Жамила Ғофурова: «Чиройлисан, деб роль беришмаган»

Resize of DSC_37431Турли ракурсдаги образлари билан томошабинлар ёдида қол­ган актрисалардан бири Жамила Ғофуровадир. Унинг ҳар бир ижроси томошабинга завқ беради. Ке­йинги пайтларда актриса киноларда кам суратга тушяпти. Бу ижоддан чекинишми ёки шахсий ҳаётдаги ўзгаришлар таъсир қилдими? Актриса билан бўлган суҳбатда шу саволларга ойдинлик киритамиз.

«Салмоқли  ролларни кутяпман»

- Бир вақтлар энг талабгор актрисалар рўйхатида эдингиз. Аммо кейинги пайтларда киноларда роль ўйнамаяпсиз. Таклиф тушмаяптими ёки ўзингиз истамаяпсизми?

- Таклифлар кўп. Аммо кинода эришган ютуқларим, тажрибамни савиясиз фильмларда иштирок этиб, йўққа  чиқармоқчи эмасман. Танлаб роль ўйнайдиган ёшга, даражага етдим деб ўйлайман. Яхши образларни, халқ ёдида қоладиган қиёфаларни  яратишни истайман. Янги актрисалар чи­қаяпти. Бу табиий ҳол. «Мен улардан қолиб кетдим, кимдир ўзиб кетди» деган тушунча мени ха­вотирга солмайди. Кино санъатида ким ўзарга ўйнаш ярамайди. Халқ меҳрини қозониш учун катта куч ва меҳнат талаб қилинади. Ҳозир киносаройлар олдидаги реклама афишаларида фақат ўз расмим бўлишини истайдиган ёшдан ўтганман.

- Лекин бир вақтлар шуни ис­таганингизни тан оласизми?

- Тан оламан. Қачонлардир кинога қизиқишим жуда кучли эди. Ҳеч бир режиссёрнинг таклифини рад этмасдан роль ўйнайверганман. Афишаларда ўз суратимни кўриш ҳам ёққан. Лекин энди танлаб роль ижро этяпман. Орада икки йилча ижоддан чекиндим. Яхши кинолар олинишини кут­япман. Кутяпмиз десам тўғрироқ бўлар. Чунки мен каби одамлар қалбидан жой оладиган, мазмунли кинолар олинишини аксарият актёрлар кутишяпти. Барча режиссёрлар бирлашиб, буюк тарихимиз, миллатимиз қаҳ­рамонлари кечмиши акс эттирилган кино олишса ва мени ҳам таклиф этишса, хурсанд бўлардим.

- Актриса сифатида давлат киноларида, хусусий ва буюрт­ма фильмларда суратга тушгансиз. Улар орасидаги фарқни сезганмисиз?

- Албатта.  Мисол учун, хусусий киноларнинг энг асабга те­га­диган томони-режиссёр актёр би­лан кўп  ишламайди, унинг фикрларини инобатга олмайди. «Ма­на бу  аппаратураларни фалон соатга  ижарага олганман. Ўшангача суратга олишимиз керак. Менинг тўлайдиган ортиқча пулим йўқ» мазмунида шартлар қўйилади. Ижроингиздан кўнглингиз тў­ладими-йўқми, образга кира оласизми ё акси бўладими, бу билан ҳеч кимнинг иши бўл­майди. Улар учун тез муддатда кино суратга олинса, бас.  Ундаги маъно-мантиқ… Ҳеч кимга сир эмаски, хусусий кинолар етарлича ўзини қоплай олади. Шунга яраша томошабинга маънавий озуқа бўладиган фильмлар яратилса, дейман. Давлат киноларида эса аксинча. Вақт етарли, дубллар ҳам ис­та­га­нингизча бўлади. Нафақат режиссёр, балки актёрнинг ўзи ҳам ижросидан қониқмай қайта суратга олайлик, деса рад қилинмайди. Образга киришиб олишингиз, уни ҳис қилишингиз ва ижро этишингизга тўсқинлик бўл­майди. Балки шунинг учун ҳам давлат кинолари мухлислар қалбидан жой олар.

«Алданган аёл» ролини мен ҳам зўр ўйнардим!»

- «Уқубат», «Хиёнат», «Алданган аёл» каби бир қатор фильмларда сизни турли қисматли аёллар образида кўрганмиз. «Алданган аёл»даги бош қаҳрамон ролини ўйнашга қизиқмаганмисиз?

- Қизиқиш ҳам гапми? Ҳилол акага «мана шу ролни менга беринг», деб илтимос қилганман. Ҳеч қайси режиссёрдан шу пайтгача роль сўрамаган эдим. Лекин шу образни гавдалантиргим келган. Чунки унда ҳамма нарса мужассам эди. Дард, алам, ғам, ташвиш, бахт, бахт­сизлик… Ҳар бир актриса ўйнашни хоҳлайдиган роль эди у. Кейинчалик билдимки, «Алданган аёл»да  роль ижро этган бошқа ҳамкасбларим ҳам ўша ролни Ҳилол акадан сўрашган экан. Аммо сценарий ёзилаётган вақтдаёқ аёл ролида Райҳон Уласеновани кўришган ва бу унга насиб этди. Яқинда Райҳоннинг  ўзига ҳам айтдим. « Шу ролни ўйнагим келган эди. Мен ҳам зўр ўйнардим», дедим. Райҳон «Менга насиб қилган экан-да», деб кулиб қўйди.

- Ҳилол Насимов сизга қандай рад жавоби берган?

- У киши менга чиройли қилиб жавоб берган: «Бу ролни ижро этиш учун сен жуда чиройлилик қиласан». Бу дилимни оғритмасдан кўндиришнинг ажойиб усули бўлган.

- Зулфиқор Мусоқовдек режиссёрнинг назарига тушдингиз, хурсандмисиз?

- Жуда хурсандман. Ҳар бир режиссёрнинг ўз «мен»и бор. Яхшими-ёмонми, нимадир ўрганасиз. Очилмаган қирраларингиз очилади. Лекин барибир, маҳоратли режиссёр билан ишлаган яхши. Зулфиқор ака билан ишлаш жуда қийин ва  завқли. Cъёмка вақтида актрисаларнинг юзида умуман пардоз қолмади. Ҳамма пардозсиз аҳволда суратга тушди. Лекин маза қилдим.

- «Жасур» фильмида бош қаҳрамоннинг аёли ролини талқин қилдингиз. Назаримда, ро­лингиз очилмай қолгандек…

- Ўзим ҳам шундай деб ўйладим. Менингижроим даги ролга ҳам қизиқроқ нимадир қўшишса бўларди. Лекин асосий урғу эркак қаҳрамонларга, ватан посбонларига қаратилган эди. Шундай бўлса ҳам, бу ролдан, кинодан кўнглим тўлди. Чунки ўн-ўн беш кунлаб тоғда съёмкада бўлдик. Кинода роль ижро этаётганимни ҳис қилдим. Ҳаммаси табиий равишда суратга олинди.

«Фарёд»ни қизғандим»

- «Фарёд-2»да сиз роль ижро этмаётган экансиз. Нега? Ахир, бу кинонинг мантиқий давоми эмасми?  

- Очиғи, Саид ака биз «Фарёд»­чилар билан маслаҳатлашгани ҳам йўқ. Фақат менга қандайдир роль беришмоқчи бўлганини билдим. Олдинги образимдаги қиз ўлиб кетармишми-ей… Хуллас, ўйнагим келмади. «Фарёд»ни қизғандим. Биз ўйнаган «Фарёд» «Фарёд»лигича қолишини истадим.

- Ўзбек фильмларидаги «2-3»лар ўзини у қадар ҳам оқлаётгани йўқ…

- Бу тўғри гап.

- Бугунги кун томошабини ҳақида фикрингиз?

- Илгари томошабинлар яхши-ёмон кинонинг фарқига боришмасди. Ҳозир улар  фильмларни танлаб кўришяпти. Бугунги мухлисларнинг диди баланд, киносаройларда қўйиладиган сифатсиз  киноларга умуман киришмайди. Томошабинларнинг  диди анча ўс­ганлигини билиш қийин эмас.

«Энди ортга йўл йўқ»

- Яқинда турмушингиз бузилганлиги ҳақида эшитдим. Бу борада қандайдир хулосаларга келдингизми ёки нимадандир умид борми? 

- Ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Тақдир экан. Ҳаммасига нуқта қўйилди. Балки қизимнинг отасидан бирор айб ўтгандир, бе­сабр­лик қилгандир. Ёки мендан қандайдир хатоликлар ўтгандир. Энди орт­га йўл йўқ.

- Қизингиз Ширина катта бўлганида сиздан отасини сўраса, қандай жавоб берасиз? Келажакда унга нима деб жавоб беришни ўйламадингизми?

- Мен ҳам қизим отасиз ўсишини истамадим. Лекин тақдир экан. Яхшиям, фарзандим қиз бола экан. Она ва қиз бир-бири билан дугона бўлади. Қизимнинг характери яхши. Келажакда мени тушунишига, қўл­лаб-қувватлашига ишонаман. «Мен нега отасиз ўсяпман?» деган гапни айтмайди деб ўйлайман. «Ойижон, нимаики бўлган бўлса яхшиликка бўлган» дейишига ишонаман. Унга ўзим тушунтираман.

Гўзаллиги сири…

- Доим ўзингизга қараб, чиройли бўлиб юрасиз. Кийиниш, юз пардози борасида кимлар билан маслаҳатлашасиз?

- Онам энг биринчи маслаҳатчим. Доим у киши билан маслаҳатлашиб, иш кўраман. Сингилларим ҳам бу борада яхши баҳоловчиларим ҳисобланишади.

- Ижодий янгиликларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Ҳилол Насимовнинг  «Гумроҳлар» фильмида суратга тушяпман. Устоз актёрлар билан бирга роль ижро этаётганимдан хурсандман.

- Cуҳбат учун раҳмат! Ижодингизга ривож тилаймиз, саломат бўлинг!

- Cизларга ҳам омад тилаб қоламан!

Дилбар Аралова суҳбатлашди.

Шарҳлаш

 
Ивирсиқ келин, бебара рўзғор, аросатдаги эркак…

«Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман»,...

Ўзингни рўзғорга тайёрла!

Савол: - Ёшим 27 да. Отамнинг уйига қайтиб келганимга ...

Ижара куёв машмашаси

Савол: - Дўстим шаҳарга келиб ўқишга кирди ва бир...

Ҳаёт қайиғи

Бу асарни ёзишни ўн икки йил аввал бошлаган эдим. Баён...

Азиз муштарийлар

Азиз муштарийлар, севимли газетангизда нималар ҳақида ўқишни истайсиз?...

Ҳозир сайтда

Сўровнома

Сайтимиз ҳақида фикрингиз?

Loading ... Loading ...
Бизнинг нашрлар