушиб, атрофига олазарак назар ташлади. Шунда қўлида бир қулоч арқон ушлаб турганлигини пайқади. Арқонни ўзи қидириб топганмиди ёки унга кимдир тутқазиб қўйганмиди, билолмади. Фикри теранлашиб, ҳалокат ёқасида турганлигини сезди. Шу билан бирга нажотнинг ғира-шира йўлларини илғагандек бўлди.

«Отам, қариндошларим мендан кечган бўлсалар, эримнинг ўғил-қизлари тирик-ку. Ўшаларнинг олдига бораман. Менга раҳмлари келмаса, укаларини аяшар. Боланинг нима айби бор. Ҳозироқ йўлга тушаман. Сўраб-суриштириб топиб бораман!» Жувон ҳамон қўлида маҳкам ушлаб турган, учи сиртмоқ қилиб тугилган бир қулоч арқонни нафрат билан бир четта улоқтириб юборди.

«Райкомбува» билан эр-хотин бўлишган дастлабки кунлар. Бу воқеадан хабар топган эрининг икки ўғли билан бир қизи етиб келишди. Прокурор ўғли отага оғир-оғир гапирди. Қизи фақат йиғлади. Кенжа ўғли лом-мим демай ўтирди. Ота сукут сақлади, дашномларга чидаб берди. Бўлар иш бўлгани, ғишт қолипдан кўчганига амин бўлган ака-укалар кўл силтаб, ота уйини тарк этишганди. Шу боисдан Гўзал болали бўлгандан сўнг ҳам эрининг қариндошларини кўрмади, ҳозир кўрса, эҳтимол уларнинг ҳеч бирини танимаса керак. Излаб-излаб Маккани топишган экан. Чўлобод эса бир қадам. Боз устига уч йил талабалик умри ўтган шаҳар. Албатта, топади!

Гўзал кечгача қайтиб келишни мўлжаллаб, ҳовлисининг олдида ўсган қари тут тагидаги шолчада ўтирадиган таниш пистафуруш кампирга ўғлини қолдириб кетадиган бўлди.

—Болам, узоқ қолиб кетма,—деб тайинлади кампир. — Неварагинамни сен келгунча ўзим олиб ўтираман. Унга шакаладлар олиб бераман. Бувигинанг қоқиндиқ сендан.

 II. БАРОТ

 1

Гўзал ўғлини пистафуруш Норгул момога қолдириб, кечгача қайтиб келиш ниятида Чўлободга борадиган автобус бекатига чиқди. Вақт барвақт бўлгани учун бекатда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ёнида бир ярим сўм пули бор эди. «Боришга олтмиш тийин, қайтишга олтмиш тийин — бир сўм йигирма тийин. Чўлободда автобусга минмайман. Ўттиз тийин запасга қолади», деб ўзича ҳисоб-китоб қилиб, бойлигини қайта-қайта санаб сўмкачасига солди. Шу лаҳзада кимнингдир назарини ҳис этиб, ялт этиб қаради. Тўрт қадам нарида қора «Мерседес» турарди. Машина рулида сочлари патила-патила, юзлари дум-думалоқ ,сурбетлиги юз-кўзидан шундоқ кўриниб турган йигит ўзига суқ билан қараб турганини кўрди-ю, юраги «шиғ» этиб кетди. Бахтга қарши бекатда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.

Жувон тараддудланганини сезган патиласоч гап отди:

—Элтиб қўяман, опўси, машинага чиқинг, — у гапирганда тилла тишлари ялт-юлт этиб кетди.

—Раҳмат, йўлингиздан қолманг!

—Раҳматни кейин айтасиз, гўзал қиз. Хафа қилиб қўймаймиз,-шилқим ёлғиз эмасди. Унинг шериклари шарақлаб кулишди. Жувон тараддудланиб атрофга қаради. Яқинлашиб келаётган «Жигули»ни кўриб, беихтиёр қўл кўтарди. Машина шундоққина ёнида тормоз берди. Шофер орқа эшикни очиб «ўтиринг», деди. Бу шунчалик кутилмаганда содир бўлдики, «Мерседес»дагилар аввалига нима гаплигини тушунмай анграйиб қолишди. Тушунгач эса тўрт нафар турқи совуқ йигит йўлнинг ўртасига чопиб чиқишди. Патиласоч оғзидагини илиб кетган оқ «Жигули» изидан муштини дўлайтириб, бисотида бор энг хунук сўзлар билан сўкинди. Беҳаё шовқин-сурондан чўчиб кетган чиқинди қутисини титкилаб юрган қўтир ит чўчиб, ириллаб қўйди, «ғув-ғув» қилиб ўйнашаётган бир жуфт мусича парр этиб учиб кетди.

* * *

—Салом, Гўзалхон, қалай, яхшимисиз?

Жувон чўчиб, ҳайдовчининг юзига қаради. Барот! Собиқ синфдоши!

—Барот, бу… сизмисиз?

—Худди ўзиман, Ўзинг-чи, ўзингмисан?

—Бўлмасам-чи. Демак, таниб тўхтатган экансан-да?

––Сенга ўхшатдим-у, аммо сен эканлигингга унча ишончим йўқ эди. Қўл кўтармасанг, танимай ўтиб кетар эканман.

—Сени худо етказди. Нақ бир балодан қутқаздинг.

—Тинчликми? Нима бўлди?

—Йўлнинг нариги бетида турган қора «Марседес»ни кўрмадингми?

—Бекатнинг рўпарасида турганди, ўшани айтаяпсанми?

—Ўша.

Барот орқани кўрсатадиган ойнага қараб таъқиб қилиб келаётган қора машинани кўрди:

—Ана у эмасми?

Гўзал ўгирилиб, қўрқиб кетди.

—Ўша!

Машинадан бошини чиқариб бақириб-чақириб келаётган шофернинг қизларникидек узун, патила-патила сочлари шамолда тўзғиб, юз-кўзи билан ўйнашади. Жувон қўрққанидан «Вой», деб Баротга ёпишди.

—Нима бўлди?

—Бу ўшалар. Бекатда менга шилқимлик қилган йигитлар. Бир балони бошлашмаса гўрга эди.

—Э, гап буёққа де. Майли, қўрқма. «Ит ҳуради, карвон ўтаверади».

Лекин «Мерседес» ҳайдовчиси уст-устига сигнал бериб, «Тўхта!» деб бақириб келишига қараганда нияти ёмон эканлиги ошкор бўлиб қолганди. Барот ҳаяжонланганини билдирмасликка уринсада, юрагида ҳавотир пайдо бўлди. У газ педалини қаттиқ босди. «Жигули» човидан қамчи еган тулпордек олға қараб сапчиди. Йигитнинг кўнглига Гўзал «Қўрқоқ экан, қочиб қолди», деб ўйламайдими деган ўй келди-ю, тезликни пасайтирди. Унинг қалбига шу топда ширин ва аччиқ аралашиб кетган хотиралар қуйилиб кела бошлади.

2

Гўзал Баротнинг «биринчи муҳаббати». Бу муҳаббат саккизинчи синфдалигида туғнлган. Қиз ҳам унга бепарво эмасди. Аммо йигит юрак ютиб қизга муҳаббат изҳор қилолмади. Муҳаббати рад этилишидан қўрққан бўлса керак. Гўзал саккизинчини тугатиб мактабга қайтмади, вилоят марказига тиббиёт билим юртига ўқишга кирди. Бу Барот учун кутилмаган зарба бўлди. Уч йил мобайнида Гўзални икки ё уч бор узоқдан кўрди, хилватда учрашиш имқонини топмади. Бундан қиз ўзича хулоса чиқарди.

Гўзал ўқишни тамомлаб қайтгач, у ҳақда ҳамма гапира бошлади. Шундай бўлгач, мактабни эндигина тамомлаган, касбикори бўлмаган йигитчага йўл бўлсин!

Воқеалар шиддат билан давом этди. Гўзалнинг кутилмаганда отаси тенги амалдорга эрга тегиши ҳамон кўнглининг бир бурчида илинж яшириниб ётган Баротга яшин ургандек таъсир қилди. У қиздан мангуга жудо бўлганини англади. Хилват гўшаларга чиқиб ҳўнграб-хўнграб йиғлади. Ўзини ўлдирмоқчи ҳам бўлди. Одамларнинг маломатидан қўрқди. «Мард бўлсанг, рақибингни ўлдир!» деб ҳайқирди рашк отлик бало.

Йигит хато қилаётганини ўз вақтида тушуниб қолди. Шундай бўлса ҳам кўникиш оғир бўлди. Ўқиш баҳона Тошкентга жўнади. Киролмади. Аммо уйга ҳам қайтмади. Тошкентдаги қурилиш ташкилотларидан бирига ишга кирди. Спорт секциясига қатнашди. Шу ердан аскарликка кетди.

Спорт билан шуғулланиб, анча чиниққани қўл келди. Десант қўшинига тушди. Жанговар спорт билан астойдил  шуғулланди. Турли мусобақаларда қатнашди. Округ чемпиони бўлди. Гўзал ҳақида ўйлашга деярли вақти бўлмасди. Бора-бора уни сиқиб чиқарди ҳам.

Аскарликдан кўкси тўла нишон, мақтов қоғозлари, мусобақаларда қўлга киритган медаллари билан қайтди. Эшонқишлоқдан жўнаб кетаётганидаги тушкун кайфиятидан энди асар ҳам қолмаганди.

Дунё кўзига рангин бўёқларда намоён бўла бошлаган кунларда яна фожиа рўй берди. Отаси билан онаси бир кунда автоҳалокат оқибатида оламдан кўз юмишди. Кечаги аскар йигит серфарзанд акаси Ўринбой билан янгасининг қош-қовоғига қараб қолаверди. Ўз тенгини топиб уйланиш, болали-чақали бўлиш ҳақидаги орзуларни бир четга йиғиштириб қўйишга тўғри келди.

Акаси яхшигина дурадгор бўлганлиги сабабли топиш-тутиши ёмон эмас. Лекин унинг хотини ўта зиқна. Эр-хотиннинг азалий орзуси машиналик бўлиш. Шунга пул жамғаришаяпти. Бир тийин чиқим бўлган куни рўзғорда жанжал кўпади. Онда-сонда, бирор муносабат билан қозон осилса, болалар учун байрам, эр-хотинга аза. Бундай ҳаётга Барот сира кўниколмасди. Аммо начора. Акаси қўллаб-қувватламаса уйланолмайди. Уйланиш хақида ўйламаса ҳам бўлади. Негаки,Ўринбойнинг уч ўғли хатна қилинмаган, бари мактабга қатнайди. Бешинчи синфда ўқийдиган ўғлини синфдошлари «Сан уриснинг боласисан, бўлмаса кестиришарди», деб калака қилишган экан, уйга йиғлаб келди. Қариндошлар ўртасида шу ҳақда гап қўзғалганди Ўринбой ҳазил-ҳузул билан қутилмоқчи бўлди:

—Бе, менинг болаларимнинг каттаси энди ўн иккига кирибди. Шуниям гап қилаяпсизлар. Мен олтмишга кирган бўлса ҳам кесилмаган одамни биламан.

––Ёпирай! –– дейишди қариндошлардан ишонувчанроғи ёқасини ушлаб. –– Ким экан у?

- Анаву-чи.

––«Анаву»нинг ким?

—Анаву-чи, сиз яхши танийсиз, — атайлаб гапни чўчади Ўринбой.

—«Анаву», «Анаву» дейсан, ким ўзи «Анавунг»?

—Колхозимиз гаражида чилангарлик қилаётган чол бор-ку. Ўша-да.

Ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кулади. Чунки «анаву» дегани ўрис чолни танимайдиган одам йўқ.

—Ҳазилни қўй, Ўринбой. Тўйни тезлаштир. Ё беш-ўн сўм йиғиб берайликми?

—Қуллуқ. Ўзим пешона терим билан топган пулга тўй қилиб бераман. Шунақа тўй қилайки, ҳамманинг оғзи очилиб қолсин.

—Кўрпангга қараб оёқ узат, жиян, элдан чиқиб қаергаям борасан.

—Ҳамма гапирсаям, сиз гапирманг, тоға! Мошин оламан деганимдаям сиз устимдан кулгандингиз. Шукр, мана, машиналик ҳам бўлдик. Эрта-индин праваям оламиз. Кўрмаганнинг кўзи чиқсин.

—Мен ҳасад қилганимдан айтганим йўқ эди, жиян. Олдин болаларингнинг қўлини ҳалолла, укангнинг бошини иккита қил ,мошин бўлса қочмас, деган маънода гапиргандим. Аччиғинг келган бўлса, гапимни қайтиб олдим.

—Мени ўттизга кириб уйлантиришган, тоға, тўғрими?

—Ҳа, жиян, раҳматли отанг қўли қисқароқ одам эди. Шунинг учун сени кеч уйлантирди.

Шу вақтгача эри билан қариндошларнинг гапига жимгина қулоқ солиб уйқусираб ўтирган Ўриннинг хотини аразлагандек гап қилди:

—Тўйимиздан олдин «йигирма бешга кирганман, бир кун ҳам катта эмасман», дегандингиз. Алдаган экансиз-да? Билсам тегмасдим.

—Ҳо, энди алам қилаяптими? Кеч бўлсаям жавобингни берай-ми? — ростакамига жаҳли чиқиб хотинига ўдағайлади Ўринбой.

—Йўлига айтдим қўйдим-да.

Гапга тоға аралашди:

—Хўш, нега ўтганларни эслаб қолдинг, жиян?

—Шунинг учунки, тоға, боя укангнинг бошини икки қил, дедингиз. Гап йўқ, икки қиламан. Лекин ҳозир эмас. Ҳеч бўлмаса, менинг ёшимга кирсин. Яна бир гап — спорт мактабидан оладиган маоши билан узоқда боролмайди. Пуллироқ иш топсин. Ана ўшанда ҳамманинг оғзи очилиб қоладиган тўй қилиб, хотин олиб бераман.

Барот шундан билдики, акаси билан янгаси ҳали-бери унинг бошини икки қилиш ниятида эмас. Йигит кўнгли ўксиганини сиртига чиқармади, ичига ютди.

Баротнинг тизгинсиз ўйларини таъқиб қилиб келаётган машинанинг босиб-босиб берган сигнали тўзғитиб юборди. Олдинда ДАН пости оқариб кўринди. Тезликни оширса қоида бузганга чиқаришади. Ноилож «Мерседес» га йўл бўшатди. «Мерседес» анча жойгача ёнма-ён борди. ДАН постига юз-юз эллик метрча қолганда тезликни ошириб, ғизиллаганча ўтиб кетди. Бир оздан сўнг кўздан йўқолди.

—Хайрият, даф бўлишди, — деди Гўзал енгил тортиб.

—Қайдам, — деб қўйди Барот.

Баротнинг шубҳаси тўғри чиқди. Кўҳна қалъа қолдиқлари орасидан ўтган магистрал канал кўпригида қора «Мерседес» кутиб турарди.

—Ўшалар! Бизни осонликча қўлдан чиқариб юбормасликларини билардим, — деди Барот. — Ҳозир ёнидан ғизиллаб ўтиб кетамиз. Шаҳаргача қувиб етолмайди.

Йигитнинг мақсадини тушунгандек «Мерседес» жойидан қўзғалиб, «Жигули»нинг йўлига кўндаланг бўлди. Барот машинани аранг тўхтатиб қолди.

«Мерседес»нинг тўрттала эшиги баравар очилиб, патиласоч шофер ва турқидан от ҳуркадиган уч йигит тушди. Улар Голливуд кино қаҳрамонларига тақлидан ҳаракат қилаёттанга ўхшашарди.

Патиласоч бақалоқ ҳамон рулда ўтирган Баротнинг ёқасига ёпишиб, машинадан тортиб туширди. Йигитнинг масаласи ҳал бўлганига ишонган қолган учови қизга ёпишди.

—Бузоқнинг югургани сомонхонагача эканлигини билмасмидинг, қанжиқ! Мана, энди насибангни ол! — шундай деб патиласоч рақибига калла қўйиш учун орқага тисарилди. Шу пайт аллақандайдир куч унинг қўлларини рақиб ёқасидан узди. Ҳавода ғизиллаб келаётган нағал қоқилган пошнага кўзи тушди. Унинг нима эканлигини англар-англамас иягининг тагидан кучли зарба еди ва бутун гавдаси билан ердан узилганини фаҳмлади. Ғалати парвоз тугамасданоқ ҳушдан кетди.

Қизни тортқилаб, машинадан туширмоқчи бўлаётган уч босқинчи бу манзарадан бенасиб қолишди. Акс ҳолда бу ерда ортиқча туриб қолмаган бўлишарди.

Барот ҳар ер-ҳар ерда чўзилиб ётган босқинчиларни илкис кўздан кечирди. Фақат патиласочнинг оғзи-бурни қонга бўялган. Унинг синиб кетган тилла тишлари асфальтда сочилиб ётарди.

—Бу ерда қиладиган ишимиз қолмади, кетдик, -деди Барот ранг-қути ўчган жувонга. — Қани, машинага!

Йиртилиб кетган кўйлаги остидан кўриниб турган қордек оппоқ баданини қўллари билан зўр бериб ёпишга уринаётган Гўзал савол беришга ўзида куч топди:

—Ўлиб-нетиб қолишмайдими?

—Итнинг жони қаттиқ бўлади. Булар итдан-да баттар. -Барот шоша-пиша машинасини ўт олдириб, «Мерседсс»ни айланиб ўтди. У бўлиб ўтган воқеада ўзини бегуноҳ санаса-да, ички бир туйғу юрагига ғулғула солиб қўйганди.

Сал юрмасдан рўпарадан келаётган «Москвич» кўринди. Рулда вилоят шоферлари ўртасида «Лўли» лақаби билан машҳур бўлган ДАН инспектори. Қатнов ниҳоятда сийрак бўлганлиги сабабли ДАН инспектори уларни эслаб қолиши қийин эмасди.

—Лаънати, сен етишмай тургандинг! — шундай деб Барот тезликни оширди.

Кўнгилсизлик узоқ кутдириб қўймади.

Темир йўл разъездидаги ДАН постида шоша-пиша шлагбаум туширилди. Бир пасда юз чоғлик машина тўпланди. Бу ерда бунақа воқеа тез-тез бўлиб турганлигига кўниккан ҳайдовчилар ҳужжатларини кўрсатишга тайёр бўлиб туришди. Баротнинг кўнгли алағда. Одатдаги текшириш эканлигига ишонгиси келмайди. Айниқса, ДАН инспекторининг оқ рангли машиналарнинг ҳужжатларини, номер белгиларини синчиклаб текшираётганлиги шубҳасини оширди.

—Ҳужжатларингизни кўриб қўяйлик, — деди сержант ўзини таништирар экан.

У Баротнинг ҳужжатларини қўлига олганча машинани айланиб чиқди, номер белгиларини қайта-қайта кўздан кечирди. Сўнг «Кутинг», деди-да, ДАН постига қараб кетди. Сержант йўл четига стол қўйиб, ёзиб-чизиб ўтирган офицерга энгашиб нималарнидир деди. Офицер ўрнидан сапчиб турди. Икковлашиб Барот тарафга юришди.

—Ўртоқ ҳайдовчи, ҳужжатларингизда чалкашлик бор. Аниқлик кириттунча постда кутишингизга тўғри келади, — деди офицер эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.

—Мен шу ерда кутаман.

––Машинадан тушинг! Ойимқиз, сиз ҳам!

Тортишишнинг фойдаси йўқлигини тушинган Барот Гўзалга шивирлади:

—Бир четга чиқиб мени кутиб тур. Ушланиб қолсам, ўзинг кетавер. Сени ўзим топиб оламан.

Баротнинг тахминлари тўғри чиқди. Канал кўпригида бўлган воқеа яшин тезлигида ДАН постларига хабар қилинган экан. Инспекторларнинг муомаласига қараганда Баротни айбдор деб ўйлашаётганини тахмин қилиш мумкин эди.

 III. ТУТҚУНЛИКДА

1

Баротни милиция машинасига ўтқазиб, Чўлобод тарафга олиб кетишди. Бундай бўлишини кутмаган Гўзал шошиб қолди.

—Мен туфайли шу балоларга қолди, бечора, — афсус-надомат чекарди жувон. —Жанжални у бошламаганлигини исботлагунча она сути оғзидан келади. Мен ёнида бўлсам ҳар ҳолда гувоҳликка ўтармидим. Энди нима бўлади-а?

Гўзал калтак еганлардан битта-яримтаси ўлиб қолган, акс ҳолда Баротга бундай муомала қилишмасди, деган ўйга борди. У кечадан бери туз татимагани учунми ёки бўлиб ўтган воқеалардан асаби бузилдими, қулоқлари шанғиллаб, кўнгли айниб, ўқчий бошлади. Вақт ўтган сайин дард кучайиб борарди.

«Кетишим керак, бу ерда қолсам ҳолим не кечади?» Шу хаёллар билан Гўзал йулни кесиб ўта бошлади.

«Ҳозир йиқилиб тушаман, йиқиламан-у, машиналарнинг ғилдираги остида қолиб кетаман!»

Қўрқинч фикрдан изига қайтмоқчи бўлди. Йўлнинг ўртасига келиб қолганди. Оёқлари ўзига бўйсунмади. Айни дамда тепасига пишқириб келаётган юк машинасини кўрди…

Тормозлар чийиллади. Кимдир қаттиқ сўкинди.

«Машина уриб кетдими? Унда нега оғриқ сезмаяпман?» деб ўйлади жувон. Сўнг қоп-қоронғи ўпқонга тушиб кетаётганини ҳис этди. Бир оздан сўнг ҳеч нарсани сезмай қолди.

2

Кимдир тирсагидан ушлади. Жувон сесканиб, тош осилгандек оғир қовоқларини кўтарди. Бегона жой. «Қаердаман? Бу ерга қандай келиб қолдим?»

Аёл кишининг товупшни эшитди:

—Қўрқитиб юбордингиз-ку, қизим. Қалай, энди дурустмисиз, у ёқ-бу ёғингиз оғримаяптими?

Бемор товуш келган тарафга юзини бурди. Ёнгинасига қўйилган оромкурсида ўтирган гажакдор, гўзал аёлга кўзи тушди.

—Шукр, яхшиман. Опажон, мен қаердаман? Бу ерга қандай келиб қолдим?

—Яхши одамларнинг уйидасиз, айланай. Безовта бўлманг. Бир пиёлагина шарбатдан ичинг, қувват бўлади. Мен ҳаммасини бир бошдан гапириб бераман, —шундай деб аёл шарбат тўлдирилган чинни пиёлани жувоннинг лабига тутди.

—Ичинг, қизим, қувват бўлади… Ҳа, баракалла. Яна ичасизми?

—Майли.

—Энди танишиб олсак ҳам бўлаверади. Айланай, исмингиз нима?

Гўзал  бироз ўйланиб қолди-ички бир туйғу   таъс ирида  ҳаиқий исмини  айтишни лозим топмади.

—…Ойсулув,-деди  шивирлаб.

—А? Қандай гўзал исм! Чўлободликка ўхшамайсиз, қишлоқданмисиз?

Гўзал «ҳа» деган тасдиқ ишорасини қилди-ю, кимлиги номаъ-лум бўлиб турган аёлга сир бергиси келмади, гапни чалғитишга уринди.

«Мен ўйлаганча содда эмас, анчагина қув экан, — деб ўйлади уй эгаси.—Ҳали ўзи булбул бўлиб, сайраб беради достонларини!»

—Опа,мен бу ерга қандай келиб қолганимни эслолмаяпман.

Ким олиб келди?

—Ҳайрон қолаяпсизми, қизим? Ҳайрон қолишга арзийдиган ишлар бўлди. Сиз нақ бир ўлимнинг оғзидан қайтдингиз. Сиғинган пирларингиз зўр экан, қойил қолдим.

Гўзал аёлнинг ҳикоясини тингларкан, оғзи очилиб қолди.

—Темир йўл чорраҳасида сон-саноқсиз мошин тўпланиб қолди. Йўл очилишини ярим соатча кутдик. Бирдан мошинлар юриб кетди. Бири у ёққа, бири бу ёққа. Қарасам, катта йўлнинг ўртасида сиз турибсиз. Бир орқага юрасиз, бир олдинга. Мошинлар сигнал берган, шоферлар бақириб-чақирган. Бир вақт десангиз, пишқириб келаётган каттакон мошиннинг рўпарасига туриб олиб, йиқилиб тушмайсизми. Тамом, ўлди, дедим. Нима мўъжиза юз берди, билмайман, ҳар ҳолда мошин устингиздан елдек ўтиб кетди. Мен тушган такси шофери «Ё маст, ё телба бўлса керак. Бунақаларга ўлим писанд эмас. Қаранг, ажал ҳам ундан юз ўгирди», деди. Ман шартта машинадан тушиб, олдингизга чопиб бордим. Юзин-гизни кўрдим-у, меҳрим ийиб кетди.

—Бу аёл қариндошимиз бўлади, олиб кетамиз, — дедим таксичига. —Икковлашиб сизни таксига чиқардик. Биров кўрди, биров кўрмади. Мана, бор гап шу.

—Сал-пал эсладим. Тепамга бостириб келаётган жуда катта машина кўз олдимда турибди. Лекин уёғи нима бўлганини сиздан эшитиб турибман.

Гўзал қанча вақг беҳуш ётганини билмасди. Шу сабабдан уй эгасидан соатни сўради. Вақт тунги ўндан ўтганди. Бундай жавобни эшитиб жувон чўчиб тушди.

—Бундан чиқди беш-олти соатдан бери ўзимни билмай ётган эканман-да?

—Беш-олти соат эмас, қизим, икки ярим кун бўлди.

—Нима?! Ё мен ҳақиқатдан ҳам телба бўлиб қолганман, ё… ё сиз мени алдаяпсиз?

—Сизни алдашдан менга нима фойда, қизим. Ростини айтдим. Ишонмасангиз, девордаги календарга бир қаранг. Воқеа қайси кун бўлганини эслайсизми?

—Йигирманчи августда.

Ҳақиқатдан девордаги йиртма календарда 22 август ёзиб қўйилганди. Гўзалнинг эсхонаси чиқиб кетди.

—Болам! Боламнинг ҳоли нима кечди экан? Кечгача келаман, деб қўшни кампирга қолдириб келганман.

—Вақт кеч бўлди. Эрталабгача чиданг.

Гўзал ўрнидан туриб, деразанинг оғир пардасини кўтариб, ташқарига қаради. Ҳовлида тун. Жувоннинг дили бундан-да хуфтон бўлди. У қўлларини юзига босди, елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади.

—Сиз ҳали хасталикдан тўлиқ фориғ бўлганингиз йўқ—деди бека Гўзални суяб оромкурсига ўтқизар экан. — Бундай куйинаверсангиз, ўзингизга жабр қиласиз. Мана, бундан озроқ ичинг, қувват бўлади, қайғуни қувади.

Гўзал истар-истамас пиёлани лабларига олиб борди, бир ҳўплаб қайтармоқчи бўлди.

—Қолдирмай ҳаммасини ичинг… Ҳа, баракалла! Пиёладаги шарбатмиди, қонякмиди, жувон фаҳмламади.

Фақат дилидаги қайғу сувга тушган қордек эриди-кетди. Бир масрурлик пайдо бўлди.

—Яна озроқ ичинг.

Гўзал пиёлани кўтарди. Баданига қуйилиб келган, тасвирлаш қийин бўлган ҳузурни туйди. У гўёки онасининг қўйнида эркаланаётган қизалоқдек беканинг кўксига бош қўйди. Найза каби узун-узун киприклари бир-бири билан туташди.

Бека ухлаб қолган жувондан кўз уза олмас эди. Бу чеҳраларда у ўз ёшлигини кўраётганди. Оҳ, нақадар сулув, нақадар офатижон эди у ҳам! Кимларнинг юрагига ўт солиб, кимларни мажнун этмади. Уни талашиб йигитларнинг қирпичоқ бўлган кунларини ҳеч унутиб бўларканми!

Олис ёшлик хотиралари беканинг кўз олдидан кино лентасидек лип-лип ўта бошлади…

Маҳфуза асли Эшонқишлоқлик. Қувончу шодликлардан кўра таҳликаларга тўла умрининг бир қисми ана шу қишлоқда кечган. Юрагининг бир парчаси ҳам шу қишлоққа қолган.

Отаси ва икки акаси урушдан қайтишмади. Рўзғорнинг бутун юки она-ю қизнинг елкасига тушди. Она ўн тўртга кириб-кирмаган Маҳфуза билан ўзига тўқ одамларнинг кирини ювди, сигирини соғди, ўтинини ёриб берди. Хуллас, ўти билан кириб, кули билан чиқди. Тўқликдан ёрилмаган бўлсалар-да, очдан ҳам ўлишмади. Она ўзидан кўра қизини ўйлаб, ташвишга тушарди. Чунки Маҳфуза ниҳоятда гўзал бўлиб ўсаётганди.

Қиз учун катта пул ваъда қилишди.

—Эртами-кечми барибир турмушга узатасан, — дейишди онага. —Худо қизингга ҳусн-малоҳат берган. Ҳусн—меҳмон. Фойдаланиб қолмасанг кетади-қолади. Гапимизга кир.

Ҳазрати муҳтожлик тепангда қилич қайраб тургач на илож. Она кўнди. Қиз йиғлаб-йиғлаб тақдирга тан берди. Катта бир база мудирига хотин устига хотин бўлди. Отаси тенги эр уни шойига буркади, шода-шода дур, тилла тақинчоқлар совға қилди.

—Ўғил туғиб берсанг, бошингдан зар сочаман!—деди эр. — Ўнта қизим бор. Менга ўғил керак, ўғил! Тўплаган давлатимга эгалик қиладиган, менинг фамилиямни давом эттирадиган ўғил фарзанд керак менга. Шуни эсингдан чиқарма!

Маҳфузанинг бўйида бўлди. Кундош бу хабарни эшитиб, ўз ёғига ўзи қоврулди. Қиз туғса хўп-хўп, ўғил туғиб берса эри бутунлай ёш хотинига оғиб кетади. Бунинг олдини олиш керак!

Кундош тадбир ишлатди. Маҳфузани уйига чақиртирди. Ўлганнинг кунидан тиржайиб манзират қилди:

—Сиз ҳам энди шу оиланинг аъзосисиз. Қачонгача тортиниб, биқиниб юрасиз? Очилиб-сочилиб, яйраб, қўшилиб юринг. Қозон-товоғимиз ҳам битта бўлақолсин, ўргилай.

Маҳфуза хурсанд бўлди. Очилиб-ёзилиб кириб-чиқиб юрди. Бу вақтда унинг қорни анча дўппайиб қолди, кундошнинг кўзидан уйқу қочди.

—Тандирдан кесак кўчадиган бўлиб қолипти. Бугун янгисини қуриб олайлик. Сиз ҳам қарашинг,—деди кундош бир куни муғамбирлик билан. Она-болалар Маҳфузага оғир-оғир кесакларни кўтартиришди. Бечора миқ этолмади. Ичидан бир томир узилгандек бўлди. Ҳай-ҳайлашиб, уйга киритиб ётқизишди.

—Оғир кўтарманг, десам ўзи кўнмади, — деб баҳона қилди катта хотин эрига. — Туққиси келмаган-да! Мана, энди азобини тортиб ётибди.

Кечга бормай ҳомила тушди. «Ўғил экан, увол кетди», дейишди. Кундош тадбири унганидан хурсанд, эрнинг дор-дунёси қоронғу.

—Бор, уч талоқ қўйдим! — деди маст эр эндигина енгиллашган Маҳфузанинг қулоқчаккасига шапалоқ тортиб. — Сен мени меросхўримдан маҳрум қилдинг. Кўзимдан йўқол! Тўхта! Аввал бўйнингдаги маржонларни, тилла тақинчоқларни ташлаб кет!

—Эр дегани шу бўлса, барига тупурдим! — Маҳфузанинг чиқарган хулосаси шу бўлди.

У анча вақт эрга тегмади, тегишни ҳам истамади. Бироқ бирда истаб, бирда истамай бегона эркакларнинг кўнглини овлай бошлади. У «Мен эримдан ўч олаяпман», деб ўзини ишонтирмоқчи бўларди ҳар гал бу ишга қўл урганда.

—Бир умр сўққабош ўтмайсан-ку, бировнинг этагидан тут, —деди она маслаҳати қизига кор қилишига ишонмаса ҳам. —Умр—тўрт кунлик. Кўз очиб юмганча ўтади-кетади. Ўттизга кирмай ўтин бўласан, ўшанда ҳеч кимга керак бўлмай қоласан.

Онанинг қистови билан олдинги эридан-да қарироқ художой чолга тегди. Бирин-кетин учта қиз туғди. Чиройли исмлар қўйди қизларига.

Чол ҳамма вақт ҳам ёш аёлнинг кўнглини овлай олмасди. Шундай пайтларда…

Оилага дарз кетди.

Маҳфуза бир кечада ғойиб бўлди.

Маҳфуза кириб-чиқмаган кўча қолмади. У қатнашган даврлар кўпинча пичоқбозлик билан якун топарди. Бообрў бир жазманга йўлиқмагунча у қўлма-қўл бўлиб юраверди…

 3

Бека Гўзални кайф элитганига ишонч ҳосил қилди. У жувонга конякка омухта қилинган дори берганди.

—Энди бир ҳафта ўзига келмайди, — ҳиринглаб кулди бека. —Кираверинг, тайёр бўлиб қолди.

Эшик аста очилиб, барваста йигит кирди.

—Эркак бўлганимда бу паривашни бировга, ҳатто сизга ҳам бермасдим,—деди аёл йигитга қарашма билан. —Оҳ, оҳ, баайни пари, сира одам боласига ўхшамайди-я. Ҳеч шунақасини кўрганмисиз?

—Ўлай агар, кўрмаганман. Лекин сизни яхши билмаганимда бу дўндиқчани сизнинг ўз қизингиз, деб ўйлаган бўлардим. Худди қўйиб қўйгандек ўхшайсизлар.

Аёл оғир сўлиш олди.

—Ҳа, биз ҳам ёшликда бундан қолишмайдиган даражада гўзал бўлганмиз, укажон. Бизниям изимиздан не-не йигитлар йиғлаб, эргашиб юрган.

—Ҳозир ҳам манман дегани сизнинг олдингиздан ўтаверсин.

—Хушомадни сизга чиқарган-да. Лекин бугун хушомад билан қутилиб кетолмайсиз. Молига қараб ҳақ тўлайсиз.

—Бир оғиз гапингаз. Манави етадими? —йигит шундай деб бир даста бели синмаган ўн сўмликни беканинг этагига ташлади. —Кам бўлса, айтинг!

—Ҳазилни тушунмайсизми, ҳазиллашдим, укажон. Шу вақг Гўзал қимирлаб қолди. Бека йигитга «чиқиб туринг» ишорасини қилди. У дарҳол ғойиб бўлди.

—Опа, ким билан гаплашаяпсиз?

—Бир йигит сизни сўраяпти. Қаердан ҳам кўрган экан, ҳоли жонимга қўймаяпти.

Гўзал юмилиб кетаётган кўзларини аранг очиб сўради:

—Баротми?

— Барот бўлса керак. Ҳа, ҳа, Барот экан.

— Мен уни кўришим керак. Қаерда у?

— Шу ерда, ҳозир чақираман. Баротжон, ҳў Баротжон!

Эшиқдан ҳалиги йигитнинг боши кўринди. Бека унинг қулоғига шивирлади:

—Бир кечагина Барот бўласиз, келишдикми? Қани, дадил бўлинг, —шундай деб аёл чироқни ўчириб, чиқиб кетди.

«Барот» диванда тўлғониб ёнган жувонни бағрига тортди. Гўзал уни бу қилиғи учун кўкрагидан итариб ташламоқчи, койимоқчи бўлди. Уйқу аралаш кўнглидан «бечора мени деб не-не балоларга грифтор бўлди-ку», деган ўй кечди-ю, фикридан қайтди…

 IV. АЙБСИЗ АЙБДОР

Баротни шаҳар ҳибсхонасига олиб келиб, бир кишилик камерага қамаб қўйишди. Шундан билдики, иш жиддий. Демак, йўлтўсарлардан биронтаси ўлган. Акс ҳолда э йўқ, бе йўқ қамаб қўйишмасди. «Мен-ку бир амаллаб ўзимни оқлаб оларман. Гўзал-чи? У ҳозир қаерда, шаҳарга етиб олдимикан ёки уни ҳам қамаб қўйишдими? Аёл кишининг қамалиши ўлим билан тенг. Бечора, менинг касофатимга қолди.

Барот бу ердан бугун ҳам, эртага ҳам, бир ойдан кейин ҳам чиқармасликларини ҳали билмасди.

Камера эшиги очилиб, милиционер кўринди:

—Чиқинг!

—Жавоб беришдими?

—Терговчининг олдига. Қўлингизни орқага қилиб, олдинда юринг.

Ҳибсхонанинг нимқоронғу коридоридан анча юришди.

—Юзингиз билан деворга ўгирилиб, қўлингизни бошингизга қўйиб туринг!—милиционер «Терговчи» деб ёзиб қўйилган эшикни очди.

—Ўртоқ капитан, маҳбусни олиб келдим.

—Олиб кир.

Соқчи Баротни ичкарига киритиб юбориб, ўзи чиқиб кетди.

Терговчининг сочлари оппоқ, ўсиқ қошлари, аксинча—қоп-қора. «Қизиқ, шунақаси ҳам бўларкан-да», дейди Барот ўзича. У негадир хотиржам, қандайдир хатолик ўтган-у, ҳозир кечирим сўраб қўйиб юборишадигандек.

Капитан маҳбусга ўлган қўйникидек совуқ кўзларини қадай-ди: «Чайир, пишиқ йигитга ўхшайди. Юзида қўрқувдан асар ҳам йўқ. Шошма, бир-икки кун сабр қил, мулла минган эшакдек ювош бўлиб қоласан ҳали».

Терговчи рўпарасида гўёки ҳеч ким йўқдек мук тушиб, қоғоз тахламларини узоқ ковлаштирди.

«Менинг чидамимни синаб кўраяпти, —ўйлади Барот. Бунақа бўлишини китоблардан ўқиб билиб олган. Қани, ким зўр чиқар экан?”

Ниҳоят терговчи қоғоз тахламини бир четга суриб қўйди-да, тилга кирди:

—Ўтир!

Барот оёқлари полга қотирилган курсига ўтирди.

—Гапир!

—Нимани?

—Шерикларинг ким, улар неча киши, ҳозир қаерда? Ана шулар ҳақида гапир.

—Қанақа шериклар ҳақида сўраяпсиз, ўртоқ капитан?

—Мен сенга ўртоқ эмасман! Гражданин терговчи деб мурожаат қил!

—Тушунарли.

—Хўш, неча киши эдиларинг? Гуруҳбошиларинг ким, балки ўзингдирсан?!

—Мен ҳеч нарса тушунмаяпман? Қандайдир англашилмовчилик…

—Ўчир овозингни!

Терговчи бир варақ қоғозни олиб, гўёки маҳкум устидан чиқарилган ўлим ҳукмини эълон қилаётгандек салобат билан ўқий-бошлади:

—«20 август куни автотрассанинг фалон километрида, магистрал канал кўприги устида талончилик мақсадида «Мерседес» автомашинасига ҳужум уюштирилган. Машинадаги йўловчиларга оғир тан жароҳати етказилган. Йўловчилардан бирининг тилла тишлари қоқиб олинган ва машинадаги ҳар хил қимматта эга бўлган нарсалар ўғирлаб кетилган. Талончилар орасида аёл киши ҳам бўлган». Хўш, яна ўқийверайми ёки қолганини ўзинг гапириб берасанми?

—Бу ғирт туҳматку, гражданин…

—Оғзингни юм!

–– …

––Демак, қилмишингдан тонасан, бўйнингга олмайсан?

—Ахир…

—Соқчи!

Эшик зарб билан очилиб, соқчи отилиб кирди.

—Олиб чиқ! Сув ва овқат берилмасин!

Яна ўша камера. Ёлғизлик. Азобли мавҳумлик.

—Бу туҳмат кимга керак бўлди экан? —деб тинимсиз бош қотирарди йигит.—Ахир, мен эмас, уларнинг ўзлари айбдор-ку? Талончиликда айблашларидан мақсадлари нима?

Қоронғи хонанинг тўрт деворидан акс-садо қайтарди, аммо саволларга жавоб йўқ эди.

Шундан кейин ҳам тўрт-беш марта терговга чақиришди. Капитан тўтиқушдек бир гапни такрорлайди:

—Шерикларнинг ким, улар қаерда?

—Ёлғиз ўзим эдим.

—Ҳар ҳолда бўйнингга оласан! Буни ёзиб қўямиз. Мана бу ерга қўл қўй. Сен ёлғиз бўлмагансан. Сени қўлга олишган куни ораларингда аёл кишини кўришган. Ким эди у аёл, адресини айт!

—Ёлғиз эдим, ҳеч қандай аёлни билмайман.

—Соқчи!

—Эшитаман, ўртоқ капитан!

—Буни анавилар ётган камерага қама!

—Хўп, бўлади!

Баротни камерага киритиб юбориб, темир қопқани даранглатиб ёпишди. Йигит остонада бир зум тўхтаб қолди. У бўлажак ҳамхоналарига қаради. Улар икки киши экан. Иккови ҳам бу ерлик эмас, кавказликларга ўхшашади. Важоҳати қўрқинчли.

Барот салом берди.

—Кел, сени кутавериб кўзларимиз тўрт бўлдику, шоввоз, —деди новча банди такаллуфсизлик билан.

—Тушунмадим?

—Тушуниб қоласан, ҳали оғайни. Лекин мен ўзим ҳам бир нарсани тушунмайроқ турибман. Чумчуқдайгина жонинг бор экан, у ҳам кимларгадир керак бўлибди. Сен уларга нима ёмонлик қилгандинг?

Баротнинг юраги шув этиб кетди. Қўрққанидан эмас. У шу бугунгача ҳам аллақандайдир англашилмовчилик бўлган, эрта-индин ҳаммаси ойдинлашади, кечирим сўраб чиқариб юборишади, деб хом хаёл суриб юрганлигини англаб, зил кетди. Иш у ўйлагандан ҳам кўра жиддий тус олди. Билдики, бу камерадагилар ёлланган қотиллар. Лекин уларни ким ёллаган, кимга ёмонлик қилгани учун бундай жазо?

—Бошингга яхшигина пул тикишди. Ўлишдан олдин ўз баҳоингни билиб кетсанг яхши-да.

Барот бир ишониб, бир ишонмайди. Рўпарасида икки маҳбус қиёфасида ажал турибди. Пакана, буқадай бақувват махбуснинг қўлида ингичка қилиб ўрилган чилвир, новча маҳбус худди қўй сўйишга чоғланган қассобдек пичоғини ҳафсала билан тошга уриб қайраяпти.

«Асабларимни синаб кўришаяпти, оёқларига йиқилиб, ялиниб-йиғлашимни кутишаяпти».

—Хўш, бошимга қанча тикишган экан?

—Йигарма минг. Сенинг тоифангдагилар учун яхшигина пул. Амалдор бўлганингда сал кўпроқ бўларди.

—Бошим шунча арзон туради, деб сира ўйламагандим. Савдолашсаларинг қимматроқ беришармиди.

—Бизни калака қилаяпсанми?—деб бақирди бақалоқ қўлидаги чилвирни ғазаб билан силтаб.

—У рост гапиряпти. Шундай ақлли йигитнинг боши ҳақиқатдан ҳам қиммат туради. Савдолашсак бўлар экан. Эсиз, эсиз.

Барот душманнинг ҳушёрлигини озгина бўлсада сусайтирди.Ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи яшин тезлигида бақалоқнинг бўйнига қадалди. У шилқ этиб йиқилди. Буни кўрган новча ўмбалоқ ошиб анча нарига бориб тушди ва оёғи тагидага курсини чунон зарб билан тепдики, Барот чап бериб қолмаганида бошини мажақлаган бўларди. Бандитнинг қўлида қайрилма пичоқ ялтиради. Барот орқага тисариламан деб ерда сулайиб ётган бақалоққа қоқилиб йиқилиб тушди. Бандит учун айни муддао—бир сакраб рақибини босиб олди. Сўнг унинг юрагига пичоқ санчиш учун қўлини кўтарди.

Узоқ машқлар натижасида Барот зарур ҳолларда бутун кучини бир нуқтага тўплай олиш қобилиятини орттирган эди. Мана, ажал тиғи тепасида ялтираб турибди. У тобора яқинлашиб келаяпти! Барот вужудидаги ҳар бир ҳужайралардан икки билагига энергия оқиб келаётганини ҳис этиб, пайт пойлади. Мана, ўша лаҳза!

Пичоқ сўнгги бор ялтираб, бир четга учиб кетди. Барот рақибини озод кўтариб бир четга улоқтирди ва ўзининг шу вақтгача мутлақо ишлатмаган услубини қўллаб, курашга охирги нуқтани қўйди. Бандит бўкирганича ерда думалар, унинг оқиб тушган кўзидан қора қон сизиб чиқаётган эди.

Эндигина ҳушига келган бақалоқ эса бу манзарадан даҳшатга тушиб, темир қопқани икки қўллаб ура бошлади:

—Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар, ўлдириб қўяди!

V. БОШ САВДОСИ

 

Шаҳар ҳибсхонасида юз берган воқеа вилоят ички илшар бошқармаси бошлиғи полковник Қорабоевнинг эътиборини тортди. Мамлакат бўйлаб қидирилаётган икки жиноятчи шаҳар ҳибсхонасига қаердан келиб қолди?! Нега улар ушланиб қамалгани ҳақида бошқарма бошлиғи ҳеч нима билмайди? Нима бўлганидаям калаванинг учи топилганга ўхшайди. Бир неча йилдан бери республиканинг турли вилоят ва районларида ёлланма қотилликлар содир этилган бўлиб, жиноятчилар кимлиги тахмин қилинса-да, жазодан қочиб юрганди. Қотиллар, айниқса, Чўлободда бир қанча мудҳиш ишларни қилишди.

«Ленинизм» совхозининг кассири сирли равишда ғойиб бўлди. Уни банкдан катта пул олиб, қочиб кетганликда айблашди ва қидирув эълон қилинди. Қишга бориб совхоз ҳудудидан ўтадиган канал суви қуриганда сир очилди. Қотиллар кассирни ўлдириб, машинаси билан бирга каналга чўктириб юборишган экан.

«Россия» совхозининг собиқ директори билан бўлган воқеа бунданда ғаройиб. Кунлардан бирида ўзини обрўли марказий газеталардан бирининг мухбири деб таништирган киши собиқ амалдорга қўнғироқ қилади.

—Ўз ишингизга тикланишни истаймайсизми?—дейди «мухбир» ўзини таништириб бўлгач.

—Албатта, истайман. Аммо қандай қилиб?

—Сиз ҳақингизда бир ишончли одам гапириб берди. Сизга нисбатан ноҳақлик қилишган. Шу сабабли ёрдам беришга қарор қилдим.

—Раҳмат. Мен нима қилишим керак?

—Рақибларингизни фош этувчи ҳужжатлар билан танишиб чиқишим керак. Шунга қараб ишга киришамиз. Қанча тез бўлса, шунча яхши.

—Қаерда учрашамиз?

—Сизга ҳавола, ўзингиз айтинг. Фақат учрашганимизни ҳеч ким билмаслиги керак. Негалигини фахмлагандирсиз?

—Албатта, албатта.

Вазифасига тикланиш иштиёқида ёнган «собиқ» учрашув жойини айтади. Учрашувнинг барча деталлари ишлаб чиқилади. «Мухбир» белгиланган куни катта йўлнинг фалон километрида «бузилиб қолган» оқ «Жигули»нинг ёнига келади ва ими-жимида ҳужжатлар солинган папкани олиб кетади. Икки-уч кундан сўнг яна шу жойда ҳужжатларни эгасига қайтаради.

Айтилган соатда йўлда «Волга» кўринади. «Жигули»нинг ёнига келиб тормоз беради. «Мухбир» шартлашилган паролни айтади:

—«Менинг ёрдамим керак эмасми?»

—«Ўзим бир амаллайман».

—Ҳужжатларни беринг.

—Мана.

Собиқ директорнинг бутун умиди бўлган ҳужжатлар солинган папка қўлдан-қўлга ўтади. Шу пайт ҳозиргина папкани олган қўлда қирқма милтиқ пайдо бўлади. Уст-устига ўқ узилади.

Енгил жароҳатланиш билан қутилиб қолган «собиқ» сохта мухбирнинг қиёфасини батафсил тасвирлаб берди. Шунга асосланиб фоторобот тайёрланди. Бу фоторобот «Правда» колхозининг раиси кайф устида қаердадир гуллаб қўйган воқеа қаҳрамонларидан бири—кавказлик калла кесарга ўхшаб кетарди.

«Правда»нинг раиси вилоят раҳбарлари ўртасида ниҳоятда катта мавқега эга бўлганлиги сабабли юқорида эслатилган ҳикоя қанчалик рост-ёлғонлигини расмий йўл билан текшириб кўриш имқониятлар чегарасидан ташқари эди.

«Правда» билан «Тонг» колхозлари бир-бирлари билан туташ хўжаликлар. Бирига Тўра Умидов, иккинчисига Эшназар Жўраев раис. Икки раис узоқ қариндош. Лекин улар ёшлик йил-ларидан бери бир-бири билан ёвлашади. Буни ҳамма билади. Ҳатто вилоят партия комитетининг янги сайланган биринчи котиби уларни яраштириб қўймоқчи бўлганди, уддалай олмади. Икковинида ишдан қувишга чоғланганди, кўпни кўрган раҳбарлардан бири унинг қулоғига:

—Вилоят мисоли бир машина бўлса, Умидов билан Жўраев ана шу машинани ҳаракатга келтириб турадиган иккита муҳим куч. Уларнинг ҳар бири вилоят машинасининг юзлаб, минглаб винтчаларини ҳаракатлантириб туради, истаса, тўхтатиб қўяди.

Улар билан уришиб қолишдан сизни худонинг ўзи асрасин, —деб шипшийди. Раҳбар муросасозлик йўлини маъқул кўрди.

Шундан бери на маъмурий ташкилотлар, на юридик органлар бу икки раҳбарнинг мушугини «пишт» демайди. Мукофот берилса, икковига тенг берилади. Бирининг уруғига мансаб тегса, иккинчиси ҳам қуруқ қолмайди. Агар бири олиб, бири қолса, жанжал чиқишни кутаверинг.

Тўра Умидовнинг омад оти Жўраевникидан ўзиб кетадиган ҳодиса рўй берди. Яъни Умидовнинг ўғилларидан бири «Қишлоқтехтаъминот» вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимига кўтарилган бўлса, унинг тескариси ўлароқ Жўраевнинг ўғли амалидан бир поғона паслаштирилди. Буни Жўраев шак-шубҳасиз Умидовнинг иши деб билди ва рақибини дунёдан йўқотишга қатъий аҳд қилди.

* * *

Умидовни ярим тунда уйғотишди. Келганлар икки киши эди. Иккови ҳам кавказлик. Улар гапни чўзмасдан муддаога ўтишди:

—Сенинг бошинг учун бизга эллик минг сўм ваъда қилишди, —деди келганлардан бири гўёки бозорда олди-сотди қилаётган одамдек хотиржам.

Умидов сергак тортди, чўчиганини билдирмасликка ҳаракат қилди:

—Ким, Жўраевми?

—Душманинг кимлигини биларкансан.

—Эллик мингни мен бераман. «Оқ туя кўрдингми—йўқ», йўлларингга кетаверинглар.

—Йўқ, бўлмайди. Ваъда бериб қўйганмиз.

—Яхши. Ундай бўлса элликни мендан, элликни ундан оласизлар. Қалай, розимисан?

—Қандай қилиб?

—Гап бундай. Эшит…

Ҳамманинг оғзида бир гап:

—«Правда» колхозининг раиси Умидовни ўғирлаб кетишибди. Ўлик-тиригини топишолмаяпти.

—Балки бу органнинг ишидир?

— Бе, органнинг боши ўнтами-ки, Умидов билан ҳазиллашса. Бу ғанимларнинг ишига ўхшайди.

—Ўлдириб кўмишган бўлса-я?!

Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирлармайди. Умидовнинг йўқолгани рост эди. Унинг қариндош-уруғлари милиция билан прокуратура эшигига ётиб олишди:

—Раисимизни ўғирлаб кетишганига фалон кун бўлди. Нега қидириб топмаяпсизлар?

—Қидираяпмиз. Ҳозирча натижа  чиқмаяпти. Албатта, қидириб топамиз.

—Уни буюриб ўлдиртиришган. Қотилларни қамоққа олишни талаб қиламиз!

—Қотил ким? Далил-гувоҳ борми?

—Ҳаммаларингнинг тилинг бир. Биз юқорига арз қиламиз!

Ниҳоят, Эшназар Жўраев рақиби маҳв этилганига ишонди.

Собиқ қариндошиникига бориб, «марҳум» ҳаққига бош эгиб таъзия билдирган бўлди. Чўлда ташкил этилган қўриқ районининг биринчи котиблиги учун кураш бошласа олдини кесиб чиқадиган мард қолмаган эди. Шу кунга етказгани учун яратганга шукроналар айтди.

Тўсатдан Умидов ўз оёғи билан кириб келди! «Карлови Вари»да ҳам олиб қайтганмиш. «Нега ҳеч кимга айтмай кетдингиз?» деб сўрашганида «Худонинг хабари бор, яна кимдан сўрашим керак эди?!» деб саволга савол билан жавоб қайтарган экан.

Бу гапларда балки лоф бордир, аммо бир нарса аниқ— одамларнинг боши билан савдолашадиган қотиллар афсона эмас. «Қўлга тушмас қасоскорлар»нинг дастидан қанчадан-қанча пулдорлар кечалари ухлай олмасдан чордоқларда, худо билади, яна қаерларда ёгаб юришга мажбур эди. Мана, энди баҳузур ухлашсин!

Йирик жиноятчиларнинг қўлга олиниши бошқарма бошлиғи сифатида ўзининг ҳам мавқеини оширишини, уни генераллик унвонига яқинлаштиришини ўйлаб Қорабоев ширин жилмайди. Ниҳоят, энг катта рақиби—вилоят партия комитетининг иккинчи котиби Владимир Сисоевич Кочубейга қўнғироқ қилиб, мақтаниб қўймоқчи бўлди. Қўли телефон дастагига борар-бормас оператив телефон жиринглади.

—Полковник Қорабоев эшитади.

Нариги томонда гапираётган одам сўзини тамомлар-тамомламасдан полковникнинг бети қийшайиб кетди. Столни муштлаб бақирди:

—Қочишган? Бўлиши мумкин эмас!

Ҳибсхонада қаттиқ шикастланган икки махбус соқчи назорати остида касалхонага ётқазилган экан. Бешинчи қаватнинг деразасига ўрнатилган панжарани синдириб, қочиб кетишган.

—Дарҳол қўлга олинсин! Ҳамма оёққа турсин! Шарманда қилдиларинг, шарманда…

Қорабоев жаҳл билан телефон гўшагини ташлаб юборди.

—Қочиришган! Ким ўша сирли ҳомий? Ким бўлсанг ҳам топмай қўймайман!..

 VI. ЛЎЛИНИНГ ЎЛИМИ

Лўли—ДАН инспектори бўлмиш старшинанинг лақаби. Лақаби билан айтилмаса, уни биров танимайди. Ҳатто бошлиқлари ҳам уни шу лақаби билан чақиришади. Фақат ойда бир марта— бошқарма кассири уни Қаландар Шарипов деб ўз исм-фамилияси билан чақиради ва маош ведомостига қўл қўйдириб олади.

Қаландарнинг лақаби икки жиҳатдан унга қуйиб қўйгандек мос келади. Биринчидан, афт-ангори қоп-қора, иккинчидан, пулга ўч.

Одамлар гап ким ҳақда бораётган экан, деб фол очиб ўтирмасликлари учук биз ҳам уни лақаби билан аташни маъқул топдик.

Лўли 20 август куни Чўлобод-Эшонгузар автотрассасида навбатчилик қилиб юрганда уни Барот билан Гўзал магистрал канали яқинида йўлда кўришганди. Йўлда қатнов сийрак бўлгани боис ДАН инспектори ҳам оқ «Жигули» ва унинг йўловчиларини эслаб қолган бўлиши табиий.

Лўли кўприк устида йўлга кўндаланг турган машинани кўрди-ю, «автоҳалокат» деб ўйлади. Яқин боргач «Мерседес»ни таниди— бу вилоят матлубот бошқармаси раисининг эркатой ўғлиники эди. Ҳар ер-ҳар ерда сулайиб ётган тўрт кишини кўздан кечириб, уларнинг тирик, аммо хушсиз эканлигини аниқлади. Машина эса бус-бутун. Авария бўлганга ўхшамайди. Бошқа нимадир бўлган. Масалан, муштлашув. Раиснинг арзандаси қуриқ ердан чанг чиқаришга устаси фаранглигини яхши билганлиги сабабли «Баттар бўл», деб қўйди ва бирдан… шундоққина оёқлари остида сочилиб ётган тилла тишларга кўзи тушди! У ҳаяжонини зўрға жиловлаб, аввал суллайиб ётганларга, сўнг йўлнинг икки тарафига кўз югуртирди. Яқин орада қимирлаган жон кўринмайди. Лўли чўккалаб, қон билан булғанган тилла тишларни ижирғанмай териб, даструмолчасига тугди ва дарҳол уни чуқур киссасига бекитди.

«Мерседес»нинг эшиклари ланг очиқ. Машина ичидаги Япон магнитафони, хорижда чиқарилган бошқа буюмлар кўзни ўйнатади. «Бундай қулай пайт бир келди, бошқа келмайди, ҳаракатингни қилиб қол!» деб қулоғига шивирлай бошлади нафс отлиқ шайтонбачча. Ўйлаб кўриш учун вақт қайда дейсиз. Магнитафон ва бошқа қимматбаҳо буюмлар бир зумда «Москвич»нинг юкхонасидаги эски-туски нарсалар орасидан ўрин олди.

Бу ишларни бадастур қилиб бўлгач, инспектор рация орқали йўл ҳодисаси ҳакида ДАН постларига хабар берди. Пухта ўйланган хабар бўлажак воқеалар оқимини ўз фойдасига буриб юбориши керак эди. Шу сабабли ўз «тахмин»ларини айтар экан, «воқеа жойидан қочиб кетган оқ рангли «Жигули»га алоҳида ypғy берди.

Воқеалар Лўли кутганидан-да шиддатли кечди. Аввалига шу участкага қарайдиган район милицияси ва прокуратураси терговчилари, суратчи, «Тез ёрдам» машинаси етиб келди. Жабрланувчилар ўзларига келтирилиб, касалхонага жўнатилди. Сўраб-суриштириш, жойни кўздан кечириш анча вақтни олди. Тахминан қуйидаги хулосага келинди: «Мерседес» машинасига бир гуруҳ қуролланган номаълум шахслар талон-тарож қилиш мақсадида ҳужум қилган. Шофер ва уч нафар йўловчи вахшийларча калтакланган. Йўловчилардан бирининг тилла тишлари қоқиб олинган. Машинадан умумий қиймати бир неча миллион сўм турадиган нарсалар ўғирлаб кетилган. Давлат автомобил инспектори Шарипов воқеа жойига етиб келганида бу ердан шошилинч равишда жўнаб кетаётган oқ рангли «01» «Жигули»ни кўрган. Машинада аёл киши ҳам бўлган ва ҳоказо.

Юксак мартабали раиснинг ўғлига нисбатан содир этилган жиноятни очиш юзасидан тезкор гуруҳ тузилди ва у вақтни қўлдан бермасдан дарҳол ишга кирищди.

2

Пешинга яқин Лўли ташвишлардан қутилди. Машинаси рулини «Мажнунтол» ошхонаси томон бурди. У тўйиб овқатланмоқчи, бир йўла қўлга киритилган «ўлжалар»ни ювмоқчи бўлди.

ДАН инспекторининг қораси кўрингач, бу ерга овқатланиш учун келган шоферлар ғимирлаб қолишди. Бошқа маҳал бўлганда Лўли бундан чексиз ғypyp тўйган, қош-қовоғини уйиб, шофер халқининг юрагига қўрқув солган бўларди. Бугун унинг кайфи чоғ, таниш-нотаниш одамлар билан бош ирғаб саломлашяпти, ҳатто ким биландир қўл силкитиб кўришди. Во, ажабо, бу ўша Лўлими?!

Таниш ошпаз йигит югуриб келди. Қўли кўксида.

—Салом, ака. Нима буюрадилар—паловми, лағмонми, сомсами?

—Ўлдирса, палов ўлдирсин.

—Хўп, ака, ҳалигидан ҳамми? Бугун «Белый аист» об келганмиз.

Лўли гулдек очилиб кетди:

—Аввалги пошшомиз Германиягами, Америкагами борганида мухбирларнинг «Сиз қандай ичимликни яхши кўрасиз»? деб берган саволларига «Молдавияда чиқадиган «Белый аист»ни, деб жавоб берган экан. Шундан бери бу ичимлик пошшоларнинг ичимлигига айланган. Бизнинг пошшолардан нима камимиз бор, а?

Кулишди.

Иккови бир пиёла, бир пиёла коняк отиб олиб, колбасадан  газак қилишди.

— Акахон, мен энди борай, —деди ошпаз йигит кўлларини кўксига кўйиб. —Ҳозир ош олиб келаман.

Палов келгунча чойнак яримлаб қолди.

Лўлининг кайфи чоғ. У бугун ёшликдан бери давом этиб келаётган орзусига эришди. Ҳам тиллали, ҳам япон магнитафонига эга бўлди! Ҳаммасига бир кунда эришди! Тилла тишларни таниш устага олиб бориб, эритиб қуйдиради. Магнитафонни машинасига ўрнатади. Йўқ, йўқ, бу хавфли. Худо кўрсатмасин, сезиб қолса Раис унинг уруғини қуритар-ов. Яхшиси, магнитафонни ҳозирча яшириб қўяди, харидор чиқса, икки баравар қимматига сотиб юборгани маъқул.

Тўйиб овқатланганиданми, кайф таъсириданми уйқу элитди. Кўзлари ўз-ўзидан юмилди.

Шундоққина ариқ бўйига қора қўчқор боғлаб қўйилган. Шохлари буралиб, буралиб кетган. Жонивор оёқларини ерга тап-тап уриб, шох ташлайди, кўзга кўринмас рақибига ҳамла қилади. Ҳар сафар ипи узилиб кетай, узилиб кетай дейди.

Нега шу вақтгача бу қўчқорни кўрмаган эканман? —деб ўйлайди Лўли. —Ипи узилиб кетса, ўсал қилади-ёв. Бир кўрай-чи, ипи мустаҳкаммикан? Лўли сўридан тушиб қўчқор томон одимлайди. Жонивор бошини мағрур кўтаради, кўзлари сузилиб, тишлари тиржаяди. Ё пирай, ҳамма тишлари тилла. Фақат негадир бари қонталаш! Лўли ҳайратда қотди. Ҳатто қўчқор орқага тисарилиб, шохламоқчи бўлаётганини сезмай қолди. Бадбахт қаттиқ урди. Бутун бадани зирқираб кетди!

Лўли оғриқнинг зўридан додлаб, ўз овозига ўзи уйғонди. Қўлини босиб ётган экан, увишиб қолибди. Кўрган тушидан дили ғашланди. Ғашлик тарқаш ўрнига тобора зўрайди. Касофат қўчқор, кайфни ҳаром қилди. Чойнакнинг тагида қолган коняк ҳам фойда бермади. «Каналга бориб, муздек сувда чўмилмасам бўлмайдиганга ўхшайди», деб ўрнидан турди. Патнисга санамасдан пул ташлади.

Бизга таниш бўлган кўприкдан анча пастроқда каналнинг нишаб жойи бор. Чўмилишга қулай бўлгани учун кимдир ҳазиллашиб «Олтин қум» деб ном қўйган. Дам олиш кунлари ҳақиқий пляжга айланиб кетади. Бугун бу ерда ҳеч ким йўқ. Шуниси дуруст. Киссасидаги тиллалардан хавотир олмайди.

Лўли ечинди. Кийимларини машинада қолдириб, ҳар эҳтимолга қарши машина эшикларини қулфлади. Калитни яширди. Болалиги эсига тушиб, сув лабига шох ташлаб ўсган толга тирмашиб чиқди. У ложувард осмонга суқ билан тикилар экан, энтикиб кетди. Сўнг сувга калла ташлади.

Сув бирам ҳузурбахш, бирам ёқимли! Юрагини исканжадек қисиб турган ғашлик ўрнини сурур эгаллади. Кўпдан бери бунчалик роҳатни туймаган эди у!

Лўли завқ ва шавқ билан шўнғиди.

Каналнинг туби балчиқ эканини ва бу балчиқ ҳар йили уч-тўрт одамнинг умрига зомин бўлишини билса-да, шўнғийверди.

Мана, боши балчиққа кўмилди. Қулоқлари шилимшиқ лой билан тўлди. Шунда-да у хотиржам эди. Бундай хотиржамликка ўзи ҳам ҳайрон.

—Энди орқага йўл йўқ,—деган садо келди қулоқларига.

—Қўрқитмай қўяқол, мен бундан-да баттарроқларини кўрганман. Мана, бундай қилиб чиқиб кетаман, — шундай деб оёқларини тираб, балчиқ исканжасидан чиқиб кетмоқчи бўлди. Лой уни бутун гавдаси билан ўз комига тортди.

Қаландар бир қаричлигидан канал ёқасида қўй-эчки боқиб катта бўлди. Каналга сув тоғдан келарди. Шу сабабдан суви совуқ ва ниҳоятда тезоб. Болалар уёқда турсин, катталар ҳам юрак ютиб канал сувида чўмилмайди. Аммо ўша вақтларда ҳам ҳамма Лўли деб чақирадиган Қаландар чўмиларди! Тенгдошларининг кўзини куйдириб, мазза қилиб чўмиларди.

Эсида, бир гал болалар билан гаров ўйнаб, канални у қирғоқдан бу қирғоққа икки марта сузиб ўтмоқчи бўлди. Аммо гаров ўйнаган бола ғирромлик қилмасин деган мақсадда бир марта ортиқча сузиб ўтишга аҳд қилди.

Нариги қирғоққа боришга борди-ю, қайтишда оёқ-қўллари тортишиб қолди. Шошганидан ичига сув кетди. Сув юзида бир кўриниб, бир кўринмай оқиб кета бошлади. Қаердандир мактабнинг физкультура ўқитувчиси пайдо бўлди, у чалажон Қаландирни қирғоққа тортиб чиқарди.

Шундан кейин ҳам Қаландар каналда чўмилишни тарк этмади. Бу қайсар бола ҳақида кўпни кўрган бир отахон:

—Морбознинг ажали мордан, дорбозники—дордан, деган гап бор. Магарам бу боланинг ажали сувдан-ов, деган экан.

Лўли қанча ухлаганини билмайди. Фақат руҳи тиниқиб уйғонди. Балчиқ исканжасидан осонгина суғирилиб чиқди-ю, ғира-шира ғордан балиқлардек ўйноқлаб-ўйноқлаб сузиб кетди.

Ғор охирида тандирнинг оғзидек келадиган туйнук бор экан. У туйнукдан бошини чиқариб, атрофга қаради. Тарвақайлаб ўсган тол остида оппоқ кийинган кампир сувга тикилиб ўтирибди. Танишга ўхшади. Уни Лўли қаердадир кўрган? Ҳа, эсига тушди — онасига ўхшар экан. Онаси ўлганига йигирма йилча бўлган бўлса-да, унинг юз-кўзлари, юриш-туришлари ҳамон кўз олдида.

—Соғинтириб қўйдинг-ку Қаландаржон! Эрталабдан бери сени кутиб ўтирибман, — шундай деб кампир ўтирган жойидан қўлларини узатиб, Лўлини сувдан тортиб олди. Йигитнинг юраги шодликка тўлди. «Онам, онажоним! Мени фақат онам ўз исмимни айтиб чақирарди».

—Болалигингда ҳам тиниб-тинчимс эдинг. Уззу кунлар сени сувда оқиб кетди, деб хабар олиб келишларидан қўрқиб, кутиб ўтирардим. Тез бўл, болам, кетдик. Бизларни кутиб қолишди.

Она ўғлининг қўлидан маҳкам ушлаганча кўкка кўтарилди. Пардек енгил, момиқдек юмшоқ бўлиб қолганидан Қаландар беҳад тушди. Терак бўйи тепаликка учиб чиқишганида Лўли машинасига кўзи тушиб, таққа тўхтади. У мол-дунё тўплаш учун ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам урганларини, оқибатда бугун ҳаммаси сабил қолаётганини эслаб, ҳижолатдан қизариб кетди. Ҳаётининг бир парчаси бўлган машинаси ҳам, тилла, пул, қимматбаҳо буюмлар ҳам бугун жонига оро кирмаслигини тушунди. Тушунди-ю, сал юқорироқда таънали нигоҳ ташлаб турган онасига тик қарай олмасдан унинг ёнидан сирғалиб ўтиб, Само деб аталмиш сирли макон сари учиб кетди.

Шу куни феруза осмонга иккита оқ булут чиққанини, қилт этган шамол бўлмаса ҳам булутлар шиддат билан осмонга кўтарилиб, бора-бора кўздан йўқолганини биров пайқаса,биров пайқамади…

 VII. СУЛҲ

Владимир Сисоевич Кочубей ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ахборотномасини ўқиб, типирчилаб қолди. Полковник унинг қадрдонларидан бирининг номини ҳам жиноягчилар рўйхатига тиркаб қўйган эди. Тўғри, қадрдон деганимиз билан иккови ўртасида оддийгина дўстликдан бошқа нарса бўлмаса-да, юраги ғашланди. Айниқса, ҳозирги паллада ҳар қандай шубҳа унинг келажагига болта уриш билан тенг бўларди. Таянчларидан бири бу йил, бу йил бўлмаса, келаси йили уни Тошкентга, Марказкўмга масъул лавозимга кўтаришларини шама қилишган. Ахборотномадаги гаплар ошкор бўлиб қолгудек бўлса, бошини силашмайда, аксинча, жазолашлари, ишдан четлатишлари ҳам мумкин. Бундан худо сақласин!

Ўзини ҳар қанча қўлга олишга уринмасин, Владимир Сисоевичнинг дили тобора хуфтон бўлаётганди. У қўнғироқ тугмасини босиб, котибасини чақирди:

—Мен йўқман. Олдимга ҳеч кимни киритма!—деб буюрди. Сўнг эшикни ичкаридан қулфлади-да, эҳтимол тутилган хавф-хатар ҳақида ўйлай бошлади.

Охирги бир йилда вилоятда жиноятчиликнинг энг оғир турлари кескин ошиб кетди. Айниқса, одам ўлдириш, давлат мулкига тажовуз қилиш жиноятлари мислсиз даражада ўсди. Қишлоқ хотин-қизларининг ўзига ўт қўйиши олдинги йилларга нисбатан қарийб икки-икки ярим бараварга ошди. Ишдан қочмайдиган, қуёш билан далага чиқиб, қуёш ботгандан сўнг уйига қайтадиган, хоксор, нимжонгина хотин-қизларнинг гулхан бўлиб ёниши ноҳақликка қарши улкан исён эканлигини ВладимирСисоевич тан олгиси келмасди. Тан олса, айбдорни топиб, жазолаши керак бўларди. Айбдор битга эмас. У бугун ё кеча пайдо бўлгани йўқ. Унинг оти—Ноҳақлик,Адолатсизлик, Тенгсизлик. Унга қарши чиқиш мавжуд давлат системасига қарши чиқиш, деб баҳоланади. Тан олиш «Хотин-қизларимизни трактор рулларига ўтқаздингиз, уларни ҳақ-хуқуқдан, оналик бахидан маҳрум қилдингиз!» дегувчи миллатчиларнинг тилига эрк бериш деган гап. Йўқ, битта, иккита, ўнта ва ҳатто бир қишлоқ аёллар  ўзига ўт қўйса ҳам уларни оқлаб бўлмайди! Буни ҳар бир раҳбар, ҳар бир партия фаоли яхши билиши ва амал қилиши зарур. Чўпчак тўқийсанми, эртак тўқийсанми—ўзига ўт қўйган ҳар бир хотин-қиз ўзи айбдор қилиниши зарур! Токи ота-оналари бадном бўлишдан қўрқиб, даъволашиб юрмасинлар.

Бу топшириқ ҳозирча муваффақиятли бажарилаяпти.

Вилоятда жиноятнинг янги тури ҳам пайдо бўлди. Бу— ёлланма  қотиллик. Вилоят бу соҳада ҳам республикада олдинги ўринда. Ишдан бўшатилиб, терговга тортилиш эҳтимоли бўлган пахта тозалаш заводининг доректорини уйида сўйиб кетишди. Қотиллар ҳеч нима олмаган.     Демак, директорнинг ўлими кимгадир керак бўлган. Оқибатда заводда қўшиб-ёзишлар юзасидан бошланган тергов боши берк кўчага кириб қолди. Айбдор—директор! Директор ўлди. Шу билан жиноий иш ёпилди. Бир кишининг ўлими эҳтимол ўнлаб кишиларни қамоқдан сақлаб қолди. Обкомнинг серҳашам кабинетларига ҳам олиб келадиган жиноят иплари чўрт узилди.

Владимир Сисоевични партия ходимлари ўртасидаги айниш ташвишлантирарди. Чорвадор райкомининг биринчи котиби бўлиб ишлаб келган Эшназар Жўраевни маиший бузуқликда айблаб, шир яланғоч обкомга ҳайдаб келишди. Боғча мудирасининг эри уни хотини билан тўшакда ушлаб олганмиш.

—Мен бу аҳмоқнинг хотиним билан юришини анча олдин билганман,—дейди эр.—Хотинимни аввал тарбиячилиқдан боғча мудираси лавозимига кўтарганидан, тез-тез райкомга чақириб турганидан гумон қилганман. Кейин ўзи билан ҳар хил семинар- у йиғилишларга олиб кета бошлади. Мен йўғимда уйимга ҳам келар экан, мараз. Дастлаб одамларнинг гапларига ишонмадим. Шундай бўлса ҳам зимдан пойлаб юрдим. Кеча бошлиғим чақириб, «Тошкентга бориб, райком учун инвентар олиб келасан», деб топшириқ берди. Биламан, Жўраев билан унинг тили бир. Самолётга билет олиб қўйишган экан. «Шошма, дедим ўзимга ўзим, бир текшириб кўрайчи». Самолётга ўтириб, Тошкентга учдим. Бориб тушдим-у, навбатдаги рейс билан орқага қайтдим. Кечгача яшириниб ётдим. Сўнг бекиниб уйга келсам…

Бечора биринчи котиб қўрққанидан дағ-дағ титрайди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳол. Ҳамма шошиб қолган. Владимир Сисоевич ўзининг кўп йиллик қадрдони бўлган бу одамга рахми келиб кетди. Рашкчи эр ва унинг беш-ўн нафар ҳайбаракаллачиларини аранг тинчитиб, биринчи котибни уларнинг қўлидан ажратиб олди. Кимдир чойшаб топиб келиб «Дон Жуан»нинг усгига ёпди.

Жўраев районга қайтиб бормади. «Саломатлиги ёмонлашгани учун вазифасидан озод қилинди». Ўзи туғилиб ўсган қишлоққа колхоз раиси қилиб «сайланди».

Бу можаролардан бир ой ўтар-ўтмас «Отелло»—рашкчи эр ўзини осди. Унинг ўлими ҳақида ҳар хил миш-мишлар тарқалди. Бироқ суд-тиббиёт экспертизасининг «руҳий хасталик» деган ташҳиси ҳаммасига нуқта қуйди.

Эшназар Жўраев ўз халоскоридан  қарздор бўлиб қолишни истамади. Яп-янги «ГАЗ-24» машинасининг калитини Кочубейга тутқазди.

Полковникнинг ахборотномасида Эшназар Жўраев номига алоҳида урғу берилганди. «Отелло»нинг ўлимида Жўраевнинг қўли бор-йўқлигини текшириб кўриш учун партия ташкилотининг рухсати сўралган. Рухсат бериб бўпти! Рухсат бериш—ўзини бадном қилиш, сиртмоққа бошини тутиб бериш, деган гап!

Владимир Сисоевич тақир калласига қанчалик шапатилаб урмасин, ундан пичоққа илингудек фикр чиқмади. Ғазаб ила стол устидаги қоғозларни титкилай кетди. Керакмасларини йиртиб-ғижимлаб саватга ота бошлади. Қоғозлар орасидан вилоят прокурорининг ахборотномасига кўзи тушди. Бир-икки кун олдин берилган. Лекин ўшанда негадир эътибор бермаган экан. Ахборотномадан вилоятда рўй бераётган жиноятларда милиция офицерларининг ҳам қўли борлиги таъкидлаб ўтилганди.

Бу нажот эди! Бундай далиллар олдида полковник ё таслим бўлади, ё бутунлай кунпаякун қилинади! Икки йўлдан бирини танла, Қорабоев!

Кочубейнинг ичига қуёш чиққандек бўлди. Ёрдамчисига кўнғироқ қилиб, дарҳол ички ишлар бошқармасининг бошлиғи полковник Қорабоевни ҳузурига чақиришни буюрди.

Полковник куттириб қўймади. Уни қабулхонада иккинчи котибнинг ёрдамчиси билан котиба жувон кутиб олишди.

—Сизни Владимир Сисоевич кутаяптилар,—деди ёрдамчи.— Тез киринг.

Совуққина саломлашдилар. Гап қовушиб кетавермади. Аста-аста Кочубей қизишиб кетди. Прокурорнинг ахборотномасини боши баробар кўтариб бақирди:

—Мана, сенларнинг қиёфангни кўрсатадиган ойна! Милиция офицерлари ўғриларга ҳамтовоқ! Босқинчига шерик! Сенинг кўзинг қаерда эди?!

Полковник жавоб учун оғиз жуфтлаган эди, Кочубей гапиргани фурсат бермади:

—Нега истироҳат боғида осиб кетилган ўспириннинг қотили шу вақтгача топилмади? Сабабини айтайми?!

Полковник яна оғиз очишга улгурмади.

—Тўхтаб тур! Бутун иттифоқ қидирувида бўлган икки одамхўр вилоятда катта холасининг боғида юргандек ўйнаб юрганини билмайсанми? Биласан! Яқиндагина—20 август куни бўлган босқинчилик-чи? «Мерседес»дан ўғирланган нарсалар ДАН инспекторининг машинасига яшириб қўйилганини қандай тушунтириб берасан?

Кочубей яна анча вақт оғиз кўпиртириб бақирди. Полковник Қорабоевни титроқ босди, қўлидан қилич-қалқони ерга тушди. Тер босди. Унинг Кочубейга қарши тўплаган ҳужжатлари бунинг олдида ип эшолмасди. Демак, тамом!

Иккинчи котиб яна анча гапирди. У рақиби адойи тамом бўлганига ишонч ҳосил қилгач, гап оҳангини ўзгартирди:

—Сен милиция бошлиғимисан ё пешкамисан? Област партия комитети ҳамиша сени принципиаль коммунист, виждонли раҳбар сифатида билар эди-ку?

Ниҳоят, Владимир Сисоевич гапиришдан тўхтади. Қорабоев карахт бир ҳолда ўзини оқлаш учун нималардир деди.Унинггаплари Кочубейнинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетди.

—Дўстларни сотиш яхши эмас, оғайни. Сен мени сотсанг, мен сени сотсам яшаб бўлар эканми? Бундан душманларимиз қувонишлари мумкин, холос.

-Албатга, албатта, —аранг ўзига келган полковник ғўлдиради.

Мен кетсам, ўрнимга бошқаси келади. У сенинг бошингни силатиб қўймаса керак?

––Тушунаман.

—Сен билан биз вилоят даражасидаги раҳбарлармиз. Ўзимизни ўйлашга ҳаққимиз йўқ, бутун вилоятни ўйлашимиз керак. Тўғри, баъзан партия, давлат манфаатини ўйлаб қонунни пича бузишимизга ҳам тўғри келади. Лекин на илож. Вилоятда осойишталикни сақлаш, партия қўйган кадрларни авайлаб-асрашимиз лозим. Шунинг учун ҳам бизлар раҳбармиз.

—Албатта.

—Демак, бу мавзуга икковимиз ҳам нуқта қўямиз. Тўғри тушунибманми?

Қорабоевнинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди:

—Албатта, шундай бўлгани маъқул, Владимир Сисоевич.

—Хўш, айт-чи, қачонгача полковник бўлиб юраверасан? Аллақачон генерал бўлишинг мумкин  эди.

—Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас, деган гап бор. Орзу бошқа, иш бошқа экан, Владимир Сисоевич. Орада мана бунақа гаплар чиқиб қолди…

—Сиз ўзбекларда «Ўлимдан бошқасининг иложини қилса бўлади», деган ажойиб мақол бор. Фақат ҳаётда кўп ҳам олдинлаб кетишга уринма, дўстим. Бу менинг сенга берадиган ягона маслаҳатим. Қани, ўтирчи, икковимиз бир дилдан гаплашиб олайлик…

Суҳбат анча чўзилди. Бир-бирининг кўзини ўйиб олишга тайёр турган икки амалдор суҳбат провардида қадрдон дўст бўлиб ажралишди. Ҳатто Кочубей полковникни кабинет эшигигача кузатиб қўйди ва унга омонлик тилаб қолди. Бундай иззат вилоятда камдан-кам одамга насиб этарди.

Владимир Сисоевич қабулхона котибаси билан сўзлашадиган селектор тугмасини босди. Аппаратдан қўнғироқдек овоз эшитилди:

—Эшитаман, Владимир Сисоевич!

—Ёрдамчига айт, кетаверсин.

—Хўп бўлади.

—Ўзинг олдимга кир.

Қўшқават эман эшиклар очилиб, котиба кирди. У билан бирга кабинетга гўёки баҳор кириб келди—ҳаммаёқни француз атрининг ҳиди тутди. Бу атирни унга яқинда Владимир Сисоевич ўзи совға қилганди.

Котиба хипча белли, мовий кўзли, лўлиларникидек қўнғироқ сочли жувон, Унинг кўкраклари тоғорадан тошиб кетаётган хамирдек кўпчиб турибди, калта юбкаси остидан оппоқ сонлар ўзини кўз-кўз қилади.

Владимир Сисоевич жувонни бағрига тортиб, сонларига шапатилади. Жувон нозланди.

––Валичка!

—Лаббай, Владимир Сисоевич?

—Бугун кечқурун бўшмисан? Йўқ-йўқ, баҳона қидирма, қабул қилинмайди. Бир чақчақлашайлик. Сени соғиниб кетдим.

—Қўйинг-е, ҳар куни кўриб турибсиз-ку?

—Кўриш бор-у, ейиш йўқ ,жонидан. Бугун, айниқса, иштаҳам карнай.

—Ундай бўлса, ёқимли иштаҳа!—қиқир-қиқир кулади жувон.

Шу вақт телефонлардан бири жиринглади. Кочубей гўшакни қулоғига олиб борар экан, котибага фазовий ўпич юборди ва қўли билан «бор, боравер» ишорасини қилди.

VIII. ШАҲЛО КЎЗЛАР ЮМ-ЮМ ЁШ ТЎКДИ

1

Гўзални нотаниш бир йигит оғушида қолдириб, бошқа воқеалар тасвирига киришиб кетган эдик. Шундан бери бир ойча вақт ўтди. Қаҳрамонимизнинг аҳволи не кечди экан?

Мана, мана  яна ўша сирли кошонадамиз. Гўзал диванда, парқу тўшакларга бағрини босиб ётибди. Ёнида курси қўйилган, курси устида жез ликопча, унда бир шиша хориж ичимлиги, бир дона биллур қадаҳ. Иймон бўйнига каманд бўлгувчи сочлар совуқ болиш узра паришон тўзғиган. Шаҳло кўзлар намли, гоҳ-гоҳ узун-узун киприклар узра марварид ёшлар думалайди. Жувон сарҳуш эди.

Совуқ хотиралар азоб беради, юрагини тирнайди. Барот деб ўйлагани бегона эркак экан. Нега унга қаршилик қилмади? Нега уни ҳайдашга ўзида куч топмади? Уйғоғу, лекин негадир ухлаётганга, туш кўраётганга ўхшайди. Балки ҳақиқатдан ҳам туш кўраётгандир?! Туш бўлса ҳам даҳшатли туш…

Эсида. Ўша биринчи куни тонгга яқин уйғониб кетди. Ўзини бегона эркак оғушида кўрди-ю, ҳайратдан қотди. Ҳамтўшак эркакка қўрқа-писа назар ташлади. У донг қотиб ухлаб ётарди. Жувон оёқ учида юриб, эшик олдига борди. Итарди. Очилмади. Икки қўллаб ура бошлади. Ташқаридан аёл кишининг «Ҳозир», дегани эшитилди. Бу вақтда ҳамтушак йигит ҳам уйғонди, юзида хавотирланиш белгилари кўринди.

Эшик очилиб, бека пайдо бўлди. Чироқни ёқди. Нимқоронғи хона ёришди. Гўзал лип этиб ўзини ташқарига олди. Орқадан беканинг мастона овози эшитилди:

— Қалай «почча»?

Йигит бошмалдоғини кўтариб, зўр ишорасини қилди, кийинишга тутинди.

Гўзал ташқари эшик олдида тўхтаб қолди. Эшикка қулф урилган, деразаларга темир панжара ўрнатилган. Жувон қафасга тушиб қолган қуш мисол типирчиласада, чиқиб кетолмайди. Ҳамон «Туш кўраяпман, уйғонаман-у бу даҳшатлардан қутиламан», деб ўзини ишонтирмоқчи бўлади. Орқадан келган бека жувонни она боласини эркалагандек елкасидан қучиб, юз-кўзларидан ўпади. Гўзал силтаниб, зарда қилади:

—Тегманг менга! Сизни яхши одам десам…

—Айтаверинг, қоқиндик, айтаверинг. Нима десангиз ҳам кўтараман.

—Қўшмачи экансиз…

—Нега ундай дейсиз, қизим?

—Бўлмаса, бу ишингизни қандай тушунса бўлади?

—Нима қиппан?

—Яна «Нима қиппан?» дейсиз. Ким ана у одам, бу ерда нима қилади?

Бека хиринглаб кулади:

—Ҳали танишиб олмадиларингми? Вой, жонгинамни қоқай сиз ёшларга. Аввал танишиб олиш ўрнига фақат муҳаббат билан шуғулланганда йигити тушмагур. Ҳой, Пўлатжон! —ичкаридан кийиниб чиқиб, тошойна олдида галстугини тўғрилаётган йигитга мурожаат қилди бека. —Нега ўзингизни таништирмадингиз? Бу одобдан эмас! Културний одамлар бундай қилишмайди. Ҳай, майли, қизим, хафа бўлманг. Мен ўзим таништира қолай —бу акангиз шаҳримизнинг энг бадавлат одами, катта бир рестараннинг директори Пўлатжон бўладилар.

Гўзалнинг эътиборини йигитнинг бадавлат эканлиги эмас, балки таниш қиёфаси ўзига тортди. Алп қоматли, кўркам, бошини мағрур тутади. Таниш қиёфа, таниш одатлар. «Қаерда кўрганман уни, ким ўзи у?»

Жувон кўнглига келган фикрдан чўчиб тушди. У йигитга бошда-оёқ назар солиб чиқди. «Ўхшайди. Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Мумкин эмас!!!»

—Фамилиясини ким дедингиз?

—Кимни сўраяпсиз, қоқиндик, Пўлатжонними?

Гўзал боши билан тасдиқ ишорасини қилди.

—Ҳақбердиев. Чўлободда бу фамилияни билмаган одам йўқ. Оталари ҳам улуғ одам ўтганлар…

Жувон беканинг сўзларини охиригача эшитмади. У ҳушидан кетган эди. Йигит уни озод кўтарди-да, беканинг хонасига олиб кириб, диванга ётқизди.

—Унга нима бўлди, опа? —сўради Пўлат.

—Менга ростини айтинг, Пўлатжон, сизлар танишмисизлар? —саволга савол билан жавоб берди бека.

—Йўқ, умримда биринчи марта кўришим.

— Фамилиянгизни эшитиб, қўрқиб кетгандек бўлди. Балки бировга ўхшатгандир?

— Қайдам…

2

Гўзал қанча ухлаганини билмайди. Уйғонганида қалбида ғашликдан асар ҳам қолмаганди. Оғир пардалар бир четга суриб қўйилган, хона чароғон.

Рўпарадаги деворда катта-кичик ромларда суратлар илинган. Туриб томоша қила бошлади. Биттаси кўзига иссиқ кўринди. Во-ажабо! Ўзининг сурати. Қачон тушган эди бу суратга? Эслай олмади. Қулоқларида ҳар бири шапалоқдек-шапалоқдек зираклар, бўйнида қатор-қатор маржон. Ҳам ўхшайди, ҳам ўхшамайди.

Хонага атир-упа анқитиб бека кириб келгандагина хаёлот осмондан ерга тушди.

—Опа, бу кимнинг сурати?

—Меники. Йигирма йилча бўлди тушганимга.

—Жуда чиройли бўлган экансиз.

—Оҳ, оҳ, чиройли деган гап камлик қилади, офатижон бўлганман! —бека хандон уриб, Гўзални бағрига босди.

—Ҳозир ҳам жуда чиройлисиз.

-Кўнгиллик бермай қўяқолинг. Лекин мен ўз қадрини биладиган одамман. Худо менга ўн, балким юзта аёлга етгулик ҳусн берган эди. Аммо мени шўрпешона қилиб яраттан экан. Оҳ, тақдир не куйларга солмади, не ўйинларга солмади мени, —беканинг сурмали кўзларида ёш ҳалқаланди.—Бир эмас, уч нафар қизимдан тирик айрилганман. Йигирма йилдирки уларнинг на ўлиги, на тиригини билмайман. Кажбахт қилиб яратгани учун худони қарғаб яшапман-у, аммо ундан бирон марта ҳам нажот сўрамапман. Ёш бир ерга бориб қолган чоғда худони кўп эслайдиган бўлиб қоларкан одам. Қизларим омонми, улар ўз бахтини топдими ё менга ўхшаб бахт улардан ҳам юз ўгирдими—менга қоронғу. Бир нарса аён—улар мени бутун умр қарғаб ўтишади. Ҳа, бунга уларнинг ҳаққи бор!

Бека ёноқларидан думалаб тушган кўз ёшларини қўли билан сидириб ташлади-да, зўрма зўраки табассум қилди:

—Қайғу—умрнинг эгови. Эрк берсанг, тўрт кунда еб битиради. Беш кунлик дунёда қайғу-ҳасратга чикора. Келинг, хайёмона май билан дунё ишларидан қўл ювайлик, —шундай деб бека жез ликопчада турган қадахларни тўлдирди. —Ичинг,Ойсулув қизим, кўнгил дардларига бундан яхшироқ дорини тополмайсиз…

 

* * *

Беканинг уйи мусофирхонага ўхшайди. Келиб-кетувчилар кўп, аксарияти ўғри мушукка ўхшаб пусиб келиб, пусиб кетади. Баъзан уйнинг ҳамма хоналари «мехмон»лар билан тўлиб-тошади. Улар орасида ўн гулидан бир гули очилмаган қизлардан тортиб, шарти кетиб парти қолган, сатанг аёллар, алп келбат йигитлару тўридан гўри яқин бўлиб қолган чоллар ҳам бўлади. Уй эмас, баайни сирли сандиқ—ҳар кимнинг ўз дарди, ўз давоси бор бунда.

Гўзал қандай одамлар қўлига тушиб қолганини фаҳмлади. Аммо у ҳамиша сарҳуш эди. Бирон бир тадбир қилмоқ учун ўтмаслашиб қолган зеҳни панд берарди. Аламини кўз ёшлари-ю, ҳайёмона майдан оларди. Пўлатнинг тез-тез ташрифига ҳам кўникди. Бойвачча олиб келаётган совға-саломларга бир марта бўлсада, қайрилиб қарамади. Улар бир уюм бўлиб бир четда ётибди.

Бека Пўлатнинг “Ойсулув”га иштиёқи сўниш ўрнига борган сари алангаланаётганидан мамнун. Бойвачча ҳамёнини кенг очиб қўйди. Бека ўз мижозлари учун рангли телевизор, видеомагнитафон сотиб олди. Шу вақтгача топганини милиция, прокуратура ходимларининг оғзини мойлаб туриш учун сарфлаб, «синиш»дан сақланиб келаётганди. Энди Пўлатнинг соясида «савоб талаб корхона» фаолиятини ривожлантириш ҳақида ўйлай бошлади.

Осмонни қанчалик қалин булут қопламасин, кучли шамол уларни тирқиратиб ҳайдайди, шунда осмон артилган шишадек ялтираб кетади. Гўзал қалбидаги мунг, зеҳнидаги туманлик ҳам ўқтин-ўқтин тарқаб, умид қуёши чарақлайди.

—Нега мени ҳеч ким излаб келмаяпти? Дунёда мен шунчалик ёлғизманми?! Отам-чи? Отам оқ қилган, ўлмай туриб кўмган. Отажон, тақдир мендан зўр бўлса, мен нима қилай!? Наҳотки сиз фарзандингизни беному нишон йўқ бўлиб кетишини истайсиз…

Гўзал пайдар-пай май сипқоради. Ғам денгизи қуриб, ўрнини жаннатий лаҒззат эгаллайди. Унинг учун энди гуноҳ ва савоб деган тушунчалар рангсиз бўлиб бормоқда эди…

 IX. ҚОЧИШ

1

Соқчилар камерага ёприлиб киришди. Махбусларнинг қўлларига кишан уришди. Қора қонига бўялган икки маҳбусни олиб чиқиб кетишди. Темир қопқа яна гурсиллаб ёпилди.

Туйнукдан тушиб турган ёруғликка қараб вақт бемаҳал бўлганини англади. Барот кўзларини чирт юмиб, бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир эслашга ҳаракат қилди. Уни уйқу ўз оғушига олди.

Туш кўрди. Эшонгузар тоғи этагида, Саркашдарё бўйларида мол боқиб юрганмиш. Бирдан тоғ ўнгуридан бир тўп ёввойи одамлар чиқиб, Баротни ушлаб, қўл-оёғини боғлашди.

—Ўтда пишириб еймиз,—дейди ёввойилардан бири вишиллаб.

—Пишишини кутишга тоқатим йўқ, қорним оч, хомлигича ейверамиз,—дейди бошқа бири қозиқ тишларини ғижирлатиб.

—Мени еманглар, жон акалар, ана, қўйларимдан истаганингизни тутиб енглар,—деб ялинади Барот.

—Қўй гўшти ейвериб, қон босимим ошиб кетди, сени еймиз,—деб гувиллашади бир нечтаси.

Баротни ходага ётқизиб, остидан ўт ёқишади. Аланга баланд ўрлайди, йигитнинг қўллари жаз-жаз куяди. Тишини-тишига қўйиб, бақирмасликка ҳаракат қилади.

Тоғ қаъриданми, самоданми, қаерданлигини аниқ билмайди, хотиржам қилгувчи садо келади:

—Сабр қил, болам, сабр қил. Мен сенга қоғоздан қанот ясаб берамаан. Уч, баландроқ уч!

Барот қўлларини силкитади. Ўзи ҳам ҳайрон ҳолда кўкка кўтарилади. Лекин нимадир зўр бериб оёғидан пастга тортади. Кучанавериб қора терга тушди. Ниҳоят, ёввойилар кўздан ғойиб бўлишди.

—Лаънати одамхўрлар, қўлларимни куйдиришди,—деб қўлларини силайди: Шу алпозда уйғониб кетди. Ҳакқиқатдан ҳам қўллари бозиллаб оғриётганди. Кишан кесиб кетган бўлса керак.

Барот бир неча муддат туш таъбирини ўйлаб ётди. Уни мудҳиш ҳислар ўраб олди. Судсиз-сўроқсиз қамашгани етмагандек, ўлдирмоқчи бўлишгани нимаси? Унинг ўлими, албатта, «Мерсе-дес»ли бойваччаларга керак. Ким улар? Ҳибсхонага қотил юбора оладиган даражада қўллари узунми? Худо бир сақлади, яна сақлармикан?..

Кўрган тушининг таъбиридан сал бўлсада, дили ёришди. Умид учқунлари пайдо бўлди. Лекин бу учқун ҳали арзимас даражада кичкина эди. Аммо кун ўтган сайин у ҳам сўна бошлади. Йигит тамоман тушкунликка тушган кунлардан бирида бир рус йигити билан икковини машинага солиб, аллақаёққадир олиб кетишди. Кўп юришди. Манзилга етишганда қош қорайган эди.

Машинадан тушиб, олдинда юришни буюришди. Йигитлар қабристонга келганликларини билиб, сергак тортишди.

Қабрлардан бири олдида тўхташни буюришди. Сўнг қўлларига белкурак тутқазишди:

—Ковланглар!

Бирпасда қоронғилик тушди. Милиционерлар қўл фонарлари билан ёритиб туришди. Яна анча фурсат ковлашди. Фонар ёруғда лаҳад оғзи қорайиб кўринди. Димоққа қўланса ҳид урилди.

—Энди биттанг лаҳадга тушиб, мурдани тортиб чиқ!

Рус лаҳадга тушди. Икковлашиб кафанланган мурдани суғуриб олишди. Милиционер ва яна икки-уч нафар фуқаро кийимдагилар биргалашиб жасадни юқорига тортиб олдилар ва қабр четига ётқизиб қўйдилар.

Қоронғилик шу даражада қуюқлашдики, бир неча қадам наридаги нарсаларни кўриб бўлмай қолди.

—Фонарларни бу ёққа тўғрилаб, ёритиб туринглар,—деди мурдани ёришга киришаётган эксперт.

Бир неча муддат экспертнинг гоҳо арра, гоҳо болта билан ишлаётгани эшитилиб турди. Бирдан вишиллаган товуш қулоққа  чалинди, сўнг уни болта ушлаган экспертнинг фарёди босиб кетди. Мурданинг ёрилган қорнидан билакдек келадиган қора илон ўрмалаб чиқдида, экспертнинг билагида қонли из қолдирганча тун бағрида кўздан йўқолди. Бу манзарани кўриб турганлар дуч келган тарафга тирқираб кетишди.

Барот биқинига теккан турткидан ўзига келди.

—Қочмаймизми? Кейин кеч бўлади.

—Кетдик!

Милиционерлар ўзларига келганда маҳбуслар бу ердан анча олислаб кетишганди.

2.

Қочоқлар қабристон деворидан ошиб, зулмат қўйнига сингиб кетишди. Анча ергача сўзсиз чопиб боришди.

—Бўлди, бошқа чополмайман,—деди рус йигити ўзини таппа ерга ташлаб. —Бир пас дам олайлик.

Барот унинг ёнига ёнбошлади.

—Энди нима қиламиз?—сўради шериги ҳансираганича.

— Кўзларимга ишонмайман. Бари шундай кутилмаганда бўлдики…

— Бу ҳам бизнинг бахтимиз. Ростини айтсам, мен ҳам нима қилишини, қаерга боришни билмай турибман. Шошма, шошма! Мияга бир фикр келди. Ҳозирча шу яқин орадаги танишимникига борсак-чи?Ўзи жуда дилкаш, ишончли одам. Қалай, борасанми?

— Бирга қочдик, бундан кейин ҳам бирга бўламиз.

— Ундай бўлса, олға!

Қочоқлар қоронғиликда уларни ҳеч ким кўрмаслигини яхши билсалар ҳам эҳтиёткорлик юзасидан пана-пасқамдан йўлга тушдилар. Бир оздан сўнг осмоннинг бир четида баркашдек ой кўринди. Ҳаммаёқ сутдек ёришди. Олдинда насронийларнинг хоч ўрнатилган қабрлари кўзга ташланди. Барот таққа тўхтади.

—Юравермайсанми?

—Қаерга келиб қолдик?

—Мусулмонларнинг мозоридан қочган эдик, насронийлар мозорига келиб қолдик.

-Бу ерда нима қиламиз?

––Мен айтган одам шу мозористоннинг қоровули… Мана, етиб келдик.

Йигитлар пастқамгина кулба олдида тўхташди. Деразадан чироқнинг хира шуъласи тушиб турибди. Эшикни аста-секин тақиллатишди.

—Ким?—зардали товуш эшитилди ичкаридан.

—Максим тоға, бу менман, Андрейман.

Тамба сурилиб, эшик очилди. Ундан пахмоқ соқолли бош кўринди.

—Бир ўзингмисан? Ёнингдаги ким?

—Ичкарига кирайлик, ҳаммасини айтиб бераман, Максим тоға.

Қочоқларни киритиб юбориб, чол эшикни яна тамбалади.

—Қайси жин чалди сенларни, ярим тунда мозористонда санғиб юрибсанлар?

—Максим тоға, шунақа бўлиб қолди. Қамоқдан қочдик, —деди Андрей.

—Бир пас ўтирамиз-у, сўнг кетамиз, —деди шоша-пиша Барот, гўёки қария икковини ҳам ҳайдаб чиқараётгандек.

—Менга деса, бу ерда бир йил ўтирмайсанларми, —қўл силтади чол.—Фақат кейинги пайтларда ҳар қандай қаланғи-қасанғилар мозористонга серқатнов бўлиб қолишди. Бир худо билади улар бу ердан нима қидиришларини. Ана, яна битта машина кўринди.

Юк машинаси қоровулхонадан анча ўтиб тўхтади. Шофер жойидан жилмади, унинг ёнида ўтириб келган милиция формасидаги киши машинадан тушиб, гурс-гурс босиб қоровулхона томон кела бошлади. Йигитлар типирчилаб қолишди.

—Қочишни билган экансизлар, энди жим ўтиришни ҳам билинглар,—деб койиди Максим тоға. —Милициянинг ўз дарди бор, сенларни бошига урсинми.

Чол ташқарига чиқди. Милиционер у билан нималарнидир гаплашди, гап орасида бир неча марта машина тарафга қараб-қараб қўйди. Кейин бурилиб кетди. Чол қоровулхонага кирди.

—Қани, йигитлар, хизмат чиқиб қолди, бажарамизми?

—Бажарамиз.

—Бўлмаса, кетдик. Манави кетмонларни ҳам олволинглар.

Максим тоға йигитларни қабристоннинг хилват бир четига эргаштириб борди.

—Мана шу ердан гўр қазиш керак, —деди чол. —Жон керак бўлса, ҳеч нарса сўралмасин. Уқдиларингми?

Барот билан Андрей терлаб ишлашди. Саёзгина қабр тайёр бўлди.

Максим тоға машина томон кетди. Бироздан сўнг машина қабр яқинига келиб тўхтади.

—Йигитлар, қарашиб юборинглар,—деди милиционер машина устида туриб.

Шолчага ўралган мурдани кўтариб ерга олишди. Милиционер машина тепасида қолганидан фойдаланиб Андрей шолнинг бир четини кўтариб қаради. Машина чироқларининг ёруғлигида мурданинг мажақланган, қонга бўялган боши кўринди. Шоша-пиша шолни ёпди. Буни Максим тоғадан бошқа ҳеч ким пайқамади.

«Дафн» маросими тез тамом бўлди. Милиционер чолни бир четга тортиб йигитлар томонга ўқрайиб қараб қўяркан, сўради:

— Йигитларинг ишончли одамларми?

— Ишончли одамлар, —гапни қисқа қилди отахон. Шундан сўнг милиционер шофернинг олдига бориб нимадир деганди, у кабинада тугун олибузатди.

— Айт, тилларини тийиб юришсин,—деб таъкидлади милицинер йигитлар ҳам эшитадиган қилиб. —Бўлмаса…

Машина орқа чироқлари кўздан ғойиб бўлгунча зўраки гўрковлар қараб туришди. Биринчи бўлиб сукунатни Андрей бузди:

—Ўлай агар, бунақасини тушимда ҳам кўрмаганман. Сирли дафн маросими! Яна милиция назорати остида. На қариндош, на хеш-ақрабо. Бунда бир сир бор-ов?

—Шунга ҳайрон қолиб ўтирибсанми?—пўнғиллади чол. —Баъзан бир кечада уч-тўрт жасадни яширинча дафн қилишади. Сўраб-суриштирсанг, ўзингни ҳам қўшиб бирга кўмиб юборишади, занғарлар. Яхшиси «оқ туя кўрдингми—йўқ». Уқдингми?

—Уқишга уқдим, тоға, лекин миямга ажойиб бир фикр келди, —деди Андрей. —Агар мен прокурор бўлганимда, қанчадан-қанча сир-асрорларнинг калитини шу ердан—қабристондан қидирган бўлардим.

—Бўлмағур гапларни миянгдан чиқариб ташлада, мана буни оч,—деди чол йигитга тугундан икки шиша ароқ олиб узатар экан.—Шоввозлар, газакка шўр бодринг солишни ҳам унутишмапти.

Нимада ичамиз, стакан йўқ-ку?

—Бошингга кўтар… Ҳа, баракалла. Қани, йигит, энди сенинг навбатинг.

Галма-галдан ичиб, шишаларни бўшатишди.

—Мен сенга айтсам, оғайничалиш, ўликлар салтанатининг ўзига хос қонун-қоидалари бўлади,—деб сўзамоллик қилди Андрей.—Бугун унинг бир саҳифаси билан танишдик. Тўғрими, тоға?

—Тўғри.

—Сен билан шунча воқеаларни бошдан кечирибмиз-у, ҳали дурустгина танишиб ҳам улгурмабмиз, оғайничалиш,—деди Андрей Баротга қараб.—Дуруст йигит экансан. Менинг исмим Андрей. ОлисУкраинадан.

Барот ҳам ўз исмини айтиб, қўл узатди.

—Украина қаерда-ю, Ўзбекистон қаерда. Сен бу ерда нима қилиб юрибсан, деб сўрамайсанми?

—Балки ўзинг айтиб берарсан?

—Достоним узун. Эшитишга сабринг чидармикин?

—Сен билан гўристонда йиғлаб топишганмиз-а, сенинг дардинг—менинг дардим,—деди Барот ўрис биродарининг ҳикоясини эшитиш учун қабрнинг юмшоққина тупроғига ёнбошлар экан.

3.

Андрей Киев яқинидаги Петуховка хуторида туғилган. Отаси ўзбек, фарғоналик, исми Ҳомиджон. Армия хизмати даврида  танишиб ,сўнг уйланган.

Ҳомиджон хизмат қилаётган понтонёрлар полки баҳорги тошқин мавсумида қишлоқларни муҳофаза қилиш ишларида қатнашар эди. Чунки мартнинг охири, апрелнинг бошларида Днепр, Десна, Припят, Сейм дарёларида муз кўчиб, сув тошқинлари бошланади. Муз тиқилган жойларда дарёлар тошар, оқибатда минглаб гектар экинзорлар ва қишлоқларни сел босарди. Ана шундай хатарнинг олдини олиш мақсадида музни портлатишиб, сув йўлини очишар, «Амфибия» машиналари билан одамларни хавфсиз жойларга кўчириб қўйишарди. Ҳомиджон ҳам ана шу сапёрлар сафида эди.

Қаторасига икки йил петуховкаликларга ёрдамга келган Ҳомиджон шу ерлик Мария исмли қизни севиб қолди. Ўрта бўйли, қуралай кўз, икки ўрим сочи этагига тушиб турадиган дўндиққина бу қизни кўрганда Ҳомиджон она юрти—Фарғона гўзалларини кўргандек бўлди. Украин қизи Мария рус тилини ҳам яхши билмасди. Ҳомиджон унга ҳам ўрисчани, ҳам ўзбекча гапиришни ўргата бошлади. Мария яхши шогирд чиқиб қолди. Тез орада ўзбекчалаб «Мен сизни севаман», «Мен Фарғонага боришни истайман», деган сўзларни бийрон-бийрон гапириб, «устози»ни мафтун этди.

Сафар охирлаб, аскарлар Киевга қайтадиган кун келди. Ҳарбий техника, асбоб-анжом сафарга тайёр қилиб қўйилди. Фақат командирнинг «Машиналарга!» деган буйруғини кутишаяпти. Бутун қишлоқ халоскорларини кузатиш учун йўл ёқасига кўчиб чиққан.

Мария Ҳомиджондан  айрилгиси йўқ.

—Мени кут, албатта, келаман!—дерди Ҳомиджон.

—Қачон? Келадиган вақтингни айтиб кет,—дерди кўзларидан шашқатор ёш тўкиб Мария.

—Ҳозир бир нарса деёлмайман. Лекин вақт топдим дегунча қанот боғлаб учиб келаман.

—Мен сени, албатта, кутаман. Мен сенга ишонаман!

Аскарлар жўнаб кетишди. Мариянинг Ҳомиджон билан гаплашиб юрганидан рашк қилган дугоналари тилларига эрк беришди:

—Энди келмайди, сени ташлаб кетди.

—Келади!

—Бунақалардан кўпини кўрганмиз, келмайди.

—Кўрамиз…

Мариянинг дугоналарини рашкда ўлдириб, Ҳомиджон келди! Нафақат келди, балки Мариянинг ота-онасидан қизларининг қўлини сўради.

Тўй ёзда, дарё соҳилида бўлиб ўтди. Тўйдан сўнг Ҳомиджон яна қисмига қайтиб кетди. Хизматнинг охирги йили бошланган эди. Ҳаш-паш дегунча бир йил ҳам ортда қолди. Бу орада Мария эрига қўйиб қўйгандек ўхшайдиган ўғил туғиб берди. Болага Андрей деб исм қўйдилар.

Бутун хутор Ўзбекистонга жўнаб кетаётган собиқ аскар оиласини кузатишга чиқди.

—Мария Сисоевна, хат ёзиб тур, бизларни унутиб кетма!

—Албатта, ёзаман.

—Мария, ўғлингни эҳтиёт қил!

—Хўп бўлади.

—Мария, сингилгинам, ўзбек қизлари эрингни тортиб олиб қўйишмасин-а.

—Акажон, хотиржам бўлинг, эрини бериб қўядиганлардан эмасман.

—Мария! Ҳомиджон! Украинада Петуховка деган қишлоқ ҳам борлигини унутиб юборманглар. Келиб туринглар.

—Хўп, омон бўлинглар! Сизларни гўзал Фарғонада кутамиз…

Она қишлоқ. Уч йилда деярли ҳеч нарса ўзгармапти. Фақат хотин етаклаб келгани қариндошларига маъқул бўлмади. Айниқса, отасининг муносабатлари совуқ. У ҳатто неварасини бағрига босиб, суйишни ҳам эп кўрмади.

Аскар кўрдига келганларнинг изи узилиши ҳамон ота бомбадек портлади:

—Сен уруғимизда ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг! Энди мен не юз билан самоварга чиқаман? Одамларнинг кўзига қандай қарайман? Бу ҳақда ҳеч ўйламадингми?!

—Нима қилипман? Хотин олиш уятми?

—Уят! Ота-онанинг розилигисиз бир ғайридин хотинни изидаги боласи билан уялмай-нетмай олиб келганинг уят!

—Мақсадингиз нима? Нима қилай, дада?!

—Жўнатиб юбор!

—Боласи бор-ку?

—«Хотин йўлда, бола––белда», деган гап бор. Бунақа болалардан ҳали кўпини кўрасан.

—Ўйлаб гапираяпсизми шу гапларни, дада?

—Жўнатиб юбор, қайтиб кўзим кўрмасин!

—Йўқ, дада, жўнатадиган хотиним йўқ!

—Жўнатасан!!

—Хотиним билан ўғлим сиғмаган ҳовлига мен ҳам сиғмайман. Хайр!

Бийқочди чўли. Бу ерга Ҳомиджон ўзини ўзи сургун қилди. Фарғонанинг сўлим боғларини чўлнинг жазирама иссиқларига, кўз очирмайдиган шамолларига, виж-виж чивинларига алмашди. Фақат унга, хотинига, фарзандига тинчлик керак эди, холос.

Механизациялашган кўчма колонналардан бирига кассирликка ишга олишди. Қўли тўғри, дили тўғри одамни ким ҳам ёмон кўрарди. Одамларнинг тийин-тийинигача санаб беради. Ҳамма мамнун, ҳамма рози.

Кўчма колоннага янги раҳбар келди-ю, ташкилотдан тинчлик йўқолди. Янги бошлиқ туяни тикка ютадиган балохўрлардан экан. Прорабларни сохта нарядлар тузиб, пул ёзишга мажбур қилар, бу пулларнинг катта қисмини киссасига уриб, қолганларга арзимаган улуш ажратарди. Ишламаган тишлаб, ишлаган бармоқ сўриб қолаверди. Одамлар ўртасида норозилик кучайди. Ана шунда кимдир бу ҳақда республиканинг отахон газетасига шикоят ёзиб юборишни таклиф қилди. Шундай қилишди ҳам.

Шикоятни текшириш учун мухбир келди. Мухбир хатга имзо қўйганларнинг барчаси билан бир-бир учрашди, қўшимча маълумотлар олди. Мухбирнинг ким билан учрашгани, унга нималар дейишгани ПМК бошлиғига оқизмай-томизмай етказиб турилди. Бошлиқ аввалига мухбирни меҳмон қилиб, оғзини мойлаш пайида бўлди, қарасаки, у сотиладиганлардан эмас. «Сен менинг ошимни емасанг, мен сенинг бошингни ейман!» деган ниятни дилига тугди, аммо сиртига чиқармади.

Мухбир водий томондан экан. Ҳомиджон билан қарийб ҳамқишлоқ чиқиб қолди. Бир ҳафта давомида ПМКнинг ётоқхнасига бормай Ҳомиджоннинг вагон уйчасида ётиб юрди. Бундан колонна бошлиғининг ичидан қиринди ўтди. Унинг тахминича, мухбир қўлидаги ҳужжатлар Тошкентгача етиб борса, иш судлик бўлади. Қандай бўлмасин, ҳужжатларни олиб қолиш керак. Аммо қандай қилиб?

Мухбир учрашадиган одамлари билан учрашиб, керакли ҳужжатларни тайёрлаб, кетадиган бўлди. Тонгда Ҳомиджон меҳмонни «Урал» мотоциклининг кажавасига миндириб, Чўлобод йўлига чиқариб қўйиш учун отланди.

Вақт пешиндан оғди ҳамки Ҳомиджондан дарак йўқ. Ваҳолангки, 20 километрлик йўлга бу вақтда икки марта бориб келса бўларди. Мариянинг дилига ғулув тушиб, икки-уч марта йўл бошига бориб, қараб келди.

Шомга яқин шум хабар келди. Чўлободнинг катта йўлидан анча берида, қум барханлари орасида Ҳомиджон мотоцикли «ЗИЛ» машинасининг тагига кириб кетибди. Мотоцикл ёнган. Ҳомиджон ҳам, ёнидаги йўловчи ҳам ўша жойда ёниб ўлган. Мотоцикл кажавасидан бир неча дона арақдан бўшаган шишалар топилган. «Мотоциклдагилар ғирт маст экан», деган гап тарқалди.

Шум хабарни эшитиб Мария сочлари тўзғиган, бир абгор ҳолатда авария бўлган жойга етиб келди. Жасадларни олиб кетишган, қум тепалик устида қўйиб, қорайиб кетган бир уюм темир-терсак қолганди.

Бечора аёл эрининг бўкканча ичмаслигини биларди. Кеча меҳмон билан озроқ ичса-ичгандир. Аммо мотоциклни идора қилолмайдиган даражада маст бўлиши мумкин эмас. Гап бошқа ёқда. Тунда мезбон билан меҳмоннинг гапларига қулоқ солиб ўтириб, ПМК бошлиғига қарши қандайдир ҳужжатлар тўпланганини билиб олди. Ўшандаёқ юрагига ваҳима пусиб кирган, туни билан мижжа қоқмай чиққанди.

Мария тунда эшитганларини қоғозга тушириб, прокурорга топширди.

—Эртага келинг,—дейишди.

Бундай эрталар эрталарга уланиб кетди. Натижа бўлмади.

—Эрингиз ўзи айбдор экан,—дейишди унга ниҳоят.—Унинг айби билан зўр фельетончи журналист ҳалок бўлди. Эрингизнинг бахти бор экан, ўлиб қутилди. Акс ҳолда бугун қора курсида ўтирган бўларди. Сизга маслаҳат шу—идорама-идора юриб одамларни ишдан қолдиришни бас қилинг! Бўлмаса, соф виждонли одамларга туҳмат қилганликда айбланиб, ўзингиз жавобгарликка тортиласиз. Буни дўстона маслаҳат ё расмий огоҳлантириш, деб тушунасизми—сизга ҳавола. Чиқинг!

Мария қулоқларига ишонмади. Ахир ҳозиргина «чиқинг!» деб амр қилган одам шу кунгача унга далда бериб, қўллагандек бўлиб келаётганди-ку? Демак, бу ҳам сотилибди-да!

Эрининг қотиллари ўғлининг жонига ҳам қасд қилишдан тоймасликларини фаҳмлаб даҳшат ичида қолди. Ўз даъвосидан кечганлигини билдириб қўйиш мақсадида турли маҳкамаларга берган аризаларини қайтариб олди ва амалдорларнинг кўзи олдида йиртиб ташлади. ПМК бошлиғи мамнун тиржайди. У мақсадига етган эди.

—Болажоним, пешонамиз шўр экан. Кетамиз энди бу ерлардан,—деди бечора она ўғлининг бошини бағрига босиб. —Ғанимларнинг қўли етмайдиган ерларга кетамиз. Бир кун бўлмаса, бир кун отангнинг қабрини излаб келарсан. Ўшанда мен учун ҳам зиёрат қил…

Андрей ҳикоясини давом эттирди:

— Кунлардан бир кун онам мени бағрига босганча, бир сидра кийим, озиқ-овқат солинган кичкина тугунча билан йўлга чиқади. Йўловчи машина билан шаҳарга етиб олади. Яхши одамлар Украинага етиб олишимизга ёрдамлашадилар. Бу гаплардан мен роса йигирма ёшга тўлган куним хабардор бўлдим. Онам йиғлаб сўзлаб берди. Шундан бери отам қабрини зиёрат қилишни мақсад қилганман. Ниҳоят, онамдан ижозат тегди. Қанот боғлаб учдим.

Афсус, афсус, мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Йўлда бор-будимни ўмариб кетишди. Ҳеч вақосиз қолдим. Ялиниб-ёлвориб бир кичкина корхонага вақгинчалик ишга кирдим. Мен ишга кирган ташкилотга ўғри тушди. Ҳе йўқ, бе йўқ, мендан гумон қилиб, қамаб қўйишди. Қамалишимнинг сабаби шу. Лекин ҳали бу ҳаммаси эмас. Онамнинг акаси—тоғам Ўзбекистоннинг қайсидир бир вилоятига ишга юборилган. Қаергалигини аниқ билмайман. Уни топишим керак. Сўнг отамнинг қабрини, албатта, излаб топаман. Топармиканман, сен нима деб ўйлайсан?

—Биз ўзбекларда «Яхши ният—ярим давлат», деган мақол бор, оғайни, ниятни яхши қилавер…

 X. ТЎЙДАГИ «ТОМОША»

1

Кўприк устидаги муштлашувдан сўнг Ҳафиз бир неча кун шифохонада ётишга мажбур бўлди. Тепки ёмон теккан экан—иягида чандиқ қолди.

У касалхонада кунларни бекор ўтказгани йўқ, муштлашув куни бирга бўлган «улфати-чор»лари—Уйғун, Санжар, Абдини ёнига чақирб, «каратест»нинг суробини тўғрилаб қўядиган одам топиш ҳақида бош қотиришарди.

—Биттаси бор. Аммо-лекин катта пул сўрайди,—деб гап топиб келди Уйғун.

—Оғзидан чиққанини бермаган номард. Учраштир, ўша билан!

—Хўп,бўлади.

Учрашдилар.

—Қандай буюртма бор?—сўради учрашувга икки киши бўлиб келган кавказлик йигитлардан новчаси.

—Бир кишни қўрқитиб қўйиш керак.

—Шундай арзимаган иш учун бизларни овора қилиб юриб- спзларми?!

—Башарти… одам ўлдириш бўлса-чи?

—Бу бошқа гап.

—Гап бундай…

Клиент қамоқда ўтиргани ишни мураккаблаштиради,—деди «киллер».—Унинг чиқишини кутолмаймиз. Соққани каттароқ қилсанг, таваккал қилиб кўрамиз.

—Бу йигитча гап! Пулнинг ярмини хозир, қолганини буюртма бажарилгандан сўнг оласан.

—Қамоқхонага кириш осон эмас. Бунинг учун бир одамнинг оғзини мойлашимиз керак. У ҳам нақдига ўйнайди. Шунинг учдан икки қисмини ҳозир берасан.

—Ҳа, яхши. Фақат алдаб кетиш бўлмасин.

—Сен бизни ерга ураяпсан! Бизлар автобусларда юрадиган киссавурлар эмасмиз. Профессионалнинг сўзи-сўз!..

Ҳафиз касалхонадан чиқа солиб, жўраларига қўнғироқ қилди: —Алло?

—Улуғбек, сенмисан? Бу мен Ҳафизман.

—Қаттан телфон қиляпсан?

—Уйдан.

—Табриклайман! Бутунлай жавоб беришдими?

—Ҳа, бутунлай. Жўра, бир маишат қилайлик-а, роса зерикиб кетдим.

—Ваҳ-ваҳ, маишат деган тилларингдан ўзим ойнанай! Бор экансан-у!

—Бўлмаса, тез етиб кел. Санжар билан Абдини ҳам олиб кел!—Ҳафиз ҳамсуҳбатининг жавобини ҳам кутмасдан, тугмачаларни босиб, яна рақам терди.

—«Сохилбўйи» эшитади?

—Пўлат Қаюмовични чақириб қўйинг.

—Ким сўраяпти?

—Танишлариман.

Анчадан сўнг гўшакдан дўриллаган зардали товуш эшитилди:

—Ким керак?

—Пўлат Қаюмович, бу менман.

—Танимадим, кимсан?

—Ҳафизман.

Пўлат Қаюмовичнинг овозидаги дўриллаш ўрнини мутелик оҳанги эгаллади:

—Иби, Ҳафизжон, бу сизмисиз? Ассалому алайкум, укажон! Танимай қолибман, мингга кирасиз энди. Қалай, тузалиб чиқдингизми? Тунов куни бордим, дам олаётган экансиз. Безовта қилгим келмади.Хизмат бўлса, бош устига?

—Бугун жўралар билан бир ўтиришмоқчи эдик.

—Яхши ўйлабсиз. Қайси зални тайёрлатай?

—Ҳамиша ўзимиз ўтирадиган кичик зални-да.

—Хўп, бўлади. Қачон келасизлар?

—Узоғи билан бир-икки соатлар ичида ўтамиз.

—Маъқул.

—Бозор-ўчар дегандек?

—Э, одамни уялтирманг-да, Ҳафизжон! Нарса кўтариб юриш сизга ярашмайди.

—Кўришгунча.

—Хайр, укажон, хайр…

2

«Соҳилбўйи» ресторани шаҳардан анча чекка жойда, табиатнинг бетакрор гўзал бир бурчаги—Саркашдарё қирғоғига яқин жойда бунёд этилган. Аслида бу жой вилоят казо-казоларининг дам олиш жойи эди. Маъмурий дабдабабозликларга қарши кураш ҳақида ҳукумат қарори чиққач, ресторан ва оромгоҳ «халқ»қа қайтарилди. Шарқ меъморчилиги асосида қурилган ресторанда катта ва кичик заллардан ташқари йигирмага яқин махсус хосхоналар ҳам мавжуд эди.

Улардан баъзиларига стол-столдан ташқари юмшоқ мебеллар ҳам қўйилган, хуллас, истироҳат қилиш учун ҳамма шароит муҳайё этилган. Ойнаванд залга кирган киши Лотин Америкасидан олиб келинган ўсимликлар дунёсига тушиб қолади. Мармар ҳовузда сузиб юрган олтин балиқчалар дилни яшнатади. Камалак рангда отилиб чиқаётган фавворадан сув зарралари сачраб, денгиз соҳилларини ёдга туширади.

Рестораннинг Ҳафизга ўхшаган кунда-шунда мижозлари кўп. Улар ҳам шаҳарлик амалдорларнинг ўзлари ва уларнинг арзандалари. Пахтакор ёки чўпоннинг қовурғаси кўтармайди бу ерда дам олиб, тамадди қилишни. Бели бақувватроқ кишилар ресторанда никоҳ тўйларини ўтказадилар, бу билан ўзларининг нақадар замонавий, бой-бадавлат одамлар эканликларини кўз-кўз қиладилар. Умуман, бу жой Ҳафиз ва унинг жўраларига бекорга ёқиб қолмаганди.

Бугун кичик зал Ҳафизнинг ихтиёрида. Дастурхонда ҳамма нарса тайёр. Чинни ликопчаларда йўғонлиги ўрта бармоқдай келадиган қўлбола сигаралар. Қаҳрамонларимиз ана шу сигараларни дастурхондаги барча нарсадан ҳам хуш кўришади.

Пастлатиб қўйилган магнитафондан Ҳафизнинг ўзи ижро этган севимли қўшиғи янграяпти. Йигитлар қўшиқ оҳангига тебранишади, кўзлар ярим юмилган. Бировнинг биров билан иши йўқдек гўё. Аммо бу вақтинчалик ҳол. Май ва сигара қонни кўпиртиради. Тиллар қичийди. Оёқлар тапир-тупур рақсга тушиб кетади.

Бирдан катта зал томондан эстрада ноғорасининг даранглагани эшитилди. Хуш-хандон қийқириқлар янгради.

—Официант!—қичқирди Ҳафиз.

—Лаббай, ака?

—У ёқда нима бўлаяпти?

—Тўй.

—Келин-куёвми?

—Ҳа, келин-куёв.

—Чиройлими?

—Ким?

—Келин.

—Ҳали юзини кўрмадим.

—Бор, кўриб кел! Пўлат Қаюмовичниям чақир!

—Хўп,бўлади.

Пўлат Қаюмович куттириб қўймади. У ҳам бошлиғи, ҳам устози, ҳам бало-қазо келса ишонган қалқони, кимсан вилоят матлубот бошқармасининг раисининг арзандаси билан кўпдан бери дўст тутинган. Аслида Пўлатнинг «Соҳилбўйи» ресторанини қўлга киритишида амакисидан кўра жиянининг ҳиссаси катта бўлганди. Шунинг учун Ҳафизнинг тез-тез қуюшқондан чиқиб, хурмача қилиқлар кўрсатишига аҳамият бермайди.

Давра Пўлат Қаюмовични шодон қийқириқлар билан кутиб олди. У қўлидаги «Напалеон» конягини столга қўйди:

—Сизнинг соғлиғингиз учун ичамиз, Ҳафизжон!

—Улуғбек, оч, қадаҳларга қуй! Бир қатра қолдирган…- Қадаҳлар майга тўлдирилди.

—Пўлат Қаюмович, акажонгинам, мен сизни ўзимдан ҳам кўпроқ ҳурмат қиламан. Шунинг учун қадаҳ сўзини сиздан эшитамиз.

—Раҳмат, Ҳафизжон, раҳмат! Мени сиз ҳурмат қилар экансиз, сизни худо ҳурмат қилсин. Абадий дўстлигимиз учун ичишни таклиф қиламан. Олайлиг-у, олдирмайлик, йигит ўлмайлик, дейман-да.

—Яш-ш-анг, ака! Бор бўлинг. Қани, йигитлар. Кетдик!

Катта залда эстрада ноғоралари юқори пардаларда гумбурди.

—Официант!

—Қулоғим сизда, ака, эшитаман?

—Қулоғинг ўзингга сийлов, мен айтганни нима қилдинг?

—Қайси айтганингизни?

—Келиннинг юзини кўриб кел, демабмидим?

—Кўриб келдим.

—Хўш, қалай, чиройлими?

—Келин бўлгандан кейин чиройли бўлади-да.

Кулишди.

—Кетсам майлими?

—Тўхтаб тур. Манавиларни менинг, йўқ, ҳаммамизнинг номимиздан келин пошшага олиб бор! Тушундингми?

—Тушундим.

Официант патнис тўла ноз-неъматни кўтариб жўнади.

Қўшни залда нотаниш хонанда Ҳафизнинг қўшиғиии бошлаб юборди. Ҳафизнинг назарида қўшиқ ниҳоятда нўноқлик билан ижро этилаётган эса-да давра танимсиз олқишларди. Шу пайт патнис кўтариб, официант кириб келди.

—Мана, жавоб совғаси,—деди у патнисдаги нарсаларни олдига олиб қўяркан.—Ҳафиз ака, сизга хат ҳам бор.

—Кимдан?

—Келин-куёвдан.

—Ундай бўлса, бу ёққа ол!

Ҳафиз юз-кўзига тушиб турган патила сочларини бир силтаб, елкасига ўтказди-да, хатга кўз югуртирди.

—Диққат, диққат! Ўқийман: «Ҳафизжон ака!» Во-ей, акажон дегган тилларингдан. «Ҳафизжон ака, сизни машҳур эстрада хонандаси сифатида яхши биламиз ва ҳурмат қиламиз. Тўйимизда бир жуфт қўшиқ айтиб бериб, бизларни бахтиёр қиларсиз, деб умид қиламиз. Ўртоқларингиз билан даврамизга марҳамат қилишингизни сўраймиз!..»

—Хўш, бунга нимай дейсизлар, борамизми?

—Албатта, борамиз!—бир овозда жўр бўлишди жўралар.

—Қани, бўлмаса, кетдик.

Даврабоши йигит даврага янги мехмонлар ташриф буюришганини, улар орасида бир қанча халқаро фестивалларнинг лауреати Ҳафизжон ҳам борлигини эълон қилганида қий-чув бўлиб кетди.

—Келин ва куёв тўрани табриклаш учун сўз эстрада юлдузи Ҳафизжонга!—деб эълон қилиб юборди даврабоши одамларнинг тоқатини-тоқ қилмасдан. Унинг гапларини маъқуллаб эстрада гумбурлади.

Ҳафиз қўлларини кўксига қўйиб, аввал келин-куёв тарафга, кейин бошқаларга таъзим бажо этиб, микрофонни олди:

—Санъатимизнинг азиз шинавандалари! Ҳурматли келин-куёв! Аҳли давра! Сизларнинг талабларингизга мувофиқ мен ҳозир ўзимнинг энг сара қўшиқларимни шу кечанинг қўштирноқ ичидаги айбдорлари бўлмиш келин ва куёвга тўёна қилмоқчиман!

Қўшиқнинг илк сўзлари янграши билан даврада ажойиб жонланиш бошланди. Ширакайф йигит-қизлар даврада йўрғалай кетишди. Кимдир Ҳафизнинг киссасига пул тиқди. Буни кўриб, бошқа бири ўз дўпписини хонандага кийгизиб, иккита ўн сўмликни қистирди. Шундан сўнг қистир-қистир авж олди. Пул дегани қордек ёғди.

Ҳафиз давра айланиб, қўшиқ айта-айта келин-куёвнинг олдига келди. Ёшлар санъаткорнинг ҳурмати учун ўринларидан туриб, таъзимга эгилдилар. Ҳафиз киссасидан бир ҳовуч пул олиб, ҳамон таъзимда турган келин-куёвнинг бошидан сочиб юборди. Бўлди чапак, бўлди қий-чув. Ҳафиз куёвни даврага, ўйинга таклиф этди. Йигит ноилож, даврага чиқци.

Бир пайт Ҳафиз куёвни давра ўртасида қолдириб, муқом билан йўрғалаб, келиннинг қошига келди. Унинг бошидан пул сочди. Бу гал уни олқишловчилар унча кўп эмасди. Қиз ийманиб, ерга қадар эгилар, шилқим хонандадан қутилиш учун дугоналарининг пинжига тиқиларди. Ҳафиз келинчакнинг билагидан маҳкам ушлади-да даврага тортиб чиқарди. Сўнг қўлидаги микрофонни дуч келган тарафга улоқтириб, оппоқ фариштадек келинчакка ёпишиб, дуч келган еридан ўпа кетди.

Қий-чув кўтарилди.

Эстрада ноғораси бир даранглади-да, тинди. Кўпчилик бўлиб келинни Ҳафизнинг қўлидан ажратиб олишди. Хонанда маст туядек тўрт томонга ташланиб, бировни сўкади, бировни уради. Бошқалар ҳам ҳақларини қолдираётганлари йўқ. Келин қўрқувдан дир-дир титрайди. Этагигача йиртилган оқ либос остидан кумушдек бадани очилиб қолганини ҳис этмайди. Бу манзарадан эркаг-у аёл уятдан ёниб, кўзини олиб қочишга уринади. Кимдир костюмини ечиб, қизнинг елкасига ташлади.

Пўлат Қаюмович томонларни муросага келтиргунча анча овора бўлди. Келиннинг отаси савдо ходими ва бунинг устига Ҳафизнинг амакиси билан анча-мунча танишлиги бор эканлигини тасодифан билиб қолмаса иш расво бўларди. Хуллас, ҳаммаси силлиққина якун топди…

XI. ПОЛКОВНИКНИНГ ШАХСИЙ АГЕНТИ

1

Қорабоев Кочубейдек қудратли рақиб билан ярашиб олган бўлса-да, кўнглининг бир четидаги ғашлик камаймади. Айниқса, ДАН инспектори Қаландар Шарипов (Лўли)нинг сирли ўлими милиция учун шармандалик, душманлари учун дастак, баҳона! Қорабоевнинг ўзи учун фожиа! Фожиалиги шундаки, Кочубей энди уни истаган пайтида эшак қилиб хоҳласа тўқим солиб минади, хоҳласа—яйдоқ. Айтди-ку «Нўхтанг қўлимда!» деб. Тўғри, улар ярашдилар, аммо кекчи амалдор уни ҳеч ҳам кечирмаслигини сезиб турибди. Полковникни ер билан битта қилиш учун қўлидаги далиллар ҳали етарли эмасга ўхшайди. Далиллар етарли бўлган куни полковник Қорабоевнинг куни битади.

—Йўқ, ўртоқ Кочубей, чучварани хом санабсан! Икки оғиз ширин сўзларинг эртага заҳарга айланишини, елкамга қоққан  «меҳрибон» қўлларинг бўғзимдан олишини кутиб ўтирадиган лақма йўқ! Сен шохида юрсанг, мен баргида юраман. Кўрамиз, ким-кимнинг бошини ер экан!

Қорабоев ички нидосига қулоқ тутди:

—Хўш, сен Владимир Сисоевич Кочубей ҳақида нималарни биласан?

—Порахўрлигини. Эшназар Жўраевдан порага «Волга» олганини.

—Бу яхши. Пора олганини исботлайдиган ҳужжатларинг борми? Гувохлар-чи?

—Ҳозирча йўқ.

—Афсус.

—Аммо бўлади.

—Дуруст. Яна нималарни биласан?

—Мансаб сотиш жиноятининг ташкилотчиларидан бири эканлигини.

—Қани далил?

—Ҳозирча йўқ. Топаман. Кўнглим сезиб турибди.

—Кўнгилни ҳужжатга тикиб бўлмайди. Ўзинг шундай дейсанку. Сенга бир маслаҳат берайми?

—Қулоғим сенда?

—Кочубей ва бошқа рақибларингнинг босган ҳар бир қадамини кузатиб юриб, сенга айтиб турадиган одам керак. Ана шунда ҳозиргидек ер чизиб ўтирмайсан, ҳужумга ўтасан.

Қорабоев йўқотган нарсасини топиб олган боладек қувониб кетди. Қўнғироқ тугмасини босиб, навбатчи милиционерни чақирди ва унга яқинда ишга келган лейтенантни ернинг остидан бўлса ҳам топишни буюрди.

 2

Шуҳрат милиция мактабини имтиёзли диплом билан тамомлади. Шу сабабли қаерга бориб ишлаш ҳуқуқини унинг ўзига ҳавола қилишди.

—Чўлободга юборишларингизни сўрайман,—деди ёш офицер ҳеч иккиланмасдан. Ваҳоланки, унинг учун пойтахт милициясининг ҳамма эшиклари кенг очиб қўйилганди.

—Яхши ўйлаб кўрдингизми? Тошкентда қолиб ишлаш имкониятингиз бор?

—Пойтахтда ишлаш қочмас, ҳозир оғир участкаларда ишлаб тажриба орттиришимга рухсат этишларингизни сўрайман.

Тошкенг қаерда-ю, Чўлобод қаерда! Сўққабошлиги сабаб «ит ётиш, мирза туриш». «Пахтазор» маҳалласидаги кўп қаватли уйдан берилган хонада яшайди. У хизматга тонг саҳарда кетиб, хуфтонга яқин қайтиши сабабли қўшнилари билан танишиб улгургани йўқ. Ҳатто рўпарадаги 8-квартирада кимлар яшашини ҳам дуруст билмайди. Доим дуч келган ошхонада тамадди қилади, кўпинча ишга берилиб кетганидан, овқатланишни ҳам унитади. Ана шундай пайтларда бир пиёла чой ва қотган нон билан кифояланиб қўяқолади.

Назарий билим кучли бўлгани билан ҳаётий тажриба кам бўлса қийин экан. Шу соҳада милиция мактаби берган билимлар ниҳоятда ғариблиги яққол сезилади. Ана шу кемтикни тўлдириш, саволларга жавоб топиш учун мук тушиб, китоб варақлайди. Хуллас, вақтида овқатланмаслик, кўп ишлаш, чўлдан эсадиган гармсел Шуҳратнинг ўз ибораси билан айтганда уни «оппоққина лўмиллаган боладан қоп-қора саҳройи»га айлантириб қўйди. Аммо бу қийинчиликлар ўткинчи эканлигига, олдинда уни яхши кунлар кутишига ишонарди.

Шуҳрат ҳунар-техника билим юртида тарбияси оғир болалар билан суҳбат ўтазаётганда участка нозири ҳаллослаб кириб келди.

—Тез бўлинг, сизни бошқарма бошлиғи полковник Қорабоев икки соатдан бери қидиртираяпти.

-Тинчликми?

—Ҳеч нарса дейишмади. «Ер остидан бўлса ҳам топ!» деган буйруқни олдим-у, бу ёққа чопдим. Шуҳратжон, биронта амалдорнинг боласига қаттиқ-қуруқ гапириб қўйганингиз йўқми?

—Йўқ. Нима эди?

—Ўзим шундай…

Бошқарма бошлиғининг қабулхонасида беш-олти киши навбат кутиб ўтирарди. Шуҳрат уларга салом берди-да, навбатчи милиционерга полковник Қорабоевнинг чақириғи бўйича келганини айтди.

—Қаерларда юрибсиз? Суриштирмаган жойимиз қолмади,- деди старшина қўлидаги ишини бир четга қўйиб, селектор тугмасини босди:

—Ўртоқ полковник, лейтенант Миролимов келди. Кутсинми?

—Кирсин!

Шуҳрат кириши билан полковник ҳузуридаги майор билан хайрлашди.

—Ўртоқ полковник, лейтенант Миролимов буйруғингизга мувофиқ етиб келди!

—Салом, лейтенант.

—Салом, ўртоқ полковник!

—Хўш, қани, мана бу ёққа ўтир-чи.

Шуҳрат полковник кўрсаттан юмшоқ стулга ўтирди. Чўнтагидан ён дафтарини ва ручка олиб,топшириқни ёзиб олишга чоғланди.

—Ёзишингнинг кераги йўқ,—деди Қорабоев, Шуҳратнинг рўпарасига ўтиб ўтираркан.—Гап бундай…

 3

Милиционер бўлиш саккизинчи синфгача Шуҳратнинг тушига ҳам кирмаганди. Бир тасодиф туфайли шу касбга рағбат пайдо бўлди.

Шуҳрат қишлоқ боласи. Қишлоғи Тошкентгача бир қадам. Қўй-қўзи, сигир-бузоқ дегани ҳар бир ҳовлида бор. Қишлоқнинг икки тарафи пахтазор, бир тарафи шаҳарга туташ. Трамвайнинг охирги бекати кўриниб туради. Ана шу ерда мол боқиш учун кафтдеккина яйлов бор. Мактабга бормай қолган болаларни комиссия келиш хавфи бўлса, муаллимлар шу ердан топишади.

Шуҳрат ҳам навбати келса тенгқурлари сингари чиқиб, бир кун мол боқиб беради.

Кун энди пешиндан оққан пайт. Шуҳрат «Сариқ девнинг ўлими» саргузашт китобига боши билан шўнғиган. Онда-сонда бош кўтариб, молларга кўз югуртиради-да, сурувдаги битта-яримта «тартиббузар»га  рогаткадан «ўқ»узади. Сўнг яна китоб саҳифаларига шўнғийди.

Бола яйловга «Жигули» келиб тўхтаганини ҳам сезмай қолди. Машинадан икки киши тушиб, молларга оралади. Иккови биттадан семиз қўйни ушлаб, машина тарафга юришди. Қўйларнинг таъсир-тусуридан Шуҳрат бошини кўтариб қаради. Қаради-ю, машина юкхонасига қўйларни тиқаётган одамларни кўрди. Тура солиб ўша ёққа югурди. Унгача машина қаттиқ газ бериб жойидан қўзғалди. Ўнгир билан ўралган яйловдан фақат битта йўлдан чиқиб кетса бўларди. Шуҳрат ана шу йўлга қараб чопди.

—Тўхта, қўйларни қолдириб кет!

Чопиб бораяпти-ю, кечқурун бўладиган кўнгилсизликларни ўйлайди. Қўли ўз-ўзидан чўнтагидаги рогаткани олади. Залворли тошни рогаткага солиб, отишга чоғланади.

Машина тикка бостириб келаяпти. Тўхташ хаёлига ҳам келгани йўқ. Бола машинанинг олд ойнасини мўлжалга олиб «ўқ» узди. Қарсиллаган товуш эшитилди ва ҳавога минглаб оппоқ капалакчалар кўтарилди. Бу машина ойнасининг дув тўкилган синиқлари эди.

Бола ўзини аранг четга олиб қолди. У ҳозиргина турган ердан «Жигули» ярадор йиртқичдек ўкириб ўтди-да, биланглаб бориб, йўл четидаги тутга урилди. Тут машинани икки қадам наридаги жарга қулашдан сақлаб қолди.

Шуҳрат қишлоққа бориб бўлган воқеани айтиб берди. Одамлар етиб келишганда дабдала бўлган машинадан аранг чиқиб олган, афт-ангори қон икки ўғри қўлтиқлашганча кетиб борарди. Уларни ушлаб, милицияга топширишди.

Кунлардан бир кун ўқувчиларни мактабнинг мажлислар залида тўплашди. «Район милициясининг бошлиғи келган», деган миш-миш тез тарқалди. Шуҳратнинг ранги қочди, юраги гуп-гуп ура бошлади. Қўрқаётганини сир бермасдан, бошқалар қатори йиғилиш залига кириб, бир четдан жой эгаллади.

Мажлис ҳайъатида семиз милиционер, мактаб директори ва яна икки-уч нотаниш киши жой олган. Мактаб директори сўз олди:

—Ҳурматли болалар, азиз касбдошлар!—деди у овозидаги ҳаяжонни босолмай.—Районимиз милициясининг бошлиғи бугун сизлар билан учрашиш учун мактабимизга ташриф буюрдилар. Ташриф сабабини сизларга ўзлари айтиб берадилар. Марҳамат!

Милиция бошлиғи бир неча марта томоқ қириб олди. Ҳар доим жиноятчилару тартиб бузарлар, олиб сотарлару товламачилар билан гаплашавериб, нутқи ҳам дағаллашиб кетган милиция бошлиғи рўпарасида битта ҳам гуноҳкор, ўғри, муттаҳам ўтирмаганлиги сабабли гапни нимадан бошлашни билмай шошиб қолди. У бегуноҳ одамларга қаттиқ тегиб кетиши мумкин бўлган сўзларни бир четга қўйиб, бисотидаги чанг босиб ётган ширин сўзларни танлаб-танлаб гапира бошлади:

—Азиз ўқувчилар, муҳтарам педагоглар! Донишмандлардан бири «Ҳал қилувчи паллада тўғри қарор қилишдан қаҳрамонликкача бир қадам», деб айтган экан. Қаҳрамон бўлиш учун урушда қатнашиш керак», деб ўйлайдиган кишилар хато қиладилар. Турмушимизда қаҳрамонлик учун ҳамма вақт ўрин бор. Кўпинча орамизда юрган қаҳрамонларни сезмаймиз. Улар ҳеч қачон қилган ишлари билан мақтанмайдилар.

Милиция бошлиғи муштига йўталиб олди-да, давом этди:

—Кўп вақтдан бери халқ мулкини талаш билан шуғулланиб келаётган жиноятчилар қўлга олинди. Мол ўғирлашга мослашган бу ўғрилар беш йил ичида фуқароларнинг 50 бош қорамолини, 300га яқин майда шохли қўй-эчкисини ўғирлаб кетишган. Ўғирланган молларни бозорларда ўтирган ҳамтовоқ  қассоблар орқали  сўйиб сотишган. Жойларда уларнинг шериклари бўлган.

Милиция бошлиғи муштига йўталиб олди-да, залга сўзсиз кўз югуртирди. Сўнг:

—Миролимов Шуҳрат деган бола бу ёққа чиқсин,—деб эълон қилди. Болалар гув этиб туриб залдан Шуҳратни қидира бошлашди. Нафақат болалар, балки муаллимлар ҳам саросимага тушиб, шивир-шивир бошланди:

—Ўғриларга шерик эканми? Вой, писмиқ-ей!

—Мактабимиз шаънига яхши бўлмади-да.

—Милиция бошлиғининг ўзи келганида гап бор экан-да, а?

—Шошмай тур, ҳозир ҳаммасини билиб оламиз.

Шуҳрат нима қиларини билмай қолди.

—Саккизинчи «А»дан Миролимов Шуҳрат, қаердасан? Ўрнингдан тур,—деди мактаб директори.

Шуҳрат тўпланганларнинг нафрат, ачиниш, лоқайд нигоҳлари остида юриб олдинга чиқди.

—Энди район ички ишлар бўлимининг буйруғини ўқиб эшиттираман,—деди милиция бошлиғи, папкасидан қоғоз оларкан.

—“Буйруқ. Кўп вақтдан бери халқнинг қўй-эчкисини, сигир-бузоғини ўғирлаш билан шуғулланиб келган..”

Шу ерга келганда милиция бошлиғининг томоғи хириллаб қолди. У қоғоздан бош кўтариб, сув сўради. Залда шивир-шивир кучайди:

—Бечора отасига жабр бўладиган бўлди. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаган одам эди-я.

—Одамни билиб бўлмас экан-да, а?

- Ҳозир қамармикин ё…?

—Қизиқмисан, бошқаларга ўрнак бўлсин учун шу ернинг ўзида қўлига кишан уриб, олиб кетишади.

—Анави фуқаро кийимидагилар ким?

—Жиноятчи жуда кучли одам бўлса керак, деб кўпчилик бўлиб келишгандир-да.

—Жим, эшитайлик.

Милиция бошлиғи сув хўплаб, буйруқни ўқишда давом этди:

—Кўп вақтдан бери социалистик мулкни талон-тарож қилиб, халқнинг молини ўғирлаш билан шуғулланиб келган ўғриларни қўлга олишда қахрамонлик намунасини кўрсатгани учун олтинчи сон мактабнинг ўқувчиси Миролимов Шуҳратга район ички ипшар бўлимининг ташаккурномаси эълон қилинсин ва унга қимматбаҳо совға топширилсин. Шуҳратдек ўғилни тарбиялаб етиштирган унинг ота-онасига, мактаб жамоасига миннатдорчилик изҳор этилсин!»

Милиция бошлиғи Шуҳратни бағрига босиб, «Ташаккурнома» ва совғани топширди. Келганлардан бири фотомухбир экан  ,бу лаҳзаларни чирқ-чирқ суратга олди.

Ҳозиргина нафратдан ёниб турган зал қий-чув бўлиб кетди. Шуҳратнинг синф раҳбари, бошқа муаллимлар галма-галдан сўз олиб, Шуҳрат билан фахрланишларини таъкидлашди.

Бир ҳафтадан кейин вилоят газетасида Шуҳратнинг каттагина сурати ва «Рогатка билан ўғриларга қарши» деган мақола босилиб чиқди. Шу воқеа  сабаб бўлиб юқори синфларнинг битирувчилари ялписига милиция мактабида ўқиш истаклари борлигини билдиришди. Фақат Шуҳрат бу ҳақда лом-мим демади. Чунки у ҳали саккизинчи синфни тамомлаётган эди-да.

Армия хизматидан қайтгандан сўнг Шуҳрат милиция мактабига имтиҳон топширди.

 * * *

Полковникнинг Шуҳрат билан яккама-якка суҳбати бир соатдан кўпроқ давом этди. Шуҳратнинг биографияси, ўзини тута билиши, мантиқли фикр юритиши Қорабоевга маъқул бўлди. У топшириқни қайта-қайта тушунтирди:

—Фақат мен билан ишлайсан,—деб ўнинчи бор такрорлади у.—Мендан бошқа ҳеч кимга қандай топпшириқни бажараётганингни айтмайсан. Топшириқ фош бўлса, оқибати жуда хунук бўлади. Вазиятга қараб мустақил иш кўришингга рухсат этаман.

—Хўп бўлади, ўртоқ полковник!

—Лейтенант Миролимов, топшириқни бажаришга киришинг!

—Хўп бўлади, топшириқни бажаришга киришаман. Кетишга рухсат этинг?

—Рухсат…

 XII. АРПА ЭККАН  , АРПА ЎРАДИ

 

1

Пўлат бир неча кундан бери бедарак. Демакки бека қуртдек санаб олаётган даромаднинг тагига сув кетди. Бойвачча ҳар сафар келганида “Ойсулув”ни бошқа мижозларга кўрсатмасликни ялиниб сўрарди.

Эски қадрдони Эшназар раис билан суҳбатлашиб ўтирар экан, беканинг дилига шум фикр келди. Раис қуруқ қўл билан қайтса яхши бўлмайди. “Ойсулув”ни унга тортиқ қилади!

Бека шундай қарорга келишини кутиб тургандек эшик қўнғироғи жиринглади. Бирпасдан сўнг остонада Пўлат кўринди. Бека у билан совуққина саломлашди:

—Қизимиз меъдаларига урган экан, бир оғиз билдириб қўймайсизми? Зўр харидор чиқиб турибди, илиб кетади-я.

Пўлат сапчиб тушди:

—Ким у харидор? Мен тирик эканман Ойсулув мендан бошқаники бўлмайди!

—Ҳо, шундайми? Сиз ялло қилиб юрасиз, биз сизнинг молингизга қоровуллик қиларканмиз-да?

—“Тирикчилик-тирриқчилик” деган гап бор, опа. Тирикчилик важидан Москва, Ленинград томонларга айланиб келдим. Қуруқ қўл билан келганим йўқ. Мана, манави сизга, манави унга,—шундай деб Пўлат дипломатдан эндигина удум бўла бошлаган икки кийимлик ялтир-ялтур матони чиқариб, аёлнинг елкасига ташлади, қўлига бир даста пул тутқазди.

Севинч шамоллари бека юзидаги тунд булутларни тирқиратиб ҳайдади. Сурмали кўзлар яна порлаб кетди.

—Ҳазилниям билмайсиз, Пўлатжон,—деди аёл уни шошириб.—Парингиз ўз хонасида.

Гўзал хаёллар уммонига ғарқ бўлиб ўтирганда хона эшигида Пўлат кўринди.

«Оҳ, яна келди. Энди келмай кетади, деб қувонгандим. Бу оламда мендан-да расво бўлган одам бормикан. Менга нимадир бўлганга ўхшайди. Кўрдим дегунча тилимга қулф тушади. Биламан, ичаётганим шарбат эмас—оғу, оғу аралашган шарбат. Бари шунинг иши. Баданимдан қувватни, бошимдан ақл-ҳушимни олиб қўйди. Ҳушим тушга, тушларим ҳушга ўхшаб қолаяпти. Тангрим, тилимга бурроликни, ақлимга равшанликни қайтар. Шармандалик бозорига солгунча жонимни ол!»

Жувон келувчининг ҳурматига  ўрнидан қўзғалди, жой кўрсатди.

—Жонидан, сизга нима бўлди, ғамгин кўринасиз?—ялтоқланди йигит.

«Сиз менинг ўгай ўғлим бўласиз, дейинми? Демасам кейин ҳеч вақт айтолмайман. Ҳозир айтаман!»

—Мен сиздан баъзи нарсаларни сўрамоқчиман. Фақат ростини айтинг?—деди Гўзал ерга боқиб.

—Бош устига, сўранг?

—Кимсиз?

—Менми? Қизиқ бўлди-ку. Ҳазиллашмаяпсизми?

-Йўқ, ҳазиллашмаяпман. Кимсиз, қаерликсиз, отангаз ким. Шулар ҳақида билмоқчиман?

-Бор-йўғи шуми?

Жу вон индамай ерга қаради.

Исмимни биласиз. Фамилиям Ҳақбердиев. Отам раҳматли бўлганлар. Эшонгузарда райкомнинг биринчи котиби бўлиб ишлаганлар.

Гўзалнинг  ранги бўздек оқарди.

—Пўлат ака…

—Лаббай, жонидан?

Гўзал бошқа сўз дейишга улгурмади. Ташқаридан аёл кишининг шанғиллаб қарғангани, эркак одамнинг болохонадор қилиб сўкинаётгани эшитилди.

Пўлат ирғиб турди. У шанғиллаётган аёл ўз хотини эканлигини овозидан таниб, типирчилаб қолди. Ташқарида нимадир гурсиллаб йиқилди, нимадир синди. Шовқин авжига чиқди.

—Билдирмай чиқиб кетишнинг иложи борми?

Жувон ўрнидан туриб йўл бошлади. Пўлат ташқари эшик олдида қўлини пахса қилиб, гапираётган хотини билан қайниси Қиёмиддинга кўзи тушди-ю, ўзини панага олди. Бека чақирилган меҳмонларнинг йўлини тўсиб, ичкарига киритмасликка уринаётганди.

—Ошхонага киринг. Ҳовли тарафга деразаси бор,—шивирлади Гўзал қалт-қалт титраб.

Яна бир дақиқа кечикса, Пўлатни кўриб қолишарди. Опа-ука уйга бостириб киришди. Бека Пўлатнинг деразадан тушиб, деворга сапчиганини ва ими-жимида ғойиб бўлганини кўриб қолди У энди ўзини босиб олди.

—Эрим шу ҳовлига кириб кетганини ўз кўзим билан кўрдим, деб бир гапни тўтидек такрорларди Пўлатнинг хотини.

—Эрингнинг уддасидан чиқмасанг, мен айбдорманми?!—пешкирлик қилиб бақирди бека.

—Гапни чўзма, поччамни топиб берасанми, йўқми?!—кекирдагини чўзди ука.

—Поччангни мендан эмас, опачангдан сўра, хезалак!

—Нима!? У нима деди, эшитдингми опа? Ўлдириб қўяман ҳозир! —йигитнинг қўлидаги пичоғи ялтиради. Бека бақириб ўзини дуч келган хонага урди. Опа-ука орқасидан чопди. Бироқ хонадаги манзара олдида учовлари ҳам таққа-тақ тўхтаб қолишди.

Ишқ ўйинлари билан банд, ёши бир ерга бориб қолган эркак ва 22-23 ёшлардаги қиз кутилмаган ташрифдан саросимага тушганча қотиб қолишган. Эркакни ўзининг поччаси деб ўйлаган Қиёмиддин унинг орқасига қаттиқ тепди. Бечора дивандан гумбурлаб ерга ағдарилди. Рашкчи аёл эса бу ерга нима учун келганлигини ҳам унутиб, қўллари билан юзини бекитди.

Бу саросимадан фойдаланган бека сирғалиб даҳлизга чиқди ва телефонга ёпишди. Опа-ука эшитсин учун бақириб гапирабошлади:

—Мелисами? Тез етиб келинглар! Икки безори уйимга кириб олиб, пичоқ билан пўписа қилаяпти. Адресимми? Ёзинг…

Уй эгасининг бақириб милицияни чақириши аёлнинг ўтакасини ёриб юборди. У укасининг қўлидан ушлаб эшикка қараб тортқилай бошлади:

—Тез кетайлик бу ердан. Мен адашганга ўхшайман.

Қиёмиддин опасининг юзига тарсаки тортиб юборди:

—Аҳмоқ! Чолни кўрсанг бобом дейсанми? Сенинг гапингга кирган ҳам аҳмоқ.

Бека ҳамон зўр бериб милиция билан «гаплашарди»:

—Қочиб кетишаяпти. Тезроқ келинглар!

Қиёмиддин қўшмачининг рўпарасида тўхтади-да, бош эгди:

—Опа, билмабмиз. Кечиринг. Манави аҳмоқнинг гапига учиб…

—Уялмасдан кечирим ҳам сўрайди-я, юзсиз…

Қиёмиддин қўлидаги қайрилма пичоқни буклаб, чўнтагига тиқди, сўнг опасини олдига солганча, шошиб чиқиб кетди.

2

Эшназар раис бугун вилоят марказида бўладиган йиғилишга қатнашиш учун отланар экан хотини институтнинг охирги курсида ўқиётган қизи Гулшодани кўриб қайтишни қайта-қайта тайинлади.

Йиғилишдан сўнг ота қизининг ётоқхонасига борди. Қизи қаергадир чиқиб кетган экан. Ҳатто дугоналарига ҳам қаерга боришини айтмапти. Бундан раиснинг дили ғашланди. Шу ерда кутишга қарор қилди. Кутавериб тоқати-тоқ бўлди. «Балки қишлоққа кетгандир», деган илинж дилида ғимирлай бошлаган шубҳаларни бир оз ҳайдади. Олиб келган нарсаларини қизининг хонадош дугоналарига қолдирди-да, ётоқхонадан чиқди. Ҳафтанинг ўртасида Гулшода қишлоқда бормасди. Демак, бугун ҳам бормайди. «Бўлмаса, қаерга кетган?» Ана шу саволларга жавоб тополмай чолнинг дили сим-сиёҳ. Бири-биридан хунук хаёллар ёпирилиб кела бошлади.

—Падарингга лаънат, энди кун бўйи кайфиятсиз юрадиган бўлдим,—деб пўнғиллади раис. Бошлиғининг тез-тез овоз чиқариб ўй суришларига ўрганиб қолган шофер йигит кўз қирини ташлаб қўйиш билан чекланди. «Демак, раис бугун кайфиятини тўғрилаш учун шаҳарда қолади. Жуда яхши, «Болта тушгунча кунда дам олиб туради», деб қувонди. Шофернинг қувончидан хабар топгандек «УАЗ» ўйноқлаб кетди. Бечора йигит ҳаяжондан газ педалини қаттиқроқ босиб юборганди. Раис кўзини очиб, койинди:

—Кўзингга қарасанг, ўласанми?

—Айбдорман, раис бува. Лекин ҳар сафар ана шу кўчадан ўтсам, машинам манзилига етиб келган тулпордек ирғишлайди. Ҳеч сабабини билолмадим-да.

Раис шоферининг шумлик қилаётганини билди. Муюлишдан ўтилса, баланд ғиштин ҳовлининг олдидан чиқилади. Эшназар раис бу ҳовлида ўзининг энг сара вақтларини ўтказган. Бу ҳовлига йиғлаб кирган раис доимо кулиб чиқарди. Шофер йўлниг атайин шу томондан олиб хато қилмаганди. У бошлиғининг юзига савол назари билан қараб қўйди.

—Ҳа, яхши,—деди раис баҳри дили очилиб (қизи хақидаги хунук ўй-хаёллар қандай пайдо бўлган бўлса, шундай тез унутилганди).—Мени тушириб кет. Қачон келишни ўзинг яхши биласан. Фақат бировга лом-мим дея кўрма.

—Янгамдан бошқага айтсам нон қорнимга урсин, раис бува.

—Каллангни сапчадек узиб ташлайман!

—Бошим йўлингизга тикилган, раис бува.

—Маҳмадана бўлма. Тўхтат машинангни.

 * * *

Гулшода раиснинг кенжа фарзанди. У шўх-шаддод ўсди. Она койиса, ота: «Боланг бўлса, шўх бўлсин, шўх бўлмаса, йўқ бўлсин», деб қизининг ёнини оларди. Бунинг устига Гулшода ғоятда жозибали, ҳинд кино юлдузларига ўхшайди. Шундан бўлса керак, рақсни жондилидан яхши кўради. Айниқса, арабча рақсга тушиб, белидан пастроғини ликиллатиб ўйнаганда, йигитларнинг оҳи саридан тутун чиқиб кетарди. Ана шу қиз туфайли у ўқиётган институт бадиий гуруҳи вилоят танловларининг муттасил ғолиблигини қўлдан бермай келаётганди.

Эшназар раис қизига ортиқча бино қўйиб, хато қилаётганини бугун қалбдан ҳис этди. Қизи кечаги шалдир-шулдур қизча эмас, эркак зотининг кўзини ўйнатадиган, малаксифат офатижон эди. Уни тезда эрга узатмаса, юзини ерга қаратиши мумкинлигини туйгандек бўлди.

Таниш дарвоза қўнғироғининг тугмачасини босар экан, нохуш ўй-хаёллар чолни тарк этди. Олдинда ўқилавериб ийиғи чиққан муҳаббат достонининг қизиқ-қизиқ боблари кутмоқда эди уни.

Маҳфуза кўп йиллик жазманини қучоқ очиб кутиб олди. Эр-хотинлардек бағрига тортиб, ўпишиб кўришди.

—Қайси шамоллар учирди, раис?

—Сенинг шамолинг-да.

—Ҳай, ҳай, кўз тегмасин, йигитчалардек яшариб кетибсизми?

—Э, қаерда дейсан, бу турмуш дегани пачағимни чиқариб ташлади. Қани энди, бир думалаб ҳеч бўлмаса йигирма ёшга яшарсам.

—Мен-чи, мен ҳамми?

—О, сен ҳозир ҳам ҳар қандай сулувни бир чўқишда қочирасан.

Маҳфуза Эшназар раисдан кўп яхшиликлар кўрган. Айниқса, райкомнинг биринчи котиблиги йилларида ёрдами кўп теккан. Мана шу данғиллама уй, ғиштин деворли боғ ҳовли жой ана шу бойваччанинг пулига сотиб олинган. Маҳфуза жазманининг яхшиликларини қўлидан келганча қайтаришга ҳаракат қилди. Гоҳо ўзи, гоҳо онаси ўпмаган қизларни топиб келиб, қўйнига солади.

—Хўш, раис, сўраганнинг айби йўқ, нима еб, нима ичмоқчилар?

—Кўнгил «онаси ўпмаганидан бўлсин» деяпти.

—Олдинроқ айтиб қўйганларида «ест» қилиб қўярдим. Лекин ҳозир ҳам биттаси бор, онаси ўпмаганлар унинг олдидан ўтаверсин.

—Ростданми?

Аёл жавоб беришга улгурмади. Кутилмаганда биз сал юқорида тасвирлай бошлаган воқеалар бошланиб кетди. Эшназар раис ўзини панага олди. У бу ерда бунақа кўнгилсизликлар ҳар куни бўлмаса ҳам онда-сонда бўлиб туришини яхши биларди.

Ярим соатча давом этган можаро тугади. Маҳфуза раис ўтирган хона эшигини очди:

—Қирчинингдан қийилгурнинг шанғиллашини қаранг. Лекин қайтиб келмайдиган қилиб юбордим.

Шу пайт рўпарадаги эшикдан раисга таниш одам—қизининг домласи, тепакал профессор чиқди. Галстуги қийшайиб кетганидан, костюмининг тугмаси паст-баланд қадалганидан унинг шошилаётганини фаҳмласа бўларди. У итдан қочган гадойга ўхшаб ўзини ташқари эшикка урди. Бир пасдан сўнг профессор чиққан хона эшиги яна очилди ва ёшгина жувон чикди. Уни кўрди-ю, раис чаён чаққандек сапчиб турди. Рўпарасида кун бўйи қидириб тополмагани—қизи Гулшодатурарди!

 * * *

Гўзал можаролар шу билан тугади, деб ўйлаганди, беканинг хонаси тарафдан қаттиқ-қаттиқ гаплар эшитила бошлади. Аввал шапалоқ товуши, сўнг аёлнинг йиғлагани қулоққа чалинди. Нимадир синди, кимдир қочди, кимди қувди.

—Бу сенинг ишингми, Маҳфуза?! Ростини айт, сенинг ишингми? Қилган яхшиликларим эвазига мукофотингми бу?!! Икковингни ҳам ўлдириб, ана шу уйнинг ўртасига кўмиб кетаман! Фақат ростини айт!

Беканинг йиғламсираган товуши қулоққа чалинади:

—Нима… сиз бу қизни танийсизми?

—Қизим! Менинг қизим бўлади!

—Вой, менгина ўлай! Лекин қасам ич десангиз, қасам ичаман, бу ишга мен аралашмаганман. Ўзлари топишишган.

—Кўпдан берими?

—Йўқ, биринчи марта келиши (ким билади, балки жазманини ҳовуридан тушириш учун бека атайлаб шундай дегандир).—Бўлар иш бўлди, бўёғи синди. Уриб-сўкканингиз билан фойдаси йўқ. Баттар гап-сўзга қоласиз.

—Бу кунимдан ўлганим яхши эмасми, Маҳфуза? Айт, нима қилай?

—Э, ким айтади сизни кўпни кўрган, илоннинг ёғини ялаган одам деб. Бор, қизим, сен ичкарига кириб, уёқ-буёғингни тўғрилаб ол. Ҳа, раис, бунинг битта йўли бор. Одам чиқса, дарҳол жўнатиб юборинг. Айтишган-ку «Қизинг бўлса эрга бер, қутил балосидан», деб:

—Уни энди ит олармиди! Менинг обрўйим нима бўлади?

—Ҳай, ҳай, ундай деманг. Сиздек бадавлат одам билан қуда бўлишни орзу қилиб юрганлар сон мингтадир. Қолаверса, ҳозир шундай дўхтирлар борки, уч-тўрт қорин туққанларни ҳам қизга айлантириб беришади. Бундан ташвишланмасангиз ҳам бўлади.

Орага бир оз жимлик чўкди. Сўнг раиснинг синиқ товуши эшитилди:

—Маҳфуза, ростингни айт, сен ҳақиқатдан ҳам ана унинг менинг қизим эканлигини билмасмидинг?

—Қасам ичайми?

—Йўқ, керак эмас. Лекин сир шу ерда қолсин. Мени биласан-а?!

—Хотиржам бўлинг. Бу ҳовлидан ҳанузгача кўчага гап чиқмаган, бундан кейин ҳам чиқмайди…

XIII. ХАЗИНА

1

Гўзал ўғилчасини пистафуруш Норгул момога «кечгача олиб ўтиринг», деб қолдириб кетганида ёз эди, ёз ўтиб, куз кирди.

Момо уззу кун Гўзалнинг йўлига қарайди. Кўнглига ҳар хил гумонлар келади. Ҳаромдан туғиб, чақалоғини ахлат яшикларига ташлаб кетганлар, бўғиб ўлдирганлар, тириклай кўмиб юборганларни кўрмаган бўлса ҳам эшитган. Аммо Гўзални қоралашга тили бормайди. «Бояқиш бир балога гирифтор бўлди-ёв, йўқса шу вақтгача ўлик-тиригининг дараги чиқарди», деган гумон кун сайин кучаяди.

— Аянг келади, болам, албатта, келади,—деб овутади Бахтиёрнинг бошини силаб.—Аянг шакаладлар, ҳолвалар, мошиналар олиб келади, болам.

Бу сўзларнинг маъносига тушунмаса-да, бола йиғлашдан тўхтайди, кампирнинг оғзига анграйиб қарайди.

Норгул момо болани бағрига босади, кўзларига ёш қуйилиб келади. Ўз ўғилларини эслаб, чуқур хўрсинади.

Норгул момо чоли билан уч ўғил ўстиришди. Ўзлари емай уларга едиришди, киймай кийдиришди. Мўмин-қобил бўлиб ўсган ўғиллар уйланишгач ўзгарди-қолди. Айниқса, каттаси хотиннинг қули. Биринчи бўлиб ўшаниси рўзғорини бўлак қилиб, кўчиб кетди. Укалар ҳам ундан ўрнак олишди. Оқибатда каттагина ҳовлида тўридан гўри яқин чолу кампир сўппайиб қолишди. Сал ўтмай чол ҳам бандаликни бажо этди. Ана шунда момо аҳволи фожиали эканлигини англаб етди. У тугунчасини кўтариб тўнғич фарзанди Тўйчиникига борди.

—Она, келинингиз сизга ҳам, менга ҳам кун бермайди,—деди момонинг ташрифининг сабабини англаган ўғил.—Ажрашай десам, ўртада болалар бор. Сиз яхшиси… укамларникидан бириникига боринг.

Кичик ўғиллар ҳам хотинларидан ўтиб, «бери кел» дейишолмади. Момо уйига қайтди. У мижжаларига қалқиб чиққан ёшини сидириб ташлар экан, ўлгунча болаларининг эшигига ёрдам сўраб бормасликка аҳд қилди.

Шундан бери момо гоҳ оч, гоҳ тўқ, бир амаллаб умргузаронлик қилиб келаяпти. Балки тунлари йиғлаб қилган таваллолари ижобат бўлиб, Оллоҳнинг ўзи унга Бахтиёржонни юборгандир!

Болани олиб қолган кундан бери момонинг кўнгли тўқ. У ёлғиз уйда ўлиб қолишдан ҳам қўрқмайди энди. Тонг отгандан кун ботгунча болага андармон. Ювади-тарайди, едиради-ичиради. Писта фурушликдан тушадиган тўрт-беш сўмни ҳам болага сарфлайди.

—Ҳа, неварам, очқолдизми?

Бола оч қолган. Аммо бугун егуликка ҳеч нарса йўқ. Қўлга илингудек нарса бўлса сотиб, пул қилмаса бўлмайди. Шу мақсадда қазноққа кирди. Эски лаш-лушлар кўп-у, аммо улар кимга ҳам керак. Боши қотиб, нима қилишни билмай турганди, деворда илиғлик, чолидан қолган жун чакмонга кўзи тушди. Раҳматли чолидан нишона. Шамоллатиб қўяй, деган мақсадда кўлини узатиб, чакмонни олмоқчи бўлганди, мих суғирилиб, чакмон билан бир бўлак кесак гуп этиб ерга тушди. Яширин туйнукнинг бир чети кўриниб қолди. Момо шоша-пиша қоқсуяк қўллари билан кесакларни кўчирди. Таваккал қилиб қўлини туйнукка тиқди ва у ердан зил-замбил сопол кўзачани тортиб олди. Момонинг мажолсиз қўллари кўзачани кўтаришдан ожиз эди. Кўзача гурс этиб тошга урилди, Сопол парчалари билан бирга атрофга тилла тангалар ҳам сочилиб кетди.

Момо кўзларига ишонмайди. Шошганидан гоҳ ташқарига чопиб чиқади, гоҳ ичкарига югуриб киради. Бир оздан сўнг туш кўрмаётганига, оёғи остида сочилиб ётган нарсалар тилла ва кумуш тангалар эканлигига иқрор бўлди. Момо ўзини қўлга олиб, кўп вақтдан бери чанг босиб ётган чироқни артиб, пилигига ўт тутди. Чироқ кўтариб қазноққа кирди. Ер билан битта бўлиб ётган тангаларга гўёки жон кирди—ғариб кулба шифтларида юзлаб шуъла ўйнай бошлади.

—Бу неварагинам туфайли!—деб вайсарди бир пасда миллионерга айланиб қолган пистафуруш.—Бахтиёржонимнинг қадамлари ёқди. Кечалари йиғлаб қилган тилакларимни худойим эшитди. Шукр! Даргоҳига минг карра шукр! Энди неварагинамни бекбаччалардек едириб ичираман, алвон-алвон кийинтириб, кўзгинамнинг қуртини ўлдираман!

Момо ўзини босиб олгач, хазина ҳисобини олишга қарор қилди. Тилла тангаларни бир томонга, кумушларини иккинчи томонга уя бошлади. Саводи ҳаминқадар бўлганидан саноғи мингдан ўтгандан сўнг адашиб кетаверди. Саналмаган тангалар саналганидан икки-уч ҳисса кўп эди.

—Бор-е, санаб ўтираманми,—қўл силтади момо.—Санасанг, баракаси кетармиш.

Момонинг хуш кайфияти гўдакка ҳам кўчган. У ҳовучларини тўлдириб-тўлдириб, тангаларни тўрт томонга сочади, ўз қилиғидан ўзи мамнун, қийқириб кулади. Момо эса ундан-да масрур.

 2

Хазинани саранжомлаган Норгул момо қўлидан келганча тоат-ибодат қилган бўлди. У ҳамон туш кўраяпман, деб ўйлар, ўзини чимчилаб-чимчилаб оларди. Ахир бу ҳовлида оз эмас—эллик йилдан ортиқрок яшаган эди-да. Раҳматли чолининг ота-бобоси ҳам, ўзининг ота-бобоси ҳам қўл учида кун кўрган одамлар бўлишган. Демак, тиллалар улардан қолмаган. Бўлмаса, кимники?

Қаҳрли йигирманчи йилларнинг охирлари. Мамлакатда қулоқлаштириш давом этаяпти. Бой-бадавлат одамларнинг ер-суви, уй-жойи, мол-мулки тортиб олиниб, ўзлари бегона юртларга бадарға қилинаяпти. Бойларнинг ҳовли-жойлари йўқсилларга олиб берилаяпти. Мулла Умар исмли ўзига тўқ одамнинг ҳовлиси Норгулнинг бўлажак қайнотасига—фаол батракка тегади.

Норгул ва чоли бу ҳовлида ярим аср умргузаронлик қилишди. Яхши кунларни ҳам, ёмон кунларни ҳам бошдан кечиришди. Тилла нари турсин, қора пул ҳам орттиришмаган. Фарзандлари бири икки бўлишга улгурмай, рўзғор қилиб чиқиб кетишганига анча бўлган. Демак, бу тиллалар мулла Умар деган бойдан қолган. Момо бу одамнинг отини эшитган-у ўзини кўриш насиб этмаган. Айтишларича, сургундан қайтиб келмаган экан. Ҳа, аниғи шу. «Оллоҳ бу бойликларни мендек ғариб-у бенаво бир бандасига насиб этган экан-да!»

Момо кўзларидан шашқатор ёш оқизиб, қоқсуяк қўлларини дуога очди:

—Ё парвардигорим, очимда ҳам тўқимда ҳам сенинг шукрингни қилганман. Ношукурчилик қилмайман, узун умр бердинг, яна шукр. Оллоҳим, менга яна озроқ умр бер. Болаларимдан кўрмаганимни бегоналардан кўрдим. Уларнинг нон-тузини кўп едим. Туз ҳақини қиёматга қолдирма, парвардигорим!

* * *

Момо бу ишлардан фориғ бўлгач, биринчи навбатда Гўзалнинг ота-онасини қидириб топишга жазм қилди.

Яқин-яқинларгача ҳам эшонгузарликлар бир-бирини яхши танирди. Шаҳарга айланганидан сўнг ҳам энига, ҳам бўйига кенгайди. Ўн икки маҳаллада етмиш-саксон минг одам яшайди. Ҳар бир маҳалла аҳлининг ўз касб-кори бор. Бири темирчилик, иккинчиси дурадгорлик, учинчиси қандолатпазлик, тўртинчиси эгарсозлик билан шуғулланади. Кулолчилик, қассобчилик, баққоллик касблари билан шуғулланадиган маҳалла-гузарлар бор. Бу маҳалла-гузарларнинг одамларининг исмига касб-ҳунарини қўшиб айтмаса, биров танимайди. Момо Гўзални фалончи ҳалвогарнинг қизи деб эшитганди, тўғри ҳалвогарларнинг маҳалласига йўл олди. Сўраб сўраб Сирож бобонинг уйини топиб борди.

Момони йигирма ёшлардаги сулувгина қиз қарши олди. Қош-кўзларидан Гўзалнинг синглиси эканлиги кўриниб турарди.

—Қизим, менга Сирож бобонинг ҳовлилари керак эди. Бир бола шу ҳовлини кўрсатди. Адашмадимми?

Қиз сергакланди. Оҳорли кўйлак кийган, бошига қордек оппоқ рўмол ўраб олган, сўзлари ўктам кампирга бошдан-оёқ кўз югуртирди. Сўнг ўзининг қилиғидан уялганча жавоб берди:

—Адашмадингиз, моможон, Сирож  бобонинг уйлари  шу  бўлади.

—Худога шукр. Қизим, Сиз Гўзалойнинг кимлари бўласиз?

—Сингиллари. Вой, сиз опамни танийсизми?

—Танийман, қизим, танийман. Дадангаз уйдамилар?

—Ҳозир келиб қоладилар. Қани, уйга киринг.

Момо тараддудланди:

—Шу ерда ўтирақолайлик, қизим.

Қиз бир пасда ўрик тагидаги сўрига кўрпача ташлади, дастурхон кўтариб чиқди. Момо гапни нимадан бошлашни билмай иккиланиб қолди. Қизни ваҳима босди.

—Опамларга бир гап бўлганми, момо? Нега индамайсиз?

Момонинг юраги шув этиб кетди. Демак, Гўзалдан буларнинг ҳам хабари йўқ. Яхшиси, қизга индамагани маъқул. Чол келса, ўшанга айтади.

—Моможон, бир нарсани биласиз, ниманидир мендан яшираяпсиз. Опамларга бир нарса бўлганга ўхшайди?

Энди айтмасликнинг иложи йўқ!

—Қўшни турамиз. Анча вақтдан бери кўринмай қолди опангиз…- Кампир сўзини охирига етказолмади. Ҳовлига эшак етаклаган чол кириб келди. Сўрида ўтирганларни кўриб, тўхтади.

—Мақсуда қизим, ма ,эшакни оғилга боғлаб чиқ,—деди чол. Қиз эшакни етаклаб кетди.

Салом-аликдан сўнг Сирож бобо момога савол назари билан боқди. Авзойидан бўй етган қиз бор ҳовлида бегона аёлнинг сандирақлаб юриши унга маъқул келмаётганлигини пайқаш мумкин эди.

—Хуш кўрдик, меҳмон. Келинг?

—Сирож бобомисиз?

—Балли, ўша менман.

—Мен қизингиз Гўзалойнинг қўшниси бўламан.

—Менинг ундай қизим йўқ!

Момо ҳангу манг бўлиб қолди. Адашиб, бошқа одамникига келиб қолибман, деган хаёлга борди. Ундай деса Мақсуда…

—Мен оқ қилганман уни…

—Э, ҳа, бундай демайсизми.

—Хўш, нима ишингиз бор эди? Гўзал хўскорликка юбордими!? Бориб айтинг, менинг отимни қайта оғзига олмасин!

—Мени ҳеч ким юборгани йўқ,—деди момо ҳам зарда билан. —Гўзалой менга боласини қолдириб, Чўлободга бориб келаман, деб кетганига уч ой бўлди. То-ҳануз келмади. Шунга дараклаб келган эдим.

Отанинг ичидан нимадир узилгандек бўлди. Аччиқ устида қизини қарғагани, оқ қилдим, кўк қилдим деб вағиллагани билан ундан кечиб кетолгани йўқ. У туну кун Гўзални йўлдан урганларни қарғайди ,боласига инсофу тавфиқ тилайди, номус кучлилик қилиб ўзини бир бало қилиб қўймасайди, деб ваҳимада юради. Демак… отанинг ўйлагани олдига келибди-да! Ё ўзини осган, ё…

-Уч ойдан бери бедарак дейсизми?

-Ҳа, уч ойча бўлиб қолди.

Эшакни оғилхонага боғлаб чиққан Мақсуда ҳам бу гапни эшитди.

—Опам! Опажоним!! —чинқириб юборди қиз.

—Ўчир товушингни!—бақирди ота.

—Ўчирмайман! Опамнинг бошига сиз етдингиз. Сиз ўлдирдингиз опажонимни.

Шовқинга ичкаридан бошига дакана рўмол ташлаган кампир хансираб чиқиб келди.

Норгул момо билан қўл учида кўришди-ю, гап нимадалигини. англаб етгач, чолга қўлини пахса қилиб бобиллай кетди:

—Мақсуда тўғри айтади—Гўзалнинг бошига ўзингиз етдингиз! Уни ёмон отлиққа чиқарган ўзингиз. Онаси ёмон бўлган бўлса, боласида нима айб? Шайтон йўлдан урмаган одам бор эканми дунёда. Пушти камарингиздан бўлган гулдек қизингизнинг жонига оро кириш ўрнига йиқилганни тепган қилдингиз, қарғадингиз. Яна беш вақт намоз ўқийдилар бу кишим!

—Ҳой, кампир, чакагингни ўчир! Сен ҳам ўлганнинг устига чиқиб тепма. Мен сўккан бўлсам, ичим куйганидан, жоним ачиганидан қилгандирман.

—Ҳамма нарса ҳам эви билан бўлса яхши.

—Кел, бу ёққа ўтир. Мен-ку мияси айниган бир одамман. Балки сендан бир ақлли гап чиқар?

Норгул момо бўлган воқеани ётиғи билан гапириб берди:

—Мен англашимча, қизингиз Чўлободга қайинларини қидириб кетган бўлишии керак. Бундай десам, шу кунгача нега дараги йўқ…

Бу саволга ҳеч кимдан жўяли жавоб чиқмади. Чолнинг оппоқ соқолларидан бир неча томчи ёш думалаб тушди. Буни кўриб Мақсуда пиқ-пиқ йиғлашга тушди. Отасининг ёвқур қарашидан сўнг жим қолди.

—Подадан олдин чанг чиқарманглар,—деди ўзини анча босиб олган бечора ота,—Мен Чўлободга ўтиб қайтаман. Кейин бир гап бўлар. Ҳа, айтганча, қизим, сен онанг билан бориб, жиянингни олиб келинглар. Бечора момо анча қийналиб қолган кўринадилар.

Норгул момо бундай   бўлишини кутмаганди:

-Неварангиз менга ўрганиб   қолди.Онаси келгуна  меникида турақолсин?

Бобо рози бўлди.

-Майли,момо,биздан қайтмаса, худодан қайтсин,-деди ота  қўлининг орқаси билан намланган кўзларини артаркан…

XIV. ВИСОЛ ВА АЛАМ. МАЙОРНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ

1

Валентина соатига қаради—шеф, яъни Владимир Сисоевич келадиган вақт бўлганди. У хона деразаларини ланг очиб юборди. Деразадан кузакнинг этни жунжиктирадиган мусаффо ҳавоси ёпирилиб кирди.

Қош қорайиб, одам одамни танимайдиган даражага келган бўлса-да, кўча чироқлари ёқилмаган. Тунлари кундузгидек ойдин бўладиган шох кўчада яшайдиган Валентина бундай қоронғиликдан сиқилади. Аслида бу кўчалар фақатгина байрам кунларигина ёритилишини у жуда яхши билади. Қари  жазман бу уйни айнан ана шунинг учун ҳам танлагандир, балки?

Кўча муюлишида машина чироқлари кўринди. Машина уй рўпарасига етганда тўхтади. Тормознинг таниш ғийқиллаши эшитилди. Кимнидир тушириб, йўлига кетди.

Ҳаммаёқ зим-зиё бўлгани сабабли ҳеч ким кўринмайди, аммо шип-шип юриб келаётган оёқ товушлари қулоққа чалинади. Бу Владимир Сисоевич эканлигига Валентинада шубҳа қолмади. У эшик олдига бориб, шартли қўнғироқ чалинишини ва қудратли жазманини кутиб олишга тайёр бўлиб турди.

* * *

Валентина эр кўрган жувон. Эрдан ажрашган, обком ходимлари учун ажратилган шаҳарчадаги коттежда ёлғиз ўзи яшайди…

Ёш жувон ўйнасам-кулсам, дейди. Эрида эса уни ўйнатиш учун вақт етишмайди. У пахтачилик илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишларди. Умри колхоз-совхозларда ўтарди. Чигит икки қулоқ бўлиб чиққандан бошлаб кеч кузгача даладан бери келмайди. Аллақандайдир дефолиант устида ишлаётганмиш. Шайтони зўр Валентина эса аламига чидай олмай момиқдек тўшакда тикан устида ётгандек ағанаб чиқади. У ҳақиқий эркаклар хотинларини бунчалик зориқтириб қўйишмайди, бунга уларнинг ҳақлари йўқ, деб ҳисоблайди. Аммо тўқимфаросат эр буни билмасликка олади. Уйда бўлган кезларида (эр ҳар хил тажрибаларини текшириб кўриш ва ҳисоботлар топшириш учун шаҳарга тушганда) ҳам аксар ҳолларда ағанаб ётишдан бошқага ярамайди. «Сен ҳам хотинсан, бу ёққа кел!» десин-чи. Демайди! Валентина кўз ёшларини ичига ютиб йиғлайди. Фойдаси йўқ. Хуллас, эрнинг баҳридан ўтсаммикан, деб ўйлаб юрган кунлардан бирида ишлари юришиб кетди.

Бир куни эрининг дўстларидан бири кечгача давом этган меҳмондорчиликдан сўнг уларникида ётиб қоладиган бўлди. Володя дўстига «Ётиб қол, кайфинг бор, ярим тунда юбормайман», деб туриб олгач қолди. Меҳмонга қўшни хонадан жой қилиб беришди. Володя—Валентинанинг эри—кўпроқ тортиб қўйганлиги сабабли ҳаммадан олдин уйқуга кетди. Унинг хуррак тортиши ошхонада ивирсиб юрган Валентинага баралла эшитиларди. Демак, меҳмон ҳам хурракдан ухлаёлмай қийналаётган бўлса керак. Жувон меҳмон ётган хона эшигини ёпиб қўймоқчи бўлди. Аммо «Меҳмонимиз безовта бўлмаяптилармикан», деган қизиқиш боис эшикдан аста мўралашдан ўзини тийиб туролмади. Стол чироғининг ғира-шира ёруғида меҳмоннинг ухламай, шунчаки эшикка қараб ёгганини кўриб, юраги ўйнаб кетди. Эшикни ёпиб, орқасига қайтса ҳам бўларди-ю, аммо қурғур оёқлари айтганини қилмай, қоққан қозиқдек бир ерда тураверди.

—Валентина?—шивирлаб чақирди меҳмон. Унинг овозида аёлнинг юрагини «жаз» эттирадиган нимадир бор эди.

—Нима дейсиз?—аёл ҳам назокат билан шивирлаб сўради.

—Бир пасгина ёнимда ўтирмайсизми? Негадир уйқум қочиб кетди.

—Бир пасга бўлса, майли,—рози бўлди жувон ва хонага кириб, диваннинг бир четига чўкди. Меҳмон сержун қўллари билан уни белидан қучиб ўзига тортди.

—Миша, азизим, қўй, керак эмас,—нозланди Валентина ўзи ўлиб турган бўлишига қарамай…

Шу воқеадан сўнг шаҳар партия комитетининг масъул ходими Машраб Валентина хонадонининг кунда-шунда меҳмонига айланди.

—Володя,—деди бир куни Машраб жувоннинг эрига,—биз ўзбеклар ўзимизни феодал десак, сиз европаликлар биздан қолишмас экансизлар.

—Нима учун?

—Шунинг учунки, хотинингни ишлатмасдан, тўрт девор ичида олиб ўтирибсан. Ишга киритиб қўйсанг бўлмайдими?

—Ўрта маълумот билан қаерга ҳам ишга оларди. Оддий фаррошликка қўяйми?

—Йўқ, фаррошлик тўғри келмайди. Зўр иш бор. Ҳозирча техникумнинг дипломини тўғрилаймиз.

—Ўқимасдан-а?

—Буниси билан энди сенинг ишинг бўлмасин, бу ёғини менга қўйиб беравер.

—Яхши, аммо қаерга ишга жойлаштирмоқчисан?

—Бу ердан қарасанг кўринмайди. Каллангни бир ишлатиб ўйлаб кўр-чи, қаергалигини топармикансан?

—Биронта газета киоскасига ё газсув дўконигадир-да?

—Паст кетяпсан, ошнам, паст кетяпсан. Хай, майли, айтсам айта қолай—шаҳар партия комитетига!

—Йўғ-эй, ҳазиллашмаяпсанми?

—Қабулхонада ишлайди. Ёмон эмас-а?

Бу таклифдан Валентинанинг аввалдан хабари бор эди, аммо ташаббус эрининг ўзидан чиқишини кутиб, индамай ўтирди.

Володя эса елкаларини қисиб қўйди. Бу билан таклифдан ўзининг ниҳоятда ҳайратланганлигини ифодалади. Ахир шаҳар партия комитети ҳар қандай банда ҳам киролмайдиган сирли қалъа эди-да, бўлажак олим назарида.

—Сен нима дейсан?—Машраб Володяга савол  қотди.

—Ихтиёр ўзида.

—Сен рози бўлсанг, ишлайман,—«кўнди» жувон. Масала шу билан ҳал бўлди.

Валентинанинг ҳаётида туб бурилишлар даври бошланганди. Янги ходима шаҳар партия комитети раҳбарларининг эътиборига тез тушди. Улуғ даргоҳда ишлаётган хотин-қизлар унинг қиёфасида ўзларининг ашаддий рақибларини кўрдилар.

Валентина ҳамма билан бирдек шакаргуфторлик қилар, ҳамманинг кўнглини овлар, бу билан ортиқча гап-сўзларга жой қолдирмасликка уринарди.

У мактабда аълога ўқиган. Уйга вазифаларни синфнинг ўзида ёдлаб олиб, ҳаммани ҳайратга соларди. Бундай истеъдоди билан Валентина келажакда буюк одам бўлишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Ўрта мактабдан сўнг Валентина ўқишни истамади. Унинг учун эрга тегиб олиш муҳимроқ бўлиб қолди. Қишлоқ хўжалик институтининг юқори курс студенти бўлмиш йигитнинг бошини айлантирди. Тўйлари бўлди. Эри дипломли бўлгач, Чўлободга кўчиб келишди. Володя илмий иш олиб ишлай бошлади. Колхоз ва совхозларни кезиш бошланди. Валентина уй ишлари билан ивирсиб қолиб, турмушидан норози бўла бошлаган кунлардан бирида Машрабни худо етказди. У шаҳар партия комитетининг Володя ишлайдиган илмий муассасадаги вакили эди.

Валентина шаҳар партия комитетида партия комиссияси иши билан шуғуллана бошлади. У партия уставини, ҳар хил низомларни ёддан билар, ўткир хотираси билан барчани ҳайратга соларди.

Узоқни кўзлаб иш қиладиган Машраб Валентинани ўз ҳомийси—вилоят партия комитетининг иккинчи котиби Кочубейга тортиқ қилди.

Янги иш жойи, янги раҳбар. Кочубей Валентина истаганидан ҳам ортиқ дилкаш чиқиб қолди, аммо дастлабки пайтларда мақсадга кўчолмай роса мижғовланди. Лекин бу ҳол узоқ давом этмади. Валентина томонидан кўрсатилган жиндаккина ташаббус туфайли иш хамирдан қил суғургандек ҳал бўлди.

Қийин-қийин Володяга қийин бўлди. У энг охирги дамлардагина хотинининг хиёнат йўлига кирганини сезиб қолди. Ади-бади айтишиб ўтирмади. Ётиғи билан ажралишни таклиф этди. Қувончдан энтикиб кетган Валентина розилик берди. Володя лаш-пушларини кўтариб чиқиб кетди. Шу билан уларнинг алақ-чалақ тушдек ўтган умргузаронликларига нуқта қўйилди.

Валентина бутун умри давомида ҳам эришолмайдигандек кўринган фаровонликка кўз очиб-юмгунча эришди. Бенгал шубаси, Олмон гарнитури, Япон видеоиккилиги… Эҳ-е, арзон гаровга сотиб олинган, совға-саломга келган буюмларнинг кўпининг номини ҳам билмасди  у шу пайтгача.

Машраб собиқ жазманидан тамом узилишиб кетгани йўқ. Интим заруратлардан ташқари уларни умумий манфаатлар ҳам ўзаро боғлаб қўйган эди. Гап шундаки, кадрлар партиянинг монополиясига айланган бир замонда партиядан ташқарида яшаш ва ишлаш ўз мазмунини йўқотарди. Хусусан, мансаб пиллапояларидан кўтарилмоқчи бўлган ҳар бир кишига мақсад эшиклари партияга мансублик орқалигина очиларди. Бу эшикдан кириш учун эса дастлаб қон рангидаги партия билетини қўлга киритиш зарур бўларди. Бунга ўз-ўзидан эришиб бўлмасди. Машраб мансабталаб кишиларга «ёрдам» бериб, анча-мунча давлат орттириб олган бўлса-да, бу унга камлик қиларди. У «Султонлик келганда сур, гадолик олдингдадур», деган ақидага амал қилиб яшайдиган одамлар сирасига киради. Валентинадек дилбар аёл унинг ҳирсий талабини қондириш учунгина эмас, балки партия билети ва мансаб сотиб, пул тўплаш йўлида кўпроқ керак эди.

«Ташкилотлар, корхоналар ва муассасаларнинг барча раҳбарлари коммунист бўлишлари керак, коммунист бўлмаганлари вазифасидан пасайтирилсин», деган хуфия фармон чиққан бўлса керакки, амалдорларнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Партия комиссияларининг эшигида узундан-узун навбатлар пайдо бўлди. Ҳатто деҳқон бозорининг паттафуруши ҳам партияга кириш учун ариза кўтариб келди. Манави латифа ҳам балки ўша кунларда пайдо бўлган бўлса ажаб эмас.

Мансабталаблардан бири партияга ўтмоқчи бўлиб ҳужжат топширибди. Райкомнинг бюросида биринчи котиб унга савол бераяпти. Жавоблар пойинтар-сойинтар.

—Хўш, бўлмаса, «Капитал»ни ким ёзганини биларсиз?

—Ўлимдан хабарим бор, бундан хабарим йўқ. Бу иғвогарлардан чиққан гап.

Синовдан ўтолмаган номзодни тайёрлаш учун бюро аъзоси бўлган милиция бўлими бошлиғига топшириқ берилади:

—Манави ўртоқ билан шуғулланинг, тайёргарлигини ҳар томонлама текшириб кўринг.

—Хўп,бўлади!

Ярим тунда милиция бошлиғи биринчи котибга қўнғироқ қилаяпти:

—Фалончи бўйнига олди!

—Нимани?

—«Капитал»ни ўзи ёзган экан.

—Йўғ-е?

-Тилидан тилхат ёздириб олдик…

Латифани эслаб Валентина жилмайиб қўяди.

Партия аъзоси бўлиш энг олий орзу. Бу кунга етганлар ,етмаганлар бор. Етганларнинг кўзларида тез-тез ёш кўринади. Аммо ишнинг зўри партия билети қўлга теккандан сўнг бошланади. Мансабсизлар мансаб томон интилади, мансабдорлар эса юқорироқ поғоналарга кўз тикади. Мансаб бериш-бермаслик вилоятда бир кишининг—Кочубейнинг қўлида. У «Йўқ», деса биринчи ҳам иложсиз қолади. Бу иш Кочубей-Машраб-Валентина учлигида хуфия ҳал этилади. Бугун ҳам «учлик»ка зўр буюртма бор. Буюртмачининг илтимоси амалга ошса, камида битта «Жигули» миндирмоқчи!

Эшик қўнғироғига ўрнатилган қушча бийрон сайради. Жувон ўзини тошойнага солиб, у ёқ-буёғини тартибга солган бўлди, сўнг калитни бураб, эшикни очди.

Владимир Сисосвич ширакайф эди. У билан хонага алламбало ичимликларнинг қўланса ҳиди ёпирилиб кирди.

Кочубей Валентинанинг белидан қучиб, дудоқларига ёпишди.

«Кайфи чоғ, демак, нима сўрасам йўқ демайди», деб ўйлади жувон ва:

—Азизим, қочиб кетаётганим йўқ-ку, ахир,—деб ёлғондан типирчилар, бу билан қари жазманининг ҳирсини жунбишга келтиришга уринарди.

2

«Пахтазор»даги 13-уйнинг 8-квартирасида ўрис кампир туради. Уй унинг номига расмийлаштирилган бўлса ҳам, аслида унинг хўжайини Кочубей. Амалдор бу уйни мутлақо бегона кампирга бериб қўйган. Йўқ-йўқ, буни бир ўрис аёлга мурувват юзасидан эмас, балки эҳтиёткорлик важидан қилган. Аслида шаҳарнинг қоқ марказида—раҳбарлар учун ажратилган мавзеда унинг саунали, боғ-чорбоғли ҳовлиси бор. Малласоч хотини, якка-ю ёлғиз фарзанди ана ўша ҳовлида истиқомат қилишади. «Пахтазор»даги квартира шунчаки вақт топганда дам олиб кетиш учун мўлжалланган. Унинг қандай дам олиши ўрис кампирга аллақачонлар маълум бўлган. Аммо у сир сақлай олади. Унинг ҳам ўз режаси бор. Қачон бўлмасин, уй унинг ўзига қолади-ку. Кочубей шундай ваъда бериб қўйган. Уй ўзиники бўлган куниёқ шаҳарнинг овлоқ мавзеларидан бирида ижара туриб яшаётган қизи билан куёвини кўчириб келади. Беш хонали квартирада ҳаммалари учун жой етиб ортади.

Кампир бугун Кочубей жувон билан шу ерда тунаб қолишини билади. Олдин ҳам бир неча марта шундай бўлган. Шу сабабли Валентинадан қизиникига бориб, ўша ерда тунаш учун ижозат сўради. Жувон уни қуруқ юбормаслик учун қўлига мева-чева, ноз-неъмат тўлдирилган қоғоз халта тутқазди.

 * * *

Кочубей ёшлиқдан хотин зотига ўч. Бу сохада ўзини беназир қобилият эгасиман, деб ҳисоблайди.

Бугун ҳам висол майдонига шиддат билан от суриб кирди. Аммо отининг машқи анча паст; ҳарчанд ҳаракат қилмасин, жанг майдонидан шарманда бўлмай чиқиб кетишнинг иложи йўқ эди. У нўноқ чавандозга ўхшаб отини қамчилай бошлади. Кучли ҳаяжонланишдан юрагида санчиқ турди.Оғриқ зўридан бақириб юборди ва ўзини эгардан пастга отди. У боши билан гурсуллаб полга урилди ва ҳушдан кетди.

Жувон қўрқиб кетди.

—Сенга нима қилди, нега индамайсан? Вой, қўрқиб кетаяпман!

Валентина қаттиқ қўрқиб кетмаганида ва озгина синчков бўлганида пешайвон тарафда ўсган акация дарахти шохлари орасидан хонани кузатиб турган одамни пайқаган бўларди.

У ўликдан жуда қўрқарди. Ҳатто ўликлар ҳақида ўйлаш ҳам уни даҳшатга соларди. Шу сабабли у апил-тапил кийинди-да, кўчага отилди.

Осмон гардишида тўлин ой сузиб юрибди. Уй олдидаги майдон сутдек ойдин. Жувон дарахтларнинг лахтак-лахтак сояси тушиб турган йўлак бўйлаб чопиб кетди. У қайси томонга қараб кетаётганини ўйламас ҳам эди. Фақат мурда ётган қўрқинчли хонадан узоқроқ кетса, бас.

Аёл кўздан ғойиб бўлиши билан акация шохлари силкиниб, бир йигит ерга сакраб тушди. У тез-тез юриб 8-квартиранинг ланг очиқ қолдирилган эшигидан ичкарига кирди. Хонани стол чироғи ғира-шира ёритиб турибди. Хона ўртасида қўлларини икки тарафга керганча бир одам ётибди. Йигит унинг қўлини олиб, томир уришини текширди. Тирик. Ҳар ҳолда ҳозирча тирик.

Йигит телефон турган жойни топди ва рақам терди:

—«Нол  уч»ми?

-Ҳа.

—Ёзинг—«Пахтакор» мавзеси, 13-уй, 8-квартирада бемор ўлаяпти. «Тез ёрдам» юборинг.

—Кимсиз, фамилиянгизни айтинг?

Йигит фамилиясини айтди ва тезгина бошқа рақамни терди:

—Ўртоқ полковник! Алоқада «Рогатка». Ахборот беришга рухсат этинг…

 3

Валентина ойдин кечада, дарахтларнинг кўланкасидан ола-чалпоқ бўлиб ётган йўлакдан боши оққан томонга қараб узоқ чопди. Унинг назарида бутун бошли мавзени югуриб ўтгандек эди. Ҳарсиллаб, йиқилиб тушмаслик учун дуч келган нарсага суяниб, бир пас нафасини ростлар, яна жон-жаҳди билан олға югурарди. У тўхтаб, ён атрофга қаради. Шундагина адашиб қолганини англади. Англади-ю, беш баттар ваҳима босди.

Ҳамма суқланиб томоша қиладиган тўлин ой ҳам фалакдан унга масхара қилаётгандек қараб турар, ҳеч қаерда мадад қўлини чўзадиган тирик жон кўринмасди.

У таваккал қилиб, чироқ ёниб турган уй деразасини тақиллатишга қарор қилди. Шу пайтда елиб кслаётган машина чироқлари кўринди. Унинг тепасида лип-лип ўчиб ёнаётган чироқларидан милиция машинаси эканлигини билиб, қувониб кетди. Валентина чопқиллаб кўча ўртасига чиқди. Машина кескин тормоз берди.

Ҳозир машина эшиги очилади-ю, бечора аёл ҳамма ташвишлардан қутилади. Бевақт юришининг сабабини сўрашса, биронта жўяли баҳона топар. Энг муҳими, у энди шахарнинг нотаниш кўчаларида сарсон саргардон югуриб юрмайди-ку. Нега машина эшигини очишмаяпти? У ташвишланиб аста ойнани чертди. Жавобан орқа эшик очилди. У дарҳол чиқиб олди. Машинадагилар икки киши эди. Бири офицер-майор ҳамда старшина формасидаги  шофер.

—Ўртоқ милиционер, адашиб қолдим,—дея бидиллаб гапира бошлади Валентина.—Бунинг устига йўлтўсарлар рўпара келиб, бор-йўқ нарсамни шилиб кетишди.

Шундай десам менга раҳмлари келади, деб ўйлади Валентина.

—Қаерда яшайсан?

Валентина манзилини айтди.

Майор бошқа ҳеч нарса сўрамади. Машина ўрнидан жилди. Ярим соатларча йўл юришди. Шаҳар четига чиқиб қолишганда Валентинани қўрқув босди.

—Нега шаҳардан чиқдик? Мен ахир шаҳарнинг марказида тураман-ку?

—Қаерга боришни ўзимиз яхши биламиз,—тўнғиллади шофер.

Яна ўн-ўн беш минутча йўл юрдилар. Шаҳар орқада қолди. Катта йўл чорраҳасидаги ДАН пости ёнига бориб тўхташди. «Хайрият, йўлтўсарлар эмас экан», деб ўйлади Валентина. Бари-бир ички бир қалтироқ уни тарк этмаётганди.

—Етиб келдик, туш!—деб буюрди шофер.—Сўраймиз, суриштирамиз, кейин уйингга элтиб қўямиз.

Пост биносидан ДАН инспектори чиқиб келди. У бўйнига автомат осиб олганди. Келувчиларни таниб, шоша-пиша қўлини чаккасига қўйиб, чест бериб саломлашди.

— Қалай, сержант, тинчликми?—сўради майор.

— Рахмат, ўртоқ майор. Навбатчилигим даврида ҳеч қандай воқеа-ҳодиса содир бўлмади.

— Яхши, яхши. Постда бир ўзингми?

— Худди шундай,—деди-ю, майор бинога қараб юрганини кўриб, шоша-пиша қўшиб қўйди: —Йўғ-е, яна битта йўловчи ҳам бор.

— Албатта, аёл киши бўлса керак-а? Топдимми?

— …

— Тушунарли. Тезда жўнатиб юбор!

—Хўп бўлади, ўртоқ майор, жўнатиб юбораман.

Улар зинапоялардан иккинчи қаватга кўтарилишди. Инспектор хонаси тартибсиз бир аҳволда эди. Яқиндагина бу ерда улфатчилик қилингани ҳали йиғиштариб олинмаган стол устидаги идиш-товоқлардан ҳам билиниб турарди.

Полда ёшгина жувон чойшабга бурканганча келувчиларга жовдираб қараб ўтирибди. У кийиниб олишга ҳам улгурмаганга ўхшайди. Майор билан старшина формасидаги шофер бир-бирларига маъноли қараб олишди.

—Сержант,—чақирди майор. Ўзини қўярга жой тополмай турган ДАН инспектори ғоз қотди:

—Эшитаман, ўртоқ майор!

—Дидинг ёмон эмас экан. Ҳалиги буйруғимни бекор қиламан.

—Қайси буйруқни, ўртоқ майор?

—Манови йўловчини жўнатиб юбориш ҳақидаги буйруғимни. Ярим кечада қаерга боради.

—Хўп бўлади, ўртоқ майор.

—Дарвоқе, бирор нарсанг борми?

—Мановиданми?—томоғига чертиб сўради сержант.—Топамиз!

Бу воқеаларга Валентина оғзи очилиб, қараб ўтирди. Уни бу ердан ҳали-бери қўйиб юбормасликларига ақли етди.

Майор биринчи марта Валентинага бошда-оёқ кўз югуртирди. Бу жувонни қаердадир кўргандек бўлди. Аммо эслолмади.

Сержант бир пасда хонани тартибга келтирди. Жувон дастурхон тузашга ёрдамлашди.

Валентинага бу ердагиларнинг нияти аллақачон аён бўлганди. У паноҳ излаб тўрт томонга кўз югуртирди. Ташқарида тун хукмрон. Яқингинадан паравознинг гудоги эшитилди. Кейин еру кўкни ларзонга солиб юк поезди ўтди. Поезд келган тарафдан чироқлар кўринади. Демак, бу жой шаҳардан унча ҳам узоқ эмас экан. Темир йўл билан борилса, вокзалга чиқилади.

Майор сержантни «йўлни бир айланиб келиш учун» чиқариб юборди. Хонада икки эркак ва икки аёл қолишди. Валентина майор ўзига ҳирс билан қараб-қараб қўяётганини нафрат билан ҳис этди. Қўрқув ўрнини қаҳр қамраб олмоқда эди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. У ўзини идора қилолмай, мўйсафид майорга мушт тушириб қолишдан кўпроқ қўрқаётганди.

Старшина жувонни етаклаб нариги хонага чиқиб кетди. Ширакайф майор кўзлари сузилиб, Валентинани қучоқлади. Валентинанинг бошига қон тепди. У зарб билан майорни итариб ташлади. Майор орқаси билан столга бориб урилди. Стол ағдарилиб, шишалар, стакан-у пиёлалар жаранг-журунг қилиб тушиб синди.

—Вой, сени туққан...

—Яқинлашма, уриб бошингни ёраман!—Валентина синган шишани қўлига олдида? важоҳат билан боши устида кўтарди.—Ҳали бу қилмишинг учун жавоб берасан! Владимир Сисоевичга бир оғиз айтсам, уруғингни қуритади!!

Майор бундай ҳужумни кутмаган эди, анграйиб қолди. Унинг саросимага тушганидан фойдаланган Валентина бир ҳатлаб эшикдан чикди, сўнг зинаполардан сакраб-сакраб, тоғ эчкиси каби чаққон ҳаракатлар билан тун қўйнида кўздан ғойиб бўлди.

Майор ҳанг-манг бўлиб қолган эди. У аёлнинг гапларини хаёлида такрорлади: «Владимир Сисовичга айтаман!» Ким у Владимир Сисович?

Бирдан майорни ваҳима босди. Владимир Сисоевич—обкомнинг иккинчи котиби Кочубей-ку!Бу аёлни унинг қабулхонасида бир эмас, бир неча марта кўрган. Нега аввалроқ эсига келмади-я!? Уни қайтариш керак. Бу ерда кўрганларини обкомга етказса, уни хароб қилишади. Минг азобда қўлга киритгани—бош терговчилик лавозими сабил қолади!

Майор тўппончасига ёпишди. Старшина билан жувон кириб кетган хона эшигини тепиб очди.

—Тинчликми, Йўлдош ака?

—Қочиб кетди! Уни дарҳол қайтариш керак. Қўлдан чиқиб кетса, икковимизни ҳам хароб қилади. Тушундингми?! Хароб қилишади!

—Қочиб қаерга борарди, Йўлдош ака. Бир пасда ушлаб олиб келаман.

—Бўлмаса, олға!

Валентина чопиб бораркан, ўқтин-ўқтин орқасига бурилиб қарар, таъқиб қилиб келишмаяптимикан, деб хавотирланар ва яна олға югурарди. Ўн-ўн беш минутлардан сўнг ДАН пости олдида машина чироқлари ёнди. Қувиш бошланганди. Машина шаҳар томонга ўтиб кетди. Валентина темир йўл излари бўйлаб бораркан, машинадан кўз узмади. Кўп ўтмасдан орқага қайтган машина чироқлари кўзини қамаштирди. Энди тескари томондан қидиришади, унгача вокзалга етиб оларман, деб ўйлади аёл. Ҳақиқатдан ҳам яна анча муддат машина чироқлари кўринмади.

Мана, яна пайдо бўлди. «Энди нима қилишаркин?» Валентина темир изларга ўтириб дам олди. Бир пайт ДАН томондан дўпир-дўпир оёқ товушлари эшитилди. Таъқиб этувчилар темир йўл узра тобора яқинлашиб келишаётган эди. Гоҳ-гоҳ қўл фонарининг ёруғи лип этиб кўринар ва яна ўчарди. Валентина яна чопиб кетди. Таъқибчилар анча яқинлашиб қолишганди. «Ушлаб олишса, соғ қўйишмайди!» деган қўрқинчли фикр ўтди аёлнинг дилидан. «Тириклай қўлга тушмаслигим керак! Ё биби Мария, ўзинг қўлла, онажон!»

Валентина катта магистрал канали кўприги устидан ўтаётганида уни кўриб қолишди.

—Тўхта, отаман!

—От, мана, отмайсанми!—Валентина шундай деб кўприк панжарасига ёпишди. Анча чуқурликда сув ялтираб кўринди. Орқа томондан қувиб келувчиларнинг харсиллаб нафас олишлари баралла эшитила бошлади. Аёл ўзини сувга отди. Худди шу дамда тўппончадан уст-устига ўқ узилди. Валентина бўйни жаз этганини сезди, холос. У шалоп этиб сувга шўнғиди ва бир оздан сўнг ҳушдан кетди.

Майор билан старшина Валентина сувга сакраган жойда пастга эгилиб, бирон товуш эшитилармикин, деб анча вақт қулоқ тутиб туришди. Тун тинчлигини ҳеч нарса бузмади.

—Лаънати сирни ўзи билан олиб кетди,—деб пўнғиллади майор.—Бошқа изларни ҳам йўқотиш керак, старшина.

—Ҳеч қандай из қолмади чамамда?—деди бўлиб ўтган воқеадан ҳамон гаранг старшина.

—Шундай деб ўйлайсанми? Демак, хато қиласан. Постда қолган аёл-чи? У кўрди-ку, биз уни қувиб кетганимизни. Балки у ҳам жуфтакни ростлаб қолгандир?

Аёл постдан кетганича йўқ эди. У ҳозиргина етиб келган ДАН нспекторига бўлиб ўтган воқеаларни гапириб бераётган пайтда иккала милиционер қайтиб келишди. Майорнинг афти ангори унинг кайфияти ёмонлигидан далолат бериб турарди. Жувон сержантнинг пинжига тиқилиб олди.

—Старшина, гражданкани нариги хонага олиб чиқиб, менинг топшириғимни кутиб туринг!—амр қилди майор.—Менинг сержантга айтадиган гапим бор.

Старшина аёл билан нариги хонага ўтиб кетишди. Майор сержантга бўлиб ўтган воқеаларни қисқа ва лўнда қилиб гапириб берди. Гап орасида бу ишларга ҳаммалари тенг жавобгар эканликларини қистириб ўтди. Сержантни қўрқув босди.

—Яхши иш бўлмапти, ўртоқ майор,—дея талмовсиранди у.

Майорнинг жаҳли чиқди:

—Ўзим ҳам биламан, яхши иш бўлмаганини. Аммо бу ишлар қаерда содир бўлди, деб ўйлаб кўрмайсанми? Сенинг постингда! Постга аёл олиб келган, маишат ташкиллаштирган сен эмасми? Сен! Нима ҳаққинг бор эди шундай қилишга?!

—Хатомни тан оламан, ўртоқ майор.

—«Ўртоқ майор, ўртоқ майор» дейверасанми! Каллангни ишлатиб қара, атрофингда нима ишлар бўлаяпти ўзи?

Майор атайлаб сукут сақлади. Бундан сержантни баттар ваҳима босди.

—Тан олганинг яхши,—деди майор бир оз юмшаб.—Чиқсак тепамиз, ўлсак гўримиз бир бўлиши керак. Анави аёл кўп нарсага гувоҳ бўлди. Уни йўқотиш лозим.

Сержантга жон кирди:

—Бир пасда жўнатиб юбораман, ўртоқ майор.

—Қаерга жўнатиб юборасан? Эсинг жойидами ўзи, сен боланинг?! Қаерга жўнатасан? Ҳамма кўрганларини оқизмай-томизмай керакли жойга хабар қилиши учунми?

—Бўлмаса… нима қил, дейсиз?

—Уни бутунлай йўқотиш керак, вассалом!

—Ахир…

—Ахир-пахирингни билмайман! Қолаверса, сен ҳам шериксан бу ишларга. Ўйлаб кўр, бола. Мен кетиб, сен омон қолмайсан!—майор шундай деб қўлини тўппонча ғилофига олиб борди.

—Мен йўқ, дедимми? Фақат аниқроқ билиб олмоқчи эдим, холос,—деди сержант ранги ўчиб.

Майор хунук тиржайди:

—Ана энди ўзингга келдинг. Ҳа, дарвоқе, бу ишни кечиктирмаслик керак. Ҳар бир минут ғанимат. Бир ўқ билан хотиржам қил. Шовқин-сурон бўлмасин.

—Есть.

—Ҳозир уни сенинг олдингга чиқариб юбораман.

—Хўп  бўлади.

Майор старшина билан қўшни хонада кутиб турадиган бўлишди. Сержант ҳукмни ижро этишга ҳозирлик кўрди.

Бир неча дақиқа олдинги шошқалоқликдан дарак ҳам қолмаган эди ДАН нозирида.

Олдинда ўзини нималар кутаётганидан бехабар жувон «анови икковининг башараси қурсин, улардан қўрқиб кетаяпман», деб бидилларди. Унинг гаплари сержантнинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетаётганди. У деворга илинган автоматни қўлига олди, затворини шарақ-шуруқ тортиб, қўшни  хона эшигини тепиб очди:

—Қаршилик қилишнинг фойдаси йўқ, икковинг ҳам қуролларингни топширинглар!—деди эътирозга ўрин қолмайдиган оҳангда.

—Сержант, буюраман, аҳмоқлик қилма!—майор шундай деб қўлини тўппончасига узатди.

—Ўртоқ майор, буйруғимни бажармасангиз, отиб ташлайман!—сержантнинг важоҳати қўрқинчли эди. Бармоқлари автомат тепкисини босай-босай деб турарди. Унинг буйруғига бўйсунишдан ўзга чора қолмаганди. Ҳар икковлари ҳам қуролларини ғилофи билан сержантнинг оёқлари остига ташлашди.

—Айтиб қўяй ,қимир этсаларинг, огоҳлантирмай отаман!

Сержант тутқунларга автомат ўқталганча ҳаво телефони тугмачасини босди. Бир неча сониядан сўнг энг катта ДАН постида содир бўлган воқеа вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг қулоғига етиб борди. Рациядан полковникнинг:

—Сержант, бардам бўл, ҳозир ёрдам етиб боради!—деган ўктам товуши янгради.

Бу вақтда осмон бўзариб, тонг отиб келаётганди. Бир оздан сўнг шаҳар тарафдан милиция машиналарининг ваҳимали сигнали  эшитилди.

Майор оппоқ сочли бошини осилтирганича йиғлаб юборди.

 XV. ҚОНЛИ БАЗМ

«Соҳилбўйи» ресторанидаги можародан бир ҳафта ўтказиб Ҳафиз бошлиқ улфатлар қишлоққа— Уйғунникига борадиган бўлишди. Авваллари тез-тез бориб туришган бўлса-да, бир воқеа сабаб бу қишлоқдан қадамлари тийилган эди. Аниқроғи, охирги марта боришганига уч йилдан ошди.

Уйғун жўраларини дабдабали кутиб олди. Қишлоқдаги якка-ю ягона ресторанда меҳмонлар шарафига базми жамшид уюштирди. Ўртаҳол колхозчининг бир тўйга қиладиган сарф-харажати кетган базм чўзилганидан-чўзилиб, вақт хуфтондан ошганда «иккинчи даражали» меҳмонлар туриб кетишди. Ана шундан сўнг жўралар олдидаги дастурхон янгиланди.

Улфатларнинг кайфи баланд, баъзиларининг, айниқса, жўра-боши Ҳафизнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Уч йил бурун худди шу ресгоранда бўлиб ўтган, юқорида шама қилиб ўтилган воқеа эсига тушган Ҳафиз қасос ўтида тўлғона бошлади. Қўллари мушт бўлиб тугилди. У Уйғуннинг қўлидан шап этиб ушлади-да, ўзига қаратди:

—Уйғун, эсингдами, роса уч йил бурун худди мана шу ерда битта мишиқи билан муштлашганимиз?

—Эсимда, ошна, эсимда. Роса таъзирини бергандик ўша мишиқининг. Бу ҳам камлик қилгандек, қаматиб юборганмиз. Сенинг отингни эшитса етти тоғ ошиб қочса керак,—Уйғун ошириб гапириб юборганини сезди-ю, сир бергиси келмади.

Бу гаплардан Ҳафиз мамнун тиржайди.

—Яқиндан қамоқдан чиқиб келди,—деб қўшиб қўйди Уйғун.—Мен шаҳардалигимдан фойдаланиб, шефликка даъво қилиб юрганмиш.

Ҳафиз шалоқ сўзлар билан сўкинди, сўнг:

—Демак, уч йил камлик қилган экан-да?—деб вишиллади.—Йигитлар, баччағар билан яна бир гаплашиб қўймаймизми?

Ҳозиргина оғзи билан ўроқ ўриб ўтирган жўралар пилдир-пис бўлиб қолишди.

—Ие, юрак деб ўпкани кўтариб юрган экансизлар-ку?—деб ёзғирди Ҳафиз.—Мен бир ўзим гаплашиб қўяман ўша угаловник билан. Уйғун!

—Мен шу ердаман.

—Топиб, ҳузуримга олиб келиш қўлингдан келадими?

—Келади.

—Бўлмаса, жўна.

—Сенинг гапинг манга қонун. Лекин…

—Лекининг нимаси?

—Вақт кеч бўлди. Шу  ишни эртага қолдирсак-чи?

—Йўқ, бўлмайди! У билан ҳозирнинг ўзида гаплашиб қўйишим керак, тушундингми? Ҳозирнинг ўзида! Ё қўрқаяпсанми!?

—Гаплашадиган сен, нега мен қўрқар эканман? Топиб кел, десанг, топиб келганим бўлсин,—шундай деб Уйғун меҳмонларга хизмат қилиб юрган, қўл-оёғи чаққон йигитлардан бирини «Ернинг остидан бўлса ҳам Элмуродни топиб кел!» деб жўнатиб юборди.

Элмурод бир камбағал колхозчининг ўғли бўлиб, бир қаричлигидан бошлаб Уйғунга ўхшаган кеккаймачоқ, орияти йўқ бойваччаларни жини суймас, шу сабабли пайтини топди дегунча улар билан дўппослашиб, хуморидан чиқишни яхши кўрарди. Бориб-бориб қишлоқ йигитлари «камбағаллар» ва «бойваччалар» деган иккита гуруҳга бўлиниб муштлашадиган бўлди. Табиийки, «камбағаллар» гуруҳининг сардори Элмурод эди. «Бойваччалар» гуруҳига гоҳ Уйғун, гоҳ унинг шаҳарлик гумашталари бошчилик қиларди. Бир гал Уйғун Ҳафизни жўралари билан қишлоғига чақириб меҳмон қилди. Бундан мақсади Элмуродни қайириб олиш эди. Муштлашувда Уйғуннинг тарафдорлари калтак еди, айниқса, Ҳафизнинг юз-кўзи мўматалоқ бўлди. Мансабдор отаси тафтиш қилиб, айбдорларни аниқлади. Элмуродни судга бермб, уч йилга кестирди.

Мана, тақдир уларни яна учраштирадиган бўлиб турибди. Чопар йигит Элмуроднинг дарвозасини гурсиллатиб ура бошлади. Анчадан сўнг ҳовлидан:

—Ким у?—деган овоз эшитилди.

—Элмурод керак эди.

—Кимсан, ярим хуфтонда Элмуродда нима ишинг бор?!

—Уйғун деган жўрасиникига меҳмонлар келишган. Элмуродни келсин, деб мени жўнатишди.

—Соат неча бўлганини биласанми, ўзи? Меҳмонга борадиган вақтми ҳозир. Бор, йўлингдан қолма!

Чопар Уйғуннинг феълини яхши билади—Элмуродсиз борса савалайди. Шу боисдан ялинишга ўтди:

—Жон амаки, Элмуроднинг ўзини чақириб беринг, ўзига айтай, бормаса-бормас.

—Жўна, дедим сенга! Бўлмаса, ҳозир чиқиб адабингни бераман!

Шу пайт дарвоза ортидан Элмуроднинг овози эшитилди:

—Ота, ким билан гаплашаяпсиз?

—Э, биттаси, сени сўраяпти. Чиқма, ўғлим.

Чопар йигитга жон кирди:

—Элмурод, бу менман. Уйғун жўраларига зиёфат бераяпти. Сени, албатта, келсин деб мени юборди.

—Уйғуннинг менда нима иши бор экан, айтмадими?

—Йўқ ,айтмади.

—Меҳмонлари кимлар?

—Шаҳарлик Ҳафиз дегани, яна икки-учта…

—Тушунарли. Менинг уларда ишим йўқ. Бориб шундай деб айт!

—Элмурод, ошна, бундай қилма. Менинг билишимча, Уйғун ҳамманинг олдида сен билан ярашмоқчига ўхшайди. Юр.

—Мен шаҳарлик бойваччанинг ялоқхўри билан ярашмайман. Бориб айт.

—Нега чақираётганини айтайми?

—Айтгинг келаётган бўлса, айтавер.

—Ҳафиз «Элмурод мендан қўрқади, мен бор жойга келишга ҳадди сиғмайди», деди. Демак, сен ундан қўрқар экансан-а?

—Мен Ҳафизингдан ҳам, бошқасидан ҳам қўркмайман.

—Бўлмаса юр, қўрқмаслигингни ўзларига айт.

Элмурод қўл силтаб, дарвозадан кириб кетаётганди хабарчи йигитнинг сўнгги гапини эшитиб, таққа тўхтади.

––«Элмурод қамоқдан «анақа» бўлиб келган, шу сабабли одамларга кўринмай юрибди», дейишди. Наҳотки сен шу иснодга чидаб юраверасан?

—Ёлғон! Бу гапларни ўзинг тўқиб чиқаргансан!—деб бўкирди Элмурод йигитни гирибонидан бўғиб ушларкан.

—Нон урсин, шундай деди!

—Агар ёлғон айтган бўлсанг, ичагингни бошингга салла қиламан?! Қани, олдимга туш!

—Ҳой, бола, шайтонга ҳай бер, борма ўша касофатларнинг олдига!—Элмуроднинг йўлини тўсди кекса ота.

—Ота, йўлимдан қочинг! Эшитдингиз-ку, мен ҳақимда нима дейишганини?!

—Ит ҳураверади, карвон ўтаверади. Борма, болам!

Элмурод бир силтаниб, чолнинг қўлидан чиқди. Кекса ота қоронғулик бағрига сингиб бораётган йигитлар орқасидан қоқсуяк қўлларини чўзганча ўкириб қолаверди:

—Борма, болам! Борма-а-а…

 * * *

Уйғун Элмуродни олиб келиш учун чопар юборганига сўнгроқ пушаймон қила бошлади. Элмурод келса жанжал чиқиши тайин. Жўралар биров билан олишиш нари турсин, оёқда зўрға туришга ҳам ҳоллари йўқ. «Эй, худо, Элмурод шу кеча уйида бўлмасин-да. Мен аҳмоқ бўлмасам, шу девона Ҳафизнинг бодига учаманми. Йўқ десам мени тилимдан осармиди».

—Ана, келишди,—деди кимдир. Чағур-чуғур гаплашаётган сархуш улфатларнинг дами ичига тушиб кетди. Бундан Ҳафизнинг аччиғи чиқди:

—Намунча нафасларинг ичларингга тушиб кетди? Келаётган азройил эмасми, ишқилиб? Йўғ-е, Элмурод деган мишшиқи-ку.

Ресторан эшигидан кирган Элмурод ҳам Ҳафизнинг бу гапини эшитди. У қўлларини кўксига қовуштирди-да, гўё бу ерда Уйғундан бошқа одам йўқдек унга юзланди:

—Чақиртирган экансан, мана, мен келдим.

Элмуроднинг важоҳатини кўрган «марди майдон» жўраларнинг тили танглайида қотди.

—Уйғун, адашмасам мени сен чақиртиргансан? Гапинг бўлса, айт.

—Нимангга ишониб бунча кериласан?!— иддао қилди жўраларидан садо чиқмаганидан аччиқланган Ҳафиз.––«Ўтириб келганман, ҳамма мендан қўрқади», деб ўйлаётган  бўлсанг хато қиласан.

Элмурод унга совуқ назар ташлади-да, босиқлик билан деди:

—Ўзимга ишонмасам келмасдим. Чақирган экансанлар, келдим. Дардинг бўлса айт, менинг вақтим йўқ.

Элмуроднинг табиатидаги ювошлик жўраларни алдаб қўйди. Улар чағир-чуғур гапга тушиб кетдилар. «Бир марта боплаб таъзирини бериб қўйсак, абадул абад юзимизга тик қарамайдиган бўлиб қолади». Уларнинг ўйлаганини Ҳафиз тилига чиқарди:

—Ушланглар уни!

Ҳаммалари ҳимоясиз йигитга ташланишди. Элмурод қаршилик кўрсатмади. Фақат уларни инсофга чақирган бўлди:

—Мен сизларга нима қилдим? Чақирдиларинг—келдим. Ярим кечада уйқудан қолдириб олиб келганларингнинг сабабини билсам бўладими?

«Ҳе, бечора, адойи тамом бўлган экан. Қамоқ жонини олибди. Ҳатто қаршилик қилишга ҳам қўрқаяпти».

—Ҳей, Уйғун, мени шунинг учун чақиртирган эдингми? Уйғун кўзларини олиб қочди. Унинг ўрнига Ҳафиз жавоб берди:

—Ҳа, шунинг учун. Яна… яна сени лагердан «анақа» бўлиб келган, деб эшитдик. Синаб кўрмаймизми, йигитлар? Элмуродбек бугун Элмуродгул бўлиб даврамизда соқигуллик қилади!

Шу вақттача тишини тишига қўйиб турган Элмуроднинг кўзларига қон қуйилди. У рўпарасида беҳаё қилиқлар қилиб, жўраларини кулдираётган Ҳафизнинг киндигидан пастроғига зарб билан тепди. Ҳафиз «их» деганича олдини ушлаб ўтириб қолди.

Элмурод ҳар қанча силтанмасин, жўраларнинг қўлидан чиқиб кетолмади. Уни ресторан ўртасидаги нақшинкор устунга тортиб боғладилар.

—Тепиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сенга!—шундай деб Ҳафиз ўрнидан туриб, Элмуроднинг юз-кўзи аралаш калла қўйди.—Ур! Ур, ўлсин!—деб бақирди сўнг қутирган шерикларига қараб.

Зарбаларнинг зўридан Элмурод боғлаб қўйилган тасма тарс этиб узилиб кетди. Бу йигитнинг жонига оро кирди. У рўпарасидан мушт тушираётган йигитни бир уриб учириб юборди, иккинчисини итариб ташлаб, Ҳафиз томон отилди. Улфатлар кўз ўнгида бир вақтлар ҳаммани зир титратган Элмурод бутун бўй-басти билан пайдо бўлди. Улар беихтиёр орқага тисарилишди. Элмурод билан Ҳафиз юзма-юз туриб қолишди.

Уч йил қамоқда кечган умр учун, бугунги ҳақоратлар учун интиқом олиш соати етиб келгандек эди. «Ҳафиз ўлиши керак! Бундайларнинг ер босиб юришга хаққи йўқ. У ўлимни ўзига ўзи сотиб олди. Шерикларини ҳам омон қўймайман!»

Элмурод пахмоқ соч рақибининг томоғидан хиппа бўғиб кўтарди. Мана, ўша интиқом они!

Лекин тақдар бошқача ҳукм чиқариб қўйган эди.

Орқадан биқиниб келган Уйғун қаердандир  қўлига тушган тўқмоқ билан Элмуроднинг бошига урди. Элмурод гир-гир айланди-да Ҳафизнинг оёқлари осгига қулаб тушди. Ҳамма ёққа қон сачради.

Улфатлар ғалаба нашидасини суришга улгуришмади. Юракларни тилкалаб ташлайдиган ҳайқириқ ҳаммани эшик томонга бурилиб қарашга мажбур этди. У ерда сарпойчан, бош яланг чол милтиқ ўқлатиб турарди. Бу Элмуроднинг отаси эди.

Икки марта варанглаб ўқ отилди.

Димоқларни ёрувчи тутун кўтарилиб, дахшатли манзара кўзга ташланди: ресторан ўртасида қўлларини икки томонга ёйиб юборган Элмурод юзтубан ётибди. Унинг мажақланган бошидан ҳамон қон силқиб турибди, боши атрофида каттагина кўлмак пайдо бўлган. Гўёки қилмишига пушаймон бўлган-у, узр сўрамоқчи бўлгандек Уйғун Элмуроднинг оёқларига бош қўйган. Устунга орқаси билан суянганча ўтириб олганҲафиз қўллари билан юзларини беркитган. Бармоқлари орасидан енгига чак-чак қон томиб турибди.

Қонли базмнинг бошқа иштирокчилари бир пасда тумтарақай бўлиб кетишди.

Қишлоқ узра фарёдли ўкирик эшитилди:

— Вой, бола-а-ам!..

XVI. ИВАН

1

Андрейнинг қиссаси Баротни қизиқтириб қолди. Отасининг қотиллар қўлида ҳалок бўлганини эшитгач, бу йигитга қандай ёрдам берсам бўлар экан, деб ўйлай бошлади.

—Мана, менинг достонимни эшитдинг—деди Андрей.—Хўш, балки сен ҳам ўзинг ва ўзингникилар ҳақида гапириб берарсан?

Барот ота-онасининг автоҳалокат туфайли ҳалок бўлишганини, ҳали уйланмаганини қисқагина қилиб гапириб берди. Андрей эса у ҳақда кўпроқ нарсани, айниқса, қамалиш сабабларини билмоқчи эди. Бу йигит ўғрилик қилгандир ё қаллоблик қилгандир? Андрей ўғриларни ҳам, қаллобларни ҳам, одам ўлдирганларни ҳам ёмон кўрарди. Агар Барот шу тоифадагилар сирасидан бўлса, у билан пачакилашиб ўтирмасдан хайрлашгани маъқул. Аммо Баротнинг чин дилдан гапираётгани, арзимаган сабаб билан қамаб қўйишганини фаҳмлаган Андрей суҳбатдошини бағрига босди:

—Мана, оғайничалиш, энди икковимиз ҳақиқий дўст бўлдик,—деди Андрей терисига сиғмай.—Икковимизнинг тақдиримиз жуда ўхшаш экан. Балки тақдир атайлаб икковимизни учраштириш учун қамоққа ташлагандир? Агар шундай тасодиф бўлмаганда, балки учрашмас эдик, а?

— Рост айтасан, дўстим, ҳар ёмонликнинг бир яхши томони бўлади, дейдилар. Ноҳақ тортган азобларимиз эвазига дўстлашишни муяссар этган тақдирдан хурсандман,—шундай деб Барот томирида ҳам ўзбек, ҳам украин қони оқиб турган дўстини қучоқлаб, кўтариб гир-гир айлантирди. Максим тоға йигитларнинг бир-бирини ялаб-юлқашидан завқланиб кетди. У ишини қўйиб, йигитларнинг олдига келди.

— Болаларим,—деди Максим тоға,—ҳақиқатдан ҳам бугун бизнинг кўҳна қабристонимизда байрам қилса арзийдиган сабаблар бор. Мана, сизлар ака-ука тутиндинглар. Қолаверса, яна битта зўр сабаб бор. Бунинг сизларга қизиғи бўлмаслиги ҳам мумкин.

— Тоға, ўша сабабни биздан яширманг, илтимос қиламиз,—икковининг номидан илтимос қилди Андрей.

— Қўймадинг-қўймадинг-да, майли, айтганим бўлсин,—кўнди чол.—Бугун камина етмиш ёшга тўладилар!

Йигитлар тоғани астойдил табриклашди.

—Ҳали бу ҳаммаси эмас,—деди тоға кўзларини муғамбирона қисиб.

— Сиз қабристон султони эмас, сирли сандиқ ҳам экансиз-ку,—ҳазиллашди йигитлар.—Қани, бўлмаса эшитайлик?

— Роса қирқ йил бурун бир мажруҳ рус аскари ўзи учун етти ёт бегона ўзбек қишлоғига кириб келади. Унинг қопчиғида госпиталда даволанаётган ўзбек жангчисидан унинг ота-онасига салом хати ва совға-салом бор эди. Хушхабар келган хонадонда тўй бўлиб кетди. Элга ош тортилди. Сўнг бутун қишлоқ рус йигитини галма-галдан меҳмон қилди. Хуллас, аскарнинг қайтадиган куни ҳам келади. Аммо у қаерга ҳам борсин, ота-онасини, ёшгина хотинини немислар отиб ташлашган, қишлоғининг қўлини кўкка совуришган бўлса?

Аскарнинг фожиаси ҳақида дўсти ота-онасига юборган хати-да ёзган экан чамаси улар уни шу ерда қолишга, ҳеч бўлмаса, уруш тугагунча қолишга кўндиришади. Унга бу қишлоқ одамлари ўз туғишганларидек қадрдон бўлиб қолишди. Ҳашар қилиб, бошпана қуриб беришди. Колхозда ишлади. Бахтини ҳам шу ердан топди. Фронт орқасига кўчириб келинганлардан Оксана исмли малла соч жувон билан турмуш қурди. Фарзандлик бўлишди. Вақт бир ерда тўхтаб турмайди. Уруш тугади. Олисдан келганлар аста-секин ватанларига қайта бошладилар. Аммо тан ва дил жароҳатларига шу халқ бағрида малҳам топган собиқ аскар, хотини Оксана ва ўғли Иван Максимич бу қадрдон ердан кетишни хаёлларига ҳам келтиришмас эди.

—Максим тоға, бўлди, мен топдим ўша собиқ аскар кимлигини!—деб қийқирди Андрей.—Ўша сиз эдингаз. Ё хато қилдимми?

—Оббо, билағон-ей. Тўғри топдинг, ўша мен эдим. Ўшанда мен ўттизни қоралаган бўз йигит эдим.

—Демак, отахоннинг етмиш йиллигини, меҳмондўст ўзбек қишлоғига келиб қолганининг қирқ йиллигини нишонлаш керак!—тантанали оҳангларда эълон қилди Барот.—Хўш, байрам дастурхонини қандай безаймиз, юбилярга нима совға қиламиз?

Ҳазил-хузулдан берилган бу савол  ҳар иккала йигитни ҳам ўйлантириб қўйди. Уларда на совға қилиш, на дастурхон тузаш учун  имконият бор эди. Аммо Максим тоға уларни хижолатдан қутқарди:

—Совға-повғаларинг керак эмас, болаларим. Ароқ бўлса бор. Газагига шўр бодрингдан яхшироқ нарса бўлмаса керак. Қани, дастурхонга марҳамат!

Қабристон қоровулининг хонасида якка-ю ёлғиз темир кружка қўлма-қўл айланди. Кружка айланган сари тилларнинг чигили ечилиб, дилдаги ғам-андухни ҳам ювиб кетди.

Кайфи ошиб қолган чолнинг кўзларида ёш милтиллади. У ростакам йиғлаётган эди. Йигитлар бир-бирларига қараб олишди.

—Мени авф этинглар, чироқларим,—кўзларидаги ёшни кафтининг орқаси билан сидириб ташлар экан, йиғламсираб сўзлади Максим тоға,—Ўғлим Иван эсимга тушиб кетди. Уни бутун қишлоқ аҳли Иван Поддубний дер эди. Поддубний деса арзигулик пахлавон йигит эди у.

—Нега «эди» деяпсиз? Унга нима қилглн?  —сўради Барот юраги «шув» этиб.

—Болагинам колхоз фермасига тушган ёнғинни ўчираман деб ҳалок бўлган. Ўшанда йигирма уч ёшда эди. Ўзим билан фермада ишларди…

Оҳ, унинг кураш тушганларини кўрсангиз эди. Ўзбекча курашнинг ҳадисини олганди. Йигирма ёшида манман деган полвонларнинг курагини ерга тегизди. Иван кураш тушмаган тўй-тўй бўлмасди. Олис-олислардан унинг курашини томоша қилиш учун одамлар келишарди. Аммо бола сира пул учун даврага тушган эмас. Орияти жуда кучли эди унинг. Бир куни қаердандир, четдан келган полвон шу ерлик курашчиларнинг барини йиқиб, бош совринни олиб кетди. Бу вақгда Иван подани тоққа ҳайдаб кетган, қишлоқда йўқ эди. Бир мунча вақтдан кейин овуллардан бирида бўладиган тўйга ўша полвон ҳам келармиш деган овоза тарқалди. Белгиланган куни катта-ю кичик ўша ёққа жўнадик. Хуллас, кураш бошланди. Ёш-ялангдан сўнг катта полвонлар давра айланишди. Бош совринга ўша донгдор полвон даъвогар бўлиб давра айланди. У одамдан кўра кўпроқ девга ўхшарди. Даврабоши давра айланиб, полвонларни даъват эта бошлади. Аммо биров миқ этмайди. Хуллас, бу гал ҳам бош соврин давангир полвонда кетиши аниқ бўлиб қолди. Ахир раисимиз чидаб ўтиролмади, туриб менинг олдимга келди:

—Максим Иванич,—деди хижолатомуз,—кўриб турибсан, манави полвон бугун ҳам юзимизни ер қилиб кетадиган бўлиб турибди. Рухсат бер, Иван шу полвон билан икки қўлгина олишсин. Йиқилганни ер кўтаради, деган гап бор. Йиқитса уни орқасига ортмоқлаб олиб кетмайди-ку. Хуллас, гап шу—Иванга рухсат бер. Бор-йўғи икки қўл олишсин. Ўзим ажратиб қўяман.

—Олишадиган  у, Иваннинг ўзидан сўра, раис,—дедим.

—Яша, шоввоз, ўғлинг сендан ҳайиқиб ўтирганди. Қани юр, ўзинг айт унга.

Ўғлим мендан розилик олганча, ўзбек одатига кўра даврадан фотиҳа олиб, давангир полвонга рўпара бўлди. Анча вақтдан бери муносиб рақиб бўлмаганлиги сабабли совринларни текиндан-текин олиб ўрганиб қолган полвон уни ёш бола фаҳмлаб, писанд қилмади. Бора солиб Иванни туртиб юборди. Иван даврада ўзаро ҳурмат бўлишини севарди. У ҳеч вақт рақибининг иззат-нафсига оғир ботадиган иш қилмасди. Шу сабабдан давангир полвоннинг қилиғидан аччиғи чиқди. Давангарнинг турткисидан Иван ўзини қандай  ўнглаб олди,қандай усул ишлатди, билмай қолдим. Бир вақт қарасам давангирни ердан озод кўтариб, алла қилиб, ерга урадиган бўлиб турибди. Аммо тоши ўзидан уч-тўрт марта оғирроқ келадиган рақибини кўтариб туролмай, орқага оға бошлади. «Тамом!» деб ўйладим. Бу даҳшатни кўрмай деб кўзларимни чирт юмиб олдим. Бирдан қий-чув бўлиб кетди. «Ҳа, бечора болам, ҳаммага шарманда бўлдинг», деган ўй билан қўрқа-писа кўзимни очсам, чанг-тўзон ичида давангир полвон чалқанча ётибди. Иван гўё ҳеч нима бўлмагандек бир четда кулиб турибди. Шу-шу бўлди-ю, Иваннинг номига Поддубний деган номни қўшиб айтадиган бўлишди. Ҳалиги номдор полвон эса бу томонларга бошқа келмай кетди.

Оҳ, болагинам, ана шундай кучга тўлган бир пайтда ҳалок бўлди.

Бир куни тонгга яқин колхоз фермасига ўт кетди. Тўрт юз бош қорамол бир ерда сақланарди. Ферма ҳовлисига хашак тоғдек-тоғдек скирд қилинган. Скирдлар гур-гур ён бошлади. Оловнинг тафтидан молхонага яқинлашиб бўлмайди. Аксига олиб молхонанинг орқа эшиклари симбуров қилиб ёпиб ташланган. Бир вақт Иван девор ошиб, молхона томонга чопди. Эшиклардан бирини синдириб, молларга йўл очди. Бу пайтда молхона томига ўт кетди. Иван сигирларни ҳайдаб чиқмоқчи бўлдими, молхона ичида кўздан ғойиб бўлди. Худди шу вақт том босиб қолди. Ўт ўчирувчилар етиб келишади. Иванни тўсин босиб қолган экан. Олиб чиқишганда ҳали жони узилмаганди. У жон бераяпти-ю «Моллар ҳаммаси қутқазилдими?» деб сўрайди.

Шўрлик хотиним ўғлининг доғига чидай олмади. Шундай қилиб, бир ой ичида энг азиз икки кишимни тупроққа топширдим. Уларни ана шу қабристонга дафн этдик. Ўғлим ва хотинимни ташлаб мен қаерга ҳам борардим. Колхозни ташлаб шу ерга кўчиб келдим. Ўлсам мени ҳам ўғлим билан хотинимнинг ёнига кўмишар.

Максим тоға кўзларидан оқаётган шашқатор ёшларини енги билан артди-да, хўрсиниб қўйди:

—Майли, ўтган ишга саловат, болаларим. Сизларни кўриб, Иванимни кўргандек бўлдим, кўнглим бузилди. Сизларнинг ҳам кайфларингни буздим. Аслида анча вақтдан бери йиғлай олмай юргандим, дардларим ичимда тўпланиб қолганди. Мен қарияни маъзур тутинглар. Шу қадаҳни менинг марҳум фарзандим ва хотиним учун ичишларингизни сўрайман…

Учови ҳам ўринларидан туриб, галма-галдан кружкадаги ароқни сипқоришди.

 * * *

Кун давомида яккам-дуккам зиёратчиларни ҳисобламаганда Андрей билан Баротни ҳеч ким безовта қилмади. Икки оғайни кечгача думалаб ётишди. Кечқурун уларда сархушликдан нишон ҳам қолмади. Улар эртаги кун режаси устида бош қотира бошлашди. Лекин ҳеч бирининг бошига ақллироқ фикр келмади. Уларнинг гарданида «қочоқ» деган тавқи лаънат осиғлиқ турар, қўлга тушиб қолишса уларга ҳеч ким марҳамат қилмаслигини билишарди. Андрей яна бир неча кун Максим тоғанинг қоровулхонасида қолиб, қулай пайт келишини пойламоқчи, Барот эса шу тундаёқ Эшонқишлоққа кетмоқчи. У нима бўлса ҳам Гўзалнинг ҳолидан хабар олишни ўзининг бурчи деб биларди. Максим тоға билан Андрей Баротни ҳарчанд бу фикрдан қайтармоқчи бўлишмасин, у қайсарлик билан сўзида туриб олди.

Максим тоға билан Андрей Баротни катта йўлгача кузатиб қўйишди. Йигитлар қучоқлашиб хайрлашишди.

 2

Барот ярим хуфтон чоғи Саркашдарё кўпригига етиб келди. Бу ерда иккита кўприк ёнма-ён қурилган бўлиб, бири тарихий архитектура обидаси сифатида сақлаб қўйилган. Кўприкни қадимий кўринишига келтириш учун анча-мунча ҳаракат қилинган. Ҳатто ҳозир ҳам кўприкнинг қоқ ўртасида кўприксозларнинг вагон уйчаси савлат тўкиб турибди. Сал нарида янги, маҳобатли кўприк қурилган. Ҳар иккала кўприк ҳам неон чироқлари билан ёритилган. Бу ердан сезмасдан ўтиб кетиш амримаҳол. Барот бир зум иккиланиб қолди. Йўл ва йўлаклар бўм-бўш, на одам зоти, на биронта йўловчи транспорт кўринади. Бу унга хотиржамлик бағишлади. Янги кўприкдан тез-тез юриб кетди. Нариги соҳилда, кўприк тугаган жойдан нари борса йигирма қадамча ерда қоронғилик бошланарди. Нажоткор қоронғилик тобора яқинлашмоқда. Аммо кутилмаганда шундоққина ёнгинасида ҳуштак эшитилди. Йўқ, бу милициянинг ҳуштаги эмасди. Кўпинча йўлтўсарлар шундай ҳуштак чалиб, бир-бирини хабардор қилади. Барот таққа тўхтаб, ҳуштак эшитилган тарафга қаради. Ердан чиқдими, осмондан тушдими, икки қадамча олдинда бир барзанги пайдо бўлди. Орқа тарафда эса яна учтаси қаққайиб турибди. Барот вазиятни чамалаб кўрди. Қочишнинг иложи йўқ—орқага ва олдинга йўллар кесиб қўйилган. Фақат хотиржамликни қўлдан бермаслик керак.

—Чакишдан борми?—гулдираган товушда сўради барзанги.

—Йўқ, чекмайман.

—Оббо, ҳали чекмайман, де? Чўнтакларингни бир ағдар-чи!

—Рост айтаяпман, бўлса берардим.

Барзанги секингина ҳуштак чалган эди, орқа тарафдаги йигитлар Баротни ўртага олишди. Уларнинг турқи совуқ, қўлларида пичоқ ялтирайди. Пичоқ ушлаган қўлларга қараб уларнинг анча тажрибасиз эканлигини пайқади. Қандай бўлмасин, йўлтўсарларнинг ҳушёрлигини пасайтириб, ўзига йўл очиши керак.

—Мана, киссаларим бўм-бўш, ўзларинг кавлаб кўринглар,—деб қўлларини баланд кўтариб турди Барот.

—Ҳақиқатдан ҳам ҳеч вақоси йўқ экан лаънатининг,—деб сўкинди Баротнинг киссасини титиб чиққан йўлтўсар.

—Ундай бўлса, кийимларини ечиб ол! Туфлисини қара, яп-янги экан,—амр қилди ўғрибоши. —Қани, туфлийингни еч!

—Мана, акалар, фақат шимимни қолдиринглар?

—Шимингниям ечасан!

—Майли, акалар.

Ювош «мижоз» йўлиққанидан хурсанд бўлган йўлтўсарлар унинг қўлларини бўшатишди. Барот туфлисининг боғичларини ечмоқчи бўлгандек ерга энгашди. Шу алпозда биринчи зарбани ўғрибошига йўналтирди. Йўл ўртасида қоядек турган барзанги «их» деган товуш чиқарди-ю, яшин урган дарахтдек қулади. Икки тарафда турган йўлтўсарлар нима гаплигини фаҳмламасданоқ ерпарчин бўлишди. Фақат анча четда турган қароқчигина қутилиб қолди. У бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Баротнинг бу ерда қиладиган бошқа иши қолмаганди. У тез-тез юриб, қоронғулик бошланган жойга етиб олди.

Орқа тарафда машина чироғи кўринди. Машина кўприкда тезликни пасайтирди. Суллайиб ётган одамларни босиб кетмаслик мақсадида уларни айланиб ўтди-да, сўнг жон-жаҳди билан олға отилди. Юк машинасининг ўтакаси ёрилган ҳайдовчиси йўл четида турган йўловчини пайқамади ҳам. Мушукдек чаққон Барот машина орқасидан бироз чопиб борди-да, бортга осилиб, кузовга чиқиб олди.

У орқага қаради-бошига кулфатлар келтирган шаҳар чироқлари тобора узоқлашиб борарди. Олдинда эса зулумот ҳукмрон. Юк машинаси қоронғулик бағрини пора-пора қилганча олға югурарди.

Барот дилида қувончга ҳам, ғуссага ҳам ўхшамайдиган туйғулар туғёнини босишга беҳуда уринар ва:

—Ҳеч нарса тўғрисида ўйламаслик керак, ҳаммаси жойига тушиб кетади,—деб ўзини ишонтирмоқчи бўларди.

Эшонқишлоққача ҳали анча бор. Барот машина кузовига ёнбошлади…

 XVII. ОТА ҚИЗИНИ АХТАРАДИ

 Шайтоннинг гапига кириб, қизини оқ қилган Сирож бобо ўзини қўярга жой тополмайди. Нима бўлгандаям фарзанд. Ўлганга куйгандан тирикка куйган оғир бўларкан. Ўйлаб ўйининг охирига етолмайди.

Ниҳоят, Чўлободга бориб келишга аҳдланди. У ердан ҳам дараги чиқмаса худодан кўради.

Бобо бомдодни ўқиб бўлиб, кампирини ёнига ўтиришга буюрди:

—Мен қизингни дараклаб кетаяпман. Улгурсам кечгача қайтаман. Балки бир-икки кун қолиб кетарман. Уйнинг гапи кўчага тўғри келмайди, хотин. Мени сўраганларга бирон жўяли жавоб берарсан. Зинҳор-базинҳор қиз қидириб кетганлигамни оғзингдан чиқарма! Менга қиз эмас, бир дунё  ғам берган экан Эгам. Болалигида қизамиқ-пизамиқдан ўлиб кетганда бунчалик куймасдим.

—Астағфурилло денг, дадаси, астағфурилло денг. Худонинг иродасидан ташқари битта похолниям у ёқдан-бу ёққа олиб қўйиб бўлмайди. Яхши кунгаям, ёмон кунгаям шукр қил, деб ўзингиз ўргатасиз-у, бундай куфр гапларни гапирасиз. Ноумид шайтон. Шояд Гўзалхон юрган бўлса тупрокдан ташқарида соғ-саломат.

Бобонинг кўзларида ёш ҳалқаланди. У тўнининг енги билан кўзларини артди:

—Билмадим, худога нима ёмонлик қилган эканманки, менга бу кўргуликларни кўрсатиб турибди. Майли, Оллоҳдан келганига қойимман. Аммо-лекин қиз фарзандинг ноқобил чиқмасин экан… Агар қизинг таги паст онасига тортиб, унинг йўлига кирган бўлса, бунинг номусига қандай чидайман? Эллик йиллик тоат-ибодатим куйиб кул бўлмайдими, кампир!?

—Ота бўлиб душманнинг гапини гапиряпсиз? Онаси ўз йўлига. Бир қаричлигидан онасининг эмас, сизнинг тарбиянгазда ўсди. Шайтони лаъин кимларни йўлдан урмайди. Гўзалхон ҳам бир хато қилди-қилди-да. Йўлдан урганни худо ўзи урди-ку? Жувонмарг ўлгурнинг умри қамоқларда чиридику! Шундан сўнг ҳам ўзингизни бир сўраб бордингизми? Бизларни ҳам қўймадингиз…

—Бас қил, кампир! Сен айтмасанг ҳам гуноҳкор ўзим эканлигимни тан олаяпман-ку. Ярамни тирнаб, туз сепмасанг-чи!

Кампир жим бўлди. Чол бироз  жим турди-да, сўзида давом этди:

—Дунё нотинч, кампир. Одамлардан меҳр-оқибат кўтарилган, диёнатсизларнинг пичоғи мой устида, ўнг кўз чап кўзни ўйсам деб турганга ўхшайди. Шунисидан қўрқаман. Қизинг кетганига фалон кун бўлган бўлса.

—Дунёга ҳеч вақо бўлгани йўқ. Дилгир бўлганингиз сабабли сизга шундай туюлаяпти.

—Йўқ, кампир, сен уйда ўтирган одамсан, дунёнинг ишларидан бехабарсан. Кеча Оқпўлат қишлоғига жанозага бориб келдим. Бундан хабаринг бор. Бипасанми, ўша қишлоқда бир йўқсилнинг йигирма беш ёшдаги ўғлини уч-тўртта бойваччанинг болалари ҳазил-ҳузилдан уриб ўлдиришибди.

—Вой!

—Бу ёғини эшит. Ўлган йигитнинг отаси ўлдирганларни отибди.

—Ажаб қипти, хўп қипти!

—Сен шундай дейсан-да. Отган билан ҳеч кимни ўлдиролмапти. Биттасининг кўзи чиқибди, яна бирини ўқ сал  тирнаб ўтибди.

—Улардан ўлим ҳам ҳазар қилар эканда-а?

—Ҳа, кампир, тўғри айтдинг. Аммо-лекин яхшига кун, ёмонга ўлим йўқ дегани рост экан. Қотиллардан бирининг отаси катта амалдор дейишди. Ўша амалдор ўлган йигитнинг отасига «Даъвонгдан кечмасанг, умрингни турмада чиритаман!» деганмиш. Бечора отани ҳатго ўғлининг жанозасига ҳам қўйишмади.

—Астағфурилло, ҳам  ғарлик, ҳам пешгирлик эканда.

—Шунинг учун айтаман-да, дунё нотинч деб. Майли, мен энди борай. Тилларингта эҳтиёт бўлинглар. Шояд дарагини топсам. Йўқса… қолган маслаҳатни келганимдан сўнг қиламиз. Ҳа, яна бир гап—Мақсудангта кўз-қулоқ бўл. Уқдингми?

—Уқдим, дадаси, уқдим.

—Битта-яримта мени суриштирса, бирон  жўяли  жавоб берарсан.

—Хўп.

—Тағин бир гап—Мақсуда билан анави кампирникига бориб, Гўзалнинг боласидан хабар олсаларинг бўлармиди?

—Жуда яхши ўйлабсиз. Албатта, борамиз.

—Бўлмаса, менга омин,—чол шундай деб ўрнидан турди. Кампир дарвозагача кузатиб, ўйга толганча изидан қараб қолди:

—Шўрлик, қариган чоғида фарзанд доғини чекмасин-да, ишқилиб…

Сожида пахтага кетган ўқитувчи ўрнига бошланғич синфда дарс ўтиши керак эди. Шу сабабдан одатдагидан анча кеч уйига қайтди. У ҳовлисига етганда дарвоза рўпарасидаги, ариқ лабидаги бақа терак соясида пинакка кетиб ўтирган чолга кўзи тушиб, қадамини секинлаштирди. «Ким бўлди экан бу одам? Эрининг уруғларидан биронтасимикан? Ким бўлсаям меҳмон-атойи худо».

—Ассалому алайкум, амаки.

—Ваалайкум ассалом, қизим.

—Амаки, кечирасиз, бировни кутаяпсизми?

—Ҳа, ҳа, ана шу ҳовли эгаларини кутаётгандим. Ишда бўлишса керак, ҳеч ким йўқ экан.

—Қани, бўлмаса юринг.

——Э, Э, қизим, сиз…?

—Куттириб қўйган бўлсак узр ,амаки, хизматчилик.

—Ҳеч зарари йўқ. Мен Эшонқишлоқдан келган эдим. Сирож бобо деган одам бўламан, болам, балки эшитгандирсиз?

«Сирож бобо? Э, ҳа, дадамнинг қайнотасининг оти Сирож бобо эди шекилли. Тинчликмикан?»

—Сиз  Гўзалхоннинг…

—Топдингиз, Гўзалхоннинг жони қатгиқ отаси мен бўламан.

«Ҳалиям қизидан норози. Бизда нима иши бор экан?»

—Қани, юринг, уйга кирайлик. Бир пиёла чой устида гурунглашамиз.

Сирож бобонинг ўзига қолса шу ердан қайтмоқчи. Аммо очиқ кўнгил жувоннинг гапини икки қилгиси келмади. Унга эргашиб, ҳовлига қадам қўйди. Димоғига гуп этиб анвойи гулларнинг ҳиди урилди. Кўз олдида алоҳида меҳр билан парвариш қилинган гулзор намоён бўлди. Торгина йўлакнинг икки томонида гуллар чаман бўлиб очилиб ётарди. Бу ҳовлига ҳали куз ташриф буюрмагандек. Жувон бобони ҳовли тўридаги пешайвонлик уй томон бошлади. Улкан ёнғоқ остига қўйилган ёғоч кароват ёнида чол тўхтади:

—Болам, шу ерда ўтира қоламиз. Мен шошиб турибман.

—Адашиб бир келибсиз. Кўчадан қайтарсам яхши бўлмас?

—Бошқа сафар, қизим. Қани, омин, қадам етди, бало етмасин, тупроқ олсангиз, олтин бўлсин, болам. Қалай, қизим, соғ-саломат ўтирибсизларми? Болалар омонми? Нега ҳеч қайси кўринмайди?

—Кичкинтойлар ҳали боғчада, катталар “пахта фронтида”. Дадалари ҳам ҳали замон келиб қолишади.

Жувон елиб-югуриб дастурхон ёзди. Бўрсилдоқ нон, майиз, ёнғоқ мағзи, сариёғ ва бир пиёла асал қўйди.

—Олиб еб ўтиринг. Қалай, амаки, Гўзалхонлар яхши юришибдими? Укамиз ҳам катта йигит бўлиб қолгандир?

Сожида Сирож бобо қизи билан юз кўрмас бўлиб кетишганини биларди-ю, аммо кейинчалик ярашиб кетишган бўлса керак, деб ўйлаганди. Аёлнинг бу саволи чолга яшин ургандек таъсир этди: «Демак, Гўзал бу ерда йўқ!» Бобо анча муддат қўлидаги пиёлани ерга қўйганча лол қотди. Бир неча вақтдан сўнг ўзини қўлга олиб, тилга кирди:

—Мен худо қарғаган банда эканман, болам. Мени маъзур тутинг.

Бу гапдан Сожида шошиб қолди:

—Гўзалхонга бирон гап бўлганми?

—Уйдан чиқиб кетганига анча бўлди. Шу ёқларга келгандир, деб гумон қилгандим. Демак, келмапти. Қаерда эканлиги бир худога аён. Ота-бола ўртамизда бўлиб ўтган гапларнинг бир учи сизга ҳам маълум бўлса керак. Хуллас, унинг қаерга ва нима учун кетиб қолганидан куни кеча хабар топдим. Афсус, афсус.

—Чўлободга келган бўлса, эшитардик. Балки укамларнинг хабари бордир? Бир қўнғироқ қилиб кўрай-чи,—шундай деб Сожида чаққон ҳаракатлар билан ичкарига йўналди. Ундаги бу ўктамликни кўриб чолнинг қалбида умид учқунлади. Жувон қайтиб чиқишини интиқлик билан кута бошлади.

Мана, остонада Сожида кўринда. Унинг қиёфасидан иш пачавалигини англади. Аммо жувон ўз хатосини дарҳол тўғрилашга ҳаракат қилди:

—Укамларникига ҳам келмапти. Лекин Чўлобод катта шаҳар, бошқа қариндошларимиздан ҳам сўраб-суриштириб кўраман. Укам, келиним, ўзим бугун-эрта ҳамма қариндошларникига ўтиб, суриштириб кўрамиз. Топилмай қаерга борарди. Игнамидики, бутун бошли бир одам бедарак йўқолса.

Шундай деяпти-ю, Сожида ўзи айтаётган гапларга ўзи ишонгиси келмайди. Шундай бўлса ҳам чол таскин топгандек бўлди. Серажин юзларида хотиржамлик белгилари зуҳр этди. Аммо бобо ичидан йиғламоқда эди. Унинг ичи йиғлаяпти-ю, юзи куларди. У ўз ғам-ҳасрати билан бегона оилага ташвиш орттирганидан уялаётганди. Шу сабабдан дастурхонга фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди.

—Бир-икки кун ичида бир келиб хабар олинг, амаки,—деди Сожида ҳам ўзини қўйишга жой тополмай.—Шодяд дараги топилса.

—Кел, десангиз ўн марта бўлса ҳам келавераман, болам. Фақат сизларга ташвиш орттираётганимдан хижолатдаман.

—Хижолати борми. Одамнинг дардини одам кўтаради. Албатта, келинг.

Чол жўнаб кетди. Ғам осгида эзилган, қадди эгик, оғир қадамлар билан узоқлашаётган бу одамга Сожиданинг астойдил раҳми келди. У ёш тўлган кўзларини дуррасининг учи билан артди.

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар