Ситора Алимжонова: «Мендан ҳам чиройли қизлар кўп, аммо…»

IMG_0103Актриса Ситора Алимжонова кино оламида довулдек шиддатда пайдо бўлиб, қатор муваффақиятли лойиҳаларда иштирок этди. Маълум муддат ўтиб, унинг ижоди сукунат қўйнига чекинди. Бироқ танаффус ўзини оқлаб, актриса яна ижодга қайтгач, қатор фильм­ларда роль ўйнади. Эътиборлиси, Ситора бугун олийгоҳда таҳсил олиш билан бирга янги лойи­ҳаларда суратга тушмоқда.

«Ижодий ҳудуд»    

- Сиз билан учинчи бора суҳбатда бўляпман. Аммо учинчи маротаба ҳам янги телефон рақами ор­қа­­ли топдим сизни. Рақамингизни тез-тез ўзгартириб туришингизнинг қандай сабаблари бор?

- Ҳаётда турли вазиятлар юз беради. Аслида одамлардан қо­чиб юрадиган одатим йўқ. Аммо телефон рақамим тарқалиб кетгач, танимаган, билмаганлар ҳам қўн­­ғироқ қилаверади. Натижада ра­қамимни ўзгартиришга мажбур бў­­­ламан. Баъзида эса «Энди кино­да ўйнамайман», деган қарор билан, «Режиссёрлар таклиф эт­са, розилик бериб қўймай», дея ра­қамимни алмаштираман (кулади).

- Ситора, биринчи суратга тушган лойиҳангиз катта экранга чиққанига ҳам уч йилдан ошибди. Ортда қолган йилларга назар ташлаб қандай хулосаларга келасиз?

- Биринчи фильм бошқача бўларкан… Ўшанда хаёлимда худди эртакка тушиб қолганман. Бугун «Сен кетма»ни эслатиб турувчи суратларни компьютеримда сақлайман. Биласизми, негадир менга кўпроқ ўша ролим ёқади. Ҳозир «Ролларни қойиллатиб қўя­ман», деб айтолмайман-у, аммо биринчи лойиҳамга меҳрим бўлакча. Кейинги образларимда камчилик кўрсам ҳам «Сен кетма»дан тополмайман. Тўрт йил ичидаги хулосаларим: босиб ўтилган йўл тажрибам ошишига ёрдам берди.

- Шу кунга қадар «Сен кетма», «Кореялик келин», «Айрилиқ», «Дардим ичимда», «Муҳаббатимсан», «Жаноб хот-догчи», «Куёвмисан куёв» каби ло­йи­ҳаларда иштирок этдингиз. Шундан сўнг экранларда кў­рин­­мадингиз. «Ситорани кинога ҳеч ким таклиф қилмаяпти», «Режиссёрлар билан ури­шиб қо­либди», «Кўп гонорар сў­ра­ёт­ган экан», хуллас, «Ўзи йўқ­нинг кўз йўқ» деганларидек, сиз ҳа­қин­гизда турли миш-миш­лар «болалади». Ижодий та­наф­фус­нинг асл сабабини айтсангиз.

- Ўқишга киришга тайёргарлик кўрдим, чалғимаслик мақсадида кинодан узоқроқда юр­дим. Бундан ташқари, тадбиркорликка қўл урмоқчи бўл­дим. Тан оламан, гап-сўзларга ҳам чидай олмадим. Ўша кезлари сиркаси сув кўтармайдиган ёшда эмасманми, оддий танқидий фикрлардан кўнглим чўкарди. Танқиддан чар­­чаб, «Оч қорним, тинч қулоғим», деб танаффус қилдим. Ҳозир эса актёр учун танқиднинг кераклигини тушуниб етдим. Бир маротаба санъатнинг нонини еган инсон ке­йинчалик ундан узоқлаша олмас экан. Съёмка жараёнларини қумсадим. Мени ранжитгани, фильм­ларга суратга тушмай қўй­га­нимда санъат оламида «Ситора турмушга чиқибди», деган миш-мишлар пайдо бўлди. Айтишим мумкинки, бу юз эмас, икки юз фо­изга нотўғри.

- Қайси лойиҳа орқали яна ижодга қайтдингиз? Айни дамда нималар билан банд­сиз?

- Куз фаслида иштирокимдаги учта фильм премьераси бўлиб ўтади. Биринчисини Отабек Мирзахолов суратга олган. Яна Дурдона Тўлаганова билан ҳамкорликда «Мени сев» фильмини тайёрладик. Монтаж ишлари ниҳоясига етди. ўоя шоу-бизнесдаги хонанда қизнинг ҳаёти ҳақида. Бундан ташқари, «Орзуйимсан» ло­йи­ҳасида ҳам роль ижро қиляпман.

- Ҳаётда бир ерда тўхтаб қол­маслик учун инсон доимо из­ланишда бўлади. Сиз, актёрлар ҳам, биз, журналистлар ҳам. Ижодий жиҳатдан ўсиш учун нималар қиляпсиз?

- Кўпроқ корейс сериалларини кўриб, актрисаларнинг ҳаракатларини кузатаман. Шу орқали ўз устимда ишлашга ҳаракат қи­ламан.

- Ўзбек киносига кириб келганингиздан сўнг интернетда сиз­га бағишланган қўшиқлар пайдо бўлди. Мухлисларингизнинг аксарияти эса сизга «чиройли қиз» таърифини беради. Бу актриса бўлишингизда муҳим роль ўйнаганми? Ҳозир ни­ма муҳим аҳамият касб этмоқда?

-  Менимча, кинода суратга тушиш учун чирой биринчи даражада эмас. Масалан, мендан ҳам чиройли қизлар кўп. Ам­мо уларнинг барчаси фильмларда роль ўйнагани йўқ. Бу ерда кўп нарса режиссёр ва сценарий муаллифига боғлиқ. Чунки ҳозирда аксарият режиссёрлар мени «Сиз­ни шу қаҳрамонда кўрганман», дея ўзи суратга олаётган ло­йиҳага таклиф этади.

- Ситора Алимжонова қачон машҳур актриса бўлиб етишади, қачон севимли актрисага ай­ланади?

- Роль ўйнаган кинолар сони маш­ҳурликка таъсир кўрсатмайди. Битта қўшиқ ёки роли сабабли элга танилган санъаткорлар бор. Менга қолса, икки йилдан ке­йин машҳур актрисалар қаторига кирсам, дейман. Аммо мен учун се­вимли актриса бўлиш муҳимроқ. Бу­нинг учун эса фильмларни танлаб-танлаб, сўнг роль ўйнаш керак.

- Роль ижро қилган фильмлар премьерасини орзиқиб кутасизми?

- Ҳар бир актёр ўзи суратга тушган фильм премьерасини орзу қилади, менимча. «Мухлислар қандай кутиб олади?», «Қандай ўй­наган эканман?» каби саволлар ва қолаверса, катта экрандаги чиқишингизга бўладиган муносабатларга қизиқасиз. Премьера куни қаттиқ ҳаяжонланаман, оёқларимни қалтироқ босади. Баъзида катта экранда ўзимни кўриб, қизариб ҳам кетаман.

- Санъат борасида келажакда қандай мақсадлар, режалар бор? Қўшиқ куйлашдан бутунлай воз кечдингизми?

- Ҳа, энди ашула айтмайман. Танқидлар сабаб бўлиб, шундай қарор қабул қилдим. Ўйлаб қарасам, хонандалик мен учун эмас экан. Кўнгил тўлмаганидан кейин йиғиштириб қўйдим. Дарахт бир жойда кўкаради, шунинг учун фақат кинода роль ўйнамоқчиман.

«Шахсий ҳудуд»

- Ёш бўлишингизга қарамай, кўплаб ютуқларга эришгансиз: олийгоҳда таҳсил оляпсиз, тад­биркорлик билан шуғулланасиз, фильмларда суратга ту­­шасиз. Бу нималарнинг эвазига бўлган деб ҳисоблайсиз? Сизнинг муваффақиятингизда кимларнинг ҳиссаси бор?

- Ўйлашимча, инсон ҳеч қачон ҳа­ракатдан тўхтамаслиги зарур. Оила аъзоларимнинг ёрдамисиз бундай ютуқларга эришолмасдим. Агар атрофингизда сизни қўл­лайдиган инсонлар бўлмаса, муваффақият қозонишингиз қи­йин. Икки опам бор, уларга минг раҳмат, ҳар қандай ҳолатда ҳам кўнг­лимни кўтариб, мен­га далда бўлишади.

- Аввало, волидаи муҳтарамангизнинг руҳлари шод бўл­син! Назаримда, уларнинг йўқ­ликлари ҳар қадамда сезилади…

- Опаларим онамнинг йўқлигини сездирмасликка ҳаракат қилади. Лекин барибир, онанинг ўрни бўлакча экан. Бир сафар жуда мушкул аҳволга тушиб қолдим. Қандай масала эканлигини айта олмайман-у, аммо ўша чигал вазиятдан ҳам йўл топиб, чиқиб кетдим.

Шунда амин бўлдимки, онамнинг руҳлари доим мен билан бирга. Бугун онамдан ҳеч бўлмаса тушларимда кечирим сўраб олай, дейман. Ўсмирлигимда  уларнинг дилини оғ­ритиб қўйганман, бундан жуда афсусланаман. Олдингиздан оқ­қан сувнинг қадри йўқ экан. Тенгдошларимга маслаҳатим: ота-онангизни ҳаётлигида қадрланг!

- Турмуш қуришингиз ижодингизга таъсир кўрсатади деган сабаб билан оила қурмаяпсизми ёки ўртада бунга тўс­қин­­лик қилаётган бошқа сабаблар борми?

- Аввало, оила қуришимга ҳали эрта, деб ўйлайман. Уч-тўрт йилдан сўнг бу амалга ошар. Мустаҳкам оила қуриш учун қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтиш керак. Ҳозирча ҳаёт йўлимда шундай инсон учрагани йўқ.

- Ситора Алимжонова учун турмуш ўртоғининг мавқеи аҳамиятлими?

- Тўғри, фильмларда бой қиз ва камбағал йигит ўртасидаги муҳаббат тасвирланади. Балки кўнгилга буйруқ бериб бўлмас. Аммо йигит киши ҳаётда ўз меҳнати ор­қали нимагадир эришган бўлиши керак. Бир томондан, қизлар ҳа­ракат қилаётганда йигитларнинг жим туриши инсофсизлик. Бахт бу — ои­ланинг бутунлиги, севган инсонингизнинг ёнингизда эканлиги. Аммо кўп нарса йўқчиликка бориб тақалади. Мен бир-бирини ях­ши кўриб турмуш қурган ёш­ларни биламан. Улар қаршиликларга қарамай оила қуришган, бугун эса йўқ­чилик сабаб  бошлари жанжалдан чиқмайди. Фикримча, йигит киши ҳаракат қилиши керак. Бахт учун дабдабали ҳаёт эмас, барча нарсанинг меъёрида бўл­гани яхши.

- «Ҳаётим орзуси» фильмида оддий ҳаёт кечирадиган йигит бой қизни яхши кўриб қолади. Сиз мана шундай муҳаббатга ишонасизми? Йигитнинг севганига беришга ҳеч нарсаси йўқ, лекин жонини ҳадя этишга тайёр…

- Яхши кўрган инсонининг жонини беришга тайёр туришини кўпчилик қизлар хоҳласа керак. Лекин жонини бериб, ўлиб кетганининг нима кераги бор?

- Ҳаёт мураккаб, а? Шунинг учун ҳам турмушга чиқмаяпман, денг!

- Ҳа, жуда мураккаб (кулади). Ўша фильм­даги йигитнинг чиқиндилар йиғиб, кун кўришига ҳам ўзи сабабчи. Вақтида ҳаракат қилиши керак эди. Кино бу кино, ҳаёт эса кино эмас. Юқоридаги фикрларимни ўқиган инсонлар «Ситора ўзига бино қўйган экан», деб ўйлаши мумкин. Бу ҳар бир инсоннинг дилидан тилига чиқара олмайдиган гаплар.

- Фикрингизга юз фоиз бўл­маса-да, саксон фоиз қў­ши­ла­ман. Кунингизни нималарсиз тасаввур эта олмайсиз?

- Интернетсиз. Бўш вақт топдим дегунча интернетга кираман.

Улуғбек Раҳмонқулов

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар