Ўтган сондан эслатма Шамсиддин тоғанинг сигири сут бермай қўйди. Аниқласа, уни далада бир бола эмиб қўяётган экан. Тоғанинг унга раҳми келиб, қарамоғига олди, нон берди. Бир аёл 12 ёшли қизини олиб келди, аҳволи танг эди. Тоға қизчани қарамоғига олди, аммо пишиқчиликка етганда қайтариб онасига берди. Урушда эса немислар чекина бошлаган, аммо талафот кўп.

Order online Purchase Purchase Order Order Buy 42Окоплар мурдалар билан тўла эди. Баъзи жойларда қадам босиб бўл¬майди. Нуриддин билан Вадим Евдоким Скородубовни қорнидан яраланган ҳо묬да ўликлар остидан тортиб олдилар. Кўтариб блиндажга олиб киришди. Бу ер¬¬да яна ўнтача ярадор бўлиб, Сергей Кварцов ҳам шу ерда эди. Бу пайтда Суб¬ботин штаб билан боғланиб тезроқ машина жў-натишларини талаб қилаётганди. Кечга яқин ўн тўрт арава ва иккита машина келди. Унгача ярадорларнинг кўплари жон берди.
Йигитлар Кварцов ва Скородубовни машинага жойлаштирдилар. Совқотиб қолишмасин деб устларига иккитадан шинель ташладилар.
- Тузалиб кетсам, оқ¬лашса ҳам сизларнинг ён¬ларингга қайтаман,- деди Кварцов.
-Биз сен билан Берлингача борамиз, — унинг қўлини қисди Вадим, — майли ҳозирча.
Машиналар жўнаб кетди. Гречковнинг буйруғи билан бир ерга йиғилдилар. Алексеев, Дубов, Фадеев, Громов, Петрушин, Нуриддин, Азлар ва яна тўрт жангчи. Охирида Кружилин келди.
- Сен қаерда эдинг? — сўради Вадим,- туришинг¬дан жанг қилганга ўхшамайсан.
- Туҳмат қилма. Мен сенга ҳисоб бермайман.
- Жанжал қилманглар,- уларни босди Гречков,- ҳо¬зир ҳамма рота блиндажини тартибга келтиради. Бу тун ҳамма шу ерда тунайди. Эрталаб ўликларни кў¬мишимиз керак.
Ярим соатда у ёқ-бу ёқни тартибга келтирган бўл¬дилар-у, қуюқ қилиб солинган похолга чўзилдилар.
- Шу қирғиндан омон чиқдик, энди ўлмаймиз, йигитлар, — деди Громов шерикларига.
- Биз, ахир, кўйлакда туғилганмиз, — писанда қилди Петрушин,- эҳ, қа¬нийди, шу охирги жанг бўлганда.
- Омон бўлсак, охиргисини ҳам кўрамиз, — гап қўш¬ди Азлар.
- Нима бўлса ҳам бу немиснинг охирги ҳужуми бўл¬ди, энди биз ҳужумга ўта¬миз. Бу ёғига қувишни бошлаймиз, мана кўрасизлар. Немис Москвага киролмай бир дами кесилди, Сталинградда ҳам аҳволи оғир дейишяпти. Айтишларича, бутун бир армияси қуршовда қолганмиш,- де¬ди Громов. — Ҳозир унинг кучи бўлиниб қолди. Бу ёқ¬қа заҳирадаги кучларини ташлай олмаяпти. Мен сизларга аниқ ишонч билан айтишим мумкинки, ўн-ўн беш кун ичида жуда кучли ҳужум уюштирамиз.
Гап-сўзларни тинглаб, ётиб Нуриддин қачон ухлаб қолганини билмай қолди. У шундай ҳолдан тойгандики, устига ўзлари окопдан келтирган шинеллардан бирини тортишга ҳам ҳафсала қилмади. Азлар унинг устига битта ортиқча шинелни ёпди-да, пичирлади: «Қардошим, бошинг омон бўл¬син. Сенинг дуоларинг сабаб худо бизни бало-қазолардан сақласин»
* * *
Эртасига бутун батальон ўликларни кўмиш ва окопларни тартибга келтириш билан машғул бўлди. Ўзимизнинг аскарларнинг жасадларини ажратиб ало¬ҳида бир ерга жамладилар. Комбатнинг буйруғи билан ҳар бир майитга алоҳида-алоҳида қабр кавлашди. Бу анча вақт оларди.
- Ҳар бирининг исм-фамилиясини бир бўлак ёғочга ўйиб ёзиб қўйинглар, — буюрди у, — эҳтимол, бир кун келиб буларнинг фарзандлари ёки набиралари излаб келишар. Ҳа¬лок бўлган санаси ҳам аниқ кўрсатилсин.
Уч кун давомида қаттиқ меҳнат қилдилар. Кун со¬вуқ, ерга тупурсанг, тупугинг муз бўлиб тушади. Қор¬ни очиб, тараша ерларни кавлаб, қабр қаздилар. Дарахтзордан танлаб ёғоч кесиб келиб пи¬чоқ билан ўйиб ёзиб қабрларга ўр¬натдилар. Бомба, снарядлардан ҳо¬сил бўлган чуқурлар ҳисобсиз бўлса ҳам бундай жойларга ўз ўртоқларини шундоқ кўмиб ташлашни ҳеч ким истамасди. Иш битгандан кейин дивизия штабидан келган ёш¬гина капитан батальонни тўплаб суҳбат ўтказди. У Москва остонасида душманнинг қиличи сингани, Самар¬қанд¬да йиғилиб Оренбургда тайёргарликдан ўтган, асосан, ўрта осиё¬ликлардан иборат бўл¬ган жасур панфиловчиларнинг жасорати ҳақида билганларини гапириб берди.
- Уларнинг ҳаммаси ҳа¬лок бўлдилар, аммо ватанимиз юраги бўлган Москвани сақ¬лаб қолдилар. Душман шаҳарга ёриб ўтолмади. Совет халқини енголмаслигини унга англатиб қўй¬дилар.
- Капитан, — деди Фадеев қитмирлиги тутиб,- бизга улардан бирортасининг фамилиясини айтиб, бу шундай-шундай жасорат кўрсатди, бундай-бундай ишлар қилди деб айтиб берсанг, қизиқроқ бў¬лар¬ди.
- Менда уларнинг фамилияси йўқ. Улар панфиловчи — тамом. Шунинг ўзи қаҳрамонлик рамзи.
- А-а, фамилия фақат Панфиловда бўлганми?- анқовсираб сўради Алексеев.
- Бас қилинг, бунақа гапларни! Ким билан гаплашаётганингизни ёдингизда ту¬тинг. Мен сиёсий бўлим номидан келганман,- деди капитан зарда билан.
- Диққат билан қулоқ солинг, — уқтирди Субботин хўмрайиб,- капитан сизлар ҳақингизда ижобий фикрда. Мен штабга ҳар бирингиз ҳа¬қингизда талабнома ташлаб келдим. Яқинда шахсий ҳужжатларингиз гражданин капитан бошчилигида бошқатдан ўрганиб чиқилади. Кечаги жангдан ке¬йин мукофот тариқасида кўпларингизнинг ҳуқуқларингиз тикланади.
Шундан кейин жангчилар капитаннинг гапини бўл¬май тингладилар. Ярим соат маъруза қилгач, капитан Субботинга ўгирилди.
- Комбат, қўл остингиздагиларнинг кимлиги бизга маълум. Биз сизнинг талабномангизни ўрганиб чиқишни бошлаганмиз. Яна бир неча кундан кейин душманга ҳужум уюштирамиз. Олдинги линияда сиз¬лар бўласизлар. Ана шу жанг натижасига кўра, хулоса чиқарамиз.
- Ҳамма гапингиз тушунарли, биз ўз номимизни оқлаб оламиз.
- Фақат қонингиз билан оқлайсиз, — деди капитан.
Капитан гапини тугатгандан кейин Субботинни ўзи билан юришга имлаб машинаси томон юрди. У ер¬да иккови анча гаплашиб турдилар. Капитан кетиб комбат қайтгандан сўнг Канаев унга рўпара бўлди. Комбатнинг чеҳраси тундроқ эди.
- Нима бўлди, Алексей Иванович?
- Ҳозирча фақат ҳалок бўлганлар иши кўрилади деяпти.
- Майли, шунисига ҳам шукур, ҳеч бўлмаса, оилаларининг ҳуқуқлари тикланади-ку.
- Мен ҳам шунисига шукур дедим.
Иккови гаплашиб блиндаж томон юрдилар.
- Василий, сизлар янги тўлдирилувчиларни қабул қилиб олишга тайёрланиб туринглар. Эрталаб мен штабга бориб, янгиларни олиб келаман. Бугунча ҳаммага дам.
- Таъминот ҳам сўрайсанми?
- Албатта. Ҳеч бўлмаса, қуруқ нон беришсин.
Комбат ўз ертўласига, Канаев эса аскарларининг олдига кетди.
Бу кун ҳамма ўзини тартибга келтириш, қурол-яроғини созлаш билан маш¬ғул бўлишларини айтишди. Петрушин аскарлари ҳам ўз жойларида, ҳам¬ма ўз иши билан куймаланиб қолди. Нуриддин блиндаж бурчагидаги похол устида ўтириб пичирлаб оят ўқишни бошлади. Унинг ёнига Азлар ўтирди. Жимгина ўртоғининг қироатига қулоқ солиб ётиб олди. Уларнинг қизиқ бир нарсани ҳикоя қилишяпти деб ўй¬лади, шекилли, Алексеев ёнларига келиб қулоқ сол¬ди. Нуриддин тугатиб, иккови фотиҳа қилганларидан кейин сўради:
- Бу қўшиқми?
- Йўқ, бу Қуръон — муқаддас китобимиз, — деди Азлар.
- Қандайдир ёқимли, сирли экан, илоҳий оҳанги бор экан.
- Бу яратганнинг каломи.
- Илоҳий китобларда одамни ўзига тортадиган қанақадир сир бўлади, тушунолмайман. Агар уруш тугаса, ўрганишга уриниб кўраман.
- Ўргансанг, ҳақиқатни англайсан, — деди Азлар. Алексеев ўйланиб қолди. Ҳозиргина эшитганлари бу ёш йигитнинг кўнглига ёқиб тушганди.
* * *
Комбат штабдан қуруқ қўл билан қайтиб келди, таъ¬минот берилмабди. Икки юз чоғли одам олиб келди-ю, таъминот йўқ. Дивизияда ҳам аҳвол оғир экан. «Яна озгина кутинглар, эрта-индин озиқ-ов¬қат келиб қолади», дейишибди. Бу ёқда эса аскарлар оч. Ҳар ким топганини, кавшаб тирикчилик қиляпти. Нима қилиш керак? Яқин ўртада бирорта қиш¬лоқ ҳам йўқ. Шу зайлда қоладиган бўлса, аскарлар очликдан қирила бошлайди. Шу қаҳратонда оч қолиш катта йўқотишга олиб келиши тайин. У нима қилишни билмай, рота командирларини ёнига чақирди. Уларга вазиятни тушунтирди.
- Балки қўшни қисм¬лар¬дан сўрармиз? — сўради Канаев.
- Уларниг ҳам аҳволи биздай абгор, ёрдам беришолмайди, — таъкидлади Субботин.
- Менда бир фикр бор,- гапга қўшилди Гречков,- биз билан немислар маррасининг оралиғида картошка экилган дала бор, мен буни жанг пайтида бил¬ганман, балки шу ердан картошка топармиз.
- Шу қаҳратонда, бир- бир ярим метр қор остидан қандай топамиз,- эътироз қилди Корзун.
- Мина, снарядлар ўйган чуқурларнинг ёнини титиб кўрамиз.
- Бу билан батальонни тўйдириб бўлмайди, топсак, бир қоп картошка топармиз. Бошқа йўлини қи¬лиш керак, — столни чертиб ўйланди Субботин. — Сенга даладан картошка излашни тақиқлай олмайман, лекин аскарлар эҳтиёт бў¬лишсин, душман яқин. Бош¬қаларни нима билан тўй¬дираман, шунга ҳайронман. Янги келганларнинг ичида неча кунлардан буён туз тотмаганлари қанча.
- Бу сафаргилар уруш кўрганлар экан, қурол тутишни ўргатмаймиз, — мавзуни бошқа томонга бурди Корзун.
- Барчаси уруш кўрганлар, бу сафар қамоқдан келганлар йўқ, — ўртоғининг сў¬зини маъқуллади Канаев.
- Хўш, таъминотни нима қиламиз?
- Бу масалани ҳозирча очиқ қолдирамиз, — комбатнинг ўрнига жавоб берди Канаев. Субботин ҳам елка қисиб қўлларини ёзди.
* * *
Сергей Алексеев ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо очликка тоқат қилолмасди. У бир неча кун оч қол¬гандан кейин қандай қилиб бўлмасин бир йўлини топишни ўйлай бошлади. Взводдаги бирорта одамда урвоқ қолмаганини у биларди. Рост, кеча Гречковнинг топшириғи билан далага картошка излагани борганлар бир челак совуқ урган картошка топиб келдилар. Уни қайнатиб, пў¬чоғи билан едилар. Қоринга юқ ҳам бўлмади. Бугун эрталаб Нуриддин унга битта оқ қанд берди.
- Буни сен е, менинг тишимни оғритади, — деди.
Шундан кейин Сергей окопда турволиб роса атрофни кузатди. Шу яқин атрофда одамлар яшаган-ку, қаердадир қишлоқ бўлиши керак. Эҳтимол, ҳув анови кўриниб турган ўр¬мон ортидадир. Балки шу ўр¬монга етиб олса, биронта қушми, ҳайвонми отиш мум¬киндир. Лекин ўрмон ичкарисида немислар бўл¬са-чи, уларга ўрмон яқин. У ўйлаб-ўйлаб таваккал қи¬лиш керак деган қарорга келди. Дастлаб фикрини Дубовга айтди. У эса дарров эътироз қилди.
- Жиннимисан? У ерда немислар тўлиб ётибди-ку. Боришинг билан кабоб қи¬либ еб қўйишади. Шунча узоқ жойга боришни ҳам айт. Яна бизни қочқин деб…
- Э, калла, — деди Алексеев, — узоқ эмас, бундан таш¬қари, немиснинг ўрмон билан иши йўқ. Биз билинтирмай боришга ҳаракат қиламиз.
- Бўлмайди бу фикринг.
- Ҳеч бўлмаса, битта-яримта қуш отармиз. Жа-а бўлмаса, дарёнинг тинчроқ жойига бориб муз ўйиб ба¬лиқ тутамиз. Мен биламан қандай балиқ тутишни. Ни¬ма, бу ерда очингдан ўлмоқчимисан?
Унинг гапи Михаилни ўйлантириб қўйди.
- Икковимиз борамизми? — пича ўйлаб туриб сў¬ради у.
- Беш-олти киши борсак ҳам бўлаверади, фақат анови Гречковни кўндириш керак.
- У Петрушиннинг гапига киради.
- Мен Петрушинни кўн¬дирсам борасанми?
- Уни кўндирсанг, битта менмас, ҳамма боради.
Алексеев Петрушинни излаб кетди. Петрушин эса Гречков билан гаплашадиган бўлди.
Петрушин Гречков билан узоқ тортишди. Ниҳоят, Гречков Субботиннинг рухсатини олиб беришга ваъда берди. Аммо Игорь ҳам анойи эмас, ҳозир олиб бер рухсатни деб туриб ол¬ди. Ноилож қолган Гречков комбатнинг олдига кириб бориб бор воқеани айтиб берди ва «разведка учун жўнатайлик», деб илтимос қилди. Субботин уни оғзига қаратиб, анча ўйланиб ўтирди-да, сўради:
- Сенингча, улар неча кунда келишади?
- Ўрмонга эрталаб жў¬нашса, тўрт соатларда етишади, демак, уч ё тўрт кунда келишади.
- Уларни жўнатавер, бошқа чорамиз йўқ, фақат «разведка мақсадида», деб уқтир.
Гречков комбатнинг олдидан ўқдай учиб чиқди.
Кечга яқин Нуриддин, Азлар, Громов, Фадеев, Алексеев, Дубовдан иборат кичкина отряд йўлга тушди. Громов бошлиқ қилиб та¬йинланди. Улар ўзларига етарлича қурол-яроғдан таш-қари, болта, арқон, бир неча қоп ҳам олдилар. Қор қалин, йўл оғир ва йироқ. Туни билан йўл юришга қа¬рор қилдилар. Чунки кечаси бу совуқда немисларнинг эътиборини тортмасликлари эҳтимоли катта эди. Уларнинг бахтига, шу кеча шамол йўқ, катта-катта қор ёғарди. Бу — ҳаво илиқ дегани. Бу ерларда қор ёғиб турса, совуқнинг заҳри кесилиб туради. Аввал бошда гаплашиб кетишаётган бўлишса ҳам, икки соатлар қор кечганларидан кейин бировдан садо чиқмай қўйди. Нуриддин ҳам индамай борар, ўртоқларидан қо¬лишмай деб шунча тиришса ҳам бутун аъ¬зойи баданини қандайдир ҳорғинлик босиб турар, қулоғи баъзан чиппа бекилиб, эсноқ тутар, баъзан кўз олди қоронғилашгандай бўларди. Бу очликнинг белгиси эди. Буни сезиб ўзини иложи борича тетик, бардам тутишга интилиб борарди. Олдинда бораётган Азлар тўсатдан тўхтади.
- Бўлди, юролмайман, ўртоқлар, мадорим қолмади.
- Яна озгина чида, қардош, — Нуриддин унга таскин берди.
- Ҳозир ҳушимдан кетиб қоламан.
- Мақсудов, олға, олға, яна ўн беш дақиқадан ке¬йин тўхтаймиз, — уни ундади Громов. Нуриддин камарини ечди-да, бир учини унга тутқазиб, ўзи олдинга ўтди.
- Буни ушлаб ол, мен сени тортиб кетаман.
Азлар индамай унга бўй¬сунди. Қор баъзи ерларда тизза бўйи, баъзи ерларда белгача чиқиб борар, олдинда кетаётган Фадеев ҳам шунча тиришгани билан баъзан оёғини қордан суғуриб олишга ма¬дори етмай тўхтаб қоларди. Олдинда қорайиб ўр¬моннинг қораси кўриниб қолган бўл¬са ҳам унгача анча заҳмат чекишга тўғри келарди.
- Йигитлар, ана ўрмон, қўл узатса етгудай масофада. Яна озгина йўл қолди. Ҳадемай унга етамиз,- ўртоқларини ундади Громов.
- Колумб шундай деб ишонтириб, одамларни Америкага олиб борган,- ҳазиллашди Дубов. Аммо унинг ҳазилига жавоб берадиган одам топилмади. Олтовлон сўнгги кучларини тўплаб илгарилаб боришарди. Громов айтган ўн беш минут ўтиб кетганига анча бўлди-ю, бироқ у тўхташни истамасди.
- Балки дам олармиз? — сўради Фадеев.
- Йўқ, — деди Громов қат¬ъ¬ий, — тўхтасак, туролмай қоламиз, деб қўрқаман. Очлик ва совуқ бизни нобуд қилади. Ўт ёқиб исинадиган жой топгунча юришимиз керак, Вадим.
Фадеев индамай яна олға интилди.
Тонгга яқин баландроқ кўтарилган ерга етиб келганларида Фадеев тўхтади. Громов у ёқ-бу ёққа аланглади. Нарироқда уч томондан қия кўтарилган ўйиқ жой бор эди, у Фадеевга ўша ерни кўрсатди.
- Анови ер шамолдан пана. Ўша ерда тўхтаймиз.
Ўйиққа етиб бориши билан Фадеев бор бўйича қорга кириб кетди.
- Ҳамма пастга, йигитлар, қорни депсаб жой қи¬ламиз, буюрди Громов ва ўзи биринчи бўлиб Вадимнинг ёнига тушди. Бир амаллаб ўзларига жой ҳо¬зирладилар. Олти паҳлавон қор ўранинг ичида қолдилар. Бу ер изғириндан пана. Ҳар қалай музлаб қолишдан сақлар, эҳтимол.
- Озгина дам олайлик, кейин ўтин топамиз,- деди Фадеев. Унинг гапи барчаларига маъқул тушди.
Нуриддин ўтириб орқасига суянди. Шунда у ор¬қасида ер борлигини сезди. Бу қияликнинг девори эди. Унинг бир ёнига Азлар, бир ёнига Дубов қисилиб ўтирдилар. Ҳаммалари жипс бўлиб ўтириб нафас ростламоқчи эдилар. Аммо очлик ва мадорсизлик улардан устун келди. Ҳаммасини дарров уйқу элтди қўйди. Аммо бу уйқу эмас, совуқнинг ҳалок қилгувчи жодуси эди.
* * *
У болалигидан тахмонга суяниб ўтиришни яхши кўрарди. Шу ерда ўтириб китоб ўқир, ёдлаган оятларини такрорлар, баъзида шу ўтиришида ухлаб қолар, онаси келиб бошини силар, уни эркаларди. Гоҳо отаси секин туртиб жойига ўтиб ётишини буюрарди. Ҳозир ҳам тахмонга суяниб, маза қилиб ухлаб ёт¬ганди, тўсатдан устига отаси бор бўйи билан дарғазаб бўлиб бостириб келди-да, қаҳрли овозда бақирди:
- Тур ўрнингдан! Тур деяпман!!!
Отасини ҳеч қачон бундай аччиқланганини кўрмагани учун Нуриддин сапчиб ўрнидан туриб кетди. Ўрнидан турди-ю, ҳеч нарсани англамай туриб қолди. Атроф қор. Совуқ. Ёнида уч-тўрт одам бир-бирига елка қўйиб ётибди. Шундагина у ўзига келди. Икки қадам юриб бир сиқим қор олди, юзига суркади. Яна қор олиб оғзига солиб чайнади, сўнг калима келтирди. У секин чуқурдан бўйлаб атрофга қаради. Атроф қоронғи бўлса ҳам, беш-олти қа¬дам нарида бир нарсалар қорда югуриб ўйнарди. Диққат билан қараб булар қуён эканини билди. Секин ортига қайтди-да, милтиғини қўлига олди. Затворни тортиб қўйиб, Азларнинг ҳам милтиғини олди, уни ҳам отишга шайлаб қўйиб, овоз чиқармасликка ҳаракат қилиб яна ўранинг четига келди ва ўзига қулай жой танлади. У шарпаларни узоқ мўлжалга олди, ниҳоят, тепкини босди-ю, иккинчи милтиқни ҳам олиб яна тепкини босди. Гумбурлаган овоз ўрмонда акс-садо берди. Ўгирилиб шерикларига қаради: биронтаси қимирлаб ҳам қўймади.
Ўрадан чиқиб, ҳалиги қу¬ёнлар ўйнаётган жойга борди. Хайрият, мўлжалдан адашмабди. Иккита қуённи кўтариб қайтди. Уларни шерикларининг ёнига ташлади-да, ўзи яна дарахтлар ичига борди. Излаб-излаб пастроқ ўсган дарахтларнинг қуруқ деб тусмоллаган шохларидан бир қучоқ синдирди. Ўрага тушиб, ўтинни ташлади-да, Азларнинг елкасидан турт¬ди. Унинг елкаларига, ор¬қа¬сига ура бошлади, телпагини бошига ишқаб-иш¬қаб ташлади. Шундагина Азлар кўзини очди.
- Тур, Азлар, йигитларни уйғотайлик, бўлмаса, ёмон бўлади.
Азлар инқиллаб ўрнидан қўзғалди. Нуриддин эса энди Дубовни «дўп¬послаётганди». Уни кўриб Азлар ҳам гандираклаб келиб Фадеевнинг устига ўзини ташлади. Бир неча дақиқадан кейин ҳамма уйғонди. Лекин ҳамма карахт эди. Нуриддин ўтинни қа¬лаб Громовга қаради.
- Гугуртни бер.
Громов унга гугуртни узатди-да, соатига қаради.
- Наҳотки,- деди у соатини қулоғига тутиб кўраркан кўзларини катта-катта очиб, — ишлаяпти, наҳотки соат олти ярим бўлди? Ўтирганимизда беш ярим эди. Бир ярим соат бўлдими?
- Йўқ, — жавоб берди Ну¬риддин, — кечаги беш яримда ўтиргандик, бугунги беш ярим ўтиб кетибди.
У майда чўпларни синдириб, қалаб гугурт чақди. Дарров ўт ҳам илаша қол¬ди. Ярим соатдан ке¬йин гуриллаган олов олдида ўтиришар, котелокда сув қайнар, Дубов ва Фадеев нимта-нимта қилиб чўпга илиб гўшт пиширишарди.
- Ҳаммасини пиширгунимизча чидайсан, — Сергейга танбеҳ берди Фадеев.
- Чидамай кетяпман-да.
- Чида, чида, оз қолди.
- Ма, қайноқ сув ичиб тур, — Громов унга котелогини узатди.
Ниҳоят, ўртага қўйилган каттагина шох устидаги гўштни Фадеев тақсимлади. Ҳаммалари ютоқиб-ютоқиб, чапиллатиб тановул қила бошладилар.
- Бугун бизни Нурик ўлимдан қутқарди. Агар у уйғотмаганда, шу ерда мангу ухлардик, — дея миннатдор бўлиб Нуриддинга қа¬ради Фадеев.
- Қандай қилиб уйғониб кетдинг, шунисига ҳайронман.
- Мени отам уйғотди.
- Отам? — сўради Громов.
- Ҳа, отам.
- Қандай қилиб?
- Шундай. Тушимга кирди. Қўрқитди. Мен қўрқиб туриб кетдим. Қарасам ҳаммамиз қотиб қолибмиз. Тепага чиқиб қарасам қуёнлар юрибди.
- Бу бизга Парвардигорнинг берган кўмаги, — деди Азлар.
Ростмана қорни тўйгандан кейин Громов ўрнидан туриб керишди. Ўртоқларига юзланди.
- Тонг отди. Бу ёғига йўлни белгилаймиз-да, олдинга, йигитлар. — Громов тепага чиқиб ўрмонга тикилди. Бу ерларда дарахтлар сийрак, ичкарилаган сари қалинлашиб борарди. У олдинга бошлади, бошқалар унга эргашиб йўл¬¬га тушдилар. Улар шу бўйи қош қорайганда тўхтадилар. Громовнинг фикрича, шу яқин атрофда бирорта қишлоқ бўлиши керак эди. Аммо қишлоқни топиш учун ўрмондан чиқиш керак. Бу эса хатарли. Бу ерлар немисларнинг измида.
- Қишлоқ излаб нима қи¬ламиз, — деди Алексеев,- мен ҳисоблаб кўрганман. Биз аллақачон немисларнинг орқасидамиз. Шундоқ чапга бурилсак, уларнинг орқасидан чиқамиз. Ўнг томонда нима бор — билмайман, балки ўрмон тугамас, балки қишлоқлар бордир.
- Ҳозир бундай қиламиз,- маслаҳат солди Громов,- тунаш учун жой излаймиз, кечагидай қулай бўлиши керак. Қани, олға.
Улар яна бироз юрганларидан кейин тўхтадилар. Қуюқ ўсган дарахтлар ичида ўзларига пана жой топдилар. Билмасдиларки, улардан бор-йўғи икки юз қадамлар нарида немисларнинг таъминот қисми жойлашганди. Алексеев адашмаганди. У ёқ-бу ёқни текшириб келиш учун жўнатилган Вадим ва Азлар тасодифан ўрмон четига келиб қолиб немислар борлигидан бохабар бўлишди.
- У ерда катта-катта чодирлар қурилган, тўртта. Ичида печкаси ҳам бор мў¬рисидан тутун чиқиб турибди,- ахборот берди Азлар.
- Бу, демак, шу ерда нон пиширишади дегани, — Алексеев билағонлик қилди.
- Тўғри, — уни тасдиқлади Громов,- ақлингга балли.
- Ҳужум қиламизми?- сўради Вадим.
- Асло. Шу ерни яхшилаб ёдингизда тутинглар. Биз бу ерга яна келамиз. Ҳозир эса бу ердан зудлик билан кетамиз. Қани, туринглар, болалар. Энди ўнг томонга таваккал деб йўл соламиз.
Улар туни билан йўл юрдилар. Тонг отишига яқин каттагина қишлоқдан чиқиб қолишди. Разведка учун борган Громов ва Дубов икки соатдан кейин, ростмана тонг отганда қайтдилар.
- Йигитлар, кетдик. Қишлоқда немислар йўқ. Бир чолнинг айтишича, улар қишлоқни ташлаб кетишибди. Ҳозир ҳеч ким йўқ эмиш.
Қишлоқ четидаги катта ҳовлига кириб борганларида ҳовлида қор кураб турган чолга дуч келдилар.
- Оҳ, қочоқ болаларим. Сизлар чекиниб юрибсизлар. Мен эса бир ўзим бу ердан немисларни қу¬виб солдим,- ҳазиллашди у.
- Тез кунларда уларнинг адабини бериб қўя¬миз, отахон,- деди Вадим гулдираб.
Чол уларни уйга олиб кирди…

Кампири уларни кўриб йиғлаб юборди. Ҳар бирининг юзларини силаб кўришди.
- Менинг Ванкам ҳам қаердадир сизларга ўхшаб юргандир? Омонмикин?
- Омон, онахон, омон,- унга таскин берди Громов,- яқинда ялпи ҳужумга ўтамиз, кўрасиз, хабар жўнатади.
Кампир айланиб-ўргилиб юриб картошка пиширди. Чол дарров қора нонни печдан олиб кесди. Яхшилаб қоринни тўйдирганларидан кейин Громов Федот бобога келишларининг сабабини айтиб берди. Чол бошини сарак-сарак қилиб кампирига қаради.
- Мана, Александра, кўрдингми, шуларнинг ризқи экан сигирлар, энди олиб кетишади,-сўнг Громовга юзланди,- қишлоқда ўзимиз қолганмиз, қўшнининг оғилида тўртта сигир қолиб кетган. Ўт етарли, аммо биз уларни боқишга қарилик қилиб қоляпмиз, кучимиз етмайди. Ўзимизники етади. Ўшалардан иккитасини сўйиб бераман, олиб кетасизлар.
Громовнинг маслаҳати билан кечгача дам олиб кечаси йўлга тушадиган бўлдилар. Тушгуча ухлаганларидан кейин Нуриддин ва Азлар иккови туриб чол билан қўшни оғилга ўтдилар. Катта сигирларнинг бирини ташқаридаги бостирмага олиб чиқиб Нуриддин бўғзига пичоқ тортди. Тезда уни саранжомлаб бўлиб иккинчисини олиб чиқдилар.
Қоронғи тушган маҳал Федот бобо ва Александра момо билан хайрлашдилар. Федот бобо катта чана берди. Икки қоп картошка ва гўштни ортиб жўнадилар. Уларнинг ортга қайтишлари унча қийин бўлмади. Кечаси билан юриб аввалги тунаган жойларига келиб дам олдилар. Навбатма-навбат чанани икки кишилашиб тортиб борсалар ҳам, олдингидан тезроқ йўл босдилар. Бешинчи кун тонгда маррага етиб келдилар. Уларнинг топиб келган озиғи батальонга урвоқ ҳам бўлмади. Аммо бутун батальоннинг ҳаётини сақлаб қолишга йўл топган эдилар. Бу кейин маълум бўлди.
ХХХ
Бутун армия шиддатли ҳужумга тайёргарлик кўраётганди. Комбат Субботинни икки кундан кейин дивизия штабига чақирдилар. Бир неча қисм командирлари билан вазиятни муҳокама қилиб бўлган генерал майор Волохов Субботинга ҳужумни унинг батальони бошлаб бериши ва душманнинг олдинги маррасини қандай қилиб бўлмасин қўлга киритиши ҳақида кўрсатма берди.
- Ҳужумни индинга эрталаб соат олти-ю ноль-нолда бошлайсан,- деди.
Субботининг озиқ-овқат таъминоти ҳақидаги сўрови жавобсиз қолди. Батальоннинг ҳарбий тайёргарлиги тўғрисида гап очганда генерал уни жеркиб берди.
- Сенга буйруқ берилди. Муҳокама учун мавзу эмас. Ҳамма жаримачиларинг жанг кўрган аскарлар. Тайёргарлик ҳам жанг майдонида, сенга озиқ ҳам жанг майдонида, ҳаммасини ўша ердан топасан. Мен сенга бирон кун фурсат беролмайман тайёргарликка. Бор, жанг қил! Кейин гаплашамиз.
Субботин штабдан асабийлашиб қайтиб келди. У рота командирларини олдига чақириб вазиятни тушунтирди.
- Душманга кучимиз етмаслиги аниқ, лекин қандай қилиб бўлмасин биринчи маррасини тортиб олишимиз керак. Батальон душман маррасига етиб бормасидан тўкилиб қолади,- деди у алам билан.
- Артиллерия ёрдам берадими?-сўради Корзун.
- Ҳа.
- Биз артиллерия отишмаси бошланиши биланоқ ҳужумни бошлайлик, шунда илгарироқ сурилиб оламиз,- таклиф қилди Канаев.
- Бундай қилсак ҳам бўлади, аммо душман пулемётлари ўйлантиряпти. Орқадан зарба бериш мумкин бўлганда эди.
- Бунинг иложи бор,- деди Гречков,- орқадан чалғитувчи зарба беришимиз мумкин. Аммо у ёққа борганларни муқаррар ўт ичига юборамиз.
Субботин ҳам, ротниклар ҳам унга қарадилар. Гречков уларга ўзи билганича душманнинг орқа тарафига йўл борлигини тушунтириб берди. Барчаси ўйланиб қолдилар.
- Нима қиламиз, Алесей Иванович?- сўради Корзун,- балки таваккал қилармиз.
- Шундай қилишга мажбурмиз,- маъқуллади Канаев.
- Бу фикрга қўшиламан,- янги рота командири Александр Ивановга ҳам режа маъқул тушди.
- У ёққа қанча аскар жўнатамиз?- сўради комбат.
- Яхши қуроллантириб, иложи борича кўпроқ портлатувчи мосламалар билан таъминлаб икки взвод жўнатсак бўлар.- таклиф қилди Гречков.
- Яхши. Яна бир томони улар биздан ўн минут олдин ҳужум бошлашлари ва биз томон ҳаракат қилишлари керак бўлади,- таъкидлади комбат.
Бутун батальондан чанада юра оладиган, бақувват йигитлардан олтмиш нафари уч соат ичида саралаб олинди. Уларнинг ҳар бир автоматлар, олтитадан граната билан таъминланди. Бу отрядни Виталий Громов бошлаб борадиган бўлди.
Жўнаб кетиш олдидан Громов ўртоқлари билан хайрлашгани келди. Ҳар бири билан қучоқлашар экан, Нуриддинга келганда «илтимос, сен мени мусулмонча дуо қилгин, яна тирик кўришайлик сен билан» деди-ю, кўз ёшини кўрсатмаслик учун шарт бурилиб кетиб қолди.
- У биздан ажралаётганига ўкиняпти,- деди Вадим.
- Ундан ажралиш бизга ҳам оғир,- Азлар пичирлади.
ХХХ
Ҳали тонг отмасдан артиллерия биринчи залп берди. Комбат окоп қирғоғига чиқди-да, бор овози билан қичқирди:
- Батальон!!! Олға-а-а!!!
Тўрт юздан ортиқ одам унинг ортидан душман сари югурди. Биров орқада қолишни истамас, жон-жаҳди билан олдинга югуриб боришар, артиллерия чалғитиб турганда кўпроқ йўл босиб ўтишни истаган комбат тинмай олға юришга ундаб бақирарди. Худди шу дамда душманнинг орқа тарафида, беш-олти чақирим нарида жуда катта портлаш бўлиб, улкан аланга осмонга ўрлади. Тўсатдан бошланган ҳужум немисларни эсанкиратиб қўйган бўлса ҳам, кўп ўтмай пулемётлар ишга тушди.
- Батальо-он! Олға!!! — қичқирарди ҳамон комбат.
- Нур, мени йўқотиб қўйма! Овоз бериб тур!- чақирарди ёнма-ён югуриб кетаётган Азлар. Нуриддин милтиғини маҳкам ушлаб олиб олдинга олдинга интилар, қорга йиқилар, турар, қор босган ўйдим-чуқурларга тушиб кетар, лекин қандайдир ҳиссиёт уни олға боришга ундарди. Немисларнинг окопига юз метрлар қолганда пулемёт кўз очирмай қўйди. Ҳамма ерга ётди.
- Азлар, қорга чуқурроқ кирвол!
- Мен яхшиман, ўзингга ҳушёр бўл, бошингни кўтарма!
Шу пайт тасодиф рўй берди. Тўпларнинг снарядларидан иккитаси нақ немис пулемётлари олдида портлаб тупроқ ва қорни девор қилиб осмонга кўтарди.
- Рота-а! Олға-а!- Гречков бор овозида қичқириб пулемёт жойлашган нуқта томон тинимсиз ўқ узиб югурди. Унга қўшилиб ўнлаб одам бош кўтарди. Немис пулемёти томон кимдир граната ирғитди. Батальоннинг олдинги сафидагилар окопларга етиб олдилар. Трашшея бўйлаб икки томон бор-йўғи ўн беш минутлар тўқнашди-ю, кутилмаганда душман чекина бошлади. Немислар маррани ташлаб чиқдилар. Шимоли-шарқ тарафда, улардан анча узоқда жанг авжига чиққанди. Негадир бу томонда немислар тез чекинишди.
- У тарафда Громов отряди бор, бутун батальонни ўша томонга буриш керак,- деди Субботин Канаевга,- тезда ротникларга етказинглар, менинг орқамдан бутун батальон олға юради.
Буйруқ оғиздан оғизга ўтди, бир неча фурсатда бутун батальон бу буйруқни эшитди. Субботиннинг ўзи биринчи бўлиб окопдан чиқди-да, жангчиларни олдингга бошлади. Жанг шиддати бутун линия бўйлаб ўнг томонга сурилди. Қаттиқ ҳужумга учраган душман қочиб борарди. Икки чақиримларча югурганларидан кейин яна окопларга дуч келишди. Бу окоплар ўнг ва чап томонларга чўзилиб кетган, чамаси, душманнинг иккинчи позицияси эди. Шу ерга келганда комбат батальонни тўхтатди. Сабаби, олдинда гулдираб танклар кўринди. Орқадан ҳам ўзимизнинг танклар кела бошлади. Аммо танклар жанги узоқ чўзилмади. Душман танклари ҳам, бизникилар ҳам олдинга юришга қийналарди.Танклар кутилмаганда қор ўпқонига тушиб кетар, айримлари ботиб қоларди. Бир неча муддат танклар отишмаси бўлди-ю, немис танклари келган излари бўйлаб ортга тислана бошлади. Ўзимизникилар ҳам батальон эгаллаган маррага етиб келолмади.
Субботин ротникларга бутун траншея бўйлаб мудофага туришни буюрди. Беш-олти чақирим жойда роталар тақсимланди. Тезда алоқачилар алоқани тиклаганларидан кейин дивизия штабидан буйруқ бўлди. Энди батальон шу маррани маҳкам тутиши ва бир қадам ҳам ортга чекинмаслиги керак эди. Улар босиб ўтиб кетган биринчи линияга дарров тозалов отряди келиб жойлашибди.
Икки соатдан кейин немислар ҳужумга ташланди. Матонат билан ҳужум қайтарилди. Яна икки соат ўтиб галдаги ҳужумни ҳам қайтаришга тўғри келди. Бу сафарги ҳужумлар танкларсиз бўлгани учун аввалгиларидан сал кучсиз эди-ю, аммо батальон ҳам тўкилиб қолганди. Уч юзга яқин одам қолган, ярадорлар кўп, ўқ-дори ҳам тугаб борарди. Комбат тезда штабдан ёрдам сўради. У ёқдан кечаси билан ўқ-дори етказиб беришга ваъда бердилар. Душман икки-уч ҳужум қилиб натижа чиқаролмаганидан кейин артиллериясини ишга солди. Артиллерия ўти босилганидан кейин миномётлар ишга тушди. Портлашлар авжига чиқди. Миномётларнинг чийиллаши асабларни эговлаб ташларди.
Нуриддин ўзига пана жой излар у ёқ- бу ёққа юриб кўрди. Қаерга борса, шу ерга мина тушаётгандай бўлаверди. Эловраб кўзи ДЗОТга тушди. У ўзини шу томон олди. Шунча портлашлар бўлса ҳам ДЗОТнинг усти бутун мина тушса чидаб берадигандай эди. Немисларнинг иши пишиқ, ҳамма ишни мустаҳкам қилади. У ичкаридагиларга қаради. Биров уни қўли билан имлади. Бу Вадим эди.
- Шу ерда жон сақлаймиз, кир бу ёққа.
Торгина жойда ўндан ортиқ одам. У Азларни излади, лекин тополмади.
- Азларни кўрдингми?- сўради Вадимдан.
- Келиб қолар. балки- жавоб берди у. Нуриддин ортига қайтди. Қоқиниб-сурилиб югурди. Анча югургандан кейин «Азла-а-ар!» деб бақирди. Уч-тўрт марта чақирганидан сўнг биров овоз берди. Нуриддин овоз келган тарафга юрди. Ўн қадамча босувдики, «Нуриддин!» деди биров. Борса, окоп устига шпаллар қўйилиб устига тупроқ ташланган жойда Азлар ўтирибди.
- Нима қилиб ўтирибсан бу ерда?
- Бунинг устига мина тушса ҳам зиён етмайди, шу ерда ўтирамиз.
- Анови ерда ДЗОТ бор экан, кўпчилик ўша ерда. Бу ерда кечаси музлаб қоламиз, юр,- ўртоғини ундади Нуриддин.
- Манови чийиллашлар босилсин, кейин борамиз.
Нуриддин унинг ёнига ўтирди.
- Совқотдингми?- сўради у.
- Ҳозирча йўқ, лекин кечаси қаттиқ совуқ бўлади. Ҳаво очиқ,- жавоб берди Азлар. Иккови бироз жим қолганларидан кейин Азлар Нуриддиннинг оёғига қаради. Унинг ўнг пой этиги оғзи очилиб пайтаваси кўриниб турарди.
- Сен шу ерда ўтириб тур, мен ҳозир келаман, ҳеч қаёққа жилма,- Азлар милтиғини қўйиб окоп ичида эмаклаб кетди. Нуриддин унинг ортидан оғиз очишга ҳам улгурмади. Бир ўзи дўсти кетган томонга жавдираб ўтираверди. Ярим соатлардан кейин Азлар қайтди. Қўлида икки жуфт этик, анчагина латта-путта.
- Буни кий,- Нуриддиннинг олдига бир жуфт этик ва бир ўрам пайтава ташлади.
- Ўликлардан ечиб олдингми?- сўради Нуриддин унга ёвқараш қилиб.
- Немисларнинг ўзлари беришди. » Бизга энди керак эмас, сув ўтказмайди, сизлар кийиб юринглар, Берлингача етволасизлар», дейишди.
Нуриддин индамай хўмрайиб ўтираверганди, Азлар шартта унинг бир пой этигини тортиб ечиб олди.
- Ирганмасддан кий буни. Оёғингни совуқ урса, сенга ёрдам берадиган одам йўқ, ўзингни ўзинг асра.
У ўтириб ўзи ҳам этигини ечди. Пайтава жиққа хўл, оёқлари қип-қизил бўлиб кетганди. Нуриддиннинг оёқлари ҳам уникидан кам ахволда эмас. Олиб келган пайтаванинг бири билан оёғини обдон артиб Нуриддинга узатди.
- Ма, бўл тез, сен ҳам оёғингни артиб қурит, шерикларнинг ёнига кетамиз.
Иккови ҳам этикларни кийиб ўринларидан турувдиларки, орқа томондан биров окопга сирғалиб тушди. Бу Кружилин эди.
- Ҳа, босмачилар шу ердамисизлар?
- Нима дединг?!- деди Азлар унга ўгирилиб.
- Ҳазиллашдим, ҳазиллашдим. Сизларни эркалаб шундай дедим,- Кружилин иккала қўлини кўтариб тиржайди.
- Агар оғзингдан яна битта ножўя сўз чиқса, отиб ташлайман. Сен ўзинг қаерда эдинг? Нимага орқадан энди келяпсан, ифлос?!- дўлайди Азлар. Нуриддин дўстининг енгидан ушлаб қолди.
- Ўзингни бос, Азлар, бу билан тенг бўлма.
- Қаерда бўлардим, ҳамма қатори ҳужумда эдим. Ўқ-дори излар ўлган немисларнинг ёнини кавладим,- ўзини оқлади Кружилин.
- Ҳужум пайтида ким билан эдинг?! Ким гувоҳ бўлади жанг қилганингга?!
- Қандай гувоҳ? Ёнимда одамлар бор эди.
- Ким масалан?- Азлар унинг тумшуғига тирғалди.
- Улар ҳалок бўлишди.
- Юр, Азлар, кетдик. Совқотдим, кечки совуқ тушди,- Нуриддин дўстининг енгидан ушлаб тортиб кетди. Орқаларидан ғудраниб Кружилин эргашди. Эни икки ярим, узунаси уч метрли хонага қисилиб кирдилар.
- Нурикни бу ёққа ўтказиб юборинглар,- тўридан Фадеевнинг йўғон овози эшитилди. Бироздан кейин Петрушин кириб бу ерда кимлар борлигини белгилаб чиқиб кетди.
- Бугун энди душман ҳужум қилмайди. Бемалол дам олишимиз мумкин, лекин кечаси ҳушёр бўлишимиз керак, тўсатдан ўрмалаб келиб қолишлари ҳам мумкин,- деди биров.
- Хавотир олма, бу совуқда немис инидан чиқмайди,- таъкидлади Фадеев. Ҳаммалари асаларидек жипс бўлиб ўтирдилар. Бу кун энг оғир кунлардан бири бўлганди.
ХХХ
Тун ярмидан ўтганда Гречков ротаси оёққа турди. Ўнг томондаги даладан аста-аста булар томон бир тўда одам келмоқда. Қордек оппоқ кийинганлиги учун уларни дастлаб қараганда илғаб олиш қийин бўлса ҳам, кимдир пайқаб қолганди. Жангга шайланиб кутиб турдилар. Келаётганлар икки юз метрлар қолганда тўхташди. Сўнг иккитаси ажралиб чиқиб, қолганлари қорга ётиб олишди.
- Ҳеч ким ўқ узмасин, булар ўзимизникилар бўлиши керак,- огоҳлантирди Гречков. Келаётганларнинг иккови бироз яқинлашганда Гречков баланд овозда сўради:
- Ким келаётган?
Наригилар тўхташди.
- Ўзинглар кимсизлар?
- Жарима батальонимиз.
Келаётганларнинг бири ортга қайтди, бири олдинга юрди…
Кўп ўтмай Громов отряди етиб келди. Отряддан ўн бир киши ҳалок бўлибди, қолганлар саломат. Гречков Громовни дарҳол комбатнинг олдига бошлади.
- Тезда отрядни овқатлантиринглар, нима топсанглар беринглар,- буюрди комбат,- сен эса ўтириб манови консервани еб ол, немислардан ўлжа, кейин бафуржа гаплашамиз.
Комбат Гречков билан гаплаша бошлади. Қачон Громов қорнини тўйдириб унга қарагач, сўради:
- У ёқда нималар бўлди?
Громовнинг айтишича, улар нон пиширадиган корхона деб билаган нарса бутунлай бошқа нарса экан.
- Биз у ерга ҳужум қилганимизда улкан палаткаларнинг бири портлаб кетди. У немисларнинг ёқилғи сақлайдиган, ниқобланган цистерналари бўлиб чиқди. Учтаси бир-бирига илашиб портлади, тўртинчисини ҳам бир амалладик. Униси, чамамда, ўқ-дори омбори бўлса керак. Портлашдан кейин орқа томонда қолдик. Ортга қайтдик, лекин йўлдан адашдик. Таваккал деб бу томонга келаётгандик, адашмабмиз.
- Сизлар бутун танк дивизиясини тўхтатиб қолдинглар, баракалла. Душманни ортга чекинтиришимизда сизларнинг хизматингиз алоҳида бўлди,- уни қутлади Субботин.
- Немисларнинг нима учун бор кучи билан ҳужум қилмаганининг сабаби бу ёқда экан-да,- сўз қотди Гречков.
- Демак, душман таъминотдан узилибди. Мен тезда штабга хабар қилай,- комбат алоқачига имо қилди.
- Биринчи, биринчи, тўртинчи сизни алоқага чақиряпти,- алоқачи аппаратни чуқилай бошлади.
ХХХ
Туни билан ибодат қилиб чиққан Шамсиддин тоға тонгга яқин мизғиб қолди. Ярим соатгина ухлаган бўлса ҳам ажойиб тушлар кўрди. Бомдодни ўқиб нонуштага чиққанда Настяга тайинлади:
- Қизим, бугун эрингга албатта хат ёзгин. У анча катта одам бўлиб қолди, менга аён бўлди. Иложини топса, Нуриддинни кўздан қочирмасин. Унинг бошида бир мушкулот бор, аммо қандай мушкулотлигини билмайман. Яна аён бўлдики, урушда шу бугун жуда катта ўзгариш бўлади. Ё уруш тўхтайди, ё немис бошқа томонга қараб от солдиради.
- Ажаб эмас, уруш тўхтаса. Ўғлингиз келарди, эрим ҳам биз билан дийдор кўришарди. Дуо қилинг, ота, яна «суф-суф» ҳам қилинг, душман тезроқ енгилсин.
- Дуо қиляпман, қизим, дуо қиляпман. Кеча-ю кундуз дуодаман. Бизга ўхшаган қанча-қанча ота-оналар дуо қилишяпти. Ажаб эмаски, дуоларимиз ижобат бўлиб кетса.
Настя бугун эрига хат ёзиб Нуриддиндан хабар олишни тайинлашга чол-кампирга сўз бериб ишга жўнади. Ўғлининг юзидан ўпиб хайрлашар экан унга уқтирди:
- Бобонгдан » менга дуо қилинг, дадамга дуо қилинг», деб сўрагин. Намоз ўқиётганда ёнида ўтирсанг, дуо қилиш эсидан чиқмайди.
Чол-кампир унинг гапидан кулдилар.
ХХХ
Йигирма кунлар ўтгач, дивизия сиёсий бўлимининг бошлиғи майор Пирогов хотинидан келган хатни ўқиб ўтирар экан ҳайратда эди. Настя ўша чолнинг » эринг катта ишга кўтарилди» деганидан бошлаб урушда бугун катта бурилиш бўлишини ҳам, ўғлининг бошида бир муаммо борлиги ҳақида ҳам батафсил ёзган, қўлидан келса, ёрдам беришини сўраганди. » У сенинг урушдан соғ-саломат чиқишингни ва катта одам бўлишингни башорат қилди» дерди Настя. Майор хат ёзилган санага қайта-қайта қарар, ўйга толарди. Бу чол қандай одам экан? Айнан ўша куни Сталинградда фельдмаршал Паульс қўмондонлигидаги армия таслим бўлишини қаёқдан билди? Ўзининг унвони кўтарилганини-чи? Ахир, бу ҳақда Настяга ҳали ёзмовди-ку. Ўғлининг бошидаги муаммо аниқ. У жарима батальонида. Бундай кароматнинг илмий исботи бормикин?
Настя хатида бизнинг ва сенинг саломат юришимиз шу одамнинг дуоси шарофатидан деб таъкидларди.
Пирогов ўтириб хат ёзди. Ўша одамнинг барча гапи тўғри чиққанини айтди. Ўғлидан хавотир олмаслигини, унинг мушкулоти урушда экалигини, қўлидан келганча унга ёрдам беришга ваъда берди. Ваъда берди-ю, лекин Нуриддинни жарима батальонидан тортиб ололмаслигини биларди. Аммо нима бўлса ҳам, унга бир куни катта ёрдам қилишни кўнглига тугиб қўйди.
ХХХ
Эрталабдан буён кўринмай қолган Азлар тушга яқин Нуриддинни излаб топди.
- Қаёқда қолиб кетдинг?
- Гречков билан штабга бориб келдим. Таъминотга кетишаётган экан, мен ҳам бир айланиб келай деб машинага чиқволдим. Сенга зўр хушхабар олиб келдим. Мановини қара.
Азлар ёнидан тўрт букланган қоғоз олиб ёйди. Бу фронт газетаси эди.
- Буни қара,- у газетадаги суратни кўрсатди,- бу — сенинг юртдошинг, ўқи.
Суратда ёшгина йигит кулиб турарди.
- Ўзбекми? Ёш экан, ҳали ўн саккизга ҳам тўлмаган, шекилли,- Нуриддин газетани олиб суратга тикилди.
- Ҳа, шу ёшгина йигитча немисларнинг нақ йигирма тўртта генералини асир қилиб олиб чиқибди. Бир ўзи, Сталинградда. Исми шарифи Хуррам Ашуров! Ўқи.
Нуриддин газетадаги расмга узоқ тикилиб турди. Худди ўз миллатдошини кўргандай кўзларига ёш тепиб чиқди.
- Ма, ўзинг ўқиб яхшилаб тушунтириб бер,- у газетани Азларга узатди. Азларнинг қўлидага газетани кўриб дарров уч-тўртта одам йиғилди. Азлар мақолани баланд овозда ўқий бошлади. Ҳамма диққат билан қулоқ солди.
- Баракалла,- деди Фадеев,- энди бу йигитчага Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади.
- Бу бола биронтаси қўлга туширганларни олиб бориб топширган бўлса керак. Келиб-келиб битта ўзбек қўлга туширадими, яна йигирма тўртта генерални-я?
Бу қўланса гап Кружилингагина хос эди.
- Ўчир овозингни, бадбўй одам!- ўшқирди Фадеев,- Нимага ўзбекларни пастга урасан? Агар Ўзбекистон бўлмаса, бу урушда ғалаба қозонолмаслигимизни биласанми?! Шу совуқда ҳаммамиз очдан ўлиб кетамиз. Ўзбек оғзидагини бировга берса берадики, бировнинг ҳақига кўз олайтирмайди! Биров қўлга туширганмиш, Ҳе…
- Игорь, сен ўзи сал анақароқмисан? Эҳтимол, у ёғингга битта, бу ёғингга битта туширсам, шаригинг жойига тушиб қолар,- Дубо қўлидаги милтиғини Азларга бериб ҳезланди.
- Мен нима дедим сизларга? Шунчаки гап-да,- Кружилин ортига тисланиб нарёққа кетди.
- Сталинградда улкан бурилиш бўлибди. Урушнинг тақдири ҳал бўлди деяверинглар, бизнинг фойдамизга,- Петрушиннинг бу гапи ҳаммаларининг кўнглига чироқ ёқди. Гўё у » эрта-индин уруш тугайди, ҳамманглар уйга кетасизлар» дегандай бўлди.
Фронт газетасининг бу сони бутунлай Сталинград жангига бағишланганди. Қачонлардан буён газета ўқимаган одамлар барча мақолаларни ютоқиб ўқиб чиқдилар. Газета қўлдан қўлга, взводдан взводга, ротадан ротага ўтди.
ХХХ
Хандақ устига ходалар ташланиб, устидан тупроқ ташланган ертўла. У икки хонадан иборат. Ичкариги хонада майор Пирогов қилинадиган ишлар режасини тузиб ўтирар, ҳар замонда «уф» тортиб қўярди. Ҳадеб чекаверганидан хона тутун ва ачимсиқ ҳидга тўлиб кетган. Қанча-қанча одамларнинг шахсий ҳужжатлари бор бу ерда. Барчасини камоли диққат билан ўрганиб чиқиш зарур. Бири қўрқоқлик қилган, бири асирликдан қочиб ўтган, бири сиёсатга тўғри келмайдиган гап айтган — ҳаммасини бирма-бир элакдан ўтказиш керак. Иш кўп. Боши ғовлаб, ташқари чиқиб ҳаво алмаштириб келиш учун ўрнидан турди. Даҳлизга чиқса, ёрдамчиси капитан Рубцов бир одам билан гаплашиб ўтирибди. Ранги заҳилроқ, кўзлари аланг-жаланг бу жангчининг уст-бошига қараганда сўроқ қилинаётганларнинг бири бўлса керак. Капитан уни кўриб ўрнидан туриб честь берди.
- Ўтир, ўтир, давом эттиравер,- деди Пирогов, сўнг сўради:- қочоқларданми буям?
- Йўқ, ўртоқ майор, жарима батальонидан келибди. Айтишича, у ерда бир жангчи ҳар хил диний расм-русумлар қилармиш, яна бир нечтаси антисовет гапларни гапиришармиш.
- Ў-ҳў, ажойиб гап-ку. Бизбоп материал чиқади, шекилли.
- Мен ҳам шунга қизиқиб ўтирибман, ўртоқ майор.
- Ҳа, айтганча, кечаги жангдан қочган бешта жангчининг иши нима бўлди?
- Жангдан қочмаганмиз, ўқ-дори учун келганмиз деб туриб олишяпти. Айбловларга қўл қўйишдан бош тортишди.
- Рота командирини чақириб гаплашдингми?
- Ҳа, рота командири ўқ-дори олиб келиш учун ўзим юборганман деб кўрсатма берди.
- Улар жангдан қочадиганларга ўхшамайди. Сенингча қандай?
- Менимча ҳам шунақага ўхшаяпти.
- Уларнинг ишини ёп-да, роталарига жўнатиб юбор. Ҳозир ҳар бир жангчи ҳисобда.
- Хўп бўлади, ўртоқ майор.
- Бу жангчи билан эса ўзим шуғулланаман. Қизиқ гаплар чиқиб қолади, шекилли. Қани, бу ёққа юр-чи,- Пирогов жаримачини ўзининг хонаси томон имлади.
- Ўтир,- деди хонага киришгач,- бир бошдан ҳеч нарсани қолдирмай гапириб бер, ҳа, айтганча, исми шарифинг ким?
- Игорь Всеволодевич Кружилин. Жарима батальонининг биринчи рота биринчи взводиданман.
- Яхши, Игорь Всеволодевич, энди гапир.
Кружилиннинг айтишича, взводда бир ўзбек жангчиси бор экан. У динга берилган бўлиб, ҳатто, бир неча кароматлар ҳам кўрсатганмиш. Кўпчилик унинг ёнига бирлашиб олибди. Фадеев, Мақсудов, Дубов деганлари унинг ёнидан жилишмас экан. Ҳатто взвод командири Петрушин, рота командири Гречковлар ҳам унинг таъсирига тушиб қолишибди. Ҳар куни улар Сталин ва бошқа обрўли қўмондонларни ғийбат қилишиб, бўхтон гапларни тарғиб қилишаётганмиш. Айниқса, Дубов ва Фадеевларни зудлик билан қўлга олишмаса, улар зўрлик билан бошқаларни ҳам йўлдан уришлари тайин эмиш. Майор унинг гапини диққат билан эшитди.
- Сен вақтида бизни огоҳлантирдинг, яхши. Бундай ишни узоқ ўрганиш керак. Материалларни йиғиб бориб охирида илдизи билан суғуриб ташлаш лозим. Бу ерга келиб тўғри иш қилибсан. Бундан кейин сен менинг кўзим ва қулоғим бўласан. Ҳар ўн беш кунда ёнимга келасан. Шахсан ўзимга учрайсан. Шахсан ўзим сендан хисобот оламан. Ҳозир эса барча айтганларингни ёз,- Пирогов столга уч-тўртта қоғоз қўйди,- бемалол ўтириб, батафсил ёз. Мен ташқарида чекиб тураман.
Ярим соатлардан кейин қайтиб кирганда Кружилин гапларини ёзиб бўлиб уни кутиб ўтирарди.
- Мана энди ниқобланган душманнинг думини босдик. Энди унинг бўғзидан олиш фурсатини пойлаймиз. Бу ишда сенинг хизматларинг алоҳида бўладиган бўлди. Бу ерга келганингни биров биладими?
- Йўқ.
- Яхши. Бировга сир айтма. Қайта уқтираман: шахсан ўзимга учрайсан. Мен уларга мана, алоҳида иш очаман,- Пирогов битта жилд олиб унга Кружилиннинг ёзганларини солди,- энди бор, ўн беш кундан кейин кутаман. Иложи борича кўпроқ маълумот олиб кел. Буларнинг ишини қанча тез тугатсак, сенинг ҳуқуқларинг шунча тез тикланади.
Кружилин чиқиб кетди. Пирогов эса ўйланиб қолди. Пича ўтиргандан кейин ўзига ўзи деди:
- Ўша чол айтган муаммо шу, шекилли.
ХХХ
«Темирни қизиғида бос» деганларидай бутун армия бир ҳужум қилди-ю, душманни ўзини ўнглашга қўймай Смоленьск томонга чекинишга мажбур қилди. Яна олдинга интилиш ҳақида буйруқ келди, аммо душман чекинаётиб Днепр дарёси бўйларини миналаштиришга улгурди, шунингдек, дарёдаги кўприклар ҳам портлатилганди. Узоқдан дарё кўриниб туради, ундан ўтиш учун эса алоҳида тайёргарлик лозим. Дарёнинг ўртаси музламаган, музлаган жойларда ҳам муз қалин эмас. Ана шу масала бутун армиянинг йўлини тўсиб қолди. Кўприк қуриш учун аввало, мина майдонини босиб ўтиш, ундан кейин дарёга чиқиш керак, аммо немислар дарё қирғоғини ниҳоятда кучли назорат қилади. Шунга қарамай, қандай қилиб бўлмасин Днепрни кечиб ўтиш вазифаси батальонга юклатилди.
- Бу вазифани неча кунда уддалайсан?- сўради генерал Волохов Субботиндан.
- Қўмондонлик қанча муддат берган?- саволга савол билан жавоб берди комбат.
- Узоғи билан бир ҳафта.
- Аввал вазиятни ўрганиш керак. Дарёга етиб боришнинг ўзи бўлмайди.
- Қандай қилиб бўлса ҳам бу вазифани уддалашимиз керак, бўлмаса, калламиз кетади. Уддалаш шарт,- таъкидлади генерал.
Субботин штабдан бутунлай тушкун кайфиятда чиқди. У келибоқ дардини рота командирларига айтди. Улар билан бирга траншеяга чиқиб дарёгача бўлган жойни чамалади. Уч юз метрлар чамаси жой текислик, миналаштирилган, ана шу ердан батальонни олиб ўтиш керак.
- Дарё бўйи миналаштирилмаганмикин?- дурбинда кузатар экан сўради Канаев.
- Менимча, йўқ,- деди Субботин,- аммо у ерга етиб олишни айт. Етиб борган тақдиримизда ҳам душманга тайёр нишон бўламиз қоламиз.
- Етиб борибоқ дарёдан сузиб ўтиб душманга ташланишимиз лозим,- фикрини айтди Корзун.
- Тўри-куя, дарёга етишни айт.
- Сапёрлар бизга ёрдам берадими?- комбатга қаради Гречков. Ёрдам беришади-ю, бу қорда улар мина тополмайди, қорнинг қалинлиги тизза бўйи.
- Оғир ва қалин темир бочка ясатамиз, узоқдан ёғочлар билан туртамиз, шундай қилиб йўлак очиш мумкин,- Канаев Субботинга қаради. Комбат унинг фикрини тушунди.
- Ўша бочкалар қорни мина бор жойгача боса олармикин?
- Тишли қилдирамиз. Кечалари аста-аста итариб бораверамиз.
- Яхши, мен ҳозироқ сапёрлар ротаси билан гаплашаман. Сизлар айтилган бочкани ясай оладиган уста топинглар.
Комбат ортига қайтиб, блиндаж томон кетди. Ротниклар уста топиш учун роталарга тарқалдилар.
Бир соатдан кейин блиндажда тўрт жангчига Субботин қандай мақсадда бочка ясаш кераклигини тушунтирарди. Улар мақсадни англаганларидан кейин чиқиб кетишди. Эртасига эрталаб Канаев ротаси жойлашган маррада ўзлари ясаган мосламани намойиш қилдилар. Бу чор атрофи ярим қулочли темир тиш билан ўралган, узунлиги икки метрли ғўла эди. Уни ёғоч билан итариб думалатиб кўрдилар. Қорда думалаши қийин, бироқ бир амалласа бўларди.
- Шундан яна тўртта ясанглар, иложи борича узоқдан думалатадиган бўлсин,- деди Субботин,- буни эса ҳозироқ синовдан ўтказамиз.
Икки жангчи узунлиги тўрт қулочли биттадан ёғоч олдилар-да, мосламани итариб олдинга сура бошладилар. Уни суриб бориш жуда ноқулай, жангчилар ҳам ёнма-ён ётиб сурилишлари қийин, шунга қарамай бошқа чора йўқ эди. Эллик метрлар юргандан кейин комбат ортга қайтишларини буюрди. Ёғоч ва ғўлани жойида қўйиб иккови жангчи ортига қайтди.
- Фақат кечаси навбатма-навбат шуғулланамиз, ўзим назорат қиламан. Бешта ғўладан биттаси қирғоққа етиб борса ҳам омадимиз, қирғоққа йўлак очиб оламиз. «Ҳужумга» деб буюришларидан олдин улгуришимиз зарур,- уқтирди Субботин.
Кечқурун беш жойдан ана шундай ғўлалар йўлга тушди. Олтмиш метрлар юргач, ўртадаги ғўла минага дуч келиб портлади. Иккинчи ғўла ундан беш метрча олдинга ўтди, холос, у ҳам кўкка учди. У томондан эса душман артиллерияси ишга тушди. Бироқ уч-тўрт марта отишгандан кейин тўхтади.
Уч кундан кейин биттагина ғўлани қирғоққача олиб боришга муваффақ бўлдилар. Канаев ротасининг икки жангчиси куни бўйи ўша ерда қолиб кетишга мажбур бўлди. Улар ётган жойларида чуқур қазиб олаётганларини Субботин дурбинда кузатиб турди.
- Буйруқ келиши билан шу издан бутун батальонни олиб ўтишимиз керак,- деди у Канаевга.
- Бу йўлга сиғмаймиз. Бир кун олдин дарё бўйида позиция тутишимиз керак. Дарёнинг ўтиш учун қулай жойини ҳам ўша ерда белгилаймиз,- маслаҳат солди Канаев.
- Бу гапинг ҳам тўғри. Аммо душман бизни қирғоққа яқинлаштирармикин?
- Фақат кечаси бу ишни амалга оширамиз. Ўнта-ўнтадан жангчиларни жўнатаверамиз.
Канаевнинг бу гапи комбатга ҳам, ротникларга ҳам маъқул тушди.
Кейинги уч кеча давомида батальон дарё қирғоғига ўрнашиб олди. Мана энди нариги бетга сузиб ўтиш масаласи кўндаланг бўлди. Разведка маълумотларига кўра, улардан икки чақирим чапроқда дарёнинг кўприги бор. Бироқ кўприк шу даражада қаттиқ қўриқланадики, унга яқинлашишнинг имкони йўқ. Агар шу кўприк қўлга киритилса, бутун армияга йўл очилади. Бу ишни қандай бўлмасин уддасидан чиқмоқ керак. Аммо қандай қилиб? Бунинг устига дивизия штабидан эртага дарёни кечиб ўтиш ҳақида буйруқ келди. Буйруқ — буйруқ. Уни инкор этишнинг иложи йўқ. Командирлар узоқ мулоҳаза қилдилар. Охири, дарёнинг музи кўпроқ жойини белгилашди. Дарё катта бўлгани учун ўртаси музламаган, сувдан енгил буғ чиқиб ётарди. Субботиннинг буйруғи билан наридан бери соллар ясалди. Тўртта-бешта ходалар бирлаштирилиб ясалган бу солларда сузиб ўтишнинг ўзи бўлмасди. Комбат таваккал қилишга қарор қилди.
ХХХ
Изғирин. Совуқ. Қаттиқ шамол аралаш қор бўрон бошланди. Гречков бутун ротани яна ярим соатдан кейин, яъни қоронғи тушиши билан кечув бошланиши ҳақида огоҳлантирди. Тизза бўйи келадиган, четидаги қор билан ҳисоблаганда бир ярим метрли окопда ўтирган Нуриддин Азларни ёнига чорлади. Кўзларини юмиб олиб узун бир сурани ўқиди. Кейин узоқ дуо қилди. Яна тиловат қилди. Сўнг ўзига, Азларга, уларнинг қатига келиб ўтирган Фадеевга дам урди. Яна дуо қилди. Азлар қараса, Фадеев ҳам уларга ўхшаб қўлларини очиб ўтирибди. Кулгиси келди, лабларини тишлади.
- Нимага куласан?- билиб қолиб қовоғини солди Вадим,- мен ҳам худога ишонаман. Дининг бошқа бўгани билан яратган битта-ку. Сизлар ундан нажот сўраяпсизлар, мен ҳам қўшиляпман.
- Йўқ, йўқ, сенинг устингдан кулмаяпман, аксинча, хурсанд бўлганимдан,- ўзини оқлади Азлар.
- Ҳаммага дуо қилдим. Мусулмонми, христианми- ким бўлишидан қатъий назар ҳаммамизни сақлашини ўтиндим. Худога ишонганинг — кўнглинг софлиги. Барчамиз унинг ожиз бандаларимиз.
Нуриддин Вадимга қараб жилмайиб қўйди. У эса бунинг елкасига туртди.
- Рота-а, солларга!- Гречковнинг овози эшитилди. Учови ҳам ўринларидан турдилар. Қорбўрон юзларга урилди, бурунларни чимчилади, кўзларни қўл билан тўсишга мажбур қилди.
- Солга чиққандан кейин ҳеч ким овоз чиқармайди!- буюрди Гречков.
Бу қаҳратонда дарёни сузиб ўтишнинг ўзи даҳшат эди. Учови бориб битта солга чиқдилар. Ўнлаб одам чиқиб олган ходалар сувга ботиб-ботиб борар, унсизгина узун ёғочлар билан солни итаришди. У оғир силжиди. Оёқлар тўпиққача сувга ботди. Қўллар тараша бўлиб қотиб қолди. Аскарлар иложи борича товуш чиқармай соҳилга яқинлашиб олишни исташарди. Увиллаётган бўрон буларнинг ҳам шўри, ҳам омади эди. Бу бўронда музлаб қолиш ҳеч нарса эмас, сувга тушдинг — тамом. Омад шу эдики, душман назорати сусайганди. Чорак соат деганда олдинги соллар қирғоққа урилди. Негадир душман томондан бирон ҳаракат сезилмасди. Хавотирга ўрин қолдирмай, учови тушган сол ҳам соҳилга эсон-омон етиб борди.
- Оёғингга сув ўтдими?- пичирлади Азлар.
- Билмадим, совуқни сезмаяпман,- деди Нуриддин.
- Немиснинг этиги пишиқ бўлади, сув ўтказмайди.
Дарёнинг бу бети дарахтзор бўлиб, немис позицияси кўринмасди. Комбат батальонни дарахтлар оралаб бошлаб кетди. Нақ юз эллик метр юрганларидан кейин у тўхтаб қўлини кўтарди. Ротникларга бор қуроллардан бараварига ўт очиб ташланишларини уқтириб яна олдинга юрди. Яна эллик метрча юриб тўхтади-да, қўлини кўтарди, сўнг олдинга югуришларини ишора қилди. Душман бор-йўғи ўттиз-қирқ метрлар нарида эди. Тўсатдан қилинган ҳужум душманни эсанкиратиб қўйди, автомат, милтиқлар отилар, гранаталар портлар, ҳамма ўзини душман устига ташлади. Пулемёт нуқталари бир зумда яксон қилинди. Ярим соатда окоп эгалланди. Беш юз метрлик масофа қўлга киритилди. Комбат шунда ҳам жангчиларни тўхтатмади. Беш қадам нари кўринмайдиган қорбўронда яна олдинга интилдилар. Иккинчи линияда артиллерия батареялари жойлашганди. Ана шу ерга етиб бордилар. Бу ерда ҳам жанг узоқ давом этмади. Душманнинг ўн олти тўпи қўлга киритилди. Бу ерни эгаллаганларидан кейин тўплар ортга бурилди. Талофатсиз қўлга киритилган бу қуроллар катта хазина эди. Биринчи линияда ҳам, иккинчи линияда ҳам катта ўқ-дори заҳираси қўлга киритилди. Яна муҳими шу эдики, бу ерда озиқ-овқат заҳираси ҳам бор эди. Тириклик манбаи. Батальоннинг тақдири шунга боғлиқ, ахир.
Тонгга яқин бўрон шунақанги кучайдики, бош кўтаришнинг иложи бўлмай қолди. Шамол учираман дейди. Бу бўронда душман ҳужум қилолмаслиги аниқ бўлиб қолди. Шундан фойдаланиб батальон маҳкам ўрнашиб олди. Йўқотишлар ҳам анчагина эди. Олтмиш нафарга яқин одам сузиб ўтиш пайтида, ўттиздан ортиғи жангда йўқотилганди.
Нуриддин билан Азлар, Вадим учови тезда ўзларига бошпана топдилар. Окоп ичида жойлашган кичкинагина, атрофи ва усти ёпиқ жойда етти киши сиқилишиб жойлашдилар. Шундай бўлса ҳам ўт ёқишди. Кўпчиликнинг усти буткул хўл бўлганидан шақирлаб музлаб қолганди. Оёғи музлаб қолганидан Дубов ҳатто этигини ечолмади. Навбатма-навбат пайтаваларни ечиб қуритдилар. Этиклар, шинеллар қуритилди.
Кўз очирмаётган бўрон тўртинчи кун тонгда тўсатдан тўхтаб қолди. Субботин батальонни суриштириб тўп отишга уқуви етадиганларни йиғиб қўйганди. Жаримачилар ичида ҳам артиллеристлар анчагина экан. Бўрон тўхташи билан артиллерия ишга тушди. Мақсад душманни кўз очиришга қўймаслик эди. Бир амаллаб тикланган алоқа линиясида генерал Волоховнинг овози эшитилди:
- Сенда артиллерия овози эшитиляпти, бу нима?
Субботин унга тўпларни қўлга киритганини, шу тўплардан душманнинг ўзига отаётганини тушунтирди.
- Баракалла, позицияни маҳкам ушла. Сенга тезда ёрдам етиб боради. Мина даласидан қандай ўтиб кетдинг? Полклар ўтолмаяпти.
Комбат қандай қилиб ўтганини айтди. Бу бўронда улар ўтган излар супурилиб кетган, энди у даладан ўтиш учун чора топиш керак эди. Генерал тезда қўшимча куч юборишга яна бир бор ваъда бериб алоқани узди.
ХХХ
Гарчи генерал ёрдамга тез етиб боришларини айтган бўлса ҳам, бир ҳафтадан ўтдики, ёрдам етиб келмади. Душман позицияни қайтариб олиш учун тиришиб ҳаракат қилар, кунда бир неча маротаба унинг ҳужуми қайтариларди. Дастлаб тўплар ишдан чиқди. Сўнгги снарядгача отиб тугатдилар. Олтита тўп танклар ўқидан мажақланиб кетди. Батальон кучсизлангани сайин душман қутуриб борарди. Бир неча марта немислар окопларгача етиб келдилар, аммо, барибир, позицияни тортиб ололмадилар. Еттинчи кун батальоннинг икки юзга яқин қолган жангчиси душманнинг яна бир ҳужумини қарши олди. Бу охиргиси бўлиши аниқ эди. Чунки шу жангдан кейин батальонда одам қолмаслиги мумкин. Сўнгги гранаталар, сўнгги патронлар қолганди жангчиларда. Шунга қарамай танклар ҳужуми мардонавор қайтарилди. Навбат пиёдалар ҳужумини қайтаришга келганди. Автоматлар битта ўқ отадиган қилиб созланди. Ўқни тежаш зарур.
- Биттадан ўқ отинглар, ўқни тежанглар!- қичқирарди Гречков. Ўзи гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда пайдо бўлар, бор овози билан бақирарди.
Тушга яқин, барибир, душман пиёдалари окопларга ёриб кирдилар. Аёвсиз қўл жанги бошланди. Нуриддин ва Азларнинг ёнида доимгидай Вадим. Уларнинг рўпарасидан уч немис автоматчиси бостириб келарди. Оралиқ ўн қадамлар қолганда Нуриддин сўнгги ўқи билан олдинда келаётганини отиб қулатди.
- Ёт!- қичқирди Вадим. Учови ҳам чўк тушдилар. Немис автоматчиларининг бири шиддат билан келаётганидан окопга яқин чалишиб боши билан мункиди. Уни Азлар бошига қўндоқ билан туширди. Иккинчиси окопдан сакраб ўтаётган пайтда биров бир сакради-ю, унинг оёғидан қучиб қолиб окоп ичига қулатди. Бу Дубовнинг иши эди. Вадимнинг бир зарбаси билан немис жон берди. Тезда қуроллар олинди.
- Қойил, Миша, сен мушук экансан,- деди Вадим.
Уларга яқин жойда яна олишув кетмоқда эди. Вадим шу томон интилди. Бир лаҳзада яна тўрт душман маҳв қилинди. Петрушин ва Громов дарров автоматларни олдилару нарёққа югурдилар.
- Биз бу ёқдагиларга ёрдамга борамиз!- дея Вадим ортига қайтди. Ўн қадам юрмай ўқ узаётган немис автоматчисини отиб йиқитди.
- Нурик, бу қурол сенга!
Йигирма қадамлар нарида камида йигирмата одам қирпичоқ бўлаётганди. Вадим сакраб окоп қирғоғига чиқди-да, югуриб бориб ўзини тўда ичига отди. Бу ерда немисларнинг қўли баланд келмоқда эди. Нуриддиннинг кўргани шу бўлдики, Гречков ёқавайрон, икки немиснинг автоматини бир-бирига қаратиб ушлаб олган, улар эса уни тепишаётганди. Азлар бирининг, Нуриддин бирининг бошига қўндоқ билан туширганларидан кейин Гречков ерга ўтириб қолди. Шу заҳоти устига иккови немис йиқилди. Яна бир неча лаҳзадан кейин олишув тугади. Ерда жасадлар бирининг устига бири қалашиб кетганди. Алексеев ва Гречковни турғиздилар. Иккови ҳам турибоқ немис автоматларига интилишди.
- Тезроқ, кўпроқ олинглар, у ёқда ўзимизникилар… оғир…- ҳансираб гапиролмай қолди Гречков.
- Кетдик, йигитлар,- Вадим яна нариги томон ўртоқларини бошлади. Ўттиз қадамлар юришгач, яна немисларга дуч келишди. Бу ерда ҳам олишув кетмоқда. Отишнинг имкони йўқ. Ўзимизникиларга тегиши мумкин. Бу ерда Субботиннинг ўзи жангчилар билан бирга елкама-елка олишаётганди. Вадим, Михаил, Азлар, Нуриддин — тўртовининг шиддат билан ташланиши масалани ҳал қилди. Орқадан Алесеев билан Громов ҳам етиб келишди.
- Йигитлар, ўт оч!- қичқирди Субботин. Ўттиз қадамлар олдинда немислар югуриб келмоқда эди. Шу тобда Нуриддиннинг оёғи остига бир нарса тушди. Ҳушёр экан, Дубов эгилди-ю, бир ҳаракат билан ҳалиги нарсани олиб ирғитиб юборди — портлаш эшитилди. Барчалари баравар ўт очдилар. Душман ётиб қолди.
- Кимда граната бор?!- қичқирди Субботин.
- Ҳозир ўзлари отади!- жавоб берди Дубов. У кўзлари олазарак бўлиб у ёқдан бирор нарса тушармикин деб пойлаб турарди.
- Миша, эҳтиёт бўл, қўлингда портлаб кетмасин!- унинг мақсадини тушуниб огоҳлантирди Гречков.
- Уларники ерга тушгандан кейин уч секундда портлайди, улгураман!
Ўнг томонда автомат тариллади, демак яна кимдир тирик. Ўқлар эса тугаб борар, бунга сайин немислар кўпайиб борарди. Ниҳоятда оғир вазиятда қолган Субботин қичқирарди:
- Йигитла-а-ар! Окопга яқинлаштирмай от! От!!!
Ўлар-тириларига қарамай олдинга ташланган немислар яна окопга етиб келдилар. Яна қўл жанг бошланди. Худди шу лаҳзада орқада автоматлар тариллади, кучли сел оқими урилгандай «Ура-а-а!» деган садолар эшитилди. Полковник Боровкин қисми аскарлари дарёни кечиб ўтишга муваффақ бўлган, ёрдамга етиб келишга улгуришганди. Бутун полк ёйилиб ҳужумга ўтиб келарди. Дастлабки аскарлар окопга етиб келишлари биланоқ душман аскарлари чекина бошлади. Бу қорда ортга югуриш ҳам осон эмасди улар учун. Окопдан чиқиб қочганларнинг деярли барчаси ўққа учди. Қисм окопларни босиб ўтиб кетди. Икки чақирим ғанимни қувиб борди-ю, ортга қайтди. Душманнинг жуда катта қисми йўқотилганди. Бу шу пайтгача эришилган ғалабаларнинг энг каттаси бўлиб, батальондаги йўқотишлар ҳам шунга яраша эди. Батальон қирилиб кетиш арафасига келганди.
ХХХ
Эртасига немислар бутун кучи билан маррани қайтариб олиш учун ҳужум қилиб кўрди. Бир томондан Трубишев қисми, бир томондан Боровкин қисми шундай зарба бердики, икки соатга қолмай ортга чекинишга мажбур бўлди. Энди ҳужум қилиш навбати бу томонга ўтганини англаган немислар бу сафар узоқроқ чекинишга қарор қилди, шекилли, разведка маълумотларига кўра, улар Ярцево шаҳарчасига яқин жойга бориб мудофаа истеҳкомлари тиклай бошлабди. Бу дарёдан деярли эллик чақиримдан зиёд жойда эди. Батальонда омон қолган олтмиш етти нафар жангчини душманга яқин ерга олиб бориш ҳақида дивизия штабидан буйруқ берилди. Оғир жангнинг эртасигаёқ бундай вазифани бажариш қийин эди. Жангчилар ҳаддан зиёд ҳолдан тойган, деярли ҳафта давомида уйқу нималигини билмагандилар. Шунга қарамай, комбат буйруққа кўра, батальонни кечаси йўлга бошлашга мажбур бўлди. Энди уларга бу ерда қиладиган иш йўқ, марра эгалланганди.
Рота командирлари ҳеч бўлмаса, тонгга қадар дам беришни сўрашди-ю, уларнинг талаб дарров рад этилди. Мана энди батальоннинг қолган-қутгани чала-ярим таъминот — қуруқ озиқ билан йўлга тушди. Икки чақирим юришгач, қандайдир йўлга чиқиб олдилар. Бу ердан яқингинада немис техникаси ўтгани билиниб турарди. Машина йўлида икки саф бўлиб кетиб боришар, ҳолдан тойган одамлар юриб боришарди-ю, мункиб- мункиб кетишар, юриб кетаётиб ухлаб қолиб йиқилиб тушишарди. Шу тариқа ярим тунгача йўл юрганларидан кейин комбат одамларни дарахтлар ўсган қиялик этагида тўхтатди. У жангчиларнинг ахволига ачинганидан » нима бўлса, бўлар» деган қарорга келди, шекилли, ўт ёқишга, ҳар ким ўзига тунаш учун жой ҳозирлаб олишларига рухсат берди.
Нуриддин билан Михаил дарров ўтин синдириб келишга отланишди. Сергей, Вадим ва яна бир жангчи тепаликнинг ёнидан тунаш учун жой ҳозирлашга киришдилар. Михаил иккови уч мартадан ўтин ташиб келдилар. Улар ўтин йиғиб бўлгунларича бошпана ҳам тайёр бўлди. Қирғоқнинг қорини айлана қилиб кураб девор ясаб, ерни ўйиб беш киши бемалол кириб ўтирадиган қилибдилар. Гуриллатиб ўт ёқдилар. Этиклар ечилди. Узун таёққа пайтавалар илинди. Котелокка қор солиб сув қайнатдилар. Ҳамма ўзининг халтасини титкилаб озиғини олди. Нуриддин битта консерва олиб Вадимга берди.
- Ўзинг е.
- У емайди, овора бўлма,- деди Азлар.
- Эҳ, Нурик, шу замонда ҳам овқатдан парҳез қиласан,- Вадим қопчиғини титиб икки дона печенье, икки чақмоқ оқ қанд олиб унга берди.
Оловни баландроқ қилиб овқатланганларидан кейин ҳаммаси ўтирган жойида мудрай бошлади.
- Этикларни кийинглар, йигитлар,- Вадим дик этиб ўрнидан туриб кетди,- ҳалигинга ўхшаб ухлаб қолсак, музлаб қоламиз. Яхшиям, ўшанда Нурик уйғониб кетган, бўлмаса, қотган бўйи у ёққа кетардик.
- Гапинг ҳақ,- Михаил зўрға силжиб этиги ва пайтавасини олди-ю, кўзлари юмилиб-юмилиб зўрға пайтавасини ўраб этигини кийди.
- Бир-биримизга яқинроқ ўтирайлик,- деди Азлар. Нуриддин Дубов ва Азларнинг ўртасида ўтириб бир дам кўзини юмди… Шу бўйи оёғига биров тепганда кўзини очди. Гречков йигитларни уйғотиб юрарди.
- Туринглар, йигитлар, туринглар, йўлга тушамиз.
Совуқсираган, совуқдан карахт бўлиб қолган жангчиларни уйғотишга ярим соат вақт кетди. Уларнинг ахволини тушуниб турган комбат кўп ҳам шоширмади. Батальон сафга тургандан кейин тайинлади:
- Ҳозир совуқ, ҳамма ёнидаги шеригига жавобгар. Ҳеч ким йўлда йиқилиб қолмасин. Соат ўн икки бўлди. Соат тўртгача йўл юрамиз. Кечки пайт қулайроқ жой топиб тунаймиз. Йўлда овқатланишга, чекишга, гаплашишга рухсат бераман.
Яна машаққатли юриш бошланди. Соат учга қадар йўл босдилар. Орада бир марта ўн минутлик тўхталиш берилганини ҳисобга олмаганда деярли тўхтамадилар. Бир маҳал узоқда уйлар қорайиб кўринди. Комбат тўхтади. Дурбинда узоқ тикилди. Сўнг дурбинни Канаевга узатди.
- Саккизта уй бор экан, немислар бўлиши мумкинми?
- Бунақа кичкина қишлоқларда улар тўхташмайди. Бораверайлик, аниқ — у ерда немислар йўқ.
Қишлоқда ҳақиқатдан немислар йўқ эди. Тўртагина уйда одамлар бор экан, улар ҳам қариялар. Уларнинг айтишича, уч кун олдин машиналар, танклар ўтибди. Бу ерда тўхташмабди.
- Демак, бу кеча шу ерда тунаймиз. Ҳаммани уйларга тақсимлаб чиқинглар.
Ташландиқ уйларнинг бирига Нуриддинлар бўлинмаси жойлашди. Тезда у ёқ-бу ёқни йиғиштириб, печкага ўт ёқиб юбордилар. Хона тез исиди. Печка атрофида ўтириб чой ичдилар. Қиш тушгандан буён биринчи маротаба иссиқ уйда ўтириб танлари яйради, неча вақтлардан буён ечилмаган шинеллар ечилди. Громовдан бошқа ҳамма шундоқ полга шинель ташлаб чўзилди.
Уларни эрталаб Громов уйғотди. Йўлга тайёрланишни, ярим соатдан кейин жўнашларини айтди.
- Эҳ, шу ерда бир умр қолишга розийдим,- керишиб туриб деди Дубов.
- Шундай кунларга ҳам етармиз ҳали,- Вадим унинг елкасига уриб қўйди.
Қорин тўқ, уст-бош қуруқ, бир яйраб олган жангчилар уйлардан чиқишиб бир ерга йиғилдилар. Комбатнинг буруғи билан яна йўлга тушдилар. Қош қорайиши олдидан бир тепаликка икки чақирим қолганда тўхтадилар. Тепалик энига чўзилиб кетган, немислар жойлашгани билиниб турарди.
- Шу ерда окоп қазишни бошлаймиз. Туни билан ҳамма ўзига жой ҳозирласин. Ҳамма ишга!- комбатнинг буйруғи қисқа ва аниқ бўлди.
Яна бешовлон бир ерда ишга киришдилар. Тўхтамасдан ишлаб икки соатда тугатишди. Кавлаган чуқурларини бир-бирига туташтирдилар. Қоронғида темсалаб юриб ёғоч, хода топдилар, окопнинг бир жойига тунайдиган жой қилишиб, чор-атрофини ёпиб олдилар.
- Шу ерда тонг оттирамиз. Эрталаб бирор нарса ўйлаб топамиз, иссиқроқ жой қилиб оламиз,- Вадим ерга ўтириб шинели ёқаларини кўтарди. Унинг икки ёнига Нуриддин ва Азлар суқилдилар. Кечаси билан оёқларини таппиллатишиб, елкалари билан бир-бирларини туртиб-туртиб ухладилар.
ХХХ
Жарима батальони мина майдонидан ўтиб кетганидан кейин армия штабидан дивизияни тезда дарёнинг нариги томонига олиб ўтиш ҳақида кетма-кет буйруқ келди. Бироқ сапёрлар ҳеч бир имкон тополмадилар. Батальон ўтган йўлни эса қор кўмиб кетган, из йўқ. Таваккал деб йўл бошлаган икки йўлбошчи портлаб кетди. Нима қилиш керак? Ҳатто генерал Волоховнинг ўзи келиб майдонни кўздан кечирди. Унинг ёнида келган майор Пирогов ҳам узоқ тикилиб турди. У ёққа юрди, бу ёққа юрди, ниҳоят, бир қарорга келди, шекилли, генералга мурожаат қилди.
- Ўртоқ генерал, рухсат берсангиз, дивизияни майдондан мен олиб ўтсам.
- Эсинг жойидами? Йўл топишади.
- Қор қалин, излар босилиб кетган. Бошқа иложимиз йўқ. Буйруқни бажаришимиз шарт.
Генерал нима дейишни билмай қолди.
- Мен сен учун жавоб беролмайман.
- Ўз ихтиёрим билан, мана гувоҳлар,- Пирогов ёнидаги офицерларга қаради. Ҳамма жим. Биров бир нарса деёлмади.
Пирогов ўзига яраша жасур ва синчков эди. У майдонга тикилиб сал дўмпайиб турган қорни илғай олди. Демак, бу ўша айтилган мослама, ўша ерда портлаган. У қўлига дурбинни олиб эллик қадамлар юриб тўхтади. Ўша ерда туриб иккинчи мосламани ўнг томонда, биринчисидан беш-олти қадам нарида эканини сезди. У ўнг томонга йигирма қадамлар юрди. Таваккал деб олдинга юрди-ю, бироз юриб тўхтади. Ўзича бир нималарни чамалади. Этиги билан қорни секин сидирди. Ерга эгилиб қор сидирилган ерни ушлаб кўрди — қор ости музлаб қолган, муз қаттиқ эди. Ҳа-а, шу ердан одамлар ўтган. Қор депаланган, депаланган ерда муз ҳосил бўлган. У ўз хулосасига ишонди. Шундай бўлса ҳам эҳтиёткорлик билан олдинга юра бошлади. Эллик қадам юриб тағин тўхтади. » Шу ердан ўтишгани аниқ,- фикрлади у,- бир текис, тизза бўйи қор кечиб келяпман, одамлар депалаган жойларнинг таги музлаб қотиб қолган, шунинг учун текис кетяпман, бўлмаса, оёғим бирор чуқурга тушган бўларди». У ўз фикридан қониқиб дадилланди. Шунда каласига бир ўй келди. Ерга ўтирди, эгилиб олдинга қаради. Ўзининг тўғрисини, ён атрофини кузатди. Шунда бир нарсани илғай олди. Ўзи кетаётган йўлнинг қори бошқа ерлардагидан хиёл пастроқ эди. Шундай қилиш илгарироқ хаёлига келмаганидан афсусланди. Ўзи кетаётган йўл батальон ўтган йўл-ку. У ўрнидан туриб орқадагиларга ишора қилди. Уч-тўрт одам унинг изидан йўлга тушди.
Шундай қилиб майор Пирогов бутун дивизияни дарё бўйига талофатсиз олиб бора олди. Унинг бу хизмати генерал майор Волоховнинг кўз олдида рўй бергани учун у армия штабига дарҳол ахборот бериб, дивизияни сиёсий бўлим бошлиғи майор Пироговнинг шахсан ўзи мина майдонидан талофатсиз олиб ўтганини айтди. Армия қўмондони генерал полковник Тимофеев Пироговга муддатдан ташқари подполковник унвони берилишини таъкидлаб, яна уни орденга тавсия қилишини билдирди. Шу воқеадан кейин армия сиёсий бўлимининг бошлиғи генерал майор Елисеев Пирогов билан қизиқиб қолди.
ХХХ
Февралнинг охирларида Нуриддиндан хат келди. У соғ-саломат эканини, душман тобора ортга чекинаётганини, тез кунларда уруш адоғига етишини ёзарди.
Мунаввар холанинг боши осмонда. Ўзини қўярга жой тополмайди. Хатни Настяга қайта-қайта ўқитади. Қоғоз-қалам олиб чиқиб Настяга ўзи хат ёздирди.
- Айтганларимни ёз, биттаям қолдирма,- таъкидлади у. Маҳалла-кўйдан бошлаб то колхозда нима ишлар бўлаётганигача айтди. Настя кулиб-кулиб унинг айтганларидан тушунганларини қоғозга туширди.
- Отангга айтма, у бошқа хат ёзсин. Иккита хат бирданига борса, боламнинг кўнгли кўтарилади.
Тушга яқин Шамсиддин тоға ҳам келиб хотинининг қистови билан хат ёзиб Настяга берди.
Кечқурун Абдуманноб қори келди. У хурсанд: неча замонлардан буён дараксиз ўғлидан хат келибди. Иккови чол анча муддат чақчақлашиб ўтиришди. Гоҳ иморатдан, гоҳ ибодатдан сўзлашдилар. Хуфтонни бирга ўқиганларидан кейин қори сўраб қолди.
- Шамсиддин ака, ғойибдан туриб сафардаги йигитларга дам солса бўладими? Шундай дуолар ҳам борми?
- Бор,- деди тоға,- аввало, фарзандингизни худога омонат топширинг. Парвардигор омонатни сақлагувчидир. Насиб этса, болангизнинг бир тукини туширмай ўзингизга қайтаради. Ихлос билан дуо қилинг. Келинг, урушда юрган барча йигитларнинг ҳақига икки ракатдан намоз ўқийлик, дуо қиламиз
Иккови намоздан кейин узоқ дуо қилдилар. Қорининг кўзларидан дувиллаб ёшлар тўкилди. Тоғанинг ҳам кўнгли алланечук бўлиб кетди.
- Мусофирчиликда юрган ҳар банданинг ортида дуогўйи бўлса, у омон бўлади, қори, » дуо билан эл кўкарар» деган гап бежиз айтилмаган. Худо хоҳласа, дуо билан душманни енгамиз,- қорининг кўнглини кўтарди тоға. Қори кетгандан кейин тоға уйга кирса, Настя боласининг бошини қучоқлаб йиғлаб ўтирибди.
- Нима бўлди, қизим, нимага йиғлайсан?
- Эридан хат келмаганига анча бўлди, шунга тўсатдан йиғлаб қолди,- Мунаввар хола йиғининг сабабини айтди.
- Эринг котта командир. Аскарларнинг олдида доим хат ёзавергани тортинади, қўлиям тегмайди. Минг-минг одамни бошқариш осонми…
-Ҳа-а, ҳар хил аскар бор,- билағонлик қилиб эрининг гапини оғзидан олди хола,- бири ейман дейди, бири кияман дейди, бири қочаман, бири қуваман дейди. Мана, Нуриддинжондан хат келди-ю, сани эринг камандир, пана жойда, хавотир олма.
Настя холанинг гаидан жилмайди, боласининг сочини силаб бошига юзини босди. Жилмаярди-ю, кўз ёшлари юзларини юварди.
- Ҳозир қори икковимиз йигитларга дуо қилдик. Эрингнинг ҳақига ҳам дуо қилдик. Хат бугун бўлмаса, эртага келади. Хавотир олма, кўнглингни тўқ қил.
Тоғанинг гапларидан Настянинг кўнгли ёришди. Болани уйғотмоқчи эди, хола унамади.
- Болани ташлаб кет. Уйқусини безовта қилма. Сан чиқиб ҳалиндақа… каспегийни ёз.
Настя чиқиб кетгандан кейин ўзича ғудранди:
- Шундай ёш жувонларнинг, ёш йигитларнинг умрини хазон қилмай Гилтер ўлсин! Яхшиям Исталин боракан, йўлини тўсди, бўлмаса, бутун дунёни қон қақшатарди.
- Ёмонга ёмон даво, хотин,- деди-ю, тоға кўрпасига кирди. Хола унинг гапини тушуниб-тушунмай » ҳа-а» деб қўя қолди.
ХХХ
Маррани эгаллаганларига ҳам бир ҳафтадан ошса ҳам, душман томондан ҳужум бўлмади. Лекин кечаси-ю кундузи тиндирмайди: гоҳ миномётини чийиллатади, Гоҳ тўплар наъра тортади, ҳатто бир сафар самолётлар ҳам бомбардимон қилди. Афтидан шу ерда қаттиқ мудофаа тутмоқчи, шекилли. Бирор марта пиёдалар билан ҳужум бўлмади. Бир неча кундан кейин дивизия қисмлари ҳам етиб келди. Қисмлар улардан уч чақиримча орқада жойлашдилар.
Вадимнинг иши пишиқ эди. У ўртоқларини авраб-савраб бошпаналарини мустаҳкамлаб олишга кўндирди. Ёғоч, тахта топиб келдилар. Окопни кнгайтириб, ходаларни териб устидан бир амаллаб тупроқ, хас-хашак ташладилар. Оёқ остига ёғочларни териб чиқдилар. Милтиқ, автомат отадиган туйнк қилиб, уни керак бўлганда очиб-ёпадиган қилдилар. Бу ишларнинг барини битказганларидан сўнг ён атрофдагиларни ҳам шундай қилишга ундади. Қолганларга ҳам баҳоли қудрат ёрдам бердилар. Бекорчиликдан зерикиб қолмаслик учун змас, совуқдан қочиь бажарилди бу ишлар.
Кўпинча Азлар Нуриддиннинг ёнига ўтириб олиб урушдан кейин қиладиган ишларини гапириб беради. «Уйга бориб боғ қиламан, кўп олмалар экаман» дейди. Нуриддин ҳам баъзан унга ўзининг орзуларини айтади. Вадим «урушдан кейин тракторчи бўламан, тракторимга колхоздаги энг гўзал қизларни чиқариб олиб колхоз айлантираман», деб кулдиради.
Бугун ҳам гаплашиб ўтиришганди Михаил бошини суқди-да, Вадим билан Азларни ташқари имлади
- Юринглар сизларга бир нарсани кўрсатаман. Тезроқ.
Дубов икковини траншеянинг энг охирига етаклаб бориб орқа томонни кўрсатди. Икки юз қадамлар нарида биров келмоқда эди. У тез-тез у ёқ- бу ёққа қараб қўяр, чамаси, биров кўриб қолишидан хадиксирарди. Улар турган жойни мўлжаллаб келаётган кимса бу ерда ҳеч ким йўқлигига ишонч билан келаётганди.
- Бошингларни эгинглар, нақ устимизга келади ҳозир,- Дубов бошини пастга тортди.
- Бу — Кружилин, қаёқдан келяптийкин?- сўради Вадим.
- Қаёқдан бўларди, штабдан, ахборот бериб келяпти,- Азлар Вадимга маъноли қаради. Учови ҳам пастга ўтиришди. Бироздан кейин уларнинг нақ устидан Кружилин окопга сакради. У ёқ- бу ёғини қоқди-да, тўсатдан орқасида унга қараб ўтирган учовини кўриб қотиб қолди.
- Қаёқдан келяпсан, Игорь- сўради Вадим.
- Ўзим шундай, айланиб келяпман.
- Сени эса комбат излаб юрибди.
- Нима иши бор экан? Нимага излайди?
- Штабдан сўрашибди, борар экансан.
- Мен ўзим ҳозир… — деди-ю, Кружилин тилидан илинди.
- Биламиз штабдан келаётганингни. Шунчаки, ўз оғзингдан эшитайлик деб кутиб ўтиргандик.
- Йўқ, у ёқда қишлоқ… — Кружилин гапини тўғриламоқчи бўлди-ю, лекин кеч қолганини сезиб тили тутилди.
- У ёқда қишлоқ йўқ-ку, Игорь. У ёқда штаб бор, холос. У ерга эса онда- сонда чақимчилар бориб туришади.
- Мен штабга бормадим, Ўзим айланиб…
- Танца тушгани бордингми?- деди Азлар ғижиниб.
- Қанақа танца?
- Биронта штаб каламуши сенга гармон чалиб берган, сен танца тушгандирсан.
- Йигитлар, нима деяпсизлар? Нимага менга ёпишиб олдинглар? Нимага мени кузатяпсизлар?
- Биз сенга ёпишиб олганимиз йўқ, бор, кетавер. Биз бу ерда Гречковнинг топшириғи бўйича душман позициясини кузатяпмиз. Ўзинг тўғри бизнинг устимизга келдинг. Душманга ҳам бу ерда одам борлигини билдириб қўйдинг.
Кружилин нима дейишни билмай серрайиб қолди.
- Бор, кетавер,- деди Вадим, пича ўйланиб туриб қўшиб қўйди,- хоҳласанг, биз билан қолиб кузат. Агар немис билиб қолган бўлса, ҳозир шу ерга минмётдан отади.
Унинг гапига фаришта омин дедими, шу дамда миномёт чийиллади, улардан нарироққа снаряд тушиб портлади.
- Кетдик, кетдик бу ердан,- Вадим ўртоқларини четга бошлади. Учови лип-лип этиб Кружилиннинг олдидан ўтишиб ўз марралари сари югуриб кетишди. Кружилин ҳам бўйнини қисиб уларнинг ортидан эргашди.
ХХХ
Дивизия штабидан келган маълумотга кўра, душманнинг шу кунларда қаттиқ ҳужум қилиши кутилаётганди. Шунинг учун дивизия қўлга киритилган маррани ушлаб қолиш учун қаттиқ тайёргарлик кўрди. Албатта, биринчи зарбани жарима батальони қабул қилиши ва ҳужумнинг асосий зарбасини қайтариши, қолган қисмлар эса икки ёндан айланма зарба бериши лозим эди. Ҳужум объекти батальон жойлашган позиция. Шу ерга душман асосий кучини қаратади. Шу вақтдан фойдаланиб беш-олти чақирим ўнг томондан Трубишев ва Боровкин қисми, беш километр чап томондан бошқа икки қисм айланиб ўтишлари ва душманни қуршовга олишлари режалаштирилди. Генерал майор Волохов қандай бўлмасин немисларни олдинга ўтказмай тўсиб қолиш вазифасини қўйди. «Ортга бир қадам чекинмайсан, чекинганлар отилади», деди у.
Ҳар сафаргидай батальондан бир чақиримча орқага тозалов отряди келиб жойлашди. Капитан Рубцов ўз отрядига у томондан келадиган ҳар қандай кимсани ватан хоини сифатида отиш ҳақида буйруқ берди. Пулемётлар ўрнатилди, автоматчилар жойларини эгаллашди.
Ҳужум кундузги соат ўн бирда кутилаётганди. Комбат рота командирларига топшириқни етказган бўлса ҳам, уларга жангчилар орасида ваҳима бўлмаслиги учун вақтини айтмади. Фақат ҳар лаҳзада жанг бошланиши мумкинлигини таъкидлади.
ХХХ
Бандасининг эмас, худонинг айтгани бўлади деб бекорга айтишмаган. Кимнинг пешонасига қандай тақдир ёзилгани ёлғиз яратганга маълум, холос. Ўша тақдир ҳам бандасининг ниятига яраша ёзилади, шекилли.
У орқага тозалов отряди келиб жойлашганини ҳам, соат ўн бирда ҳужум бошланишини ҳам билмасди. Окопда ётиб атрофдагиларни кузатди. Биров билан бировнинг иши йўқ. Траншеянинг ҳар сафар ўзи ўтадиган энг чекка жойига келди. Ҳеч ким кузатмаяптимикин деб у ёқ- бу ёққа қараб олгач, секин окопдан чиқди-да, йўлга тушди. Ёзганларини жойида турибдимикин деб ички чўнтагини пайпаслаб кўрди. Ҳаммаси жойида. Ёзган тўрт варақ хисоботи ёнида. Анча юргандан кейин ортига бир қайрилиб қаради — -ҳеч ким йўқ. Қадамини тезлатди. Вақт бўлиб қолибди. Подполковник Пирогов соат ўн бирда уни кутиб ўтиради. Ҳув, ана окоплар ҳам кўриниб қолди. Ўша ерга етиб олса бас, ундан у ёғи икки қадам. Лекин у ана шу окопларга энди ҳеч қачон етиб бора олмаслигини билмасди. Тўсатдан нимадир гумбурлади. Сўнг иккинчиси. Олдигинасида қор аралаш тупроқ осмонга кўтарилди. У ўзини таппа ерга ташлади. Ўрнидан туриши билан яна ва яна ён атрофига снарядлар туша бошлади. Окопларни мўлжаллаб югура бошлади. Ўша ерга етиб олса, қутулади. Очиқ майдонда якка нишон бўлиб қолганини англади. Окопга юз метрлар қолганда пулемёт тариллади. Кўкрагига найзалар кириб, орқасини ўпириб чиқиб кетаётганини идрок қилди. Олдинга гуп этиб қулади, оғзидан қон сизиб чиқди-ю, қотди-қолди. Унинг қони ҳам қизил эмас, қоп-қора эди.
ХХХ
Артиллерия тайёргарлигидан кейин бу сафар немис пиёдалари тўсатдан ҳужумга ташланди. Одатда улар танклар панасида келишарди. Лекин бу сафар очиқ ҳужумга ўтдилар.
- Танклар қани?!- деб юборди Вадим.
- Танклар ҳалақит қилади,- ҳазиллашди Дубов.
- Бутун бир дивизия бизга қарши ташланди, йигитлар, бардам бўлинглар, бир қадам ортга йўл йўқ,- Гречков ҳар ерда жангчиларга уқтириб ўтарди. Унинг бу гапи замирида » ортингга чекина кўрма, орқада тозалов отряди бор» деган мазмун ҳам бор эдики, буни ҳар бир жангчи яхши англарди.
Нуриддин қорда ўрмалаб келаётган қораларга қарата ўқ узар экан, ҳар замонда Азларга кўз қирини ташлаб қўярди. У ҳам бутун диққатини олдинга қаратиб ўқ отарди.
- Нур, менга қарама, олдингга қара, олдинга. Бошингни эҳтиёт қил. Ўқингни тежаб ишлат. Бу сафар ҳам қаттиқ ҳужумда қоламиз, шекилли.
- Орқамиздаги қисмлар бошқа томонга кетишибди. Бу ерда фақат ўзимиз,- Петрушиннинг овози эшитилди,- Кружилинни кўрмадингларми? Ифлос, ўзининг жойида йўқ.
- Каламушнинг инини қара, ўша ердан чиқади,- деди Вадим.
Роса бир соат отишма бўлгач, душман ортга қайтди-ю, яна олдинга ташланди. Бу гал ёйилиб ҳужумга ўтдилар. Оралиқни кенгайтириб, ёйилиб олиш ҳақида Гречков қичқириб буйруқ берди. Тинимсиз ўқ отиб келаётган душманни отиш ҳам осон эмасди. Окоп олдига, орқа деворга потраб ўқлар урилар, бош кўтаришнинг имкони йўқ эди. Ҳарқалай, бир соатдан кейин немислар тағин чекинди. Вадим окопдан бошини чиқариб қаради.
- Қулоқ солинглар, йигитлар,- деди у,- ён томонларда ҳам отишма овози эшитиляпти, демак ёнимиздан қисмлар ҳам жангга кирибди.
- Бироз нафас ростлайлик, ҳозир яна ҳужум қилишади,- Азлар тезда этигини ечди-ю, пайтавасини қайта ўради. Нуриддин эса чўк тушган бўйича пичирлай бошлади. Вадим Михаил ва Азларга уни кўрсатиб имо қилди. Чорак соат пичирлагандан кейин ўзига ва ўртоқларига қараб уч марта «суф-суф» деди. Қўлини дуога очиб, узоқ дуо қилди.
- Миша, Нурикнинг кароматини кўрасан,- деб кўз қисиб жилмайди Вадим. Дубов ҳам бошини сарак-сарак қилди.
Яна миномётлар отилгандан кейин немислар олдинга ташланишди. Бу сафар олдингисидан кучлироқ ўқлар сели ёпирилди. Жангчилар окопдан бош чиқаролмай қўлларини тепага чиқариб тусмоллаб ота бошладилар.
Шу вазиятда Субботинни генерал Волохов алоқага чақирди.
- Комбат, бошингни кўтар, бошингни!
- Бошимни кўтаролмаяпман, ҳозир оёғимни кўтараман,- деб юборди комбат алам билан.
- А?! Нима?!
- Бошимни кўтаришга қўйишмаяпти! Бутун дивизия бизга қарши ташланди!
- Ҳужумга кўтар батальонни!!!- генералнинг овози таҳдидли эшитилди.
- Бош кўтариб бўлмаяпти-ку! Дивизияга қарши қандай қилиб ҳужумга ўтаман?!!
- Батальонни ҳужумга кўтар! Трибуналга кетасан!!! Ҳужумга! Тушундингми?!
- Тушундим!!!
Комбат зарда билан трубкани ташлади-да, ташқарига отилди. Тезда ротникларга алоқачиларни жўнатди. «Ҳозир ҳужумга ўтамиз. Ўзим бошлайман». Унинг буйруғи оғиздан оғизга ўтиб бутун батальонга етди. Тинмай ўқ отилаётган, бош кўтаришнинг имкони йўқ бу вазиятда Субботиннинг таваккал қилишдан бошқа чораси қолмаганди. У пойлаб туриб окопдан ташқари чиқди-ю, бор овози билан бақирди: «Батальон! Ҳужумга-а-а!!!» Дастлаб тайсаллаб туришса ҳам, жангчилар унга эргашдилар. Милтиқлардан, автоматлардан ўқ узиб йиқилиб- туриб бутун батальон олдинга ташланди. » Ё парвардигор, ўзинг сақла, ўзингга омонатман», деб Нуриддин ҳам окопдан чиқди. Югуриб кета туриб милтиқдан отар, мўлжалга олмасданоқ ўқ бўшатарди. Эллик қадам югурмасдан олдинги қатордагилар тўкилиб қолди. Уларнинг ўрнини орқадагилар эгаллади.
Нуриддиннинг ихтиёри ўзида бўлмай қолди. У ҳеч нарсани ўйламас, гўё ўзига ўзи тепадан қараб тургандай туюларди. Уни худди биров бошқараётгандай югуриб борарди. Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга сакрар, ҳаракатлари назарида жуда секин бўлаётгандай, вақт ўтмаётгандай туюларди. Ўн минутда икки томон аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Нуриддиннинг қулоқлари эшитмас, олдидаги қора шарпаларни мўлжаллаб отиб борарди. Кенг далада икки қуюн тўқнашди. Бутун борлиқ чирпирак бўлиб айланди, одамлар чирпирак бўлиб айланди. Орадан бир соат ўтдими, икки соат ўтдими, рўпарадаги олишаётган душман аскарларининг айримлари иккала қўлини кўтара бошладилар. Уларнинг орқасидан, икки ёндан ҳам аскарлар ёпирилиб кела бошлади. Душман қуршовга тушиб қолганди. Уч томондан қўшинлар келиб туташди. Ўртада уч юзга яқин немис аскари қўларини кўтарганча туриб қолди. Уларни тезда қуролсизлантирдилар.
Нуриддин бир нуқтага тикилганча қотиб турарди. Азлар унинг ёнига келди, ҳайрият, унга ҳам шикаст етмабди. У ёнидан сувдонни олди-да, Нуриддиннинг оғзига тутди, зўрлаб икки қултум сув ичирди. Нуриддиннинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Танглайи ёпишиб қолгандай сув ичгандан кейингина ўпкасига ҳаво киргандай бўлди.
- Соғмисан?- Азлардан сўради.
- Мен соғман.
Олдиларида Вадим пайдо бўлиб қолди, кейин Дубов. Тўртови бир-бирини унсиз қучоқладилар.
- Ахволингни қара, Вадим, ҳеч қаеринг оғримаяптими?- сўради Азлар.
- Йў-ўқ,- Вадим гумонсираб ўзига қаради.Шинелининг икки биқини титилиб осилиб қолганди. Вадим бир Азларга, бир шинелига қаради.
- Бутунман,- у ўзининг кўкрак, қорнини пайпаслаб кўрди,- ўзинг-чи?
Азларнинг шинелини ўқ бир ёнбошидан кириб иккинчисидан чиқиб кетганди. У шинелини ечди, гимнастёркасини кўтарди. Ўқ изи йўқ.
- Дубов, сенинг этигинг қани?- сўради Вадим.
Михаил бир пой этикда турар, ўнг оёғидаги пайтаваси маҳкам ўралганидан тушиб қолмаганди.
- Сал каттароқ эди-да ўзи,- хижолатомуз иршайди у.
- Бугун ҳам бизни худо асради, сенинг дуоларинг асради,- Вадим Нуриддинни қучоқлаб олди.
ХХХ
Бу ғалаба Волохов дивизиясининг шу кунгача эришган энг катта ғалабаси бўлди. Дивизия душманнинг бутут бир армиясига бас кела олди. Уч юздан ортиқ асир қўлга олинди. Жуда катта йўқотишга учраган ғаним қолган-қутган қўшини билан Двина дарёси бўйига чекинди. Душманнинг ҳолдан тойган ҳолда чекинаётганидан хабардор бўлган армия қўмондонлиги уни тўхташга қўймай бор куч-имконият билан таъқиб қилишни буюрди. Бутун дивизия кечқуруноқ йўлга тушди. Танк қисми, артиллерия қисми, тўртта пиёдалар қисми, шу билан батальон ҳам кечаси йўл юрди. Комбат Субботиннинг » мен нима қилай, бор-йўғи йигирма беш нафар одамим қолди?» деган сўроғига Волохов » ҳозирча Боровкин қисмининг олдида борасан, кейинчалик сени тўлдирамиз», деб жавоб берди. Бутун дивизия икки кеча- кундуз тўхтамай йўл босди. Дарё бўйига етиб келишлари биланоқ тезда дарёдан кечиб ўтиб ҳужум қилиш буюрилди. Орқадан берилган артиллериянинг кўмаги билан бир амаллаб дарёдан ўтган қисмлар ҳужумга ташланди. Мақсад душманни дарё бўйига эгалик қилдирмаслик эди. Шиддатли ҳужумдан кейин немислар тағин чекинишди. Бу сафар анча узоқ кетдилар, шекилли. Чунки эртасига дивизиянинг пиёда қисмлари ўн километр олдинга сурилди. Шундагина узоқдан немис қисмлари кўринди. Шу ерда тўхтаб траншеялар барпо қилиш ҳақида буйруқ берилди. Субботинга эса тезда ортга, дарё бўйига қайтиш ва танклар, артиллерия тўпларини олиб ўтиш учун кўприклар қуриш ҳақида топшириқ берилди.
- Одамларим оч, ухлаб қолиб йиқилиб тушишяпти, икки кун дам беринг,- дея сўради у генералдан.
- Майли, сенга бир кун дам. Аммо беш кунда кўприк тайёр бўлсин,- буюрди генерал.
- Менга инженерлар, зарур асбоб-ускуналар керак,- яна сўради комбат,- йигирма бешта одам билан кўприк қуролмайман.
- Асбоб-ускуналар етказилади. Трубишев қисмидан бир взвод ёрдамга боради,- генерал сал юмшади,- лекин ҳозироқ йўлга туш.
Ҳолдан тойган, ухлаб қолиб йиқилиб тушаётган, оч-наҳор йигирма беш нафар жангчи комбат бошчилигида ортга қайтди. Шу алфозда дарё бўйига етишга комбатнинг кўзи етмасди. Унинг ўзи ҳам аскарлардан камэмасди. Юриб кетаётиб кўзи юмилиб қолар, юраяпман деб хаёл қиларди-ю, ўзига келса, бир ерда тўхтаб турган бўларди. У қор билан юзларини ювди, сал тетиклашгач, дурбинни олиб атрофни кузатди. Улар кетаётган жойдан бир ярим чақиримча жойда қорайиб бир иморат кўринди. У ҳеч кимга индамади-ю, ўша томон кета бошлади. Биров ғинг демай, ҳамма унга эргашди. Комбатнинг назарида узоқ юрдилар. Ниҳоят, ўртада қўққайиб турган бинога етиб келдилар. Бу аввал сигирлар учун ем-хашак сақланган жой бўлиб чиқди. Таассуфки, иморат бут-бутун эди. Ичкари киришлари билан хашак иси димоқларига урилди. Иморатнинг ичи тўла хашак, илиққина эди.
- Тешик-туйнук бўлса, хашак билан ёпиб ташланглар,- буюрди комбат. Унинг буйруғи зумда бажарилди.
- Мана энди, ҳамма хашак ичига!
Аскарлар учун шу тобда бундан-да тотлироқ гап йўқ эди. Ҳамма ўзига қулайроқ жой тайёрлашга киришиб кетди. Ярим соат ўтмай, ҳамма донг қотди-қолди.
ХХХ
Биринчи бўлиб Корзун кўзини очди. У хашак ичидан чиқиб ташқарига қаради. Кун ботиш арафасида эди. Совуқ суяк-суягидан ўтиб кетганидан баданларини шунча ишқаса ҳам қизимади. Гимнастика қилди. Ётди- турди. Бориб комбатни уйғотди. У соатига қараб шунча ухладикми дегандай Корзунга боқди.
- Батальон! Подём! Туринглар, йигитлар!
Жангчилар бирин-кетин зўр-базўр ўринларидан туришиб ташқари чиқдилар.
Кун ботган пайтда дарё қирғоғига етиб келгач, ўзларига бошпана қилиб кенг бир чуқурни танлашди. Шоша-пиша шу ерга дарахтларни кесиб келиб устига ходаларни, унинг устидан шох-шаббаларни ташладилар-да, тунаш учун жой тайёрладилар.
Эрталаб тонг ёришмасдан барча сафга турди. Нариги қирғоқда тўплар кўриниб турарди. Сол ясаб сузиб ўтган комбат артиллеристлар ва ёрдамга келган инженерлар билан маслаҳатлашди. Инженерларнинг айтишича, бу ерга кўприк қуришнинг имкони йўқ. Тўпларни эса бир амаллаб ўтказса бўлади.
- Бу ҳақда генералга ўзингиз ахборот беринг,- деб сўради комбат капитан формасидаги инженердан.
- Мен ўзим ахборот бераман. Кўнглингиз тўқ бўлсин. Танклар учун ўзимиз ўтадиган жой топамиз. Сизлар тўплар билан шуғулланинглар,- капитан рози бўлди. Унинг муомаласидан Субботининг кўнгли ёришди. Ёрдамга етиб келган взвод ва артиллеристларнинг кўмаги билан уч кун ичида бутун артиллерия қуролларини дарёдан ўтказишга муваффақ бўлдилар. Тўпларни тортиб кетиш учун машиналар, от-улов етишмасди. Охирида улов етишмаган тўртта тўпни арқонлар билан тортиб йўлга тушдилар…
ХХХ
Бир ҳафтадан кейин батальон икки чақирим олдинга силжиб шу ерда марра эгаллади. Тўлдирилувчилар бу сафар тўрт юзга яқин бўлиб, уларни роталарга тақсимлашди. Эскилардан қолган йигирма бир нафар аскар Гречков ротасининг Петрушин взводига ўтказилди. Батальонга тайёргарлик учун бир ҳафта вақт берилди. Бу давр ичида янгиларни тартиб-қоидага, шарт-шароитга ўргатиш зарур эди.
ХХХ
Баҳорнинг ўрталарида батальон Даугава дарёсини кечиб ўтиб Минск шаҳри томон йўл олди. Оғир ва шиддатли жанглардан кейин шаҳар қўлга киритилди. Бир неча ҳафтадан кейин эса Лида шаҳри учун қаттиқ жанг бўлди. Ёзнинг ўрталарида Волохов дивизияси Гродно шаҳри учун бўлган жангда қатнашди. Фақат бу гал бу шаҳарни қўга киритиш жуда қийин бўлди. Авиация ва артиллериянинг кўмаги билан душман суриб чиқарилди. Ортига чекинган немислар Польша чегарасида маҳкам ўрнашдилар. Бутун армия чегарани босиб ўтишга тайёргарлик кўрар, айни пайтда немислар ҳам борки армияси, қурол-яроғи билан қаршилик кўрсатишга тайёр эди. Бу ердаги немис истеҳкомлари олдиндан тузилган режа бўйича ҳарбий соҳа мутахассислари томонидан қурилган бўлиб, уни ёриб ўтиш мушкул эди. Бундан ташқари, жуда катта майдонни немислар миналаштириб кетишга улгуришганди. Батальон ана шу мина майдонини босиб ўтиши, немисларнинг темир истеҳкомларини темир пона каби ёриб бериши, айни дамда душманниг бутун эътиборини ўзига тортиши лозим эди. Армия штабидан ана шундай вазифа юклатилганди. Дивизия командири генерал лейтенант Волохов ( унинг унвони ошганди) Субботинни чақириб унга бутун вазиятни ипидан игнасигача тушунтирди.
- Тушунаман Алексей Иванович, бу вазифани уддасидан чиқиш қийин, аммо бажаришинг шарт. Армия штаби сенинг хизматингга қараб турибди. Агар шу вазифани ҳам бажара олсанг, генерал Тимофеевнинг шахсан ўзи сенинг барча ҳуқуқларингни тиклашга ваъда берди.
- Батальон-чи?- сўради комбат.
- Жангчиларингдан лойиқларини ўзинг тавсия қиласан.
- Уч юз тўқсон уч жангчим қолган, барчасини тавсия қиламан.
- Тавсия қилиш сендан, ўрганиш сиёсий бўлимнинг иши. Бу ёғига ваъда беролмайман.
ХХХ
Батальонга Кварцовнинг қайтиб келиши дўстлар учун ҳақиқий байрам бўлди. Уни биринчи бўлиб машинадан тушаётганида Громов кўриб қолди. Дарров қадрдонлар бир ерга ғуж бўлиб олдилар.
- Сени тирик кўриш насиб этди, серёжа, бу яхши аломат. Биз сен билан Берлингача борамиз,- Азлар уни қучиб олди.
- Биз кўйлакда туғилганмиз деб айтганман, ўлмаймиз.
Вадим дарров спирт топиб келди. Уларнинг устига Гречков ҳам келди-ю, акасини топгандай Кварцовнинг бўйнига осилди. Котелокларни уриштириб ичганларидан кейин Петрушин сўради:
- Хўш, қандай даволандинг, қандай дам олдинг? Скородубов қалай, ундан хабаринг бўлдими?
- Госпиталда жаримачи деб ажратишмади. Ҳамма қатори муомала қилишди. Лекин маза қилдим. Скородубов эса госпиталга етиб бормади.
- Ажойиб инсон эди шоир, майли, руҳи тинч бўлсин. Бу ёқда қанча-қанча дўстлардан ажралдик. Келинглар, ҳалок бўлганларни хотирлайлик,- Вадим котелогини қўлига олди.
- Оёғинг бутунлай тузалиб кетдими?- сўради Гречков.
- Сал оқсоқланишим бор, лекин Берлингача ета оламан,- кулди Кварцов.
Гречков комбат чақирганини айтиб ўрнидан турди. Бошқалар эса яна чақчақлашиб гурунгни давом эттирдилар. Азлар Дубовнинг бир немисни жангда қандай қувлаганини айтиб ҳаммани кулдирди.
- Немислар ҳам мард экан, иккови яккама-якка ҳисоблашиб олишсин деб тегишмади, биз ҳам немисга тегмадик. Дубов маза қилиб муштлашди.
Анча пайтлардан буён бундай ёйилиб гаплашмаганларидан эски қадрдонлар Кварцов баҳонасида мароқ билан гурунглашардилар. Энг қадрли одамларидан ажралишни истамади, шекилли Гречков ҳам бироздан кейин қайтиб келиб даврага қўшилди.
ХХХ
Нуриддин окоп деворига суяниб ўтириб кўзи кетиб қолганини ҳам билмай қолди. Баҳор қуёши юзингга тушиб турса, одамни ланж қилади. Уйқу тортаверади. Жангчиларнинг бари ўзи шунақа. Озгина фурсат бўлиб қолса, мизғиб олишга ҳаракат қиладилар. Кеча-кундуз ухламай юрадиган пайтларининг ҳиссасини чиқарадилар-да. Уйқусида чўчиб тушди. Кўзини очди-ю, ёнига қаради. Петрушин милтиғини чуқилаб ўтирарди.
- Ҳа, чўчиб кетдингми?
Нуриддин унга тикилиб қаради.
- Вадим қани?- сўради.
- У ёқда,- қўли билан ишора қилди Петрушин.
Нуриддин ўрнидан туриб у кўрсатган томон югурди. Окопнинг охирроғида, орқага уйилган тупроқлар ортида Фадеев ва Дубов ярим яланғоч бўлиб офтобга тобланиб ётишарди. » Вадим! Вадим!» чақирди Нуриддин.
- Келавер, Нурик, биз бу ердамиз!- тупроқлар ортидан овоз эшитилди. Нуриддин окоп қирғоғига сакраб чиққанда уларни кўрди.
- Вадим, тур ўрнингдан! Тур ўрнингдан! Тез бу ёққа чоп!- бор овози билан қичқирди Нуриддин. Унинг ваҳимали бақиришидан Вадим чўчиб кетди. Бир нима содир бўлдими, деб у томон югурди, ортидан Михаил эргашди. Бу пайт Нуриддин окопга сакраб тушди-ю, ўтирди.
- Нима бўлди, Нурик?! Нима бўлди?!- унинг тепасига келиб сўради Вадим.
- Бу ёққа туш!
Иккови ҳам окоп ичига сакрадилар. Шу дамда бир нарса чийиллаб келди-да, ҳозиргина Вадим ва Михаил ётган жойда портлади. Тўзғиган тупроқ уларнинг устига етиб келди. Иккови ҳам карахт, Нуриддинга тикилганча туришарди.
- Кетдик, Петрушиннинг олдига,- уларни бошлади Нуриддин.
Вадим Петрушинга бўлган воқеани айтиб берди.
- Ёнимда ухлаб ўтирганди, чўчиб уйғониб кетди, кейин сени сўради. Шу бўйи сени излаб югуриб кетди, ҳайрон қолавердим.
- Эҳ, сиз- ўзбеклар, сирли оламсизлар,- ҳайратини яширолмасди Фадеев,- сизларнинг меҳнатинглар, ниятинглар, ҳалиги… дуоларинг билан бу мамлакат ғалаба қозонади десам бўлаверади. Бунга имон келтираман.
ХХХ
Қўл узатса етгудай жойда чегара. Ана шу ердан Европага дарча очилади. Бу дарчани бир зарб билан очиб бўлмаслигини комбат Субботин яхши англарди. Душман гўё кучимни кўриб қўй дегандай кунда уч-тўрт марта миномёт ва тўплардан отиб туради. Баъзан уч-тўрт жойда баравар пулемёт тариллайди. Гоҳида мина майдонида ҳам портлаш бўлиб қолади. Қуёнми ёки бирор жонивор ўтиб қолса керак.
Комбат Волоховдан асосий ҳужумдан олдин бир неча марта ҳужум қилиб кўриш кераклигини сўради. Генерал асло кўнмади. Бу талабни дарҳол рад этди. » Бир марта ташланасан, шунда чегарани босиб ўтиб, душман истеҳкомини эгаллашинг шарт. Ҳужум аниқ кунга белгиланган. Бу — олий қўмондонлик буйруғи» деди. Шунда комбат тозалов отрядини олиб келмай туришларини сўради. Унинг бу талаби ҳам инкор этилди. » На илож,- ўйлади Субботин,- бизда қора рўйхатга киритиш бору ундан чиқариш йўқ. Нима бўлганда ҳам жаримачимиз».
Тонг оқараётган пайтда орқадан осмонга битта ракета отилди. Бу- ҳужумга ишора. Вақт бўлганди. Бутун диққат-эътибори билан олдинга тикилган жангчиларнинг кўз ўнгида комбат окопдан чиқиб қад ростлади.
- Батальо-он! Ватан учун! Олға-а!- кучли ҳайқириқ янгради. Шунда бутун батальон қўзғолди. Субботининг ортидан милтиқ, автоматларини шай тутган ҳолда олдинга югурдилар.
Нуриддин югуриб бораркан, кўзига тўсатдан отасининг сиймоси кўриниб бир жилмайди-ю, ғойиб бўлди. У олдинга тикилиб ҳушёр борар, олдинга, оёқ остига қараб кўзлари олазарак бўларди. Рўпарадан ўқ ёмғири ёғилади, оёқ остида ҳар қадамда мина портлаши мумкин. Йўлнинг ярмига етмай жуда кўп одам нобуд бўлди. Пулемётлар тариллиб ҳаммани ерга ётишга мажбур қилди. Нуриддин ҳам ўзини ерга отди. Қандайдир бир чириган тўнка ортида ётиб олдинга мўралади. Рўпарада ўт сочаётган пулемёт туйнугини кўрди. У сал тепада, мустаҳкам бетон девор ичида эди. Пулемёт бир текис ўнгга, чапга ўт очарди. Унинг ёнида ётган Дубов унга қаради:
- Қара, ўт ўнг томонга бурилганда устимдан тинмай ўқ уз.
- Қимирламай ёт. Командирлар бир чора топишади.
Уни тўхтатмоқчи бўлди Нуриддин. Аммо Михаил тикилиб турди-да, пулемёт ўти ўнг томон бурилиши билан сакраб ўрнидан турди. Ўн қадамча жойга сакраб, думалаб борди-ю, биқиниб олди. Бироз ўтиб унинг қилиғини Нуриддин такрорлади. Иккови ёнма-ён ётиб қолдилар. Михаил диққат билан кузатиб тағин олдинга сакради. Бу сафар ўн беш қадамча юрди-ю, э воҳ, оёқлари остида мина портлади. У олдинга учиб тушди. Нуриддин алам билан ер муштлади. Бироздан кейин у ҳам яна олдинга югурди. Михаил ётган жойга бориб ўзини ерга ташлади. Тепасидан «шип- шип» этиб ўқлар учиб ўтди.
- Нурик, оёғимга қара-чи соғмикин, ўзим қарагани қўрқяпман.
Михаилнинг овозини эшитиб Нуриддин бақириб юборганини ўзи билмай қолди.
- Тирикмисан, Миша-а?!
- Тирикман, тирикман. Мени пружина устига қўйиб сакратишгандай бўлди.
Нуриддин ортга тисланиб унинг оёқларини кўздан кечирди. Ҳеч қандай жароҳат изини кўрмади.
- Оёғинг оғрияптими?
- Йўқ. Фақат оёқлари чўрт узилиб кетганларники ҳам оғримайди деб эшитувдим-да.
- Оёқларинг ўзингда, қўрқма.
Михаил секин-секин қайрилиб, қўрқа-писа оёқларига кўз қирини ташлади.
- Бус-бутунманми?
- Бус-бутунсан,- Нуриддин унинг тиззасига бир тепди,- оғридими?
- Оғриди.
- Ана, бутунсан.
- Мен яна олдинга бораман. Сен шу ердан қимирлама. Бир, икки, уч деганимда устимдан ошириб от.
Лекин у туриб югуришга улгурмади. Нимагадир ҳужум олдидан отилмаган тўплар гумбурлаб ота бошлади.
- Йигитлар, сал олдинга, сал олдинга,- ўзича артиллериячиларга сўзларди Михаил. Комбатнинг ҳайқирган овози эшитилди. Чуқурларда, ўтлар ичида биқиниб ётган тирик жангчи борки, олдинга ташланди. Тўп снарядлари икки душман пулемётини портлатишга муваффақ бўлиб, олдинга йўл очиб қўйди. Лекин бу дегани ҳали батальон немислар плацдармига етиб боради дегани эмасди. Немис автоматчилари пойлаб ётарди. Ҳозирча уларни тўплар бош кўтаришга қўймаётибди. Субботин шундан фойдаланишга қарор қилди. У батальоннни ҳужумга кўтарди. Ўнлаб жойда миналар портлаган бўлса ҳам, бу жангчиларни тўхтатолмади. Олдинда кетаётган комбатнинг ўзи биринчи бўлиб немис траншеясига сакраб тушди. Унинг ортидан ўнлаб жангчи етиб келди. Окоп ичида шиддатли олишув бошланди. Бу олишув тўплар наъраси остида содир бўлмоқда эдики, чор-атрофда снарядлар портлар, бу снарядлар эса на ўзимизникиларни, на немисларни фарқларди. Немисларнинг шу ўтдан окоп ичига беркиниши жангчиларнинг окопга етиб олишларига асосий сабаб бўлганди. Нуриддин Михаил билан бирга окопга сакради. Чанг-тўзон ичида ҳаёт-мамот жанги бошланганди…
Пешинга бориб немислар маррани ташлаб чиқдилар. Борлиқ бир неча дақиқа жимиб қолди. Комбатнинг ҳирқираб қолган овози эшитилди.:
- Ротниклар, одамларни линия бўйлаб жойлаштиринглар. Дарҳол мудофага тайёрланинг!
Лекин ҳали жойлашиб улгурмасларидан немислар ортга қайтишди. Афтидан, уларнинг ортида ҳам олдинга ундаб турувчи кучлар бор, шекилли, ўлар-тириларига қарамай бостириб келишарди.
Нуриддиннинг олдида Вадим бир пайдо бўлди-ю, яна ғойиб бўлиб қолди. Унинг ёнида автомат отаётган Дубов бир қалқиди-да, мук тушди.
- Миша, тур, бошингни пастга торт,- деди Нуриддин, аммо жавоб бўлмади. У Михаилни туртди. Пастга жонсиз гавда сирғалиб тушди. Нуриддин унинг бошини кўтарди, қўлларига чилпиллаб қон ёпишди. Қўли билан унинг кўзини ёпди-да, милтиққа ёпишди.
- Ну-ур! Қаёқдаса-ан?!- деган овоз эшитилди.
- Бу ердаман!
Пичадан кейин унинг ёнига Азлар келди.
- От, от! Рўпарадагиларга от!
Икковининг тўғрисига етиб келган икки немис йиқилди-ю, уларнинг ортидан яна иккитаси окопга сакради. Иккови ҳам буни кутмаганди. Тўртови ҳам бир-бирининг қуролидан ушлаб олган, тор жойда бир-бирини итаришиб гир айланишар, тепишишарди. Нуриддин пойлаб турди-да, Азлар қўлидан ушлаб турган немисга ёнламаси ташланиб калла қўйди. Қўллари бўшаб кетган Азлар Нуриддинни ушлаб турган немиснинг бошига қўндоқ билан туширди. Нуриддин кўндаланг туриб қолиб йиқилди. У ўрнидан тургунча Азлар иккинчисини отиб ташлади. Окоп қирғоғига тушган снарядлар икковини ҳам ётишга мажбур қилди. Нуриддин устига тушган тупроқни силкитиб чўк тушиб ўтирди. Олдидаги тупроқ кўтарилиб биров бошини кўтарди. Бу ҳалиги немисларнинг бири эди. Нуриддин ихтиёрсиз равишда уни қўндоқ билан урди. Портлашлар давом этмоқда, энди икки томон ҳам шу ерга тўп отаётганди. Нуриддин ўрнидан турар экан, окопдан чиқиб ўрмалаб кетаётганларни кўрди, демак, немислар чекинишяпти. У Азларнинг туришига ёрдамлашди. Бутунмисан?
- Соғман. Ўзинг-чи?
- Немислар қочди.
Портлашлар тиниши билан чекинган немислар нариги линияга етиб бормай ортга қайтдилар. Бу сафар қаердадир пулемёт тариллади.
- Бу ёққа юр,- Азлар уни ҳандақ ичида бошлаб кетди. Озгина юриб Громов ва Фадеевга дуч келдилар. Алесеев пайдо бўлди. Унинг қўлида немис пулемёти. Зўрға кўтариб келганди.
- Ёрдам беринглар ўрнатишга.
Қирғоққа ўрнатдилар-да, Алесеев ўт очди.
- А-ҳа, Мана энди тўкиб ташлайман. Вадим, ёрдамлашиб тур. Азлар, сен бориб ўқ олиб кел. Ўнг томонга юр, ўн қадам нарида. Улардан пича нарида немисларнинг пулемёти жойлашган жой бор эди. Шу ерда ўқ борлигини англаган Азлар ўша томон югурди. Хаял ўтмай пулемёт ўқи жойлашган қутини кўтариб келди. Сўнг яна ортига қайтиб ўша ерга кетди. Нуриддиннинг кўзи унинг қорасига тушди-ю, ўша ерда кетма-кет снаряд портлади. » Азла-а-ар!» деб қичқирди Нуриддин.
Душман бу гал ҳам чекинди. Икки пулемёт унинг йўлини тўсган, жонини тикиб жанг қилаётган батальонни ёриб ўтолмаслигини англаб, иккинчи линияни мустаҳкамлашга киришди. Алоқачилар амаллаб ўрнатган алоқа дастагидан Волоховнинг амирона буйруғи янгради.
- Комбат, тезда ҳужумга ўт! Иккинчи линияни эгаллашинг шарт!
- Менда одам қолмади! Ким билан ўтаман?!
- Ўзинг ўт! Бизга иккинчи линия керак! Тушуняпсанми, иккинчи линия!!!
Комбат иккиланиб окоп қирғоғига чиқди. Ҳозир олға ундаса унга эргашадиган топиладими? Ўзи қанча жангчи қолдийкин? У нима бўлса, бўлар қабилида таваккал қилишга қаоро қилди.
- Батль-о-он! Олға-а-а!
У уч-тўрт қадам югурди-ю, ортига қаради. Ўнг ва чап томонда эллик нафар атрофида одам кўтарилди. Снарядлар ҳали ҳам портлар, на дўст, на душманни ажратарди. Барча олдинга югуриши билан у томондан немислар ҳам бу томон югуришди. Ўн минутга қолмай икки томон аралашиб кетди. Бақирган, қарсиллаган овозлар дунёни босди. икки тараф шу даражада жазавага тушдики, отилаётган артиллерия тўпларига парво қилмай қўйдилар. » Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади» деган гап бежиз айтилмаган. Бу қирғиндан Нуриддин қандай омон чиқди — билмайди. Тўплар гумбури тинган маҳалда комбат тағин қичқирди:
- Батальон! Орқага қайтамиз!
Омон қолганлар ортга қайтдилар. Буларни ҳайрон қолдириб немислар ҳам орқага қайтдилар. Жанг натижаси хунук эди. Бор-йўғи йигирма нафар атрофида одам қолганди. Ярим соат ўтмай яна ҳужумга кўтарилдилар. Бу навбат немислар уларни ўз окопларида қарши олдилар. Жангчилар борки, ўқларини отиб тугатишган, ўлжа олинган, чала-ярим ўқдонлар ва топиб олинган портловчи мосламалар билан олдинга ташландилар. Немислар окоплардан туриб ўққа тутдилару бироздан кейин улар ҳам қарши юриб келдилар. Яна қирпичоқ қирғин бошланди. Нуриддин олатасирда Вадимнинг кўкрагини ушлаб чўк тушиб қолганини, йиқилаётганини оний лаҳзада кўрди.
- Вади-и-им, ту-ур!- қичқирди жонҳолатда. Аммо шеригига ёрдам бериш қайда. Ярим соатлардан кейин немислар ўз линиялари томон қочдилар. Бор-йўғи беш ё олти нафар. Бу томонда эса комбат, ярим яланғоч Гречков, Нуриддин ва яна икки жангчи оёқда турарди. Батальоннинг қолгани шу эди. Комбат ортга қайтди. Окопга тушди-ю, алоқачига қаради — у ўлиб ётарди. Субботиннинг ўзи аппаратни чуқилади. У ёқдан биров сўради, шеилли » комбатман» деди. Дастакни бироз тутиб турди-ю, отиб юборди. Бунга ҳам қаноат қилмай аппаратурани кўтариб ерга урди.
- Йигитлар, тайёрланинглар, сўнгги жангга кирамиз. Ўқлар тугади. Милтиқларга пичоқларни ўрнатинглар.
Биров чурқ этиб оғиз очмади. Ўқсиз милтиқлар найзага айланди.
- Йигитлар, яхши-ёмон гапирган бўлсам, мени командир сифатида тушунинглар ва кечиринглар,- деди Субботин ва ҳаммани бир-бир қучди. Сўнг зўрға ўрмалаб окоп қирғоғига чиқди.
Беш жангчи милтиқларни олдинга тутганча борардилар. Уларнинг рўпарасидан ҳам беш немис жангчиси автоматларига пичоқ ўрнатиб чиқдилар.
- Уларда ҳам патрон қолмабди,- Гречковнинг сўнгги гапи шу бўлди. Икки томон залворли қадамлар билан бир-бирига яқинлашиб борарди. Энг чеккада келаётган Нуриддин тўғрисидаги новча немиснинг кўзига тик қараб юриб борарди. Дастлаб Субботин олдидаги немисга найза санчди. У ҳам бунинг қорнига найзани санчишга улгурди, иккови ҳам йиқилдилар. Кейин иккинчи, учинчи, тўртинчи жангчилар ҳам бир-бирларига найза санчдилар. Рўпарадаги душманни маҳв қилдилару ўзлари ҳам нобуд бўлдилар. Бу атига бир неча лаҳза ичида содир бўлди. Йўлда чалишиб тушиб ўртоқларидан икки қадам ортда бораётган Нуриддинни ҳам шундай тақдир кутаётгандай эди. Аммо бир-бирларига етишларига икки-уч қадам қолганда немис жангчиси шарт тўхтади. Кўз кўзга тушди. Бир-бирларига унсиз тикилиб қолдилар. Шунда немис милтиғини туширди. Чап қўлига олиб ёнига тикка қилди. Беихтиёр Нуриддин ҳам шундай қилди. Немис жангчиси честь берди, шартта ортига бурилди, шахдам олдинга уч-тўрт қадам ташлади, сўнг бемалол кета бошлади, бироз юргач, югуриб кетди, пастликка тушиб кўздан ғойиб бўлди.
Нуриддин олдинга, узоқ-узоқларга қаради. Ўзи турган жой анча катта тепалик экан. Йироқларда кенг далалар, қишлоқлар кўринарди.
ХХХ
У тепаликда ёлғиз ўзи қанча турди — билмайди. Қуёш ботиш арафасида биров билагидан тутди. Қандайдир капитан унга бир нималар деди, эшитмади, индамай унга тикилиб тураверди. Капитан унинг юзига секин-секин шапатилади-да, оғзига сувдонини тутди. Қониб сув ичгандан кейин қулоқлари очилди, ўзига келди. Атрофда жангчилар ўликларни оралаб юришарди.
- Битасини топдик,- овоз берди биров. Нуриддин ўша томон югурди. Икки аскар Вадимнинг гимнастёркасини ечиб ўқ ўрнини боғлаётган, бири сув ичираётганди.
- Бахтинг бор экан, кўп қон йўқотмабсан.
- Тўйгача яшайсан,- дейишди аскарлар.
- Биздан ким тирик,- ихраб сўради Вадим. Нуриддин унинг ёнига чўк тушди. Вадим уни қучмоқчи бўлиб интилди. Нуриддин уни қучоғига олди.
- Ўзинг қолдингми?- сўради Вадим. Шунда Нуриддин «Азлар» деди-ю, ўртоғини қучоғидан қўйди. Ўрнидан туриб окоплар томон югуриб кетди. Снаряд портлаган жойга келди-ю, тош, тупроқ, тахталарни қўллари шилиниб тита бошлади. Аввал бир жуфт этик кўринди. У маҳкам қучоқлаб тортди. Икки жангчи келиб унга ёрдамлашди. Тупроқ остидан Азларни кавлаб олдилар. Унинг қон аралаш лой чапланган юзини ювдилар. Жангчилардан бири унинг кўкрагини уқалади, оғзини қошиқ билан йириб очди. Шунда Азларнинг ўпкасидан шардан чиққан ҳаводай пуфиллаб нафас чиқди.
- Азлар, тирикмисан?
- Бошим…
Жангчилар унинг бошини авайлаб бойладилар-да, кўтариб кетдилар. Уларнинг ортидан Нуриддин эргашди.
Кечқурун Вадим билан Азларни госпиталга жўнатдилар. Анча ўзларига келиб қолган дўстларини Нуриддин узоқ қучиб турди, кўзларидан ёшлар оқди.
- Омон бўл, Нурик, биз яна кўришамиз,- йиғлаб юборди Вадим.
- Нур, ўзингни асра,- Азларнинг ҳам юзлари нам эди.
Бутун батальондан икки ярадору бир бутун қолганди. Нуриддин машинанинг орқасидан мунғайиб қараб қолди.
ХХХ
Кечқурун бегона жангчилар орасида тунади. У ўзини ҳеч қачон бунчалик ёлғиз ҳис қилмаганди. Бир чеккада ўтириб ухлаб қолди.
Эрталаб уни дивизия штабига олиб кетдилар. Штаб эшиги олдида кутиб туришини айтдилар. Милтиғини елкасига илиб ўтаётган машиналарни, аскарларни кузатиб ўтирди. Ундан нарироққа икки машина аскар келиб тушди. Улар вақтинча тўхтаб яна жўнаб кетадиганлар. Қайсидир дивизияга қарашли аскарлар. Чегара томон ўтмоқдалар. Машиналарнинг биридаги аскарлар тушиб тарқалдилар. Кўпчилик нарироқдаги қудуқдан сув олиб сувдонларини тўлдира бошладилар. Аскарларга қараб турар экан, тўсатдан кўзлари чарақлаб кетди. Унинг рўпарасида Каримжон челакдан чўмичга сув олиб сувдонига қуймоқда эди. Нуриддин унинг истиқболига югурди. Икки ҳамқишлоқ маҳкам қучоқлашдилар. Дарахт остига ўтиб бир-бирларидан ахвол сўрай кетдилар. Озгина фурсат ичида қандай воқеаларни, қаерларда бўлганларини бир-бирларига сўзлаб бердилар. Ўн минут ўтар-ўтмас «Машиналарга!» деган команда эшитилди. Иккови зўрға ажралдилар. Машина кета-кетгунча иккови бир-бирига қўл силкиб қолишди.
- Абдужалилов!
Штаб аскарларидан бири чақирди. Нуриддин шошилиб унинг олдига борди. Штабга, тўғри генерал лейтенант Волохов ҳузурига олиб кирдилар. Катта хонада бир қанча юқори унвонли офицерлар ўтирарди. Генерал унинг олдига юриб келиб икки елкасига қўлини қўйди.
- Баракалла, сен ҳақиқий аскарсан! Армия қўмондонининг буйруғини ўқи,- генерал подполковник Пироговга қайрилди. Подполковник Пирогов армия қўмондони генерал полковник Тимофеев ва генерал майор Елисеевларнинг буйруғини ўқиди. Унга кўра, жарима батальони жангчиларининг йигирма еттитасининг барча фуқаролик ҳуқуқлари тикланганди. Шу жумладан, Нуриддин Азлар ва Вадимларнинг ҳам. Омон қолган ягона жангчи дивизиянинг ҳаракатдаги қисмида оддий аскар сифатида қолдирилиши ҳам илова қилинганди.
- Мана, хизматларинг эвазига оқландинг. Энди сен совет жангчисисан,- деди генерал,- погонларингни тақишга ҳаққинг бор.
Генерал подполковник Трубишевга уни қисмга олиб кетишини, уч кун дам беришини тайинлагандан кейин чиқаверишини айтди. Икки соатдан кейин Трубишев ҳам йиғилишдан чиқди ва уни қисмга олиб кетди.
… Нуриддин Трубишев қисми таркибида бутун Польшани босиб ўтди. Германия территориясида бўлган шиддатли жангларда қатнашди. Икки марта медаль билан тақдирланди. ўалабани Берлинга яқин шаҳарчаларнинг бирида кутиб олди. У дўстлари Азлар ва Вадимни шу қисмга қайтсалар керак деб умид қилганди. Аммо улар билан уруш тугагунча кўришиш насиб қилмади. Уч дўст кейин учрашдилар, фақат орадан ўттиз йил ўтиб, 1975 йил Москвада.
ХХХ
Ҳар куни бомдодни ўқибоқ далага, буғдой ўримига жўнайдиган Шамсиддин тоға бугун кун чошгоҳ бўлиб кетса ҳам уйда ўралашиб юраверди. Витя билан сигирларнинг тагини тозалади, ўзича узумларни хомток қилган бўлди. Настяга бугун ҳордиқ куни бўлишига қарамай » ҳеч қаёққа кетиб қолма», деб эҳтиётдан тайинлаб қўйди. Бир қўчқорни дарвозага яқинроқ олманинг остига олиб келиб бойлаб қўйди. Олдига ем солиб, сув қўйди.
- Нима қиласиз буни бу ерга олиб келиб, қўйларнинг ичида туравермайдими?- дашном берди Мунаввар хола. Тоға унга қараб жилмайди-ю, индамади, ҳовли ичига қараб юрди. Кун пешин бўлганда холага тайинлади.
- Ҳалиги, Нуриддинга атаб тикиб қўйган тўнинг турибдими? Дўппи ҳам борми? Олиб чиқиб, узароқ жойга қўй.
Ҳеч нарсани тушунмаган Мунаввар хола эрининг бунақа гапидан ҳайрон бўлиб Настяга қараб елка қисди. Тоға эса ичкарига пешин ўқигани кириб кетди. У намозини ўқиб чиқиши билан дарвозадан ўн икки ёшлардаги бола отилиб кирди.
- Шамсиддин бобо, Шамсиддин бобо!
- Тўхта!- деди тоға.- Худди Нуриддин аканг урушдан келаётгандай бақирасан. Сенга суюнчи икки червон. Ма!
Шу дамда дарвозадан икки қўшни кирди. Уларнинг ортидан елкасида қопчиқ, ҳарбий кийимда Нуриддин кириб келди. Мунаввар хола » Болам…» деди-ю, Настянинг қўлига йиқилди. Ҳовли бирпасда тўйхонага айланиб кетди…
Кузнинг ўрталарига келиб Настяни эри чақиртирди. Кап-катта бўлиб қолган Витя ҳам, Настя ҳам чол-кампир билан йиғлаб хайрлашдилар. Учови ҳам уларни кузатгани вилоят марказига бордилар. Икковини ўзлари вагонга чиқиб жойлаштирдилар.
- Баҳорга чиқиб Нуриддинни уйлаймиз, эринг билан келасан,- тайинлади тоға. Настя эрини албатта олиб келишга ваъда бериб хайрлашди. Учовлари вагондан тушганларидан кейин поезд секин жилди. Настя ҳам, Витя ҳам ойнага юзларини босганларича йиғлашарди.
Собиржон Ҳакимов,
Андижон вилояти
Марҳамат тумани
Қовунчи қишлоғи
ин: 170800

Шарҳлаш

 
Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Cheap Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар