«ИШОНЧ БИЗГА БАХТ БЕРДИ!»

25-2Убайдулла Омон… Ўзбекистон халқ артисти, бугунги киномизнинг ёрқин чеҳраларидан би­ри. Ўзбек киноларида меҳрибон ота, тадбиркор, банкир, дипломат каби ўзига хос ролларни яратган бу ижодкорнинг шахсий ҳаёти ҳам кўпчиликка ўрнак бў­лишга арзийди. Бош режиссёр сифатида Убайдулла ака умрининг 42 йилини Бухоро  вилоят мусиқали драма театрининг ривожига, би­р-бирига ўхшамаган спектакллар саҳналаштиришга сарфлади. Ижодий ютуқлар ўз йўлига, аслида бу ижодкор ои­ласида қандай инсон, қандай ота? Бу кўпчиликни қи­зиқтирса керак. Биз  ҳам шулар ҳақида билиш учун Убай­дулла Омоннинг рафиқаси Матлуба опа Фармоновани суҳбатга чорладик. 

- Матлуба опа, суҳбатимиз бошида Убайдулла ака билан қандай танишганларингиз ҳа­қида билгим келди.

- Ўшанда Тошкентда тиббиёт институтининг иккинчи курсини битириб, таътилни ўтказиш учун  уйга  келгандим. Бир дугонамнинг туғилган кунига совға олиш учун «Совғалар» дўконига кирдим. Совға олиб, чиқиб кетаётсам, қаршимда турган баланд бўйли, хушсурат йигитга кўзим тушди. Йигит саломлашиб, менга ўзининг бўлғуси режиссёрлигини, қандайдир фильм учун бош қаҳрамон қиз ролига номзод излаётганини айтди. Маълум бўлишича, йўлимни тўсган бу йигит Тошкентда, театр ва рассомчилик институтида ўқир экан. Дадам раҳматли жуда рашкчи, жиддий инсон бўлганликлари, фильмда роль ўйнашимга қарши бўлишларини билганим учун мен бу таклифни осонгина рад этиб, дўкондан чиқиб кетдим. Бу орада таътилим тугаб, Тошкентга қайтдим. Аммо Убайдулла ака мени излаб, ўқиш жойимга ҳам келдилар. Изимдан соядек эргашиб юрадиган ҳамшаҳар йигит билан бора-бора дўстлашиб кетдик.

- Кейин-чи?

- Орадан икки ойча вақт ўтиб, менга самарқандлик    курсдош йигит совчи қўй­ди. Бу гапни эшитган Убайдулла ака ўша куниёқ Бухорога бориб, ота-оналарини бизникига совчиликка жўнатибдилар. Буни қарангки, оталаримиз ёш­ликдан бир-бирлари билан  қалин дўст бў­лишган экан. (Убайдулла аканинг оталари Омон ака Бақоев Бухоро қоракўл заводининг директори, Матлуба опанинг оталари Мирзо ака Фармонов эса тайёрлов корхонасининг раҳбари бўлиб ишлашган) Мен 1968 йилда Бақоевлар хонадонига келин бўлиб тушдим.

Бошида ётоқхонада турган бўлсак-да, яқинларимизнинг кўмаги билан  тез орада Тошкентдан уй сотиб олдик. Талаба бўл­сак-да, ҳар иккимиз ҳам  ўқишдан сўнг ишлардик. Мен Тошкент шаҳридаги 11-туғруқхонада акушер-гинеколог, Убайдулла ака ҳозирги Аброр Ҳидоятов (аввалги «Ёш гвардия») театрида навбатчи режиссёр бўлиб ишлардилар. Қизларимиз Наргиза ва Нигиналар   Тошкентда туғилишди.

- Нима сабабдан пойтахтни ташлаб, Бухорога қайтдингиз?

-  Қайтишимизга отамнинг 49 ёшда касаллик  туфайли тўсатдан вафот этишлари сабаб бўлди. Аксарият ўзбек хонадонлари сингари оилада кўпчилик фарзандмиз. Мен оилада тўнғич қиз эдим. Ука-сингилларимнинг ҳаммаси мактабда ўқишарди. Қайнотам Убайдулла акамга «Агар қайнука-қайнсингилларингнинг ҳаётда адашмасдан ўз йўлларини топишларини истасанг, келин билан бирга Бухорога қайтинглар. Сен катта куёвсан. Уларга бош бўлишинг керак»,  дебдилар. Биз қайнотамнинг сўзларини икки қилмай,  севимли ишимизни ташлаб, уйимизни сотиб Бухорога қайтдик. Убайдулла ака оталари хоҳлаганидай ука-сингилларимнинг ўқишига, маълум бир касб-ҳунарни эгаллашига, турмуш қуришига, қисқаси ҳаётлари ўз измига тушиб кетишига ёрдам бердилар, уларга доимо бош бўлдилар. Ҳанузгача шундай. Мен ҳам қайнука-қайнопаларимни ўз жигаримдай кўрганман. Тақдир менга шундай ажойиб, бағрикенг инсонни умр йўлдоши сифатида раво кўрганига доимо шукрона айтаман.

- Матлуба опа, Убайдулла Омон оилада қа­н­дай ота, қандай бобо?

- У киши оилада бебаҳо ота ва бобо. Касбим тақозоси билан собиқ Иттифоқ даврида Москва, Санкт- Петербург шаҳарларида уч ойлаб малака оширишга тўғри келган. Убайдулла ака бундан асло оғринмаганлар. Қизларимизга мендан ҳам яхшироқ қа­рардилар. У киши жудаям болажон одам. Менинг ўқишимга, малака оширишимга, ўзим севган соҳада ишлашимга имконият даражасида шароит яратиб берганлар. Шифокор сифатида  нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасига шу инсон сабабчи. (Матлуба Фармонова кўп йиллар Бухоро вилоят туғруқхонасида бўлим мудири, «Моҳи-Хоса» туғруқхонасида бош врач ўринбосари, айни пайтда эса Газлидаги туғруқхона раҳбари сифатида фаолият кўрсатяптилар).

- Убайдулла акани ҳеч рашк қилганмисиз? У кишининг ҳавас қи­лишга арзийдиган жиҳатлари ҳақида гапириб беринг.

- Қизим, айтсам балки ишонмассиз. Биз  қирқ ет­ти йиллик оилавий ҳа­ё­тимиз давомида ҳеч  қачон уришмаганмиз. Рашк масаласида ҳам шу гапни айтаман. Рашк қилишим учун асос бўлмаган. Адашмасам, 1970 йилда ёзувчи Одил Ёқубовнинг «Матлуба» ҳикояси асосида «Ёз ёмғири» фильми суратга олинди. Убайдулла ака шу фильмда ўзининг илк Самиғжон ролини ижро эт­ди. Курсдош, юртдош қизларимиздан неч­таси  у кишини ёқтириб қолишганини юзимга очиқ айтган пайтлар ҳам бўлган. Аммо мен парво қилмасдим. Чунки орамизда ИШОНЧ туйғуси кучли эди. Яна шуни қў­шимча қилишим мумкинки, турмуш ўртоғим ҳам менга доимо ишонганлар. Аёллар шифокори бўлганим сабаб, уйимизга  одамлар вақт-бевақт келиб, мени олиб кетишарди. Убайдулла ака ҳатто «Қаерга кетяпсиз? Қачон келасиз?», деб сўрамасдилар. Касбим янги инсоннинг дунёга келиши билан боғлиқ эканлигини жуда яхши англаганлари учун ҳам доимо бунга тўғри ёндашган  бўлсалар керак.

Убайдулла аканинг ҳавас қилишга арзийдиган жиҳатлари жуда кўп. Энг аввало, жуда камтарин, ўта маданиятли одам. Ҳеч қачон бировга овозларини баланд кўтариб гапирмайдилар. Фарзандларимизни ҳам ҳеч уришмасдилар. Ўзлари  тушган фильмларнинг гонорарларини уйга олиб келмайдилар, муҳтож кишиларга хайрия тарзида улашадилар. Маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга доимий ёрдам берадилар, ободончилик ишларига кўмаклашадилар. Энг қизиғи, бу ҳақида ҳеч кимга, ҳеч қачон гапирмайдилар. Яъни, у киши «Ўнг қў­­­­линг берганини чап қўлинг билмасин», дейдиган одамлардан. Мен ҳам бу хайрли ишлар ҳақда   турли давраларда, танишлардан эшитиб қоламан. Кейин доимо пиёда юрадилар. Уйдан театргача ҳар куни яёв бориб келадилар. Ўзларини таниб тўхтаган машиналарга чиқмайдилар. «Мен Бухорони пиёда зиёрат қилиб юрибман. Раҳмат, биродар», дейдилар тўхтаган машиналарга.

Матлуба опа билан суҳбатимиз шу ерга етганида Убайдулла ака келиб қолдилар. Мен уларни бирга суратга туширдим ва суҳбатимиз узилмаслиги учун  опага навбатдаги саволимни бердим.

- Матлуба опа, сиз ои­лада қандай келин эдингиз?

- Матлубахоннинг қўли жуда ширин. Ўзбек таомларини, турли пишириқларни жуда мазали қилиб тайёрлайди. Онам ва отам (раҳматли)  Матлубанинг  муомаласи, уй тутиши, саранжом-саришталиги, ҳар бир таомни санъат асари даражасида тайёрлашини мақтаб, адо қилишолмасди…

Суҳбатимизга аралашган Убайдулла акага қараб секингина «Аёлингиз ростданам жуда чиройли, ораста бека эканликлари кўриниб турибди», дедим.

- Мен қайнотам ва қайн­онамнинг севимли, эрка келинлари эдим, — фахр билан сўз бошладилар Матлуба опа. — Фарзандларимнинг туғилиши, улғайиши, иккимизнинг ҳам ўз касбимиз орқасидан барака топишимизда ота-оналаримизнинг катта ҳиссалари бор.

- Убайдулла ака иштирок этган ҳам­ма фильмларни кўрасизми, роллари ҳақида фикр  билдирасизми?

- Албатта. Вақтим бўлса, у киши қатнашган фильмларнинг премьерасида иштирок этаман. Убайдулла ака бутун ижодий фаолиятлари давомида жуда кўп изландилар. Адашмасам, 1995 йилда Бухоро шаҳар ҳокимлигининг талабига биноан Бухоро ҳақида тарихий ҳужжатли фильм олиниши лозим эди. Ўша пайтдаги шаҳар ҳокими Камол Жамолов Убайдулла акани чақириб, шу топшириқни берадилар. Шунда Убайдулла ака бу жуда масъулиятли вазифа эканлиги, фильмни олиш учун тажрибалари етишмаслигини, у ки­ши кино эмас, театр режиссёри эканликларини айтиб, Москвага бориб ўқиб келиш таклифини билдирдилар. Шаҳар ҳокимлигининг ёрдами билан Москвадаги Кино санъати институтида бир йил ўқиб келиб, кейин «Бухоро» фильмини яратдилар. Шун­дан кейин Убайдулла акани хориж фильмларига ҳам таклиф эта бошлашди… Россиялик ҳамкасблари яратган «Платина», «Родина ждёт» («Ватан кутади») фильмларида эсда қо­ларли роллар яратдилар. Кейин Америка киноижодкорлари суратга олган «Умар Хайём» фильмида шоир Умар Хайёмнинг отаси ролини ижро этдилар. Худди шу йилларда Ўзбекистонимиз киносаноати шаклланиб келаётган йиллар эди. Ўзимизнинг режиссёрларнинг таклифларига биноан ўз­бек фильмларида турли хил ролларни гавдалантирдилар. Яқинда эса ўз ижодларида маълум бир маънода бурилиш ясаб, режиссёр Рустам Саъдиевнинг 2005 йилги Андижон воқеалари ҳақида ҳикоя қилувчи «Сот­қин» фильмида устамон чет эллик бузғунчи жаноб Ҳафизулла Омон ролини яратдилар. Мен турмуш ўртоғим иштирок этган бирор-бир фильм тақдимотига маълум бир сабаб туфайли боролмасам, дискини олиб, албатта, уйда  кўраман. Умр йўлдошимнинг ҳар бир роли мен учун қадрли. Ўйнаган роллари ҳақида фикр билдираман.

- Фарзанд ва набиралар ҳақида бир оғиз  тўх­талсангиз…

- Катта қизимиз Нар­ги­захон банкда ишлайди. Яқинда унинг қизини, набирамизни турмушга узатдик. Нигина қизимиз доришунослик соҳасида фаолият юритяпти. Унинг фарзандлари ҳали ёш. Ҳар иккиси ҳам ўз ҳаётидан, танлаган касбидан мамнун.

- Матлуба опа, Убайдулла ака, сизлар нимадан куч оласиз? Нафақа ёшида бўлсаларингиз-да, иккингиз ҳалигача халқ хизматидасизлар…

- Шукурки, иккимиз ҳам 70 ёшга яқинлашиб қолдик. Менимча, ҳар иккимиз ҳам одамларга, жамиятга кераклигимиздан  куч олсак керак, — деди бироз  ўйланиб Убайдулла ака. - Инсон  ўз касбидан, атрофида уни тушунувчи одамларнинг борлигидан завқланиб, ўзининг кимларгадир кераклигидан куч олиб яшаши лозим. Инсон ҳаётини меҳнати, интилишлари, ютуқлари билан ўзи безайди. Қийинчиликлар сабаб бир жойда тўхтаб қолмаслик керак. Ҳаёт доимий ҳаракат билан гўзал…

Моҳигул Назарова, журналист.

Бухоро.

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар