Отабек Маҳкамов САНЪАТДА ПАЙДО БЎЛИШИ, ЖУДОЛИКДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ ВА СЎНГГИ МИШ-МИШЛАР ҲАҚИДА

ГлавноКимдир бу актёрнинг ижросини ёқлайди, унга қойил қолади. Бошқа биров эса ҳуқуқшунос бўлатуриб, уддалаяпти, деган фикрни билдиради. У ҳақида фикрлар, миш-мишлар кўп. Отабек Маҳкамовнинг ўзи айтганидек, «Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди». Бугунги суҳбатимизда барчасидан воқиф бўласиз.

  «Сиздан угина, биздан бугиНа бЎлмаган»

- Аслида, юрист, адвокат, таржимон экансиз. Лекин бир пайт­лар актёрларга ҳу­қу­қий маслаҳатлар ҳам бергансиз. Ушбу ёрдамингиз ортидан санъатга кириб келдингизми?

- Тўғри, ҳуқуқшунос бўлганим учун бошқа касб­дагилар каби санъаткорлар ҳам олдимга ҳуқуқий ёрдам сўраб келишарди.  Бироқ «Сен­дан угина, мендан бугина» қабилида уларга берган ёрдамим туфайли санъатга кириб келмадим. Чунки санъатга кириш, ўзимни актёрликда синаб кўриш учун, ўз манфаатимни кўзлаб, уларга маслаҳат бермаганман.  Мен мутахассислик бўйича ўз вазифамни бажаргандим, холос. Мен бу ҳаётда ўзимнинг барча ижодий қирраларимни синаб кўрмоқчиман.

- Гарчи бир нечта фильмларда роллар ижро этган бўлсангиз-да, Озодбек Назарбековнинг «Сарсон» клипидаги ижроингиз кўп­чиликнинг эсида қол­­­­­­ган. Фильмларда ҳу­қуқий маслаҳатчи бў­либ, кейин роль ўйнадим деяпсиз, клипда-чи?

- Бир таниқли актёр ўртоғим «Кинодаги ролларинг яхши қабул қилиняпти, уддалаяпсан. Лекин сенга бир дўстона маслаҳатим, клипларда суратга тушма, обрўйинг тушиб кетади», деганди. Мен дўс­тимнинг маслаҳатига амал қилиб, 10-15та клипни рад этганман. Бир куни нотаниш режиссёр қўнғироқ қилиб, Озодбек Назарбековнинг клипига ролга таклиф этди. Ҳар галгидек, яна рад этдим. Шунда у киши «Сиз шошилманг, аввал сценарийни бир ўқиб кў­ринг, кейин маслаҳатлашамиз» деди. Шу пайтгача менга клиплардан таклифлар бўларди, лекин ҳеч қайсиси сценарийни ўқишим мумкинлигини айтмаганди. Мен қизиқиб қолдим ва электрон почтамга юборилган клип сценарийсини ўқиб чиқдим. Сценарий маъқул келди-ю, бироқ мен айнан суратга олиш ишлари бў­ладиган кунда Москвага кетишим керак эди. Шуни важ қилиб, яна рад этдим. Режиссёр ўзи самолётга олинган билетни ке­йинги кунга алмаштириб беришини айтди. Мен клипда ўйнамаслик учун қанчалик баҳоналар топсам, режиссёр шунчалик имконини топди. Шунда ўзимдан уя­либ кетдим ва рози бўлдим. Файласуф Гёте айтганидек, «Ҳақиқатнинг энг асосий тамойили, бу — тажриба!» Мен клипда ўзгача қиёфада ўзимни синаб кўрдим, тажриба қилдим, холос. Ундан кейин ҳам 9-10 тача клипда суратга тушдим ва ҳар гал унинг жиддийлигига амин бў­либ, рози бўлдим. Маш­ҳур хонандаларнинг клипларига фақат актёрнинг маҳоратига қараб танлашади.

 

- «Жодугар» фильмида Отабек Мусаевнинг «Ўрнимда бўлганингда нима қилар эдинг?» деган саволга сизнинг қаҳ­рамонингиз «Биринчи ўринда мен сенинг ўрнингда ҳеч қа­чон бўлмаган бўлар эдим. Чунки бирорта ишни қи­лишдан олдин одам обдон ўйлаши керак», деган фикрни билдиради. Ўзингиз ҳам ҳа­­­­ётда шундаймисиз? Ҳар бир ишингизни назорат қилиб, амалга оши­­­­расизми?

- Субъектив жиҳатдан ўзимнинг ҳаётимни тўлиқ назорат қи­ла оламан. Чунки бу  ўзимга боғлиқ бўл­маслиги мумкин. Лекин объектив жиҳатдан назорат қиламан, деб айта олмайман. Мен ҳуқуқ­шуносман, доим ҳужжатларга, кўзим билан кўр­­­­ганларимга амин бўламан, ишонаман!  Шунчаки, кўнглимга келгани ёки хаёлимга урилган ишни ба­жармайман!  Дейл Карнегини гапларига эътибор бе­ринг-а: «Ҳар бир ишни худди охирги марта қилаётгандек бажаринг, шунда ҳаммасини тўкис ва мукаммал бажарасиз». Мен ҳам олдимга мақсад қилиб қўйган ишларимни худди бугун ва охирги марта бажараётгандек амалга оширишга ҳаракат қиламан.

- Дейлик, бу ёқда юрист сифатида суд ишига жалб этилгансиз. Нариги ёқ­да сизнинг иштирокингиздаги фильм суратга олинмоқда. Иккисининг вақти бир пайтда белгиланса, қандай йўл тутасиз?

- Бу дунёда ҳамма нарсанинг имкони бор. Бизга тил ва онг -тафаккур бежизга берилмаган. «Улгурмоқ, бу — муваффақият» деган шоира Марина Цветаева. Ҳақи­қатан ҳам улгуриш бу муваффақиятингизни таъминлайди. Масалан, соат ўн бирда суд ишида қатнашишим, айнан шу пайт­да кинодаям суратга тушишим керак. Албатта, мен режиссёрга суратга олишни бир неча соат ке­йинроққа кўчиришини илтимос қилиб кўраман. Агар буни иложи бўлмаса, менга боғлиқ бўлмаган жараёнларни суратга олишгунча мен ўз ролимга етиб боришга улгураман. Агар икки томонда ҳам жараённи бироз ортга суришнинг умуман имкони бўл­маса, унда буни ўзимга «сигнал» деб қа­бул қиламан. Демак, мен бу ишдан бирини танлашим керак ва ролимдан воз кечаман! Шукрки, шу кунгача икки томон ҳам мени тушунолмай, қийин вазиятда қолган ҳолатим бўл­мади. Вазиятни мувозанатлаштириш ўзимизга боғлиқ!

«Эзгин хотиралардан Қочиб…»

- Агар онангиз касб танлашингизда тўғри маслаҳат бермаганида бугунги натижаларга эриша олармидингиз? Чунки айнан онангиз сизни ҳуқуқшунос бў­лишга ундаган экан. Бугун актёрсиз-у, лекин актёрликка оид мутахассис эмассиз. Онангизнинг ундовидан афсусланасизми?

- Бу ҳаётда ҳеч нарсадан афсусланмасликка ҳаракат қиламан. Чунки онам мени ҳуқуқшунос бўлишга мажбурламади, балки шу касб­да тўхталишимга имконият берди. Онам кучли руҳшунос аёл эди. Шу боисдан ҳам касб танлаётганимда тўғри тушунтирган. Мен болалигимда фазогир йўлбошчи (гид) бў­лишни орзу қилганман. Онам орзуимга қарши чиқмади. Лекин «Майли, бу касбни танлашингга розиман. Бироқ ҳали ой ва бош­қа сайёралар тўлиқ ўрганиб бў­лингани йўқ. Демак, сен ойни одамларга кўрсатиш, уларни одамларга сайр қил­ди­ри­шинг­га шароит яратилиши учун жуда узоқ йиллар керак. Унгача беҳуда ўтган умрингга афсусланмайсанми?» деди. Ўйлаб кўрсам, онамнинг гапида жон бор. Ке­йин таржимон бўлишга қарор қилдим. Онам бу гал ҳам қаршилик билдирмади ва «Сен таржимон бўлсанг, эришган энг юксак ютуғинг бу сайёҳларга тарихий обидаларни чет тилларида таништириб юрасан», деди. Ўйласам, бу касб ҳам менга тўғри келмас экан. Ўқитувчилик касбига ҳам онам келажагимни кўрсата олди. Актёрликка эса йиллар мобайнида роль кутишимга сабрим ет­­­­­­­­­мас­ли­гини тушундим. Шунда ҳу­қуқшунос касбига тўхталдим. Чунки бу касб билан барчага ёрдаминг тегиши ва ҳар соҳадаги одамларни ўрганишинг, энг муҳими, яхши мутахассис бўл­санг, хорижий давлатда ҳам жисмоний ва юри­дик шахсларнинг ҳуқу­қини ҳимоя қилишим, жаҳоннинг ҳуқуқий тажрибасини ўрганишим мум­кин, деб ўйладим ва онам бу фикримни қувватлади. Бугун севимли касбим билан бирга актёрликда ҳам фаолият кўрсатяпман. Юртимизнинг энг кўзга кўринган олий ўқув юртларига «меҳмон лектор сифатида дарс беришга таклиф қи­либ туришади. Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмасида юридик фанлар бўйича ўқитувчиман. Шу кунгача етмишдан ортиқ давлатларда бўлиб келдим. Менимча, онам бу касбимни ҳам кўриб хурсанд бўларди. Аслида, актёрликка ғам-алам туфайли кириб келдим. Етти йил бурун онамдан айрилдим. Бу жудолик мени тамоман довдиратиб қўйди. Кечқурун ишдан қайтсам, уйимизда онам билан боғлиқ хотиралардан эзилиб кетардим. Ўшандаги ёлғизлик, аламларни таърифлай олмайман! Ёшлигимизда отам ўтиб кетгани учун онам бизни ўзи вояга етказган. Қанийди, тезроқ тонг отса-ю, бу жудоликни унутиб, ишга борсам дердим. ўамдан фақат иш билан чал­ғиб қутулишим мумкинлигини тушундим. Ўша пайтда кўпроқ ишлашни ва уйга кеч қайтиб, аламли хотиралар билан ёлғиз қолмасликни истардим. Шу тариқа мен ғамдан қочиш ва ўзимни чал­ғитиш учун актёр бўлиб қолдим.

«Нима дейишса

деЯверишсин…»

-Айримлар сизни Мир­забек Холмедовнинг ўғли де­йишади. Энди  сиз ҳа­қингизда ғалати миш-мишлар юрибди. Бунга ойдинлик киритсангиз…

- Сўз устаси, устоз Мирзабек Холмедов ва оиласини жуда ҳурмат қиламан. Лекин у кишига қа­риндошчилик томоним йўқ. Кейинги миш-мишларга тўхталсак, уларни не­чоғли асосли эканига эъ­тибор бераман. Сиз айтаётган миш-мишда ҳам асос йўқ! Кечирасиз-у, бир киши тўғ­рисида мақола ёзаётганида унинг шахсиятига тегиб эмас, холисона ёндашиш  керак эмасми? Мухлисларнинг фикрларида салбий, ҳа­қо­ратомуз гапларни ўқи­мадим. Демак, одамлар кимгадир эргашмаяпти. Яна бир муҳим жиҳати, мевали дарахтга тош отилади. Демак, мен мевали дарахт эканманки, тош отишяпти. Агар бир чеккада кераксиз буюм ёки ҳеч кимсага қи­зиғи йўқ, фойдаси тегмайдиган одам бўлганимда ҳам шундай тош отишармиди? Асло, назарларини ҳам қаратишмасди. Ўзини ҳурмат қилган, бекорчи гапларга тоби йўқ, ғийбатликни хушламайдиган одамлар бундай гапларга ишонмайди, ҳар хил гап-сўзлардан йироқ туради.

Мени қаерда, қандай лавозимларда ишлашимни  яхши билишади. Шундай экан, бу миш-мишларга ишониш-ишонмаслик одамларнинг ўзига ҳа­вола. Агар шу билан айрим мухлислар мендан узоқлашишса ҳам хафа бўлмайман. Сабаби, улар асл мухлис бўлишмаган. Майли, миш-мишларда нима дейишса дея­ве­ришсин! Мен эса ҳаракатдан ва интилишдан тўх­тамайман! Ахир айтишади-ку, ҳаракатда баракот!

Ҳусния ПАРДАЕВА

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар